Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Ислом Нури таржимаси

182.        وَاللهُ تَعالَى يَسْتَجِيبُ الدَّعَواتِ، وَيَقْضِي الْحاجاتِ.

 

182. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади.

 

Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири – у дуо қилган кишининг дуосини ижобат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларим Сиздан (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Мен ҳакимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара: 186).

Аллоҳ таоло Ўзига дуо қилишга буюриб, деди: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60).

Аллоҳ таоло яна айтади: «(Аллоҳга олиҳаларни шерик қилиб ибодат қилишингиз яхшироқми?) ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!» (Намл: 62).

Бу ва шу каби оятларда Аллоҳ таоло Ўзига дуо қилишга буюриб, дуоларни ижобат қилишини хабар берган. Бу Унинг фазлу карами, саҳовати ва эҳсонкорлигиданки, бандаларини дуо қилишга буюриб, Ўзи уларга ижобат қилишини айтади. Ҳолбуки, Унинг бандаларнинг дуоларига ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. Уларнинг дуога эҳтиёжлари борлигини билиб, Ўзига дуо қилишларига буюрди. Ҳадисда келадики: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот унга ғазаб қилади».[1]

Дуо энг катта ибодат турларидан ҳисобланади: «Дуо – айни ибодатдир».[2]

Ўзига дуо қилишга буюриш билан бир қаторда Ўзидан бошқага дуо қилишдан ва дуода бошқа бировни Унга шерик қилишдан қайтарди:

«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).

«Айтинг: Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман» (Жин: 20).

«Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117).

Аллоҳдан бошқага дуо қилиш жоиз эмас. Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилса, мушрик бўлади. Дуо қилинувчи фаришта бўладими, пайғамбар бўладими, авлиё бўладими, фарқсиз, буларга дуо қилган одам диндан чиқарувчи катта ширк амалини қилган бўлади:

«Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!» (Аҳқоф: 5).

«Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар» (Фотир: 14).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар) (Сабаъ: 22, 23).

Дуо икки қисмдир:

Биринчиси: Ибодат дуоси. У Аллоҳ азза ва жаллага Унинг исмлари, сифатлари, феъллари билан сано-мақтов айтишдир. У зотга тасбеҳ, такбир, ҳамду сано айтган киши Унга ибодат дуоси билан дуо қилган бўлади.

Иккинчиси: Сўров ва тилак дуоси. У Аллоҳ азза ва жалладан ҳожатларни раво қилишини сўраб дуо қилишдир. «Фотиҳа» сураси ҳар икки дуони ўз ичига олган, суранинг аввалги қисми то «ийяка наъбуду» (яъни, Сенгагина ибодат қиламиз)гача ибодат дуоси, қолгани то охиригача сўров ва тилак дуосидир.

Уламолар айтишларича, ибодат дуоси сўров дуосини лозим тутувчи, сўров дуоси эса ибодат дуосини ўз ичига олувчидир.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзига дуо қилган кишининг дуосини ижобат қилишини ваъда қилган. Баъзи бировлар: «Дуо қилдим, ижобатини кўрмадим» деганини эшитиб қоласиз. Уларга айтиш керакки: «Дуойингизни ижобат бўлишидан тўсувчи монеъни ўзингиздан қидиринг. Дуо бир сабаб, холос, натижа эса монеълар бўлмагандагина кўринади. Эҳтимол, сиз ғофил қалб билан, тил бошқа, дил бошқа ҳолда дуо қилаётгандирсиз?! Ғофил қалб билан қилинган дуо қандай ижобат қилинсин?! Ёки ҳаромдан еб-ичиб, ҳаромдан қийиниб дуо қилаётгандирсиз?! Узоқ йўл босиб, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Парвардигорим, эй Парвардигорим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», деганлар.[3] Ёки гуноҳларга ботиб, қариндошлар билан алоқаларни узган ҳолда дуо қилаётгандирсиз?! Бундай одамнинг ҳам дуоси ижобат қилинмайди! Бу бир томондан.

Иккинчи томондан, Аллоҳ азза ва жалла сизга нима манфаатли бўлишини яхшироқ билувчидир. У тилаган тилагингизни ўша вақтнинг ўзида бериши ҳам мумкин, кейинроққа олиб қўйиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ер юзида қай бир мусулмон гуноҳга қўл урмаган, яқинлари билан алоқасини узмаган ҳолатда Аллоҳга дуо қилар экан, Аллоҳ унга учта нарсадан бирини беради: ё сўраган нарсасини ато этади ё уни кейинроққа олиб қўяди ёки шунинг мислича ёмонликни ундан даф этади».[4]

Залолат аҳлининг даъвосича, дуо қилишга ҳожат йўқ, чунки бир иш агар тақдир қилинган бўлса, унинг дуога эҳтиёжи қолмайди. Тақдир қилинган иш дуо қилмасангиз ҳам албатта бўлади. Агар тақдир қилинмаган бўлса, ҳар қанча дуо қилманг, барибир ҳосил бўлмайди. Бу гап залолат ва бу Аллоҳнинг каломига зиддир.

Бунга жавоб шуки, дуо билан қазо ва қадар ўртасида карама-қаршилик йўқ. Тақдир қилган зот ҳам Ўзи, дуо қилишга буюрган ҳам Ўзи. Дуо бир сабаб, ато қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. Баъзи нарсалар бўладики, сабабларга боғлиқ қилиб тақдир қилинган. Агар сабабини қилсангиз, ўша ишга эришасиз. Дуо ҳам сабаблардан биридир.

 

183.        وَيَمْلِكُ كُلَّ شَيْءٍ، وَلاَ يَمْلِكُهُ شَيْءٌ.

 

183. У ҳамма нарсанинг эгасидир. Унга эса ҳеч ким эгалик қилолмайди.

 

Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан яна бири – У ҳамма нарсанинг эгасидир, борлиқдаги ҳамма нарса Унинг мулқидир: «(Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган зот Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир» (Мулк: 1), «Осмонлар ва Ер Унинг мулқидир» (Ҳадид: 2).

Ҳеч нарса Унинг мулкидан ташқарида эмас, одамлар ва уларнинг қўлларидаги бор мол-мулклари Аллоҳ таолонинг мулқидир: «Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан» (Оли Имрон: 26).

Ҳеч ким Аллоҳга босим ўтказишга ва Уни бирон ишга мажбурлашга қодир эмас. Чунки, ҳамма Унинг бандаси ва Унга муҳтож: «Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасас: 68), «Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча ишларни ёлғиз Ўзи тадбир қилади ва Ўзининг ҳикматига биноан жорий қилади.

 

184.        وَلاَ غِنًى عَنِ اللهِ تَعالَى طَرْفَةَ عَيْنٍ

 

184. Ҳеч ким бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан беҳожат бўлолмайди.

 

Аллоҳ таоло беҳожат ва мақтовли зотдир. Халойиқлар ҳаммаси Аллоҳга муҳтож ва ҳеч ким Аллоҳдан беҳожат бўлиш имконига эга эмас.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир: 15).

Ҳеч ким, ҳатто бутун дунё мулки қўлида бўлган киши ҳам Аллоҳ таолодан беҳожат бўлолмайди. Подшоҳлар ҳам Аллоҳга муҳтож, бойлар ҳам Аллоҳга муҳтож. Ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳдан беҳожат эмасдир.

 

185.        وَمَن اسْتَغْنَى عَنِ اللهِ طَرْفَةَ عَيْنٍ، فَقَدْ كَفَرَ وَصَارَ مِنْ أَهْلِ الْحَيْنِ.

 

185. Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳдан беҳожат бўламан деса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади.

 

Ким Аллоҳдан беҳожатман, Унга эҳтиёжим йўқ, деб даъво қилса, кофир бўлиб, диндан чиқади. Банда доим Аллоҳга ўзининг заифлигини изҳор қилиб туриши, ўзида бўлган куч-қувват, соғлик-саломатлик ва бойликлар билан фахрланмаслиги лозим. Чунки, барча ишлар Аллоҳ азза ва жалланинг қўлида, Аллоҳ азза ва жалладан беҳожат бўлиш имконсиз.

 

186.        وَاللهُ يَغْضَبُ وَيَرْضَى، لا كَأَحَدٍ مِنَ الْوَرَى.

 

186. Аллоҳ Таоло ғазабланади ва рози бўлади, бироқ бу сифатлар бандаларники каби эмасдир.

 

Аллоҳ таоло ғазабланади, рози бўлади. Бу Унинг феълий сифатларидан. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).

Аллоҳ таоло бандаларидан рози бўлади, «Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир» (Тавба: 72). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди» (Фатҳ: 18).

У зот субҳанаҳу ва таоло шунингдек, ғазаб ҳам қилади: «Айтинг: Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган... кимсалардир» (Моида: 60).

Аллоҳ таоло Ўзига осий бўлган кишиларга ғазаб қилади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

Маҳлуқ-банда ҳам ғазабланади, рози бўлади. Бироқ, маҳлуқнинг ғазаби ва розилиги билан ҳолиқнинг ғазаби ва розилиги ўртасида фарқ бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги ва ғазаби Унинг Ўзига лойиқ бўлган кўринишда, маҳлуқнинг розилиги ва ғазаби эса унинг ўзига лойиқ кўринишда бўлади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У ҳамма нарсани эшитувчи ва ҳамма нарсани кўрувчи зотдир» (Шуро: 11). Зотида ҳам, исмларида ҳам, сифатларида ҳам Унга ҳеч ким ўхшаёлмайди.

Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир. Улар Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари қаторида Унинг ғазабланиш ва рози бўлиш сифатларига ҳам иқрор бўладилар. Гарчи, айни сифатлар маҳлуқларда ҳам топилса-да, ўртадаги фарқ жуда катта: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У ҳамма нарсани эшитувчи ва ҳамма нарсани кўрувчи зотдир» (Шуро: 11). Маҳлуқлар ҳам кўрувчи ва эшитувчидирлар, Аллоҳ таоло ҳам Ўзини эшитувчи ва кўрувчи деб сифатлади ва оятнинг бошида: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» дедики, бу ҳолиқнинг сифатлари билан маҳлуқнинг сифатлари ўртасида фарқ борлигига далолат қилади. Бу Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан маълум бўлган иш ва аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодидир. Таъвил ва залолат аҳли эса Аллоҳ таолодан исм ва сифатларни рад қилишди, бунга сабаб қилиб ўша сифатларнинг бандаларда ҳам борлигини, агар уларни Аллоҳ таолода бор дейилса, бундан бандалар билан Аллоҳ ўртасида ўхшаш келиб чиқишини даъво қилдилар. Аслида эса, бу ҳеч қандай ўхшашни тақозо қилмайди.

Улар ўзларининг ноқис фаҳмлари билан ғазабни интиқом олиш деб, розиликни эса инъом қилиш деб таъвил қилишди. Аслида эса, Аллоҳ ва Расулига ва улардан собит бўлган нарсаларга таслим бўлиш, бу каби сафсата ва таъвилларни тарк қилиш лозим эди.

Шунинг учун Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг Ўз арши узра истивоси-ўрнашиши қандайлиги ҳақида сўралганда у киши Аллоҳдан ҳаё қилиб ва қўрқиб, бошларини эгиб олдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Истиво (нинг маъноси) маълум, қандайлиги номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш бидъат», дедилар.

 

187.        ونُحِبُّ أَصْحابَ رسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم

 

187. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз.

 

Асҳоб ва саҳоба – саҳобий сўзининг кўплик шаклидир. Саҳобий деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришган, у зотга иймон келтириб, иймонда вафот этган кишига айтилади. Иймон келтирган, гарчи замондош бўлган эса-да, у зот билан кўришиш насиб бўлмаган кишини саҳобий дейилмайди. Нажоший бунга мисол бўлади. Саҳобий бўлиш учун у зотга иймон келтиришнинг ўзи кифоя қилмайди, балки иймонда вафот этган бўлиши ҳам шарт қилинади. Муртад бўлиш ва шу ҳолда ўлишнинг ўзиёқ саҳобийликни ҳам, бошқа амалларни ҳам ботил ва бекор қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари расуллар ва набийлардан сўнг барча умматлар ичида энг афзал ва энг яхши кишилардир. Чунки, улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш бахтига мушарраф бўлган, у зотга иймон келтирган, бирга жиҳод қилган, у зотнинг шахсан ўзларидан илм олишга муяссар бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яхши кўрган, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг пайғамбарига саҳоба қилиб танлаган зотлардир.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир» (Фатҳ: 18, 19).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан ( қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

Саҳобалар энг афзал аср-замон аҳлларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асрим аҳли, сўнг улардан кейин келувчилар, сўнг улардан кейин келувчилар», деганлар.[5] Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобаликлари фазли билан энг афзал аср кишиларидир. Уларни яхши кўриш иймон аломати, ёмон кўриш эса мунофиқлик белгисидир. Аллоҳ таоло айтади: «... улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир» (Фатҳ: 29).

Саҳобаларнинг ҳаммасини яхши кўриш мусулмонларга вожиб, чунки уларни Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрганлар, улар Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар, Исломни ернинг машриқу мағрибларига тарқатганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлаганлар, у зотга иймон келтириб, у зот билан нозил қилинган Нурга эргашганлар. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди шудир.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида муҳожир ва ансорларни шундай зикр қилади:

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар - камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 8-10).

Мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан тутган ўринлари ана шундай, улар шаънига истиғфор айтадилар, Аллоҳ таолодан қалбларида саҳобаларга нисбатан бирон буғзу-нафрат қилмаслигини сўрайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари хусусида ҳам гап шу, уларда қариндошлик ҳаққи ва иймон ҳаққи бордир. Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларини дўст тутадилар.

Носибалар саҳобаларни дўст тутадилар, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини ёмон кўрадилар. Шунинг учун ҳам, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтига адоват ўрнатишгани учун ҳам улар носиба – яъни, (адоват) ўрнатувчилар, деб ном олишган.

Рофизалар эса, аксинча, ўз даъволарича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини дўст тутиб, саҳобаларни ёмон кўришади, уларни лаънатлашади, кофир санашади, айблашади.

Саҳобалар ҳам фазилатда ўзаро тафовутлидирлар. Уларнинг энг афзаллари – тўртта рошид (ҳақ йўл устидаги) халифалар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар».[6] Сўнг жаннат билан хушхабар берилган ўнта саҳобанинг мазкур тўрт халифадан кейин яна олтитаси: Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайд, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум ажмаъийндирлар.

Сўнг Бадр жанггида иштирок этган саҳобалар, сўнг «Байъатур-ризвон» аҳлидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади» (Фатҳ: 18).

Сўнг Макка фатҳидан олдин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилар бўлиб, улар фатҳдан кейин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилардан афзалдирлар. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин ин­фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳадид: 10).

Сўнгра умуман муҳожирлар, кейин ансорлардир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда муҳожирларни ансорлардан муқаддам ўринга қўйган: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир» (Ҳашр: 8).

Сўнгра Аллоҳ таоло ансорлар ҳақида айтади: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса (ўлжалар) сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).

Аллоҳ таоло муҳожирларни ва уларнинг амалларини ансорлардан ва уларнинг амалларидан муқаддам қўйишлиги муҳожирларнинг афзал эканликларини билдиради. Чунки, улар ватанларини, мол-мулкларини ташлаб, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар. Бу уларнинг содиқ-чин иймонларига далолат қилади. Умумий суратда барча саҳобаларни яхши кўришимиз ва дўст тутишимиз, улар ўртасида бўлиб ўтган урушлар ҳақида ножўя сўзлар айтишдан тийилишимиз лозим. Улар ўртасида нима ишлар бўлиб ўтган бўлса, уларнинг ижтиҳодлари бўйича бўлган. Улар мужтаҳидлардир. Қай бирлари тўғри қилган бўлсалар, иккита ажрга эга бўлганлар, хато қилганлари эса битта ажрга эга бўлганлар. Ундан ташқари, уларнинг айримларидан содир бўлган хатоларга каффорат бўлиб кетувчи буюк яхшиликлари ва улкан фазилатлари бор, деймиз.

Мусулмонлар уларга Аллоҳнинг розилигини сўрашлари, улар учун узр баён қилишлари, уларни ҳимоя қилишлари лозим. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шуки, улар саҳобаларнинг фазилатлари ва динда тутган ўринлари сабабли улар ўртасида бўлиб ўтган можароларга аралашмайдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Асҳобларимни сўкманглар! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд (бир ҳовуч) ёки ярим муд садақасига ета олмайди».[7] Кимда-ким саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга аралашиб, дилида баъзиларига нисбатан адоват ё нафрат тугса, у одам зиндиқ – диндан чиққан бўлади. Саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга фақат баҳс юритиш – унинг ҳақиқатини ўрганиш учун киришамиз, деган гап ҳам хатарли, жоиз эмас. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳдан саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишлар ҳақида сўралганда: «Аллоҳ таоло қўлларимизни уларнинг қонларини тўқишдан поклади, энди тилларимизни уларнинг обрўларини тўқишдан покламоғимиз лозим» деб жавоб берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Асҳобларимни тинч қўясизларми, йўқми?!» деганлар.[8] Хулоса шуки, биз саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга аралашмаймиз. Бу иймонимиз тақозоси, Аллоҳ учун, Унинг Расули учун, Китоби учун, мусулмонларнинг ому-хослари учун насиҳатимиз – холислигимиз тақозосидир.

 

188.        ولا نُفْرِطُ في حُبِّ أَحَدٍ مِنْهُمْ

 

188. Улардан биронталарига бўлган муҳаббатимизда ҳаддан ҳам ошмаймиз.

 

Саҳобалардан биронталарига бўлган муҳаббатда ҳаддан ошмаймиз. Яъни, худди рофизалар ўз даъволарича, Алий розияллоҳу анҳуга бўлган муҳаббатда ғулув кетганларидек, аслида улар у кишини ҳам, бошқа мусулмонларни ҳам яхши кўрмайдилар. У киши ҳақларида ғулув кетиб, айримлари ҳатто: «Алий худодир» дейишгача борган. Бу ҳазрат Алийнинг ўзлари ҳаётлик пайтларида бўлган эди. Шунда у киши бундай даъво билан чиққанларни туттириб, чоҳга ташлаб, устларидан ўт қўйиб юборган эдилар. Ғулув – яъни муҳаббат ва улуғлашда ҳаддан ошиш саҳобалар ҳаққида ҳам, бошқалар ҳаққида ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда ноҳақ ғулув-тажовуз қилманг» (Моида: 77). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ғулувдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки, сизлардан олдингиларни ғулув ҳалок қилган».[9]

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз, лекин улардан биронталарига бўлган муҳаббатда ғулув кетиб, Аллоҳга шерик қилиб қўймаймиз ва Аллоҳни қўйиб, унга дуо қилиб кетмаймиз. Рофизалар ва қубурийлар шундай қилишади. Саҳобаларни яхши кўриш бу билан бўлмайди, балки уларнинг йўлларини тутиш, уларга эргашиш ва уларга Аллоҳнинг розилигини сўраб дуо қилиш билан бўлади.

 

189.        ولا نَتَبَرَّأُ مِن أحَدٍ مِنْهُمْ

 

189. Уларнинг ҳеч бирларидан воз ҳам кечмаймиз.

 

Бу иборада саҳобалардан, хусусан Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумдан воз кечган, кўплаб саҳобаларни кофирга чиқарган рофиза-шиаларга ишора бор. Бундай қилиш уларга бўлган муҳаббатда тафрит (яъни бутунлай эътибордан соқит қилиш) бўлади.

 

190.        ونُبْغِضُ مَنْ يُبْغِضُهُم وبِغَيْرِ الْخَيْرِ يَذْكُرُهُمْ

 

190. Уларни ёмон кўрган ва номақбул сўзлар билан эслаганларни ёмон кўрамиз.

 

Саҳобаларни ёмон кўрган одам динни ёмон кўрган бўлади, чунки улар Исломни чор атрофга етказувчилар ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоғирдларидирлар. Ким уларни ёмон кўрса, Исломни ёмон кўрган бўлади. Бу эса ундай кишиларнинг қалбларида иймон йўқлигига ва улар Исломни ёқтирмасликларига далил бўлади.

 

191.     ولا نَذْكُرُهُمْ إلاَّ بِخَيْرٍ

 

191. Ўзимиз уларни фақат яхшилик билан ёдга оламиз.

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, улар ўрталарида юз берган можаролар ҳақида баҳс юритишдан тийилиш, уларни фақат яхшилик билан тилга олиш лозим.

 

192.     وحُبُّهُمْ دِينٌ وإِيمانٌ وإحْسانٌ، وبُغْضُهُمْ كُفْرٌ ونِفاقٌ وطُغيانٌ

 

192. Уларни яхши кўриш дин, иймон ва эҳсондир, уларни ёмон кўриш эса куфр, нифоқ, ҳаддан ошишдир.

 

Бу – ақиданинг мусулмонлар билиши лозим бўлган катта асосларидан биридир. Яъни, саҳобаларни севиш, уларнинг қадрларини билиш лозим. Чунки, бу иймондан саналади. Уларни ёмон кўриш ёки улардан биронталарини бўлса ҳам ёмон кўриш куфр ва мунофиқлик белгисидир. Зотан, уларга бўлган муҳаббат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатдан келиб чиқади, уларни ёмон кўриш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўришдан келиб чиқади.

 

193.     ونُثْبِتُ الْخِلافَةَ بَعْدَ رَسولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ  وَسَلَّمَ: أَوَّلاً لِأَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، تَفْضِيلاً لَهُ وَتَقْدِيماً عَلَى جَمِيعِ الأُمَّةِ، ثُمَّ لِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، ثُمَّ لِعُثْمانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، ثُمَّ لِعَلِيّ بْنِ أبِي طالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، وَهُمُ الْخُلَفَاءُ الرَّاشِدُونَ وَالأَئِمَّةُ الْمُهْتَدُونَ.

 

193. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг халифаликни умматнинг энг афзал ва муқаддам вақили Абу Бакр Сиддиққа, сўнгра Умар ибн Хаттобга, сўнгра Усмонга, сўнгра Алий ибн Аби Толибга исбот қиламиз (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин). Шу зотлар рошид (ҳақ йўл устида бўлган) халифалар ва ҳидоятли раҳбарлардир.

 

Саҳобалар ҳаққида мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган муҳаббат ва дўст тутиш, уларни ёмон кўрмаслик, уларни ёмон кўрганларни ёмон кўриш, улар ўртасида бўлиб ўтган можароларга киришмаслик каби ишларни айтиб ўтгач, муаллиф энди Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги халифалик масаласига тўхталади. Халифалик ушбу матнда санаб ўтилган кўринишдадир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирги кунларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни намозга имом қилиб ўтказганлар. Бу эса у кишининг халифа бўлишларига ишора эди. Шунинг учун саҳобалар у кишига байъат берарканлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни динимиз учун танлаган эдилар, биз дунёмиз учун нега танламайлик?!», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳижратдан олдин ҳам, кейин ҳам Исломга улкан хизматлари сингган. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифаликка энг муносиб киши эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин у кишининг аҳду қарорлари билан Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу вафотларидан олдин тайин қилган жаннат билан хушхабарланган ўн кишидан иборат шуро (маслаҳат, кенгаш) эгалари ихтиёри билан Усмон розияллоҳу анҳу халифа қилиндилар. Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Алий розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Халифалик тартиби шудир. Кимда-ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалик Алий розияллоҳу анҳу ҳақлари эди, деса у одам адашган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонлар ижмоъсига хилоф чиққан бўлади.

Шийъалар халифалик Алий розияллоҳу анҳунинг ҳаққи эди деб даъво қилишади ва у кишини умматга васий (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан халифаликка васият қилинган) деб номлашади. Бундан асли ғаразлари уммат ўртасида фитна оловини ёқишдан бошқа нарса эмас. Улар саҳобалардан кўра фикрда тўғрироқ одамлар эмас. Шийъалар саҳобаларни золимлар деб аташади ва Қуръонда келган ҳар қандай айбли сифат эгалари улар наздида саҳобалар бўлиб, улар саҳобаларни золимлар, кофирлар, адашганлар деб сифатлашади. Шу боис ҳам уламолар ҳеч бир киши уларнинг даъволаридан таъсирланиб қолмаслиги учун халифалик тартиби ҳақидаги гапларни ақида китобларига киритадиган бўлганлар. Халифаларнинг мазкур тартиби аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида ҳақдир. Чунки, буни саҳобалар тартиблаганлар ва унга ижмоъ-иттифоқ қилганлар.

 

194.       وأنَّ الْعَشرةَ الذِين سمَّاهُمْ رسولُ اللهِ صلّى الله علَيه وسلّم وبشَّرَهُمْ بِالْجَنَّةِ، علىَ ما شَهِدَ لَهُمْ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وقَوْلُهُ الْحَقُّ، وهُم : أبو بكرٍ ، وعُمَرُ، وعُثمانُ، وعلِيٌّ، و طَلْحةُ، و الزُّبَيرُ، و سَعْدٌ، و سَعِيدٌ، و عبدُ الرَّحمنِ بنُ عَوْفٍ، و أبو عُبَيدةَ بْنُ الْجَرَّاحِ و هُوَ أَمِينُ هذِهِ الأمَّةِ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ أجْمَعين.

 

194. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларини айтиб, жаннат башоратини берган ўн кишининг жаннатий эканларига биз ҳам гувоҳмиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари айни ҳақиқатдир. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саид, Абдурраҳмон ибн Авф ва умматнинг энг омонатдор кишиси Абу Убайда ибн Жарроҳдир. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

 

Мазкур ўн киши жаннатий эканига гувоҳлик берилган кишилардир. Абу Убайда розияллоҳу анҳуни бу умматнинг энг омонатдор кишиси деб сифатланишига сабаб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажрон аҳли билан шартнома тузиб, уларга жизя (тўлов)ни фарз қилганларида улар у зотдан бирон омонатли кишини улар ҳузурига юборишларини сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга ҳақиқий омонатдор кишини юбораман», дедилар ва Абу Убайдани танлаб, юбордилар.[10]

 

195.       وَمَنْ أَحْسَنَ الْقَوْلَ في أصْحابِ رَسولِ اللهِ صلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ، وَأَزْواجِهِ الطَّاهِراتِ مِنْ كُلِّ دَنَسٍ، وَذُرِّيَّاتِهِ الْمُقَدَّسِينَ مِنْ كُلِّ رِجْسٍ, فَقَدْ بَرِئَ مِنَ النِّفاقِ.

 

195. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари, покиза аҳли-аёллари ва ҳар қандай ёмонликдан пок зурриётларини фақат одоб билан тилга олган киши ўзини нифоқдан сақлаган бўлади.

 

Саҳобалар ҳақларида уммат зиммасига вожиб бўлган нарсаларни айтиб ўтилгач, энди Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари – яъни хонадон аҳллари ҳақида сўз юритилади. Аҳли байтнинг энг биринчи аъзолари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидир. Зеро, Аллоҳ таоло уларга хитобан айтганки: «(Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб: 33).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари, яъни Аббос хонадони, Абу Толиб хонадони, Ҳорис ибн Абдулмутталиб хонадони ҳам аҳли байтдан саналади.

Рофизалар Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида бўҳтон сўзлар айтиб, у зотни Аллоҳнинг Ўзи ундан поклигини эълон қилган айб билан сифатлашади. Бу эса Аллоҳ таолони ёлғончи қилиш ва Аллоҳ таолони Ўзининг пайғамбарига нолойиқ бўлган аёлни жуфти ҳалол қилиб танлаган, деб сифатлаш бўлади. Бу эса Аллоҳга кофир бўлиш саналади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» (Нур: 26) деган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам покизадирлар, у зотга Аллоҳ таоло фақат покиза жуфти ҳалол танлагандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриётлари – у зотнинг фарзандлари ҳамда қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг авлодлари, яъни Ҳасан, Ҳусайн ва бу иккисининг авлодларидир.

 

196.       وعُلَماءُ السَّلَفِ مِنَ السّابِقِينَ، وَمِنْ بَعْدِهِمْ مِنَ التّابِعِينَ – أَهْل الْخَيْرِ وَالأَثَرِ، وَأَهْل الْفِقْهِ وَالنَّظَرِ- لا يُذْكَرُونَ إلاَّ بِالْجَمِيلِ، وَمَنْ ذَكَرَهُمْ بِسُوءٍ فَهُوَ عَلَى غَيْرِ السَّبِيلِ.

 

196. Саҳоба ва тобеинлардан ҳамда улардан кейин ўтган салаф уламолари – хайр ва асар, фиқҳ ва назар олимлари (яъни ҳадис уламолари) - фақат яхши ном билан тилга олинишлари лозим. Уларни ёмон сўз билан тилга олган кимса ҳақ йўлда эмасдир.

 

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ саҳобалар ва аҳли байтнинг мусулмонлар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларини, уларга нисбатан муҳаббат ва дўст тутиш, ҳеч бирларини камситиш билан тилга олмаслик лозимлиги тўғрисида айтиб ўтгач, фазилатда улардан кейинги ўринда турувчи уламолар ҳақида сўз юритадилар.

Бу уммат уламолари даража ва фазлда саҳобалардан кейинги ўринда турадилар. Чунки, улар пайғамбарларнинг ворисларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деганлар.[11] Олимлардан мурод – аҳли сунна вал-жамоа уламоларидир. Асар, фиқҳ ва назар илми олимларидан мурод – ҳадис илми уламоларидир.

Уламолар икки қисмдирлар:

Биринчи қисм: Асар уламолари, яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини (ҳадисларини) тўплаш, асраш ва ҳимоя қилишга бел боғлаган, уларни умматга соф ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай айтган бўлсалар ўшандай ҳолда етказиб берган, ҳар қандай ёлғон ва тўқима сўзларни фош қилиб, уларни саҳиҳ ҳадислардан ажратган муҳаддис уламолар бўлиб, уларни ривоят уламолари ҳам дейилади.

Иккинчи қисм: Фуқаҳолар, яъни фиқҳ имли уламолари бўлиб, улар далиллардан ҳукмлар чиқарган, уларнинг фиқҳини баён қилиб, шарҳлаган, одамларга тушунтириб берган олимлардир. Уларни дироят уламолари ҳам дейилади.

Уламолар ичида ҳар икки илмни ўзида жамлаган зотлар ҳам бор бўлиб, уларни муҳаддисларнинг фақиҳлари дейилади, Имом Аҳмад, Имом Молик, Имом Бухорий каби.

Барча уламоларнинг фазилатларини тан оламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг сўзимни эшитиб, уқиб олган ва уни қандай эшитган бўлса, шундай ҳолда ўзгаларга етказган кишини Аллоҳ қўрқам-чиройли қилсин»[12], деб дуо қилганлар, уларни мақтаганлар.

Уламолар Аллоҳ таоло уларнинг зиммаларига юклаган дин ва ақидани ҳимоя қилиш вазифасини чиройли ўтадилар, аҳкомларни, мерос тақсимотларини, ҳалол ва ҳаромни баён қилиб бердилар, Китобу Суннатни тушунтириб берувчи китоблар ёздилар, умматга уларнинг муаммоларини ҳал қилиб берувчи улкан мерос қолдирдилар.

Фиқҳ икки қисмдир:

Биринчи қисм: Катта фиқҳ, яъни ақида фиқҳидир.

Иккинчи қисм: Амалий фиқҳ, яъни амалий ҳукмларни англаш-ўрганиш бўлиб, у аҳамият жиҳатидан катта фиқҳдан кам эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уламоларнинг фазилатлари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир».[13] Чунки, олимнинг манфаати ўзигагина чекланмасдан, бошқаларга ҳам ўтади. Бир ривоятда: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизларнинг ичингидаги энг қуйи кишидан афзаллигим кабидир»[14] деганлар.

Уламолар айрича ҳурмат-эҳтиромга сазовордирлар. Уларни камситиш ва уларнинг обрўларига тил текказиш асло жоиз эмас. Ҳатто, баъзиларидан ижтиҳодий хатолар содир бўлган бўлса ҳам, бу уларни айблашга важ бўлолмайди. Чунки, улар ҳақни топиш учун ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр, агар ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйса, унга битта ажр бор», деганлар.[15] Бу – уламолар ҳақидаги гап, ўзини олим санаганлар ҳақида эмас. Чунки, ундайлар ўзлари яхши билмаган нарсаларга аралашишга ҳақли эмаслар.

 

197.       وَلاَ نُفَضِّلُ أَحَداً مِنَ الأَوْلِيَاءِ عَلَى أَحَدٍ مِنَ الأَنْبِيَاءِ عَلَيْهِمُ السَّلامُ، وَنَقُولُ: نَبِيٌّ واحِدٌ أَفْضَلُ مِنْ جَمِيعِ الأَوْلِياءِ.

 

197. Ҳеч бир авлиёни бирор пайғамбардан устун санамаймиз, балки биргина пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз.

 

Авлиё – валийнинг кўплиги бўлиб, валийлик яқинлик ва муҳаббат маъносидадир. Валийлар ёки авлиёлар Аллоҳ таолога яқин ва суюкли зотлардир. Улар Аллоҳга яқинликлари сабабли ва Аллоҳ таоло уларни яхши кўргани учун валий деб номланганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222), «Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).

Аллоҳ таоло валийлар – яъни Ўзининг дўстлари кимлигини баён қилиб айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) тақво қилувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63).

Демак, валийда иккита сифат – иймон ва тақво жамланган бўлиши лозим.

Одамлар муҳаббат ё нафратга сазовор бўлиш жиҳатидан уч қисмга бўлинадилар:

Биринчи қисм: Аллоҳнинг чин дўстлари – фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар.

Иккинчи қисм: Аллоҳнинг ҳақиқий душманлари – мушрик, кофир ва (катта нифоқ билан) мунофиқ бўлган кимсалар. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1).

« Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши чиққан кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

«Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).

Учинчи қисм: Бир жиҳатдан яхши кўриладиган, иккинчи жиҳатдан ёмон кўриладиган одам – у маъсиятга берилган мусулмон киши. Уни тоат-ибодати миқдорича яхши кўрилади, маъсияти миқдорича ёмон кўрилади. Ҳар бир мусулмон киши ўзида бўлган иймони миқдорига қараб Аллоҳга дўст бўлади.

Ким иймон ва тақвоси бўлмаган ҳолда валийликни даъво қилса ёки унга валийлик нисбати берилса, у ёлғончи ва дажжолдир.

Баъзан сеҳргарлар, фолбинлар, кўзбўямачилар ва башоратчилар авлиёлик даъво қилишади. Шайхулислом «Раҳмоннинг дўстлари ва шайтоннинг дўстлари ўртасидаги фарқ» деб номланган китоб ёзган ва унда валийлик даъво қилиб, одамларга «каромат» кўрсатадиган кимсаларнинг шайтоний ишларини баён қилган.

Аллоҳнинг валийлари – дўстларини дўст тутиш, севиш, уларга эргашиш ва яқинлашиш лозим бўлади.

«Ҳеч бир авлиёни бирор пайғамбардан устун санамаймиз» деган иборада сўфийларга раддия бор. Сўфийлар авлиёлар борасида ғулув кетиб қолишган, улар наздида авлиёлар пайғамбарлардан афзал саналади. Уларнинг шоири айтганидек: (шеър мазмуни) «Набийлик мақоми расулдан юқорироқ ва валийдан пастроқ ўриндир». Бу очиқ куфрдир. Чунки, энг афзал зотлар расуллар, сўнг набийлар, сўнг валийлардир. Сўфийлар валийни набийдан муқаддам қўйишларига сабаб – уларнинг даъвосича – валий Аллоҳдан бевосита қабул қилади, набий эса билвосита қабул қилади.

«Биргина пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз». Албатта, шундай. Одамзот яратилганидан тортиб то қиёматгача барча авлиёлар биттагина пайғамбарга тенг келмайдилар. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасидир.


 

[1] Аҳмад (2/477), Термизий (3370), Ибн Можа (3827), Ҳоким (1/491) ривоятлари.

[2] Абу Довуд (1479), Термизий (3369), Ибн Можа (3828) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ» деган.

[3] Муслим (1015) ривояти.

[4] Термизий (3390) ривояти.

[5] Бухорий ва Муслим ривояти.

[6] Абу Довуд (607), Термизий (2678), Ибн Можа (42) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.

[7] Бухорий (3673) ва Муслим (2541) ривоятлари.

[8] Бухорий шунга яқин лафз билан келтирган (3661).

[9] Аҳмад «Муснад»да (1/215, 347), Ибн Можа (3029) ривоятлари.

[10] Бухорий (3745) ва Муслим (2420) ривоятлари.

[11] Бухорий «Китобул-илм»да, Абу Довуд (463), Ибн Можа (223), Термизий (2687) ривоятлари.

[12] Ибн Можа (230, 231, 232, 3056) ривояти.

[13] Термизий (2687) ривояти.

[14] Термизий (2690) ривояти.

[15] Бухорий (7352) ва Муслим (1716) ривоятлари

◄◄◄Аввалига қайтиш

| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 |

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ