Ислом Нури
Китоблар
ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР
Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон Ислом Нури таржимаси
بسم الله الرحمن الرحيم
101. جَفَّ الْقَلَمُ بمَا هُوَ كَائِن إلى يَوم القِيَامَةِ، ومَا أخْطَأَ العَبْدَ لـَمْ يَـكُنْ لِيُصِيبَهُ، ومَا أصَابَهُ لَمْ يَـكُنْ لِيُخْطِئَهُ
101. Қиёмат кунига қадар нима бўлиши керак бўлса, ўшани қалам ёзган, сиёҳ қуригандир. Бандага нимаики етмаган бўлса, аслида унга етиши керак эмас эди. Унга етган нарса эса, аслида уни четлаб ўтиши мумкин эмас эди.
Бу, яъни сизга Аллоҳ таоло ёзган нарсадан бошқаси етмаслиги, сизга етган иш ёки кўргулик албатта етиши керак бўлгани учун етгани, сиздан четлаб ўтиб кетган иш ёки кўргулик эса сизга етмаслиги керак бўлгани учунгина етмаган эканига ишониш қазо ва қадарга иймон келтиришга киради.
Агар сизга бирон ёқимсиз иш ёки мусибат етса, биласизки, бу нарса лавҳул маҳфузда битилган ва албатта бўлмасдан иложи йўқ эди. Шу ишонч билан тасалли топасиз, жазавага тушишдан қутуласиз, Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўласиз.
Сизга етмаган нарса (яъни омад ё мусибат, бахт ё бахтсизлик) ҳаргиз етмаган бўларди. Сиз бир нарсани талаб қилиб унинг йўлида ҳар қанча ҳаракат қилманг, пул-мол сарфламанг, агар тақдирда битилмаган бўлса асло у нарсага етишолмайсиз. Сабабини қилсангиз, ҳамма нарсани сарф қилиб ҳам унга эришмасангиз, қазо ва қадарга бўлган ишончингиз туфайли сиз бунга таслим бўласиз, сиқилиб, ғамга ботмайсиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдАлий бўлган нарсага интил, Аллоҳдан мадад сўра ва ожиз бўлма! Агар бирон (кўнгилсизлик) етса: «Агар ундай қилганимда бундай бўларди экан» дема, балки: «Аллоҳ шуни тақдир қилибди, У Ўзи истаган ишини қилди», дегин! Чунки «агар» шайтоннинг иши(га йўл) очади»[1] (Муслим ривояти).
Мана шуларни билсангиз, иш сизга осон кўчади, жазавага ҳам тушмайсиз, ҳасратга ҳам ботмайсиз. Барча ишлар Аллоҳнинг қўлида. Тўғри, сиз сабабларни қиласиз, ўзингизга фойдАлий бўлган ишларга уринаверасиз, лекин натижалар Аллоҳ азза ва жалла тарафидан келади, ўзингиз учун яхшилик нимада эканини сиз билмайсиз. Балки, Аллоҳ азза ва жалла ўша нарсани сизга бермаганининг сабаби – мабодо унга эришган бўлганингизда ундан сизга фойда эмас, аксинча зарар етиши мумкин бўлар эди, Аллоҳ билади, сиз билмайсиз. Шундай экан, Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш сиз учун энг яхши йўлдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан айтади: «Айтинг: Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!» (Тавба: 51).
Кофирларнинг Уҳуд куни ўлдирилган кишилар ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», (Оли Имрон: 156) деб айтган гапларига жавобан Аллоҳ таоло айтди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган бўлар эдилар» (Оли Имрон: 154).
Инсоннинг тақдирига битилган нарса жорий бўлмай иложи йўқ. Ҳар қанча эҳтиётини қилмасин, яшириниб ва ўраниб олган бўлмасин, бу нарсалар уни Аллоҳнинг қазо ва қадаридан тўсолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур» (Нисо: 78).
102. وعَلى العَبْدِ أنْ يَعْلمَ أنَّ اللهَ قَدْ سَبَقَ عِلمُهُ فِي كُلِّ كَائِنٍ مِنْ خَـلْقِهِ
102. Банда яна шуни билиши лозимки, маҳлуқот тарафидан нимаики содир бўлса, ўшани Аллоҳ Таоло аввалдан билган.
Бу қазо ва қадарга иймон келтириш даражаларининг биринчи даражасидир. Яъни, банда ишонади ва эътиқод қиладики, Аллоҳ таоло бўлган-у бўлмаган нарсаларнинг ҳаммасини Ўзининг азалий илми билан билган, уларнинг ҳаммасини ҳАлий бўлмасиданоқ Ўзининг ҳамма нарсани иҳота қилувчи илми билан билган. Шундай эътиқод қилиш лозим.
103. فَقَدَّرَ ذلك تَقْدِيراً مُحْكَماً مُبْرَماً
103. Ҳамда уни пухта ва ўзгармас қилиб тақдир этган.
Аллоҳ таоло билган ва пухта ўлчаб, тақдир қилган: «У барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).
Демак, оламдаги ҳеч бир иш тартиб-интизомсиз эмас, ҳаммаси пухта тартибланган ва Аллоҳнинг қазо ва қадарига бўйсундирилган. Аллоҳ таоло бетартиблик ва беҳуда яратишдан покдир.
104. لـَيْسَ فِيهِ نـَاقِضٌ، ولا مُعَقِّبٌ، وََ لا مُزيلٌ، ولا مُغَيِّرٌ، ولا نـَاقِصٌ ولا زَائِدٌ مِنْ خَلْقِـهِ فِي سَمَاوَاتِهِ وَأرْضِهِ.
104. Осмонлару ердаги бирон маҳлуқ ушбу тақдирни бузишга, текширишга, йўқотишга, ўзгартиришга, камайтиришга ёки кўпайтиришга қодир эмас.
Бирон жонзот ўзи билганича тасарруф қилиб, Аллоҳ қазо (ҳукм) қилган ва тақдир қилган нарсани ўзгартиришга қодир эмас. Унинг қазосини қайтарувчи, Унинг ҳукмини текширувчи йўқ. «Аллоҳ ҳукм қилур — Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас» (Раъд: 41). Ҳеч ким Аллоҳнинг қазосидан бирон нарсани камайтиришга ёки унга бирон нарса қўшиб қўйишга қодир эмас. Бу аллақачон ҳал қилинган ишдир.
Мусулмон киши мана шу эътиқодда бўлса, жуда кўп шак-шубҳа ва гумонлардан қутулади. Лекин, бунинг маъноси қазо ва қадарга, лавҳул маҳфуздаги битикка суяниб, амални тарк қилиш дегани эмас[2]. Мусулмон киши амал қилишга, ризқ талаб қилишга, сабабларни қилишга буюрилган. Аммо, натижалар Аллоҳ азза ва жалланинг қўлидадир.
105. وذلِكَ مِن عَقـْدِ الإيمَان، وأصُولِ الْمَعْرِفـَةِ
105. (Тақдир ҳақида) ана шундай эътиқодда бўлиш иймон арконларидан ҳамда Аллоҳни тўғри таниш асосларидандир.
Қазо ва қадар ҳақидаги бу ақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон ақидаси ичига киради. Яъни, қазо ва қадарга иймони бўлмаган одам Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирган бўлмайди. Қазо ва қадарга иймон келтириш икқиламчи ёки жузъий масалалардан эмас, балки у ақиданинг асосларидан ва иймоннинг рукнларидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришингдир»[3].
106. والاعْتِرَافِ بِتَوْحِيدِ اللهِ تَعالَى ورُبُوبـِيَّتِهِ، كَما قال تعالى في كِتـَابهِ: )وَخـَلـَقَ كُلّ شَيْءٍ فـَقـَدَّرَهُ تـَقـْدِيراً( وقال تعالى: )وكَانَ أمْرُ اللهِ قـَدَراً مَقـْدُوراً(.
106. Ва бу рубубиятда Унинг ягона зот эканлигини эътироф этиш асосларидандир. Аллоҳ Таоло айтади: «У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2). Яна бир оятда эса: «Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).
Қазо ва қадарга иймон келтириш рубубият тавҳидига киради. Чунки қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг феълларидан, ким уни инкор қилса рубубият тавҳидига иймон келтирган бўлмайди.
«У ҳар бир нарсани яратди ва унинг тақдирини аниқ ўлчаб-белгилаб қўйди» (Фурқон: 2).
«Аллоҳнинг амри-иродаси (албатта содир бўлиши лозим бўлган) тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).
«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49).
«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур)» (Тағобун: 11).
«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).
Бу ва бошқа шу маънодаги оятлар қазо ва қадарга иймон келтиришга далолат қилади.
107. فوَيْلٌ لِمَنْ صَارَ لِلّهِ تَعالَى في القـَدَر خـَصِيمًا, وأحْضَرَ لِلنـَّظـَر فِيهِ قَلْباً سَقِيماً
107. Шундай экан, тақдир борасида касал қалб билан фикр юритиб, ушбу масалада Аллоҳга хусуматчи бўлган кимсага вайл бўлсин.
Қазо ва қадар ишига аралашиб, бу ҳақда шубҳа-гумонлар пайдо қилган одам Аллоҳга хасим (рақиб) бўлган ва У билан талашган бўлади. Қазо ва қадарнинг тўртов даражасига Китобу Суннатда келган равишда иймон келтиришсиз кишининг иймони дуруст саналмайди. Ҳар хил саволлар, шубҳа ва гумонлар гирдобига шўнғиш ярамайди, зеро бундай қилиш Аллоҳ билан талашиш бўлиб қолади. Қазо ва қадар ҳақида чуқур киришган кишилар ҳеч нарсага етиб бормаганлар, балки гангиш ва беқарорлика тушиб қолганлар, ақидалари бузилгани қолган, холос.
Қазо ва қадар каби Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган ишларига фикр ва ақл билан етиб бўлмайди. Шундай экан, ақлингизни у ҳеч қачон англаб етолмайдиган ишларга ишлатманг. Ақл чекланган, у ҳамма нарсани идроқ қилишга қодир эмас. Уни кучи етмайдиган ишларга ишлатиб овора бўлманг.
108. لَـقَـدِ الـْتـَمَسَ بـِوَهْمِهِ فِي فـَحْصِ الغـَيْبِ سِرّاً كَـتِـيماً
108. Зеро у ожиз фикри билан ғайбни титқилаб, Аллоҳ беркитган сирни билмоқчи бўлди.
Чунки, қазо ва қадар Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидан сир тутган нарсасидир. Шундай экан, у ҳақда баҳс юритманг. Сиз бунга буюрилмагансиз. Сиз амалга, тоат ва бўйсунишга буюрилгансиз.
109. وعَادَ بمَا قال فِيهِ أَفـَّاكاً أَثـِيمًا.
109. Ва тақдир тўғрисида гапириб ёлғончи гуноҳкор бўлди.
Яъни, унинг ҳар бир айтган сўзи ва юритган баҳси ёлғон ва бўҳтон бўлди. Чунки у буюрилмаган ишга қўл урди, ўзига тегишли бўлмаган ва ақли етмайдиган нарсага аралашди.
110. وَالْعَرْشُ وَالْكُرْسِيُّ حَقٌّ.
110. Арш ҳам, Курсий ҳам ҳақдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонларни яратди, ерни яратди, Курсийни яратди, Аршни яратди. Буларнинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг маҳлуқоти. Осмонлар ернинг устида, осмонлар устида денгиз, денгиз устида қурсий, қурсий устида арш бўлиб, у маҳлуқотлар ичида энг олий-юқорисидир. Ҳадисда айтилишича: «Етти осмон(нинг) қурсийга нисбатан (ҳажми) қалқонга ташлаб қўйилган етти танга кабидир». Яъни, етти осмон ўзининг улканлиги ва ўз ичига олган барча нарсалар билан биргаликда қурсийга қиёс қилинса, жангчининг қалқонига ташлаб қўйилган етти тангага ўхшаб қолади. «Унинг қурсиси осмонлар ва ердан кенгдир» (Бақара: 255) ояти шуни ифодалайди. Арш қурсийдан катта, ҳадисда келганидек, қурсий аршга нисбатан олиб қаралганда бепоён саҳрога ташлаб қўйилган битта ҳалқа мисолидадир.
Ушбу маҳлуқотларнинг нақадар буюк ва улканлиги ёлғиз Аллоҳннинг Ўзигагина маълум.
Арш маҳлуқотларнинг энг олийси, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло арши устида, маҳлуқотларидан юқорида.
Курсий аршнинг остида, ривоятларда айтилишича, у икки қадам-пойнинг ўрни. Курсий маҳлуқ, ундан мақсад – Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога нисбат берилган сўзда айтилганидек илм эмас. У киши «Унинг қурсиси осмонлар ва ердан кенгдир» оятидаги қурсисидан мурод – илми, деганликлари айтилади. Яъни, Унинг илми осмонлару ердан кенг. Маъно саҳиҳ. Бироқ, оятдан мақсад бу эмас. Курсий маҳлуқ, илм эса Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан бири, у маҳлуқ эмас. Арш ва қурсийга ҳақиқий маъносида иймон келтириш вожиб. Арш ашъарийлар ва уларга ўхшаганлар айтишганидек мулк эмас, улар «Арш мулкдир» дейишади, Аллоҳ таолонинг «Ўз аршига кўтарилди» (Аъроф: 54) оятини «мулкни истило қилди (эгаллади)» деб айтишади. Ундай эмас, арш маҳлуқдир: «Илгари У зотнинг арши сув устида эди» (Ҳуд: 7). Аршнинг остида қурсий бор, қурсийнинг остида осмонлар бор, ер эса осмонлар остида. Ҳадисда айтилганки: «Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, олий «Фирдавс» жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг энг ўртаси ва энг юқорисидир, жаннат анҳорлари ундан оқиб чиқади, Раҳмон таолонинг Арши унинг устидадир»[4]. Демак, Фирдавс жаннатларнинг энг олийси, унинг устида Раҳмон таолонинг арши бор.
Аллоҳнинг арши маҳлуқ, унинг бир тоифа малоикалардан иборат кўтариб турувчилари бор: «Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳаққо: 17). Қиёматдан аввал уни тўртта фаришта кўтариб туради, қиёмат бўлганда икки баробар бўлиб, саккизта фаришта кўтаради. Ҳар бир фариштанинг хилқати, буюклиги ва куч-қудрати тасаввурга сиғмас даражададир.[5]
Арш мулк дейиладиган бўлса, унда, мулкни малоикалар кўтариб туради, деймизми?!
111. وَهُوَ مُسْتَغْنٍ عَنِ الْعَرْشِ وَما دُونَهُ
111. Аллоҳ Таоло Аршдан ҳам, ундан қуйи нарсалардан ҳам беҳожатдир.
«Сўнгра Ўз аршига ўрнашди» (Аъроф: 54) оятининг маъноси – Аллоҳ таоло аршга бир маҳлуқ бошқа бир маҳлуқнинг устига ўрнашгани каби муҳтож, дегани эмас. Балки Аллоҳ азза ва жалла арш устига кўтарилган, ўрнашган, ваҳоланки У аршдан ҳам, ундан қуйидаги нарсалардан ҳам беҳожат.
Барча маҳлуқотлар Аллоҳ таолога муҳтож: «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41). Аршни тутиб турадиган, осмонларни тутиб турадиган, ерни ва маҳлуқотларни тутиб турадиган ёлғиз Унинг Ўзидир. У Ўзининг қудрати билан уларни ушлаб-асраб туради. Улар ҳаммаси Унга муҳтож, У эса улардан беҳожатдир.
Бир нарса бошқа нарсанинг устида бўлишидан юқоридаги нарса пастдаги нарсага албатта муҳтожлиги келиб чиқмайди. Мана, осмонлар ернинг устида, бироқ улар ерга муҳтож эмас.
112. مُحِيطٌ بِكُلِّ شَيْءٍ وَفَوْقَهُ
112. У ҳамма нарсани (илми ва қудрати билан ўраб) иҳота қилган ва (ҳамма нарсадан) юқоридадир.
У ҳамма нарсани иҳота қилган, «Албатта Аллоҳга на Ердаги ва на кўкдаги бирон нарса махфий эмасдир» (Оли Имрон: 5), иҳота қилиши ўша нарсаларни билишидир. Чунки, аслида, У зот ҳамма нарсадан юқоридадир.
113. وَقَدْ أَعْجَزَ عَنِ الإحاطَةِ خَلْقَهُ
113. Маҳлуқотларини эса Ўзини иҳота қилишдан ожиз қолдиргандир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билади. Улар эса У зотни илм (билиш) билан иҳота қила олмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: «У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255). Аллоҳ ҳамма нарсани Ўз илми билан иҳота қилган: «Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).
114. وَنَقولُ: إِنَّ اللهَ اتَّخَذَ إبراهيمَ خَليلاً، وكَلَّمَ اللهُ موسَى تَكْليماً، إيماناً وتَصْديقاً وتَسْليماً.
114. Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил (яқин дўст) қилган ва Мусо алайҳис-саломга чинакам тарзда гапирган, деб иймон келтирамиз, (шу тўғрида келган саҳиҳ хабарларни) тасдиқлаймиз ва (кайфиятини Аллоҳга ҳавола этиб) таслим бўламиз.
Пайғамбарлар маҳлуқотларнинг энг афзаллари эканига ва улар ҳам ўзаро бир-бирларидан афзал бўлишларига ишониш ҳам мусулмонларнинг ақидаларидан саналади. Яна улар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзига халил қилган, деб эътиқод қиладилар. Унинг Ўзи айтганидек: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил-дўст тутган» (Нисо: 125). Халиллик – дўстлик ва муҳаббатнинг энг олий даражасидир. Аллоҳ жалла ва ало Ўзининг мўмин, тақводор, муҳсин бандаларини яхши кўради, дўст тутади, тавба қилувчиларни ва ўзини пок тутувчиларни яхши кўради, лекин халилликка оламда фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»[6].
«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164). Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Гарчи уларнинг ҳаммаси юксак мартаба эгалари бўлсалар-да, афзалликда ўзаро тафовутлари мавжуд: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253). Ҳар бир пайғамбарга Аллоҳ азза ва жалла ўзига хос афзаллик ато этди. Иброҳим ва Муҳаммад алайҳимас салоту вассаломни халиллик билан афзал қилди, Мусо алайҳис-саломни унга бевосита гапириш билан афзал қилди, Мусо У зотнинг каломини эшитди, У субҳанаҳу ва таоло Мусога ҳам баланд овозда нидо қилди, ҳам паст овозда муножот қилди, шуларнинг ҳаммаси Мусо алайҳис-саломга ҳосил бўлди, ушбу фазилат у кишидан бошқа пайғамбарга насиб бўлмаган. Бироқ, бир пайғамбарда бошқаларида бўлмаган бир афзаллик-имтиёз бор бўлишидан у бошқа пайғамбарлардан мутлақ афзал экани келиб чиқмайди. Балки у мана шу ҳислатдагина бошқа пайғамбарлардан афзал бўлади.
115. وَنُؤْمِنُ بِالْمَلائِكَةِ وَالنَّبِيِّينَ
115. Фаришталар ва набийларга иймон келтирамиз.
Фаришталарга иймон келтириш иймоннинг иккинчи рукнидир. Фаришталар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган ғайб олами вақилларидир. Аллоҳ таоло уларни нурдан яратди, улар доим Аллоҳнинг ибодатига машғул бўладилар. Аллоҳ таоло уларга маҳлуқотлари ичида амалга ошириб турадиган ишларни топширган. Улардан баъзилари ваҳийга вақил қилинган, баъзилари ёмғир ва набототга вақил қилинган, баъзилари жон олишга вақил қилинган, баъзилари сур чалишга вақил қилинган, баъзилари одамзотнинг амалларини ёдлаб, сақлаб олишга вақил қилинган, баъзилари тоғларга вақил қилинган, баъзилари она қорнидаги ҳомилага вақил қилинган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амАлий ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади»[7].
Фаришталар ўзларига топширилган ишларни Аллоҳ таоло қандай буюрган бўлса ўшандай адо қиладилар: «(Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 27), «Улар туну кун сусткаш қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 20).
Уларнинг хилқатларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч ким билмайди,[8] уларнинг кўриниши одамзотнинг хилқатидан тамомила фарқ қилади: «Ҳамду-сано осмонлар ва ерни илк яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилувчи Аллоҳ учундир» (Фотир: 1).
Баъзиларида бундан ҳам кўп (қанотлар мавжуд): «У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур» (Фотир: 1).
Жибрил алайҳис-саломнинг олти юзта қаноти бўлиб, ҳар битта қаноти уфқларни тўсиб қўйгудек даражада улкан. Фаришталарнинг хилқати ва қандайликларини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди.
Инсонлар фариштани ҳақиқий суратида кўришга қодир эмаслар. Фаришта уларга инсон суратида кўриниши мумкин. Жаброил алайҳис-салом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига инсон шаклида келар, у зот билан суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳақиқий фаришта суратида фақат икки марта кўрганлар. Бир марта Макканинг Батҳосида уфқ узра кўрган бўлсалар, иккинчи бор Исро ва Меърож кечаси Сидратул Мунтаҳо олдида кўрганлар. Бошқа пайтлар Жибрил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига фақат инсон суратида келардилар, кўпинча Диҳятул қалбий розияллоҳу анҳу суратида келардилар.
«...ва набийларга иймон келтирамиз». Набий – шариат ваҳий қилинган, лекин уни таблиғ қилиш (етказиш) буюрилмаган пайғамбар, расул эса шариат ваҳий қилиниб, уни таблиғ қилишга буюрилган пайғамбардир. Набий ва расулларнинг барчасига иймон келтириш вожиб. Ким улардан баъзиларига иймон келтириб, бошқаларини инкор қилса, ҳаммаларини инкор қилган бўлади: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 285).
116. وَالْكُتُبِ الْمُنَـزَّلَةِ عَلَى الْمُرْسَلِينَ وَنَشْهَدُ أَنَّهُمْ كانُوا عَلَى الْحَقِّ الْمُبِين.
116. Пайғамбарларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва уларнинг ҳаммалари очиқ-ойдин ҳақиқат устида бўлганлар деб гувоҳлик берамиз.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига бандаларнинг ҳидояти учун туширган китобларга иймон келтириш ҳам иймонинг асос ва рукнларидан саналади. Аллоҳ таоло ушбу китобларни Ўзининг каломи, ваҳйи ва қонун-қоидалари қилиб туширган, уларни умматларга етказишни пайғамбарларига буюрган. Улар ичида Унинг буйруқ ва қайтариқлари ҳамда шариати мужассамдир.
Аллоҳ таоло Ўзининг китобларидан баъзиларининг номини Қуръонда зикр қилган, баъзиларини зикр қилмаган. Биз номи зикр қилинганларига ҳам, зикр қилинмаганларига ҳам бирдек иймон келтирамиз. Улар ичида машҳурлари Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Таврот, Исо алайҳис-саломга нозил қилинган Инжил, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръон, Довуд алайҳис-саломга нозил қилинган Забур, Иброҳим алайҳис-саломга нозил қилинган саҳифалардир. Биз Аллоҳ таолонинг барча китобларига иймон келтирамиз, улар бандаларнинг манфаатлари учун, ҳидоятга йўлланишлари учун ва улар устида ҳужжат барпо бўлиши учун туширилган эканига ишонамиз. Ким улардан баъзиларини тасдиқлаб, баъзиларини инкор қилса, ҳаммасини инкор қилган бўлади. Чунки, ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг Каломи, бирига иймон келтириб бирини инкор қилиш дуруст эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, Қиёмат Кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар» (Бақара: 85).
Шунингдек Қуръоннинг ҳам ҳаммасига иймон келтиришимиз, ҳаммасига амал қилишмиз фарз. Унинг кўнглимизга ёққанига амал қилиб ёқмаганини ташламаймиз.
Кимда-ким Аллоҳнинг китобларидан бирон китобни инкор қилса, ёки Қуръоннинг бир қисмини ё биронта калимаси ё ҳарфини инкор қилса, у одам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган бўлади.
117. وَنُسَمِّي أَهْلَ قِبْلَتِنَا مُسْلِمِينَ مُؤْمِنِينَ
117. Қибладошларимизни мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз.
Кимда-ким икки шаҳодат калимасини айтган бўлса ва шунда барқарор бўлса, уни мусулмон деб айтамиз. Гарчи ундан баъзи маъсиятлар ва ҳатто гуноҳи кабиралар содир бўлса, лекин гуноҳи ширкка етмаган бўлса, уни исломи ва иймони ноқис ва фосиқ мусулмон деймиз. Гуноҳлари ширк даражасига бормаган бўлса, уни кофирликка ҳукм қилмаймиз. Бу аҳли сунна вал-жамоатнинг эътиқодидир. Улар ширкдан паст гуноҳлар сабабли кишини кофирликка ҳукм қилмайдилар, балки бу билан иймони ноқис бўлади, гуноҳ соҳиби диндан чиқариб юбормайдиган фисқ билан фосиқ бўлди, дейдилар.
ҳаворижлар эса кишини гуноҳи кабира сабабли бутунлай кофир санаб, диндан чиқариб юборишади ва дўзаҳда абадий қолади, дейишади.
Муътазилалар эса гуноҳи кабира соҳибини Исломдан чиқариб юборишади, бироқ куфрга ҳам киритишмайди, уни икки мавқе (Ислом ва куфр) ўртасидаги бир мавқеда, дейишади. Бироқ гуноҳи кабира устида ўлиб кетган кишини худди ҳаворижлар каби улар ҳам абадий дўзахга ҳукм қилишади.
Муржиалар эса бунинг бутунлай аксича, маъсият иймонга зарар етказмайди, ким Аллоҳ азза ва жаллани тасдиқ ва эътироф қилса, у одам нима ишлар қилишидан қатъий назар мўмин бўлади, дейишади. Исломнинг ҳамма рукнларини тарк қилган киши ҳам улар наздида кофир бўлмайди. Муҳими тасдиқ ва эътиқод бўлса бас, амаллар иймондан эмас, улар иймонни зиёда ҳам қилмайди, камайтирмайди ҳам, иймон келтирган ва тасдиқлаган одам комил иймонли мўмин бўлаверади, дейишади. Бу уч мазҳабнинг ҳаммаси адашган фирқалар жумласидан.
Бир қавм – яъни ҳаворижлар – ўта қаттиқ йўлни тутдилар, иккинчи бир қавм – муржиалар – эса ўта юмшоқ ва юзаки йўлни ушлаб, гуноҳларнинг ҳеч қандай зарари йўқлигини даъво қилдилар.
Аҳли сунна вал-жамоа эса ўрта йўлни ушлаган, уларнинг мазҳаблари Китобу Суннатдан олинган адолатли йўл бўлиб, унда далиллар ўртасини жамланган. Хавориж ва муътазилалар фақат ваид (огоҳлантирув ва қўрқитув)га оид нас (қатъий далил)ларни олиб, ваъда (афву марҳамат)га оид далилларни тарк қилишди. Муржиалар эса ваъдага оид далилларни олиб, ваъидга оидларини тарк қилишди. Аҳли сунна вал-жамоа ваъдага оид ҳужжатларни ҳам, ваъидга оид ҳужжатларни ҳам олганлар ва улар ўртасини жамлаганлар. Энг тўғри йўл шудир. «Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар» (Оли Имрон: 7), залолат аҳлига ўхшаб бир томонни олиб, бошқа томонни тарк қилмайдилар, «Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар» (Оли Имрон: 7), муташобиҳ оятларни олишади, бироқ ўша оятларни изоҳлаб берувчи муҳкам оятларни тарк қилишади.
Мусаннифнинг: «мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз» деган сўзлари комили мутлақ маъносида эмас, чунки улар баъзан ислому иймонда ноқис ҳам бўлиб қоладилар, Аллоҳ таоло томонидан ваидга сазовор ҳам бўладилар.
118. ما دامُوا بِما جاءَ بِهِ النَّبيُّ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُعْتَرِفِينَ، وَلَهُ بِكُلِّ ما قالَهُ وَأَخْبَرَ مُصَدِّقِين.
118. Модомики улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган барча нарсани тан олишар, у зот айтган ҳар бир сўз ва хабарни тасдиқлашар эканлар (биз уларни мўминлар, мусулмонлар, деб айтамиз).
Аммо, агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсалардан биронтасини инкор қилсалар ёки эътироф этмасалар, ундай кимсаларни кофир деб айтамиз. У зот келтирган нарсалардан баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор қилган кишилар у зот олиб келган нарсанинг ҳаммасига кофир бўлган деб саналади. Демак, хоҳишларимизга мувофиқ келадими, йўқми, уларнинг ҳаммасига иймон келтиришимиз фарз, чунки уларнинг ҳаммаси ҳақ.
Кимда-ким саҳиҳ ҳадислардан биронтасини ёлғон санаса, мисол учун, «Саҳиҳул Бухорий»да бўлган бир саҳиҳ ҳадисни рад қилса ва: «Мен бу ҳадисга ишонмайман, уни тасдиқламайман, чунки у замонавий илм-фанга зид» деса, у одам кофир бўлади. Субҳаналлоҳ! Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари нотўғри бўлармишу, оддий бир инсоннинг унга қарши гапирган сўзи тўғри бўлармиш! қолаверса, замонавий илм-фан саҳиҳ ҳадисларга доим ҳам зид келавермайди. Масалан, пашшанинг бир қанотида касаллик, иккинчи қанотида даво бўлиши ҳақида айтилган ҳадисни айримлар инкор қилишса-да, замонавий илм-фан бунинг ҳақлигини тан олади, заҳарни унинг зидди билан муолажа қилинади, деб айтади. Пашшада икки нақийз (бир-бирига карама-қарши нарса) бор, сувга тушиб кетган пашша даво бор бўлган қанотини кўтариб, заҳар бўлган қанотини сувга ботирар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг даво бор бўлган қанотини ҳам сувга ботириб олишни буюрганларки[9], шу билан ўзидаги даво ўз заҳрини кесади. Тиббиёт ҳам буни тан олади ва рад қилмайди. Бироқ, бу ҳадис айрим жоҳилларнинг табъига тўғри келмагач, у ҳақда ноўрин гап-сўзлар қилишди, бундай қилиш куфр, Аллоҳ сақласин! Ундай одамларнинг Суннатга нисбатан қабиҳ гаплари бор, уни рад қилишади, унда шак-шубҳалар пайдо қилишади, «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар дунё ишларингизни билувчироқсиз»[10] деганлар, бу эса дунё ишларимиздан», дейишади, уларнинг Суннатга нисбатан тутган ўринлари ана шунақа, ваҳоланки ўзларини исломга чақирувчи даъватчилар деган даъволари бор. Бу гаплари билан улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни жоҳилга чиқаришади.
«... тан олишар, ... тасдиқлашар эканлар». Тан олиш ва тасдиқлашнинг ўзи кифоя қилмайди, муржиалар мазҳабидагина кифоя қилиши мумкин. Балки шу билан бирга у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга амал қилиш ва бунда ихлосли бўлиш ҳам шарт.
119. وَلا نَخُوضُ فِي اللهِ، ولا نُمارِي في دِينِ اللهِ.
119. Аллоҳ(нинг зоти) ҳақида чуқур кетмаймиз. Аллоҳнинг динида талашиб баҳслашмаймиз.
Аллоҳ таоло ҳақида баҳсга шўнғимаймиз, балки Унга иймон келтирамиз, исм ва сифатларини эътироф этамиз, уларни таъвил қилмаймиз, зоҳирий маъносидан бошқа маъноларга бурмаймиз, қосир ақлларимизга ва хоҳиш-ҳаволаримизга эргашиб Аллоҳ ва Расули кўзда тутмаган маъноларни бермаймиз. Зеро, бундай қилиш Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтириш бўлади.
Шунингдек, Аллоҳнинг дини ҳақида ҳам талашиб тортишмаймиз, «бунисига иймон келтирамиз, бунисига иймон келтиришдан тўхталамиз», деб айтмаймиз. Нима нарса Китобу Суннатда собит бўлган бўлса, у ҳақда баҳсу мунозарага ўрин қолмайди, унга иймон келтирамиз ва таслим бўламиз. Агар у нарсани идроқ қилишга ақлимиз етмаётган бўлса, бу бизнинг ақлларимизнинг қосирлигидан. Агар ақлимиз комил бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эҳтиёжимиз қолмас эди, умуман башариятнинг пайғамбарларга эҳтиёжи тушмас эди. Демак, ақлларимиз қосирлиги туфайли ҳақни ҳақ, ботилни ботил деб тушунтирадиган пайғамбарлар юборилишига зарурат бўлди.
120. ولا نُجادِلُ في الْقُرْآنِ، وَنَشْهَدُ أَنَّهُ كَلامُ رَبِّ الْعالَمِين
120. Қуръон хусусида тортишмаймиз. У Аллоҳ роббул оламиннинг каломи эканига гувоҳлик берамиз.
«Қуръон хусусида тортишмаймиз» деган сўз кофирлар айтишадиган «У Аллоҳнинг каломи эмас, балки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи тўқиб олган» деган сўзларни айтмасликни ҳам ўз ичига олади.
Шунингдек, Қуръон маъноларининг тафсирида мунозарага берилишни ҳам ўз ичига олади. Қуръонни ўзимизча тафсир қилмаймиз, Қуръон фақат Аллоҳнинг Китобида келган нарса билан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган нарса билан ёки саҳобалар айтган сўзлар билан ёки тобеинлар айтган сўзлар билан ёки у нозил бўлган араб тили тақозо қилган маъноларга кўра тафсир қилинади.
У ҳақда ўзимизнинг қосир ақлимиз билан сўз айтмаймиз. Уни нозил қилган Зотнинг Ўзи ёки уни тушунтириб етказиш топширилган пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида шоғирд бўлган саҳобаи киромлар ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоғирдларидан ривоят қилган тобеинлар ёки у нозил бўлган тил тафсир қилиб беради. Зеро, у очиқ-равшан араб тилида нозил бўлган. Аммо уни фалон табиб ё фалон муфаккир ё фалон фалакшуноснинг сўзлари билан тафсир қилиш тўғри бўлмайди. Чунки назариялар ўзгариб туради. Бугун бир назария ғолиб бўлса, эртага бошқа бир назария уни йўққа чиқариб тураверади. Чунки уларнинг ҳаммаси инсон ақли маҳсули. Шундай экан, Аллоҳнинг каломини айримлар қилаётгани ва «Қуръоннинг илмий мўъжизакорлиги» деб аташаётгани каби ўзгариб, алмашиб турувчи бундай нарсалар билан тафсир қилинмайди.
«У Аллоҳ роббул оламиннинг каломи эканига гувоҳлик берамиз». Қуръон Аллоҳнинг каломи, Уни Аллоҳ таоло ҳақиқатан сўзлаган, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳ таолодан эшитган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни умматга етказганлар, уммат эса уни асрлар оша бир-бирига етказиб келмоқда. Биз уни ёзамиз, ўқиймиз, ёдлаймиз. Бироқ, у Аллоҳнинг каломи бўлиб қолаверади, на бизнинг сўзимизга, на Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига, на Жибрил алайҳис-саломнинг сўзларига айланиб қолмайди.
121. نَـَزلَ بِهِ الرُّوحُ الأَمِينُ، فَعَلَّمَهُ سَيِّدَ الْمُرْسَلينَ مُحَمَّداً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَسَلَّمَ
121. Уни (Аллоҳ ҳузуридан) Руҳул Амийн олиб тушиб, элчилар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўргатган.
Руҳул Амийн – Жибрил алайҳис-саломдир. Бундай (омонатли фаришта) деб номланишига сабаб – у Аллоҳ тарафидан топширилган ваҳий омонатига ўта омонатдор, уни ўзгартириб, бошқача қилиб олиб келмаган, у зот яҳудлар даъво қилгани ва «Жибрил бизнинг душманимиз» дегани каби хиёнатчи эмас ёки шиаларнинг ҳаддан ошган тоифалари «Рисолат Алий розияллоҳу анҳуга эди, Жибрил хиёнат қилиб, уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келтирган» деганларидек эмас. Бундай дейиш Аллоҳни ёлғончи қилиш бўлади, чунки Аллоҳ таоло Жибрилни «Амийн» деб атаган.
Аллоҳ таоло яҳудлар ҳақида қуйидаги оятларни нозил қилган: «Айтинг (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам),: «Ким Жаброилга душман бўлса, (У Аллоҳга душмандир). Зеро у (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди. Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 97, 98).
Ким Жибрилга ёки бошқа бирон фариштага душман бўлса, Аллоҳ унинг душманидир. Худди шунга ўхшаш, ким пайғамбарлардан биронтасига душман бўлса, у одам кофир, ким Аллоҳнинг дўстларидан биронтасига душман бўлса, ҳадисда айтилгани каби у Аллоҳга қарши муҳорабага чиқибди[11]. Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жибрил алайҳис-салом таълим берган. Аллоҳ таоло айтади: «Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир» (Ван-нажм: 5). Жаброил алайҳис-салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таолонинг амри билан таълим берган.
122. وَهُوَ كَلامُ اللهِ تَعالَى لا يُساوِيهِ شَيْءٌ مِنْ كَلامِ الْمَخْلوقِينَ
122. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Маҳлуқлар каломидан бирон нарса унга баробар бўлмайди.
У Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳақиқатан гапирган, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳ таолодан ҳақиқатан эшитган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон қўшимча ва камчиликсиз етказиб келган.
«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у)» (Фуссилат: 42).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди. У ҳолда (яъни, уларга мойил бўлиб қолсангиз эди) албатта Биз сизга дунё (азобини) ҳам, охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз» (Исро: 73-75).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни бирон зиёда ва нуқсонсиз ҳолда етказиб берганлар: «Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» (Ал-ҳааққа: 44-46).
У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломи, Аллоҳ ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса ўшандай ҳолда турибди, Аллоҳ таоло уни зиёда ва нуқсонлардан Ўзи асраган: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақловчимиз» (Ҳижр: 9).
123. وَلا نَقولُ بِخَلْقِهِ، وَلا نُخالِفُ جَماعَةَ الْمُسْلِمِينَ
123. Қуръонни маҳлуқ демаймиз ва мусулмонлар жамоаси (эътиқоди)га муҳолиф бўлмаймиз.
Биз жаҳмияларга ўхшаб Қуръонни маҳлуқ-яратилган демаймиз, бундай дейиш куфр ва Аллоҳнинг каломини (яъни калом сифатини) инкор қилиш, Аллоҳни нуқсон билан ва сўзламаслик билан сифатлаш бўлади. Сўзламайдиган зот нуқсонли бўлади ва илоҳ бўлолмайди.
Шунинг учун Сомирийнинг қавми бузоқнинг шаклини: «Бу сизларнинг илоҳингиз ва Мусонинг илоҳи» дейишганда Аллоҳ жалла ва ало: «Ахир унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!» (Тоҳа: 89), деди. Уларга бирон сўз қайтара олмаслиги унинг гапирмаслигига, бу эса уларнинг унга сиғинишлари ботил эканига далил бўлади.
Бошқа бир оятда айтади: «У (яъни, бузоқнинг шакли) ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?!» (Аъроф: 148). Сўзлаш комилликка далолат қилувчи сифатлардан, сўзлай олмаслик эса нуқсонли сифатлардан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нуқсонли сифатлардан пок, комиллик сифатлари билан сифатланган зотдир.
«Мусулмонлар жамоаси (эътиқоди)га муҳолиф бўлмаймиз». Мусулмонлар жамоаси Қуръоннинг ҳақиқатан нозил қилинган эканига, маҳлуқ эмаслигига, Ундан бошланиб, Унга қайтишига иймон келтирадилар. Мусулмонларнинг Қуръон ҳақидаги ақидалари шудир.
Шунингдек, мусулмонлар жамоасига улар иттифоқ қилган дин ишларида хилоф қилмаймиз. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо: 115).
(«Ундан бошланиб, Унга қайтишига иймон келтирадилар» бунинг маъноси) Қуръоннинг бошланиши Аллоҳдан, залолат аҳли айтганидек уни Жибрил лавҳул маҳфуздан олмаган, балки бевосита Аллоҳдан эшитган.
охир замонда Қуръон Аллоҳ ҳузурига кўтарилиб кетади, у мусҳафлардан ҳам, одамларнинг қалбларидан ҳам суғуриб олинади ва ер юзида қолмайди. Бу эса қиёматнинг аломатларидандир.
124. ولا نُكَفِّرُ أَحَداً مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ بِذَنْبٍ، ما لَمْ يَسْتَحِلَّهُ
124. Аҳли қибладан ҳеч бир кишини қилган гуноҳи туфайли – башарти шу гуноҳни қилиш ҳалол деб эътиқод қилмаса – кофир демаймиз.
Юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, қилган гуноҳи диндан чиқарувчи куфр ёки ширк бўлмаса, бу билан мусулмон кишини кофирликка ҳукм қилмаймиз. Балки уни иймони ноқис ва ваъидга (азоб билан огоҳлантирилишга) кўндаланг бўлувчи, Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинган мўмин, деб эътиқод қиламиз. Фақат шарти шуки, у ўша гуноҳини ҳалол санаб олмаган бўлсин. Аммо, агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаса, кофир бўлади. Масалан, судхўрликни ё ароқхўрликни ё ўлимтикни ё тўнғиз гўштини ё зинони ҳалол санаса, бундай одамни кофир дейилади. Шунингдек, бунинг аксини қилган, яъни Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром деган одам ҳам кофир бўлади. «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31). Оятнинг тафсирида улар аҳбор ва роҳиблари уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол ва ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб беришганда улар итоат қилишганлари, мана шу уларни парвардигор қилиб олиш экани айтилади[12].
Аммо бир гуноҳни ҳалол санамасдан, ҳаромлигини эътироф этган ҳолда қилса, гарчи гуноҳи кабира бўлса ҳам, куфр ва ширкка етмаган бўлса, у одамни кофир дейилмайди. Иймони ноқис мўмин дейилади ёки гуноҳи сабабли фосиқ, иймони сабабли мўмин дейилади.
«Қилган гуноҳи туфайли кофир демаймиз» деган сўз мутлақ маънода эмас. Намозни қасддан тарк қилувчи киши кофир бўлади,[13] бунга Китобу Суннат далолат қилади.
[1] Муслим (2664) ривояти.
[2] Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бақеъ ал-Ғарқад (қабристони)да жанозада эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб ўтирдилар, биз ҳам у зотнинг атрофига ўтирдик, сўнг дедилар: «Тирик жон борки, унинг жаннатдан ва дўзаҳдан бўлган ўрни албатта ёзиб қўйилгандир, унинг бахтсиз ё бахтли бўлиши ҳам албатта ёзиб қўйилгандир». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими? Қайси биримиз саодат аҳлидан бўлсак, барибир саодат аҳлининг амалини қилади, ким шақоват (бахтсизлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалини қилади?» деб сўради. У зот: «(Йўқ, амал қилаверинглар.) Саодат аҳли саодат аҳлининг амалига муяссар қилинади, шақоват аҳли эса шақоват аҳлининг амалига муяссар қилинади» деб жавоб бердилар, сўнг: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10) оятларини ўқидилар (Бухорий (1362) ва Муслим (2647) ривоятлари.
[3] Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.
[4] Бухорий (2790, 7423) ривояти.
[5] Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек Аршни кўтариб турувчи фаришталардан бирининг елкасидан қулоғининг юмшоғигача бўлган оралиқ 500 йиллик масофадир. Елкасидан қулоғигача 500 йиллик масофа бўлган буюк маҳлуқни тўлалигича тасаввур қилишни ақл бовар қилмайди. Бизнинг назаримизда жуда улкан кўринган ер шари етти қават осмон ва улардаги барча сайёралар Курсийдан кичик бўлса ёки ҳадисда келганидек қалқонга ташлаб қўйилган етти дирҳамчалик бўлса, бунданда саҳиҳроқ ҳадисда келганидек еру осмонлар Курсий олдида кенг майдонга ташлаб қўйилган бир халқадек, Курсий ҳам Арш олдида худди шундек бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло беҳожат бўлган ҳолда Арш устида бўлса. Бу азамат, бу буюклик инсоннинг қалбига дахшатни солади, Аллоҳнинг буюклигидан қалби титрайди ва унга бўлган иймони кучайиб, тақвоси зиёдалашади. (Ислом Нуридан)
[6] Муслим (532) ва Бухорий (466, 467) ривоятлари.
[7] Бухорий (3208) ва Муслим (2643) ривоятлари.
[8] Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизлар кўрмаган нарсаларни кўраман, сизлар эшитмаган нарсаларни эшитаман. Осмон ингради, инграшга лойиқ ҳам эди. Унда тўрт бармоқ ўрнича жой борки, бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб пешонасини қўйгандир...» (Аҳмад (5/173), Термизий (2317), Ибн Можа (4190), Ҳоким «Мустадрак»да (2/510-551) ривоятлари.
[9] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирортангизнинг ичимлигига пашша тушиб қолса, уни бир ботириб, сўнг олиб ташласин. Чунки унинг бир қанотида касаллик, бошқа қанотида шифо бор» (Бухорий (3320, 5782) ва Муслим (2363) ривоятлари.
[10] Муслим (2363) ривояти.
[11] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Кимда-ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга (қарши) уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга нисбатан қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашаверади ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, (сўраган нарсасини) унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, уни паноҳимга оламан» (Бухорий (6502) ривояти).
[12] Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, бўйнимда тилладан ясалган салиб (хоч) бор эди. «Эй Адий, бу бутни ташланг!», дедилар. У зотнинг «Бароат» сурасидаги «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) оятини ўқиётганларини эшитдим. У зот дедилар: «Аслида, улар роҳибларига сиғинишмас эди, лекин уларга бир нарсани ҳалол қилиб беришса ҳалол санашар, ҳаром қилиб беришса ҳаром санашар эди» (Термизий (3095) ривояти).
[13] Бурайда ибн Ҳасиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз билан улар (яъни, кофирлар) ўртасидаги аҳд (фарқ) намоздир, ким намозни тарк қилса, кофир бўлади» (Аҳмад (5/346, 355), Термизий (2621), Насоий (1/231), Ибн Можа (1079) ривоятлари.
◄◄◄Аввалига қайтиш