Ислом Нури
Китоблар
ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР
Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон Ислом Нури таржимаси
125. ولا نَقُولُ: لا يَضُرُّ مَعَ الإِيمانِ ذَنْبٌ لِمَنْ عَمِلَهُ
125. Шунингдек, агар кишида иймон бўлса, қилган гуноҳининг унга зарари бўлмайди, деб ҳам айтмаймиз.
Чунки, бу сўз муржиалар сўзидир. Улар эътиқодича, киши қалби билан тасдиқлаган бўлса, у иймони комил мўмин бўлади, амаллари қандай бўлиши эътиборли эмас. Намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган, ҳаж қилмайдиган, закот бермайдиган, тоат-ибодатлардан биронтасини қилмайдиган одамни ҳам қалбидаги тасдиғи туфайлигина мўмин санайдилар. Бу катта залолатдир.
Аслида, гуноҳлар ҳар қандай ҳолда ҳам иймонга зарар етказади, айрим гуноҳлар иймонни бутунлай кетказиб қўяди, айримлари кетказмаса ҳам, уни нуқсонли қилади ва соҳибини ваъидга лойиқ қилади.
126. وَنَرْجُو لِلْمُحْسِنِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْ يَعْفُوَ عَنْهُمْ وَيُدْخِلَهُمُ الْجَنَّةَ بِرَحْمَتِهِ، وَلاَ نَأْمَنُ عَلَيْهِمْ، وَلاَ نَشْهَدُ لَهُمْ بِالْجَنَّةِ
126. Аллоҳ Таоло солиҳу тақводор мўминларнинг (хато-камчиликларини) афв этишини ва Ўз раҳмати билан уларни жаннатга киритишини умид қиламиз. Шу билан бирга улар борасида тўла хотиржам ҳам бўлмаймиз ва уларни жаннатий бўлди, деб аниқ айтмаймиз.
Бу муайян бир шахсни жаннат аҳлидан ёки дўзах аҳлидан деб гувоҳлик бериш ҳақидаги баҳсдир. Биз аниқ далилсиз бирон кишини жаннатий ёки дўзахий деб гувоҳлик бермаймиз. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат аҳлидан ёки дўзах аҳлидан деб гувоҳлик берган кишилар бундан мустасно, биз ҳам уларга гувоҳлик берамиз. Бу муайян шахслар ҳақидаги гап. Аммо, умумий суратда кофирларни дўзаҳда, мўминларни жаннатда бўлади, деб эътиқод қиламиз. Хусусий суратда эса бирон кишига далилсиз ҳукм қилмаймиз, лекин яхши одамга жаннат бўлишини умид қиламиз, ёмон одамга дўзах хавфи бор деймиз. Мусумонларнинг эътиқоди шудир.
127. وَنَسْتَغْفِرُ لِمُسِيئِهِِمْ، وَنَخافُ عَلَيْهِمْ، وَلاَ نُقَنِّطُهُمْ.
127. Ёмон амаллар қилган мўминлар ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қиламиз. Улар(нинг оқибати) борасида қўрқиб турамиз ва (айни пайтда) уларни умидсизлантирмаймиз.
Аллоҳдан ёмон амал қилувчи кишининг гуноҳини кечиришини сўраймиз. Чунки у бизнинг биродаримиз, гуноҳ қилаётган бўлса-да унинг ҳаққига мағфират ва тавфиқ сўраб дуо қиламиз. Бу зиммамиздаги иймоний биродарлик ҳаққидир: «Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Гуноҳқорни ҳавориж ва муътазилаларга ўхшаб Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлантирмаймиз, балки уни ваъидга (азоб билан огоҳлантирилишга) кўндаланг бўлувчи, Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинган, агар тавба қилса Аллоҳ тавбасини қабул қилади, деймиз:
«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87).
«Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр: 56).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!» (Зумар: 53).
ҳаворижлар ва уларнинг маслакларини тутган кимсалар одамларни Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлантирадилар ва гуноҳлари сабабли – гарчи ширкдан паст гуноҳлар бўлса-да – уларни диндан чиқариб юборадилар.
128. وَالأَمْنُ وَالإِياسُ يَـنْقُلانِ عَنْ مِلَّةِ الإسلامِ
128. Зеро, (Аллоҳнинг макри ва азобидан) хотиржам бўлиш ҳам, (Унинг раҳматидан) умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради.
Аллоҳнинг азобидан қўрқув ва раҳматидан умидворлик – бу иккиси исломий ақиданинг улкан асосларидан. Қўрқув ва умидворлик бир-бирига чамбарчас боғланган бўлиши лозим. Бирини қўйиб, иккинчиси билангина кифояланиш кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло пайғамбарлари васфида айтади: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва раҳбат (қўрқув) билан дуо-илтижо қилар эдилар» (Анбиё: 90). Рағбатдан мурод – умидворлик, раҳбатдан мурод – қўрқувдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир» (Исро: 57). Яъни, улар умидворлик ва қўрқувни ўзларида жамлайдилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» (Зумар: 9).
Умидворлик ва қўрқув билан бирга муҳаббат ҳам бўлиши шарт. Яъни, Аллоҳга муҳаббат, Ундан қўрқув ва Унинг раҳматидан умидворлик бирга бўлиши лозим.
Ким муҳаббатгагина чекланса, у сўфий бўлади. Сўфийлар Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат билан ибодат қилишади, бироқ Ундан қўрқув ва умидворлик ҳисси уларда бўлмайди. Улардан бири айтганки: «Мен Аллоҳга на Унинг жаннатини умид қилиб ва на дўзахидан қўрқиб ибодат қиламан, мен Унга фақат муҳаббатим туфайли ибодат қиламан». Бу очиқ залолат, Аллоҳ сақласин!
Ким Аллоҳга фақат қўрқув билан ибодат қилса, у ҳаворижлардан бўлади. Хаворижлар қўрқитув ва ваъид томонини олишади ва шунинг учун гуноҳлар сабаб кишини кофирга чиқаришади.
Ким Аллоҳга фақат умидворлик билан ибодат қилса, у муржиалардан бўлади. Муржиалар фақат умид томонини олишади ва хавф томонини тарк қилишади.
Тавҳид аҳли эса Аллоҳ таолога ҳар уччала ҳислатни жамлаган ҳолда, муҳаббат, қўрқув ва умидворлик билан ибодат қиладилар. Улардаги қўрқув умидсизликка олиб келиб қўймайди, Аллоҳнинг раҳматидан умидсизлик куфрга айланиб кетади: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87).
«Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр: 56).
Шунингдек, умидворлик билан бирга Аллоҳнинг макридан хотиржамлик ва қўрқмаслик бўлса, бу адашган муржиаларнинг мазҳабидир. «Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 99). Ҳавсиз умидворликнинг ўзи куфр, умидворликсиз фақат хавфнинг ўзи ҳам куфрдир. Шунинг учун мусанниф: «хотиржам бўлиш ҳам, умидни узиш ҳам кишини диндан чиқаради», дейдилар.
Шунинг учун салафлардан баъзилари айтганки: Банда қўрқув ва умидворлик ўртасида бўлиши лозим. Бу иккиси қушнинг икки қанотига ўхшайдики, бир қаноти ишламай қолса қуш учолмай қулаб тушади. Худди шунга ўхшаш, банданинг қўрқув ва умидворлиги қушнинг икки қанотидек доим бирга бўлиши керак.
129. وسَبِيلُ الْحَقِّ بَيْنَهُما لأَهْلِ الْقِـبْلَةِ.
129. Қибла аҳли учун ҳақ йўл шу икки нарса ўртасидадир.
Ҳақ йўл шу иккиси ўртасида – яъни қўрқув ва умидворлик ўртасидадир. Қибла аҳлидан мурод – мусулмонлардир. Каъбага қараб намоз ўқиганлари учун қибла аҳли деб номландилар. Намозида Каъбага юзланмайдиган одам мусулмон ҳисобланмайди. Чунки, Каъбага юзланишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш фарз. Мўмин киши Аллоҳнинг амру фармонлари доирасидан чиқмайди. «Сиз илгари қараган қиблани Биз фақатгина ким пайғамбарга эргашиб, ким орқасига қайтиб кетишини билиш учун қилганмиз, холос» (Бақара: 143).
130. ولا يَخرُجُ العَبْدُ مِنَ الإيمَانِ إلا بـِجُحُودِ ما أَدْخَلـَهُ فـِيهِ.
130. Банда ўзини иймонга олиб кирган нарсани инкор қилиш билангина диндан чиқади.
Бу гапга унча қўшилмаймиз. Чунки, диндан чиқаришни фақат инқорнинг ўзига чеклаш муржиаларнинг фикридир. Исломни бузувчи нарсалар кўп. Инкор қилиш ҳам диндан чиқаради, Аллоҳга ширк келтириш ҳам диндан чиқаради, динни ёки диндаги бирон нарсани масҳара қилиш ҳам диндан чиқаради, ҳаромни ҳалол санаш ёки ҳалолни ҳаром санаш ҳам диндан чиқаради. Бундан ташқари ҳам кишини диндан чиқарадиган талайгина нарсалар борки, уламолар уларни муртадлик ҳақидаги бобларда зикр қилганлар.
Шайхулислом Муҳаммад ибн Сулаймон уларнинг энг муҳимларидан ўнтасини зикр қилган, аслида улар ундан ҳам кўпроқ. Исломни бузувчи нарсаларни фақат инкорга чеклаш хато. Олимлик даъвосидаги айрим ёзувчилар одамларни динда бўшаштириш мақсадида ҳозирда айни шу фикрни ёйишга уринишмоқда. Инкор қилмадими, бас, улар наздида у одам мусулмон. Бутга сажда қилиб туриб: «Мен инкор қилувчи эмасман, тавҳидни тан оламан» деса, унинг ишини оддий бир гуноҳга ҳисоб қилишади. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйса ёки Аллоҳни сўкса ёки пайғамбарни сўкса ёки динни сўкса: «Бу одам мусулмон, чунки (мусулмонликни) инкор қилгани йўқ», дейишади. Бу жуда қўпол хато. Бу нарса динни тамоман вайрон қилади. Бундай хатарли сўзлардан ҳазир бўлиш лозим.
131. وَالإيمانُ: هُوَ الإقْرارُ بِاللِّسانِ، والتَّصْديقُ بِالْجِنانِ
131. Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир.
Бу муржиаларнинг таърифи, улар иймонни тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашга чеклайдилар.
Тўғри сўз шуки, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир. Амаллар иймон ҳақиқати ичига доҳилдир, иймондан айри нарса эмас. Ким тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлашга чекланиб, амалга беэътибор қараса, у саҳиҳ иймон аҳлидан бўлмайди.
Демак, иймон – уламолар айтганларидек, тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига Қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2).
«Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124).
«Токи.. иймон келтирган зотларнинг иймонлари эса янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).
Ушбу оятлар иймоннинг зиёдаланиши ва камайишига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир»[1]. Бу ҳам иймоннинг камайишига далилдир.
Бир ривоятда: «Бундан кейин ҳардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!».[2] Бу иймон камайиб бориб, ҳатто ҳардал (хантал, горчица) уруғи вазнича бўлиб қолишига далилдир.
Саҳиҳ ҳадисда келадики: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради, сўнгра Аллоҳ таоло: «Кимнинг қалбида хантал уруғи мис қолича иймон бўлса, уни (дўзаҳдан) чиқаринглар!» деб амр этади»[3].
Демак, иймон – тил билан айтиш, дил билан эътиқод қилиш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди. Бу унинг Китобу Суннатдан олинган саҳиҳ таърифидир.
У ҳанафийлар айтганидек, фақат тил билан айтиш ва қалб билан тасдиқлаш эмас.
Карромиялар айтганидек, фақат тил билан айтиб қўйиш ҳам эмас.
Ашъарийлар айтганидек, қалб билан тасдиқлаб қўйишгина ҳам эмас.
Жаҳмиялар айтганидек, кўнгилда билиб қўйишгина ҳам эмас.
Муржиалар тўрт тоифа бўлиб, улар ичида ҳақдан энг узоғи жаҳмиялардир. Улар сўзича Фиръавн ҳам мўмин бўлади, чунки у қалби билан таниган, иблис ҳам мўмин бўлади, чунки у ҳам қалби билан Раббини таниган.
Ашъарийларнинг иймон қалб билан тасдиқлаш, деган сўзларига кўра, Абу Лаҳаб, Абу Толиб, Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар ҳаммаси мўмин бўлади. Чунки, улар кўнгилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлигига ишонишар ва тасдиқлашар эди. Лекин кибрлари ва ҳасадлари ҳақни тан олишларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишларига йўл қўймаган эди.
Яҳудлар дилларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг элчиси эканларини эътироф этишарди, лекин ҳасад ва кибр уларни ҳаққа эргашишдан ман қилди:
«Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), уларнинг гаплари шак-шубҳасиз сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар» (Анъом: 33). «Сизни ёлғончи қилмайдилар» дегани «сизни тасдиқлайдилар» деганидир.
Абу Толиб айтган эди (шеър мазмуни):
«Муҳаммаднинг дини барча динлардан яхшироқ экани менга маълум, агар маломат ва ҳақоратдан қўрқмасайдим, аниқки, ўзимни унга қучоқ очган кўрардим».
132. وَجَمِيعُ ما صَحَّ عَنْ رَسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلم مِنَ الشَّرْعِ والبَيانِ كُلُّهُ حَقٌّ.
132. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шариат ва унинг баёни ҳақида нақл қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси ҳақдир.
Шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг барчаси ҳақ деймиз. Баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларни мутавотир ва оҳодга ажратиб, фақат мутавотирларини олишади ва: «Оҳод ҳадислар зонни ифода қилади, илмни ифода қилмайди.», дейишади. Бу ботил, нотўғри гап. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларнинг мутавотири ҳам, оҳоди ҳам илмни ифода қилади ва ақида учун асос бўлишга ярайди. Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбар сизларга нимани олиб келса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган саҳиҳ ҳадисга ҳамма нарсада амал қилинаверади, шарти шуки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан саҳиҳ йўл билан ривоят қилинган бўлсин. Баъзи тоифалар борки, суннат ҳақида шубҳа-гумонлар пайдо қилишади. Улардан баъзилари: «Суннатга мутлақо амал қилмаслик керак, Қуръонга амал қилиш кифоя», дейишади[4]. Айримлари борки: «Фақат мутавотир ҳадислар олинади», дейишади. Ҳар икки гап ботилдир.
Мусулмон киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир саҳиҳ ҳадисни ҳақ деб эътиқод қилиши вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳолларда хабари воҳид (оҳод, яъни бир кишининг хабари) билан амал қилганлар. Ой кўриш масаласида ҳам шундай бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу келиб, ҳилолни кўрганини айтганида одамларни рўза тутишга буюрганлар. Бир аъробий келиб, ҳилолни кўрганини айтганида унга: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик берасанми?», деганлар. У: «Ҳа», дегач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни рўза тутишга буюрганлар[5]. Ҳолбуки, у бир кишининг хабари эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта-битта шахсларни элчи қилиб юборардилар, бир жамоа одамни юбормасдилар. Ҳамма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг элчиси олиб келган хабарга амал қилаверар эди.
(Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборганларида уларга аввало ақидани етказишни агар қабул қилсалар, аҳкомларни етказишни буюрганлар, бу ҳадис машҳур. ИНТдан)
133. والإيمانُ واحِدٌ, وأهْلُهُ في أصْلِهِ سَواءٌ
133. Иймон (барча учун) бир нарсадир ва мўминлар иймоннинг аслида баробардирлар.
Бу фикр тўғри эмас. Чунки, иймон битта нарса эмас, иймон аҳли баробар ҳам эмас. Балки, иймон тафовутни қабул қилади, зиёдалашади ва камаяди. Фақат муржиалар ундай ҳисобламайди.
Қалб билан тасдиқлашда ҳамма одам баробар эмас. Абу Бакр Сиддиқнинг иймони қайсидир бир фосиқ мусулмоннинг иймони билан бир хил эмас. Чунки, фосиқ мусулмоннинг иймони жуда заиф бўлади, Абу Бакр Сиддиқнинг иймони эса бутун умматнинг иймонига тенг келади[6]. Демак, одамлар иймоннинг аслида баробар эмаслар.
Шунингдек, амал жиҳатидан ҳам одамлар ҳаммаси бир хилда тенг эмас. Улар ичида Аллоҳ таоло айтгани каби кишилар бор: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32).
Яъни, гуноҳи ширкка етиб бормаган осий ўз жонига жабр қилувчидир. Чунки, у ўзини хатарга йўлиқтирувчидир. Фарзларга амал қилиб, ҳаромлардан сақланувчилар ўртача амал қилувчилардир. Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчилар фарзлардан ташқари мустаҳаб амалларни ҳам қилувчи, ҳаром ва макруҳлардан тийилувчи, эҳтиёт юзасидан баъзи мубоҳлардан ҳам сақланувчи кишилардир. Демак, умматнинг ҳаммаси баробар эмас, улар уч тоифага: ўз жонига жабр қилувчилар, ўртача амал қилувчилар, яхшиликларга шошилувчиларга бўлинади. Бу эса иймоннинг тафовутли бўлишига далил бўлади.
134. والتَّفاضُلُ بَيْنَهُمْ بِالْخَشْيَةِ وَالتُّقَى، ومُخالَفَةِ الْهَوَى، ومُلازَمَةِ الأَولَى.
134. Улар бир-бирларидан фақат (Аллоҳдан) қўрқиш, тақво қилиш, ҳавойи нафсига эргашмаслик ҳамда авлороқ (яъни тақво эгаларига лойиқ бўлган) йўлни тутиш билан афзал бўлишлари мумкин.
Бунинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки, бунинг маъноси – амалларни иймон жумласидан чиқариш, қалби билан тасдиқлаб, тили билан айтган киши комил мўминдир, одамлар бу борада бир-биридан афзал бўлмайди, демакдир. Бу эса тўғри эмас. Чунки, одамлар ўртасидаги афзаллик мусанниф зикр қилган нарсалар билан ва солиҳ амаллар билан ҳосил бўлади.
135. وَالْمُؤْمِنُونَ كُلُّهُمْ أَوْلِياءُ الرَّحْمٰنِ وَأَكْرَمُهُمْ عِنْدَ اللهِ أَطْوَعُهُمْ وَأَتْبَعُهُمْ لِلْقُرْآنِ
135. Барча мўминлар Раҳмон Таолонинг дўстларидир. Аллоҳ ҳузурида мўминларнинг энг мукаррами кўпроқ тоат қилувчи ва Қуръонга кўпроқ эргашувчи мўминдир.
Мусанниф бу сўзларида ҳақ. Мўминларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дўстлари, яъни яхши кўрган кишиларидир. Аллоҳ таоло мўминларни яхши кўради, тақводорларни яхши кўради, муҳсинларни яхши кўради, тавба қилувчиларни яхши кўради, ўзларини пок тутувчиларни яхши кўради, У кофирларни ёмон кўради, фосиқларни ёмон кўради. Демак, Аллоҳ таоло амалларга қараб яхши кўради ва ёмон кўради.
Ҳар бир мўмин Аллоҳнинг дўсти бўлиши мумкин, дўстликда бир-бирларидан фарқли ҳам бўладилар, баъзилари баъзиларидан афзал ҳам бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63). Баъзиларнинг Аллоҳ билан дўстлиги комил суратда бўлади, баъзиларнинг Аллоҳ билан дўстлиги ноқис бўлади, айримлар эса Аллоҳдан узоқ ва Аллоҳнинг душмани ҳам бўлади.
Иймон ва тақво соҳиби бўлган ҳар бир киши Аллоҳнинг дўсти бўлади. Лекин, дўстлик амалларга қараб тафовутли бўлади. Кимнингдир дўстлиги комил бўлади. Кимнингдир дўстлиги бир тарафлама бўлади, яъни у фосиқ мўмин бўлади-да, тоати билан Аллоҳга дўст, маъсияти билан Аллоҳнинг душмани бўлади.
Кофир ва мушриклар эса Аллоҳга бутунлай душман бўлади.
Кимда-ким – қабрапаратслар айтаётгани каби – фақат қабрига сағана ёки гумбаз ўрнатилган кишиларгина Аллоҳнинг валийлари бўлади, улардан бошқалар валий бўлолмайди, деса, бекор айтибди.
136. وَالإيمانُ: هُوَ الإيمانُ بِاللهِ، ومَلائِكتِهِ، وكُتُبهِ ورُسُلِهِ، واليَوْمِ الآخِرِ، والقَدَرِ: خَيْرِهِ وشَرِّهِ، وحُلْوِهِ ومُرِّهِ، مِنَ اللهِ تَعالَى.
136. Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, охират кунига ва тақдирнинг яхшию ёмони, ширину аччиғи Аллоҳ Таоло тарафидан эканлигига ишонмоқдир.
Иймоннинг таърифи, юқорида ўтганидек, тил билан айтиш, қалб билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир, у тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди. Аммо мусаннифнинг ушбу сўзлари иймоннинг рукнлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳис-саломнинг саволига жавобан ана шундай деган эдилар. «Менга иймон ҳақида хабар беринг», деди. «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»[7], дедилар.
Унинг кўп тармоқлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иймон етмишдан ортиқ бўлакдир – ёки олтмишдан ортиқ бўлакдир – афзАлий «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш, энг қуйи бўлаги йўлдан озорни четлатишдир»[8]. Лекин мазкур олти рукн у барпо бўладиган асослардир.
Юқорида Аллоҳга иймон келтириш, малоикаларга иймон келтириш, пайғамбарларга иймон келтириш, китобларга иймон келтириш ҳақида сўз ўтди.
137. وَنَحْنُ مُؤمِنونَ بِذلِكَ كُلِّهِ
137. Биз шуларнинг барчасига иймон келтирамиз.
Зотан, буларнинг барчасига иймон келтириш фарз. Ким бу арконлардан бирортасини инкор қилса, мўмин саналмайди. Чунки, у иймон рукнларидан бир рукнни камайтирган бўлади.
138. لا نُفَرِّقُ بَيْنَ أحَدٍ مِن رُسُلِه، ونُصَدِّقُهُمْ كُلَّهُمْ عَلَى ما جاءوا بِهِ.
138. Аллоҳнинг элчиларидан ҳеч бирларини ажратмаймиз ва (Аллоҳ ҳузуридан) олиб келган барча хабарларида уларга ишонамиз.
Юқорида ҳам ўтдики, пайғамбарларнинг аввалидан охиригача, Қуръонда номлари келганига-ю келмаганига, барчасига иймон келтириш фарздир. Биз Аллоҳ таоло томонидан бандаларига юборилган ҳамма пайғамбарларга иймон келтирамиз. Ким улардан баъзиларига иймон келтириб, бошқаларини инкор қилса, ҳаммасини инкор қилган бўлади. Биргина пайғамбарни инкор қилган киши ҳам ҳамма пайғамбарларни инкор қилган бўлади: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар – ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар» (Нисо: 150, 151).
Яҳудлар кофирлардир. Чунки, улар икки улуғ пайғамбарни – Исо алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни инкор қилишди. Насоролар ҳам кофирлардир. Чунки, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини инкор қилишди. Ҳозирги даврда: «Яҳуд ва насоролар ҳам мўмин-мусулмон, улар ҳам самовий дин аҳллари, динлар ўртасини яқинлаштириш ва улар ўртасида сўзлашувлар олиб бориш лозим» деб айтилаётган гаплар залолатдир, ҳақ билан ботил орасини, иймон билан куфр ўртасини аралаштиришдир. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин оламда Исломдан бошқа саҳиҳ дин йўқдир: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Ислом ўзидан олдинги динларнинг ҳаммасини мансух-бекор қилди, инсу-жин, яҳуду насоро, арабу-ажам, ҳамма-ҳаммаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган одамнинг иймони эътиборга олинмайди.
139. وأَهْلُ الْكبائِرِ مِن أمّةِ محمدٍ صلى الله عليه وسلم في النّارِ لا يَخْلُدُونَ، إذا ماتوا وهُمْ مُوَحِّدونَ
139. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан кабира гуноҳларни қилганлар модомики тавҳид ақидасида жон берган бўлсалар, дўзаҳда абадий қолмайдилар.
Гуноҳи кабиралар ширкдан паст ва сағира гуноҳлардан юқори бўлган гуноҳлардир. Гуноҳи кабирага шундай таъриф бериш мумкин: У – қилувчисига жазо тайин қилинган ёки Аллоҳнинг ғазаби ё лаънати ё дўзахига олиб бориши айтилган ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қилувчидан ўзларини пок санаган гуноҳдир. Масалан, «Бизга хиёнат қилган одам биздан эмас»[9], «Бизга қарши қурол кўтарган одам биздан эмас»[10] деганлари каби.
Унинг эгаси иймондан чиқиб кетмайди, балки иймони ноқис мўмин бўлади ёки фосиқ дейилади. Бу аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидир. Улар ширкка етиб бормаган кабира гуноҳлар сабабли кофир санамайдилар, шу билан бирга гуноҳи кабира соҳибига мутлақ мўминлик номини ҳам бермайдилар, балки унинг иймонини чеклаб: «иймони сабабли мўмин, гуноҳи кабираси сабабли фосиқ» дейдилар.
Уни муржиалар айтганидек комил иймонли ҳам дейилмайди, ҳавориж ва муътазилалар айишганидек Исломдан бутунлай чиққан ҳам дейилмайди.
Демак, ширкдан паст бўлган гуноҳи кабира соҳиби хусусида одамлар уч тоифага бўлинишади:
1) ҳавориж ва муътазилалар уни Исломдан чиқариб юборишади. Лекин фарқи шуки, ҳаворижлар уни куфрга киритишади, муътазилалар эса Исломдан чиқаришгани билан куфрга киритишмайди, балки уни икки манзил ўртасидаги бир манзилда, дейишади.
2) Муржиалар уни модомики қалбида иймонни эътиқод қилса – баъзиларининг наздида эса тилида айтса – иймони комил мўмин, дейишади ва маъсиятлар – гарчи гуноҳи кабира бўлса-да – унинг иймонини камайтирмайди, деб даъво қилишади.
3) Аҳли сунна вал-жамоанинг фикри шуки: ширкдан паст бўлган кабира гуноҳнинг соҳиби кофир эмас, мўмин, бироқ иймони ноқис.
Буни яхши англаш ва зеҳнга жойлаб олиш зарур. Ҳозирги замонда ёмонлик аҳлининг ёмонлиги ортган, иржоъ (муржиалик) мазҳабини ёйиш ва ривожлантиришга ва бу билан ўзларининг залолатларини ниқоблашга уринувчилар кўпайган.
Булар бугунги кунда толиби илмлар билиши энг зарурий бўлган вазифалардан.
140. وإنْ لمَ يَكونوا تائِبِينَ، بَعْدَ أنْ لَقُوا اللهَ عارِفِين (مؤمنين), وهُمْ في مَشِيئَتِهِ وحُكْمِهِ، إنْ شاءَ غَفَرَ لَهُمْ و عَفا عَنْهُمْ بِفَضْلِهِ، كما ذَكَرَ عَزَّ وجَلَّ في كِتابِهِ: )وَيَغْفِرُ ما دُونَ ذٰلِكَ لِمَنْ يَشاءُ( (النساء:48,116) وَإِنْ شاءَ عَذَّبَهُمْ في النّارِ بِعَدْلِهِ
140. Аллоҳни таниган, (иймон келтирган) ҳолларида Унга йўлиқсалар, гарчи гуноҳларидан тавба қилмаган бўлсалар ҳам, Улар Аллоҳнинг иродаси ва ҳукмига ҳавола бўладилар. «Ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради» (Нисо: 48, 116) деб марҳамат қилганидек, агар Аллоҳ хоҳласа, уларни фазли-карами ила кечиради. Хоҳласа адли билан уларни дўзаҳда азоблайди.
Ҳа, тўғри гап шу: Ширкка етиб бормаган гуноҳи кабира эгалари кофир бўлиб қолмайдилар, агар улар ушбу гуноҳларидан тавба қилмаган ҳолатда дунёдан ўтиб, Аллоҳ ҳузурига борсалар, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига ҳавола бўладилар. Хоҳласа, уларни гуноҳлари миқдорича азоблайди, сўнг иймон ва тавҳидлари сабабли дўзаҳдан чиқариб, жаннатга киритади, улар дўзаҳда абадий қолишмайди. Бунга далил Аллоҳ таолонинг сўзики: «Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди ва ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради» (Нисо: 48, 116).
Лекин, «Аллоҳни таниган, (иймон келтирган) ҳолларида» деган сўзи изоҳталабдир, агар аввал айтгани каби «тавҳид устида бўлган ҳолларида» деганда яхшироқ бўларди.
Агар хоҳласа, улар устида Ўз ваъидини амалга оширади, лекин улар дўзаҳда абадий қолмайдилар.
Бу аҳли сунна вал-жамоанинг сўзидир ва тўғри сўз ҳам шудир. Хаворижлар айтганидек, улар ҳар қандай ҳолда ҳам дўзахга тушиб, унда абадий қолмайдилар. Хаворижлар наздида дўзахга тушган одам ундан қайтиб чиқмайди. Муржиалар айтганидек, улар дўзахга умуман кирмайдилар ҳам эмас. Биз уларнинг дўзаҳдан қутулиб қолишларига кафолат бермаймиз, улар Аллоҳнинг хоҳиши остида бўлади, деймиз.
Истаса, Ўз фазли билан уларни афв қилади, истаса адли билан уларни азоблайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга зулм қилмайди, балки уларни амаллари Аллоҳнинг азобига дучор этади. Зотан, Аллоҳ таоло гуноҳсиз одамни азобламайди, гуноҳкор билан гуноҳсиз мўминни тенг қилиб қўймайди:
«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?!» (Қалам: 35, 36).
«Ёки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28).
«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
141. ثُمَّ يُخْرِجُهُمْ مِنْها بِرَحْمَتِهِ وَشَفاعَةِ الشَّافِعِينَ مِنْ أَهْلِ طاعَتِهِ
141. Сўнгра Ўз раҳмати билан ва итоатгўй-солиҳ бандалари орасидаги шафоат қилувчилар шафоати билан уларни дўзаҳдан чиқаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ хабарларда айтилишича, гуноҳкор муваҳҳидлар (тавҳид аҳли) ё Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан ё эса Аллоҳнинг изни билан шафоат қилувчи кишиларнинг шафоатлари сабабли дўзаҳдан чиқариладилар. Шафоат ҳақ, бироқ у фақат Аллоҳнинг изни билан бўлади ва шафоат қилинувчи киши тавҳид аҳлидан бўлиши, кофир, мушрик ва мунофиқлардан бўлмаслиги шарт қилинади.
142. ثُمَّ يَبْعَثُهُمْ إلَى جَنَّتِهِ.
142. Сўнгра уларни жаннатига киритади.
Уларни дўзаҳдан чиқарганидан кейин жаннатига киритади. Ҳадисда айтилишича, улар дўзаҳдан куйиб кўмирга айланган ҳолда чиқадилар, сўнг «оби ҳаёт» деб номланган анҳорга ташланадилар. Шунда уларнинг бадан ва этлари униб чиқади. Покланиб, тозаланганларидан сўнг уларга жаннатга киришга изн берилади ва улар жаннатга кирадилар.[11]
143. وَذلِكَ بِأَنَّ اللهَ تَعالَى تَوَلَّى أهْلَ مَعْرِفَتِهِ، ولمَ يَجْعَلْهُمْ في الدَّارَيْنِ كَأَهْلِ نَكْرَتِهِ الَّذِينَ خابوا مِنْ هِدايَتِهِ، ولمَ يَنالُوا مِنْ وِلايَتِه.
143. Чунки Аллоҳ Таоло Ўзини (ҳаққи-рост) таниган (яъни иймон келтирган) бандаларининг дўстидир. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда ҳам баробар қилмайди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
«Ёки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28).
Бу ва шу мазмундаги бошқа оятлар далолат қиладики, Аллоҳ таоло тоат аҳли билан маъсият аҳлини, иймон аҳли билан куфр аҳлини баробар қилиб қўймайди, балки ҳар бирларига ўз амалларига яраша жазо ва мукофотларини беради. Аллоҳни танимаган, Унинг ҳидоятидан ва Унга дўст бўлиш шарафидан насибадор бўлмаган кимсалар билан Ўз дўстларини Аллоҳ Таоло икки дунёда ҳам баробар қилмайди, балки улар ўртасини дунёда ҳам, охиратда ҳам ажратиб, тоат аҳлини маъсият аҳлидан, иймон аҳлини куфр аҳлидан афзал ва имтиёзли қилади. Дунёда уларни сифатлар, хулқ-атвор ва феъл-амалларида фарқли қилади. Тоат аҳли бўлмиш Аллоҳнинг дўстларининг иш-амаллари Аллоҳнинг душманларининг иш-амалларига, сўз ва тасарруфларига ўхшамайди. Одамларнинг ҳатти-ҳаракатларини, гап-сўзларини кузатсангиз, тақводор мўминларнинг гапларию ишлари билан фосиқу осийларнинг, кофир динсизларнинг гап-сўзу ишлари орасидаги фарқлар яқ қол кўзга ташланиб туради. Бу шу дунёнинг ўзидаги фарқларидир.
охиратда ҳам Аллоҳ таоло улар ўртасини фарқли қилади, бирларини жаннати билан иззат-икром қилса, иккинчиларини дўзахи билан азоблайди. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳикмат соҳиби бўлган Зот, ҳеч бир ишини ноўрин қилмайди. У Ўз раҳматини унга сазовор бўлган кишиларга туширади, азобини ҳам фақат унга лойиқ бўлганлар устига туширади.
Мусаннифнинг «уни таниган бандаларининг» деган сўзи изоҳталаб, бундан Аллоҳни танишнинг ўзи иймонга кифоя қилади, деган маъно тушуниб қолиниши мумкин. Бу эса муржиаларнинг ғулув кетган тоифаларининг сўзидир. Бунинг ўрнига «тоат аҳлининг» деса яхшироқ бўларди.
144. اللّهُمَّ يا وَلِيَّ الإسلامِ وأَهْلِهِ، ثَبِّتْنا علىَ الإسلامِ حتّى نَلْقاكَ بِهِ.
144. Эй Аллоҳ, эй Ислом ва мусулмонлар дўсти бўлган Зот! Ўзингга йўлиққунимизга қадар, бизни Исломда собит қилгин!
Бу мусанниф раҳимаҳуллоҳнинг энг гўзал сўзларидан!
Ғоят улкан ва аҳамиятли масалалар ҳақида сўз юритгач, Аллоҳ таолодан ҳақда собитқадам қилишини ва юқорида айтиб ўтилган залолат аҳли билан бирга ва залолат сўзларнинг эгаларидан қилиб қўймаслигини сўрадилар. Бу эса илм ва ҳикматдан далолатдир. Зеро, инсон илми билан мағрурланмаслиги, «мен тавҳидни биламан, ақидани биламан, бас, энди менга хатар йўқ», демаслиги, аксинча, ҳар доим ёмон оқибат ва залолатдан хавфланиб, залолат аҳлига алданиб қолишдан қўрқиб туриши лозим. Қанча мўътадил одамлар бўладики, фитналар кучайган пайтда йўлдан чиқиб кетиб қолади, ҳадисда айтилганидек, эрталаб мусулмон бўлиб, кечга бориб кофир бўлиб қолади ёки кечқурун мусулмон бўлган киши кофир бўлиб тонг оттиради, динини дунё матосига алмаштириб юборади.[12]
Фитналар вақтида инсон Парвардигоридан саботни сўраши, «Мен ориф (билувчи)ман, намоз ўқийман, менга ҳеч қандай хатар йўқ» демаслиги лозим[13]. Тўғри, сиз ориф, намозхон бўлишингиз мумкин, бироқ бу дегани сиз энди барча хатардан холисиз дегани эмас. Ёки сиз Иброҳим алайҳис-саломдан ҳам афзалмисиз?! У зот Парвардигорига: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин», (Иброҳим: 35) деб илтижо қилган эдилар. Иброҳим алайҳис-саломдек зот бутларга ибодат қилиб кетишдан қўрқиб паноҳ тиладилар, ваҳоланки у киши бутларни ўз қўллари билан синдириб, вайрон қила олган, бу йўлда азоб ва хўрликларга дучор бўлган зот эдилар. Ана шундай зот ҳам хотиржам бўлмадилар, «мен энди қутулдим» демадилар, балки Аллоҳдан ўзларига ва фарзандларига бутпарастликдан паноҳ сўрадилар. Демак, инсон доимо Парвардигори азза ва жалладан хавфда бўлиши лозим. Қанчадан-қанча ҳидоятда бўлган кишилар адашиб кетиб қолишган, қанчадан-қанча тўғри юрган одамлар йўлдан чиқиб кетишган, қанчадан-қанча мўминлар кофир ва муртад бўлиб кетишган ва аксинча қанчадан-қанча адашган одамлар борки, Аллоҳ уларни ҳидоятлаб қўйган, қанчадан-қанча кофирлар борки, Исломни қабул қилишган. Ҳа, иш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлидадир.
145. ونَرَى الصَّلاةَ خَلْفَ كُلِّ بَرٍّ وفاجِرٍ مِنْ أهْلِ الْقِبْلَةِ وعلَى مَنْ ماتَ مِنْهُمْ.
145. Қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай солиҳ ёки фожир кимса орқасида (яъни унга иқтидо қилиб) намоз ўқишни ҳамда улардан вафот этганларига жаноза ўқишни жоиз, деб биламиз.
Бунда иккита масала бор:
Биринчи масала: Намоз амал ва яхшиликдир. Одамлар, хусусан ҳокимлар уни адо қилсалар, маъруф ва яхшилик қилган бўладилар. Улар ортида намоз ўқишни тарк қилишда бирдамликнинг йў қолиши, жамоатнинг парчаланиши, қон тўқилиши каби ёмон оқибатлар келиб чиқади. Бу эса олди олиниши шарт бўлган катта хатардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ««Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишининг ортида ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишига намоз ўқинглар!». Бу умумий айтилган гап. Шундай экан, қандай қилиб энди уларга муҳолиф бўлиш ва қарши чиқиш мусулмонларнинг бирдамлигига путур етказадиган ва мусулмонлар учун ёмон оқибатлар келтирадиган ҳокимлар ортида намоз ўқимаслик керак?!
Бу аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидир. Улар жамоат бўлиб намоз ўқийдилар, солиҳ ёки фожир бўлсин, модомики мусулмонликдан чиқиб кетмаган бўлса, ҳар қандай амир билан Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқадилар.
Бу саҳобалар давридан тортиб аҳли сунна вал-жамоанинг асл-асосларидандир, аҳли сунна вал-жамоа бўлган мусулмонларнинг ижмоъ-иттифоқлари шунгадир.
Иккинчи масала: Мусулмон кишига, гарчи у фосиқ бўлса-да, Исломдан чиқиб кетмаган бўлса, жаноза намози ўқиш. Бундай одам мусулмондир, мусулмонларга қандай муомала қилинса унга ҳам шундай муомала қилинади. Аммо агар Исломдан чиққан бўлса, унга жаноза ўқилмайди. Лекин тўғри келган одам одамларни муртадликка ҳукм қилишга ҳаққи йўқ. Фақат аҳли илмлар аҳли сунна вал-жамоанинг қоидаларига мурожаат қилиш орқАлий бу тўғрида ҳукм чиқаришлари мумкин. Нияти ҳар қанча яхши, мақсади ҳар қанча тоза бўлмасин, ҳар ким бунга ҳукм қилишга ҳақли эмас, ҳукм фақат чуқур илм эгаси бўлган аҳли илмлар томонидан чиқарилади.
146. ولا نُنْـِزُل أَحَداً مِنْهُمْ جَنَّةً ولا ناراً
146. Қибла аҳлидан ҳеч кимни жаннат ёки дўзаҳда, деб айтмаймиз.
Биз бирон кишига – ҳар қанча тақволи ва солиҳ бўлмасин – жаннати деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки, ғайбни билмаймиз. Шунингдек, мусулмонлардан бирон кишига – ҳар қанча кўп гуноҳлар қилган бўлмасин – дўзахи деб ҳам гувоҳлик бермаймиз. Чунки, оқибати нима билан хотима топгани ва қандай ҳолатда вафот этгани биз учун қоронғи[14]. Бу муайян бир шахс ҳақидаги гап. Биз фақат зоҳирини биламиз.
Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннати ёки дўзахи деб гувоҳлик берган кишилар бундан мустасно, биз ҳам уларга худди шундай гувоҳлик берамиз. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишига жаннат билан хушхабар берганлар. Улар – тўртта хулафои рошидин, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом, Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ ва Талҳа ибн Убайдулоҳ розияллоҳу анҳум ажмаъийн.[15]
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳуга жаннат билан хушхабар берганлар. Ансорлардан бир кишига ҳам жаннат билан гувоҳлик берганлар. «Ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради» деганларида бир киши со қолидан таҳорат суви томчилаганича кириб келди, чап қўлида оёқ кийими бор эди, сўнг ҳалқага келиб ўтирди. Иккинчи куни, учинчи куни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу сўзни айтдилар, яна ўша киши кириб келди. Бу эса таъкид юзасидан эди, холос. Аслида, бир марта берган гувоҳликлари ҳам ўзи кифоя эди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо у одамнинг жаннат башорати берилишига сабаб бўлган амалини билишга қизиқиб, ортидан унга эргашди. Бироқ, унда деярли ортиқча ибодат топмади, у фарзларга риоя қилар, кечаси туриб намоз ўқирди. Тунда уйғонганида Аллоҳни зикр қилиб, тасбеҳ ва таҳлил айтарди. Абдуллоҳ унинг уйидан кетиш олдидан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай-шундай деганларини эшитиб, сизнинг амалингизни текширишга келган эдим», деди. Ҳалиги киши: «Менинг шу кўриб турганингиздан бошқа амалим йўқ», деди. Бурилиб кетаётганида чақириб: «Аммо, мен дилимда бирон мусулмонга нисбатан ғил-ғаш сақламайман», деди. Шунда Абдуллоҳ: «Биз эплай олмайдиган иш мана шу», деди.[16]
Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон кишига жаннат билан гувоҳлик берган бўлсалар, биз ҳам унга жаннат билан гувоҳлик берамиз. Аммо, бошқа бировга қатъий бирон нарса дейишдан тийиламиз, лекин унга яхшилик умидида бўламиз. Шунингдек, муайян бир кофир кимсага дўзахи деб ҳукм қилишдан тийиламиз. Чунки, мумкинки у тавба қилар ва тавбаси устида вафот этар ва хотимаси яхшилик билан тугар. Лекин, унинг ҳақида хавфда бўламиз. Бу муайян шахс хусусидаги гапдир.
Аммо умумий суратда мусулмонлар жаннатда бўлади, кофирлар дўзаҳда бўлади, деб қатъий айтаверамиз.
147. ولا نَشْهَدُ عَلَيْهِمْ بِكُفْرٍ ولا بِشِرْكٍ وَلا بِنِفاقٍ، ما لمَ يَظْهَرْ مِنْهُمْ شَيْءٌ مِنْ ذلِكَ
147. Модомики, куфр, ширк ва нифоқ аломатини изҳор қилмаган бўлсалар, ундай кишиларни кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз.
Мусулмон киши аслида адолатли ҳисобланади. Ушбу улкан қоида бўйича, биз у тўғрисида ёмон гумон қилмаймиз, унинг қаршисига жосуслик қилмаймиз, ортидан пойлаб юрмаймиз, ўзи нимани изҳор қилган бўлса, шу бўйича ҳукм қиламиз. Агар у тарафидан бизга бирон нарса зоҳир бўлмаса, ёмон гумон қилмаймиз. Чунки биз одамларни синчиклаб текшириб юришга ва улар ҳақида ҳукм чиқаришга буюрилмаганмиз, Аллоҳ таоло бизни бунга таклиф қилмаган.[17]
[1] Муслим (49) ривояти
[2] Муслим (50) ривояти.
[3] Бухорий (7510) ва Муслим (192) ривоятлари.
[4] Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Огоҳ бўлингларки, менга Қуръон ва яна ўшанча нарса берилди. Огоҳ бўлингларки, менга Қуръон ва яна ўшанча нарса берилди. Огоҳ бўлингларки, бир киши жойида қорнини қаппайтириб, ёнбошлаб олиб: «Қуръонни маҳкам ушланглар. Унда нимани ҳалол деб топсангиз ҳалол сананглар, нимани ҳаром деб топсангиз ҳаром сананглар...» дейди» (Аҳмад (4/130), Абу Довуд (3804, 4604) ривоятлари.
[5] Термизий (691), Абу Довуд (2340), Ибн Можа (1652), Ибн Хузайма (1923), Ибн Ҳиббон (870), Ҳоким (1/424) ривоятлари.
[6] Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамларнинг энг яхшиси деб Абу Бакрни, сўнг Умар ибн Хаттобни, сўнг Усмон ибн Аффонни кўрардик» (Бухорий (3655) ривояти. Бир лафзда: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Абу Бакрга ҳеч кимни тенг кўрмасдик, сўнг Умарга, сўнг Усмонга (бировни тенг кўрмасдик, улардан) сўнг бошқа саҳобаларни бир-биридан афзал санамасдик» (3698).
Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қилинади: «Мен отамдан (ҳазрат Алий розияллоҳу анҳудан): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин одамларнинг энг яхшиси ким?» деб сўрадим. «Абу Бакр», дедилар. «Ундан кейинчи?», деб сўрадим. «Умар», дедилар. Кейин Усмон дейишидан қўрқиб: «Кейин сизми?», деб сўрадим. «Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман, холос», дедилар (Бухорий (3671) ривояти).
[7] Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.
[8] Бухорий (9) ва Муслим (35) ривоятлари.
[9] Муслим (101) ривояти.
[10] Бухорий (6874) ва Муслим (98, 100, 101) ривоятлари.
[11] Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киради, сўнгра Аллоҳ таоло: «Кимнинг қалбида хантал (горчица) уруғи мис қолича иймон бўлса, уни (дўзаҳдан) чиқаринглар!» деб амр этади. Қорайиб кетган ҳолатда дўзаҳдан чиқарилиб, ҳаёт дарёсига ташланадилар, сўнг селдан кейин униб чиққан дон каби униб чиқадилар. Кўрганмисиз, у сарғайиб, эгри-бугри бўлиб чиқиб келади» (Бухорий (5060) ва Муслим (184, 185) ривоятлари).
[12] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зулматли тун бўлаклари каби фитналар келишидан олдин амал қилиб қолишга шошилинглар. Унда инсон мўмин ҳолда тонг оттириб, кофир ҳолда кунни кеч қилади. Ё эса кечқурун мўмин ҳолда бўла туриб, кофир ҳолда тонг оттиради. Динини дунё матосига сотади» (Муслим (118) ривояти).
[13] Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй қалбларни айлантириб қўювчи зот! Қалбимни динингда мустаҳкам қилгин» деб дуо қилардилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, биздан (қалбларимиз ўзгариб қолишидан) хавф қиласизми, ахир биз сиз келтирган динга иймон келтирган бўлсак?!» деб сўрадик. «Ҳа, қалблар Аллоҳ таолонинг бармоқларидан икки бармоқ ўртасидадир, уларни Ўзи истаган томонга айлантириб қўя олади», дедилар (Термизий (2145), Ибн Можа (3834), Ҳоким (1/525, 526, 4/321) ривоятлари, Заҳабий Ҳокимга мувофиқ бўлган, Термизий: «ҳасан ҳадис» деган.
Муслим Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам фарзандлари қалбларининг бари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртаcида худди бир дона қалб миcолидир. Уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбларимизни Ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!» (Муслим (2654) ривояти).
[14] Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амаллар фақат хотимасига қараб (баҳоланади)...» (Бухорий (6493) ривояти.
[15] Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу бир неча кишиларга ҳадис сўзлаб айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўн киши жаннатдадир: Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон, Алий, Зубайр, Талҳа, Абдурраҳмон, Абу Убайда, Саъд ибн Аби Ваққос..» деб (Саид ибн Зайд) ўнинчисини айтишдан тўхталдилар. Шунда қавм: «Эй Абул-Аъвар, Аллоҳни ўртага қўйиб сўраймиз, ўнинчиси ким?», деб сўрашди. «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрадингизлар, (шунинг учун айтаман,) Абул-Аъвар жаннатда», дедилар. (Термизий (3757) ривоят қилган ва: «Абул-Аъвар – Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайлдир», деган).
[16] Аҳмад «Муснад»да (3/166), Абдурраззоқ «Мусаннаф»да (20559), Бағавий «Шарҳус-сунна»да (3535), Насоий «Амалул-явми вал-лайла»да (863), Байҳақий «Шуъабул-иймон»да (6605) ривоятлари.
[17] Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб баланд овозда нидо қилдилар: «Эй тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади». Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир куни Каъбага юзланиб дедилар: «Сен нақадар буюксан! Сенинг ҳурматинг нақадар улуғ! Мўмин кишининг ҳурмати эса Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан ҳам улуғроқ» (Термизий (2037) ривоят қилган ва: «ҳасан, ғариб ҳадис» деган).
◄◄◄Аввалига қайтиш