Ислом Нури
Китоблар
ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР
Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон Ислом Нури таржимаси
148. ونَذَرُ سَرائِرَهُمْ إلَى اللهِ تَعالىَ .
148. Дилларидаги сирни эса Аллоҳ Таолога ҳавола қиламиз.
Улар ҳақида яхши гумонда бўламиз, дилларини эса Аллоҳ таолога топширамиз. Биз одамларнинг ички аҳволларини суриштириш ва баҳс қилишга буюрилмаганмиз. Мусулмон кишининг айбини яшириш ва у ҳақда чиройли гумонда бўлиш, мусулмонлар ўртасида ўзаро биродарлик руҳи ҳукм суриши лозим[1]: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).
149. وَلا نَرَى السَّيْفَ عَلَى أَحَدٍ مِنْ أُمَّةِ محمّدٍ صلّى الله عليه وسلّم إلاَّ مَنْ وَجَبَ عَلَيْهِ السَّيْفُ.
149. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан ҳеч кимга қарши қилич кўтаришни жоиз демаймиз. Фақат қилич билан жазоланиши вожиб бўлган кимсалар бундан мустасно.
Мусулмонни ўлдириш, унинг қонини ҳалол санаш мумкин эмас. Чунки Ислом сабабли Аллоҳ таоло унинг қонини сақлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шу (айтилган ишлар)ни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаб қоладилар – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола».[2] Ким Исломни изҳор қилса, икки шаҳодат калимасини айтган бўлса ва Исломни бузувчи ишлардан биронтаси ундан зоҳир бўлмаса, унинг қони ҳаромдир. Унга тажовуз қилиш ва қонини тўқиш жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни Минода қилган хутбаларида: «Албатта қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз ораларингизда худди ушбу шаҳрингизнинг, шу ойингизнинг ва шу кунингизнинг ҳаромлиги каби ҳаромдир», деганлар.[3]
Бундан ҳам қаттиқроқ гап бўлиши мумкинми?! Мўминнинг ҳурмати Аллоҳ наздида Каъбанинг ҳурматидан улуғ. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб туриб: «Сенинг ҳурматинг нақадар улуғ! Мусулмоннинг ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан ҳам улуғ», деганлар ёки шу мазмунда сўз айтганлар.[4]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: турмуш кўрган зинокор, жонга жон (яъни шаръий қасос) ва мусулмон жамоадан ажралиб, диндан чиққан кимса( муртаднинг қони ҳалол бўлади)»[5].
Биринчи: Турмуш кўрган зинокор; яъни саҳиҳ никоҳдан ўтиб, жуфтиҳалоли билан бир марта бўлсада жинсий алоқа қилган, ҳар иккиси оқил, болиғ, озод бўлган ҳолда зино қилган эркак ва аёл ўлгунларича тошбўрон қилинади.
Иккинчи: Бир мусулмон бошқа бир мусулмонга зулм билан тажовуз қилиб ўлдирса ва ўлдирилганнинг эгалари қасос талаб қилишса, уни ҳам ўлдирилади: «(Эй мўминлар,) сизларга ўлдирилган кишилар учун... Қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), Унда (яъни Тавротда) уларга жонга жон... Қасос олинади, деб ёзиб қўйдик» (Моида: 45).
Учинчи: Муртад бўлган кишининг жазоси ўлим бўлади.
Шу уч ўриндан бошқасида мусулмоннинг қони қаттиқ ҳаромдир.
Шунингдек, мусулмонларга тажовуз қилган кишилар – боғийлар гарчи мусулмон бўлсалар ҳам, уларга қарши уруш қилинади. Чунки, улар мусулмонларнинг бирдамликларини парчалашга ва уларнинг имомларига қарши чиқишга уринган бўладилар. «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар!» (Ҳужурот: 9). Уларни тажовуздан тийиб қўйиш ва мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш учун уларнинг қонлари ҳалол бўлади.
Шунингдек, йўлтўсар – қароқчиларнинг қонлари ҳам ҳалол қилинган: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси — ўлдирилиш ё дорга осилиш, ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёҳуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир» (Моида: 33).
Аллоҳ таоло мана шу айтиб ўтилганларни уларнинг ёмонлик ва тажовузларини даф қилиш учун ўлдиришга рухсат берган.
150. وَلاَ نَرَى الْخُرُوجَ عَلىَ أَئِمَّتِنَا وَوُلاةِ أُمُورِنا
150. Халифа-имомларимизга, бошлиқларимизга қарши чиқишни жоиз демаймиз.
Бу улкан масаладир. Аҳли сунна вал-жамоанинг усулларидан бири – улар мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқишни жоиз санамайдилар: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким амирга итоат қилса, менга итоат қилибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди».[6] Гарчи фосиқ бўлсалар ҳам, уларга қарши чиқиш жоиз эмас. Чунки, уларга байъат берилиб, бошлиқ деб тан олинган бўлади. Энди фосиқ бўлсалар ҳам, уларга қарши чиқишдан бирдамликнинг йў қолиши, жамоатнинг парчаланиши, тинчлик ва хавфсизликка путур етиши, кофирларнинг мусулмонлар устига ҳукмрон бўлиб олиши каби ёмон оқибатлар келиб чиқади.
Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтганидек, қайси бир қавм имомига қарши чиққан бўлса, уларнинг шундан кейинги ҳолатлари қарши чиқишдан олдинги ҳолатларидан ёмонроқ бўлган.
Ҳатто, кофирларда ҳам аҳвол шундай бўлади. Агар бошлиқларига қарши бош кўтаришса, хавфсизликларига халал етиб, жангу-жадал ва қон тўқилишлар ичида қолиб кетишади. Бу нарсани тарихлар мобайнида бўлиб ўтган қўзғолонлар мисолида кўриш мумкин. Шундай экан, мусулмон имомларга қарши чиқиш қандай дуруст бўлсин?! Ҳарчанд фосиқ бўлмасинлар, модомики диндан чиқиб кетган бўлмасалар, уларга қарши бош кўтариш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: « қулоқ солингиз ва итоат қилингиз! Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)».[7] Фисқ ва маъсиятлари уларга қарши чиқишни вожиб қилмайди. Хавориж ва муътазилалар даъвосича, агар бошлиқлардан фисқ ва маъсият содир бўлса, уларга қарши чиқиш лозим, бу улар наздида амри маъруф ва наҳий мункар саналади.
Муътазилаларнинг диндаги усули бешта:
1) Тавҳид. Унинг маъноси – Аллоҳ таолодан сифатларни рад қилиш бўлиб, сифатларни исбот қиладиганлар улар наздида мушрик деб кўрилади.
2) Адл. Унинг маъноси – қадарни рад қилиш бўлиб, қадарни исбот қилиш улар наздида Аллоҳга жабр ва зулмни нисбатлашдир, Аллоҳга адолат вожиб дейишади.
3) Амру маъруф ва наҳий мункар. Бу билан улар мусулмонларнинг имом-бошлиқларидан куфрга етиб бормаган маъсиятлар содир бўлса, уларга қарши чиқишни тушунишади. Аслида шу ўзи мункардир, бунда ҳеч қандай маъруф йўқ.
4) Икки мартаба ўртасидаги маратаба. Яъни, гуноҳи кабира қилган одамлар Исломдан чиқади, бироқ куфрга кирмайди, дейишади. Хаворижлар эса гуноҳи кабира эгаларини куфрга ҳукм қилишади.
5) Ваъидни (яъни азоб ҳақида айтилган ухравий жазони) ижро қилиш. Бунинг маъноси – ким ширкдан паст бўлган гуноҳи кабира устида ўлса, у одам дўзаҳда абадул-абад қолади. Бундай одамнинг оқибати ҳақида булар билан ҳаворижларнинг фикри бир хил. Хаворижлардан фарқлари – булар икки мартаба ўртасидаги маратабага эътиқод қилишади.
Бу ҳақда уларнинг имомларидан Қози Абдулжаббор «Шарҳул-усулил-ҳамса» (беш усул шарҳи) деган китоб ёзган.
151. وَإِنْ جارُوا
151. Гарчи бизга зулм қилсалар ҳам (уларга қарши чиқишни жоиз санамаймиз).
Яъни, одамларнинг молларини тортиб олиб, ўзларини калтакласалар ёки мусулмон кишини ўлдирсалар ҳам, уларга қарши бош кўтариб чиқишни жоиз санамаймиз. Чунки, Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гарчи орқангга саваланса ҳам, молингни тортиб олинса ҳам қулоқ солиб итоат этасан. Амирингга итоат эт!», деганлар.[8] Зулмларига сабр қилиш уларга қарши чиқишдан кўра енгилроқ. Чунки, уларга қарши бош кўтариш ортидан кўп фасодлар келиб чиқади. Бу эса икки зарардан енгилроғини танлаш қоидасига биноан бўлиб, аҳли сунна вал-жамоа шу қоидани ихтиёр қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳокимлар жабрига – гарчи жабру зулм қилишса ва фосиқ бўлишса ҳам – сабр қилишга буюрганлар.
152. ولا نَدْعُو عَلَيْهِمْ
152. Уларни дуоибад қилмаймиз.
Халифа ва бошлиқларни дуоибад қилиш жоиз эмас. Чунки, бу уларга қурол билан қарши чиқишга ўхшаш, маънавий қарши чиқишдир. Уларни дуоибад қилиш дегани волийликларини тан олмаслик демакдир. Аслида, уларга дуоибад эмас, ҳидоят ва салоҳият сўраб дуо қилиш даркор. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг қоидаларидан биридир. Кимда-ким мусулмон бошлиқларни дуоибад қилаётган бўлса, билингки, унинг ақидаси бузуқ, салаф йўлида эмас. Баъзилар буни Аллоҳ учун ғазабланиш ва ғаюрлик қилиш бобидан деб кўришади, лекин бу аслида ўринсиз ғазаб ва ғаюрлик бўлади. Чунки, бунинг оқибати ёмонликка олиб боради.
Имом Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: «Агар менинг биргина дуойим ижобат қилинишини билсам, ўшани ҳам султон ҳаққида қилган бўлардим».
Ваҳоланки, Имом Аҳмад ҳокимлар тарафидан кўп бало-имтиҳонларга дучор этилган, бироқ у кишининг уларга қарши дуо қилгани ёки улар зарарига гапиргани собит бўлмаган. Аҳли сунна вал-жамоанинг йўли шудир.
Мусулмон раҳбарларни дуоибад қиладиганлар аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида эмас. Шунингдек, уларга ҳидоят ва салоҳият тилаб дуо қилмайдиганлар ҳам бу ишлари билан аҳли сунна вал-жамоа ақидасидан бурилган саналадилар.
Баъзилар жума хутбасида мусулмон бошлиқлар ҳаққига дуо қилишни нотўғри санашади ва буни уларга хушомад, тилёғламачилик ва нифоқ деб кўришади. Субҳаналлоҳ! Мусулмон волийлар ҳаққига дуо қилиш аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби, балки бу суннатдир. Чунки, волийлар тузалса, одамлар тузалади. Сиз уларга салоҳият (тузалиш), ҳидоят ва хайр-яхшилик тилаб дуо қиласиз. Модомики мусулмон бўлсалар уларда яхшилик бўлади. Модомики шариат билан ҳукм қилсалар, ҳадларни (яъни шаръий жазоларни) қўлласалар, тинчликни сақласалар, мусулмонларни тажовуздан ва ташқи душмандан ҳимоя қилсалар, шунинг ўзи ҳам жуда катта яхшилик. Шунинг ўзи учун ҳам улар ҳаққига дуои хайр қилинса арзийди. Қилаётган фисқ ва маъсиятларининг гуноҳи ўзларига, бироқ яхшиликларидан ҳам кўз юммаслик ва тўғрилик ва салоҳият тилаб дуо қилишдан юз ўгирмаслик лозим. Аҳли сунна вал-жамоанинг йўли шу. Аммо, залолат ва жаҳолат аҳлининг мазҳаби бўйича, бу хушомад ва тилёғламачилик деб кўрилади ва уларга дуои хайр ўрнига дуоибад қилинади.
Ғаюрлик уларни дуоибад қилиш билан бўлмайди. Агар яхшилик истасанг, уларга салоҳият ва яхшилик тилаб дуо қил! Аллоҳ уларни ҳидоят қилишга ва ҳаққа қайтаришга қодир. Нима, сен уларнинг ҳидоятларидан умидни уздингми?! Бундай қилиш Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш дегани-ку! қолаверса, улар ҳаққига дуо қилиш уларга нисбатан холислик саналади. Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дин - насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар.[9]
153. ولاَ نَنْـزَعُ يَداً مِنْ طاعَتِهِمْ
153. Итоатларидан бўйин товламаймиз.
Бу юқоридаги гапни таъкидлаш учун келтирилди. Ҳатто, улар тарафидан жабру зулм, ширк ё куфр даражасига етиб бормаган гуноҳу маъсиятлар содир бўлса-да, уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз, уларга қарши бош кўтариб чиқмаймиз: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Балки, мусулмонларнинг бирдамлигини асраб-авайлаш мақсадида улар билан бирга жиҳод қиламиз, жумъа ва жамоат намозларида, ийд байрамларда улар билан бирга бўламиз.
154. وَنَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طاعَةِ اللهِ عَزَّ وجَلَّ فَرِيضَةً، مالمَ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَةٍ
154. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш жумласидан бўлган фарз, деб эътиқод қиламиз.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Демак, Аллоҳ таоло мусулмон амирларга бўйсунишга буюрди. Аммо мусулмонлар кофирга итоат қилишлари дуруст эмас: «Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (Нисо: 141). «Ўзларингиздан бўлган» дегани муслумонлардан бўлган ҳоким деганидир. Уларга итоат қилиш лозим. Аммо агар маъсиятга буюрсалар, Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда маҳлуққа-бандага итоат қилинмайди. Сиз ўша маъсиятда унга итоат қилманг. Бу дегани унга итоат қилишдан бутунлай бош тортинг, дегани эмас, балки айни ўша маъсиятда унга итоат қилманг, маъсият бўлмаган бошқа ишларда итоат қилаверинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Итоат фақат маъруф-яхши ишдадир».[10]
155. وَنَدْعُو لَهُمْ بِالصَّلاحِ وَالْمُعافاةِ.
155. Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.
Аллоҳ таолодан уларни ҳаққа қайтаришини ва хатоларини тузатишини сўраб дуо қиламиз, уларга салоҳият-тузалиш тилаймиз. Чунки, уларнинг тузалишлари мусулмонларнинг тузалишидир, уларнинг ҳидоятга йўлланишлари мусулмонларнинг ҳидоятларидир. Уларга етган фойда бошқаларга ҳам албатта ўтади. Улар ҳаққига дуо қилсангиз мусулмонлар ҳаққига дуо қилган бўласиз.
156. وَنَتَّبِعُ السُّنَّةَ وَالْجَماعَةَ، وَنَجْتَـنِبُ الشُّذوذَ والخِلافَ والفرْقَةَ.
156. Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз.
Бу – яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш аҳли сунна вал-жамоанинг улкан қоидаларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир». [11]
Яъни, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашишга буюриб, бидъатдан қайтардилар. Бидъат деб диндан бўлмаган нарсани янги пайдо қилишга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади», деганлар.[12] Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилиш мақсадида қилинадиган ҳар бир ибодат ва амалга агар Китобу Суннатдан далил бўлмаса, у бидъат саналади. Агар бидъатни қилган одамнинг мақсади шу билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш бўлса, у фақат уни Аллоҳдан узоқлаштиради, савоб олиш у ёқда турсин, азобга мустаҳиқ бўлади.
Бидъатлар жуда кўп. Бироқ, ҳар қанча кўп бўлмасин ва ким томонидан пайдо қилинган бўлмасин, уларга иқрор бўлинмайди ва амал ҳам қилинмайди. Мисол тариқасида олсак, мавлидун-набий муносабати билан ўтказиладиган йиғилишлар ҳам бидъат. Бунга Китобдан ҳам, Суннатдан ҳам, хулафои рошидиндан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши деб гувоҳлик берган афзал даврлар аҳлидан ҳам бирон далил йўқ. Бу бидъат мазкур даврлардан кейин, жаҳолат ёйилган даврларда пайдо бўлган, уни биринчи бор фотимий шийъалар пайдо қилишган. Сўнг ўзларини аҳли суннага нисбат берган жоҳил кишилар уни яхши ният билан қабул қилишган. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат деб даъво қилишади. Аслида муҳаббат бўйсуниш-эргашиш билан амалга ошади, бидъат чиқариш билан эмас:
(Шеър мазмуни:)
«Аллоҳга осий бўлатуриб яна Унинг муҳаббатини даъво қиласан. Қасамки, бу қабиҳ ўлчовдир. Агар муҳаббатинг рост бўлса эди, Унга итоат қилган бўлардинг. Зеро, ошиқ маъшуқи (истаклари)га бўйин эгади».
Чин муҳаббатнинг белгиси – тобеликдир. Бидъат чиқариш эса ёмон кўриш белгисидир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бидъатдан огоҳлантирганлар, сиз эса уни пайдо қилиб, ҳаёт бахш этяпсиз. Бунинг маъноси – сиз суннатни ёмон кўрасиз. Суннатни ёмон кўриш дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш дегани. Агар яхшилик истасангиз, тавба қилинг, бидъатдан тийилинг. Қайсарлик билан қаттиқ туравериш ўзингизга зиён келтиради.
“Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз”. Мусулмонлар жамоасининг сўз ва амалларига хилоф бўлган ишлардан четланамиз. Чунки, бу бирдамликни парчалаб, ўзаро адоватни пайдо қилади. Мусулмонлар модомики Қуръон ва Суннат йўлида юрарканлар, ихтилофли сўзлар туфайли уларнинг йўлларини тарк қилмаймиз. Ихтилофлар келтириб чиқариш жоиз эмас. Аллоҳга ҳамдалар бўлсинки, мусулмонлар ҳақни талаб қиладилар. Уларнинг ижмоълари ҳақ: «Аллоҳ таоло умматимни залолат устида жамламайди».[13]
Бу каби ишларда мустаҳкам туриш, унутилаёзган гап-сўз ва ишларни ковлаштирмаслик, бу ҳақда китоблар ёзиб, одамларни динларида беқарор қилмаслик лозим.
Шузуз – яъни мусулмонлар жамоасига хилоф бўлган ишларда баҳс юритиш умматни адашган ва жоҳил санаш бўлади. Ёки сизнинг илмингиз бутун уммат уламолари илмидан ортиқми, илмда улар етиб бормаган даражаларга етганмисиз?! Жаҳолат кенг ёйилган кейинги асрларда бу каби ишлар кўпинча ўзини олим санаган, аслида олим эмас, саҳиҳ ақида ва фиқҳдан дарс олмаган, ўзича ўқиб-ўрганган кишилардан содир бўлмоқда. Ундайлар Аллоҳнинг динига аслида ундан бўлмаган нарсаларни қўшиб юборишади. Бу мусибатдир. Илм ўзбошимчалик дегани эмас, унинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор.
157. وَنُحِبُّ أَهْلَ الْعَدْلِ وَالأَمانَةِ، وَنُبْغِضُ أَهْلَ الْجَوْرِ والْخِيَانَةِ.
157. Адолатли ва омонатдор (мўмин)ларни яхши кўрамиз, золим ва хиёнаткорларни ёмон кўрамиз.
Муҳаббат – яъни яхши кўриш қалб амАлий бўлиб, у икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: Табиий муҳаббат. Инсоннинг ўз оиласи, аёли ва болаларига, ёру-дўстларига муҳаббати, шунингдек, ейиш-ичишга бўлган муҳаббати каби. Бу муҳаббат ибодатга доир ишлар ичига кирмайди.
Иккинчиси: Диний муҳаббат. Бу икки хил бўлади:
1) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббат.
Бу – ибодат турларининг энг улуғидир. Бошқа бировни Аллоҳни севганча севиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Бу ибодат турларининг энг улуғидан бўлган муҳаббатда ширк келтиришдир. Шунинг учун оят давомида: Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165) дейди. Мўминлар фақат Аллоҳни севадилар. Уларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари бутпарастларнинг ўз бут-санамларига бўлган муҳаббатларидан кучлидир. Зеро, Аллоҳ муҳаббати дунё тугаши билан тугамасдан, охиратда ҳам давом этади. Бут-санамлар муҳаббати шу дунёнинг ўзида тамом бўлади, охиратда сиғинувчилар билан сиғинилувчилар ўртасида адоват зоҳир бўлади:
«(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар» (Аҳқоф: 6).
«Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. ҲАлий қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонади, айримларингиз айримларингизни лаънатлайди. Сизларнинг борар жойингиз дўзаҳдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир» (Анкабут: 25).
2) Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун севиш, муҳаббат қўйиш.
Бу эса Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амалларни ва Аллоҳ таоло яхши кўрадиган кишиларни яхши кўриш билан, иймон ва тақво аҳлига муҳаббат қўйиш билан ҳосил бўлади:
«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).
«Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).
Сиз ҳам уларни Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрасиз. Уларнинг энг олдинги сафида малоикалар, пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳлар, сўнг барча мўминлар туради.
Бу Аллоҳ йўлидаги муҳаббат бўлиб, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидандир. Ҳадисда келганидек: «Иймоннинг энг мустаҳкам халқаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир»[14].
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши»[15].
Сиз Аллоҳнинг дўстларини яхши кўрасиз, чунки уларни Аллоҳ яхши кўради. Аллоҳнинг душманларини ёмон кўрасиз, чунки Аллоҳ уларни ёмон кўради. Демак, сизнинг яхши кўришингиз ва ёмон кўришингиз Аллоҳ учун бўлди, дунё умидида эмас. Банда то Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўрмагунича, Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ йўлида душманлашмагунича иймоннинг ҳаловатини топа олмайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Одамларнинг биродарчиликлари асосан дунё иши устида бўлиб қолди. Бу уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди».
Аллоҳ йўлидаги муҳаббат дунё-ю охиратда сақланиб қолади, дунё йўлидаги муҳаббат эса дунёдан ўтиш билан тугаб, охиратда адоватга айланади: «У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф: 67).
Сиз бир шахсни Аллоҳ учун ёмон кўрасиз, сизга бирон ёмоник қилгани учун эмас, Аллоҳнинг душмани бўлгани учун ёмон кўрасиз. Зотан, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш Иброҳим алайҳис-салом миллати-динидир: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4).
Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соясида соялантирадиган етти киши ичида «Аллоҳ йўлида дўстлашган, шу йўлда бирлашиб, шу йўлда ажрашадиган икки дўст»[16] ҳам борлигини эсга олинг. Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўриш жуда катта иш. Чунки у ҳақ билан ботил ўртасини ажратишдир: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол: 29). Мўмин кишида ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ҳосил бўлади.
Олимлар муҳаббат борасида одамларни уч қисмга ажратадилар:
Биринчи қисм: Ёмон кўришдан асар ҳам бўлмаган соф муҳаббат билан севилиши лозим бўлган кишилар. Улар фаришталар, пайғамбарлар, саҳобалар каби соф иймонли кишилардир. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин». (Ҳашр: 10) Шунингдек, салафи солиҳлар, аҳли сунна вал-жамоа ҳам Аллоҳ ва Расулига итоатлари туфайли ҳақ устида ва соф ақидада бўлганлари боис шу қисмга кирадилар.
Иккинчи қисм: Заррача муҳаббат аралашмаган тўла нафрат билан ёмон кўрилиши лозим бўлган кишилар. Улар Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлардир. «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1). Яъни, уларни севиладиган, ёрдам бериладиган, дўст тутиладиган дўстлар қилиб олманглар! Чунки, улар Аллоҳнинг душманларидир. «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари га муҳолифлик қилган кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да — дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган руҳ билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур» (Мужодала: 22). Бу ердаги руҳдан мурод – иймон қувватидир.
Учинчи қисм: Ҳам яхши кўриладиган, ҳам ёмон кўриладиган кишилар. Улар осий мўминлар бўлиб, бир тарафлама яхши кўриладилар, бир тарафлама ёмон кўриладилар. Уларни тоат-ибодат ва яхшиликлари бўлгани учун яхши кўрасиз, гуноҳу маъсият ва фисқу фужурлари учун ёмон кўрасиз.
Муҳаббат мавзуси огоҳланиш ва яхши билиш лозим бўлган катта мавзу. Чунки, бунинг ақида ва дин ишларида катта таъсири бор. Инсон деган кимни яхши кўришни ва кимни ёмон кўришни билмайдиган ланж бўлмаслиги, балки муҳаббат ва нафратни Аллоҳнинг дўстлари билан шайтоннинг дўстларини ажратадиган тарози қилиб олиши лозим. Дунёвий манфаат ва ҳавойи нафсни тарози қилмасинки, у ҳолда хоҳишига мувофиқ келган ва дунёвий жиҳатдан фойдаси теккан одамни – у ҳар қанча фосиқ ва кофир бўлмасин – яхши кўрадиган, дунёвий манфаати тегмайдиган одамни – ҳар қанча яхши одам бўлмасин – ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Бундай қилиш асло ярамайди.
158. ونَقُولُ: اَللهُ أَعْلَمُ، فِيمَا اشْتَبَهَ عَلَيْنا عِلْمُهُ.
158. Тушунолмай қолган нарсаларимиз ечимини (Аллоҳга ҳавола қилиб) Аллоҳ билувчироқ деймиз.
Бу – яъни илм масаласи ҳам катта масалалардан. Инсон ўзи билмаган нарсани гапирмаслиги, билса гапириб, билмаса сукут сақлаши, хусусан дин ва ибодат ишларида илмсиз гапирмаслиги, билмаган нарсаси ҳақида «Аллоҳ билувчироқ» дейиши лозим.
Бир одам Дорул-ҳижранинг имоми бўлмиш Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳузурларига Ироқдан йўл босиб келди ва у зотдан 40та масала сўради. Шулардан фақат 4та масалага жавоб айтиб, қолганларига билмайман, деб узр айтдилар. Ҳалиги одам: «Мен узоқ йўл юриб фалон ердан сизнинг ҳузурингизга келсам-у, сиз «билмайман», дейсиз» деди. Шунда имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Туянгни миниб юртингга бор ва одамларга: «Молик ибн Анаснинг илми йўқ экан, билмайман деди» деб айтгин».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса ҳақида сўралса-ю, у ҳақда ваҳий тушмаган бўлса, то ваҳий келгунича кутиб турардилар. Шунга ўхшаш, саҳобалар ҳам агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан билмайдиган нарсалари ҳақида сўрасалар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришар, тахмин билан жавоб айтишмас эди. Аллоҳ азза ва жалла Унинг шаънида илмсиз гап айтишни Ўзига ширк келтиришдан ҳам юқори даражага қўйган: «Айтинг: Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган.» (Аъроф: 33), «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).
Шундай экан, билмаган нарсангизни билмайман деб айтишдан ҳижолат бўлманг, шариат аҳкомлари хусусида тахминларингизни четга қўйинг. Билмаган нарсангизни билмайман дейишингиз сиз учун нуқсон эмас, аксинча, фазилат ҳисобланади. Чунки, бу парҳез ва тақвонинг белгисидир. Одамлар бунинг учун сизни мақташади.
Олимликка нисбати бериладиган кўп кишилар – хусусан, фақиҳ олимлар камайиб, қорилар кўпайган ҳозирги замонда – оммавий ахборот воситаларида шариат аҳкомлари тўғрисида билимсизлик билан фатволар бериб, ҳукмлар чиқаришади. Бироқ, Аллоҳнинг фазли билан одамларга уларнинг жоҳилликлари очилиб ҳам қолди, Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни шарманда қилди. Агар ўшалар ўзларини тортиб, билмаган нарсалари ҳақида гапиришдан тийилишганда ва парҳез қилишганда эди, бу улар учун Аллоҳ олдида ҳам, одамлар олдида ҳам яхшироқ бўлган бўларди.
159. ونَرَى الْمَسْحَ عَلَى الْخُفَّيْنِ، في السَّفَرِ والْحَضَرِ، كَما جاءَ في الأَثَرِ.
159. Ривоятларда келганидек, сафарда ҳам, муқимликда ҳам маҳсига масҳ тортишни жоиз, деймиз.
Нега бу масала фиқҳий масала бўлгани ҳолда ақида масалалари ичида келди?
Чунки, бу бидъатчилар инкор қилган ва аҳли сунна вал-жамоа исбот қилган масаладир. Маҳсига масҳ тортиш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир ҳадислар келган.
Маҳсига масҳ тортишни инкор қилувчи тоифаларнинг энг машҳури рофизийлар (шиалар)дир. Улар бу борада аҳли сунна вал-жамоага ва саҳиҳ ҳадисларга муҳолиф бўладилар. Масҳ тортиш муқимга бир кеча-кундуз, мусофирга эса уч кеча-кундуз қилиб белгиланган бўлиб, бу Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига берилган енгиллик ва рухсатдир.
Рофизийлар маҳсига масҳ тортишни инкор қилиб, яланғоч оёқнинг ўзига масҳ тортилади, дейишади. Бу жиддий хато, оёқнинг ўзига масҳ тортилади, деган гап йўқ. Ким ҳақни тарк қилса Аллоҳ таоло уни ботилга мубтало қилиб қўяди.
Рофизийлар бу даъволарига Аллоҳ таолонинг: (وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ) «бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз» (Моида: 6) оятидаги «أَرْجُلَكُم» калимасининг «лом»ини касралик қилиб (яъни, «и» билан) «أَرْجُلِكُم» деб қироат қилишни далил қилишади ва «бошларингизга ва оёқларингизга масҳ тортингиз» деб маъно беришади. Улар «каъб» деб қадамнинг товонга қўшилган жойини айтишади.
Аҳли сунна вал-жамоа фикрича, «каъб»дан мурод – болдирнинг қуйи қисмида, болдирнинг қадамга қўшилган еридаги туртиб чиққан иккита суякдир. Оёқнинг ўзига масҳ тортиш нотўғри. Чунки, машҳур қироат «أَرْجُلَكُم» деб фатҳа (яъни «а») билан ўқишдир ва бунда оёқларни таҳоратда ювиладиган аъзолар бўлмиш қўл ва юзга атф қилиниб (боғланиб) уларни ҳам ювишга буюрилганлиги келиб чиқади. Фақат таҳоратнинг тартиби юзасидан ўртага бошга масҳ тортишга буюриш кириб қолган. Агар шундай бўлмаганда, яъни ювиладиган аъзоларни бирин-кетин келтириб, сўнг бошни зикр қилинганда, оёқларни ювгандан кейин бошга масҳ тортилади, деб тушунилиб қолиши мумкин эди.
Аслида, «أَرْجُلِكُم» деб «лом»ни касрАлий ўқиш қироати ҳам саҳиҳ. Лекин, бунга тўртта жавоб айтилган.
1) Бундаги касрАлий ўқиш мужовара (яъни, ёнидагига ҳамоҳанг қилиш) турига киради. Бу араб тилида бор бўлган қоидалардан бўлиб, тилга енгил ўқилиши учун ёнидаги калимага ҳамоҳанг ҳаракат берилади.
2) «Масҳ»ни ювиш маъносида ҳам ишлатилади. Ювинганликни ифодалаш учун «сув билан масҳ қилдим» ҳам дейилади.
3) Икки қироатдан машҳурроғи фатҳАлий ўқилишидир.
4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда у киши оёқларини ювганликлари зикр қилинган. Биронта ҳадисда – заиф ҳадис бўлса ҳам – у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яланғоч оёқларига масҳ тортганликлари ривоят қилинмаган. Бу у зотнинг асҳобларидан ҳам собит бўлмаган. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг оёғида озгина сув тегмай қолган жойни кўриб, уни қайта таҳорат қилишга буюрганлар, бепарволик сабабли оёқларини чала-чулпа ювган кишиларга хитобан: «(сув тегмаган) тўпиқ орқаларига дўзахнинг ўти бўлсин», деганлар.[17]
160. والْحَجُّ والْجِهادُ ماضِيانِ مَعَ أولِي الأمْرِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ: بَرِّهِمْ و فاجِرِهِمْ، إلَى قِيامِ السّاعةِ، لا يُبْطِلُهُما شَيْءٌ ولا يَنْقُضُهُما.
160. Ҳаж ва жиҳод мусулмонлардан бўлган солиҳу фожир раҳбарлар бошчилигида то қиёматга қадар давом этади. Бу икки ибодатни ҳеч қандай сабаб бекор қилолмайди.
Имомлар – яъни амирлар ва бошлиқлар яхши бўладими, ёмон бўладими, улар орқасида намоз ўқиш ҳақида юқорида айтиб ўтилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўйсуниб, уларнинг орқаларида намоз ўқиймиз, чунки у зот уларга итоат қилишга ва муҳолиф бўлмаслика буюрганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Ҳажжож ва шу каби амирлар ортида – гарчи улар айрим гуноҳи кабираларни қилсалар ҳам – намоз ўқирдилар. Сабаб – мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш бўлиб, бу ҳавориж ва муътазилаларга хилоф ўлароқ аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир.
Йилда бир бор умумий суратда ҳаж ибодатини адо қилиш мусулмонлар зиммасида фарздир. Аммо якка шахслар учун умрда бир бор ҳаж қилиш кифоя, ортиқчаси нафл – ихтиёрий. Мусулмонларнинг имоми – амири ҳажни бошқаради. У арафа кунини эълон қилади, Арафотда ҳожилар билан туради, Муздалифага тушади ва ҳоқазо барча маросимларда унга эргашадилар, хоҳ ўзи қатнашсин, хоҳ бир кишини вақил қилган бўлсин, фарқсиз. Ҳамма иш тартиб билан амалга ошади.
Аҳли сунна вал-жамоа имом-бошлиқлари билан бирга ҳаж қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Рўза – одамлар рўза тутган кун, қурбонлик – одамлар қурбонлик қилган кундир».[18]
Яъни, ой кўринганига иттифоқ бўлса Ислом уммати ҳамма бир кунда рўза тутади, ҳаммаси бирга ҳаж қилади, ийдни бир кунда ўқийди. Жамланиш аҳли суннанинг белгиларидан, бўлиниш эса бидъат ва залолат аҳлининг белгиларидан.
Жиҳоддан мурод – кофирларга, боғий-тажовузкор мусулмонларга, ҳаворижларга қарши жанг қилишдир. Мусулмонларнинг халифаси-раҳбари билан бирга жангга чиқамиз, боғийларга тажовузлари сабабли жанг қиламиз, куфрлари сабабли эмас: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! (Ҳужурот: 9).
Кофирларга қарши уруш тавҳидни ёйиш ва ширкни йўқотиш учун бўлади.
Кофирларга қарши жанг икки турлидир:
Биринчи тур: мудофаа жанги. Бу мусулмонлар заиф бўлган ҳолатга хос бўлиб, душман уларнинг диёрига бостириб кирганида унга қарши жангга чиқиш вожиб бўлади, қурол кўтаришга кучи етганки мусулмон душманни ўз еридан қувиб чиқариш учун жангга отланиши шарт бўлади.
Иккинчи тур: талаб жанги. Бу мусулмонлар куч-қудратга эга бўлган ҳолатдаги жангдир. Унда улар душман диёрига бориб, уларни Аллоҳга даъват қиладилар. Даъват йўлига тўғаноқ бўлганларга қарши, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш мақсадида жанг қиладилар: «То (дунёда) ширк (Аллоҳнинг йўлидан тўсиш) қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол: 39).
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ жиҳод бир неча босқични босиб ўтганини зикр қилади:
Биринчи босқич: Жиҳоддан қайтарилган босқич. Бу босқичда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар Макқада бўлишиб, жиҳоддан тийилишга, намозни барпо қилиб, закотни ўташга буюрилган эдилар: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мана бу кимсаларни кўрмадингизмики, уларга (илгари Макқада турган пайтларида кофирларга қарши жанг қилишга талабгор бўлганларида) «Ўзингизни босинг ва намозингизни ўқиб, закотингизни адо этиб туринглар», дейилган эди» (Нисо: 77). Чунки, у пайтда мусулмонларнинг жанг қилишга имкон берадиган куч-қудратлари ҳам, давлатлари ҳам бўлмаган эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарини кофирларнинг озорларига сабр қилишга, кечиришга ва қулай фурсатлар келишини кутишга буюрган эди. Кимда-ким ўша босқичда жанг қилса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлган бўларди. Чунки ўша ҳолатда жангга кириш мусулмонларга ва даъватга зарар етказар, кофирларнинг мусулмонлар устидан тўла ҳукмрон бўлишларига олиб келар эди.
Иккинчи босқич: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб, Ислом давлати барпо бўлгач, у кишига жанг қилишга изн берилди, бироқ жангга буюрилмадилар: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) черковлари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 39, 40). Уларга буйруқсиз, фақат изн берилди. Бу уларни (келгуси босқичга) ҳозирлаш босқичи эди. Зеро, Аллоҳ таоло машаққатли ишларни қалбларга оғирлик қилмаслиги учун аста-секинлик билан машруъ қилар эди.
Учинчи босқич: Мусулмонлар ўзларига уруш очган кишиларга қарши жанг қилишга, урушга кирмаган кишилардан тийилишга буюрилдилар: «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди» (Бақара: 190). Буни мудофаа жанги дейилади.
Тўртинчи босқич: Мусулмонлар куч-қудратга ва шон-шавкатга эга бўлгач ва уларнинг давлатлари пайдо бўлгач, мутлақ жанг қилишга буюрилдилар: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5), «То (дунёда) бирон фитна-ширк қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол: 39).
Мусулмонлар кучга тўлиб, жангга ҳозирликлари етилгач, Аллоҳ таоло уларни мутлақ жангга, жиҳод қилишга амр этди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга кира бошладилар, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ғазотлар бўлиб ўтди. Макка фатҳ қилингач, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг диндан қайтиш – муртадлик зоҳир бўлганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши жанг қилдилар. Улардан фориғ бўлгач, кофирларга қарши урушлар олиб бордилар. Форс ва Рум империяларига қарши уруш олиб бориш учун лашкарлар юбордилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида фатҳлар бир-бирига уланиб кетди, у киши Кисро ва Қайсарнинг давлатларига узил-кесил барҳам бердилар. Дин ёйилиб, мусулмонлар машриқу мағрибга ҳукмрон бўлдилар. Исломдаги жиҳод шудир.
Жиҳодга ким сафарбар этади ва уни ким бошқаради, деган саволга албатта, халифа-раҳбар, деб жавоб берамиз. Биз имомга эргашамиз, у буюрса ғазотга чиқамиз. Имомнинг изнисиз жанг қилмаймиз, бундай қилиш жоиз эмас. Чунки, бу имомнинг салоҳият доирасига киради: «Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?!» (Тавба: 38).
Имом агар одамларни урушга сафарбар қилса, қурол кўтаришга кучи етган ҳар бир кишига жангга чиқиш вожиб бўлади. Ҳаж ва жиҳодни амалга ошираётган имом учун гуноҳдан ҳоли бўлиш шарт қилинмайди. Эҳтимол, у айрим маъсиятларга гирифтор бўлган чиқар, бироқ модомики Исломдан чиқиб кетмаган бўлса, у билан бирга жиҳод ва ҳажни адо қилиш фарз бўлади. Унинг яхшилиги ва куч-қудрати мусулмонлар фойдасига, гуноҳи ва бузуқлиги ўзига, унинг қўл остида қилинган жиҳод ва ҳаж албатта мусулмонларнинг фойдасидир. Намоз ҳам худди шундай. Агар тўғри ўқиса у билан биргамиз, хато ўқиса гуноҳи бизга тегмайди. Лекин унинг итоатидан чиқиб кетмаймиз. Аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаби шудир. Мусулмонларнинг манфаатлари шунга барпо бўлади.
Бидъат ва залолат аҳли бўлмиш ҳаворижлар эса волий-раҳбарларга қарши бош кўтариш керак, дейишади. Биз бундай йўллардан покмиз.
161. ونُؤْمِنُ بِالْكِرامِ الْكاتِبِينَ، فَإِنَّ اللهَ قَدْ جَعَلَهُمْ عَلَيْنا حافِظِين.
161. (Амалларимизни) ёзувчи улуғ фаришталарга иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло уларни бизга амалларимизни ёзиб сақлаб турувчи қилиб қўйгандир.
Фаришталарга иймон келтириш иймон рукнларидан биридир. Улар ҳақида Қуръонда айтилади:
«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган... кишилар яхши (лик қилган) кишилардир» (Бақара: 177).
«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 285).
Биз фаришталарнинг борлигига, улар Аллоҳнинг мавжудотларидан бир тури эканига, улар ғайб оламидан эканига иймон келтирамиз. Биз уларни кўрмаймиз, Аллоҳ уларни нурдан яратган[19] ва ўзларига хос ишларга вақил қилган. Улар ўзларига топширилган ишни сидқидилдан адо этадилар, шу билан бирга улар Аллоҳ таолога узлуксиз ибодатда бўладилар: «Улар туну кун сусткаш қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 20), «(Фаришталар) улуғ бандалардир. Улар У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).
Улар вазифаларига кўра бир неча турга бўлинадилар. Жумладан, улар ичида одамзотнинг амалларини ёзиб туриш ва уларни асраш вазифаси топширилган фаришталар бор бўлиб, ҳар бир банда билан бирга тўртта фаришта кечаю кундуз бирга бўлади ва уни сақлаб-ҳимоя қилиб юради. Улардан иккитаси амалларни ёзувчи фаришталардир. Биттаси ўнг томонида туриб, яхши амалларини ёзиб туради, иккинчиси чап томонида туриб, ёмон амалларини ёзиб туради: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18). Яна икки фаришта то у тирик экан, бири олдидан, иккинчиси орқасидан уни ҳимоя қилиб юрадилар: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11). У икки фаришта уни ҳар хил тажовуз ва хавф-хатарлардан асраб юрадилар, ажАлий етгач ундан ажраладилар, сўнг унга Аллоҳ битган нарса етади. Биз бунга иймон келтирамиз ва шу иймонимиз боис ёмон гап-сўзлар ва ярамас ишлар қилишдан ўша фаришталардан ҳаё қиламиз.
162. وَنُؤْمِنُ بِمَلَكِ الْمَوْتِ الْمُوَكَّلِ بِقَبْضِ أَرْواحِ الْعالَمِينَ.
162. Барча жонзотларнинг жонини олишга вақил қилинган Малакул-мавт (ўлим фариштаси)га иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олувчи фаришталарни элчи қилиб юборур. Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз сусткаш қилмаган ҳолларида унинг жонини олурлар» (Анъом: 61). Яъни, фаришталардан бўлган элчилари унинг жонини оладилар. Элчилар гоҳо фаришталардан, гоҳо инсонлардан бўлади: «Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам» (Ҳаж: 75), «Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир», деяётган пайтини кўрсангиз эди» (Анфол: 50), бошқа бир оятда: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Сизларга вақил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11).
Баъзи оятларда жон олишни фаришталарга, баъзи оятларда эса битта фариштага нисбат берилади. Бу эса жон олғувчи фаришталарнинг Малакул-мавт номли бошлиқлари борлигига далолат қилади.
Ўлимнинг ҳақлиги масаласида ҳеч ким тортишмайди. Аммо, ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари борлигини айримлар инкор қилишади. Фаришталарга иймон келтириш ислом ва иймоннинг Китобу Суннат билан собит бўлган асосларидандир. Ким умуман фаришталарни инкор қилса ёки хоссатан қайсидир бир фариштани инкор қилса, кофир бўлади, чунки у иймоннинг бир рукнини инкор қилган бўлади.
[1] Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Бухорий (2442) ва Муслим (2580) ривоятлари).
[2] Бухорий (25, 392, 2946) ва Муслим (21, 22) ривоятлари.
[3] Бухорий (67) ва Муслим (1679) ривоятлари.
[4] Бу гап Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан собит бўлган ва у кишига мавқуфдир. Термизий (2037) ривоят қилиб: «ҳасан, ғариб ҳадис», деган.
[5] Бухорий (6878) ва Муслим (1676) ривоятлари.
[6] Бухорий (2957) ва Муслим (1835) ривоятлари.
[7] Бухорий (7056) ва Муслим (1709) ривоятлари.
[8] Муслим (1847) ривояти.
[9] Муслим (55) ривояти.
[10] Бухорий (4340, 7145) ва Муслим (1840) ривоятлари.
[11] Абу Довуд (4607), Термизий (2681), Ибн Можа (42) ривоятлари.
[12] Муслим (1718) ривояти, Бухорий: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади» деган лафз билан ривоят қилган (2697).
[13] Термизий (2172) ривояти.
[14] Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да (11537) ривоят қилган.
[15] Бухорий (16) ва Муслим (43) ривоятлари.
[16] Бухорий (660) ва Муслим (1031) ривоятлари.
[17] Бухорий (60, 96, 163) ва Муслим (241) ривоятлари.
[18] Термизий (696), Абу Довуд шунга яқин лафз билан (2324), Ибн Можа (1660) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, ғариб ҳадис» деган.
[19] Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фаришталар нурдан яратилган, жин-иблис эса аланга-оловдан яратилган, Одам эса сизларга васф қилинган нарсадан яратилган» (Муслим (2996) ривояти).
◄◄◄Аввалига қайтиш