Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Абдурраҳмон Ғофиқий "Балотуш-шуҳадо" жангининг қаҳрамони

2919 марта кўрилган

Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша
Камолиддин Иноятуллоҳ ўғли таржимаси
Муҳаррир: Абу Закария ал-Маданий

“Агар ёввойи Карл Мартеллнинг мусулмонлар ва уларнинг қўмондони Абдурраҳмон Ғофиқий устидан ғалабаси бўлмаганида, Испания Ислом динининг бағри кенглигидан баҳра олган ва Оврўпанинг тараққиёти саккиз асрга кечикмаган бўларди”. (Фаранг тарихшуноси)

Инглиз шоири “Сюзий” Андалуснинг фатҳидан сўнг Оврўпага ҳужум қилган мусулмон лашкарини сифатлаб бундай деган эди:

“Улар сон-саноқсиз, беҳисоб... Араб, Барбар, Рум ҳам бор.

Форс, Қибт, Татар устларида бир байроқ, бир байроқдор.

Жамлади уларни қаҳрамон ботир иймонли қасоскор,

Олов каби ҳамият ва биродарлик одам ажратмас зинҳор.

Ғалаба нашъасин тотган лашкар, қўмондон,

Яна ғолиб бўлишга ишонди чунон.

Қаршисида ҳеч нарса туролмас куч-қувват билиб,

Бу лашкарга заҳмат етмагай деб, ишондилар ўша он.

Доимо қизиққон йигитдир, йўлга чиққанидек илк он.

Инондилар қайга борса ғалаба-нусрат булур ёр.

Мағлуб Ғарб Шарқ каби бўлгунча ҳар дам олдинга ундар.

Муҳаммад исмини улуғлаб, бошни энгаштирар.

Шимолий Қутбдан чиққан Ҳожи, иймон қадамлари билан,

Араб Саҳросига сочилган иссиқ қумларни босиб,

Макканинг қаттиқ тошлари устида тургунига қадар”.

(Шу маъноларни шеърий ифодалаб беришга имкони бор одам ёрдам қўлини чўзса, қайтарилмайди. Тарж).

Эй шоир, айтган гапларингда сен ҳақиқатдан узоқ ёки хаёл водийларида адашиб юрган эмас эдинг.

Дарҳақиқат ўзинг сифатлаганингдек, ота-бобонг ботиб кетган жоҳилият ботқоғидан олиб чиқиш учун йўлга чиққан, Аллоҳга боғланиш билан қувватли бўлган ва устингизга юриш қилган мужоҳид жангчилар ичида Шом, Ҳижоз, Нажд, Яман ва Араб ярим оролидаги барча ерлардан келган араблар бор эди...

Улар ичида Ислом билан азиз бўлган, тошларни ҳам оқизиб кетувчи сел каби, Атлас тоғидан устингизга сел бўлиб оққан барбарлар бор эди...

Улар ичида Кисролар бутпарастлигидан ақллари нафратланган, тавҳид динига ва Аллоҳ йўлига қайтган форслар бор эди...

Улар ичида румликлар ҳам бор эди... Сен уларни хавориж (халқига қарши чиққанлар) дебсан. Бироқ улар зулм ва зулматга қарши чиққан, осмонлар ва ернинг нури бўлган Зот тарафига ўтган ва Ҳақ динга йўлланганлардир.

Ҳа, у лашкарда оналари туққанидаги каби озод-ҳур бўлиб Ислом бағрида яшаш учун Қайсарлар (Рум шоҳлари)га қул бўлишдан ўзларини халос қилган Қибтийлар бор эди...

Тўғри, аждодларингни жоҳилиятдан қутқариш учун чиққан қўмондон Абдурраҳмон Ғофиқий ва унинг маслакдошлари етакчилигидаги армия оқ ва қора танли, араб ва ажамлардан ташкил топган эди. Лекин уларнинг барчалари Ислом қозонида эриб Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан ака-ука бўлиб кетган эдилар.

Ҳа, уларнинг истаклари сен айтганингдек, Шарқни Ислом динига киргизганлари каби Ғарбни ҳам Аллоҳнинг динига киритиб, башариятнинг барчасини фақат инсонлар Илоҳига бош эгдириш эди. Ислом нури ерларингизнинг пасту баландига тарқалса, унинг қуёши уйларингизнинг ҳар бирида порласа, адолати эса шоҳларингиз ила авом халқ орасида тенгликни пайдо қилса... Улар мана шу истаклар билан сизларни ҳидоят топишингиз ва дўзахдан қутилишингиз учун жонларини Аллоҳга топширдилар.

Сизларга мана шу лашкар ва унинг қаҳрамон қўмондони Абдурраҳмон Ғофиқий ҳақидаги сўнгги қиссани ҳавола қиламиз.

Октан герцогига куёви Усмон ибн Абу Нусъанинг аянчли ўлими ва гўзал қизи Мининанинг мудҳиш ниҳояси ҳақидаги хабар етиб келганида, у уруш бонги чалингани ва Ислом шери Абдурраҳмон Ғофиқий бугунми эрта ўз диёрига кириб келишини англаб етди. Шунинг учун ерининг ҳар бир қаричини ўлгунча ҳимоя қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Ўз жонини ва мамлакатини сақлаб қолиш учун мардона курашишга отланди. У ҳам қизи каби хилофат маркази Шомга асир қилиб олиб кетилишидан, ё бўлмаса Испания қироли Родерихнинг куни бошига тушиб, танасидан жудо қилинган калласи Дамашқ бозорида патнисга солиб айлантириб юрилишидан жуда-жуда қўрқар эди.

Абдурраҳмон Ғофиқий герцогнинг гумонини ёлғонга чиқармай, ўзининг кўп сонли жангчилари билан Андалуснинг шимолидан шамол каби елиб кела бошлади ва Пиреней тоғлари оша Франция жанубига сел каби бостириб кирди. Аскарларининг сони тақрибан юз минг атрофида бўлиб, ҳар бири шерюрак баҳодир йигитлар эди.

Ислом лашкари Рона дарёсининг бўйида жойлашган Арль шаҳрига қараб юрдилар. Уларнинг бу шаҳар аҳолиси билан алоҳида ҳисоб-китоблари бор эди. Арль аҳолиси мусулмонлар билан жизя тўлаб туришга сулҳлашганди. Мусулмонлар қўмондони Самҳ ибн Молик Хавлоний Тулуза жанггида шаҳид бўлгач мусулмонларнинг заифлашганини кўрган Арль аҳолиси аҳдни бузиб жизя тўлашдан бош тортишган.

Абдурраҳмон Ғофиқий шаҳар яқинига етиб келгач, Октан герцоги катта қўшинни ҳозирлаб, чегарага териб қўйгани ва Ислом ҳужумини қайтаришга шай турганини кўрди. Кўп ўтмай икки қўшин ўртасида ғоят қаттиқ, қирғинбарот жанг бошланиб кетди. Абдурраҳмон Ғофиқий ўз лашкаридаги душман яшашни яхши кўрганидан кўра кўпроқ ўлимни яхши кўрадиган жангчиларидан бир неча катибани олдинга ўткизди. У шундай қилиб душманни саросимага солди, сафларини бўлиб ташлади ва ғазаб отига минган ҳолда шаҳарга кириб, шаҳар аҳлини бирма-бир қиличдан ўтказди. Ҳисобсиз ғаниматларни қўлга киритди. Герцог эса ўзининг тирик қолган жангчилари билан қочишга улгуриб, яна қайта мусулмонларга қарши жанг қилишга тайёргарлик кўра бошлади, чунки у Арль жангги йўлнинг охири эмас, балки бошланиши эканини яхши биларди.

Абдурраҳмон Ғофиқий ўзининг кўп сонли лашкари билан Гаронна дарёсидан кечиб ўтди. Унинг музаффар лашкари Октан минтақасининг ҳар томонида изғиб юрарди. Кузги шамолда дарахтлар барги тўкилгани каби, бирин-кетин шаҳар ва қишлоқлар мусулмон лашкар отларининг туёқлари остига тўкила бошлади. Мусулмонлар аввалда қўлга киритган ғаниматларига яна кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғаниматларни қўшишди.

Октан герцоги яна бир бор бу катта қўшинга қарши чиқиб, мусулмонлар билан қаттиқ жанг қилишга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин бу сафар ҳам мусулмонлар унинг армиясини янчиб ташладилар. Қанчаси ўлдирилди, қанчаси асир олинди, қўлга тушмаганлари тумтарақай қочиб қолишди.

Сўнг мусулмонлар Франциянинг катта шаҳарларидан бири, ўша вақтда Октан вилоятининг пойтахти бўлган Бордо шаҳрига юриш бошладилар. Даҳшат жиҳатидан ўтган жанглардан кам бўлмаган қирғинбарот жанг бошланди. Бу жангда ҳужум қилувчилар ҳам, ҳимояда турганлар ҳам одамни лол қолдирадиган даражада қаҳрамонлик кўрсатдилар. Охир-оқибат бу катта шаҳар ҳам забт этилиб, мусулмонлар қўлига ўтди, қатл қилинганлар қаторида унинг ҳокими ҳам қатл этилди. Қўлга киритилган ғаниматларнинг кўплигидан аввал олинган ўлжаларнинг барчаси мусулмонларнинг кўзларига оздек кўриниб қолди. Бордонинг олиниши бошқа кўпгина шаҳарларнинг қўлга киритилишига калит вазифасини бажарди. Булардан энг муҳимлари Лион, Безансон ва Санс шаҳарлари бўлиб, Санс шаҳри Париждан бир юз олтмиш километр узоқликда эди, холос.

Бир неча ой ичида Франциянинг ярми Абдурраҳмон Ғофиқийнинг қўл остига ўтгани Оврўпанинг бошидан оёғигача ларзага солди. Кутилмаган бу хатар Францияликлар кўзларини каттароқ очиб қўйди. Шарқдан келаётган даҳшатли хатарга қарши туриш учун жарчилар ҳар ерда қодир бўлсин, ожиз бўлсин барчани даъват этдилар. Қилич топилмаса кўкракни қалқон қилиб душманни даф қилишга, қурол-аслаҳа тугаб қолса жасадлари билан бўлсада унинг йўлини тўсишга чақирдилар. Бу чақириққа Оврўпа ижобат этди. Одамлар қуроллар билан, қўлларига илинган тошми, шохми, паншахами, топган нарсаси билан қуролланиб Карл Мартел байроғи остига бирлашдилар.

Бу вақтда мусулмон лашкари Франциянинг ривожланган, аҳолиси кўп, бинолари ҳам пишиқ ва бой тарихга эга бўлган Тур шаҳрига етиб келганди. Тур шаҳри ҳашаматли, улкан ва қимматбаҳо нафис тошлар билан безатилган каниса ва осори атиқалари билан ҳам Оврўпа шаҳарлари орасида алоҳида ўрин тутар эди.

Мусулмонлар Тур шаҳрини бўйинга солинган сиртмоқ каби ўраб олиб, ажал келганида ўлимнинг чанг солиши каби унга ёпирилдилар. Уни фатҳ қилишда молу жонларини аямадилар ва тезда Карл Мартелнинг кўз ўнгида Тур шаҳри ҳам забт этилди.

Ҳижратнинг 104-йил Шаъбон ойининг охирги ўн кўнида Абдурраҳмон Ғофиқий ўзининг кўп сонли қўшини билан Пуатье шаҳрига ҳужумга ўтиб, мана шу ерда Карл Мартел қўмондонлиги остидаги Оврўпанинг сон-саноқсиз қўшинига тўқнаш келдилар. Икки катта қўшин орасида фақат мусулмонлар ёки Франция тарихидагина эмас, балки бутун башарият тарихидаги ҳал қилувчи жанглардан бири бўлиб ўтди ва бу жанг "Балотуш-шуҳадо" “Шаҳидлар қасри” номи билан тарихга кирди.

Ўша пайт мусулмонлар музаффарликнинг чўққисига чиққан кунлар бўлиши билан бирга ёмғир каби ёғилиб келган ғаниматлар билан елкалари оғирлашган, сандиқлари мол-дунёга тўлиб тошган ҳам эди. Абдурраҳмон Ғофиқий бундай катта миқдордаги бойликка хавотир ила қарар, лашкарга ёмон таъсир қилиши, душманга йўлиқилганда, хусусан оғир дамларда уларнинг қалбларига ғулғула солиб қўйишидан, бир кўзи билан қаршисидаги душманга, иккинчи кўзи билан қўлидаги ғаниматга қараб чалғиб қолишидан хавфсирар эди. У лашкарни бу катта бойликдан халос бўлишга амр этмоқчи ҳам бўлди, бироқ жангчилар саховатпешалик қила олмай, бу қарордан норози бўлиб қолишларидан чўчиди. У кўп ўйланди, охири жанг бошланмасидан олдин ғаниматларнинг барини лашкаргоҳ орқасидаги махсус чодирларда сақлашга амр этди.

Икки катта қўшин худди икки буюк тоғ мисоли, бир-бирига юзланганча бир неча кун пайт пойлаб ҳаракатсиз туриб қолди. Иккиси ҳам бир-биридан ҳайиқиб, душманга йўлиқишдан олдин минг бор ҳисоб қилиб, режалар тузарди. Абдурраҳмон Ғофиқий бу ҳолат чўзилиб кетганини, ҳамда ўз лашкарида дадиллик ва шижоатни кўргач, лашкарининг фазилати ва ғалаба қилишдаги толеига яхши гумон қилиб, биринчи бўлиб ҳужумга ўтишни маъқул деб топди.

Абдурраҳмон Ғофиқий отлиқлари билан душман сафларига шер каби ташланди, бироқ душман ҳам мустаҳкам тоғлар каби бардош бериб, бу ҳужумни қайтара олди. Шундай қилиб тарози палласининг бирон тарафи босмай жангнинг биринчи куни тугади. Икки тарафни жанг майдонидан қоронғи тушишигина айирди.

Иккинчи куни жанг яна давом этди. Мусулмонлар душман устига бир неча бор мардонавор ҳужумлар уюштиришди, бироқ душманга қониқарли талофат етказа олмадилар. Шу зайлда кечган оғир жанглар узлуксиз етти кун давом этди. Саккизинчи куни мусулмонлар душман устига қаттиқ бостириб бориб, душман сафини ёриб ўтишга муваффақ бўлдилар ва қоронғи кеча ортидан субҳ нури кўрингани каби, уларга ҳам ғалаба ялт этиб кўрингандек бўлди. Шу пайт душманнинг бир бўлинмаси мусулмонлар ғаниматларини сақлаб қўйган чодирларга ҳужум қилди. Ғаниматлари душман қўлига тушиб қолиши мумкинлигини кўрган мусулмонларнинг кўплари, душмандан уни асраб қолиш учун ортга чекина бошладилар. Бу уларнинг сафларини бўлди, кучлари кетди ва лашкар заифлашди. Жасур қўмондон Абдурраҳмон Ғофиқий ортга кетаётганларни қайтариб, ҳужумга ўтганларни эса ҳимоялаш ва душман ёриб кириши эҳтимоли бўлган ерларни тўсишга тушди. У ўзининг ола оти билан жанг майдонида ортга кетганлар билан ҳужумга ўтганлар орасида елиб юрганида, душманнинг ҳалок этувчи ўқи тегиб, баланд тоғ чўққисидан пастга учиб тушаётган бургут каби отидан жонсиз ҳолда, шаҳид бўлиб жанг майдонига йиқилди. Мусулмонлар ўз қўмондонларини шаҳид бўлганини кўриб саросимага тушдилар. Душманнинг зарбаси кучайиб кетди, яхшиямки қоронғи тушиб уларнинг ҳужумини тўхтатди.

Тонг отгач Карл Мартел мусулмонлар Пуатье шаҳрини ташлаб чиқиб кетганларига гувоҳ бўлди. У ўзида уларнинг кетидан қувишга журъат топа олмади, агар уларни қувиб етиб олганида битта қўймай қириб ташлаши муқаррар эди. Бироқ у мусулмонларнинг чекиниши уруш ҳийлаларидан бири бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, эришган бу буюк ғалабаси билан кифояланган ҳолда ўз жойида қолишни ихтиёр этди.

“Шаҳидлар қасри” жангги тарихдаги ҳал қилувчи жанглардан бири бўлган эди. Чунки, унда мусулмонларнинг катта умидлари пучга чиқди, ҳамда энг буюк қаҳрамонларидан бирини йўқотдилар. Бу жангда Уҳуд жангининг фожиаси такрорланди... Бир кун мусулмонларнинг қўли баланд бўлса, бир кун душманнинг қўли. Бу Аллоҳнинг қонунидир. Уни ўзгартира олмассан.

“Шаҳидлар қасри” жангидаги фожианинг хабари бутун Ер юзидаги мусулмонлар қалбини ларзага солди. Бундан етган маҳзунлик ҳар бир шаҳар ва қишлоққа ва ҳар бир уйга кириб борди. Ҳали-ҳануз унинг аламли жароҳати қалблардан қон оқизмоқда. Модомики Ер юзида мусулмон бўлар экан бу жароҳатдан қон оқаверади.

Бу чуқур жароҳат ёлғиз мусулмонларнинг қалбларинигина азоблаяпти деб ўйлаб қолманг. Йўқ, балки айрим Франциялик оқил кишилар ҳам бу аламда мусулмонларга шерикдирлар. Улар аждодларининг Пуатъедаги мусулмонлар устидан ғалаба қозонишлари инсоният бошига тушган катта мусибат, фожиа, Оврўпа учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш ва тараққиётга етган улкан офат деб кўрадилар. “Шаҳидлар қасри” фожиаси ҳақидаги ғарблик олимлардан айримларининг фикрини билмоқчи бўлсангиз Францияда чиқадиган “Қишлоқ Парламентарияси” журналининг мудири Генри Де Шампаннинг сўзларига қулоқ тутинг: “Карл Мартелл ёввойининг қўшини мусулмон арабларни Францияда мағлуб қилмаганида, мамлакатимиз ўрта аср зулматига тушмаган, у ваҳшийликларга дучор бўлмаган, ирқчилик ва миллатчиликдан келиб чиққан қирғин ва хунрезликларни бошдан кечирмаган бўлар эди. Ҳа, Пуатъеда мусулмонлар устидан қозонилган бу ваҳшиёна ғалаба бўлмаганида Испания Исломнинг олийжаноблигидан баҳра олган ва таъқиб маҳкамасидан — Фердинанд билан малика Изабелла ўртасида Испаниядаги мусулмонларга қарши тузилган маҳкама бўлиб, унда инсониятга қарши тарих пешонасини тириштириб юборадиган жиноятлар содир этилгандир — омонда қолган ва Оврўпанинг тараққиёти саккиз асрга кечикмаган бўлар эди.

Ўша ғалабамиз ҳақидаги шууримиз ва фикрларимиз ҳар қанча фарқли бўлмасин, биз барибир илм-фан ва саноатда эришган тараққиёт ва ютуқларимизга мусулмонлар олдида қарздормиз. Улар комил инсонийлик намунаси бўлган бир вақтда биз ваҳшийлик андозаси бўлганимизни тан олишга мажбурмиз. Биз бугун даъво қилаётган: “Замон айланиб, мусулмонлар энди бизнинг ўрта асрлардаги ҳолатимизга етдилар”, дейишимиз тухматнинг ўзгинасидир”.