асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Абдурраҳмон Ғофиқий Андалуснинг амири2812 марта кўрилган Муаллиф: Абдурроҳман Раъфат Боша “Абдурраҳмон Ғофиқий олийҳиммат ҳамда буюк мақсад сари интилишда Мусо ибн Нусайр ва Ториқ ибн Зиёднинг ўзгинаси эди”. (Тарихчилар) Мўминлар амири ва хулафои рошидинларнинг бешинчиси бўлмиш Умар ибн Абдулазиз ўзидан олдинги халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг дафнидан фориғ бўлгач, аввалда сайланган волийлар ишини қайта кўриб чиқа бошлади. Уларнинг айримларини ўз жойида қолдирди, айримларини эса мансабидан озод этди. Мансабга тайин этилганларнинг аввалида Самҳ ибн Молик Хавлоний турарди. Умар ибн Абдулазиз уни Андалус ва унга қўшни бўлган Франциянинг фатҳ қилинган шаҳарларига волий этиб тайинлади. Янги амир Андалусга етиб бориб сафар анжомларини қўяр-қўймай, ишончли ва содиқ ёрдамчилар излашга тушди. Атрофидаги кишилардан: “Бу диёрларда тобеинлардан бирорталари қолганми?”, деб сўради. Улар: “Ҳа, эй амир, орамизда улуғ тобеин Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Ғофиқий борлар”, дедилар. Кейин унинг Қуръон ва ҳадисдаги чуқур билими, жиҳод майдонларидаги қаҳрамонликлари, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишга завқ-шавқлари ва фоний дунёдан зоҳидликлари ҳақида тўлқинланиб гапирдилар ҳамда унинг улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо билан учрашгани, ундан анча илм олгани ва ундан чиройли ўрнак олганликларини ҳам илова қилдилар. Самҳ ибн Молик Абдурраҳмон Ғофиқийни ўз ҳузурига чорлади. Улуғ тобеин келганида уни иззат-икром билан кутиб олиб, ўз ёнига ўтқазди ва бир неча соат суҳбат давомида ўзини қизиқтирган нарсалар ҳақида сўраб, муаммоли ишлар ҳақида маслаҳат олди. Шу аснода унинг имкониятини чамалаб, қобилиятига ҳам баҳо берди. Унинг билими одамлар айтгандан кўра зиёдроқ экан. Шунинг учун дарҳол унга Андалуснинг катта шаҳарларидан бирига волийликни таклиф қилди. Абдурраҳмон Ғофиқий: “Эй амир, мен оддий одамлардан бириман, холос. Бу диёрга мусулмонларнинг чегарасида қўриқчилик қилиш мақсадида келганман. Жонимни Аллоҳнинг розилиги учун бағишлаганман ва Ер юзида Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун қўлга қилич олганман. Модомики ҳақ устида бўларкансиз, сизга соянгиздан яқинроқ бўламан, Аллоҳ ва Расулига итоат қиларкансиз, сизга бармоқларингиздан кўра итоатлироқ бўламан, иншааллоҳ. Бунинг учун амирлик ҳам, волийлик ҳам керак эмас. Ҳеч қанча вақт ўтмай Самҳ ибн Молик Хавлоний Францияни тўлалигича фатҳ қилиш, уни буюк Ислом давлатига қўшиш ва унинг бепоён ерлари орқали Болқон давлатларига йўл очиш, Болқон ерлари орқали эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларини рўёбга чиқариб Константинопольга ўтиш учун ғазот қилишга азм қилди. Бу олий мақсадни амалга оширишдаги биринчи қадам Нарбон шаҳрини забт этишга боғлиқ эди. Чунки, Нарбон шаҳри Андалусга қўшни Франция шаҳарларининг энг каттаси ҳисобланарди. Мусулмонлар Пиреней тоғларидан тушиб борарканлар, шаҳар уларнинг кўз ўнгида худди баҳайбат дев каби катталашиб кўрина бошлади. Энг муҳими, у Франциянинг калити ва уни мақсад қилганлар учун йўл ҳам эди. Самҳ ибн Молик Хавлоний Нарбон шаҳрини қамал қилди, сўнгра унинг аҳлига Исломни қабул қилиш ёки жизя тўлашни таклиф этди. Бу таклиф уларга оғир ботди ва уни қабул қилмадилар. Шундан сўнг у уларга қарши кетма-кет ҳужум қила бошлади. Манжаниқлар билан ўққа тутди ва ниҳоят тўрт ҳафта давом этган, Оврўпа бундан олдин унинг мислига гувоҳ бўлмаган қаҳрамонона жангдан сўнг, қадимий ва мустаҳкам Нарбон шаҳри забт этилиб, мусулмонлар қўлига ўтди. Бу ғалабадан сўнг музаффар қўмондон ўзининг кўп сонли лашкари билан Октон минтақасининг пойтахти Тулуза шаҳрига юриш бошлади ва шаҳар атрофига айлантириб манжаниқлар ўрнатиб чиқди. Оврўпа бундан олдин ўхшашини кўрмаган жанг қуроллари билан шаҳарни ўққа тута бошлади. Мустаҳкам, метин қалъали шаҳар қўлга ўтишига бир баҳя қолганида, ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган воқеа содир бўлди. Келинглар, ўша жанг тафсилотларини тавсифлаб бериши учун сўзни Франциялик шарқшунос Ренога берайлик. Рено айтади: “Жанг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлай деганда, Октон минтақасининг герцоги мусулмонларга қарши жанг қилишга оммавий сафарбарлик эълон қилди. Оврўпанинг у четидан бу четигача ўз чопарларини юборди. Қирол ва шоҳларни диёрларининг босиб олиниши, аёллари ва болаларининг асир қилинишидан огоҳлантирди. Унинг бу чақириғидан сўнг Оврўпадаги ҳар бир халқ ва миллат ўзларининг энг кучли ва кўп сонли аскарлари билан ўз ҳиссаларини қўшдилар. Дунёда мисли кўрилмаган кўп сонли ва шиддатли лашкар тўпланди. Ҳатто уларнинг қадам ташлашларидан кўтарилган чанг-тўзон боис Рен минтақасида қуёш кўринмай қолди. Икки лашкар бир-бирига яқинлашганини кўрган одамларга гўё икки томондан улкан тоғлар бир-бирига йўлиқаётгандек бўлиб туюлди. Ва ниҳоят икки лашкар ўртасида мисли кўрилмаган шиддатли жанг бошланди. Самҳ биз уни "Зама" деб атар эдик, лашкаримиз кўз ўнгида жанг майдонининг ҳар тарафида пайдо бўларди. Ўз лашкарининг олдида у ёқдан бу ёққа от чоптириб уларни жангга шижоатлантирар эди. У шундай қилиб турганида унга камон ўқи тегиб отидан ерга қулаб тушди. Ўз қўмондонларини ер узра жонсиз ҳолда ётганини кўрган мусулмонларнинг билакларига мадорсизлик ўрмалай, сафларида эса тарқоқлик кўрина бошлади. Бизнинг шиддатли лашкаримиз олдида уларни таг-туги билан қириб ташлаш имкони пайдо бўлди. Бироқ, мусулмонларга раббоний марҳамат етиб, уларнинг ишларини — Оврўпа унинг Абдурраҳмон Ғофиқий эканини кейинчалик таниган — моҳир қўмондон ўз қўлига олди. У оз йўқотишлар билан лашкарни жанг майдонидан олиб чиқиб Испанияга қайтиб кетди. Лекин у қайтиб устимизга юриш қилишни дилига туккан эди”. (Иқтибос тугади). Ойдин кечаларда тўлин ойни тўсиб турган булутлар тарқалиб кетганини кўрганмисиз. Ўшанда йўловчилар ой нуридан фойдалансалар, адашганлар ой нурида йўлларини топиб оладилар. Худди шунга ўхшаш Тулуза жанги Исломнинг нодир қаҳрамонларидан бири Абдурраҳмон Ғофиқийни кўрсатиб қўйди. Саҳрода қолиб ташналикдан ўлаёзган одамларга сароб сувдек кўринишини биласизми? Ўлимдан сақланиш учун ундан бир ҳўплам бўлса-да ичишга зорланиб қўлларини чўзадилар. Шу каби мусулмон лашкарлари ҳам нажот излаб янги қўмондонга қўлларини чўздилар, қулоқ солиб, итоат қилишга байъат бердилар. Бунинг ҳайратланарли жойи йўқ, зеро Тулуза жанги мусулмонлар Оврўпага қадам босганларидан бери уларга етган илк оғир жароҳат эди. Абдурраҳмон Ғофиқий мана шу жароҳатга малҳам бўлди, қучоғини тўла очиб лашкарни ғамхўрлик ва иноят билан бағрига босди ва қалбларга шодлик, сурур улашди. Мусулмонлар Францияда йўлиққан зарар ва мағлубият ҳақидаги хабар Дамашқдаги хилофат қалбини қайғуга ботирди. Шижоатли қаҳрамон қўмондон Самҳ ибн Молик Хавлонийнинг вафоти унинг қалбида қасос олиш учун ғазаб ўтини алангалантирди. Лашкарнинг Абдурраҳмон Ғофиқийга берган байъатини ўз кучида қолдиришга амр қилди ва унга Андалуснинг бошидан охиригача, Франциянинг фатҳ қилинган шаҳарларининг барчасини топширди. Билганингни қил, деб унга мутлақ эркинлик ҳам берди. Бунинг ажабланарли ери йўқ, зеро Абдурраҳмон Ғофиқий ўйлаб иш қиладиган, қатъиятли, тақводор, соф қалбли, доно ва жасур инсон эди. Абдурраҳмон Ғофиқий зиммасига Андалус амирлиги юклатилган кундан эътиборан аскарларнинг ўзларига бўлган ишончларини тиклаш, уларга азизлик, куч-қувват ва ғолиблик туйғуларини қайтариш ва Мусо ибн Нусайрдан бошлаб то Самҳ ибн Моликка қадар бўлган Андалус қўмондонлари ўз олдиларига қўйган буюк мақсадни рўёбга чиқариш устида ҳаракатни бошлаб юборди. Ана шу қаҳрамон фидоий инсонларнинг ҳимматлари Франциядан Италия ва Олмонияга қадар, у ерлар орқали Константинопольга ўтиш ва Ўрта ер денгизини Ислом денгизига айлантириб, Рум денгизи ўрнига Шом денгизи деб номлашга боғланган эди. Абдурраҳмон Ғофиқий катта жангларга тайёргарлик инсон ўзини ислоҳ қилиш ва поклашдан бошламоғи лозим эканига ва ҳар бир уммат ғалабага эришиш учун ичидан бўлиниб, дарз кетмаган қўрғон бўлсагина қодир бўла олишига ишонар эди. Шунинг учун Андалусни шаҳарма-шаҳар айлана бошлади. У жарчиларга: “Кимнинг ҳоким, қози ё оддий инсонлар устида ҳаққи бўлса амирга мурожаат қилсин. Бунда мусулмонлар билан зиммийлар ўртасида фарқ йўқ.”, деб эълон қилишларини амр этарди. Сўнгра келган шикоятларни шахсан ўзи бирма-бир кўриб чиқар, кучлидан кучсизга, золимдан мазлумга ҳаққини олиб берарди. Кейин босиб олинган ва янги қурилган канисалар ишини тафтиш қилиб, аҳдлашилган ҳақларни эгаларига қайтарди, пора эвазига қурилганларини буздириб ташлади. Сўнг шаҳарлар волийларини бирма-бир текшириб чиқди. Хиёнати ва қинғирлиги исботланганларни ишдан бўшатди, унинг ўрнига донолиги, эпчиллиги ва солиҳ инсон эканини аниқлаган кишиларни тайинлади. Қайси бир шаҳарга бормасин, шаҳар аҳлини масжидга йиғиб уларга ваъз-насиҳат қилар, уларни жиҳод қилиш, Аллоҳнинг йўлида шаҳидликка эришиш, Унинг розилиги ва ажр-мукофотидан умидвор бўлишга тарғиб қилар эди. Абдурраҳмон Ғофиқий сўз билан ишни, орзу билан амални мувофиқлаштира олди. Волийлик зиммасига тушган илк лаҳзаларданоқ тайёргарликка қаттиқ аҳамият берди. Қурол аслаҳаларни такомиллаштирди, истеҳкомларни янгилади, қўрғон, кўприк ва тўғонлар қурдирди. Барпо қилганлари ичида энг каттаси Андалус пойтахтидаги Қуртуба кўприги бўлди. Қуртуба дарёси устига қурилган кўприк одамлар ва лашкарлар ўтишини таъминлашидан ташқари шаҳар ва одамларни сув тошқинларидан ҳам сақлар эди. Бу кўприк дунё ажоиботларидан бири саналади. Унинг узунлиги саккиз юз қулоч атрофида бўлиб, баландлиги олтмиш ва эни йигирма газдир. Кўприк аркаларининг сони ўн еттита ва унинг мустаҳкамлигини таминлайдиган устунлари эса ўн тўққизтадир. Бу кўприк бугунги кунимизда ҳам мавжуд бўлиб, ундан Испания халқи фойдаланиб келмоқда. Абдурраҳмон Ғофиқий қайси шаҳарга борса, албатта ўша шаҳарнинг обрўли кишилари ва лашкарбошиларини йиғиб фикрларини олар эди. Улар айтган ҳар бир сўзга бутун вужуди билан қулоқ солар, таклифларини ёзиб олиб, маслаҳатларидан фойдаланар ва кам гапириб, кўп эшитишга ҳаракат қиларди. У мусулмонларнинг катталари билан кўришгани каби, зиммийларнинг ҳам катталари билан кўришиб, юртларининг ўзига номаълум бўлган тарафлари ҳамда қирол ва қўмондонлари ҳақида фикрини чулғаб ётган нарсалар ҳақида сўрарди. Бир марта Франциялик зиммийларнинг катталаридан бирини ўз ҳузурига чақиртириб, у билан турли мавзуларда суҳбатлашди. Суҳбат асносида: “Нима учун қиролингиз Шарл бизга қарши урушга киришмайди ва бизга қарши вилоятлар подшоҳларига ёрдам ҳам бермайди?”, деб сўради. Бунга жавобан зиммий деди: “Эй амир, сизлар бизга берган аҳдингизга вафо қилдингиз, шунинг учун сизлар ҳам саволингизга тўғри жавобни олишга ҳақлисиз. Сизнинг катта қўмондонингиз Мусо ибн Нусайр Испанияни тўлиқ қўлга олгач, Андалус билан бизнинг гўзал диёримизни ажратиб турувчи Пиреней тоғларидан ошиб ўтишга киришганида, минтақалар шоҳлари ва руҳонийлари бундан қўрқиб буюк қиролимизга мурожаат қилиб келдилар ва: “Эй қирол, асрлар оша биз ва авлодларимизга етадиган қандай иснод бу, ахир! Мусулмонлар борлигини эшитар эдик, улар бизнинг устимизга шарқ тарафдан ҳужум қилиб келишидан хавфсираб юрардик. Лекин улар бизга ғарбдан бостириб келмоқдалар. Испанияни тўлиқ қўлга олдилар, у ердаги қурол-яроғ ва барча нарсага эга чиқдилар. Энди эса ўртамизни тўсиб турадиган тоққа ҳам кўтарилдилар. Ҳолбуки ададлари жуда оз, қуроллари содда, аксарларининг қиличдан сақлайдиган қалқони ҳам, жанг майдонига ёриб кирадиган оти ҳам йўқ”, дедилар. Шунда қиролимиз: “Сиз ўйлаётган бу нарсалар ҳақида мен ҳам кўп фикр қилдим. Шунга амин бўлдимки, шу кунда мусулмонларнинг юришига биз қарши тура олмаймиз. Улар ҳозир оқизиб кетувчи сел каби йўлига тўғаноқ бўлган барча нарсани илдизи билан қўпориб олиб, хоҳлаган ерига улоқтириб ташлайдилар. Мен мусулмонларнинг адади ва қуроли кўп бўлишдан беҳожат қиладиган ақида ва ниятлари, қалқон ва от-улов ўрнини босадиган иймон ва садоқатлари бор қавм эканини топдим. Бироқ, сизлар уларнинг қўллари ғаниматга тўлгунига, ўзларига қасрлар қуриб, чўрию хизматкорларни кўпайтиргунларига ва мансаб талашиб бир-бирлари билан рақобатлашгунларига қадар қўйиб беринглар, ана шунда уларни осонлик билан машаққатсиз мағлуб этасиз”, деб айтган эди. Абдурраҳмон Ғофиқий маҳзунликдан бошини ҳам қилганча жим қолди, кейин чуқур ҳўрсинди ва суҳбатга якун ясаб: “Намоз вақти бўлиб қолди, қани намозга кетдик”, деди. Абдурраҳмон Ғофиқий катта жанг учун тўлиқ икки йил тайёргарлик кўрди. Лашкарни тартиблади, ҳиммат ва ғайратларини чархлади, қалбларни иймон билан обод қилди. Африка амиридан ёрдам сўраганди, у жиҳод шавқида, шаҳидлик орзусида ёнаётган жангчиларнинг энг сараларини унга юборди. Сўнгра чегара минтақаларининг амири Усмон ибн Нусъага чопар юбориб, катта лашкар билан боргунига қадар, душманни енгил ҳужумлар билан чалғитиб туришни амр этди. Лекин бу Усмон деганлари, буюк мақсад сари интилувчи, журъат билан катта ишларга киришиб, халқ орасида номи чиқиб, бошқа амир ва волийлар унинг сояси остида қолиб кетадиган олийҳиммат амирларга нисбатан ҳиқду ҳасади бор инсон эди. Бунинг устига Усмон Францияга қарши қилган ҳужумларининг бирида Октан герцогининг қизи Мининани қўлга киритган эди. Минина ёш ва гўзал қиз бўлиши билан бирга эркатой малика ҳам эди. Унинг ёш, гўзал ва жозибадорлигига сарой қизларида бўладиган таннозлик ҳам қўшилган, хуллас буларнинг бари жам бўлиб, Усмоннинг қалбини эгаллаб ўзига ром қилиб қўйганди. Усмон ақлдан озар даражада уни севиб қолди. Минина Усмоннинг ҳузурида бирон хотин етишмаган ҳурмат ва эътиборга эришди. У бундан фойдаланиб Усмонни отаси билан омонлик аҳди тузишга кўндирди. Усмон Мининанинг отаси герцог билан аҳд тузиб, унда Андалусга чегарадош бўлган унинг минтақасига мусулмонлар ҳужум қилмаслигига кафолат берди. Шу сабаб қайнотаси бўлмиш Октан герцогининг диёрига ҳажум қилиш тўғрисидаги Абдурраҳмон Ғофиқийнинг амри келганида, нима қиларини билмай ҳайрон бўлиб қолди. Дарҳол, Абдурраҳмонга Октан герцоги билан аҳд тузганлиги ва бу аҳдлашувнинг муддати тугамагунига қадар ҳужум қила олмаслигини баён қилиб, жавоб хати ёзиб юборди. Хатни ўқиб ғазабдан ёнган Абдурраҳмон Ғофиқий Усмонга яна мактуб йўллаб, қуйидагиларни ёзди: “Амирингга айтмасдан фаранг билан тузган аҳдинг на амирингга ва на мусулмон лашкарнинг зиммасига бирон нарсани лозим қилади. Шунинг учун ҳеч иккиланмай сенга буюрган амримни бажаришга кириш”. Усмон ибн Абу Нусъа амирни ўз қароридан қайтишга кўндира олмагач, қайнотасига одам юбориб ҳолатни тушунтирди ва эҳтиёт чорасини кўришга чақирди. Лекин, Усмон ибн Абу Нусъанинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турган Абдурраҳмон Ғофиқийнинг одамлари, унинг душман билан боғлангани хабарини амирга етказдилар. Абдурраҳмон Ғофиқий шошилинч тарзда энг кучли жангчилардан кичик бир катиба тайёрлаб, унга синалган паҳлавон жангчини бош қилиб тайинлади ва унга тирик бўлсин, ўлик бўлсин Усмон ибн Абу Нусъани олиб келишга амр этди. Юборилган лашкар Усмон ибн Абу Нусъанинг лашкаргоҳига тўсатдан ҳужум уюштириб, мақсадлари ҳосил бўлишига бир баҳя қолганда, ҳужумдан хабар топган Усмон бир қанча одамлари билан тоққа томон қочиб кетди. Табийки у билан бирга ундан ҳеч қачон ажрамайдиган хотини Минина ҳам бор эди. Катиба уларни таъқиб этди, етиб олиб уларни қуршаб олди. Шер боласини ҳимоя қилганидек Усмон ҳам ўзини ва хотинини ҳимоя қилишга тушди, охир-оқибат хотининг олдида қатл қилинган ҳолда йиқилди. Танасида сон-саноқсиз қилич ва найза зарбалари бор эди. Аскарлар унинг бошини кесиб олдилар ва гўзал маликаси билан бирга Абдурраҳмон Ғофиқийнинг ҳузурига олиб келдилар. Гўзал, соҳибжамол маликани кўрган Абдурраҳмон Ғофиқий кўзини ундан олиб қочди ва юзини бошқа тарафга бурди. Кейин маликани хилофат пойтахтига туҳфа этиб юборди. Шундай қилиб фаранглик гўзал маликанинг ҳаёти, Дамашқда Умавийлар қасрида ниҳоясига етди. |