асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Раҳмоннинг дўстлари ва Шайтоннинг дўстлари ўртасини ажратиш3318 марта кўрилган Шайхул Ислам Ибн Таймия қаламларига мансуб بسم الله الرحمان الرحيم Барча ҳамду-сано Аллоҳ учун. У Зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Нафсимиз ва амалларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳ паноҳ беришини сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилганни адаштирувчи ва У адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. У Зотнинг: Ундан ўзга барҳақ маъбуд бўлмаган Аллоҳ эканига гувоҳлик берамиз ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва расули эканлигига гувоҳлик берамиз. Аллоҳ у зотни барча динларга ғолиб бўлиши учун ҳақ дин ва ҳидоят билан юборди, бунга Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қиёмат олдидан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди. Ўз изни ила Аллоҳ йўлига даъват қилувчи ва ёруқ нур қилди. У билан одамларни залолатдан ҳидоятга, кўрликдан басиратга ва адашишдан тўғри йўлга олиб чиқди. У билан ожиз кўзларни очди, кар қулоқларни эшиттирди ва қулф қалбларни очиб ташлади. У билан ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат, рушд ва адашиш, мўминлар ва кофирлар, саодатманд аҳли жаннат ва бахтиқро аҳли дўзах, Аллоҳнинг дўстлари ва душманлари ўртасини ажратди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимга Аллоҳнинг дўстларидан, деб гувоҳлик берган бўлсалар, у Раҳмоннинг дўстларидандир ва кимга Аллоҳнинг душмани деб гувоҳлик берган бўлсалар, у Аллоҳнинг душмани ва шайтоннинг дўстларидандир. Аллоҳнинг дўстлари ва Шайтоннинг дўстлари Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонлар ичида Ўзининг дўстлари борлигини, Шайтоннинг ҳам дўстлари борлигини Ўз китобида ва Расулининг суннатида баён қилиб, Раҳмоннинг дўстлари ва Шайтоннинг дўстлари ўртасини ажратди. Аллоҳ таоло айтди: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг сўзлари ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъматларга эришиш) улуғ бахтдир.» (Юнус: 62-64). Яна деди: «Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар.» (Бақара: 257) Яна айтди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар Сизлардан ким уларга дўст бўлса, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас. Сиз — дилларида мараз бўлган кимсалар: «Бизга бирон бало етишидан қўрқамиз», деган ҳолларида кофирлар томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга ғалаба берса ёки Ўз ҳузуридан (бу мунофиқ кимсаларни шарманда қиладиган) бирон ишни келтириб, улар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар. Шунда мўминлар бир-бирларига: «Жон-жаҳдлари билан Сизлар билан биргамиз», деб қасам ичганлар шуларми?» — дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва ўзлари зиён кўрувчиларга айланиб қолишди. Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўради, улар Аллоҳни яхши кўрадилар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирон маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ фазлу карами кенг, билувчидир. Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва тавозе қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни адо этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлувчидир.» (Моида: 51-56). Яна деди: «У жойда (Қиёмат кунида) ҳам салтанат Ҳақ таолоникидир. У энг яхши савоб - мукофот ато этувчи ва энг хайрли оқибатни берувчи зотдир.» (Каҳф: 44). Аллоҳ таоло Шайтоннинг дўстларини зикр қилиб деди: «(Эй мўмин бандам), ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг, албатта малъун шайтондан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин! Албатта, иймон келтирган ва ёлғиз Раббиларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир.». (Наҳл: 98-100). Яна деди: «Иймон келтирганлар Аллоҳ йўлида жанг қиладилар, кофир кимсалар эса шайтон йўлида жанг қиладилар. Шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилингиз! Шубҳасиз, шайтоннинг макри заифдир.» (Нисо: 76). Яна деди: «Эсланг, (эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам), фаришталарга Одам учун саломлашиш саждасини қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари) Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизларми?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадалдир». (Каҳф: 50). Яна: «Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, у очиқдан-очиқ зиён қилибди.» (Нисо: 119). Аллоҳ таоло деди: «Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот биз унга ишларимизни топширадиган энг яхши вакилдир!» — дедилар. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир. Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, мендан қўрқингиз!». (Оли Имрон: 173-175). Яна деди: «Эй Одам болалари, шайтон Ота-онангиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам тақво либосини ёки авратни тўсадиган ҳиссий либосни тарк қилиш маъсиятини сизларга чиройли кўрсатиб алдаб қўймасин! Чунки, у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар. Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз. Улар қачон бирон бузуқ иш қилсалар (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган, дейдилар. Айтинг (эй Муҳаммад ‒ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?! Айтинг: «Раббим адолатга буюргандир. У ибодатниУ учун холис қилишингизга умумий суратда ва хусусан масжидларда бўлганингизда холис қилишга буюрган. У зотга динингизни холис қилган ҳолда илтижо этингиз. Сизларни бошлаб яратган ҳолига қайтурсиз. (Яъни, аввал сизлардан йўқдан бор қилгани каби Қиёмат Кунида яна ҳисоб-китоб учун қабрларингиздан чиқарур.) У бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқа бир гуруҳга эса йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки, улар Аллоҳни қўйиб, шайтонга дўст тутиниб олганларда, яна ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар.» (Аъроф: 27-30). Яна деди: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар». (Анъом: 121). (Давоми бор) |