асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Йўл устидаги тўсиқлар (давоми)2423 марта кўрилган БЕШИНЧИ ТЎСИҚ МАНМАНСИРАШ ва ЎЗИГА БИНО ҚЎЙИШ Динда амал қилувчи баъзи кишиларга етадиган ва нафсларини ундан қутултириш ва даволашга, ундан эҳтиёт бўлиш ва сақланишга ҳаракат қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – манмансираш ва ўзига бино қўйиш (الإعجاب بالنفس) дир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз: 1. Манмансираш ва ўзига бино қўйишнинг (الإعجاب بالنفس ) луғавий ва истилоҳий маъноси.Ушбу ибора луғатда икки хил маънода қўлланилади: а) Яхши санамоқ, маъқул келмоқ, ёқтирмоқ, ҳайратга солмоқ. Қуйидаги ояти карималарда мазкур калима ушбу маъноларда келган: «Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да,— иймонли чўри яхшироқдир» (Бақара: 221). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас» (Моида: 100). «(У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр)» (Ҳадид: 20). б) Манмансираш, кеккайиш, ғурурланиш, кибрланиш, ўзидан кетиш. Қуйидаги оятда бу калима шу маънода келган: «Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади» (Тавба: 25). Даъват аҳли истилоҳида эса бир кишининг ўзи томонидан бировларнинг ҳаққига тажовуз қилиш ёки бировларни камситишсиз содир бўлган сўз ёки ишлардан – хоҳ яхши, хоҳ ёмон, хоҳ мақтовли, хоҳ айбли сўз ва ишлар бўлсин – хузурланиши ва хурсанд бўлиши маъносини англатади. Агар бошқаларнинг сўз ва ишларини камситиш ва паст санаш билан улар ҳаққига тажовуз ёки зулм қилган бўлса, унинг бу иши ғурурланиш ва ўзига бино қўйиш дейилади. Агар бошқаларнинг шахсиятларини ерга уриш ва ўзини улардан юқори кўриш билан улар ҳаққига тажовуз қилган бўлса, бу ишни кибрланиш ва кеккайиш дейилади (Мухтасар минҳаж ал-қосидийн: 247, 248-с). 2. Манмансираш ва ўзига бино қўйишга олиб борувчи сабаблар1) Унинг ичида ўсиб-улғайишЯъни, баъзан инсон болалигидан мақтовни яхши кўрадиган ва ўзини ҳақ бўлса ҳам, ноҳақ бўлса ҳам бошқалардан баланд тутишни истайдиган, насиҳат ва йўл-йўриққа кўнмайдиган ота-она орасида ёки улардан бирининг таъсири остида ўсади-да, бу нарса унинг хулқ-атворига ўрнашиб қолади. Вақт ўтиши билан бу нарса унинг шахсиятига айланиб қолади, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно. Биз иккинчи тўсиқ – «Исроф» тўғрисидаги гапларимиз орасида айтиб ўтганимиздек, Исломнинг ота-онани Аллоҳнинг манҳажини маҳкам тутишга қаттиқ тарғиб қилиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Чунки, фақат Аллоҳнинг манҳажигина ота-онани ҳар қандай эгриликдан ҳимоя қилади ва шу билангина улар фарзандларига намуна бўлишга арзийдилар. 2) Одамни юзига мақташ ва уни кўкларга кўтариш ҳамда бу ҳақдаги шаръий одобларга риоя қилмасликБаъзан бировни юзига мақташ ва уни кўкларга кўтариш ҳамда бу ҳақдаги шаръий одобларга риоя қилмаслик ҳам ўша кишининг ўзига бино қўйишига ва манмансирашига сабаб бўлиб қолади. Чунки, бир тоифа одам бўладики, юзига мақталса ва лаганбардорлик қилинса, бунда мақтов ва ҳамду-санолар айтиш хусусида айтилган шаръий одобларга риоя қилинмаса, жоҳиллиги туфайли шайтоннинг фитна тўрига чулғаниб қолади ва ушбу мақтовларга ўзимдан бошқа ҳеч кимда йўқ бўлган қобилият ва талантим сабабли эришдим, деб ўйлаб қолади. Бора-бора ушбу фикр унинг дилига қаттиқ ўрнашиб қолади ва – Аллоҳ сақласин – манмансирашга олиб бориб қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бировни юзига мақташ ва тасанноларга кўмиб ташлашдан қайтаришлари ва мақташ керак бўлганда ҳам бу ҳақдаги шаръий одоблар доирасида мақташ кераклигини таъкидлашлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. (Мақтов ва мадҳ айтишга тааллуқли шаръий одоблар, уламоларнинг Китобу Суннатдан истинбот қилишларича, уч турлидир: 1) мақтовда ҳаддан ошиб кетмаслик; 2) мақтов ҳақ билан бўлиши ва унга ботил-ёлғон аралашмаслиги; 3) мақтов сабабли фитнага ва манмансирашга тушиб қолиш хавфи бўлмаган одамга нисбатан бўлиши. Мазкур одоблар доирасида бўлганида мақтов жоиз ва ҳатто унинг ортидан яхшилик қилишга ёки уни яна ҳам зиёда қилишга ва унда давомли бўлишга ёки ундан ўрнак олишга тарғиб каби манфаат бўлган ҳолларда бу мустаҳаб-яхши амал саналади. (Имом Нававий, «Ал-минҳаж шарҳ саҳиҳ Муслим ибн Ҳажжож: 18/126)). Абу Маъмардан ривоят қилинади: Бир киши туриб, амирлардан бири шаънига мақтов айтаётган эди, Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу унинг юзига тупроқ соча бошлади ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни маддоҳлар юзига тупроқ сочишга буюрганлар», деди. (Муслим, Ҳоким, Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-адабил-муфрад: 258). Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир киши бир кишини мақтади. Шунда у зот: «Шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг, шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг», деб бир неча марта такрорладилар. Сўнгра: «Қай бирингизга биродарини мақташлиги лозим бўлиб қолса, ундан мана шу (мақтовли сифатлар) ни ҳақиқатан билса: «Фалончини шундай деб ҳисоблайман – Аллоҳ Ўзи ҳисоб қилувчисидир – бирон кишини Аллоҳга покламайман (яъни пок деб гувоҳлик беролмайман), шундай-шундай бўлса керак деб ўйлайман», десин», дедилар (Муттафақун алайҳ). 3) Кеккайган ва ўзига бино қўйган одамлар суҳбатини лозим тутишБаъзан кеккайган ва ўзига бино қўйган одамлар суҳбатини лозим тутиш ва улар билан кўп бирга бўлиш ҳам манмансирашга сабаб бўлади. Чунки, инсон кўпинча яқин дўсти ва улфатининг хулқ-атворидан таъсирланади ва сезиб-сезмай унинг хулқ-атворини ўзига юқтириб олади. Айниқса, улфати таъсир ўтказувчи одам бўлса, ўзи эса ғўр ва улфатининг характеридан ғофил бўлса, у томонидан ўзига нима талқин қилинса, ҳаммасини қабул қилаверади. Агар улфати манманлик касалига йўлиққан одам бўлса, бу ҳам манмансираш касалига дучор бўлади. Исломнинг яхши дўст ва яхши улфат танлашга чақириши ва бунинг зарурлигини таъкидлаши остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. Биз юқорида футур сабаблари ҳақида сўз юритганимизда бу мавзуга тегишли далилларни ҳам айтиб ўтдик. 4) Неъматга эга бўлиб туриб, унга шу неъматни инъом этган зотни унутишБаъзан неъматга эга бўла туриб, шу неъматни инъом этган зотни унутиб қўйиш ҳам манмансирашга сабаб бўлади. Динга амал қилувчи айрим кишилар бўладики, Аллоҳ таоло уларга мол-давлатми, илмми, куч-қувватми, обрўми ё бошқа бирон неъмат то этган бўлса, ўша неъмат устида туриб, уни ато этган зотни унутишади, қўлларида бўлган неъматлар чақмоғи таъсирида кўзлари қамашиб, ушбу неъматнинг ҳақиқий эгасини кўролмай қоладилар, нафслари ушбу неъматларга улар фақат ўз қобилиятлари ва лаёқатлари туфайли эришганларини уқтиради, нафслари гапига кириб улар ҳам Қорунга ўхшаб: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир» (Қасас: 78) дейдиган бўлиб қолишади. Мана шу гап уларга маҳкам ўрнашиб олади ва ўз муроду мақсадларига етган бўлишиб, қўлларидаги нарсалар билан мафтун бўлиб, калондимоғликка ва манмансирашга йўлиқадилар. Исломнинг ҳар қандай неъматнинг асл манбаи фақат Аллоҳ азза ва жалла эканини қайта-қайта таъкидлашининг сири ҳам шунда бўлса ажабмас: «Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир» (Наҳл: 53). «Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл: 78). «(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20). «Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Фотир: 3). Ундан ташқари Ислом мусулмон кишини ҳар тонг ва оқшом Раббига 3 бор қуйидаги зикрлар билан мурожаат қилишга таълим берган: «Эй Парвардигор! Менга ёки бандаларингдан бирига (эрталаб) етган неъмат фақат Сен тарафдандир. (Агар кеч кирса: (кечда) етган, дейди). Сенинг ҳеч қандай шеригинг йўқ. Ва ҳамд ҳам, шукроналар ҳам Сенгадир» (Имом Абу Довуд «Сунан»да (4/318) Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур зикрни ўқигач: «Ким буни тонг пайтида ўқиса, шу кунининг шукрини адо қилган бўлади, ким оқшом пайтида ўқиса, ўша тунининг шукрини адо этган бўлади», дедилар. Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита бурдага (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриқи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1143). 5) Тобланиб етилмай ва тарбияси комил бўлмай туриб бошқарув ва раҳбарлик мансабига ўтиришБаъзан киши тобланиб етилмай ва тарбияси комил бўлмай туриб бошқарув ва раҳбарлик мансабига ўтириб қолиши ҳам манмансираш ва калондимоғликка сабаб бўлиб қолади. Чунки, баъзан исломий амалнинг вазиятидан келиб чиқиб, баъзи амал қилувчи кишилар ҳали суяклари амалда қотмай туриб ва шахсиятлари баркамол бўлмай туриб раҳбарлик мансабига тайинланиб қоладилар. Шунда дарҳол шайтон етиб келади ва уларнинг дилига ўзлари эгаллаб турган бу лавозим ва мансабга фақат ўзларида бўлган лаёқат туфайлигина эришганларини уқтиради. Охир-оқибат улар шайтоннинг макр тўрига ўралиб қолишади ва бу гапни ҳақиқат деб тасаввур қилиб қолишади ва нафсларини ўзига лойиқ бўлганидан юқорироқ ўринга кўтариб қўйишади. Бу эса, табиий, манманлик ва калондимоғликка олиб келади. Исломнинг фиқҳга – яъни, динни яхши англаш ва тушунишга – чорлаши ва бу фиқҳнинг раҳбарлик ва бошқарув мансабларига ўрнашишдан олдин бўлиши лозимлигига чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба: 122). «У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди». Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар (Бақара: 269). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди» (Муттафақун алайҳ, Муовия ибн Абу Суфёндан ривоят қилинган). Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пешвога айланмасдан туриб фақиҳ (динда олим) бўлиб олингиз!». Яъни, масъулиятли раҳбарлик ишига ўрнашиб қолмасдан туриб, раҳбарлик масъулиятини ва унда бўлган тўсиқларни чуқур ҳис қиладиган илмни эгаллаб олинглар, шунда уларни енгиб ўтасизлар. 6) Инсон ўзининг ҳақиқатини билмаслиги ёки ундан ғофил бўлишиБаъзан инсон ўзининг ҳақиқатидан ғофиллиги ёки уни билмаслиги ҳам уни манманликка олиб бориб қўяди. Чунки, инсон ўзининг кимлигини билмаса, ўзининг келиб чиқиши сийдик йўлидан чиққан нопок бир сувдан эканини, нуқсон ва камчилик доимо табиатидан холи эмаслигини, қорнида ахлатни кўтариб юришини, охири яна қайтиб тупроққа қўйилишини, мурдаси бутун тирик жон борки жирканадиган бадбўй жасадга айланишини унутса ёки бундан ғофил бўлса, табиийки, дилига манманлик ўрнайди ва шайтон бу нарсани кучайтиради. Қуръон ва Суннатнинг инсон нафси моҳияти ва ҳақиқати, унинг бошланиш ва ниҳояланиш нуқтаси ҳақида такрор-такрор сўзлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади: «У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир. У инсонни (яъни Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди (Сажда: 7, 8). «Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!» (Вал-мурсалот: 20). «Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди» (Абаса: 21). 7) Олийнасаб ва улуғзода бўлишБаъзан насл-насабнинг олий, таг-тахтнинг тоза бўлиши ва улуғзодалик ҳам манмансирашга олиб бориб қўяди. Айрим кишилар бўладики, насаби улуғ ва таги-тахти тоза хонадон вакили бўлади. Кўпинча мана шу нарсага суяниши ўзини бошқалардан юқори тутишига ва ўзидан содир бўлаётган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларни тўғри деб билишига олиб келади. Ҳолбуки, билмайдики ёки ўзини билмасликка соладики, ҳеч қандай насл-насаб ёки таг-тахт Ислом ўлчовида инсонни на юқорига кўтара олади на пастлата олади, балки фақатгина қилган амали ва тўккан терларига қараб бошқалардан афзал ва юқори бўлиши мумкин. Хуллас, насл-насабининг олийлиги ва таг-тахтининг тозалигига суяниб қолиш инсонни калондимоғликка етаклайди. Исломнинг амалга ва фақат амалга қаттиқ чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади: «Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар» (Муъминун: 101). «Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас (Нисо: 123, 124). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига «Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлганида Қурайшни тўплаб, уларга шундай мазмунда хитоб қилгандилар: «Эй Қурайш жамоаси! Ўзларингизни (дўзах азобидан) қутқаринг! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Бани Абдуманоф! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмуттолиб! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Пайғамбарнинг аммаси София! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Мол-давлатимдан хоҳлаганингни сўра! Бироқ Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сендан тўса олмайман!» (Муттафақун алайҳ, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). 8) Ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда муболаға қилиш ва ҳаддан ошишБаъзан манмансираш ва калондимоғликнинг сабаби ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлашда ҳаддан ошиш ва ўта муболаға қилиш ҳам бўлиб қолади. Дин учун амал қилувчилар ва даъват аҳли ичида шундай кишилар ҳам бўладики, ўзгалар тарафидан ҳаддан ортиқ ҳурмат-эҳтиром кўрадилар, айрим ҳолларда Ислом кўрсатмаларига зид келадиган ва шариатга хилоф бўладиган даражада улуғлаш билан улуғланадилар. Унинг олдида ҳамма қўл қовуштириб туради, унинг қўлини ўпадилар, эгилиб таъзим бажо келтирадилар, ортидан юрадилар ва ҳоказо. Ўзи ҳам бу ҳолатга кўникиб кетади-да, бу даражадаги ҳурмат-эҳтиромга фақат ўзимнинг лаёқатим ва бошқаларда бўлмаган хусусиятларим туфайли эришдим, деб ўйлаб қолади. Бу эса – Аллоҳ сақласин – охир-оқибат уни манмансирашга олиб бориб қўйиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини у зот учун ўринларидан туришдан ва ажамлар ўз подшоҳларини улуғлагандек улуғлашдан қайтаришлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким одамлар у учун ўринларидан туришларини яхши кўрса, дўзахдан жойини тайёрлаб олаверсин» (Абу Довуд Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/358, №5229). Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асога суяниб, асҳоблари олдига чиқиб келдилар. Улар у зотга пешвоз чиқиб ўринларидан турганларида: «Ажамлар бир-бирларини улуғлаб ўринларидан туришгани каби ўрнингиздан турманглар», дедилар (Абу Довуд Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/358, №5230). 9) Итоат ва бўйсунишда ҳаддан ошиш ва муболаға қилишБаъзан итоат қилиш ва бўйсунишда ҳаддан ошиш ҳам манмансираш ва ўзига бино қўйишга олиб боради. Динга амал қилувчи кишилар орасида шундайлари ҳам бўладики, одамлар унга Аллоҳнинг кўрсатмаларига мос келмайдиган даражада, ҳаддан ташқари итоат қилишади ва қаттиқ бўйсунишади. Ундан содир бўладиган ҳар бир гап-сўз ёки ишни тўғри ё нотўғрилигидан, яхши ё ёмонлигидан қатъий назар, қабул қилиб, итоат қиладилар. Бунинг натижасида нафси унга бу даражада улуғланиш ва итоат қилинишга фақат ўзининг фазилат ва хусусиятлари сабабли лойиқ бўлганини уқтиради, бу эса унда калондимоғлик ва ўзига бино қўйишни келтириб чиқаради. Исломнинг итоат ва бўйсуниш фақат маъруф-яхши ишларда бўлиши лозимлигини, гуноҳу маъсият ишларда итоат қилинмаслигини таъкидлаши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Модомики гуноҳларга буюрилмас экан мусулмон одам яхши ва ёмон кўрган нарсаларда (амирларга) қулоқ солиб, итоат этиши вожибдир. Агар гуноҳга буюрилар экан, қулоқ солиш ва итоат этиш йўқдир», дедилар (Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 3/1469, №1839). 10) Манмансираш ортидан келувчи асоратлардан ғофил бўлишБаъзан нохуш асорат ва оқибатларидан ғофил бўлиш ҳам кишини манмансирашига ва ўзига бино қўйишига сабаб бўлиб қолади. Чунки, инсоннинг ҳаётда тутган йўли кўпинча, бу йўлининг оқибат ва асоратларини идрок этиши ёки идрок эта билмаслигидан келиб чиққан бўлади. Бинобарин, динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби ўзига бино қўйиш ортидан келувчи нохуш оқибатларни олдиндан кўра билмаса, мазкур иллатга дучор бўлиб қолади, буни ўйланиб ўтиришга ва вақтини зое қилишга ҳам арзимайдиган оддий ҳолат сифатида қабул қиладиган бўлиб қолади. Ислом дини ўз асос ва мақсадларини улар ортидан келувчи асорат ва оқибатларига боғлаб кўрсатиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажаб эмас. 3. Манмансираш ва ўзига бино қўйишнинг асоратлариМанмансираш ва ўзига бино қўйишнинг исломий амалга ва амал қилувчилар шахсига қолдирадиган нохуш асоратлари ва ёмон оқибатлари борки, қуйида улардан баъзиларини кўриб чиқамиз: Амал қилувчилар шахсига қолдирадиган асоратлари1) Ғурур ва кибр тўрига илашиб қолишЧунки, манманлик ва калондимоғлик кўпинча ўз эгасини нафси ҳақида бепарво бўлишга олиб келади, уни тафтиш ва ҳисоб-китоб қилишдан тўсади. Вақт ўтиши билан бу иллат катталашиб, ўзгалардан содир бўлаётган амалларни камситиш ва паст санашга айланиб кетади. Биз кўзда тутган ғурур мана шудир. Ёки ўзини бошқалардан юқори тутишга, бошқаларнинг шахсиятларини камситишга айланиб кетади. Биз айтмоқчи бўлган кибр мана шудир. Ғурур ва кибрнинг хатарли асоратлари ва ёмон оқибатлари борки, булар ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз, иншоаллоҳ. 2) Илоҳий тавфиқдан маҳрумликЧунки, манмансираган ва ўзига бино қўйган одам ўз шахсияти қобиғига ўралиб қолади ва ҳамма нарсани ўзига нисбатлайдиган бўлиб қолади, холиқи ва яратувчисини, барча ишларини тадбир қилиб турувчи ва унга барча зоҳирий ва ботиний неъматларни инъом қилувчи Зотни унутади ёки унутгандек бўлади. Бундай одамнинг оқибати илоҳий мададдан узилиш ва қилаётган ва қўяётган ҳар бир ишида тавфиқдан маҳрум бўлиб қолиш бўлади. Чунки, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг халқидаги суннати – қонунияти шуки, У тавфиқни фақат ўз шахсиятларига суянишдан ажралган, нафсларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаган ва бутун борлиқлари билан Аллоҳ таборака ва таолога талпинган, ҳаётларини фақат У Зотнинг тоати ва хизматида ўтказган кишиларгагина ато этади. У Зот Ўзининг Китобида айтади: «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69). Шунингдек, ҳадиси қудсийда айтади: «Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлашмаган. Бандам Менга нафл амалларни қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 3) Меҳнат-машаққат пайтларида тўкилиб, сафдан тушиб қолишЧунки, кеккайган ва калондимоғ одам ўз нафсининг тарбияси билан шуғулланмаган, уни йўлда зарур бўлувчи руҳий-маънавий озуқалар билан таъминламаган бўлади. Шу боис биринчи дуч келган синов машаққатларга ҳам дош беролмай, тўкилиб, сафдан тушиб қолади. Зеро, у бемалолчилик ва осон-қулай пайтларда Аллоҳга танилиб олмадики, машаққат пайтида Аллоҳ уни таниса (яъни унга ёрдам берса). Аллоҳ таоло айтади: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128). «Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога насиҳат қилиб айтганлар: «Аллоҳни ёдда тут, У зотни рўпарангда топасан. Осон-қулай пайтда Аллоҳга танилиб ол, У машаққат пайтда сени танийди» (Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). 4) Одамларнинг ёқтирмасликлари ва нафратланишлариЧунки, кеккайган ва калондимоғ кимса бу қилиғи билан ўзини Аллоҳнинг нафратига дучор қилади. Аллоҳ кимдан нафратланса, самовот аҳли ҳам ундан нафратланадилар. Бунинг таъсирида ер аҳли ичида ҳам ундан нафратланиш пайдо бўлади. Одамлар уни ёмон кўриб қоладилар, турқини кўришга, овозини эшитишга тоқат қилолмай қоладилар. Ҳадиси шарифда келганидек: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрилга нидо қилиб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрил ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрилни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрил ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужуга келади» (Муттафақун алайҳ, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). 5) Шу дунёнинг ўзида ёки охиратда азобга ва илоҳий интиқомга дучор бўлишЧунки, калондимоғ ва манмансираган одам бу хулқи билан ўзини шу дунёнинг ўзидаёқ Аллоҳнинг азобига гирифтор этади. Бу азоб ўтган умматларда бўлгани каби ер ютиши бўлиши ёки ҳеч бўлмаганда, ҳозирги замонда бўлаётганидек, руҳий беқарорлик ва тушкунлик бўлиши мумкин. Агар дунёда азобга дучор бўлмаса, охиратда албатта азобга гирифтор этилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар: «Бир одам қимматбаҳо кийимлар кийиб, сочларини тараб, кеккайиб юриб борарди, баногоҳ, Аллоҳ уни ерга юттирди. Энди у қиёмат кунигача ернинг тубига тушиб бораверади» (Имом Бухорий (7/183) ва Имом Муслим (3/1653, 1654) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Исломий амалга қолдирадиган асоратлари1) Исломий амалга зарба етишининг ва издан чиқишининг, ҳеч бўлмаганда унинг ортга сурилишининг осонлашишиМанманлика берилганларнинг меҳнат-машаққат пайтларида йиқилиб қолишлари натижасида исломий амалда бирон самара кўриниши учун жуда кўп тер тўкилишига, кўп ҳаракатлар ва узоқ вақтларга муҳтож бўлинади. Бундай меҳнат-машаққат ва имтиҳонлар ҳақиқий амал қилувчилар билан даъвогарлар орасини ажратиб берувчи, амал қилувчилар сафлари орасига кириб қолган ёт кимсаларни кўрсатиб берувчи ўлчов вазифасини ўтайди. 2) Дўст ва ёрдамчилардан маҳрум бўлиш ёки уларнинг камайиб кетишиБу эса амал қилувчи кишиларнинг манманликка берилиб қолиши сабабли одамларнинг улардан нафратланиб ва ёқтирмай қолишлари оқибатида келиб чиқади. Бу ҳам йўлнинг яна ҳам узайишига, машаққат ва оғирликларнинг зиёда бўлишига олиб келади. 4. Ўзига бино қўйиш ва манмансираш кўринишлариУшбу иллатни қуйидаги кўриниш ва белгилари орқали билиб олиш мумкин: 1) Ўзини пок санашЯъни, одам давомий равишда ўз нафсини пок санаши ва унга мақтовлар ёғдириши, унинг қадр-қимматини керагидан ортиқча кўтариб юбориши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини унутиши ёки ўзини унутгандек тутиши: «Сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 32). 2) Насиҳатга бўйни ёр бермасликЯъни, насиҳат қилинса қабул қилгиси келмаслиги ва ҳатто нафратланиши. Ваҳоланки, бир-бирларига насиҳат қилмайдиган ва насиҳатни қабул қилмайдиган қавмларда яхшилик йўқдир. 3) Ўзгаларнинг, айниқса ўз тенгдошларининг айбу камчиликларини эшитишдан роҳатланишБу ҳам манмансираш аломатларидан саналади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тенгқурларидан бирининг айбини эшитса хурсанд бўлиш мунофиқлик аломатларидан биридир» (Муҳаммад Аҳмад Рошид, «Ал-аваъиқ»: 53- б). 5. Манманликни даволаш йўллариМанмансираш ва калондимоғлик сабаблари ва боислари билан танишиб ўтган эканмиз, энди ушбу иллатни даволаш ва унинг олдини олиш йўллари билан танишиб ўтамиз: 1) Инсон доимо ўзининг аслини ва қаердан келганини ўзига эслатиб туришиЗеро, ҳар қандай калондимоғ инсон ҳам ўзининг қовурғалари орасида олиб юрган бу нафс-жон агар унда илоҳий руҳ бўлмаса ҳеч нарсага арзимаслигини, ўзининг (яъни илк аждодининг) оёқ остидаги оддий бир тупроқдан, кейин эса кўрган одам жирканадиган нопок сувдан яралганини, яна тупроққа қайтарилишини ва ҳидидан халқлар қочадиган бадбўй жасадга айланишини тафаккур қилса, туғилганидан ўлгунига қадар қорнида ифлос чиқинди – ахлатни кўтариб юришини ва вақти-вақти билан уни ташқарига чиқариб турмаса жони роҳат топмаслигини ўйласа, бу нарса унга нафсини тийиб олишига, хато йўлидан қайтиб, манманликдан қутулишига ва қайтиб яна бу иллат тузоғига тушишдан сақланишига жуда катта ёрдам беради. Салафлардан бирлари бир кимсанинг калондимоғлик билан: «Менинг кимлигимни биласанми?!» деган саволига: «Ҳа, биламан, куни кеча нопок сув эдинг, яқинда бадбўй жасадга айланасан, ҳозир эса ичинг тўла ахлатни кўтариб юрибсан», деб жавоб берган эди. 2) Дунё ва охиратнинг ҳақиқатини ўзига эслатиб туришҲар қандай манманликка берилган одам ҳам агар дунё охиратнинг экинзори эканини (яъни дунёда қилинган ҳар қандай ҳаракат самараси фақат охиратда кўрилишини), умри ҳар қанча узун бўлмасин, бир кун албатта заволга юз тутишини, охират ҳаётигина боқий ва абадий эканини, фақат охират ҳовлисигина абадий қароргоҳ эканини тафаккур қилса, бу нарса унга ўзининг бу хулқ-атворидан бурилишига, фурсат ўтмасидан ва умри ниҳоясига етмасидан туриб нафсининг эгрилигини тўғрилаб олишига ёрдам беради. 3) Инсон ўзини бошдан-оёқ ўраб олган Аллоҳнинг неъматларини ўз нафсига эслатишиАллоҳ таоло айтганидек: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар» (Наҳл: 18), «(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20). Инсон ўзига ушбу неъматларни эслатиши уни ўзининг ожиз ва заифлигини, доим Аллоҳнинг неъматларига муҳтож эканини ҳис қилишига сабаб бўлади ва демакки, манмансираш иллатидан нафсини қутқаришига ва яна қайта унга дучор бўлмаслигига жуда катта ёрдам беради. 4) Ўлимни зикр қилиш, унинг ортидаги манзилларни ва машаққату даҳшатларни тафаккур қилишБу ҳам қалби уйғоқ бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган кишига калондимоғликдан қутулишига ва унга қарши ҳимоя воситаси пайдо қилишига кафил бўлади. 5) Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатларини кўп ўқиб-ўрганишЧунки, бу икки асосий манбада юқорида айтиб ўтилган тўртала воситага боғлиқ қаноатлантирувчи шифо ва чуқур таҳлиллар мавжуддир. Улар билан инсон – агар ўзи чин кўнгилдан истаса – ҳар қандай иллатдан халос бўлиши мумкин. 6) Илм мажлисларида иштирок этишХусусан, нафс иллатлари ва улардан халос бўлиш йўллари ҳақида борувчи суҳбатларда ҳозир бўлиш. Чунки, бу каби суҳбатлар нафснинг тозаланишига ва манманлик касалидан сақланишига катта ёрдам беради. 7) Беморлар, бошларига бало-офат тушган кишилар ва вафот этган кишиларнинг ҳолатларидан бохабар бўлишАйниқса, вафот этган кишини ювиш, кафанлаш ва дафн этишда иштирок этиш, вақти-вақти билан қабрларни зиёрат қилиш ва қабр аҳлларининг аҳволлари ва оқибатлари ҳақида фикр юритиш. Бу каби ишлар инсонни ички ҳиссиётларини қўзғотиб, манманлик, кибр каби нафс ва қалб касалликларидан қутулишига ёрдам беради. 8) Ота-оналарнинг ўзлари аввало кибр ва манманлик каби иллатлардан халос бўлишлари ва фарзандларига намуна бўлиб, ўзларидан содир бўлиб келган бу хулқ-атвор хато бўлганини ва улар бу хатоларидан қутулганликларини уларга тушунтиришлари лозим. Шунда фарзанд ҳам улардан ўрнак олиб, бу иллатдан қутулиши ва Аллоҳга тавба қилиши мумкин.9) Манмансираган ва ўзига бино қўйган кишилар суҳбатидан узилиб, тавозеълик ҳамда ўз ўринларини ва даражаларини яхши билувчи кишилар орасига қўшилишБу ҳам манманликдан қутулиш ва унинг олдини олишга ёрдам беради. 10) Мақташ, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва итоат қилишда шариат одобларига риоя қилиш, ушбу одобларга риоя қилмайдиган ҳар бир кишидан юз ўгириш ва унга қаттиқ танбеҳ бериш зарурлигиБунинг ҳам нафсни даволаш ва манманликдан халос қилишда жуда катта таъсири бўлади. 11) Бир муддат то нафснинг эгрилиги тўғриланиб, манманликдан қутулиб, шайтоннинг йўриғидан чиқиб олгунича олдинги қаторлардан ва давранинг тўридан четланиб туриш ҳам муолажани осонлаштиради.12) Салафларнинг ҳаёт йўлларини давомий ўқиб-ўрганиш, улар мана шундай ҳолатга дучор бўлган пайтларида ўз нафслари билан қандай муомала қилган эканликларини текширишЧунки, бу улардан ўрнак олиш ва уларга эргашишга, ушбу иллатни қуритиш ва олдини олишда, нафснинг яна қайта унга қайтиши йўлини тўсишда улар каби ҳаракат қилишга олиб келади. 13) Вақти-вақти билан нафсни унинг кибрини ўлдирадиган ва унга ўзининг кимлигини танитиб қўядиган ўринларга рўпара қилиб туришБу эса аксарият салафлардан содир бўлганидек, киши ўзини обрў-мартабада ўзидан паст бўлган биродарларига хизмат қилишга мажбурлаш, бозордан майда-чуйдасини ўзи харид қилишга тушиш, ўзининг юкларини ўзи кўтариш каби ишлар билан бўлиши мумкин. Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганларида йўлларидан бир кечик (яъни, сувли жой) чиқиб қолганида туяларидан тушиб, оёқ кийимларини ечиб, туяларини етаклаб, кечикдан кечиб ўтдилар. Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ у кишига: «Бугун ерликлар кўзида катта (яъни, номақбул) иш қилдингиз», деганларида, у киши кўкракларига уриб: «Эҳ, шу гап сиздан чиқмаса бўларди, эй Абу Убайда! Сизлар одамларнинг энг хорлари ва ҳақирлари эдингиз, Аллоҳ сизларни Ўз пайғамбари билан азиз қилди. Энди қачонки азизликни ундан (яъни Исломдан) бошқасидан изласангиз, Аллоҳ сизларни хор қилади», дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Ҳазрат Умар Шомга келганларида одамлар у кишининг истиқболига чиқдилар. У киши бир туяга миниб олган эдилар. Шунда: «Бир арғумоққа миниб олсангиз бўларди, Шомнинг энг катта ва обрўли кишилари сизни кутиб олишга чиқишган», дейилди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Менинг сизлар билан ишим йўқ, менинг ишим уёқ билан – шундай деб осмонга ишора қилдилар – қани, туямнинг йўлини очиб қўйинглар», дедилар» (Абу Нуъайм: «Ҳилятул-авлиё» (1/24), Ибн Касир: «Ал-бидая ван-ниҳая» (7/70)). 14) То бу офатдан халос бўлиб олгунига қадар бошқалар уни кузатиб, кўмак бериб ёнида туришлари.15) Нафсни бирма-бир ҳисоб-китоб қилиш туриш, унинг айбларидан воқиф бўлиш ва ҳали кучайиб кетмасидан туриб уни муолажа қилишга уриниш.16) Манмансираш ва калондимоғлик ортидан келувчи нохуш асоратларни англаб етишБунинг ҳам ушбу офат ва тўсиқни муолажа қилишда ва ундан сақланишда катта таъсири бўлади. 17) Аллоҳ азза ва жалладан мадад сўрашБу эса У зотга дуо-илтижо қилиш, Ундан мадад ва паноҳ тилаш, ушбу иллатдан унинг қўлини тутиб қолишини ва уни бундан поклашини сўраш, яна қайта унга тушиб қолишдан паноҳ тилаш билан бўлади. Зеро, ким Аллоҳдан мадад тиласа, У зот унга албатта мадад беради ва Ўзининг тўғри йўлига йўллаб қўяди. 18) Насаб ва обрў-эътибор қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар бир киши ўзининг ҳатти-ҳаракатларига шахсан жавобгар эканини ҳис қилишБунинг ҳам нафсни муолажа қилишда ва уни яна қайта манманлик иллатига дучор бўлиб қолишдан сақлашда катта ёрдами тегади. ОЛТИНЧИ ТЎСИҚҒУРУР – АЛДАНИБ ҚОЛИШДинга амал қилувчи баъзи кишилар мубтало бўладиган ва ундан халос бўлишга ҳамда яна қайта унга тушиб қолишдан сақланишга ҳаракат қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири ҒУРУРдир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз: 1. Ғурурнинг луғавий ва истилоҳий маъносиҒурур (الغرور) луғатда бир неча маънога далолат қилади. Улардан асосийлари қуйидагилар: а) Хоҳ ўзини, хоҳ бошқани ёки ўзини ҳам, бошқани ҳам алдаб қўйиш. Қуйидаги оятда ғурур калимаси шу маънода келган: «Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат алдов-сароб бўлиб чиқар» (Нисо: 120). б) Алданишга сабаб бўлувчи нарса маъносида. Жавҳарий айтади: «Ғурур – кишини алдаб қўядиган дунё матоларидир». Қуйидаги оятда у шу маънода келган: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гунохларни кечиб юбораверади, деб) алдовчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир: 5). Даъват аҳли истилоҳида эса «Амал қилувчи киши ўзининг амаллари билан ғурурга берилиб – алданиб қолиб, бошқаларнинг шахсиятларини айбситмаган ва ўзини улардан юқори тутмагани ҳолда бошқалардан содир бўлаётган ҳар қандай амални арзимас ва кичик санайдиган бўлиб қолиши» маъносида тушунилади. 2. Ғурурга олиб келувчи сабабларҒурур манмансирашнинг кучли кўриниши бўлганидан унга олиб келувчи сабаблар ҳам манмансирашга олиб келувчи сабаблар жумласига киради, уларга қўшимча қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин: 1) Нафсни тафтиш ва ҳисоб-китоб қилишга бепарво бўлишКўп ҳолларда нафсни тафтиш ва сарҳисоб қилишга эътиборсизлик қилиш кишининг ғурурланиб – алданиб қолишига сабаб бўлади. Баъзи амал қилувчилар мансансираш ва нафсига бепарволикка мубтало бўлиб, охир-оқибат бу иллат унинг нафсига мустаҳкам ўрнашиб олади ва бошқалардан содир бўлаётган амалларни ўзининг амалларига нисбатан жуда оз ва арзимас санайдиган бўлиб қолади ва шу билан алданиб қолади. Исломнинг энг аввал нафсни тафтиш ва сарҳисоб қилишга чақириши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18). 2) Бошқалар тарафидан бўлган эътиборсизликБаъзан атрофдаги кишилар ғурурга мойил одамнинг қўлидан тутиб, уни тергамасликлари ҳам ғурурга сабаб бўлиб қолади. Чунки, баъзи амал қилувчилар бўладики, иродаси кучсизлиги, азму қарори бўшлиги ва ҳиммати пастлиги туфайли манманликка гирифтор бўлиб қолган бўлади. Бундай одам ушбу иллатдан ўзи мустақил қутулиб кетолмайди, балки унинг ёнида туриб, ишларини текшириб, керак бўлганда тергаб турадиган кишиларга муҳтож бўлади. Бошқалар ана шу вазифани адо қилишга бепарво бўлишлари ортидан мазкур иллат унинг нафсига яна ҳам чуқурроқ ўрнашиб бораверади ва вақт ўтиши билан ғурурга – алданиб қолишга айланади. Исломнинг насиҳатга кўп эътибор қаратиши ва ҳатто диннинг ҳаммасини насиҳат деб аташи остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса керак. Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дин – насиҳат (холислик)дир», дедилар. «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўраган эдик, «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти: 1/74, 75). Исломнинг мусулмонларни ўзаро бирдам ва ҳамжиҳат бўлишга чақириғи остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз!» (Моида: 2). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан уни ўз ҳифзу-ҳимоясига олади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110). Бир ривоятда: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, унда бир айбни кўрса, тўғрилаб қўяди». 3) Динда ғулув кетиш ва уни қаттиқлаштиришДинда ғулув кетиш ва уни ўзига оғирлаштириш ҳам кишининг ғурурига сабаб бўлиши мумкин. Боиси, айрим амал қилувчилар борки, динда ғулув кетиб, яъни чуқур киришиб кетиб қолади. Бир муддат ўтгач, атрофдаги бошқа амал қилувчиларни у каби қаттиқлик йўлини тутмай, ўртачалик билан амал қилиб бораётганларини кўради-да, ғофиллигидан ёки бу диннинг табиатини идрок эта билмаганидан уларнинг амалларини сустлик ва бепарволик деб кўради. Бу гумон уни ўзи қилаётган амаллар олдида уларнинг амалларини арзимас ва ҳақир санашга олиб келади. Мана шу нарса ғурур – яъни, алданиб қолишдир. Исломнинг ўртача амал қилишга чорлаши ва динда ғулув кетишдан қайтариши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч киши Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса?», дедилар. Улардан бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар (Муттафақун алайҳ, Бухорий: 7/2, Муслим: 1/584). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мутанаттиъ (яъни, инжиқлик билан, бефойда ва майда-чуйда, на ажр ва на азобга сабаб бўладиган нарсаларни ковлаштириб юрувчи) кимсалар ҳалок бўлсин!», деб уч бора такрорлаганлар (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/2055). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар» (Имом Бухорий ривояти: 1/16). 4) Илмга, хусусан, ғариб ва камёб масалаларни ўрганишга чуқур берилиб кетиш ва амалга эътиборсиз қарашБаъзан илмга чуқур киришиб кетиш, хусусан, жуда нодир ва кам учрайдиган масалаларга шўнғиб кетиш билан амални бир четга суриб қўйиш ҳам ғурурга сабаб бўлади. Чунки, динга амал қилувчи, даъват соҳиби бўлган айрим кишилар бўладики, бор куч-ғайратини илмга сарфлаб, хусусан, нодир ва ҳаётда деярли учрамайдиган масалаларни чуқур ўрганишга берилиб кетиб, амални эътиборсиз қолдириб қўядилар. Ушбу масалаларни таҳлил қилиш асносида бошқа амал қилувчиларнинг уларга ўзи каби қаттиқ эътибор бермаётганларини ва уларни иккинчи даражали, билмаслик зарар қилмайдиган масалалар деб билишларини кўриб, уларни илми саёз ёки ўзига нисбатан илмсиз деб ўйлайди ва мана шу фикр уни охир-оқибат ўзгаларнинг амалларини паст санашга олиб келади. Мана шу нарса ғурурдир. Исломнинг ҳар доим фақат фойдали илмларни талаб қилишга чақириши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, мен фойдасиз илмдан, хушуъсиз қалбдан, тўймас нафсдан ва қабул қилинмас дуодан Ўзингдан паноҳ тилайман», дер эдилар (Имом Муслим Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/2088). Исломнинг илм амал билан бирга бўлиши кераклигигини таъкидлаши остидаги сир ҳам шу бўлса керак. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 2, 3). «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар билан тегирмон айлантираётган эшакдек айланиб юради. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидинг ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди (Имом Бухорий (4/147) ва Имом Муслим (4/2290, 2291) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). 5) Тоат-ибодатларни кўриб, гуноҳу маъсиятларни унутишБаъзан тоат-ибодатларгина кўзга кўриниб, гуноҳу маъсиятлар унутилиши ҳам ғурурга сабаб бўлади. Чунки, ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар хатодан холи эмас. Амал қилувчи киши бу қоидани унутса, кўпинча тоат-ибодатларини кўради, хато ва гуноҳларини унутиб қўяди. Оқибатда ўзининг тоат-ибодатлари билан ғурурланиб, алданиб қолади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тоат-ибодатларни адо этадиган ва уларнинг мақбул бўлмай қолишига сабаб бўладиган ишлар ўзларидан содир бўлишидан қўрқадиган мўминларни мақтаб, шундай дейди: «Албатта, Парвардигорларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилар, Парвардигорларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар, Парвардигорларига ширк келтирмайдиган кишилар, (камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган холда берадиган кишилар – ана ўшаларгина (барчадан) ўзувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар» (Муъминун: 57-61). Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «(Қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорига қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда (камбағал-бечораларга) садақалар берадиган кишилар», ояти ҳақида cўраб: «Булар ароқ ичадиган, ўғирлик қиладиганларми?», дедим. «Йўқ, эй Cиддиқнинг қизи! Улар рўза тутадилар, намоз ўқийдилар, cадақалар берадилар, лекин улардан қабул қилинмай қолишидан қўрқиб турадилар. Ана ўшаларгина яхшиликлар қилишга шошурлар», деб жавоб бердилар» (Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган: 5/327, 328 (3175-ҳ)). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалдан фориғ бўлингач, унга суяниб қолмасликка ва фақат Аллоҳнинг фазли ва раҳматига суяниш лозимлигига диққат қаратганлар. У зот: «Сизлардан ҳеч бирингизни амали асло нажотга эриштира олмайди», дедилар. «Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?», деб сўралди. «Ҳа, мени ҳам, фақат Аллоҳ мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (нажот топишим мумкин). (Амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар, мақсадга етасизлар», дедилар (Имом Бухорий (8/122, 123) ва Имом Муслим (4/2169) Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Бухорий лафзи). Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу гуноҳни ёдда тутиш ва унутишнинг инсон ҳаётига таъсирини баён қиларканлар, мана шу маънони жуда чиройли ва аниқ таърифлаб берганлар: «Мўмин киши гуноҳларини гўё унинг устига қулаш хавфи бўлган бир тоғдек кўради, фожир кимса эса гуноҳларини бурнига қўниб турган пашшадек кўриб, қўли билан шундоқ қилиб ҳайдаб юбормоқчи бўлади» (Имом Бухорий ривояти: 8/83, 84). 6) Дунёга суяниб қолишБаъзан дунёга суяниб қолиш ҳам ғурурга сабаб бўлади. Яъни, баъзи амал қилувчилар бўладики, ўзининг манмансирашга дучор бўлганини билади. Лекин, дунёга суяниб қолгани ва унга шўнғиб кетгани туфайли кўп ҳолларда ялқовлик қилиб, нафсини муолажа қилиш учун ҳимматини жамлай олмайди. Балки, муолажани кечиктириб, тавбани орқага суриб юраверади. Вақт ўтиши билан манманлик кучайиб, каттроқ иллатга – ғурурга айланиб кетади. Қуръони карим дунёни мазаммат қилиш ва одамларни уни асосий ғоя ва мақсад қилиб олишларидан огоҳлантириш орқали диққатимизни мана шу сабабга қаратади: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни хайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдовчи матодир» (Ҳадид: 20). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг, (у) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдириб (аввал — киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир» (Каҳф: 45). «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динорнинг қули, дирҳамнинг қули, латта-путтанинг қули бахтсиз бўлсинки, берилса рози бўлади, берилмаса ғазабланади! Бахтсиз бўлсин ва тузалмасин, тикон кирса чиқмасин! Аллоҳ йўлида отининг тизгинидан тутган, сочи тўзғиган, оёқларига чанг ўтирган, қўриқчиликка қўйилса қўриқчиликда бўладиган, оддий аскарлар сафига қўйилса оддий аскарлар сафида бўладиган, изн сўраса изн берилмайдиган, шафоат қилса шафоати қабул қилинмайдиган бандага жаннат бўлсин!» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча қуйидаги дуони ўқимагунларича бирон мажлисдан қўзғолмасдилар: (اللَّهُمَّ اقْسِمْ لَنَا مِنْ خَشْيَتِكَ مَا يَحُولُ بَيْنَنَا وَبَيْنَ مَعَاصِيكَ وَمِنْ طَاعَتِكَ مَا تُبَلِّغُنَا بِهِ جَنَّتَكَ وَمِنْ الْيَقِينِ مَا تُهَوِّنُ بِهِ عَلَيْنَا مُصِيبَاتِ الدُّنْيَا وَمَتِّعْنَا بِأَسْمَاعِنَا وَأَبْصَارِنَا وَقُوَّتِنَا مَا أَحْيَيْتَنَا وَاجْعَلْهُ الْوَارِثَ مِنَّا وَاجْعَلْ ثَأْرَنَا عَلَى مَنْ ظَلَمَنَا وَانْصُرْنَا عَلَى مَنْ عَادَانَا وَلَا تَجْعَلْ مُصِيبَتَنَا فِي دِينِنَا وَلَا تَجْعَلْ الدُّنْيَا أَكْبَرَ هَمِّنَا وَلا مَبْلَغَ عِلْمِنَا وَلا تُسَلِّطْ عَلَيْنَا مَنْ لَا يَرْحَمُنَا) Маъноси: «Эй Парвардигор! Бизларга Ўзингга маъсият қилишдан тўсадиган қўрқувни, бизни жаннатингга етказадиган тоат-ибодатларни, бизга дунё мусибатларини енгиллаштириб берадиган иймон-ишончни насиб этгин. Бизни то тирик эканмиз, қулоқларимиз, кўзларимиз ва куч-қувватимиз билан фойдалантиргин ва бу нарсалардан айирмагин. Бизга зулм қилган кишилардан қасос олишимизни насиб айлагин. Душманларимиз устидан бизга нусрат ато этгин. Мусибатимизни динимизда қилмагин. Дунёни энг катта ғамимиз ва илмимиздан мақсадимиз қилмагин. Бизга раҳм қилмайдиган кимсаларни устимизга ҳукмрон қилиб қўймагин» (Имом Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 5/528, № 3502). Уммат салафлари дунёга мойил бўлиш инсонни не кўйларга солишини яхши англаганлари боис ундан юз ўгирганлар ва зарурий эҳтиёжларидан ортиқ дунёни тарк этганлар. Бу нарса улардан кўпларининг тилларига ҳам жорий бўлганди. Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Дунё ортимизда қолмоқда, охират олдимиздан келмоқда. Улардан ҳа бири учун фарзандлар бордир. Сизлар охират фарзандлари бўлингиз, дунё фарзандлари бўлмангиз! Зеро, бугун фақат амал бор, ҳисоб йўқ, эртага эса амал йўқ, фақат ҳисоб бор» (Имом Бухорий ривояти: 8/110). Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дин хусусида сен билан мусобақалашмоқчи бўлган киши билан мусобақага кириш, дунё хусусида сен билан мусобақалашаман деган одамга дунёни қўйиб бер» (Иҳёу улумид-дин: 3/207). 7) Ибрат ва намуна эгалари бўлган баъзи кишиларни улар учун номуносиб бўлган ҳолатда кўришБаъзан инсон бошқаларга ибрат ва намуна бўлиб келувчи кишилардан баъзиларини вазият тақозосига кўра ёки бошқа бирон сабаб билан ўзлари учун муносиб бўлган ҳолатдан бошқача ҳолатда кўради. Яъни, доим нафс тизгинини маҳкам тутиб, айрим мубоҳ нрсалардан ҳам ўзини тийиб келган кишини баъзи енгилликларни ва шароит тақозосига кўра рухсат (енгиллик) берилган ишларни қилаётганига гувоҳ бўлади. Шунда уларни ўзига ўрнак билиб, улардан намуна олиб юрган киши агар илми ва тушунчаси пастроқ бўлса ёки тарбияси комил бўлмаса, уларни амалда ўзидан анча паст даражада деб гумон қила бошлайди ва бу гумони охир-оқибат уни манмансирашга ва ғурурга олиб келади. Исломнинг бандани туҳматга қолиш ўринларидан узоқроқ бўлишга ва бировлар ёмон гумон қилиши мумкин бўлган ишлардан ўзини эҳтиёт қилишга чақириши остидаги сир ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофдалик пайтларида, бир оқшом у кишини зиёрат қилгани келиб, гаплашиб ўтирдим. Кейин уйга қайтмоқчи бўлиб қўзғолганимда – масканим Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди – Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам кузатиб қўйгани турдилар. Шу пайт ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, қадамларини тезлатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қараб: «Шошманглар, бу Софийя бинт Ҳуяй», дедилар. Улар: «Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ, (сиз ҳақингизда ёмон гумонда бўлармидик?)», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон инсоннинг қон томирларида юради, шунинг учун сизларнинг қалбингизга ёмон гумонни солиб қўйишидан қўрқдим», дедилар (Муттафақун алайҳ). Язид ал-Асвад розияллоҳу анҳу болалик пайти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиганини эсларкан, шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач, кўрдиларки, икки киши масжиднинг четида намоз ўқимай ўтиришибди. Уларни ҳузурларига чорладилар. У иккиси қўрқиб, қалтираган ҳолда келдилар. Улардан: «Нега биз билан намоз ўқимадинглар?», деб сўрадилар. Улар: «Қўноғимизда ўқиб олгандик», дейишди. «Ундай қилманглар, агар бировингиз қўноғида намоз ўқиб олган бўлса, сўнг имом (жамоат билан) намоз ўқиётганини топса, у билан бирга ўқисин, бу унга нафл бўлиб қолади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Абу Довуд (1/163), Термизий (1/424-426, №219) ва Насоий (2/87) ривоятлари). Шунинг учун Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар: «Бу – яъни, кишини туҳмат ва ёмон гумон ўринларига тушириб қўядиган ишлардан эҳтиёт бўлиш – уламолар ва уларга эргашган кишилар шаънида яна ҳам таъкидлироқ бўлади. Улар иложи борича ёмон гумон қилиниш ўринларидан сақланишлари лозим бўлади. Чунки, бу уларнинг илмларидан фойдаланишни йўққа чиқариши мумкин. Бинобарин, айтадилар: қози ҳукм қилинувчи шахсга ҳукм қилиниши сабабини – агар у буни билмаса – албатта баён қилиб бериши шарт бўлиб, бу қозидан адолатсиз ҳукм қилиш туҳматини кетказилишига сабаб бўлади. 8) Баъзи амал қилувчи кишиларнинг ўз амалларини яширишга қаттиқ уринишлариБаъзи амал қилувчи кишиларнинг ўз амалларини яширишга қаттиқ уринишлари ҳам бошқаларнинг ғурурга берилишларига сабаб бўлиб қолади. Чунки, баъзи амал қилувчилар бўладики, ихлос маъносини рўёбга чиқариш мақсадида ўзларидан содир бўладиган амалларни имкон қадар махфий тутишга уринадилар ва кўп амаллари зоҳир бўлмай қолади. Буни кўрган айрим тарбияси комил бўлмаган кишилар уларнинг амалларини ўз амалларидан паст кўра бошлайдилар ва бу уларни ўзларига бино қўйишга ва ғурурга олиб бориб қўяди. Исломнинг яхши амалларни ошкор қилишга чорлаши остидаги сир – одамларнинг ўрнак олишларига сабаб бўлиб қолишидан ташқари – мана шу сабабга ишора қилиш учун бўлса керак. Аллоҳ таоло айтади: «Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз — бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Бақара: 271). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража ортиқдир» («Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган). «Ким Исломда яхши бир ишни йўлга қўйса, унга шу ишнинг ва ўзидан кейин шу ишга амал қилган кишиларнинг савоби ҳеч кам бўлмай берилади. Ким Исломда ёмон ишни бошласа, унга шу ишнинг ва ўзидан кейин шу ишга амал қилган кишиларнинг гуноҳи ҳеч кам бўлмай берилади» (Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 9) Баъзи ўрнак ва намуна эгаларининг ўзларига эргашган кишиларга бир хил муносабатда бўлмасликлариБошқаларга ўрнак ва намуна бўлиб турувчи баъзи кишилар баъзан ўзларига эргашган ва улардан ўрнак оладиган одамларнинг ҳаммаси билан ҳар доим ҳам бир хил муомала қила олмайдилар. Улардан айримларини ўзларига яқин олиб, уларга кўнгилларини очиб, уларнинг баъзи хато ва камчиликларидан кўз юмишади. Ваҳоланки, бошқа баъзиларига бу хилда муомала қилмасдан, уларни ўзларига яқин олмайдилар ва озгина хатоларини ҳам кўрсатиб, танқид қиладилар. Йўлбошчиларининг муомаласидаги бу фарқлиликни кўрган биринчи турдаги кишилар ичидаги тарбияси комил бўлмаган баъзилари бундай илиқ муомалага ўзларида бўлган қобилият ва лаёқат туфайли лойиқ кўрилганларини гумон қиладилар. Бу гумонлари охир-оқибат уларни манмансирашга ва ғурурга берилишга олиб бориб қўйиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз асҳобларига бир хилда муомала қилишга қаттиқ эътибор беришлари орқали мана шу нарсанинг олдини олишга ҳаракат қилганлар. Зеро, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ҳар бир суҳбатдошга диққат-эътибор қаратар ва у зот билан ўтирган ҳар бир киши у зот наздиларида бошқа бировни ўзидан кўра ҳурматлироқ деб билмасди» (Имом Термизий «Шамоил»да Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Зарурат туфайли ҳаммага бир хил муомала қилиш имкони бўлмаган ва суҳбатдошлари бунинг сабаби ва ҳикматини тушуниб етмаган пайтларда бу ҳақда очиқ баён қилиб берардилар. Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (5-10 кишилик) бир жамоатга (садақа молларидан) бердилар, мен ҳам ўтирган эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига бермадилар, ваҳоланки у улар ичида мен энг ёқтирган киши эди. Мен: «Ё Расулуллоҳ, нима учун фалончига бермадингиз, Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб биламан?» дедим. «Балки мусулмондир» дедилар. Бироз жим турдим, сўнг у одам ҳақида билганларим ғолиб келди-да, яна қайтиб: «Нима учун фалончига бермадингиз, Аллоҳга қасамки, мен уни мўмин деб биламан?» дедим. «Балки мусулмон (деб биларсан?)» дедилар. Кейин у ҳақида билганларим ғолиб келиб, яна бояги гапимни қайтардим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳалиги сўзларини қайтардилар. Сўнг: «Эй Саъд, албатта, мен бир кишига – бошқаси менга ундан кўра суюмлироқ бўлса-да – Аллоҳ уни дўзахга улоқтиришидан қўрққаним учунгина бераман», дедилар (Имом Бухорий ривояти: 1/13-14). ЕТТИНЧИ ТЎСИҚТАКАББУРЛИКАйрим амал қилувчи кишиларга етадиган ва ҳаётларига катта таъсир кўрсатадиган, ундан қутулиш учун ҳаракат қилишлари, унга қарши ўзларида ҳимоя воситаси пайдо қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири такаббурлик иллатидир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз: 1. Луғавий ва истилоҳий маъносиТакаббурлик (التكبر) луғатда ўзини катта тутиш, кибру ҳавога интилиш маъноларини англатади. Қуйидаги оятда у шу маънода келган: «Энди Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган... кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман» (Аъроф: 146). Даъват аҳли истилоҳида эса амал қилувчи киши бошқаларни камситадиган суратда ўзини катта тутиши, уларнинг шахсиятларини ерга уриши ва улардан насиҳат қабул қилишни ор санаши маъносида қўлланилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган киши жаннатга кирмайди», дедилар. Шунда бир киши: «Бир одам кийими яхши бўлиши ва пойафзали бежирим бўлишини яхши кўради (шу нарса кибрми?), деди. «Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради, (у кибр эмас). Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларни назар-писанд қилмасликдир», дедилар (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/93, №147). 2. Такаббурлик билан иззат ўртасидаги фарқТакаббурлик билан иззат (азизлик) ўртасида катта фарқ бор. Такаббурлик – ботил билан катталик қилиш, иззат эса ҳақ билан олийлик исташдир. Ёки бўлмаса, такаббурлик неъматни инкор қилиш, иззат эса юқоридаги ҳадисда айтилганидек, неъматни эътироф қилишдир. 3. Такаббурликка олиб келувчи сабабларТакаббурлик бошқаларни камситиш ва ўзини бошқалардан катта тутиш маъносида бўлганидан унга олиб келувчи сабаб ва боислар ҳам юқорида зикр қилиб ўтганимиз манманлик ва ғурур сабабларининг айни ўзидир. Бунга қўшимча қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: 1) Бошқаларнинг ҳаддан ортиқ тавозе қилишлариБошқаларнинг ҳаддан ортиқ тавозе қилишлари ва нафсларини синдиришга ҳаракат қилишлари ҳам бир кишининг такаббурлигига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Яъни, баъзи кишилар бўладики, қаттиқ тавозе қилиб, ясан-тусан ва чиройли кийимлардан ҳам парҳез қиладилар, бирон масалада фикр билдиришдан ўзларини четда тутадилар, масъулиятли лавозимга интилишдан ёки омонатни бўйинга олишдан воз кечадилар. Шунда ишнинг моҳиятини тушуниб етмаган айрим кимсалар кўнглига шайтон васваса қилиб, бошқаларнинг ушбу ишлардан четланишлари қўллари қисқалиги туфайлидир, агар шундай бўлмаса ҳеч қачон бу ишдан юз ўгиришмаган бўларди, деган фикрни сингдиради. Мана шу фикр мустаҳкам ўрнашиб олгач, улар бошқаларга камситиш ва масхара назари билан қарай бошлайдилар, шу билан бирга ўзларини улардан катта тута бошлайдилар. Бу билан чекланиб қолмасдан, имкони бўлган ҳар бир фурсат ва ҳар бир муносабатда буни билдиришга ҳаракат қиладилар. Мана шу нарса такаббурликдир. Қуръони Карим ва суннати набавия Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлашга чорлаши орқали айни шу сабаб ва боисга диққат қаратади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизнинг неъмати ҳақида эса, (кишиларга доимо) сўзланг!» (Ваз-зуҳа: 11). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради» (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/93, №147). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларидан: «Бизларни Сенинг неъматларингга шукр қилувчи, улар туфайли Сенга ҳамду сано айтувчи ва уларни қабул қилувчи қилгин ва неъматларингни бизга тўла-тўкис қилгин» (Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Молик ибн Назла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жулдур кийимда борганимда у зот: «Мол-дунёинг борми?», деб сўрадилар. «Ҳа», дедим. «Қайси туридан бор?», дедилар. «Аллоҳ менга туялар, қўй-эчкилар, отлар, қуллар ато этган», дедим. «Аллоҳ сенга мол берга бўлса, Аллоҳнинг неъмати ва фазли карами асари сенда кўринсин», дедилар (Абу Довуд ривояти: 4/51, №4063). Умматнинг салафлари буни жуда яхши англаганлар ва Аллоҳнинг ўзларига берган неъматлари ҳақида кўп сўзлардилар, бунга беэътибор қараган одамни айблардилар. Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Агар бирон яхшиликка эришсанг ёки бирон яхши амал қилсанг, буни ишончли биродарларингга айтгин» (Қуртубий, «Ал-жамиъ ли-аҳкамил-Қуръан: 20/102). Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний айтадилар: «Кимга бир яхшилик ато этилган бўлса-ю, унда (асари) кўрилмаса, у Аллоҳнинг ёмон кўрган бандаси ва Аллоҳнинг неъматларига адоват қилувчи деб номланади» (Қуртубий, «Ал-жомиъ ли-аҳкамил-Қуръан: 20/102). 2) Одамлар орасида афзаллик борасидаги ўлчов ва меъёрларнинг издан чиқишиБаъзан одамлар орасида афзаллик борасидаги ўлчов ва меъёрларнинг издан чиқиши ҳам такаббурликка сабаб бўлади. Яъни, одамлар орасида жаҳолат ҳукм сурганидан афзал санаш ҳақидаги ўлчовларга халал етади. Кўрасизки, бой-бадавлат одамни бошқалардан афзал санаб, уни – ҳатто осий ва Аллоҳнинг ибодатидан бегона бўлса ҳам – ҳаммадан муқаддам қўйишади. Ваҳоланки, дунё жиҳатидан омади келмаган камбағал одамни – ҳатто тоат-ибодатли ва Аллоҳнинг йўлида маҳкам бўлса ҳам – ҳақир ва паст кўришади. Мана шу муҳитда яшаб турган одам албатта, бундан таъсирланмай иложи йўқ – Аллоҳ сақлаганлар бундан мустасно – ва бу таъсирланиш бошқаларни камситиш ва ўзини улардан юқори тутишда кўринади. Қуръон ва Суннат мазкур жоҳилона ўлчову меъёрларни рад қилиб, унинг ўрнига соғлом ўлчов ва меъёрларни ўрнатиб бериш орқали мана шу сабаб ва боисга ишора қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Улар Биз уларга мол-давлат ва фарзандлар ато этишимизни улар учун яхшиликларни тезлатишимиз деб ўйлайдиларми? Йўқ, улар (буни ғафлатлари янада зиёда бўлиши учун қилинаётганини) сезмайдилар» (Муъминун: 55, 56). «Яна улар: «Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз (иймон келтирганлардан кўра) кўпроқ, (бинобарин) бизлар азобланувчи эмасдирмиз», дедилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар». На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар — ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар» (Сабаъ: 35-37). «Бир бадавлат одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан ўтган эди, у зот: «Бу одам ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Совчи қўйса куёв қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати мақбул саналишга, гапирса гапига қулоқ солинишга муносиб одам», деб жавоб беришди. У зот индамадилар. Кейин мусулмонларнинг камбағалларидан бўлган бир одам ўтиб қолди. У зот: «Бу одам ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. «Совчи қўйса рад қилинишга, бировнинг ўртасига тушса шафоати мақбул саналмасликка, гапирса гапига қулоқ солинмасликка лойиқ одам», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу ер юзи тўла ҳалигинга ўхшаганлардан кўра яхшидир», дедилар» (Муттафақун алайҳ, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). 3) Ўзидаги неъматни бошқалардаги неъматга таққослаши, бироқ бу неъматни ато этган Зотни унутишиБаъзан инсон ўзида бўлган неъматни бошқалардаги неъматга солиштириб кўриши, бироқ ушбу неъматни инъом этган Зотни унутиши ҳам такаббурликка сабаб бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло айрим бандаларига бошқаларга бермаган даражада тўкин-сочин неъматлар ато этади, сиҳат-саломатлик, яхши жуфтиҳалол, фарзандлар, мол-дунё, обрў-эътибор, илм, чиройли сўзлаш ва ёзиш, китоб таълиф қилиш, етакчилик ва таъсир ўтказиш қобилияти, ёрдамчи ва тобеъларининг кўп бўлиши каби неъматларини ёғдиради. Банда эса мана шу неъматлар ёғдусида кўзи қамашиб, уларни инъом этувчи Зотни унутиб қўяди, ўзида бўлган неъматлар билан бошқалар қўлидаги неъматларни солиштириб кўриб, уларни ўзидагига нисбатан озлигини кўргач, бошқаларни ўзидан паст кўра бошлайди. Мана шу нарса такаббурликдир. Қуръони карим икки узумзор боғ эгаси ҳақидаги қиссани келтириш орқали мазкур сабабга диққат қаратади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кофирларга) икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг. Улардан бири учун икки узумзор боғ қилиб, у иккисини хурмозор билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик. Ҳар икки боғ ҳосилларини бекаму кўст берар, Биз уларнинг ўртасидан бир анҳор ўтказган эдик. Яна унинг (ўша кишининг) мол-давлати ҳам бор эди. Бас, у биродарига мақтаниб: «Менинг мол-дунёим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ, қувватлироқ», деди» (Каҳф: 32-34). 4) Неъматнинг давомийлигини ва ҳеч қачон завол бўлмаслигини гумон қилиб қолишБаъзан инсон ўзидаги неъматнинг давомийлигини ва ҳеч қачон завол бўлмаслигини ўйлаб қолиши ҳам унинг такаббурлигига сабаб бўлади. Баъзи одамлар бўладики, мўл-кўл дунё неъматларига эришган бўлади. Ушбу неъматлар таъсирида уларнинг давомий бўлаверишини ва ҳеч қачон ўзидан айрилмаслигини гумон қилиб қолади ва бу гумон уни такаббурликка ва бошқалардан ўзини устун кўришга олиб келади. Икки узумзор боғ соҳиби қиссасида айтилганидек: «Ва (кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ – менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ва Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб ўйлайман. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат - бахтни топурман» (Каҳф: 35, 36). Аллоҳ таоло инсон ҳақида айтганидек: «Қасамки, агар унга бирон бало-кулфат етганидан сўнг Биз Ўз томонимиздан бўлган бирон марҳаматни тотдирсак албатта у «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди). Мен (Қиёмат) Cоати қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (мабодо Қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам ҳеч шак-шубҳасиз Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат) — жаннат бўлур», дер» (Фуссилат: 50). 5) Бир ёки бир неча фазилатни бошқалардан илгарироқ қўлга киритган бўлишБаъзан илм, даъват, жиҳод, тарбия каби бир ёки бир қанча фазилатларда бошқалардан пешқадам бўлиш ҳам кибрга сабаб бўлади. Яъни, тақдир тақозоси билан баъзи кишилар мазкур яхшилик хислатларига бошқалардан кўра илгарироқ қадам қўйган бўладилар-да, ўзларидан кейин бу фазилатли ишларга киришганларга камситиш назари билан қарайдиган бўлиб қолишади, кибр билан: «Бугун амал майдонида юрганлар ким бўлибди, биз тиканли сўқмоқлардан юриб, не-не машаққатлар чекиб, бу йўлларни очган пайтимизда улар ҳали оналарининг қорнида ҳам йўқ эдилар», дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир ишда бошқалардан пешқадам бўлиш агар сидқу ихлос билан бўлмаса, ҳеч қандай эътибори ва қиймати бўлмаслигини баён қилиш орқали мана шу сабабга диққат қаратади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 8-10). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мазкур зотларнинг пешқадамликларига фақатгина улар ўз сидқу ихлослари ва ҳақда сабот билан туришларига тақдим қилган далиллар орқали, яъни, ҳижрат, ҳаққа нусрат ва мадад кўрсатиш, мўминларнинг йўлига эргашиш, Аллоҳ билан чиройли боғланиш, фазл эгаларини таниш ва ҳоказо ишлар орқали назар солди. Шундай қилиб, «Афзаллик пешқадамлар учун эмас, балки содиқлар учундир» деган қоида Исломнинг асосий қоидаларидан бирига айланди. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб: 23). 6) Такаббурликнинг асоратларидан ғофил бўлишБаъзан ерда ноҳақлик билан кибр қилиб юриш ортидан келувчи нохуш асоратлар ва ҳалокатли оқибатлардан ғофил бўлиш ҳам такаббурликка сабаб бўлади. Чунки, кимда ким бирон иллат ёки офатнинг зарарли оқибатидан ғофил бўлса, бир кун унга гирифтор бўлишидан хотиржам бўлинмайди. Ўзи буни сезганида эса аллақачон вақт ўтган ва дард оғирлашган бўлади. 4. Такаббурликнинг кўринишлариТакаббурликнинг бир талай кўринишлари мавжудки, биз улардан баъзиларини кўрсатиб ўтамиз: 1) Кеккайиб, кибр билан бўйнини буриб ва юзини ўгириб юриш. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида ўзи билмаган ва (Ҳақ йўлига) ҳидоят топмаган ҳолида, бирон нурли Китобсиз (яъни аниқ ҳужжатсиз, Тўғри йўлдан) бўйин буриб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан оздириш учун Аллоҳ хусусида мужодала қиладиган кимсалар ҳам бордир» (Ҳаж: 9). «Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Ҳадид: 23). «Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон: 18). 2) Насиҳатни қабул қилмаслик, ҳақдан бўйин товлаш ва имкон топса фасод тарқатишга уриниш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди (Бақара: 204-206). 3) Оғиз тўлдириб, ҳеч кимга гап бермасдан гапни олиб қочиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло худди сигир тили билан (хашакни) ямлаганидек тили билан (гапни) ямлайдиган (яъни, оғзини тўлдириб гапирадиган) гапдон кишини ёқтирмайди» (Абу Довуд (4/301, 302, №5005), Термизий (5/141, №2853), Аҳмад (19/271) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга энг суюмли бўлганингиз ва қиёмат куни менга яқин ўринда турадиганингиз ахлоқи гўзал бўлганларингиздир. Мен учун энг ёқимсиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ ўринда турадиганингиз вайсақи, мақтанчоқ ва мутакаббир кимсалардир» (Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 4) Кибр ва манманлик билан кийимини судраб юриш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло кийимини кибр билан судраб юрган кимсага қиёмат куни боқмайди». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Изоримнинг бир тарафи судралиб қолган бўлади, мен уни (кейин) билиб қоламан», дегандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз буни кибр билан қилувчилардан эмассиз», дедилар (Абу Довуд «Сунан»да (4/56-57) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 5) Одамлар унга пешвоз чиқиб кутиб олишларини ва унинг олдида қўл қовуштириб туришларини исташ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким одамлар у учун ўринларидан туришларини яхши кўрса, дўзахдан жойини тайёрлаб олаверсин» (Абу Довуд Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/358, №5229). 6) Юришда, ўтиришда, сўзлашда ё бошқа ишларда бошқалардан муқаддам бўлишни исташ. 5. Такабурликнинг асоратлариЕрда ноҳақ кибру ҳаво билан юришнинг амал қилувчилар шахсига ва исломий амалга зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари бор. Амал қилувчиларга қолдирадиган асоратлари1) Ибрат назари билан боқишдан маҳрумликТакаббурлик ўз эгасига қолдирадиган асоратлардан бири ибрат назари билан боқишдан маҳрумликдир. Яъни, мутакаббир кимса ўзининг кибру ҳавоси ва калондимоғлиги билан ўзи билиб-билмай улуҳият мақомига тажовуз қилиб қўяди ва бунинг жазосини тортади. Бу жазоларнинг энг биринчиси – Аллоҳ таолонинг борлиқдаги ва инсон вужудидаги аломат ва мўъжизаларини кўриш ва улардан ибратланишдан маҳрум бўлиб қолишидир. Аллоҳ таоло айтади: «Осмонлар ва Ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар» (Юсуф: 105). Ким ибрат назари билан қарашдан маҳрум бўлса, унинг оқибати ҳалокат ва очиқдан-очиқ зиёндир. Чунки, бундай одам умрининг охиригача ўзининг айбу хатоларига ғарқ бўлиб қолаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Оли Имрон» сурасининг охирроғида келувчи қуйидаги: «Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб турувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!» (Оли Имрон: 190, 191) оятларни ўқигач: «Ушбу оятларни ўқиб туриб, кейин улар ҳақида тафаккур қилмаган кимсанинг ҳолига вой бўлсин!», деганлар. (Ибн Касир «Тафсир»да Оиша розияллоҳу анҳо ривояти билан келтириб, Ибн Мардавайҳ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонга нисбатлаган). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу асорат хусусида қуйидаги оятларида ҳам очиқ-ойдин баён қилган: «Энди Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят-мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, тўғри — ҳақ йўлни кўрсалар уни (ўзлар учун) йўл қилиб олмайдиган, агар залолат — нотўғри йўлни кўрсалар, уни йўл қилиб оладиган кимсаларни Ўз оят-мўъжизаларимдан буриб юборурман (яъни англаб етмайдиган қилиб қўюрман)» (Аъроф: 146). 2) Беқарорлик ва руҳий безовталикТакаббурликнинг амал қилувчилар шахсига қолдирадиган асоратларидан яна бири безовталик ва руҳий беқарорликдир. Чунки, кибр-ҳаволи инсон ўзидаги калондимоғлик рағбатини қондириш учун одамларнинг доимо унга бош эгиб туришларини ва уларнинг жиловлари доимо ўзининг қўлида бўлишини истайди. Бироқ, эътиборли ва шарафли инсонлар унинг истакларига бўйин эгмасликлари туфайли унда қониқмаслик пайдо бўлиб, охир-оқибат бу руҳий беқарорлик ва безовталикка олиб келади. Боз устига, мутакаббир кимса ўзи билан ўзи ўралашиб, Аллоҳни таниш ва Уни зикр қилишдан тўсилади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан»» (Тоҳа: 124-126). «Кимки Парвардигорининг зикридан — Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар» (Жин: 17). 3) Айбу нуқсонлардан халос бўлмасликТакаббурликнинг амал қилувчига қолдирадиган асоратларидан яна бири шуки, мутакаббир одам ўзини ҳамма соҳада мукаммалликка эришган деб ҳисоблагани учун нафсини тафтиш қилиб, унинг заиф қирраларини билиб олишга ва ислоҳ қилиш керак бўлган тарафларини ислоҳ қилишга уриниб ҳам кўрмайди. Шунингдек, бошқаларнинг насиҳат ва йўл-йўриқларини ҳам қабул қилмайди. Бинобарин, умрининг охиригача айбу нуқсонларга ғарқ бўлиб қолаверади ва охир-оқибат дўзахилар билан бирга дўзахга дохил бўлади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» (Каҳф: 103, 104). «Йўқ! Кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда абадий қолажаклар» (Бақара: 81). 4) Жаннатдан маҳрум бўлиб қолишТакаббурликнинг амал қилувчиларга қолдирадиган асоратларидан яна бири – жаннатдан маҳрумликдир. Бундай бўлиши табиий. Чунки, кимда ким улуҳият мақомига тажовуз қилса ва ўзининг жинояту разолатлари билан қолаверса, савоб ва мукофотга лойиқ бирон яхшилик қилмасдан ҳаётдан ўтса, ундай кимса абадул-абад ёки вақтинча бўлса-да жаннатдан маҳрум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: Ғолиблик Менинг изорим, кибриё (мутакаббирлик) ридоимдир, ким (улардан бирортасини) Мен билан талашса, уни азобга гирифтор қиламан» (Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган киши жаннатга кирмайди» (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). «Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайинми?! Улар дили қаттиқ, манман ва мутакаббир кимсалардир» (Муттафақун алайҳ, Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). Исломий амалга қолдирадиган асоратлари1) Мададкор ва кўмакчиларнинг камайиши, бўлиниш ва тарқоқлик вужудга келишиЧунки, инсон қалби юмшоқкўнгил ва табиати мулойим бўлган, юқоридан туриб эмас, пастдан қарайдиган кишиларни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Ўзини катта тутадиган ва юқоридан туриб муомала қиладиган, камситиб, ҳақир санайдиган кишиларни ёмон кўради ва улардан нафратланади, ундай кишилардан узоқлашишга ҳаракат қилади. Бинобарин, такаббурлик сабабли исломий амал бир томондан ёрдамчилардан маҳрум бўлиб қолса, иккинчи томондан ёрдамчи ва кўмакчилар орасида бўлиниш ва тарқоқлик вужудга келади. Исломий амал ташқи томондан ёрдамчилардан маҳрум бўлиб, ички томондан заифлашув ҳолатига дуч келгач, унга зарба етиши ва анчагина орқага кетиши осонлашади, бирон самара кўриниши учун жуда кўп тер тўкилишига, кўп ҳаракатлар ва узоқ вақтларга муҳтож бўлинади. Қуръони карим мунофиқлар ҳақида сўзларкан, мана шу нуқтага эътибор қаратади: «...ва уларни кибр-ҳаво қилган ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсиз» (Мунофиқун: 5). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло менга ваҳий қилиб тавозеъли бўлишларингизни буюрди. Биров бировга кибр қилмасин, биров бировга тажовуз қилмасин» (Имом Муслим Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 2) Илоҳий мадад ва кўмакдан маҳрумликЧунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қонунияти шуки, У Ўзининг нусрати ва мададини фақат нафсларини букиб олган ва ундан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаган, нафақат шайтоннинг, балки ўз нафсларидан нафсларининг насибасини ҳам чиқариб ташлаган кишиларга ато этади. Мутакаббирлар эса нафслари йўғонлашиб кетган кишилардир. Бундай сифатдаги кишилар Аллоҳнинг мададига ва қўллаб-қувватлашига лойиқ эмаслар. Аллоҳ таолонинг: «Ахир Аллоҳ Бадр жангида кучсиз бўлсангиз-да, сизларни ғолиб қилди-ку» (Оли Имрон : 123) оятининг мафҳуми ҳам шу бўлса керакки, У Ўзининг нусратини уларнинг мискинлик, тавозеълик ва нафсларини букиб олганлик ҳолатларига боғлаб баён қилди. Агар шундай ҳолда бўлмаганларида балки уларга нусрат ато этилмаган бўлиши мумкин эди. Такаббурликни муолажа қилиш йўллариНафслар такаббурликдан бутунлай халос бўлиши ва унга яна қайтиб мубтало бўлмаслиги учун бир неча ишларга эътибор бериш лозим: 1) Нафсга такаббурликнинг оқибат ва асоратларини эслатиш, бу оқибат ва асоратлар шахсга алоқали бўладими, исломий амалга таллуқли бўладими, дунёвий зарарларми, ухровийми, ҳеч биридан ғофил бўлмаслик. Шояд, мана шундай эслатиш нафсни ички тарафидан ҳаракатга келтирса, уни тавба қилишга ва умр зое бўлиб, фурсат ўтмасидан туриб ўз ишини ўнглаб олишига олиб келса ажаб эмас. 2) Беморларни, балою офатга мубтало бўлганларни бориб кўриш, ўлим соати яқинлашган кишилар устида ҳозир бўлиш, жанозаларда иштирок этиш, қабрларни зиёрат қилиш. Мазкур ишлар ҳам нафсни ички тарафдан ҳаракатга келишига ва тавба ва тазарру билан Раббига қайтишига сабаб бўлса ажабмас. 3) Мутакаббир кимсалар суҳбатидан қочиш, тавозели кишилар даврасига қўшилиш. Бу ҳам кунлар ўтиши билан ўз таъсирини кўрсатиши ва натижада нафс ўзининг табиий тозалигига ва фитрий поклигига қайтиши мумкин. 4) Заифу нотавон, камбағал-мискин одамлар билан бирга ўтириш, улар билан бирга еб-ичиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар, шунингдек улардан кейинги салафи солиҳлар ана шундай қилардилар. Бу ҳам нафсни тозалаб, уни залолатидан қайтариб, тўғриликка бошлайди. 5) Нафс ҳақида, борлиқ ҳақида, инсонни бошдан-оёқ ўраб олган неъматлар ҳақида тафаккур юритиш, уларнинг қаердан келганини, бандалар бу неъматларга нима билан сазовор бўлишаётганини, агар ушбу неъматлардан биргина неъмат ундан олиб қўйилса, ўзининг ҳоли нима кечиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриш ҳам нафсни ҳаракатга келтириши, тавба сари йўналтириши мумкин. 6) Мутакаббир кимсалар ҳақидаги хабарлардан воқиф бўлиш, Иблисдан тортиб, асрлар мобайнида ўтган Намруд, Фиръавн, Ҳомон, Қорун, Абу Жаҳл, Убай ибн Халаф ва бошқа золим, зўравон ва мутакаббир кимсаларнинг дунёдаги ҳоллари қандай бўлгани ва оқибатлари қандай ниҳоя топгани ҳақидаги қиссалардан бохабар бўлиш. Бу ҳам нафсга қўрқув киришига ва оқибати уларнинг оқибатига ўхшаб қолмаслиги учун тезроқ тавба қилишига ва Раббига қайтишига сабаб бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китоби, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, таржимаи ҳол ва тарих китоблари бунга жуда катта ёрдам беради. 7) Зиёли ва ишончга сазовор уламоларнинг илм мажлисларида иштирок этиш, хусусан нафс тарбиясига оид суҳбатларида қатнашиш ҳам кўнгиллар юмшаб, диллар мулойим тортишига ва нафслар тузалишига сабаб бўлади. 8) Кўпчилик одамларнинг ғурури йўл бермайдиган баъзи шаръий жоиз бўлган ишларни қилишга ўз-ўзини мажбурлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоби киромлар ва салафи солиҳлар қилганларидек, гарчи хизматкори бўлса ҳам, бозордан майда-чуйдасини ўзи харид қилишга тушиш, ўзининг юкларини ўзи кўтариш ва у билан одамлар ичида юриш каби ишлар билан машғул бўлиш ҳам нафсни тозалаш ва тарбиялашга, уни ўзининг табиий ҳолатига қайтаришга катта ёрдам беради. 9) Ўзи камситган, мазах ва масхара қилган кишисидан узр сўраш, керак бўлса юзини ерга қўйиб, унинг қасос олишига имкон яратиб бериш. Абу Зар розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни «қора хотиннинг боласи» деб айблаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга танбеҳ берганларидан кейин у Билол олдига бориб ана шундай қилган эди. 10) Аллоҳ ато этган неъматларни инсонларга кўрсатиш ва улар ҳақида сўзлаш. Хусусан, мутакаббир одамлар орасида шундай қилинганда бу уларнинг ўзларига келишларига ва тавба қилиб, Раббиларига қайтишларига сабаб бўлиб қолиши мумкин. 11) Исломдаги афзаллик ҳақидаги меъёр ва ўлчовларни эслатиш: «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Барчангиз Одам фарзандларисиз, Одам эса тупроқдан яратилган. Аждодлари билан мақтанадиган кишилар ё бу ишларидан тийиладилар ё эса Аллоҳ наздида гўнгқўнғизлардан кўра ҳам хорроқ бўладилар» (Ибн Касир «Тафсир»да (4/217) Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, Абу Бакр ал-Баззорга нисбатлаган). 12) Тоат-ибодатларда бардавом бўлиш ва бу билан фақат Аллоҳ юзини мақсад қилиш билан ҳам нафс барча разолатлардан тозаланиб боради. САККИЗИНЧИ ТЎСИҚ
РИЁ ВА СУМЪА Динга амал қилувчи баъзи кишилар мубтало бўладиган ва ундан қутулишга ҳаракат қилишлари зарур бўлган, акс ҳолда ҳамма саъй-ҳаракатлари дунё-ю охиратда бекор кетадиган энг хатарли тўсиқлардан яна бири риё ва сумъадир. Ушбу тўсиқнинг белги ва қирралари ҳақида, шунингдек, унинг асоратлари ва ундан қутулиш йўллари борасида дурустроқтасаввурга эга бўлиш учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз: 1. Риё ва сумъа маъносиРиё (الرياء) «кўрсатиш» маъносидаги (الرؤية) сўзидан олинган бўлиб, биров одамлар кўрсин деб бирон яхши иш қилса уни «Аръа-р-ражулу» (бу киши бировларга кўрсатиш учун қилди), дейилади. Сумъа (السمعة) эса «эшиттириш» маъносидаги (سَمَّعَ) феълидан олинган. Даъват аҳли истилоҳида эса риё ва сумъа деб мусулмон киши ўзидан содир бўладиган солиҳ амалларни улар билан одамлар наздида обрў-эътибор қозониш мақсадида ёки уларнинг мол-дунёларидан умидвор бўлиб одамларга кўрсатиш ва эшиттиришга уриниши маъносида тушунилади. Агар унинг иши одамлар кўзида содир бўлса ва уни одамлар кўрсалар, уни риё дейилади. Одамлар кўзида содир бўлмасдан, кейин уни одамларга айтиб берса, уни сумъа дейилади. Аллома Иззуддин ибн Абдуссалом риё ва сумъа ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлайди: «Риё – Аллоҳдан бошқа учун амал қилиш, сумъа эса амалини Аллоҳ учун холис қилгани ҳолда кейин уни одамларга ошкор қилишдир». Унинг фикрича, риё мазамматли – айбли хулқ-атвордир, сумъа эса амалини одамлар розилигига эришиш учун ошкор қилса мазамматли, Аллоҳ розилигига эришиш учун ошкор қилса мақтовли хулқ-атвор ҳисобланади. Ибн Абдуссаломнинг ушбу сўзларини шаръий далиллар ҳам қўллаб-қувватлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва Охират Кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара: 264). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким (қилаётган ишларини бошқаларга) эшиттиришга уринса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди, ким (амалларини бошқаларга) кўрсатишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни кўрсатиб қўяди» (Имом Бухорий Жундаб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар» деб айтади», деб жавоб бердилар (Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти, «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб» : 29). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг баланд овозда қироат қилаётганини ва овозини зикр билан кўтараётганини эшитиб: «Дарҳақиқат, у аввоб (Аллоҳ рози бўладиган йўлга бутунлай қайтувчи)дир», дедилар. Билсак, у Миқдод ибн Асвад экан (Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтириб, Табарийга нисбат берган). 2. Риё ёки сумъага олиб келувчи сабаблар1) Унинг ичида ўсиб улғайиш:Баъзан бола одат ва тутуми риё ва сумъа бўлган хонадонда ўсиб улғайиши натижасида унда ҳам ота-онаси ва катталарга тақлидан мазкур одат пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан бу иллат унинг вужудида мустаҳкам ўрнашиб, гўё шахсиятининг ажралмас бир бўлагига айланиб қолади. Исломнинг эркак ва аёл ўртасидаги боғланиш дин асосига кўра бўлиши зарурлигига буюриши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Расулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Aёл кишигa 4 сaбaбдан бири учун уйлaнилaди: Бoйлиги, нaсaби, ҳусни ёки дини учун. Шундaй экaн, сeн диндoригa уйлaнишгa ҳaрaкaт қил, қўлинг тупроққа тўлгур» (Муттафақун алайҳ, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). «Агaр сoвчи юбoргaн кишининг дини вa xулқи сизни қoниқтирсa, унгa (қиз-жувонларингизни) турмушгa узатинг. Шундaй қилмaсaнгиз, ер юзидa фитна вa кенг қамровли фасод вужудга келади» (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва «ҳасан ҳадис» деган). 2) Ёмон улфатлар:Баъзан риё ва сумъадан ўзга мақсади бўлмаган ёмон улфат ва ёру дўстлар даврасида бўлиш ҳам кишини улардан ўрнак олишига ва қалбига риёкорлик ўрнашиб қолишига олиб келади. Хусусан, шахсияти заиф ва бировлардан таъсирланиши кучли одам бўлса, ушбу иллат кун ўтган сари унга маҳкамроқ ёпишиб олади. Юқорида бошқа тўсиқлар ҳақидаги сўзларимиз асносида айтиб ўтганимиздек, яхши улфат ва ҳамсуҳбат танлаш зарурлиги остида яшириниб ётган сирлардан бири ҳам шу бўлса ажабмас. 3) Аллоҳ азза ва жаллани яхши танимаслик:Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий маърифатнинг бўлмаслиги ҳам риё ва сумъага сабаб бўлиб қолади. Чунки, Аллоҳ таолони танимаслик ёки У зотни яхши билмаслик Уни керак бўлганидек қадрламасликка ва Уни Ўзига лойиқ бўлган ўринга қўймасликка олиб келади. Бинобарин, Аллоҳни яхши билмайдиган ва Уни Ўзига лойиқ равишда қадрламайдиган кишининг кўнглида бандалар ҳам фойда ёки зарар етказишга эгалар, деган гумон ғолиб келиб, улардан бирон манфаат илинжида ёки зиёнларидан сақланиш умидида ўзининг солиҳ амалларини уларга билдириб ва эшиттириб қилишга тириша бошлайди. Исломнинг энг аввал Аллоҳ таолони яхши таниб олиш зарурлигини таъкидлаши остидаги сир ҳам шу бўлса керак: «Бас, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина ҳақ эканлигини билинг!» (Муҳаммад: 19). Қолаверса, Қуръоннинг Макка даврида нозил бўлган оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада турган даврдаги фаолиятлари асосан ақида асосларини таълим бериш ва уларни нафсга чуқур ўрнатиш атрофида кечган эди. 4) Пешволик ва мансабга қизиқиш:Баъзан мансаб ва амалдорликка интилиш ҳам риё ва сумъага сабаб бўлади. Яъни, инсон мансаб ва пешволикка эришиш илинжида ўзининг солиҳ амалларини мансабдор шахсларга кўрсатишга ва эшиттиришга уринади. Исломнинг инсонларга ишониб қолиш ва уларга суянишдан илгари уларни синаб, имтиҳон қилиб кўриш лозимлигини таъкидлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас: «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар» (Нисо: 6). «Эй мўминлар, қачон сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар» (Мумтаҳана: 10). 5) Одамларнинг қўлларидаги нарсалардан умидвор бўлиш:Баъзан одамларнинг қўлларидаги нарсалардан умидворлик ва дунёга ҳарислик ҳам уларнинг ишончини қозониш ва кўнгилларини юмшатиш, шу йўл билан улардан бирон нарса ундириш мақсадида солиҳ амалларни риё ва сумъа билан қилишга олиб келади. Бир аъробийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бир киши ўлжага эришиш мақсадида жанг қилса... Аллоҳ йўлида бўладими?» деган саволида, шунингдек, бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳ йўлида ғазот қилса-ю, фақат биргина арқонни (ўлжа сифатида қўлга киритишни) ният қилган бўлса, унга ният қилган нарсаси бўлади» деган сўзларида ҳам мана шу сабабга ишора бор (Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2941). 6) Одамлардан мақтов эшитишни суйиш ғаризасини (истагини) қондириш:Баъзан одамлардан мақтов эшитишни яхши кўриш ва тилларда достон бўлишни, давраларнинг суҳбат мавзусига айланишни исташ ҳам риё ва сумъага сабаб бўлади. Юқорида зикр қилинган аъробийнинг саволи ҳақидаги ҳадисда келганидек: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Бир киши ўлжа учун жанг қилади, бир киши шуҳрат қозониш учун ва обрў-эътиборга эга бўлиш учун жанг қилади. Қай бири Аллоҳ йўлида жанг қилган бўлади?», деб сўради. У зот: «Ким Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун жанг қилса, шу Аллоҳ йўлида (жанг қилган) бўлади», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). 7) Иш соҳиби-хўжайиннинг қаттиққўл бўлишиБаъзан иш соҳиби-хўжайиннинг қаттиққўл бўлиши кишини амалларини риё ва сумъа билан қилишга олиб келади. Айниқса, иродаси кучсиз ва қатъиятсиз бўлса, гўё ўзининг мазкур камчилигини риё билан ёпишга уринмоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога айтганларидек: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади» (Имом Муслим ривояти). 8) Бировлар унга қойил қолишлари ва унинг амалларини ёқтиришлари:Баъзан бировларнинг бир кишига қойил қолиб, ундан содир бўлаётган ишларга офарин айтишлари ҳам унинг мана шу мақтовларни яна-да кўпроқ эшитиш истагида риё ва сумъа билан амал қилишига сабаб бўлиб қолади. Ислом инсонни мана шу иллатдан ҳимоя қилиш учун ҳуда-беҳуда бировларга офарин айтиш ва шаънига мақтов ёғдиришдан қайтарган. Жуда бўлмаса, эҳтиёткорлик билан, қуйидаги ҳадис кўрсатмасига биноан иш тутишга буюрган: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир киши бир кишини мақтади. Шунда у зот: «Шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг, шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг», деб бир неча марта такрорладилар. Сўнгра: «Қай бирингиз биродарини мақтамаслигини иложи бўлмаса, ундан мана шу (мақтовли сифатларни) ҳақиқатан билса: «Фалончини шундай деб ҳисоблайман – Аллоҳ Ўзи ҳисоб қилувчисидир – бирон кишини Аллоҳга покламайман (яъни пок деб гувоҳлик беролмайман), шундай-шундай бўлса керак деб ўйлайман», десин», дедилар (Муттафақун алайҳ). 9) Одамларнинг, айниқса, ўзи тенгиларнинг гап-сўзларидан қўрқиш:Баъзан одамларнинг, айниқса, ўзига тенгқур ва рақобатчи бўлган кишиларнинг гап-сўзларига қолишдан қўрқиш ҳам риё ва сумъага сабаб бўлади, уларни рози қилиш ва овозларини ўчириш учун ҳам амалларини улар кўзига кўрсатиб қилишга уринади. Ўзи билан ёлғиз қолганда эса ҳаром амалларни тап тортмай қилаверади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилувчи бўлган зотдир» (Нисо: 108). 10) Риё ва сумъанинг нохуш оқибатлари ва ёмон асоратларидан ғофил бўлиш:Риё ва сумъанинг нохуш оқибатлари ва ёмон асоратларидан ғофил бўлиш ва уларга бепарво қараш ҳам амалларини одамлар кўзига кўрсатиб ёки уларга эшиттириб қилишга олиб келади. Чунки, кимда ким бирон иллат ёки офатнинг зарарли оқибатидан ғофил бўлса, бир кун келиб унга гирифтор бўлиб қолиши ва бу унинг хулқига айланиб қолиши мумкин. 3. Риё ва сумъанинг белги ва аломатлари1) Мақтов эшитиб турса, ғайрат ва жидду-жаҳд билан амал қилиш, айблов эшитганда эса истар-истамас, ялқовлик билан амал қилиш. 2) Одамлар орасида бўлганда ғайрат ва жидду-жаҳд билан амал қилиш, одамлар кўзидан пана ва ёлғиз қолган пайтда истар-истамас, ялқовлик билан амал қилиш. Ҳазрат Алий розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари мазкур икки аломатга ишора қилади: «Риёкорнинг аломатлари бор: Бир ўзи бўлса ялқовлик қилади, одамлар орасида ғайрати жўш уради, мақталса амални кўпайтиради, дашном эшитса камайтиради». 3) Одамлар ичида бўлганда Аллоҳнинг ҳурматларига (яъни, У ҳаром қилган ишларни қилмасликка) риоя қилиш, ёлғиз қолганда ёки одамлар кўзидан панада уларга риоя қилмаслик ва тап тортмасдан қилавериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мана шу аломатга ишора қилади: У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен умматимдан баъзи кишиларни аниқ биламанки, Қиёмат кунида улкан оппоқ Тиҳома тоғларидек ҳаcанотлар билан келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини cовурилган тўзондек қилиб қўяди». Шунда Cавбон розияллоҳу анҳу cўради: «Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берингки, билмайин ўшалардан бўлиб қолмайлик!» «Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Тунлари ибодат қилишдан улар ҳам худди cиз каби наcибадор бўладилар. Лекин улар шундай одамларки, агар Аллоҳ ҳаром қилган нарcалар билан холи қолcалар, тап тортмай қилаверадилар», дедилар (Ибн Можа ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 505). 4. Риё ва сумъанинг асоратлариРиё ва сумъанинг исломий амалга ҳам, амал қилувчилар шахсига ҳам зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари мавжуд. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз: Риёнинг амал қилувчилар шахсига қолдирадиган асоратлари: 1) Ҳидоят ва тавфиқдан маҳрум бўлишЧунки, ҳидоят ва тавфиқ фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи томонидан берилади. У зот уларни Ўзи истаган кишига ато этади, истаган кишисини маҳрум қилади, Унинг қазосини рад қилувчи ва ҳукмини текшириб, таъқиб қилувчи йўқ. Унинг бандалар ичидаги суннати – қонунияти шуки, ҳидоят ва тавфиқни фақат Унга ихлос ва сидқидил билан юзланган кишигагина ато этади: «Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни Ўз (динига) ҳидоят қилур» (Раъд: 27). «Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур» (Шуро: 13). Риёкор кимса мана шу ихлосга путур етказди ва мана шу сидқидилликдан маҳрум бўлди. Шундай экан, энди ҳидоят ва тавфиққа қандай муяссар бўлсин?! Аллоҳ таоло айтганидек: «Қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдирибқўйди.(Зотан) Аллоҳ фосиқ-итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас» (Саф: 5). 2) Кўнгил сиқилиши ва ва тангликСабаби, риёкор кимса ўз амалларини фақат одамларнинг розилигини истаб ва уларнинг қўлларидаги нарсага етишиш илинжида қилади. Баъзан Аллоҳнинг қазоси ва қадари унинг истагига қарши ўлароқ бунга тўсқинлик қилади, чунки барча ишлар Аллоҳнинг ҳузурида белгилаб, ўлчаб қўйилган: «У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд: 8). Ана шундай ҳолларда унга сиқилиш ва руҳий беқарорлик етади ва у на Аллоҳнинг розилигига эриша олади ва на ўзи истаганидек одамларнинг қўлларидаги нарсага етиша олади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124), «Кимки Парвардигорининг зикридан — Қуръондан юз ўгирса, У зот уни қаттиқ азобга йўллар» (Жин: 17). 3) Одамлар дилидан ҳайбатнинг олиб қўйилишиЗеро, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина Ўзи истаган бандасига нисбатан одамлар қалбига маҳобат уруғини қадайдиган Зотдир. Бироқ, бунинг учун У зот ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир амални Унинг Ўзига ихлос билан тақдим қилинишини шарт қилиб қўйган. Риёкор инсон мана шу шартни зое қилгани боис Аллоҳ таоло одамлар қалбидаги унга нисбатан бўлиши керак бўлган ҳайбатни олиб қўяди ва у одамлар наздида беқадр кимсага айланиб қолади: «Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, уни (ҳеч ким) азиз қилувчи бўлмас» (Ҳаж: 18). Салафи солиҳларимиз мана шу нарсани жуда яхши тушунганлар ва амалларини Аллоҳ учун холис қилишга қаттиқ ҳарис бўлганлар, шу билан уларга нисбатан одамлар дилларида ҳайбат сақланиб турган. Бу хусусда улар тўғрисида жуда кўплаб хабарлар ривоят қилинган. Жумладан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга шундай насиҳат қилган эканлар: «Кимнинг нияти холис бўлса, Аллоҳ таоло у билан одамлар орасига Ўзи кифоя қилади». Шунингдек, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг тунда одамлар ухлаб ётганда ўз нафси билан қаттиқ мужоҳада қилиши, сўнг буни одамларга билдирмасликка қаттиқ тиришиши, шунинг учун ҳам султонлар ва ҳукмдорлар ҳам у кишидан ҳайбатланиб туришлари ҳақида хабарлар келган. Бир марта у Ҳажжожни золим ва зўравонлиги туфайли танқид қилганида бу Ҳажжожнинг қулоғига етиб борди ва уни қатл қилиш мақсадида тутиб келишга миршабларини юборди. Ҳасанни олиб келинди. У Ҳажжож ҳузурига кириб келаркан, ҳамманинг кўзи унга қадалган ва унинг ҳолига ачиниш билан ҳамманинг дили вайрон бўлиб турар эди. У эса мўминнинг улуғворлиги, мусулмон кишининг иззати ва ҳақиқий даъватчининг виқори билан Ҳажжожга тик боқиб юриб келарди. Ҳажжож уни бу ҳолатда кўргач, унинг ҳайбати босиб, каловланиб қолди ва ўзи сезмаган ҳолда: «Қани, бу ёққа ўтинг, эй Абу Саид, бу ёққа», деб мулозамат кўрсата бошлади ва уни тўрга, ўзининг ўриндиғига ўтқизди. Одамлар бу ҳолдан ҳайратга тушиб, донг қотиб қолишганди. Шундан сўнг Ҳажжож ундан баъзи диний масалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан эса ҳар бир масалага осойишта қалб, соҳир баён ва чуқур илм билан жавоб берарди. Охирида Ҳажжож унга: «Сиз тобиийнларнинг саййидисиз, эй Абу Саид!» деб хитоб қилиб, ҳурмат-эҳтиром билан уйига қайтишига изн берди. 4) Одамларнинг ундан юз ўгиришлари ва таъсирланмай қолишлариЧунки, инсоннинг таъсирланувчи аъзоси қалбидир. Қалблар эса Раҳмон таолонинг қўлида бўлиб, У уларни Ўзи истаганидек айлантириб қўйишга қодирдир. Ким риёкорлик билан, одамларнинг кўзига амал қилса, ўзи билан Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқани узган бўлади. Аллоҳ таоло бундай кимсага қандай қилиб одамларнинг эътибор қаратишларини ва ундан таъсирланишларини ато этсин?! Шунинг учун ундай одамнинг гапига биров қулоқ осмаслигига, амалига эътибор қаратилмаслигига гувоҳ бўлинади. Қуйидаги воқеа мана шу ҳақиқатни очиқ-равшан кўрсатиб беради: Умар ибн Ҳубайра ал-Фазорий умавий халифа Язид ибн Абдулмалик даврида Ироққа волий қилинганди. Язид унга мактуб кетидан мактуб юборар ва уларда битилган амрларини ижро этишга буюрар, унинг амрлари баъзан ҳақсиз ва зулмкор ҳам бўларди. Бир куни Ибн Ҳубайра Ҳасан Басрий билан Омир ибн Шураҳбийл Шаъбий икковларини ҳузурига чорлаб, бу ҳақда улардан фатво сўради, Аллоҳ олдида ҳам, халифа олдида ҳам юзи ёруғ бўлиш йўлини кўрсатишларини сўради. Шунда Шаъбий халифага мойиллик билдирувчи ва волийнинг кўнглига таскин берувчи сўзлар билан жавоб қилди. Ҳасан эса сукут қилиб турди. Шундан сўнг Умар ибн Ҳубайра Ҳасанга юзланиб: «Сиз нима дейсиз, эй Абу Саид?», деди. Ҳасан деди: «Эй Ибн Ҳубайра, Язид ҳаққида Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳ ҳаққида Язиддан қўрқманг! Билингки, Аллоҳ азза ва жалла сизни Язиддан ҳимоя қила олади, Язид сизни Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди! Эй Ибн Ҳубайра, яқинда сизга тошбағир ва Аллоҳ томонидан ўзига буюрилган ишга асло осийлик қилмайдиган бир фаришта келиб, сизни бу тахтингиздан жудо айлайди, кенг қасрингиздан тор қабрга етказади. Сиз у ерда Язидни топмайсиз, сиз у ерда Язиднинг Роббига хилоф қилиб, ўзингиз қилган гуноҳларни топасиз! Эй Ибн Ҳубайра, агар сиз Аллоҳ таоло билан бирга ва Унинг тоатида турсангиз, Унинг Ўзи сизга Язид ибн Абдулмаликнинг ёмонлигидан кифоя қилади! Агар сиз Аллоҳ таолонинг маъсиятида Язид билан бирга бўлсангиз, Аллоҳ сизни Язидга топшириб қўяди! Эй Ибн Ҳубайра, махлуққа – у ким бўлишидан қатъий назар – Холиқнинг маъсиятида итоат қилинмайди!». Умар ибн Ҳубайра Ҳасаннинг сўзларидан таъсирланиб, йиғлаб, кўз ёшлари соқолларини ҳўллади, Шаъбийдан кўра Ҳасанга мойил бўлиб, унга кўп ҳурмат-эҳтиром кўрсатди, иззат-кром қилди. Икковлари унинг ҳузуридан чиқишгач, тўғри масжидга йўл олишди. Атрофларига одамлар тўпланиб, Ироқ амири билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида сўрай бошладилар. Шунда Шаъбий одамларга хитоб қилди: «Эй одамлар! Аллоҳ азза ва жаллани ҳар қандай ўринда ҳам Унинг махлуқотларидан афзал ва юқори кўриш қай бирингизнинг қўлингиздан келса, шундай қилсин! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Ҳасаннинг Ибн Ҳубайрага айтган сўзларини мен ҳам билардим, бироқ мен ўз сўзларим билан Ибн Ҳубайранинг розилигини қасд қилдим, Ҳасан эса ўз сўзлари билан фақат Аллоҳнинг розилигини қасд қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мени Ибн Ҳубайрадан узоқлаштирди, Ҳасанни эса унга яқин ва суюмли қилиб қўйди». 5) Амални пишиқ-пухта қилмаслик:Яъни, риёкор одам ўз амаллари билан Холиқнинг эмас, балки халқнинг назарини (кўриб-кузатиб туришини) риоя қилади. Одамларнинг эса, тоқат ва имкониятлари ҳар қанча зўр бўлмасин, барибир кишини ҳар бир ҳолатда, ҳамма вақт, ҳар қандай вазиятда кузатиб, текшириб туришдан ожиздирлар. Шу боис уларнинг бу ожизликлари риёкорни ўз амалини пишиқ-пухта қилмасликка олиб боради. Бу эса охир-оқибат унинг одамлар ишончидан маҳрум бўлишига сабаб бўлади ва у бу иши билан ўзига фойда ўрнига зиён етказиб қўяди. Аллоҳ таолонинг: «Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур» (Фотир: 43) деган сўзлари нақадар ҳақ! Аллоҳ азза ва жалла мунофиқлар ҳақида сўзларкан, айни шу асоратга ишора қилади: «Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар» (Нисо: 142).
6) Дунёда ҳам, қиёмат куни барча халойиқлар олдида ҳам шармандаю шармисор бўлиш:Сабаби, риёкор кимса ўз амали билан бировларни ўзига қаратиб олишни, уларнинг тизгинларини қўлга киритишни ва уларни ўз измига солиб олишни қасд қилади. Аллоҳ азза ва жалла эса риёкорнинг ерда фасод тарқатиш ва экин ва наслларни ҳалок қилиш учун елиб-югуриши мумкинлигини назарга олиб, унга ўз мақсадига етишига имкон бермайди. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара: 204, 205). Шунинг учун Аллоҳ таоло одамлар ундан эҳтиёт бўлишлари ва у билан алданиб қолмасликлари учун уни шу дунёнинг ўзидаёқ – кейинроқ бўлса ҳам – шармандасини чиқаради, охиратда эса унинг шармандалигига азоб ва интиқом ҳам қўшилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан жиҳод ва ғазот ҳақида савол сўраган Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумога берган қуйидаги жавобларида ҳам мана шу маъно очиқ-ойдин кўринади: «Эй Абдуллоҳ ибн Амр, агар сабр-матонат билан, ажр-савоб истагида жанг қилсангиз, Аллоҳ сизни сабр-матонатли ва ажр-савоб истаган киши ҳолида тирилтиради. Агар риёкорлик билан, фахр истагида жанг қилсангиз, Аллоҳ сизни риёкор, фахр истаган киши ҳолида тирилтиради. Эй Абдуллоҳ ибн Амр, қандай ҳолатда жанг қилсангиз ва ўлдирилсангиз, Аллоҳ сизни ўша ҳолатда тирилтиради» (Абу Довуд, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари, Ҳоким иснодини саҳиҳ санаган).
7) Ўзига маҳлиё бўлиш, ғурур ва кибр гирдобига тушиб қолиш:Риёкор кимса анча вақт жуда кўп одамларни алдаб юради. Шу давр мобайнида у одамларнинг тилларида ҳам, дилларида ҳам офарин ва мақтовга сазовор бўлади. Бу эса уни секин-аста ўзига ўзи маҳлиё бўлишга, сўнг эса ғурур ва кибрга етаклайди, охир-оқибат у бузғунчи ва тажовузкор кимсага айланади. Бунинг исботини ҳозирги даврда жуда кўп халқларнинг етакчилари ва раҳбарлари мисолида кўриш мумкин. Аввал-бошда риёкорлик билан ўзларини одамларга яхши кўрсатишга уринишади, халқлар уларнинг ширин гапларига ва қоп-қоп ваъдаларига ишониб, ўзларига йўлбошчи ва раҳбар этиб сайлаганларидан сўнг аста-секин уларда ўз шахсларига маҳлиё бўлиш, ғурур ва кибр пайдо бўлади. Сўнг илк лаҳзалардан тортиб ўзлари билан ҳамфикр ва ҳаммаслак бўлиб келган кишиларни йўқотишга, ҳар турли азоб-уқубатларга дучор қилишга бошлайдилар. Бориб-бориб ўзларини қўлламаган кишиларнинг ҳаммасини йўқотиб, битирадилар. Аллоҳ таолонинг мана бу ояти уларга нақадар мос келади: «(Эй инсон), Аллоҳнинг неъматини (яъни иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига — ўзи кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!» (Иброҳим: 28, 29).
8) Амалнинг ботил бўлиши:Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг халқлар ичидаги қонунияти шуки, У Ўзи учун холис қилинмаган ва ёлғиз Унинг розилиги талаб қилинмаган амални қабул қилмайди: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110). Риёкор эса амалини холис Аллоҳга қилиш ўрнига ундан ўзига ва одамларга улуш ажратди. Эди Аллоҳ таоло унинг амалини қандай қабул қилсин ёки унга қандай қилиб савоб берсин?! У зот айтади: «Юзлар ҳам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 111), «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон: 23). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса бу кичик ширкдир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?», деб сўрашди саҳобалар. «У риёдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани қилган амаллари учун ҳисоб-китоб қилганда: «Боринглар риё қилган кишиларингизнинг олдига, қарангларчи, уларнинг хузурида бирон мукофот топармикансизлар» деб айтади», деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва бошқалар Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривояти, «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб»: 29). Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни шерик қилган нарсаси билан тарк қиламан» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти). Шундай қилиб, риё ва сумъа ўз эгасининг амали ботил бўлиб, мақбул бўлмаслигига олиб боради.
9) Охиратдаги қаттиқ азоб:Қай бир кишининг амали биз юқорида айтиб ўтганимиздек бекор ва зое бўлган бўлса, энди охиратда у учун қаттиқ азобдан бошқа нарса бўлмайди. Охиратда у учун бўлажак азобнинг турлари кўп бўлиб, энг кўзга кўрингани икки турли азобдир: Биринчиси: Бундай киши жаҳаннамга биринчи бўлиб ўтин бўлувчилар жумласидан бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло хабар берганидек, жаҳаннамнинг ёқилғилари одамлар ва тошлар бўлади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим: 6). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадигани шаҳид қилинган киши бўлади. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга ўз неъматларини танитади, банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сен учун жанг қилдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, аслида сен одамлар сени жасур-қўрқмас дейишлари учун жанг қилдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетилади. Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган, ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар “олим” дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар “қори” дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнгра буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан судраб олиб кетилади. Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, лекин сен бу ишни одамлар сени “сахий” деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади (Имом Муслим ривояти). Иккинчиси: Дўзахга улоқтирилиш ва унда баданлари тилка-пора бўлиб, ичаклари чувалашиб, дўзах аҳлининг кўзида шармандали ҳолда туради. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар билан тегирмон айлантираётган эшакдек айланиб юради. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидинг ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди (Муслим ривояти).
Риёнинг исломий амалга қолдирадиган нохуш асоратлари:
Риё динга амал қилувчиларга биз юқорида айтиб ўтгандек асоратлар қолдириши билан бир қаторда исломий амалда ҳам унинг нохуш асоратлари қолади. Бу асоратлар асосан қуйидагиларда кўринади: Йўлнинг узайиб кетиши ва оғирликларнинг кўпайишида. Чунки, ахлоқлари риё, сифатлари сумъа бўлиб қолган кишилар зафар ва ғалабага фақат жуда узоқ имтиҳон ва тозаланишлардан кейингина етишлари мумкин: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Ухудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади» (Оли Имрон: 179), «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3), «(Эй мўминлар), балки сизларнинг орангизда (ҳақ йўлда) курашган ва Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва мўминлардан ўзга бирон кимсани дўст тутмаган зотларни, Аллоҳ билмасдан (яъни, имтиҳон қилмасдан ўз ҳолига) қўйиб қўйишини ўйлагандирсизлар?! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Тавба: 16).
5. Риё ва сумъани муолажа қилиш йўлиРиё ва сумъани муолажа қилиш йўли қуйидагиларда мужассам бўлади:
1)Риё ва сумъанинг биз юқорида келтирган дунёвий ва ухровийоқибатларини ёдга олиш. Чунки, бунинг огоҳ қалб эгаси бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган кишининг қалбини ҳаракатга келтиришда, сўнг уни бу офатдан ва бу хатарли дарддан қутқариб олишда жуда катта асари бўлади. 2)Риёкорлик билан танилган кишилар суҳбатидан қочиш ва содиқ, ихлосли кишилар даврасига қўшилиш. Бунинг ҳам мазкур иллатдан қутулиш ва ундан тамомила покланишда ўзига яраша таъсири бўлади. 3)Аллоҳ азза ва жаллани ҳақиқий таниш. Аллоҳга бўлган ҳақиқий маърифат У зотни ҳақиқий қадрлашга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида риё ва сумъадан халос бўлишга, сўнг ихлос сифатига эга бўлишга олиб келади. Бунинг йўли – Китоб ва Суннат билан ҳамнафас бўлиб ҳаёт кечиришдир. 4)Нафсга қарши то у инсонни риё ва сумъага тортадиган, мансаб ва пешволикка интилтирадиган, шунингдек, одамларнинг қўлларидаги нарсаларга тамаъ қилувчи ва мақтовни яхши кўрувчи қилиб қўядиган ғариза-табиатлардан поклангунича қаттиқ кураш олиб бориш. 5)Масъул кишиларнинг муҳосабада (яъни, сарҳисоб қилиш, тергашда) мулойимликни лозим тутишлари. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади» (Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти). 6)Муомалада Ислом одобларини лозим тутиш, ҳурмат-эҳтиромда ғулув ҳам кетмаслик, шу билан бирга умуман бепарво ва беэътибор ҳам қарамаслик. Чунки, мана шу ишларнинг ўртасидир, ишларнинг яхшиси эса ўртачасидир. 7)Риёкорлар ҳақидаги ибратли воқеалардан воқиф бўлиш, уларнинг оқибатлари билан танишиш. Бу ҳам ушбу иллатдан ёки офатдан четланишга ёрдам беради. 8)Кишини ихлосга тарғиб қилувчи ва риёдан қайтарувчи оят ва ҳадисларни кўп ўқиш ва эшитиш. Чунки, гуноҳлардан халос бўлиш ва тўғриликни лозим тутиш энг аввало билимни чуқурлаштириш ва дунёқарашни ўстириш билан ҳосил бўлади. Киши ўзи билмаган нарсасининг душманидир. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил — моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон» дедилар» (Юнус: 39). 9)Нафсни аввал-бошдан муҳосаба қилиш, унинг айбларидан воқиф бўлиб, сўнг улардан халос бўлишга уриниш. 10) Аллоҳга комил суратда илтижо қилиш, Ундан мадад сўраш. Чунки, ким Аллоҳга илтижо қилса, Ундан мадад сўраса ва буни сидқидилдан қилса, Аллоҳ албатта уни қўллайди, унга мадад беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни хутбаларининг орасида махфий ширк ҳақида гапира туриб: «Эй одамлар! Бу ширкдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир» дедилар. Шунда биров: «Чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий бўлса, ундан қандай қилиб сақланамиз, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Эй Аллоҳ, биз бирон нарсани билиб туриб Сенга шерик қилиб қўйишдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз, билмай қилганларимиздан Ўзингга истиғфор айтамиз» денглар» дедилар. (Аҳмад ва Табароний Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, «Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб» : 33). 11) Бу борлиқдаги ҳамма нарса фақат қазо ва қадар билан жорий бўлишини ёдда тутиш. «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид: 22). Халқлар нақадар қудратли бўлмасин, уларнинг ҳукмронликлари ҳар қанча кучли бўлмасин, бошқалар уёқда турсин, ўзларига ҳам бирон фойдани ҳосил қилиш ва зарарни даф қилишга қодир эмаслар: «Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга сизлар илтижо қилаётган нарсалар ҳудди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларни ижобат қилсинлар-чи?!» (Аъроф: 194), «Улар сиздан Аллоҳ томонидан бўлган бирон нарсани (азобни) қайтара олмаслар» (Жосия: 19). |