асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Йўл устидаги тўсиқлар5305 марта кўрилган ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР Д. Муҳаммад Нуҳ بسم الله الرحمن الرحيم Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли-оиласи ва асҳобларига, шунингдек то қиёмат уларга эргашган ва уларнинг даъватига чорлаган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Динга амал қилувчи ва динларини Аллоҳ учун фитналардан олиб қочувчи кишилар ҳар бир ишнинг олдини олишлари ва ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишлари, сусаймасликлари, нажот карвонидан қолиб кетмасликлари ва узилиб қолмасликлари учун уларга йўл белгиларини кўрсатиб бериш – Аллоҳга даъват ва унинг динини ер юзида мустаҳкамлаш учун бўлган амал майдонида энг зарурий ишлардандир. Динга амал қилувчи кишилардан баъзиларига етиши мумкин бўлган, айрим ҳолларда уларга амалий равишда етадиган ва уларни амалдан тўхтатиб қўядиган баъзи тўсиқлар борки, биз бу ўринда ўша тўсиқлардан баъзиларини таҳлил қилиб, сабаб ва натижаларини ҳамда уларни муолажа қилиш йўлларини баён қилиб бериш истагида қўлга қалам олдик. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин. Биринчи тўсиқ Футур етиши Маъноси: Луғатда فتور – футур икки маънога ишлатилади: 1)Давом этиб турган ҳаракатнинг узилиши ва тўхтаб қолиши; 2)Фаол ҳаракатнинг сусайиши, секинлашуви, ялқовланиши маъносида. Истилоҳда эса, амал қилувчи кишиларга баъзан етиши мумкин бўлган, айрим ҳолларда эса амалий равишда етадиган касаллик маъносидадир. Унинг энг қуйиси ялқовлик, сусайиш ва секинлашув, юқориси эса доимий фаолият ва давомий ҳаракатнинг бутунлай тўхташи ва тиниб қолишидир. Аллоҳ таоло малоикалар ҳақида айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 19, 20). Яъни, улар давомий ибодатдадирлар, Аллоҳ таолони У зотга нолойиқ бўлган нарсалардан поклайдилар, намоз ўқийдилар, кеча-ю кундуз, тинимсиз Аллоҳни зикр қиладилар, бундан заррача малолланмайдилар ва заифлашмайдилар. СабаблариФутур нафсга қуйидаги сабаблардан бирон сабаб туфайли етади: 1) Динда ғулув кетиш ва қаттиқлик қилиш, яъни тоатга қаттиқ берилиб, баданни роҳат ва дам олишдан бўлган ҳаққидан маҳрум қилиш.Чунки бундай қилиш уни заифлик ва малолланишга, охир-оқибатда эса амални тарк қилиш ва бутунлай тўхтатиб қўйишга олиб келади. Айрим ҳолларда эса ўзи юрган йўлдан бутунлай бошқа йўлга юриб кетишига ҳам олиб келади ва амал қилувчи киши ифротдан тафритга (яъни ўта қаттиқ фаолиятдан бутунлай сустлик тарафига), жонбозлик билан ҳаракат қилишдан бепарволик ва лоқайдликка ўтиб қолади. Бу табиийдир. Чунки, инсоннинг тоқату имконияти чекланган. Агар ундан тажовуз қилса, чарчоқ ва малолланиш етиши оқибатида ялқовланиб қолиши ёки бутунлай амалдан тўхтаб қолиши мумкин. Исломнинг ибодат ва амалларда ғулув кетиш ва ҳаддан ошишдан қайтариши остидаги ҳикмат шу бўлса ажаб эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283). «Мутанаттиъ (яъни, динда чуқур кетувчи, керакли-кераксиз нарсалар устида баҳс юритувчи инжиқ) кимсалар ҳалок бўлдилар!», деб уч марта қайтарганлар (Имом Муслим ривояти). «Ўзингизни қаттиқ (тоат-ибодат билан) қийнамангиз! Дарҳақиқат, сизлардан илгари ўтганлар ўзларини қаттиқ қийнаш сабабли ҳалок бўлиб кетишди, уларнинг қолган-қутганларини черковларда ва монастирларда топасизлар» (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3124). «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилади» (Имом Бухорий ривояти). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уч киши Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас»,дедилар (Муттафақун алайҳ). Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар, шунда унинг олдида бир аёл бор эди. У зот: «Ким бу аёл?» деб сўрадилар. «Фалончи» деб, унинг кўп намоз ўқишини айтганида: «Қўй бу гапни, қурбингиз етадиган ишларни қилинглар. Аллоҳга қасамки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Дин (амаллари)нинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – эгаси унда давомли бўлганидир» дедилар (Имом Бухорий ривояти). «Ҳар бир ишнинг фаол боcқичи бўлади, шунингдек ҳар бир фаолликнинг cуcайиш даври ҳам бўлади, кимнинг cуcайиши (менинг) cуннатимга мувофиқ бўлcа, зафарга эришади, кимнинг cуcайиши бундан бошқа тарафга бўлса, ҳалок бўлади» (Имом Аҳмад ривояти). 2) Мубоҳ нарсалар истеъмолида исроф ва ҳаддан ошиш.Чунки, бундай қилиш инсонни семириб, жисми оғирлашишига ва нафс шаҳватларининг ғолиб келишига олиб келади. Бунинг оқибатида ҳаракатсизлик, ялқовлик ва бўшашиш, баъзан эса бутунлай амалдан тўхтаб қолиш келиб чиқади. Аллоҳ ва Расули исрофдан қайтаришларидаги сир ва ҳикмат шу бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 31). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2265). Умматнинг салафлари мубоҳ нарсаларга берилиб кетиш ва исрофгарчилик ўз эгасини қандай оқибатларга олиб келишини яхши англаганлар ва шунинг учун ундан огоҳлантирганлар. Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бу умматда пайғамбаридан сўнг юз берган биринчи бало – тўқлик бўлди. Одамларнинг қоринлари тўйгач, баданларини ёғ босди, натижада қалблари заифлашиб, шаҳватлари жунбушга келди» (Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да келтирган). Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Емак-ичмакка берилиб кетишдан сақланингиз! Чунки, бундай қилиш жасадни бузади, касалликлар келтириб чиқаради, кишини намоздан ялқовлантириб қўяди. Еб-ичишда ўртача бўлинглар! Чунки, бу жасадга ҳам фойда, исрофдан ҳам узоқ ишдир. Зотан, Аллоҳ таоло семиз олимни[1] ёмон кўради. Киши то шаҳватини динидан афзал кўрадиган бўлмагунича ҳалок бўлмайди» (Алуоуддин «Канзул уммол»да келтирган). Абу Салмон ад-Дороний айтади: «Қорни тўйган одамга олтита офат-зиён етади: муножот қилиш лаззатидан бебаҳралик, халқларга меҳр-шафқат кўргазишдан маҳрум бўлиш (чунки, тўқ одам ҳаммани ўзига ўхшаган тўқ деб ўйлайди), ибодатга ялқовлик, шаҳватларнинг зиёда бўлиши, бошқа мўминлар масжидлар атрофида айланишса, тўқлар ҳожатхоналар атрофида айланишади» (Имом Ғазолий «Иҳёу улумид-дин»да келтирган). 3) Жамоатдан ажралиш, узлат ва ёлғизликни хуш кўриш.Чунки, йўл узоқ ва машаққатли, тўсиқлар бисёр. Мусулмон киши жамоат билан бирга бўлса, мудом тетиклашиб, янгиланиб, иродаси бақувват, азму қарори содиқ бўлиб боради. Аммо агар жамоатдан ажралса ва ёлғизликни хуш кўрса, фаоллигини оширадиган, иродасини кучлантирадиган, ҳимматини ўстирадиган ва Раббини унга эслатиб турадиган кишилари бўлмаганидан ялқовланиш ва малолланишга дучор бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, бира тўла йўлдан чиқиб кетмаса-да, анча сустлашиб кетади. Исломнинг жамоатни лозим тутишга чақириши ва бунга қаттиқ аҳамият бериши, жамоатдан ажралганларни қаттиқ огоҳлантириши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). «Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур» (Анфол: 46). «Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 105). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жамоатни лозим тутинглар, бўлинишдан сақланинглар! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий ривояти). «Сизларни қулоқ солиш ва итоат қилишга, ҳижратга, жиҳодга ва жамоатга буюраман. Чунки жамоатдан бир қарич бўлса ҳам чиқиб, шу ҳолда ўлган одам фақат жоҳилият ўлими билан ўлади» (Имом Аҳмад ривояти). «Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечиб ташлабди» (Имом Бухорий ривояти). «Одамларга аралашиб юрадиган ва уларнинг озорларига сабр қиладиган киши одамларга аралашмайдиган, уларнинг озорларига сабр қилмайдиган кишидан яхшидир» (Имом Муслим ривояти). Умматнинг салафлари буни яхши билганлари боис жамоатни маҳкам ушлаганлар ва унга тарғиб қилганлар. Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Жамоатнинг лойқалиги ёлғиз кишининг тиниқлигидан яхши». Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: Жамоат бўлмасак улоқиб, кезиб Юрардик кучлилар кучсизни эзиб. 4) Ўлимни ва охиратни кам эсга олиш.Бу ҳам ироданинг бўшашишига, азму қарорнинг заифлашувига, ҳаракат ва фаолиятнинг сусайишига, баъзан эса бутунлай тўхтаб қолишига олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда қабрларни зиёрат қилишдан қайтариб, кейин яна унга рухсат беришлари остидаги ҳикмат ҳам балки шудир. У зот айтганлар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг. Чунки, бунда ибрат бор» (Имом Термизий ривояти). Бир ривоятда: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг. Чунки бундай қилиш дунёдан совутади ва охиратни эслатади». Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимни ва умрнинг ниҳояси яқинлигини кўп эслашга буюрганлар: «Эй одамлар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолодан ҳаё қиламиз», деди. «Ким Аллоҳдан ҳаё қилса, ажалини кўз олдига келтирмаган ҳолда бирон кечани ўтказмасин, қорнини ва унга киритаётган нарсаларини, бошини ва ундаги аъзоларини (ҳармдан) сақласин, ўлимни ва (қабрда) чиришини эсласин, дунё зийнатини тарк этсин!», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 5) Кундалик амалларга бепарво бўлиш.Масалан, тунги суҳбат ва улфатчиликлар сабабли фарз намоздан ухлаб қолиш, баъзи суннат намозларга бепарво бўлиш, тунги намоз–таҳажжудни ё зуҳо–чошгоҳ намозини ё Қуръон тиловатини ё зикрни ё дуони ё истиғфорни тарк қилиш, ёки масжидга ва жамоат намозига узрсиз бормай қўйиш каби ишларки, буларнинг ҳаммаси учун ўзига яраша уқубат-жазолар бордир. Бу уқубатларнинг энг ками – сусткашлик ва эринчоқлик сабабли ёки узилиш ва тўхтаб қолиш сабабли амалига футур етишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида шу каби ишларга ишора қилиб айтганлар: «Сизлардан бирингиз ухлаган пайтида шайтон унинг боши орқасига учта тугун тугиб қўяди, ҳар бир тугунга (дам) уриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер» дейди. Агар уйғонса ва Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, яна бир тугун ечилади ва у одам тетик, дили равшан бўлиб тонг оттиради. Аксинча бўлса, ялқов ва дили хира бўлиб тонг оттиради» (Муттафақун алайҳ). 6) Ҳаром ёки шубҳали емак-ичмак билан ҳалқумни булғаш.Бу эса ё кундалик касб-ҳунар ва тирикчилик сабабларига бепарво бўлиш ёки шубҳали ишлар билан муомала қилиш ё бундан бошқа сабаблар билан ҳам бўлиши мумкин. Бунинг ҳам ўзига яраша жазоси бўлиб, дунёдаги энг кам жазоси – дили қорайиб, тоат-ибодатларга бепарво бўлиб қолиши ёки ҳеч бўлмаганда ялқовланиб, ибодатнинг лаззатини ва муножотнинг ҳаловатини топа олмай қолишидир. Исломнинг ҳалол ризқ касб қилишга чақириши, ҳаром ва шубҳали нарсадан узоқлашишга тарғиб қилиши остидаги ҳикматлардан бири шу бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй одамлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 168). «Бас, (эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар!» (Наҳл: 114). «(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик:) «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман»» (Мўминун: 51). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари). «Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Ким ўзига шубҳали бўлган гуноҳдан сақланса, очиқ-равшан гуноҳни албатта тарк қилади. Ким ўзига шубҳали бўлган гуноҳга журъат қилса, очиқ-равшан гуноҳга ҳам қўл уриши мумкин. Маъсиятлар Аллоҳнинг ер юзидаги тақиқланган “ўтлоғи”дир. Ким тақиқланган ўтлоқ атрофида чорвасини боқса, унинг ичига ҳам кириб кетиши мумкин» (Муттафақун алайҳ). «Ўзингни шубҳалантирган нарсани тарк қилиб, шубҳали бўлмаганига бурил» (Имом Бухорий ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни мана шу нарса устида амалий равишда тарбиялаганлар. Бир марта йўлда ётган бир дона хурмони кўрганларида уни олиб емаганлар ва: «Агар бу хурмо садақа хурмоларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқмаганимда, уни олиб еган бўлардим», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Умматнинг салафлари мана шу йўлни маҳкам тутган эдилар. Улар ҳаётларига тааллуқли бўлган емак-ичмак, кийим-кечак, от-улов каби нарсалардан ҳар бирини яхшилаб текшириб кўриб, шундан сўнггина ишлатардилар. Агар уларга заррача шубҳа аралашган бўлса тарк қилишар, бу нарсалар уларни ҳаромга олиб бориб қўйишидан ва бунинг оқибатида қалблари бузилиб, амалдан маҳрум бўлиб қолишдан ёки амаллари мақбул бўлмай қолишидан қўрқардилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Бакрнинг бир ғуломи унга хирож бериб турарди, Абу Бакр унинг хирожидан ердилар. У бир куни бир нима келтирди, Абу Бакр ундан едилар. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» дедилар. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қусиб юбордилар (Имом Бухорий ривояти). 7) Диннинг фақат бир тарафига амал қилишга чекланиб қолиш.Мисол учун, диққат-эътиборни фақат ақидага қаратиб, ундан бошқа барча нарсани ҳисобдан чиқариш ёки ибодатларга қаттиқ берилиб, ундан бошқа томонларга эътибор бермаслик ёхуд хайрия ва ижтимоий ёрдам каби ишлар билан чекланиб қолиб, бошқа ишлардан кўз юмишга ўхшаганки, бундай қилувчи кишилар вақти келиб, албатта малолланиш ва сусайишга дучор бўлишади. Бундай бўлиши табиий. Чунки, Аллоҳнинг дини ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олишни кўзда тутган бўлиб, кимдир унинг бир қисмигагина амал қилишга чекланса, гўё тўлақонли ҳаёт кечириш ўрнига ҳаётнинг бир қисминигина яшаб ўтгандек бўлади. Кейин ўзи яшаб турган шу бир қисмининг ҳам чўққисига етгач, энди буёғига нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади ва бу саволга жавоб топилмагач, ожизлик ва ялқовлик каби бирон футур етишига дучор бўлади. Аллоҳнинг динини бус-бутунича, бўлакларга бўлмасдан ушлашга чақириш остидаги сирлардан бири шу бўлса ажаб эмас: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига амал қилиб, баъзиларига амал қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208). Яъни, иймоннинг барча тармоқларига, Исломнинг барча қонунларига амал қилинглар. Шайтоннинг ортидан эргашманглар. Чунки, у сизларни буғзу адоватга бошлайди ва Аллоҳнинг манҳажидан бутунлай ёки қисман буриб юборади, натижада сизларга футур ва зоелик етади... 8) Аллоҳнинг борлиқ ва ҳаётдаги қонуниятларидан ғофил бўлиш.Аллоҳнинг динига амал қилувчилар орасида бир турли одамлар борки, жамиятни тўлалигича – тушунчалари, ҳис-туйғулари, урф-одатлари, ахлоқи, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тартиб-қоидалари билан бирга, бир кундаёқ, ҳақиқатдан кўра хаёлийликка яқинроқ бўлган услуб ва воситалар орқали ўзгартириб юборишни истайдилар. Уларда шижоат ва журъат етарлича топилади, ҳар қанча қурбонлар берилишини-да кўп санамайдилар, ўлим уларга бостириб келаётган ёки улар ўлимга тик бораётган бўлсалар-да парво қилмайдилар. Ниятлари Аллоҳ учун бўлса, мақсадлари Аллоҳнинг калимасини олий қилиш бўлса бас, натижа қандай бўлишининг улар учун аҳамияти йўқ, Аллоҳнинг борлиқ ва ҳаёт учун тузиб қўйган қонуниятлари билан ҳисоблашмайдилар, амални босқичма-босқич олиб бориш зарурлигини, ғалаба аввало тақво билан, қолаверса куч-қудрат воситасида ҳосил бўлишини, ҳар бир нарсанинг белгилаб қўйилган муҳлати борлигини, ундан олдин ҳам, кейин ҳам бўлмаслигини тан олгилари келмайди. Хаёлот оламидан Ер воқеълигига тушганларидан сўнг ўзлари истаган ва орзу қилган, унинг учун амал қилган иш бўлавермагач, амалларига футур етиб, ялқовлик ва сусайишга дучор бўладилар. Айрим ҳолларда эса бутунлай қўл силтаб, ҳамма ишни йиғиштириб қўядилар. 9) Юкнинг оғирлиги, вазифаларнинг кўплиги ва амал қилувчиларнинг етишмаслиги важидан жасаднинг ҳақларини эсдан чиқариш.Аллоҳнинг динига амал қилувчи баъзи кишилар бўладики, қўлларида бўлган барча имконият, куч-тоқат ва вақтларини динга хизмат қилиш йўлида сарфлайдилар, жисмларига бироз бўлса-да роҳат ва дам беришни истамайдилар. Бундай кишилар юкнинг оғирлиги, вазифаларнинг кўплиги ва амал қилувчиларнинг етишмаслиги туфайли маъзур саналсалар-да, вақти келиб, малолланиб қолишлари ва амалларига футур етиши хавфидан холи эмаслар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қанча узрли сабаблар бўлмасин, баданнинг ҳаққини адо қилишга буюришлари остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. У зот айтадилар: «Сизда Роббингизнинг ҳаққи бор, сизда ўз нафсингизнинг ҳаққи бор ва сизда аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор. Барча ҳақдорга ўз ҳаққини адо қилинг». Бир ривоятда: «Сизда жасадингизнинг ҳам ҳаққи бор, сизда кўзингизнинг ҳам ҳаққи бор, сизда аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор..» (Имом Бухорий ривояти). 10) Йўлдаги тўсиқлар билан юзма-юз келишга тайёр бўлмаслик.Динга амал қилувчи баъзи кишилар ҳам бўладики, йўлларида дуч келадиган ғовларни бартараф этишга тайёр бўлмаган ҳолда йўлга киришади. Яъни, хотин, бола-чақа ташвиши, дунё келиши, синовлар ва балоларга дучор бўлиш каби йўлида учрайдиган тўсиқларга олдиндан тайёр бўлмайди. Йўлда давом этиб турган пайтида шу каби тўсиқлардан бирига тўқнашгач, унга юзланиш ва тадоригини кўришга ожизлик қилиб қолиши натижасида сусайиб ёки тўхтаб қолиб, амалига футур етиб қолади. Қуръони каримнинг йўлдаги тўсиқлардан қайта-қайта огоҳлантиришининг сири ҳам шу бўлса керак. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар уларни афв этсанглар, кечириб юборсанглар ва мағфират қилсанглар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. (Тағобун: 14) И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Макка аҳлидан бир гуруҳ кишилар Исломни қабул қилишиб, сўнгра пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига — Мадинаи мунавварага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида уларнинг динсиз бўлган хотин ва бола-чақалари бу ниятларидан тўсишиб: «Исломга кирганларингизга сабр қилдик, аммо бизларни ташлаб ҳижрат қилишларингизга чидай олмаймиз», дейишган экан. Шунда улар бу гапга кўнишиб Маккада қолишган ва орадан анча замон ўтиб, Мадинага келганларида эса бу ердаги мусулмонлар диний билимларни пухта эгаллаб олганларини кўришиб, илгари ўзларининг йўлларини тўсган хотин, бола-чақаларидан ўч олмоқчи бўлганларида юқоридаги оят нозил бўлгандир. Муфассирлар айтишларича, ушбу ояти карима Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишдан тўсадиган хотинлар ва болаларнинг сўзларига кирадиган барча кишилар учун танбеҳдир. «Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса ёлгиз Аллоҳнинг ҳузуридадир» (Тағобун: 14, 15). «Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос» (Анфол: 28). «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас» (Оли Имрон: 179). «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3). «Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад: 31). 11) Иродаси кучсиз ва ҳиммати паст кишилар билан улфат бўлиш.Динга амал қилувчи киши гоҳо донғи кетган ва шуҳрати ёйилган баъзи кишилар билан бирга бўлиб қолади. Уларга яқинлашиб, ички аҳволлари билан танишгач, овозаси оламга кетгани билан ичи бўм-бўш ноғорасифат, амалга бепарво эканликларини кўради. Улар билан давомий бирга бўлиши натижасида унга ҳам ўшаларнинг ялқовлик ва сустликлари юқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўст ва улфат танлаш зарурати ҳақида таъкидлашларининг сири ҳам шу бўлса ажаб эмас. У зот айтадилар: «Киши ўз дўстининг динидадир. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганини текшириб боқсин» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган). «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан(темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз» (Муттафақун алайҳ). 12) Амални хоҳ шахсий, хоҳ жамоавий даражада тартибга қўйиб олмаслик.Баъзи амал қилувчи кишилар бўладики, хоҳ якка тартибда бўлсин, хоҳ жамаот шаклида бўлсин, Аллоҳнинг дини йўлидаги амални тартибли бўлмаган суратда, ҳеч қандай манҳаж ва низомсиз, яъни хуши келган пайт кўнгли истаган амални қилишга одатланишган бўлади. Оқибатда иккиламчи ва унча муҳим бўлмаган ишларни муқаддам ўринга қўйиб, энг асосий ва Аллоҳнинг динига нусрат келтириши жиҳатидан энг зарурий бўлган ишларни орқага суришади. Бу эса йўлнинг узайиб кетишига, тўловлар ва қурбонларнинг кўпайишига олиб келади ва кўп ҳолларда Аллоҳ ўзи сақлаб қолмаса, амалга футур етишига олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётган пайтда қилган васиятлари остидаги сир ҳам ана шунда эди. У зот айтгандилар: «Сиз аҳли китоблардан бўлган бир қавмга бормоқдасиз. Етиб боргач, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришга чақиринг, агар бунда сизга итоат қилсалар Аллоҳ таоло уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам итоат қилсалар Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам сизга итоат қилсалар молларининг яхшиларини закот қилиб олишдан сақланинг, мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий ривояти). Ушбу ҳадис амални маълум манҳаж асосида, дақиқ тартиб билан қилиш лозимлигига асосий қоида бўлиб хизмат қилади. 13) Гуноҳу маъсиятларга, айниқса бепарволик оқибатида кичик гуноҳларга аралашиб қолиш.Бундай қилиш албатта, амал қилувчининг амалига футур етишига олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шуро: 30). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу маънода марҳамат қилганлар: «Кичик гуноҳлардан cақланинглар, чунки улар кимда йиғилиб қолcа, албатта уни ҳалок қилади». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чўлда, кимcаcиз бир ерда дам олиш учун тўхтаган бир қавмнинг ишини шундай гуноҳларга зарбулмаcал қилиб: «Уларга бирон егулик тайёрлаш вақти келганида, униcи битта, буниcи битта чўп олиб келиб, шу алфозда бир тўп ўтин йиғиб қўйишди ва йиққан ўтинларини ёқиб, унда ўз овқатларини пишириб олишди», дедилар (Имом Аҳмад ривояти). «Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдирки: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилувчи бўлган гуноҳлари (занги) қоплаб олган!» (Мутоффифун: 14). (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2654). Амалларга футур етказувчи сабаблар асосан мана шулардан иборатдир. АсоратлариАмалга футур етишнинг амал қилувчининг ўзига ҳам, исломий амалга ҳам зарарли ва ҳалокатли асоратлари бўлади. Амал қилувчига етадиган асоратларидан бири – ҳеч бўлмаганда – унинг тоат-ибодатлари жамғармасининг камайишидир. Бундай кишига сусайиб, ялқовланиб турган ҳолатида ўлим етиб қолиши хавфи ҳам борки, у ҳолда Аллоҳ ҳузурига нуқсонли ҳолатда бориб қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида айтардилар: «Парвардигоро! Мен Сендан ташвишу ғамдан, ожизликдан, ялқовликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, қарзнинг оғирлигидан ва кишиларнинг ғолиб бўлиб кетишидан паноҳ беришингни сўрайман» (Имом Бухорий ривояти). «Парвардигоро! Умримнинг охирини энг яхши дамларим қилгин. Парвардигоро! Амалларим хотимасини Ўзингнинг розилигингга мувофиқ қилгин. Парвардигоро! Сенга йўлиқадиган кунимни кунларимнинг энг яхшиси қилгин» (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтириб: «Табароний «Авсат»да ривоят қилган, исноди дуруст», деган). Умматга берган хушхабарларидан бири шундай бўлганди: «Аллоҳ бир бандага яхшилик истаса, уни ишга солиб қўяди», дедилар. «Қандай ишга солади?», деб сўралганда: «Солиҳ амалга муваффақ қилиб қўяди-да, сўнг шунинг устида жонини олади», дедилар (Имом Термизий ривояти). Умматга васиятларидан бирида: «Бир банда одамлар аҳли жаннатнинг амали деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи аниқ дўзах аҳлидан бўлади. Бир банда одамлар дўзах аҳлининг амалидан деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи жаннат аҳлидан бўлади. Амаллар фақат хотимасига қараб ўлчанади», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яна айтганлар: «Бир амал қилувчининг амалидан то у нима билан хотима топишини кўрмасдан аввал ажабланманглар» (Имом Аҳмад ривояти). Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу сўзлардан қаттиқ таъсирланганидан ўлими яқинлашган соатлар бетоб бўлиб ётган ҳолда йиғлаган ва: «Ўлимим менга амалдан сусайган ҳолимда етганига, жиҳодда бўлган ҳолимда етмаганига йиғламоқдаман», деган эди (Ибнул Асир: «Ан-ниҳая фий ғарийбил-ҳадис»). Исломий амалга етадиган асоратларидан бири – йўлнинг узайиб кетиши, тўлов ва қурбонларнинг кўпайиб кетишидир. Чунки, Аллоҳ таолонинг ердаги қонунияти шундайки, У ялқовларга, ғофил ва амалдан узилиб қолганларга нусрат ва ғалаба бермайди, Ўз нусратини амалда мустаҳкам бўлган амал қилувчиларга ва мужоҳидларга туширади: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз» (Каҳф: 30). «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128). «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69). Муолажа қилиш йўллариАмалга футур етиш биз юқорида санаб ўтган асорат ва хатарларга олиб келгани боис ундан сақланиш ва покланиш лозим бўлади. Динга амал қилувчилар ундан қуйидаги воситалар билан сақланишлари ва тозаланишлари мумкин: 1) Катта-ю кичик гуноҳу маъсиятлардан узоқлашиш. Чунки, гуноҳлар дилларни куйдирадиган ва Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ўтдир. Парвардигорининг ғазабига дучор бўлган кимса жуда қаттиқ зиёнкорга айланади: «Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур» (Тоҳа: 81). 2) Зикр, дуо, илтижо, истиғфор, Қуръон ўқиш, чошгоҳ намози ва тунги намозлар ўқиш, хусусан саҳар пайти муножот қилиш каби кундалик амалларда бардавом бўлиш. Чунки, бундай амаллар иймонни чархлайди, дилларга қувват ва ҳаракат бахш этади, ҳимматларни юксалтиради, азму-қарорларни кучайтиради. Аллоҳ таоло айтади: «У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир» (Фурқон: 62). «Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — унинг (кечанииг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона тажвид билан) тиловат қилинг! Зеро, Биз сизга оғир Сўзни — Қуръонни туширажакмиз» (Муззаммил: 1-5). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким тунда ўқийдиган ҳизбидан (яъни, намоз ёки Қуръондан бўлган вазифасидан) ёки унинг бир қисмидан ухлаб қолган бўлса ва кейин уни бамдод билан пешин намозлари оралиғида ўқиб қўйса, унга тунда ўқигандек ажр ёзилади» (Имом Муслим ривояти). 3) Афзал вақтларни ғанимат билиш ва уларни тоатлар билан ўтказишга ҳаракат қилиш. Чунки, бу ҳам қалбларни жонлантириб, иродаларни чиниқтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «...(амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (бериладиган ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар-куч-қувват олинглар» (Имом Бухорий ривояти). 4) Аллоҳнинг динида ғулув кетиш ва уни қийинлаштиришдан сақланиш. Чунки, бу ҳам кишини малолланишдан сақлаб, амалда баравом бўлишига ёрдам беради. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир бўйралари бўлиб, тунда уни тўсиб олиб, намоз ўқирдилар, кундузи эса ёзиб қўярдилар. Одамлар ҳам у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқийдиган бўлдилар. Бир кеча тўпланиб турганларида уларга: «Эй одамлар! Тоқатингиз етганича амал қилинглар! Чунки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Амалларнинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – ўзи оз бўлса-да, давомли бўлганидир» дедилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-оилалари бир амални қилсалар, пухта қилардилар» (Имом Муслим ривояти). Бироқ, шуни унутмаслик керакки, ғулув кетиш ва қийинлаштиришдан сақланиш дегани амални тарк қилиб қўйиш ва бепарво ташлаб қўйиш дегани ҳам эмас. Балки, ўртачалик билан, суннатга эргашган ҳолда, одатий амалларни қилиб бориш, маъносидадир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абдуллоҳ, фалончига ўхшаган бўлмагин. У тунги намозга турарди, турмай қўйди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, уни тарк этинглар. Нимагаки буюрган бўлсам, уни имкон қадар бажаринглар» (Муттафақун алайҳ). 5) Ўзни жамоат ичига сингдириб юбориш, ҳар қандай ҳолда ҳам жамоатдан ажралмаслик ва ундан воз кечмаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жамоат раҳмат, ундан ажралиш эса азобдир» (Имом Аҳмад ривояти). Яна айтганлар: «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий ривояти). Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Жамоатнинг лойқалиги ёлғиз кишининг тиниқлигидан яхши». 6) Аллоҳнинг борлиқда ва инсоннинг ўзида яратиб қўйган қонуниятларидан огоҳ бўлиш. Аллоҳ таоло айтади: «Бас сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини кўрмассиз» (Фотир: 43). Яъни, мазкур қонуниятга кўра, аввало, инсон куч сарфлаши, ғайрат кўрсатиши лозим: «Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4). Шунингдек, амалда босқичма-босқич кўтарилиб бориши керак. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Қуръондан энг аввал жаннат ва дўзах зикр этилган суралар нозил бўлганди. Одамлар Исломга интила бошлагач, ҳалол ва ҳаромнинг баёни нозил бўлди. Агар бошдаёқ: «Маст қилувчи ичимлик ичманглар, зино қилманглар», деган буйруқлар нозил бўлса эди, одамлар: «Ичкиликни ҳам, зинони ҳам асло ташламаймиз», деган бўлишарди» (Имом Бухорий ривояти). Хулафои рошидиннинг бешинчилари ҳисобланмиш Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ҳаётни тўрт халифанинг давридагидек ҳолатга қайтаришга қасд қилгандилар. Бироқ, аввал яхшироқ ўрнашиб олиш ва жиловни маҳкамроқ тутиб олиш учун хиёл фурсат тўхтаб турганларида Абдулмалик исмли тақволи, жасорати ва шижоати ичига сиғмаётган ўғли отасининг ноҳақлик ва зулм қолдиқларини йўқотишга шошилмаётганидан тоқатсизланиб, отасини тезроқ бу ишга киришишга ундаганида, доно отанинг жавоби шундай бўлганди: «Эй ўғлим, шошқалоқлик қилма! Мен одамларнинг ҳаммасини бирданига ҳаққа мажбурласам, улар бош тортиб қолишларидан ва бунинг оқибатида фитна келиб чиқишидан қўрқаман...» (Шотибий: «Ал-мувофақот»). 7) Илк бошиданоқ йўлдаги тўсиқлардан воқиф бўлиш, уларга юзланишга ва олдини олишга тайёр бўлиш, шу билан амалга футур етишига ўрин қолдирмаслик. 8) Амал қилишда бирламчи ишларга риоя қилиш ва муҳимроқ ишни муқаддам қўйиш, иккиламчи ишларга ва жузъий масалаларга берилиб кетмаслик. 9) Аллоҳнинг солиҳ, мужоҳид бандаларига ёндошиш. Зеро, уларнинг дилларининг поклиги, кўнгилларининг зиёси ва руҳларининг нури кишини ўзига асир этиб, ҳимматларни ҳаракатга келтиради, иродаларни мустаҳкамлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу маънода марҳамат қилганлар: «Сизларга одамларнинг энг яхшиси кимлигини айтиб берайми?» «Ҳа, айтиб беринг, ё Расулуллоҳ», дейишганда: «Уни кўриш билан Аллоҳ азза ва жалла ёдингизга тушадиган киши», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). 10) Баданга роҳат ва емак-ичмакдан бўлган ҳаққини бериш ва бунда ўртачаликни лозим тутиш. Бу ҳам жисмнинг фаолиятини яхшилаб, унга ҳаётий қувватини қайтариб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунлардан бирида масжидга кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ухлаб олсин», дедилар (Муттафақун алайҳ). Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирортангиз намоз ўқиётганида мудраб қолса ухлаб олсин, токи ундан уйқу кетсин. Чунки, бировингиз мудраган ҳолда намоз ўқиса билмайдики, истиғфор айтаман деб ўзини сўкиб қўяр» (Муттафақун алайҳ). 11) Аҳли-аёл билан ҳазил-ҳузул қилиш, бола-чақани ўйнатиш, сув ҳавзаларига, тоғларга, саҳро ёки далаларга сафар уюштириб, ҳордиқ чиқариш ва жисмга ҳам, мияга ҳам дам бериш. Бу ҳам малолликни кетказиб, ялқовликка барҳам беради ва мусулмон кишини тетиклаштириб, ғайрат билан амалда давом этишига ёрдам беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлмиш Ҳанзала ал-Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу мен билан кўришиб: «Қалайсиз, эй Ҳанзала?» деган эди, мен: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ, нима деяпсиз?!», деди. Мен айтдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўядилар. Ҳузурларидан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатга йўлиқамиз», деди. Сўнг Абу Бакр билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бордик. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўясиз. Ҳузурингиздан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатларингизда бўлганингизда эди, фаришталар тўшакларингизда ҳам, юрган йўлларингизда ҳам сизлар билан қўл бериб кўришадиган бўлиб қолар эди. Лекин, эй Ҳанзала, гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлинг», (яъни, бир муддат ибодатда бўлсангиз, бир муддат жисмингизга роҳат беринг) дедилар уч бор (Имом Муслим ривояти). 12) Сийрат, тарих ва таржимаи ҳоллар ҳақида битилган китобларни давомий мутолаа қилиб туриш. Бундай китоблар кучли азму қарор ва содиқ ирода эгалари бўлган амалли мужоҳид зотларнинг хабарлари билан тўла бўлиб, улар ўқиган кишининг қалбига таъсир кўрсатиб, улардан ибрат ва ўрнак олиш истагини уйғотади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир» (Юсуф: 111). Мисол учун, мусулмон киши Умар ибн Абдулазиз ҳақида ўқиркан, унинг бомдод намозидан сўнг то кун чиққунча бўлган вақт ичида кўзидан уйқусини қувиб, ҳовлида айланиб, ўзига-ўзи қуйидаги байтни қайтариб юрганини ўқиганда, ҳис-туйғулари жунбушга келиб, ўзини боамал мужоҳидлар карвони сафига қўшишга ҳаракат қилиб қолади: (шеър мазмуни) Қандай қилиб ухлайди кўз роҳатга чўмиб, Борар жойин то аниқ билмайин туриб. 13) Ўлимни ва унинг ортидан келувчи қабрдаги савол-жавоб, қабр зулмати ва ёлғизлиги, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ва ҳоказолар ҳақида фикр юритиш. Бу ҳам нафсни уйқусидан уйғотади, мудроқлигини ҳайдайди, ғафлатини кетказади, шу билан инсон яна тетиклашиб, амалда давом этади. Ўлимни эслаб туришнинг энг яхши йўли – ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта – қабристонга бориш ва қабрларни зиёрат қилиб, уларнинг ҳолидан ибрат олишдир. Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг». Имом Термизий ривоятида: «Чунки у сизларга охиратни эслатади», деб қўшиб қўйилган. Ибн Саммок ал-Воиз ўз уйида бир қабр қазиб олган экан. Ҳар қачон нафси ғалаён қилиб, амалида сусайиш пайдо бўлганида ўша қабрга тушиб, худди ўликка ўхшаб ётиб олар, сўнг ҳақиқатан ўлиб, қабрга қўйилгач бўладиган савол-жавобларни кўз олдига келтирар, солиҳ амалларининг камлигини кўргач, дод-фарёд қилиб, ёрдам сўрар, «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб ортга қайтаришни тиларди. Узоқ мадад тилаш ва ёрдам талаб қилишлардан сўнг ўзига ўзи жавоб бериб: «Эй Ибн Саммок, мана сенга яна бир фурсат берилди», дер, сўнг қабрдан чиқиб, амалга жидду-жаҳд қилиб қоларди. 14) Жаннат ва дўзахни, уларда бўлган неъматлар ва азобларни эсга олиш. Бу ҳам кўздан уйқуни қочириб, пасайиб қолган ҳимматларни ва сусайиб кетган азму-қарорларни яна қайта ҳаракатга келтиради. Ривоят қилишларича, Ибн Ҳарам ибн Ҳайён баъзан тунлари ташқарига чиқиб, баланд овозда: «Ажабо, жаннат талаб қилган кишининг кўзига қандай уйқу келаркин, дўзахдан қочиш истагида бўлган одам қандай қилиб ухлаб ётаркин?!», деб баланд овозда қичқираркан. Сўнг ушбу оятни ўқиркан: «У қишлоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми?» (Аъроф: 97). (Ибн Ражаб: «Ат-тахвиф бин-нар»). 15) Илм мажлисларида ҳозир бўлиш. Зеро, илм қалбларни тирилтиради. Баъзан амалли олимнинг бир оғиз сўзи кишига таъсир қилиб, унга тўла бир йил, ва ҳатто бир умрлик ғайрат бахш этиши мумкин. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28), «Айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин»» (Тоҳа: 114). 16) Динни тўлалигича ва мукаммал суратда ушлаш, унинг бир қисмига амал қилиб, бошқасини тарк қилмаслик. Чунки, бу бир умр амалда давомийликни таъминлайди. 17) Нафсни тергаш ва доим ҳисоб-китоб қилиб туриш. Бу нарса кишига унинг айбларини ҳали катталашмасидан туриб кўрсатиб қўяди ва уларни муолажа қилиши осон бўлади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18). ИККИНЧИ ТЎСИҚ
ИСРОФ Амал қилувчи кишиларга етадиган ва улар ундан халос бўлишлари, унга қарши ҳимояланишлари зарур бўлган тўсиқлардан яна бири исрофдир. Исроф маъносиИсроф сўзи луғатда икки маънога далолат қилади: 1)Тоат-ибодатдан бошқага (пул-мол ва вақт) сарфлаш; 2)Ҳаддан ошиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш. Уламолар истилоҳида эса исроф деганда емак-ичмак, либос, уй-жой каби инсон нафсида ўрнашган ғаризаларни қондиришда ўртачаликдан зиёда бўлиш маъноси кўзда тутилади. Исрофни келтириб чиқарувчи сабабларИсрофга элтувчи ва уни келтириб чиқарувчи бир неча сабаблар ва омиллар мавжуд: 1) Унинг ичида ўсиб-улғайишЯъни, баъзан мусулмон киши исрофгар ва тўкин-сочин хонадонда ўсиб-улғайиши оқибатида «қуш уясида кўрганини қилади» деганларидек, ота-она ва катталардан ўрнак олиб, ёшлигидан исрофга одатланган бўлади. Исломнинг оилавий ҳаётда жуфт танлаш ва эр-хотиннинг ҳар иккиси Аллоҳнинг шариати ва йўлини лозим тутиши зарурлигига чорлаши ва бунга қаттиқ урғу бериши остидаги ҳикматлардан бири мана шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади: «Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билувчидир» (Нур: 32). «То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да,— иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да, — иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни-иродаси билан жаннатга даъват қилади» (Бақара: 221). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Aёл кишигa тўрт нарсадан бири туфайли: бoйлиги, нaсaби, ҳусни ё дини учун уйлaнилaди. Шундaй экaн, сeн диндoрини қўлга киритишга ҳaрaкaт қил, барака топгур». (Муттафақун алайҳ). 2) Оғир ҳаётдан сўнг фаровонликнинг келишиБаъзан оғир ҳаётдан сўнг фаровонлик ва тўкин-сочин ҳаётнинг, машаққатдан сўнг роҳат-фароғатнинг келиши ҳам исрофгарчиликка сабаб бўлади. Чунки, кўп одамлар бўладики, қийинчилик, маҳрумлик, етишмовчилик билан яшаб турган пайтларида сабр қилиб, ажр истаб Раббиларининг йўлида оғишмай давом этиб турадилар. Яшаш шароитлари ўзгариб, қийин ва танг ҳаётдан осон ва фаровон ҳаётга кўчиб ўтишгач, ўртача ҳаёт кечиришда мувозанат сақлаб туролмайдилар-да, «кўрмаганнинг кўргани қурсин», деганларидек, исрофгарчилик ва ҳаддан ошиш томонга оғиб кетадилар. Шунинг учун ҳам шариат соҳиби бўлган доно зот дунёнинг оқиб келиши оқибатларидан огоҳлантирган ва ундан керакли миқдордагина олишга тавсия қилган бўлсалар керак. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зараридан) қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Бухорий (8/12) ва Имом Муслим (4/2273, 2274) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Аллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда халифа қилган. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, Бани Исроилнинг илк фитналаниши аёллар хусусида бўлган эди» (Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 911). 3) Исрофгарлар билан улфат ва ҳамсуҳбат бўлишБаъзан исрофгарлар билан улфатлашиш ва кўп бирга бўлиш ҳам кишини исрофга одатлантириб қўяди. Чунки, инсонга кўпинча яқин дўсти ва улфатининг хулқ-атвори кўчиб ўтади. Айниқса, у билан узоқ бирга бўлса ва улфати шахсияти кучли ва таъсир кучига эга одам бўлса, унинг таъсири яна-да яққол кўзга ташланади. Исломнинг яхши дўст ва улфат танлашга чақириши ва бунинг зарурлигини таъкидлаши остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. Биз юқорида футур сабаблари ҳақида сўз юритганимизда бу мавзуга тегишли далилларни ҳам айтиб ўтдик. 4) Йўл захирасидан ғофил бўлишЙўл захирасидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлади. Яъни, Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига олиб борувчи йўл ҳарир пойандозлар, гулу райҳонлар билан тўшалган эмас, аксинча, бу йўл тиканаклар, кўзёшлар, тер ва қонлар устидан ўтиб боради. Бу йўлга юмшоқ ва дабдабали ҳаёт кечириш билан, роҳат-фароғат билан кириб бўлмайди. Бу йўлга сабру матонат ва машаққатларга чидаш билангина кириш мумкин. Йўл захираси шудир. Бу захирадан ғофил бўлиш динга амал қилувчи мусулмон кишини исрофга тушириб қўяди. Қуръоннинг ушбу йўлнинг табиати ҳақида такрор ва такрор сўз юритишининг сири ҳам шунда бўлса керак: «Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир» деган жавоб бўлган эди» (Бақара: 214). «(Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!» (Оли Имрон: 142). Ва бошқа оятлар. 5) Хотин ва бола-чақаБаъзан кишининг аҳли-аёли ва фарзандлари ҳам унинг исроф йўлига киришига туртки бўлишади. Чунки, аёли ва фарзандларининг исрофга йўл қўйишларига бепарво қараган киши доимий бирга ҳаёт кечириши натижасида кунлар ўтиши билан ўзи ҳам улардан таъсирланиб қолиб, исрофгарлар қаторидан ўрин олади. Исломнинг диндор ва солиҳ умр йўлдоши танлашга чақириши остидаги ҳикмат – биз юқорида биринчи сабаб ҳақидаги сўзимиз ичида бунга далиллар келтириб ўтдик – шунингдек, аҳли-аёл ва фарзандлар тарбиясига эътибор бериш зарурлигини таъкидлаши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида бағритош ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан (қўл остингиздагилардан) масъулсиз. Имом (давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Хуллас, ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ). 6) Дунё ҳаётининг табиатидан бехабарлик ва шунга қараб ҳаёт кечирмасликДунё ҳаётининг табиатини яхши билмаслик ва унга мувофиқ ҳаёт кечирмаслик ҳам кишини исрофгарчиликка олиб бориб қўяди. Дунё ҳаётининг табиати шуки, у доимо бир хилда турмайди, бугун бир ҳолатда бўлса эртага бошқача ҳолатга кўчиб туради. Бугун сизга омад кулиб боқса, эртага сиздан юз ўгириб ҳам тураверади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140). Шундай экан, доим дунё борасида эҳтиёткор ва хушёр бўлишимиз, кундалик эҳтиёжимиздан ортиқча молимизни, соғлигимиз ва вақтимизни эртанги кунга асраб қўйишимиз, бошқача айтганда, омад келиб турганда унинг кетишига ҳам ҳозирланиб туришимиз лозим. Дунё ҳаётининг табиати ана шундай. Бундан ғофил бўлиш кишини исрофга етаклайди. 7) Нафс тизгинини бўш қўйишБаъзан нафснинг тизгинини маҳкам тутмаслик ва унга бепарво қараш ҳам исрофга сабаб бўлади. Чунки, инсоний нафс унинг тизгинини маҳкам ушланганда эгилади ва бўйсунади. Аммо, унга бепарво қаралса, қайсарлашиб, шаҳватлар сари интиладиган ва улардан ажралгиси келмайдиган бўлиб қолади. Бинобарин, динга амал қилувчи киши нафсига бепарво қараб, унинг барча истакларини бажо келтираверса, охир-оқибат нафси уни албатта исрофга туширади. Исломнинг барча нарсадан олдин нафсни ҳисоб-китоб қилиш ва қийнашга буюриши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11). «Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 9, 10). «Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69). 8) Қиёмат кунининг оғирликлари ва даҳшатларидан ғофил бўлишБаъзан қиёмат кунининг қаттиқлиги ва даҳшатли аҳволларидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлади. Ҳолбуки, қиёмат кунида юз берувчи даҳшатли ҳолатларнинг васф қилиб беришдан тил, тасвирлаб беришдан қалам ожиздир. Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг ҳадисларида бу кун тўғрисида келган оят-ҳадислар ўзи кифоя. Ким уларни тафаккур қилиб, ўзига панд-насиҳат олса, ҳаётини дунё ноз-неъматларига берилмаган ҳолда ўтказади. Бундан ғофил бўлган киши эса исроф ва ҳаддан ошишга, балки ундан ҳам узоқроқ нарсаларга дучор бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Раббиларидан давомий қўрқишларига ва дунё ноз-неъматларига берилмаганликларига асосий сабаблардан бири ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» (Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ҳамда Абу Ҳурайра ва Анас розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Бир ривоятда: «Ва аёллар билан тўшакларда лаззатланиб ётмаган бўлардингиз». 9) Бутун инсоният ва хоссатан мусулмонлар бошдан кечираётган ҳаёт воқелигини унутишБаъзан башарият умумий суратда, мусулмонлар хос суратда бошдан ўтказаётган воқеликни унутиш ҳам исроф ва ҳаддан ошишга сабаб бўлади. Зеро, башарият бугун жар ёқасига келиб қолган, оёғи остидаги ер бир силкиниб, ўша жарга қулаб тушиши ва ҳалокатга дучор бўлиши хавфи остида яшамоқда. Мусулмонлар эса жуда ачинарли хорлик ва хўрлик ҳолига дучор бўлганлар. Мана шу воқеликдан кўз юмиб, туйғулари ўлик ва ҳиссиз ҳолда яшаб турган инсон албатта, исроф ва ҳаддан ошишга мубтало бўлиб, дунё зеб-зийнатларига берилиб кетиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин ҳам, кейин ҳам башариятнинг аҳволидан қаттиқ ғам-ғуссага ботиб, кўп маҳзун бўлганликлари, ва ҳатто Парвардигорлари тарафидан итоб ва маломатга сазовор бўлганликларининг сири ҳам шунда бўлса ажабмас: «(Эй Муҳаммад), агар улар ушбу сўзга – Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз (бундоқ қилиш сизга нораводир)» (Каҳф: 6). «(Эй Муҳаммад), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилувчидирсиз. (Ундоқ қилманг!)» (Шуъаро: 3). «Бас (Эй Муҳаммад), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини билувчидир» (Фотир: 8). 10) Исрофдан келиб чиқувчи асоратлардан ғофил бўлишИсрофнинг асоратларидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлиши мумкин. Зотан, исрофнинг зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари мавжудки, биз уларни бироз қуйироқда зикр қиламиз. Инсон табиатидан маълумки, кўпинча бирон ишнинг асорат ва оқибатларини ёдда тутиши уни ўша ишга қўл уришига ёки ундан тийилишига сабаб бўлади. Аммо, агар асоратларидан ғофил бўлса, унинг иш-амалларига халаллик ва беқарорлик етади, нолойиқ ва кераксиз ишларга киришиб, керакли ишларга бепарво бўлади. Бинобарин, динга амал қилувчи мусулмон киши агар исроф ортидан келувчи асоратлардан ғофил бўлса, исрофга нишон бўлишдан омонликда бўлмайди. Исломнинг кўплаб ҳукмлар остидаги ҳикматларни ва улардан кўзда тутилган мақсадларни зикр қилишга қаттиқ эътибор қаратиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. 3. Исрофнинг асоратлариИсрофнинг исломий амалга ва амал қилувчиларга зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари бор. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз. Амал қилувчиларга етадиган асорат ва оқибатлари: 1) Баданга дарду иллат етишиИсрофнинг зарарли асоратларидан бири – у баданга иллат-дард етишига сабаб бўлади. Чунки, инсоннинг жисми бир талай илоҳий қонун-қоидалар билан маҳкумки, улардан тажовуз қилиш, яъни ошириб юбориш ё камайтириш уни ҳар хил касалликларга дучор қилади. Дардга чалиниши эса кишини унга юклатилган вазифаларни адо этишдан тўсади. 2) Дилнинг қотишиИсрофнинг зарарли оқибатларидан яна бири – дилнинг қотишидир. Зеро, очлик ва кам таомлилик билан қалб юмшайди ва мулойим тортади. Тўқлик ва кўп ейиш эса инсоннинг дилини қотириб, тошбағир қилиб қўяди. Аллоҳнинг қонунияти ана шундай: «Бас сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини кўрмассиз» (Фотир: 43). Тошбағирлилик эса ўз эгасини тоат-ибодат ва яхшиликлардан тўсади. Бундай кишиларнинг ҳолига вой: «Бас диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай!» (Зумар: 22). Гарчи ўзини мажбурлаб, яхшилик ва тоатларни адо этишга ҳаракат қилса ҳам, барибир бу ишлари ортидан лаззат ва ҳаловат топмайди. Аксинча, машаққат тортгани ва қийналгани қолади: «... айрим (тунги намозларда) қоим бўлувчилар борки, уларга бедорликдан бошқа ҳеч нарса йўқдир» (Имом Ибн Можа ривояти). 3) Фикрнинг ўтмаслашишиИсроф ортидан келувчи асоратлардан яна бири – фикрнинг ўтмаслашувидир. Чунки, фикрнинг ўткир ёки ўтмас бўлиши бир неча омилларга боғлиқ бўлиб, улардан бири қориндир. Яъни, қорин оч бўлганда инсоннинг фикри жуда тез ва тиниқ ишлайди, қорин тўйгач, фикр ҳам ўтмаслашиб қолади. Қадимда айтилгани каби: «Қорин тўйгач, зеҳн уйқуга кетади». Фикр ўтмаслашувга маҳкум бўлган кун – мусулмон киши илму ҳикматдан маҳрум бўлган кун, демакдир. У кунда инсон ўзини бошқа махлуқотлардан имтиёзли этиб турган энг катта хусусиятидан айрилади. 4) Ёмонлик ва гуноҳга қўл уриш истагини жунбушга келтиришиИсрофнинг ортидан келувчи ёмон асоратлардан яна бири – унинг гуноҳ ва ёмонликлар қилиш истагини жунбушга келтиришидир. Чунки, исрофга берилиш нафсда каттагина қувват пайдо қилади. Бу қувват ўз навбатида нафс тубида ўрнашган яширин истак-ғаризаларни уйғотади. Ана шунда амал қилувчи мўминнинг гуноҳу маъсиятга тушиб қолмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқдир, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно. Исломнинг уйланишга қодир бўлмаган кишини рўза тутишга буюриши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир» (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 5) Қийинчилик ва машаққатлар олдида енгилишИсрофнинг нохуш асоратларидан яна бири – қийинчилик ва машаққат соатларида енгилиб қолишдир. Чунки, исрофга берилган киши ҳаётини дабдаба ва мўл-кўлчиликда ўтказгани ва қийинчилик кўрмагани боис меҳнат-машаққатга дуч келганда довдираб, ўтириб қолади ва Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига ноил бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло ўз нафси билан курашган ва бу курашда содиқ бўлган мухлис кишиларнигина қўллаб-қувватлайди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди» (Фатҳ: 18). 6) Бировлар ҳолига бепарволик билан қараш ва риоя қилмасликИсрофнинг асоратларидан яна бири – бошқалар ҳолига лоқайдлик билан қарайдиган ва бировларни риоя қилмайдиган бўлиб қолишдир. Чунки, ҳаётда меҳнат-машаққат кўрган ва қийинчилик тортган инсонларгина бировларнинг аҳволини риоя қилади, уларни тушунишга ҳаракат қилади. Айтишларича, Юсуф алайҳиссалом Миср хазиналарининг калитлари қўлларида бўла туриб, тўйиб овқат емас эканлар. Бунинг сабабини сўралганда: «Қорним тўйиб қолса, очларни унутиб қўяман деб қўрқаман», деб жавоб берган эканлар. Исрофга берилган киши ҳар томонлама неъматлар ичида бўлганидан бошқалар ҳақида фикр юритиш ва қайғуриш эсига ҳам келмайди. 7) Эртага Аллоҳ таоло олдида сўроққа тутилишИсрофнинг асорат ва оқибатларидан яна бири – эртага, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида сўралишдир: «Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар» (Такосур: 8). Аллоҳ таоло ҳузурида сўроқ-саволга ва ҳисоб-китобга тутилишнинг ўзи азобга дучор бўлиш демакдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади.» Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» У зот дедилар: «У (амалларни) бир кўндаланг қилишлик холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса хонавайрон бўлади» (Имом Бухорий ривояти). 8) Ҳаром касб қилишга мажбур бўлиб қолишИсрофга берилишнинг асорат ва оқибатларидан яна бири шуки, исрофгар одам омад қўлидан кетиб, иши ўнгидан келмай қолганда ўзи ўрганиб қолган дабдабали ҳаётдан воз кечолмай, ўша ҳаётининг талабларига жавоб бериш мақсадида – Аллоҳ кўрсатмасин – ҳаром касб қилишга ҳам мажбур бўлиб қолади. Ҳолбуки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилганидек: «Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари). 9) Шайтонлар билан дўст тутинишАллоҳ таоло айтади: «Исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир» (Исро: 27). Шайтонлар билан дўстлашиш дегани уларнинг ҳизбига, яъни гуруҳига қўшилиш демакдир. Бу эса аниқ зиёнкорлик ва очиқ адашишдир: «Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон хизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўрувчилардир» (Мужодала: 19). 10) Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлишИсрофнинг ёмон асоратларидан яна бири – Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлиб қолишдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, У исроф қилувчиларни севмас» (Анъом: 141, Аъроф: 31). Исрофгарликнинг исломий амалга қолдирадиган ёмон асоратлари қуйидагиларда кўринадиИсломий амални тўхтатиб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда бир неча ўн йиллар орқага суриш. Чунки, мусулмонларнинг Аллоҳ душманларига юзланадиган иймон отлиқ ягона қуролларига исроф, ҳаддан ошиш, дабдаба ва роҳат-фароғат қаттиқ таъсир кўрсатади. Санаб ўтганларимиз исрофнинг исломий амалга ва амал қилувчиларга қолдирадиган ёмон асорат ва оқибатлари эди. Юқорида футур сабаблари ҳақидаги сўзларимиз ичида ушбу асоратларни ўз ичига олувчи оят, ҳадис ва салафларнинг сўзларидан намуналар келтириб ўтдик. 4. Исрофни муолажа этиш йўллариИсрофнинг сабаб ва боислари, асорат ва оқибатларини, санаб ўтганимиздан сўнг энди уни муолажа этиш йўлларини зикр қиламиз: 1) Исрофдан келиб чиқувчи асоратлар ва оқибатлар ҳақида фикр юритиш. Чунки, бундай қилиш олдиндан ишларнинг тадоригини кўриш ва вақт ўтмасдан туриб исрофдан халос бўлиш имконини беради. 2) Нафсга ҳушёр бўлиш. Бу эса уни истак-хоҳиши ва чақириқларидан айириш билан ҳамда тунлари намоз ўқиш, нафл рўзалар тутиш, садақалар бериш, яёв юриш, оғир юклар кўтариш каби оғир ва машаққатли ишларга одатлантириш билан бўлади. 3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва сийратларини давомий ўқиб-ўрганиш. Чунки, у зотнинг сийратлари исрофдан огоҳлантириш билан, нафсга қарши кураш олиб бориш, содда ва фақирона ҳаёт кечириш билан тўладир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин битта ичакка ейди, кофир эса еттита ичакка ейди». Бир ривоятда: «У зот ҳузурларида бир кофир киши меҳмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан бир қўйни соғиб сутини олиб келинди. У ҳалигини ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини олиб келинди. Уни ҳам ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини ичди. Хуллас, шундай қилиб у еттита қўйнинг сутини ичди. Эртаси тонг отгач, у мусулмонликни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар, бир қўйнинг сутини соғиб келинди. У ҳалиги сутни ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини олиб келинган эди, уни охиригача ичолмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин битта ичакка ичади, кофир эса еттита ичакка ичади», дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисларида айтганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2265). Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо жиянлари Урва ибн Зубайрга айтишларича: «Биз ҳилолни (янги ойни) кузатардик, икки ой ўтиб кетарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларида қозон осилмас эди». Урва: «Унда нима билан тирикчилик қилардинглар?», деб сўраганида: «Хурмо ва сув билан. Ундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансор қўшнилари у зотга сут чиқариб туришар, ўша сутдан биз ҳам ичардик», дедилар (Имом Бухорий ривояти). Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари теридан бўлиб, ичига хурмо пўстлоқлари солинган эди» (Имом Бухорий ривояти). (Хурмонинг пўстлоғи бўлмайди. Унинг танаси катта бўла бошлагач попук-томирсимон нарса билан қопланади. Маълум муддат ўтгач ана шу попуксимон нарса қурийди ва ундан турли мақсадларда фойдаланилади. ИНТ изоҳи) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан тортиб то вафот этгунларига қадар у зотнинг хонадон аҳли уч кун пайдар-пай таомга тўйган эмас» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим! Муҳаммаднинг хонадони аҳлини қут (очликдан тўсишга кифоя қиларлик таом) билан ризқлантиргин», деб дуо қилардилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар). Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон киши мана шу каби ҳисларини чархлайдиган ва туйғуларини жунбушга келтирадиган ҳолатлардан воқиф бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини кўз олдида тутиб, жаннатда бирга бўлиш умидида у зотдан ўрнак олишга ва у зотга эргашишга ҳаракат қилади. «Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу-марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли билувчидир» (Нисо: 69, 70). 4) Бу умматнинг салафлари бўлган мужоҳид саҳобалар ва амалли олимлар сийратларидан бохабар бўлиш. Зотан, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, фақирона ҳаёт кечириб ўтганлар, ғамлари дунё бўлмаган, дунёни фақат охиратга олиб борувчи бир йўл ва кўприк сифатида кўрганлар. Умар ибн Хаттоб ўғли Абдуллоҳнинг – розияллоҳу анҳумо – олдига кирганида унинг олдида бир бўлак гўшт турганини кўриб: «Бу қандай гўшт?», деб сўради. «Егим келган эди», деган эди: «Егинг келган нарсани еяверасанми?! Ҳар бир егиси келган нарсани еявериши кишининг исрофгарлигига кифоя қилади», деди. (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/284, 285) келтириб: «Абдурраззоқ, Аҳмад, Ибн Асокир Ҳасандан ривоят қилганлар», деган). Салмон Форсий Абу Бакр Сиддиқ – розияллоҳу анҳумо – ҳузурига ўлим тўшагида ётган пайтида келиб: «Менга васият қилинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси», деди. Шунда Абу Бакр: «Аллоҳ сизларга дунёни очиб ташлайди. Шунда ҳар ким фақат ўзига кифоя қиларли нарсанигина олсин», дедилар. (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/287) келтириб: «Дайнурий Ҳасандан ривоят қилган», деган). Саъд ибн Аби Ваққос Кўфада туриб Умар ибн Хаттобдан – розияллоҳу анҳумо – ўзи учун бир тураржой қуришга рухсат сўраб мактуб юборганида унга шундай жавоб келган экан: «Қурган уйинг қуёшдан сақлайдиган ва ёмғирдан пана қиладиган бўлса кифоя, зеро дунё вақтинчалик ҳовлидир» (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/286) келтириб: «Ибн Абид-Дуня ва Дайнурий Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилган», деган). Маймун (ибн Меҳрон) айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фарзандларидан бири изори йиртилиб қолганини айтиб, у кишидан бир изор олиб беришини сўраганида: «Изорингдан йиртиб, ўша ерига ямоқ қилиб ол», деди. Йигитчага бу гапи ёқмаганини кўргач: «Қуриб кетгур! Аллоҳдан қўрқ, Аллоҳ берган дунёни қоринларига ва устиларига сарфлайдиган кишилардан бўлма», деди. Динга амал қилувчи мусулмон киши шу каби хабарлардан воқиф бўлганида ичидан титроқ келиб, ўшандай зотлардан ўрнак олиш истаги туғилади, нажот топувчи кишилардан бўлай деб, исроф ва ортиқча ҳашамларни тарк қилиб, оддий ва фақирона ҳаёт кечиришга уринади. 5) Исрофгарлар суҳбатидан узилиш, дунёни ортга улоқтириб, жону моллар исроф қилинмайдиган ва Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилинадиган улуғ исломий ҳаётга ўзларини бахш этган ва бу йўлда ўзларига етган мусибатларга парво қилмаган олийҳиммат зотлар даврасига интилиш. Зеро, шундай қилиш исроф ва дабдабанинг барча кўринишларига барҳам бериб, бизларни яна қайта исрофга тушишдан асрайди ва мужоҳидлар карвонига қўшилишимизга ёрдам беради. 6) Аҳли аёл ва фарзандларни баркамол шахс сифатида тарбиялашга ҳаракат қилиш. Бу ҳам дабдаба ва енгил ҳаёт кўринишларига барҳам бериб, ҳаётнинг машаққатли сўқмоқларига дуч келганда қоқилмасликка ва Раббимиз ҳузурига борганда абадий роҳат-фароғатга эришишимизга ёрдам беради. 7) Умуман башарият ва хусусан мусулмонлар яшаб турган ҳаёт воқелиги ҳақида тинимсиз фикр юритиш ҳам исроф кўринишларининг олдини олишга ёрдам беради ва кишини дунё лаззатларига берилиб кетишдан асрайди. 8) Ўлим ҳақида ва ўлимдан сўнг келувчи қийинчилик ва даҳшатлар ҳақида фикр юритиш ҳам исроф кўринишларидан қутулишга ёрдам беради ва яна қайта унга тушиб қолишдан асрайди. 9) Йўлнинг табиатини ва унда учрайдиган меҳнат-машаққатларни ёдда тутиш, охират йўлининг озуқаси исроф ва дабдабали ҳаёт билан эмас, балки оддий ва содда ҳаёт кечириш билан бўлишини унутмаслик. Бунинг ҳам исрофнинг олдини олишда, нафсга қарши кураш олиб бориш ва тўсиқларни енгиб ўтишда катта ёрдами бўлади. УЧИНЧИ ТЎСИҚШОШҚАЛОҚЛИКДинга амал қилувчи баъзи кишиларга етадиган ва ундан эҳтиёт бўлишлари ва халос бўлишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – шошқалоқликдир. 1. Шошқалоқлик маъносиУ луғатда шошилиш, ошиқиш, интилиш, бир ишнинг тезроқ бўлишини исташ сўзлари билан маънодошдир. Даъват аҳли истилоҳида эса, мусулмонларнинг бугунги кунда яшаб турган воқеий аҳволини бир лаҳзанинг ўзида, кўз очиб юмгунча бўлган муддат ичида ўзгартириб юборишни исташ ва бунинг оқибатларига назар солмасдан, бу воқеъни ўраб олган вазият ва ҳолатларни тўла тушуниб етмасдан, унинг биринчи навбатда қилиниши керак бўлган босқичларини, ҳаракатнинг услуб ва воситаларини ўрганмасдантуриб, ҳаракат бошлаб юборишдир. Яъни, одамлар кўзларини бир юмиб очсалар ёки бир кеча уйқуга ётиб, эрталаб турсалар, ҳаётларидаги ҳамма нарса ўзининг табиий ҳолатига қайтиб қолган бўлса, жоҳилият йўлдан олиб ташланган, Ислом байроғи янгидан ҳилпираб турган, ҳар бир инсон ўзининг инсонийлигини топган, фитрат унинг софлигини булғаб турган кирликлардан тамоман тозаланиб қолган бўлса... 2. Исломнинг шошқалоқликка муносабатиШошқалоқлик, бир нарсага ошиқиш ва интилиш инсоннинг табиатида бор нарса бўлиб, бунга унинг яратувчиси ва ишларини тадбир қилувчиси бўлган Зот ҳам гувоҳлик беради: «Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир» (Исро: 11), «(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир» (Анбиё: 37). Бинобарин, Ислом ҳам шошқалоқликка адолат ва инсоф нуқтаи назари билан боқади, уни бирваракайига мақтаб ҳам юбормайди, бира тўла ёмонлаб ҳам юбормайди. Балки, унинг баъзи кўринишларини мақтаб, баъзи кўринишларини танқид қилади. Мисол учун, асорат ва оқибатлари чуқур билинган, вазият ва шарт-шароитларидан яхши хабардор бўлинган, яхши тайёргарлик ва чиройли тартиб-интизомдан келиб чиққан шошилишни Ислом мақтайди. Қуръони каримда зикр қилинган Мусо алайҳиссаломнинг шошилиши ана шу маънодаги шошилиш бўлса ажаб эмас: «(Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо?!» У айтди: «Улар ана – изимдан келмоқдалар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!» (Тоҳа: 83, 84). Зотан, ҳолат шунга муносиб, фурсат етган, оқибат мақтовли, кўнгил эса тоза ва ёруғ. Шундоқ экан, Мусо нима учун шошилмасин, нима учун илгарилаб кетмасин?! Оқибатлари ва шарт-шароитлари ҳақида фикр юритилмаган, ҳеч қандай таёргарлик кўрилмаган, фақат ҳиссиёт ва эҳтирослардангина келиб чиққан шошилишни эса қоралайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хаббоб ибн Арат ўзи ва биродарлари йўлиқаётган озор ва тазйиқлардан шикоят қилиб, Раббиларидан ёрдам сўраб дуо қилишларини сўраб у зот ҳузурларига келганида унга айтган қуйидаги сўзларида кўзда тутилган шошқалоқлик мана шу турдаги шошқалоқлик эди: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир кишини ерга қазилган чоҳга тушириб кўмилар, сўнг аррани олиб келиб, унинг бошига қўйилиб, бошини иккига бўлиб ташланар, бу уни динидан қайтара олмасди. Гўшт ва пайларини суякларига қадар темир тароқ билан таралар, бу уни динидан қайтара олмасди. Аллоҳга қасамки, бу иш (Ислом) албатта камолига етади, ҳатто отлиқ киши Санъодан Хазрамавтгача Аллоҳдан бошқа ва қўйини бўрига олдиришдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаган ҳолда сафар қилади. Лекин, сизлар шошилиб кетмоқдасизлар» (Имом Бухорий ривояти: 4/244). 3. Шошқалоқлик кўринишлариШошқалоқликнинг бир неча кўринишлари мавжуд. Жумладан: 1)Шахсларни яхши билмай туриб, қобилият, қудрат ва истеъдодларига ишонч ҳосил қилмай туриб даъват аҳли карвонига қўшиш; 2)Айрим даъватчиларни тўла пишиб етилмай туриб ва етук шахсият эгасига айланмай туриб юқори мартабаларга кўтариш; 3)Даъватга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган, аксинча зарар етказадиган ноўрин ҳаракатларга қўл уриш. 4. Шошқалоқликнинг асоратлариЮқорида айтиб ўтилган ва улардан бошқа шошқалоқлик кўринишларининг ўзига хос асорат ва оқибатлари бор: 1) У биринчи тўсиқ ҳақидаги сўзимиз ичида айтиб ўтганимиз каби футурга олиб бориб қўяди. Давом этиб турувчи оз нарса тўхтаб қолувчи кўп нарсадан яхши: «Амалларнинг Аллоҳга энг суюмлиси – оз бўлса-да давомли бўлганидир» (Имом Бухорий ривояти). 2) Баъзан шарафсиз ҳолда ўлишга ҳам олиб бориши мумкин. Яъни, унинг ўлимидан ҳеч қандай самара бўлмайди ва бу билан ҳеч қандай манфаат келмайди. У ҳолда ҳеч ким ҳеч кимга бирон фойда етказолмайдиган кунда Буюк ва Қудратли Зот ҳузурида жавобгар бўлиб қолади. Қуйидаги воқеа сўзимизга амалий далил бўлади: Йигирманчи асрнинг ўттизинчи йиллари охирлари Мисрдаги исломий ҳаракат энг гуллаб-яшнаган давр бўлиб, у худди кема шамолсиз кунда сокин денгиз бағрини тилиб бораётгани каби барча доиралар ва муҳитлар орасида бир текисда ўзига йўл очиб борар, хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро аренада ўзининг овозига эга бўлиб бораётган эди. Шу орада унинг аъзолари ичидан Аҳмад Рифъат деган одам чиқиб, ҳаракатнинг иш услубларига эътироз билдира ва бошқача йўл тутишга чақира бошлади. Аввал бошда бунга унча эътибор бермадилар. Чунки, ҳаракатнинг ҳар бир аъзоси унинг ишлари борасида ўзининг танқидий фикрини билдириш ҳаққига эга бўлиб, баҳсу мунозарадан сўнг энг тўғри деб кўрилган таклиф танлаб олинарди. Лекин, бу сафар диққатни жалб қилган ва эътиборни ўзига қаратган нарса шу бўлдики, ҳаш-паш дегунча ҳаракатнинг ёш аъзолари ичида ушбу чақириқларга қулоқ солувчилар ва уни маъқулловчилар пайдо бўлди. Биз ҳозир бунинг сабаблари ҳақида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Хуллас, Аҳмад Рифъатнинг эътироз ва талабларини ўрганиш мақсадида йиғилиш ўтказилди. У асосан уч нарсани талаб қилаётган эди: –Унинг фикрича, ҳаракат ҳукумат билан муроса йўлини тутаётган ва тилёғламачилик сиёсатини олиб бораётган экан. Аслида у ҳукуматга Қуръони карим ўрнатган қуйидаги ҳақиқат бўйича ёндошиши лозим экан: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). –Унинг фикрича, исломий ҳаракат аёл кишининг очиқ-сочиқ юриши масаласида фақат қуруқ гап ва насиҳатлар билан кифояланиб, бу борада аниқ амалий ишларга ўтмаётган экан. Аслида, ҳаракат аъзолари қўлларида сиёҳ солинган шишалар билан Қоҳира кўчаларида туришлари ва йўлдан ўтиб кетаётган очиқ-сочиқ қиз-жувонларга сиёҳ сочиб, кийимларини сиёҳдоғ қилишлари ва мана шу йўл билан уларни бундай юришдан қайтаришлари лозим экан. –Ҳаракатнинг Фаластин мужоҳидларига ёрдам кўрсатиш борасида фақат чақириқлар ва хайрия ёрдамлари жамғариш билан кифояланиши ушбу масалада жуда катта қосирлик бўлиб, жиҳоддан қочиш ва курашдан ўзини четга тортиш саналар экан. Унинг айтишича, ҳаракатнинг барча аъзолари ҳамма ишларини йиғиштириб, мужоҳидлар сафига бориб қўшилишлари шарт экан. Акс ҳолда, мухолифлар қаторига ўтган саналар эканлар. Йиғилиш иштироқчиларидан баъзилари Аҳмаднинг бу эътирозларига жавоб беришар экан, аввалги икки талаби борасида қуйидагича жавоб бўлди: –Ҳукумат қаршисига чиқиш учун аввал қуйидаги икки омилни вужудга келтириш шарт: а) Халққа у ҳануз бехабар қолаётган исломий ҳақиқатларни англатиш, айниқса, Исломнинг ҳукм ва қонунчиликка бўлган алоқасини улар онгига сингдириш; б) Ҳаракат халқнинг қўллаб-қувватлашига эришиши ва ўз йўлида дуч келиши мумкин бўлган барча вазиятларда халқнинг дастаклашига ишончи комил бўлиши. Зеро, ҳаракат ҳали мурғак ва заиф бўлгани учун тиргак ва таянчларга муҳтож. –Аёллар мавзусига келсак, агар биз Аҳмаднинг бу борадаги таклифини қабул қилсак, бунинг натижаси биринчи кунданоқ ҳаракат аъзолари қўлга олиниб, тергов ва суриштирувга тортилиши, то суд уларни қамоқ ёки жарима жазосига тортгунига қадар улар қамоқда сақланишларидан иборат бўлиши аниқ. Агар мабодо жарима тўлаб қутулишса ва яна қайтиб ўша услубда курашни давом эттиришса, энди уларга бериладиган жазо ҳам кучаяди. Модомики, кийимига сиёҳ доғи чапланган аёл шу кийимининг баҳосини ҳаракат аъзосидан ортиғи билан ундириб олар экан ва кийимига сиёҳ сочган одамни қамоққа тиқиб қўя олар экан, яна ҳудди ўшандай кийим сотиб олиб, ўшандай очиқ-сочиқ ҳолда юришдан уни нима ман қила олади?! Шундай экан, бу услуб билан очиқ-сочиқ юришнинг олдини олиб бўлмайди. – Фаластин мавзусида эса унга Фаластин муфтиси жаноб Амин ал-Ҳусайний Мисрдаги исломий ҳаракатга ёзган мактубида айтган фикрлар жавоб бўлади, дейилди. Мактубда айтилишича: «Ҳаракатнинг Фаластин муаммоси борасида Мисрда олиб бораётган даъватларини етарлича ва биз учун ғоят зарур бўлган даражада ҳамда бошқаларнинг қўлидан келмаётган иш деб кўрамиз, мужоҳидлар сафига ихтиёрий равишда келиб қўшилувчиларга эса бизнинг эҳтиёжимиз йўқдир». Бироқ, Аҳмад бу жавоблар билан қаноатланмай, ўз фикрида маҳкам туриб олди ва уни қўллаб-қувватловчилар сони ҳам ортиб борди. Охири аҳвол шу даражага етдики, улар ҳаракат ичида туриб, уялмай-нетмай унинг раҳбарларини очиқдан-очиқ ҳақоратлаб, сўкадиган бўлдилар. Ҳаракат аъзолари улар билан алоқани узишгач, ўзини тамоман четга суриб қўйилган деб ҳисоблаган Аҳмад Фаластинга кетишга, инглиз ва яҳудийларга қарши кураш олиб бораётган мужоҳидлар сафига бориб қўшилишга қарор қилди. Шунда ҳаракат унга мурувват кўрсатиб, ўз олдига чорлади ва мужоҳидлар сафига бехавотир бориб қўшилиши учун улар билан мунтазам алоқада бўлиб турган Фаластинлик мужоҳидларга ўзлари орқали боғланишини таклиф қилди. Чунки, мужоҳидлар одатда йўлларида дуч келган нотаниш одамлардан шубҳаланиб, уларни жосус санаган ва ўлдириб юборган ҳоллар бўлиб турарди. У бу таклифни рад этди ва ёлғиз ўзи кетишни афзал кўриб, тез орада жўнаб ҳам кетди. Бироқ, кутилганидек, жосус деган гумон билан мужоҳидлар қўлида ўлим топди. Ушбу ҳикоядан Аллоҳнинг Китобини, Ислом даъвати тарихини ва ҳаётдаги воқеликни саёз тушуниш оқибатида юзага келган ошиқиш ва эҳтиросларга берилишнинг оқибати Аҳмад Рифъатда бўлганидек, гоҳо шарафсиз ўлим топиш ва беҳуда жувонмарг бўлиб кетиш бўлиб қолиши мумкинлиги маълум бўлади. Чунки, ҳаракат сафларига қўшилишидан олдин унинг на Ислом ҳақида, на Қуръон, на сийрат, на ислом тарихи ҳақида тузукроқ билими бор эди. Исломий мафкура билан қаноатлангач, унга бутун вужуди билан берилиб кетди, йўлдаги белгилар ҳақида тўла тасаввур ва билимга эга бўлмай туриб, кўр-кўрона олға интилди ва натижада ўзи ҳам нобуд бўлди, ҳаракатнинг ҳам парчаланиб кетишига сабаб бўлаёзди. 3) Амалнинг тўхтаб қолиши ёки ҳеч бўлмаганда, ўнлаб йиллар орқага кетиши. Бу деган сўз инсонлар ҳаётининг бузилишда давом этиши, бировларнинг жонлари, моллари ва номусларига тажовуз қилишлар камаймаслиги, йўл узра тўсиқларнинг яна-да кўпайиши демакдир. 5. Шошқалоқлик сабаблариШошқалоқлик шундай ёмон асоратлар қолдирар экан, уни муолажа қилиш йўлида дастлабки одим сифатида унга олиб келувчи сабабларни ҳам ўрганиш лозим бўлади. Хўш, шошқалоқликка олиб келувчи сабаблар нималардан иборат? Аслида, унинг бир талай сабаблари бор бўлиб, биз улардан айримларини санаб ўтамиз: 1) Ички турткиБаъзан нафс – яъни, ички туртки ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Боиси, ошиқиш ва шошилиш инсон табиатида ўрнашган хусусиятлардандир. Аллоҳ таборака ва таоло айтганидек: «(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир» (Анбиё: 37), «Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир» (Исро: 11), «Агар Аллоҳ бу одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди» (Юнус: 11). Агар даъватчи ўзини қўлга олишга ва нафсини ақл жилови билан жиловлашга, унинг ғалаёнларини пасайтиришга ҳаракат қилмаса, нафси албатта уни шошқалоқликка етаклайди. 2) Ғайрат-шижоат ёки иймоний жўшқинликБаъзан ғайрат-шижоат ва иймоний жўшқинлик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки, иймон кучайиб, қалбга чуқур ўрнашгач, жуда катта тоқат (энергия) пайдо қилади. Агар уни тўғри бошқарилмаса ва керакли томонга йўналтирилмаса, фойдасидан кўра зарари кўп бўлган ишларга бурилиб кетиб қолади. Аллоҳ таолонинг Макка даврида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни чидам ва сабр-матонатга чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажаб эмас: «Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!» (Муззаммил: 10). «Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг (сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар» (Рум: 60). «Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб турувчи бўлган зотдир» (Фурқон: 20). Ва шу мазмундаги бошқа оятлар. 3) Аср табиатиБаъзан аср табиати ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, биз ғоят тезкор асрда яшаб турибмиз, унда ҳамма нарса жуда катта тезликда ҳаракатланмоқда. Нақлиёт воситалари жуда тез ривожланиб бормоқда. Дунёнинг бу четидаги одам бир неча соатдан кейин қарабсизки, нариги четида бўлиб турибди. Қурилиш соҳасидаги ривожланишлар сабабли бугун янги уйга пойдевор қўйган киши эртага уйига кўчиб кирмоқда. Умуман, инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларига ана шундай тезлик ва шошқинлик кириб борган. Эҳтимол, мана шу омиллар дин ва даъват соҳасида амал қилувчи кишиларни ҳам аср тезлигига мос равишда ҳаракатланиш учун шошилишга ундаётган бўлса ажаб эмас. 4) Душманларнинг воқедаги ҳаракатлариБаъзан душманларнинг воқеий ҳаётларига назар солиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиб қолади. Чунки, ҳозирда кундан-кун душманлар исломий ўлкаларни ўз ҳукмронлиги остига олмоқда, ислом оламининг тизгинидан тобора қаттиқроқ тутмоқда, соф исломга амал қилмоқчи бўлган кишиларни таъқибларга олмоқда, уларнинг овозларини ўчиришга уринмоқда. Биргина мисол, Исроил давлатини қуриш куни кеча хаёлот ва орзу эди, бугунга келиб у ислом диёрининг азиз ва қимматбаҳо бўлаги бўлмиш Фаластин устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, энди Лубнон ва бошқа араб оламига қараб силжимоқда, яҳудларнинг «Исроил Нилдан Фуротгача» деган орзуларини амалга ошириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Эҳтимол, шу каби омиллар динга амал қилувчи кишиларни хатар яна-да улканлашмай туриб ва ундан халос бўлиш яна-да қийинлашмасдан туриб шошилиш ва ошиқиш лозим деган фикрга ундаётган бўлса. 5) Душманларнинг услубларини билмасликБаъзан душманларнинг кураш услубларини яхши билмаслик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, Аллоҳнинг душманлари ислом олами ичига чуқурроқ кириб бориш ва уни имкон қадар ўз чангали остида тутиш учун турли-туман ва саноқсиз услубларни қўллашади. Булар ичида энг хатарли саналган услубларидан бири шуки, улар мусулмонлар ичидан зоҳирда исломни эълон қилиб, дилларида куфр, адоват ва залолат мустаҳкам ўрнашган кимсаларни чиқариб қўйишади. Макрнинг бундай услуби уммат ичига қутқу солишда қўл келади, умматни ёмонлик ва ботилга қарши курашдан, уни йўлдан олиб ташлаш учун оммавий равишда ҳаракат қилишдан тўсади. Бундай кимсалар ҳар қандай йўллар билан оммани ўзларига қаратишга ва ўз сафларига тортишга ҳаракат қилишади. Аллоҳнинг душманлари узоқ давр мобайнида Исломга қарши қайта-қайта очиқ кураш олиб боришгач, бу услуб билан бир нарсага эришиб бўлмаслигини, аксинча, бу билан айрим динига бепарво ва лоқайд мусулмонларни ҳам уйғотиб қўйишини ва уларга қарши курашга етаклашини тушуниб етишгач, энди курашнинг мана бундай услубларига ўтишди. Бу ва шунга ўхшаш бошқа услубларни яхши билмаслик ҳам кишини шошқалоқликка етакловчи сабаблардан бўлиб қолади. 6) Мункар ишларнинг авж олиши ва уларни ўзгартириш услубини билмасликГоҳо мункар-ношаръий ишларнинг кенг авж олиши ва уларни ўзгартириш услубларини билмаслик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зеро, ҳозирда инсон қаёққа қарамасин, мункар билан тўлиб-тошганини кўради. Мусулмон кишининг вазифаси – мункарни кўрганда уни ўзгартиришга ва йўқотишга ҳаракат қилиши керак, бунда шак-шубҳа йўқ. Акс ҳолда, ер юзини ёмонлик ва фасод қоплаб олади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251). «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жой (паст)дан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйишса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар уларни тўхтатиб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Лекин, ҳамма мункарни ҳам дарҳол ва зудлик билан ўзгартириш вожиб бўлавермайди. Уни ўзгартиришда ўзидан кўра ҳам каттароқ мункарга олиб келиб қўймаслиги шарт қилинади. Агар каттароқ мункарга олиб келиб қўйиши мумкин бўлса, уни қалб билан ёмон кўришга чекланган ва ундан узилган ҳолда, ўзгартиришдан тўхталиб туриш лозим бўлади ва уни йўқотишнинг энг яхши ва муваффақиятли усулларини қидириш ва имкони бўлиши билан уни ўзгартиришга чин азму қарор билан туриш керак бўлади. Суннат ва сийратдан бунга кўплаб шоҳид ва далиллар келтириш мумкинМисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларида Каъба ичи ҳам, чор атрофи ҳам бутлар билан тўла эди. Шундай бўлгани ҳолда, уларни тамомила йўқотишга орадан 21 йил ўтгач, фақат саккизинчи ҳижрийда, Макка фатҳи кунигина амалий қадам қўйдилар. Чунки, у зот аввал бутларга сиғиниш ва уларнинг ҳурматини қалблардан ўчирмай туриб, агар уларни биринчи кунданоқ синдиришга тушсалар, мушриклар уларга яна-да қаттиқроқ ёпишишини ва яна-да кўпроқ зеб беришини, маъсият ундан-да кучайиб, зарар яна-да каттароқ бўлишини яхши билардилар. Шунинг учун ҳам уларни ўз ҳолича қолдириб, инсонларни тарбия қилиш, қалбларни тозалаш ва дилларни оқартиришга саъй-ҳаракат бошладилар. Бу ишни комил адо этганларидан кейингина Маккани фатҳ этдилар ва «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81) оятини ўқиган ҳолларида бутларни парчалаб ташладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳога қилган ушбу хитоблари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир: «Кўрдингизми, қавмингиз Каъбани бино қилганида Иброҳим (алайҳиссалом) қўйган пойдеворга етказишмаган?!», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, уни бошқатдан Иброҳим (алайҳиссалом) пойдеворига қайтарсангиз бўлмайдими?», деб сўрадилар. «Қавмингиз куфрдан яқингинада чиққан бўлмаганида эди, шундай қилган бўлардим», дедилар (Имом Бухорий (2/179) ва Имом Муслим (2/969) ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда Каъбани янгилаш ва уни Иброҳим алайҳиссалом қўйган пойдевор асосида қайта қуришдан тўхталишларига сабаб – бу иш аввалгисидан ҳам каттароқ мункарга, яъни ажралиш ва бўлинишга сабаб бўлишидан қўрққан эдилар. Бу бошқа ривоятда яна ҳам очиқроқ кўринади: «Агар қавмингиз жоҳилиятдан яқингинада чиққан бўлмаганида эди, шундай қилган бўлардим, уларнинг қалблари буни инкор қилишидан (яъни, қабул қилмаслигидан) қўрқаман». Мусулмон киши бир мункарни йўқотишга уриниш ундан кўра каттароқ бошқа мункарни олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда дили билан ўша мункарни ёмон кўрган ва ундан алоқасини узган ҳолда, уни ўзгартиришнинг яхшироқ ва безарар йўлини қидириб, қулай фурсат келиши билан ҳеч қандай сусткашлик ва бепарволик қилмасдан уни албатта ўзгартиришга азм қилган ҳолда ҳозирча сукут сақлаб туриши билан гуноҳкор бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286). «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур» (Тағобун: 16). Динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби мункарни ўзгартириш ва кетказиш услубини билмаса, мункарни зудлик билан кетказиш лозим, агар шундай қилмасам гуноҳкор бўламан, деган фикрда шошқалоқликка йўл қўйиб қўйиши мумкин. 7) Машаққатларни ва йўл оғирликларини кўтаришдан ожизликБаъзан машаққатларни ва йўлдаги оғирликларни кўтаришдан ожизлик қилиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки, баъзи амал қилувчи кишилар бўладики, оз вақт талаб қиладиган муайян бир амални адо қилишга журъати ва ғайрат-шижоати бўлади, гарчи бу иш уни ўлимга олиб борса ҳам. Аммо, узоқ вақт давом этадиган амалларни қилишда йўлдаги оғирликларни кўтаришга чидам ва тоқати етмайди – ваҳоланки, бир умр сабр, матонат, чидам, тоқат, жидду-жаҳд кўрсатиш билан яшаб ўтиш ҳақиқий эрларнинг сифатларидан саналади – шунинг учун машаққат ва қийинчиликлардан четланиб ўтиш учун доим ўзини четга олишга шошилаётганини кўрасиз. Замонамиздаги исломий ҳаракатлар оғирликларни кўтаришга сабри чидамаган, шошқалоқлик сабабли йўқ бўлиб кетган мана шундай турдаги кишиларни ҳам кўрди, Аллоҳнинг йўлида ўнлаб йиллар озор чекса ҳам, номувофиқ шароитларга, номуносиб фурсатларга, мақтовсиз оқибатларга сабр-таҳаммул кўрсатиб, ажру савоб умидида амалда давом этган кишиларга ҳам шоҳид бўлди. Охир оқибат Аллоҳ таоло уларга тавфиқ ато этиб, қадамларини собит қилди. 8) Оқибатларини яхшироқ ўрганмай туриб айрим ишларга ёки айрим воситаларга қўл уришБаъзан Аллоҳнинг душманлари зўравонликни яна-да кучайтириши, фитнани авж олдириб юбориши ва шиддатли реакция кўрсатиши каби оқибатлар ҳақида чуқурроқ фикр юритмай туриб, муқаддима ва воситаларга эга бўлиш, масалан, одам сонининг кўплиги ва асбоб-анжомларнинг етарлигига ишониб қолиш ҳам шошқалоқлик билан айрим ишларга қўл уришга олиб келади. Исломнинг имомлар (яъни, мусулмон раҳбарлар) модомики, очиқ куфрга ва исломдан ошкора юз ўгиришгача етиб бормаган бўлсалар, уларнинг жавру зулмига сабр қилишга буюриши остидаги сир ҳам мана шу бўлса ажабмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Амирининг бирон нарсасини ёқтирмаган одам унга сабр қилсин. Чунки жамоатдан бир қарич бўлса ҳам чиқиб, шу ҳолда ўлган одам фақат жоҳилият ўлими билан ўлади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар). Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида яхши кўрган ишларимизда ҳам, ёмон кўрган ишларимизда ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан низолашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ). Ҳатто, очиқ куфр кўринганда ҳам, қачонки фитнадан хотиржам бўлинган, қудрат ва имкониятлар тўла бўлган ҳолдагина уларга қарши чиқилади. Бу эса уларга тил ва дил билан қарши туришдан ман қилмайди. Имом Нававий Убода розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадис шарҳида айтадилар: «Ҳадис маъноси – иш эгалари, яъни раҳбарлар билан раҳбарликлари хусусида низолашманглар, фақатгина улардан исломнинг асосий қоидалари деб билинган ишларда очиқ куфрни кўрсангизлар, шундагина инкор қилинглар ва қаерда бўлмангиз, фақат ҳақни айтинглар. Аммо, уларга қарши кўтарилиш ва жанг қилиш – гарчи улар фосиқ ва золим бўлсалар ҳам – мусулмонлар ижмоъси бўйича ҳаромдир». Ибн ат-Тийн Довудийдан нақл қилади: «Жавр-зулм хусусида уламолар фикри шуки, бошлиқни фитна ва зулмсиз бўшатиш имкони бўлса, бўшатиш вожиб, акс ҳолда сабр қилиш вожибдир» (Ибн Ҳажар: Фатҳул Борий: 8/13). 9) Бутун куч-тоқатни банд қиладиган манҳаж ва барномажнинг бўлмаслигиБаъзан инсоннинг куч-тоқатларини (энергиясини) бўшатиб турадиган ва унинг ғайрат-иштиёқи ва жўшқинлигини ўзига тортиб оладиган программаларнинг бўлмаслигидан ҳам шошқалоқлик пайдо бўлади. Исломнинг мусулмон кишини кундалик, ҳафталик, ойлик, йиллик амаллар режаси билан тўла қамраб олгани, агар мана шуларни бир текис бажариб борса, барча дақиқалари унумли ва ҳаракатлари самарадор бўлишини уқтириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Ислом — дин пешволарини мусулмонларнинг ҳаётларини жиддий, самарали ҳамда зарар ва ёмонликдан холи бўлган ишлар билан тўлдирадиган режаларни ишлаб чиқиш учун барча куч-тоқатларини сарфлашга қаттиқ чақириши, акс ҳолда улар жаннатдан маҳрум бўлишлари билан огоҳлантириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қай бир амир мусулмонлар ишига бош бўлса-ю, кейин улар ҳақларида саъй-ҳаракат қилмаса ва холис бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди» (Имом Бухорий ва имом Муслим Маъқал ибн Ясордан ривоят қилганлар). 10) Билим ва тажриба эгаларидан узоқда бўлиб амал қилишБаъзан билимдон ва тажрибали кишилардан узоқда турган ҳолда амал қилиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зотан, инсон бу ҳаёт ҳақида ҳеч қандай билими бўлмаган ҳолда дунёга келади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл: 78). Шундан сўнг Аллоҳ таоло ато этган қулоқ, кўз ва диллар воситасида билим олишни бошлайди. Билим фақат китоблар воситасидагина ҳосил бўлмайди, балки тажриба ва кўп шуғулланиш орқали ҳам юзага келади. Онгли амал қилувчи киши ўзидан аввалгиларнинг билим ва тажрибаларидан унумли фойдаланиб, ўзининг вақти, қуч-ҳаракати ва моддий харажатларини тежаб қолади. Аммо, бировларнинг билим ва тажрибасидан фойдаланишга ғурури йўл қўймаса ва ўзи мустақил равишда, билимдон ва тажрибали инсонлардан узоқда иш бошласа, албатта хатоларга йўл қўйиши мумкин, шошқалоқлик ҳам ушбу хатолардан бири бўлиб қолиши аниқ. Ислом уламоларни, шунингдек, улуғ ёшли, фозил кишиларни ҳурмат қилишга тавсия қилиши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини кўпроқ ёдлаб-ўрганган киши имом бўлади. Агар Қуръонда тенг бўлсалар, суннатни билувчироғи имом бўлади. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, олдинроқ ҳижрат қилгани имом бўлади. Ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, исломга олдинроқ киргани имом бўлади. Биров бошқа кишига унинг ҳукми остидаги ерда имом бўлмасин, унинг уйидаги ҳурматли ўринга унинг изнисиз ўтирмасин» (Имом Муслим Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/465). 11) Аллоҳнинг борлиқдаги, нафсдаги ва қонунчиликдаги қонуниятларидан бехабарликБаъзан Аллоҳ таолонинг борлиқдаги, инсон нафсидаги ва қонун яратишдаги суннатларидан – яъни қонуниятларидан бехабарлик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Сабаби: Аллоҳнинг бу борлиқдаги қонуниятларидан бири шуки, У осмонлар ва ерни 6 кунда яратди. Инсонни ҳамда ҳайвонот ва набототни босқичма-босқич яратди. Ваҳоланки, У буларнинг ҳаммасини биргина «Бўл!» сўзи билан яратиб қўйишга қодир эди: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82). Аллоҳ таолонинг инсон нафсида ўрнатган қонуниятларидан бири шуки, токи нафс ичкари томондан муолажа қилинмагунича ва фидокорлик, молу жонни сарфлаш ва инфоқ қилишнинг қиймати ва фойдасини билмагунича ўзини фидо ҳам қилмайди, молини ҳам сарфламайди, бировга инъом-эҳсон ҳам қилмайди. «Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 9, 10). Бу эса осонлик билан бўлмайди, бунинг учун куч-ғайрат, вақт ва таклифотлар сарфлаш лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг қонунчиликдаги қонуниятларидан бири шуки, У маст қилувчи ичимликни бир неча босқичда ҳаром қилди, судхўрликни ҳам шундай қилди. Энди агар динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби ушбу қонуниятларни унутса ёки улардан ғофил бўлса, шошқалоқликка йўл қўйиши мумкин. Аммо, бу қоидалар унинг кўз олдида турса, зеҳни ва дилидан ўрин олса, шошмасдан, ошиқмасдан, вазминлик билан ҳаракат қилади, ўз ҳаракатларини назорат қила олади. 12) Мусулмон киши кўзлаши лозим бўлган ғояни унутишБаъзан мусулмон киши кўз олдида тутиши ва унга қараб интилиши лозим бўлган ғояни унутиб қўйиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Мусулмон киши асосан Аллолҳнинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилади. Бу эса имкон қадар ва ихлос билан Унинг манҳажини лозим тутиш, бу борада сусткашлик қилмаслик ва то ҳаёт экан, шу йўлда собитқадамлик билан туриш билангина рўёбга чиқади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110), «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16). Мусулмон киши қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида мана шу нарсалардан сўралади, нажот топиши ёки топмаслиги мана шуларга боғлиқ бўлади. Ҳаракатлари ортидан эришган ёки эришолмаган натижалари ҳақида сўралмайди. Чунки, натижалар Аллоҳнинг қўлида, ўзи истаган пайтда истаганидек кўринишда ато этади. Динга амал қилувчи ва даъватчи киши бу ҳақиқатни унутса, шубҳасиз, шошқалоқликка гирифтор бўлади. 13) Аллоҳнинг осийларга ва ёлғон сановчиларга бўлган қонуниятидан ғофил бўлишБаъзан Аллоҳ таолонинг осийларга ва Унинг динини ёлғон сановчиларга бўлган суннати-қонуниятини унутиб қўйиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зеро, Аллоҳнинг бундай кишиларга нисбатан суннати – муҳлат бериш ва шошилмасликдир: «(Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир» (Аъроф: 183). «Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга муҳлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўяман. Дарвоқе, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир!» (Қалам: 45). «Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар уларни (кофирларни) қилган гуноҳлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга бирон пуштипаноҳ топа олмаслар» (Каҳф: 58). Улар борасидаги суннатларидан яна бири шуки, уларни азоб билан ушлаганида ҳеч қачон қочиб қутулиша олмайди: «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши — азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102). «Кофир бўлган кимсалар асло ўзларини (Аллоҳдан) ўзган (қочиб қутулган) деб ҳисоб қилмасинлар, улар (Аллоҳни) ожиз қила олмаслар» (Анфол: 58). Аллоҳнинг улар борасидаги суннатларидан яна бири шуки, Унинг кунлари бизнинг кунларимиздек эмас: «Улар сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) нақд азобни талаб қиладилар. Ҳолбуки Аллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқе, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир» (Ҳаж: 47). Динга амал қилувчи киши ёки даъват кишиси ушбу қонуниятларни унутса, душманлар бундан ҳам кучайиб, ишларнинг тизгинини ўз қўлларига олмасларидан туриб, уларни тезроқ даф қилиш керак, деб шошқалоқликка йўл қўйишади, кейин эса душманларни йўлдан олиб ташлаш яна ҳам қийинлашади. 14) Шошқалоқ ва бесабр кишиларга қўшилиб қолишБаъзан шошқалоқ ва бесабр кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, қозонга яқин юрсанг қораси юқади. Ҳадисда айтилганидек: «Киши ўзининг дўстининг динидадир» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган). Мусулмон киши дўст ва улфатни тўғри танлай билмаса, шубҳасиз, унинг ҳар бир ҳаракат ва фикрларидан таъсирланиб қолади – хусусан, ўша улфати таъсирини ўтказа оладиган кишилардан бўлса – ва бунинг натижасида баъзан шошқалоқликка йўл қўяди. Исломнинг дўст ва биродар танлашга яхши аҳамият қаратиш лозимлигига чақириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Биз мана шунга далолат қилувчи бир қанча ҳадисларни футур ҳақидаги сўзларимиз орасида келтириб ўтдик. Бу айтиб ўтганларимиз кишини шошқалоқликка тушириб қўядиган айрим сабаблардир. 6. Шошқалоқликни муолажа қилиш йўллариМодомики, шошқалоқликка олиб борувчи сабаблардан воқиф бўлган эканмиз, энди уни муолажа этиш йўлларини билиб олишимиз осон кечади: 1) Шошқалоқликнинг асорат ва оқибатлари ҳақида фикр юритиш. Чунки, бундай қилиш нафсни тинчлантиради ва сабр-бардошли бўлишга ундайди. 2) Аллоҳнинг Китобини кўп ўқиб-ўрганиш. Чунки, бу бизни Аллоҳнинг борлиқ, инсон ва қонунчиликдаги, шунингдек, осийлар ва ёлғон сановчиларга нисбатан суннатлари-қонуниятларидан хабардор қилади. Ушбу қонуниятлардан бохабар бўлиш қалбни тинчлантиради ва сабр-бардошли бўлишга ёрдам беради. Аллоҳ таоло айтади: «(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоштирмангиз» (Анбиё: 37). «Ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир» (Бақара: 2). «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Исро: 9). 3) Пайғамбаримизнинг суннат ва сийратларини давомий равишда ўқиб, ўрганиб туриш. Чунки, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларидан ўтказган машаққат ва озорлар миқдорини ва у зот уларга қандай сабру таҳаммул кўрсатганларини ва шошқалоқлик қилмаганларини, охир-оқибату зот ва олиб келган йўллари зафар қозонганини билиб олишимизга ёрдам беради. Маълумки, бу нарсалардан воқиф бўлиш мусулмон кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва у зотдан намуна олиб, ўз ҳатти-ҳаракатларини назорат эта оладиган қилиб қўяди. «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). 4) Тарих ва салафлар таржимаи ҳоллари ҳақидаги китобларни мутолаа қилиш ҳам даъват соҳиблари ва салафи солиҳларнинг ботилга қарши кураш услубларидан бохабар қилади, уларнинг мақсадга эришиш йўлида қандай сабр-тоқат билан ҳаракат олиб борганликлари ҳақида маълумотлар беради. Бу ўз навбатида уларга эргашиш ва улардан намуна ва ўрнак олишга чорлайди. Юқорида, футурни муолажа қилиш йўллари ҳақидаги суҳбатимизда Умар ибн Абдулазиз билан ўғли ўртасида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтдик. 5) Ушбу йўлга аввалроқ қадам қўйган, билим ва тажриба эгалари бўлган кишиларнинг йўриқ ва тажрибалари соясида иш олиб бориш. Чунки, бундай қилиш динга амал қилувчи кишиларнинг қадамларини ўринли ва ҳисоб-китобли бўлишига ҳамда ортиқча меҳнат, вақт ва моддий таклифотларни тежаб қолишига ёрдам беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу нарсага диққатни тортиб, марҳамат қилганларки: «Мўмин киши битта тешикдан (яъни, газанданинг инидан) икки бор чақилишига йўл қўймайди» (Имом Бухорий (8/38) ва Имом Муслим (4/2295) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). 6) Ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини қамраб оладиган ҳамда амал қилувчи кишининг қўлидан тутиб, бир босқичдан иккинчи босқичга олиб ўтадиган, унинг барча истакларини қондира оладиган, саволларига жавоб бера оладиган ва савиясини юксалтира оладиган аниқ-равшан манҳаж ва программа бўйича иш олиб бориш. 7) Душманларнинг услуб ва режаларини чуқур англай билиш. Чунки, бу нарса амал қилувчи кишини ишларнинг оқибатларига назар солишга, шошилмай, вазминлик билан иш юритишга, билим ва ҳикмат билан ҳаракат олиб боришга ундайди. 8) Душманларнинг ислом оламига қилаётган хуружларидан ва уни ўз чангали остида тутишга уринишидан қўрқмаслик ва ваҳимага тушмаслик. Чунки, бу бир неча лаҳзалар ичида заволга юз тутиши мумкин бўлган ишдир ва бу Аллоҳ таолога ҳеч қийин эмасдир: «Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!» (Оли Имрон: 196, 197). «Кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларнинг амалларини (Аллоҳ) зое кетказур» (Муҳаммад: 1). «Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра уша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир» (Анфол: 36, 37). Бироқ, бунинг битта шарти бор. Яъни, биз ўзимизда, ён-атрофимизда ва қўл остимизда бўлган ҳамма нарсаларга бор имкониятимизни ишга солиб, Исломни барпо қилишимиз лозим: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 7). «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларни хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55). 9)Нафс билан курашиш ва уни сабр-тоқатли бўлишга ўргатиш. Чунки, ҳар бир нарсага фақат ҳаракат билан эришилади. Ким сабр қилишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни сабрли қилиб қўяди. Мардликка фақат шу билан эришиш мумкин. 10) Мусулмон киши бу ҳаётда ўз олдига қўйиши лозим бўлган ғоя ва мақсаддан огоҳ бўлиши ҳам уни шошқалоқликдан тўсади, ишларнинг дебочаларини мустаҳкамлашга ва натижаларга ошиқмасликка ундайди. 11) Мусулмон кишининг мункар ишларга ва уларни ўзгартириш услубларига бўлган муносабатидан огоҳ бўлиш. Чунки, бу унга йўл белгиларини кўрсатиб беради ва шошқалоқликдан тўсади. ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚУЗЛАТ ёки ЯККАНИШИНЛИКДинга амал қилувчи кишилардан айримлари дучор бўладиган ва ундан имкон қадар қутулишгаҳаракат қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – узлат ва якканишинлик, яъни ёлғизланиб олишдир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз: 1. Узлат маъносиУзлат ва якканишинлик луғатда ўзини четга тортиш ва узоқлашиш маъносини англатади. Даъват аҳли истилоҳида эса узлат деганда жамоавий ҳаётдан узоқлашиш ва ўзини ёлғизлатиш маъносида тушунилади. Яъни, амал қилувчи киши фақат ўзидагина Исломни шакллантириш билан чекланиб, бошқалар билан иши бўлмаслиги, бошқаларнинг зое бўлиши ва ҳалокат сари боришига парво қилмаслиги ёхуд ўзида Исломни шакллантириши ва бошқаларда ҳам шакллантиришга уриниши, бироқ майдондаги бошқа амал қилувчилар билан ўзаро ёрдамлашувсиз ва қўллаб-қувватлашувсиз, фақат ёлғиз ўзининг кучи билан ҳаракат қилишидир. 2. Узлат ёки якканишинлик (хилватнишинлик) сабаблариУзлат ёки якканишинликка олиб келувчи бир неча сабаблар мавжуд: 1) Узлатга тарғиб қилувчи шаръий далил-ҳужжатларни маҳкам ушлаб олиш ва ушбу далилларнинг жамоавий ҳаётга чақирувчи бошқа далил-ҳужжатларга нисбатан ўрнини тушуниб етмаслик. Дарҳақиқат, узлат ва ёлғизланишни мадҳ этувчи ва унга тарғиб қилувчи нусус (оят ва ҳадисдан бўлган очиқ далил-ҳужжат)лар мавжуд. Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яқин кунларда мусулмоннинг энг яхши моли – динини фитналардан олиб қочиб, тоғларнинг тепаларига ва ёмғирли ўринларга ҳайдаб чиқиб кетадиган қўйлари бўлиб қолади» (Имом Бухорий Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/11, 9/66). Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Энг афзал одам ким?», деб сўраганида: «Аллоҳ таоло йўлида жони ва моли билан жиҳод қилувчи киши», деб жавоб бердилар. «Ундан кейин ким?», деб сўради. «Тоғ дараларидан бирида Аллоҳга ибодат қилиб турувчи ва одамлардан ёмонлигини тиювчи мўмин», дедилар (Муттафақун алайҳ, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган). Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашар, мен эса ўзимга ёмонликлар етишидан қўрққанимдан ёмонликлар ҳақида сўрардим. - «Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичра эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?». - «Ҳа». - «У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?» - «Ҳа, бироқ унда хиралик бўлади». - Хиралиги нима?» - Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз». - «Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?». - «Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар». - «Ё Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг». - «Улар бизнинг қавмимиздан, бизнинг тилимизда гапиришади». - «Ўша нарса менга етса, нима қилишга буюрасиз?». - «Мусулмонлар жамоатини ва имомини (раҳбарини) маҳкам тутинг». - «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?». - «Дарахтнинг танасини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четланинг, то ўлгунча мана шу ҳолатда қолинг» (Муттафақун алайҳ). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: «Одамлар учун энг яхши бўлган ҳаёт кечириш йўлларидан бири шуки, бир киши Аллоҳ йўлида отининг тизгинидан маҳкам тутиб, эгарга ўрнашиб олиб, қаерда жангга чақириқ янграса ёки урушнинг даҳшатли хабари эшитилса, қатл ва шаҳидлик орзусида ўша ерга учиб боради. Ёки бир киши тоғлардан бирининг устида ё водийлардан бирида қўйини боқиб, то ўлим келгунича намоз ўқиб, рўза тутиб, Раббига ибодат қилиб, одамларга фақат яхшилиги етиб ҳаёт кечиради» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 3/1503, 1504, (1889-ҳ)). Шунингдек, жамоат байроғи остида бирлашишга ва жамоат ичида ҳаёт кечиришга чақирувчи шаръий далил-ҳужжатлар ҳам талайгина. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва бўлинманлар!» (Оли Имрон: 103). «Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар» (Саф: 4). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бўлинишдан сақланингиз ва жамоатни лозим тутингиз! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Кимда-ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий «Сунан»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 9/10). «Мен сизларни Аллоҳ менга буюрган беш нарсага: жамоатга, қулоқ солишга, итоат қилишга, ҳижратга ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга буюраман. Зеро, ким жамоатдан бир қарич чиқса, то яна унга қайтиб келгунича Ислом бўйинбоғини бўйнидан ечибди», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳамми?», деб сўрадилар. «Рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам, ўзини мусулмонман деб даъво қилса ҳам!», дедилар (Имом Аҳмад «Муснад»да Ал-Ҳорис ал-Ашъарийдан ривоят қилган: 4/202). «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Аввалда келтирилган узлатга тарғиб қилувчи далил-ҳужжатлар билан кифояланиб, уларнинг жамоатни лозим тутишга ва жамоат доирасида яшашга чақирувчи бошқа далил-ҳужжатларга бўлган алоқасини унутган ёки ўзини билмасликка олган киши, шубҳасиз, узлат ва якканишинликка гирифтор бўлади. 2) Баъзи салафлар ҳаётидан маълум бўлган узлат ва одамлардан чекиниш кўринишларини маҳкам ушлаб олиб, уларни бунга олиб келган вазият ва шароитлардан ғофил бўлиш. Чунки, баъзи салафларни жамоатга аралашишдан ва улар билан бирга бўлишдан кўра узлатни афзал кўришларига олиб келган сабаб – баъзан ислоҳ қилиш ва ўзгартириш воситаларининг ҳаммасини ишлатиб кўрганлари, шундан кейин ҳам қавмларининг куфрда маҳкам қолаверишлари бўлган. Қуръони каримда Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом тилидан келтирилганидек: «Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман» (Марям: 48). Яъни, у киши динига фитна етишидан қўрқиб, улардан қочдилар ва узлатга чекиндилар. Ёки бўлмасам, Абу Зар, Ибн Умар ва бошқа бир қанча саҳобалар фитна авжига чиққан даврлари мусулмонлар жамоатидан узлатга чекиниб, ёлғиз яшашни афзал кўрдилар. Уларни бундай қилишга мажбур қилган нарса – ким ҳақ, ким ноҳақлиги аниқ билинмаган ҳолда қўлларини Аллоҳ азза ва жалла пок санаган покиза қонлар билан булғашни истамасликлари бўлди. Дорул ҳижра (Мадина) имоми Имом Молик ибн Анас ҳаётларининг охирини одамлардан узоқда, узлатга чекиниб ўтказдилар. Узрлари – мусулмонларнинг қонларини сақлаб қолиш мақсадида ўзларини ҳукумат билан тўқнашишдан четга олдилар. Мазкур улуғ зотларнинг узлатлари ҳақида ўқиган, бироқ уларни бунга олиб келган вазият ва шароитларни унутган кишининг дилида уларга эргашиш ва улардан ўрнак олиш, ёки ҳеч бўлмаганда уларга ўхшаш истаги туғилади-да, узлатни оқлайдиган ва унга чорлайдиган ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам, жамоат муҳитидан узоқ узлат ҳаётига чекинади. 3) Жамоат ҳаёти доимо унга мансуб бўлган кишининг шахсиятини бекор қилади ва унинг шахсиятига кучли таъсир ўтказади деб ҳисоблаш ҳамда Исломнинг шахс ва жамоат ўртасини мувофиқлаштиришдаги манҳажидан кўз юмиш. Гоҳида узлатга чорловчи нарса баъзи амал қилувчи кишиларнинг жамоат билан бирга ҳаёт кечиришим ва жамоатга мансублигим менинг шахсиятимни йўққа чиқаради, менинг шахсиятим жамоат соясида қолиб кетиб, етаклама одамга айланиб қоламан ва одамлар яхши бўлсалар мен ҳам яхши, ёмон бўлсалар мен ҳам ёмон бўлиб юраверадиган бўлиб қоламан, деган гумони бўлади. Ваҳоланки, у Исломнинг шахс ва жамият ўртасини мувофиқлаштирувчи манҳажидан ғафлатда бўлади. Чунки, бу манҳаж шахсни жамоат орасида бўлишга ва унинг сояси билан сояланишга чақириши билан бир қаторда уни ўзидан содир бўлувчи ҳар бир тасарруфга жавобгар эканини таъкидлайди. Унга айтадики: «Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Анъом: 164). «Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир» (Муддассир: 38). «Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан оқлов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз ҳам олинмайдиган — ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!» (Бақара: 48, 123). «Балки (У Кунда) инсон — гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа — келтирса-да, — (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик берувчидир!» (Қиёмат: 14). «(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас, Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорланувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас)» (Фотир: 18). Ҳар бир шахс жамоатдаги ҳар бир кишига – ҳар қанча мартабаси улуғ ва лавозими юқори бўлса ҳам – насиҳатни барча шартлари ва одоблари билан адо қилиши лозим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин - насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар (Муслим, Насоий, Абу Довуд Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан уни ўз ҳифзу-ҳимоясига олади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110). Бир ривоятда: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, унда бир айбни кўрса, тўғрилаб қўяди». Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаганлар, мўминлар бир-бирлари билан бирга яшашган. Бироқ, улардан бирон кишининг на шахсияти жамоат ичида эриб кетди ва на ўзлиги йўқолиб битди. Аксинча, уларда ўзаро насиҳат, маслаҳатлашув, амри маъруф ва наҳий мункар яққол кўриниб турарди. Улардан бирларининг ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга: «Агар сизда эгрилик кўрсак, қиличларимиз билан тўғрилаймиз», деб айтганини ўқимаган одам бўлмаса керак. Ушбу чақириқ сабабли мусулмон кишининг нафсида белгилари ва чек-чегаралари аниқ-равшан кўриниб, ажралиб турувчи ички бир ўзлик вужудга келади. Ҳалигидек гумон қилиш ва ғафлатда қолиш эса, шак-шубҳасиз, динга амал қилувчи кишини узлатга чекинтириб қўяди ва у энг хатарли тўсиқлардан бирига дучор бўлади. 4) Жамоатга аралашиш ва одамлар ичида яшаш масъулиятларидан ғафлатда қолиш. Баъзан жамоат ичида бўлиш ва одамлар орасида яшаб, фаолият олиб боришнинг масъулият ва мажбуриятларидан хабарсизлик ҳам кишини жамоатдан четланишга олиб келади. Чунки, бу мажбуриятлар табиатан жуда улкан ва инсоннинг ҳаётини бошидан охиригача қамраб олади. Ва кўпинча, улар нафс хоҳишларига зид келади. Динга амал қилувчи киши агар шунга эътибор бермаса, нафсини тарбиялаш ва тозалашдан, нафсига қарши курашишдан ғофил бўлади ва унга ҳавойи нафс ва истак-майллари ҳукмрон бўлиб олади. Кунлар ўтиши билан заифлашиб, зиммасидаги мажбуриятларини бажаришга ожизлик қилиб қолади ва бу ҳолатдан чиқиш йўлини излаб, охири ўз олдида узлат ва якканишиндан бошқа йўлни кўрмайди. 5) Одамлар билан аралашиш кишини ибодатга машғул бўлишдан тўсади деб ўйлаш ва ибодатнинг ҳақиқий маъносини англамаслик. Баъзан одамлар билан аралашиб юриш одамни намоз, рўза, Қуръон тиловати, зикр, дуо, истиғфор, тафаккур қилиш каби ибодатларга вақт ажратишдан машғул қилиб қўяди, деб ўйлаш ҳам кишини узлатга ва ёлғизликка олиб боради. Ваҳоланки, бундай ўйлаш ибодатнинг ҳақиқий ва тўғри маъносини билмасликдан келиб чиқади. Чунки, ибодатнинг саҳиҳ маъноси шайхулислом Ибн Таймия раҳмаҳуллоҳ айтганларидек: «У Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий ва ботиний сўз ва амалларнинг барчасини ўзига жамловчи исмдир. Намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатдир. Дуо, истиғфор, зикр, Қуръон тиловати ибодатдир. Ростгўйлик, омонатдорлик, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш ибодатдир. Аҳдларга вафо қилиш ибодатдир. Яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилиш ибодатдир. Қўни-қўшни, етим-мискин, мусофир ва хизматчига яхшилик қилиш, заифларга мурувват қилиш, жониворларга шафқатли бўлиш ибодатдир. Шунингдек, Аллоҳ ва Расулини севиш, Аллоҳдан қўрқиш, Унга қайтиш ва бўйсуниш, динни Аллоҳга холис қилиш, Унинг ҳукмига сабр қилиш, қазосига рози бўлиш, Унга таваккул қилиш, Унинг раҳматидан умидвор ва азобидан хавфда бўлиш ва шу каби ишларнинг барчаси ибодатдир...» Қуръони карим ва суннати набавия ҳам шайхулислом айтган ушбу фикрларни тасдиқлайди. Ундан ташқари, одамлар билан аралашиш мусулмон кишини фарзу вожибларни адо этиш ё нафл ибодатлар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ё илм ўқиш ё бирон масалани таҳқиқ қилиш ё Қуръон ўқиш ё зикр ва тафаккур қилиш ё ўзини сарҳисоб қилиш каби ишлар учун ўзи билан ўзи ёлғиз қоладиган алоҳида вақти бўлишидан тўсмайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: «Узлатдан ҳам ўз улушингизни олинглар», деган сўзларининг маъноси ҳам шудир, аслида. Бинобарин, ибодатнинг тўғри маъносини яхши англамаслик ва уни фақат намозу рўза каби ишларга чеклаб тушуниш ҳамда жамоавий ҳаёт кишини мана шундай ибодатлар учун фориғ бўлишдан бутунлай тўсиб қўяди деб ўйлашлик, шак-шубҳасиз, амал қилувчи кишини узлат ва якканишинликка тушириб қўяди. 6) Ёмонлик ва фасод тарқалганини важ қилиб, узр баён қилиш ва шу билан бирга ёмонлик ва фасод ёйилган пайтда мусулмон кишининг вазифаси нималардан иборат бўлишини билмаслик. Ёмонлик ва фасод тарқалган пайтда мусулмон киши нима қилиши кераклигини билмагани ҳолда ёмонлик ва фасод тарқалди деган узрни важ қилиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлат қилишига сабаб бўлади. Аслида, бундай ҳолларда мусулмон кишининг вазифаси имкони борича ва қўлидан келганича ёмонликка қарши курашиш бўлмоғи, дард-иллат қаттиқ ўрнашиб кетган ва воситалар ожиз қолиб, фитналаниш хавфи пайдо бўлгандагина узлатга чекиниш бўлмоғи лозим. Зиммасидаги вазифасини тушуниб етмаган мусулмон биринчи лаҳзаларданоқ узлатга ва жамоатдан ажралишга қараб чопиб қолади. Ер юзи эса ёмонлик ва фасод ўчоғига айланиб бораверади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251). «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж: 40). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» «Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 7) Тарихлар оша Аллоҳнинг динига амал қилувчилар дучор бўлган ва йўлиқаётган синовлар ва меҳнат-машаққатлардан бохабар бўлиш, бироқ ўша зотларнинг бу меҳнат-машаққатларга муносабатларидан ғафлатда қолиш ҳам динга амал қилувчи кишининг узлатга чекинишига сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг бундай ҳолатларга нисбатан кўзқарашлари – синову имтиҳонларга дучор қилиш Аллоҳнинг даъватлар борасидаги қонуниятидир, деб ишониш, сўнгра камчиликларини эътироф қилиш ва Аллоҳдан қадамларини собит қилишини ва уларга нусрат ато этишини илтижо қилиб сўрашдан иборат эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларнинг илтижоларини қабул қилиб, қадамларини собит қилар ва уларга Ўз нусратини туширар эди: «Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда (издошларидан) кўплаб жамоалар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик — заифлик қилмаганлар ва (душманларига) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилувчиларни севади. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилувчиларни севади» (Оли Имрон: 146-148). Ҳа, динга амал қилувчи киши тарихлар оша келаётган бу синов ва машаққатлардан бохабар бўлгани ҳолда бошларига имтиҳон келган у зотларнинг бу меҳнат-машаққатларга бўлган муносабатларидан ғофил бўлса, балолар қаршисида қўрқув ва хавотирларга дучор бўлади, улардан чиқиш йўлларини излашга тушади. Шунда шайтон унга бундан қутулишнинг ягона йўли узлатга чекиниш ва жамоатдан ажралиш эканини уқтиради. Бу унинг нафсига ҳам ёқиб тушади-да, секин ўзини четга тортишга мойил бўлади. 8) Узлат йўлини тутган ва ёлғизликни танлаган мусулмонлар билан улфат ва ҳамсуҳбат бўлиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлатга элтиши мумкин. Чунки, киши ўз атрофидагилардан яхшигина таъсирланади. Айниқса, улфати ва ҳамсуҳбати таъсир ўтказувчи қобилят эгаси бўлса, унинг таъсирига осонгина тушиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Киши ўз дўстининг динидадир. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганини текшириб боқсин» (Имом Абу Довуд ва имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). 9) Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва ташкилотларнинг кўплиги. Баъзан Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва ташкилотларнинг кўплиги ҳам динга амал қилувчи мусулмон кишини гангитиши, бу жамоатларнинг қайси бири билан ишлаш ва қайси биридан узоқлашишни билмай ўйланиб қолишига, охир-оқибат эса уларнинг барчасидан четланишга қарор қилишига олиб келиши мумкин. Хусусан, бу жамоат ва уюшмаларнинг ҳақиқатини билмаса. Аслида, бу жамоат ва уюшмаларнинг ҳаммасида ҳам озми-кўпми яхшилик бор. Баъзиларида озроқ, баъзиларида кўпроқ, баъзиларида тўла яхшиликлар мавжуд. Фақат уларни яхшироқ таниши ва мақсадларини, иш услубларини дурустроқ ўрганиши, ана шундан кейингина тўла яхшилик устида бўлган жамоа билан бирга кетиши лозим бўлади. У жамоанинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим: Мақсади Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш, ер юзидаги манҳажи: «Ҳукм фақат Аллоҳникидир» (Юсуф: 40), «Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг» (Моида: 49). Айтаётган ҳар бир сўзи, қилаётган ҳар бир амали билан фақат Аллоҳнинг розилигини мақсад қилиши: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсинувчиларнинг аввали — пешқадамиман» (Анъом: 162, 163). Аллоҳ ва Расули йўлидаги дўстликдан бошқа ҳар қандай дўстликдан воз кечиш ва Аллоҳнинг йўлини маҳкам тутган мўминларнигина дўст тутиш: «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 55, 56). Исломни тушунишда ўта ғулувга ҳам кетмай, ўта саёз ва юзаки ҳам бўлмай, ўрта ва мўътадил ҳолда бўлиш, унинг ҳаммасига, мисвокдан тортиб жиҳодгача амал қилиш: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208). Ўзининг дастлабки қадамлариданоқ барча яхши хислатларни ўзида жамловчи ва барча ёмонликлардан бош тортувчи, Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига муносиб мусулмон шахсиятини пайдо қилишга уриниши: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11), «Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Вал-лайл: 9, 10). Мана шундай мусулмон шахсиятни вужудга келтиришда бутун жамиятни ва ҳатто бутун дунёни ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳаракат олиб бориши: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етакловчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107). Мана шу мусулмон шахсиятлар ўртасида мустаҳкам алоқа тиклашга, уларни гарчи танлари бошқа-бошқа бўлса-да, битта фикр, битта қалб, битта руҳ ва бир хил ҳис-туйғулар билан яшайдиган қилишга ҳаракат қилиш: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). Воқеъни англаш ва уни давомий ўрганиш асосига қурилган онгли ва пухта тартибдан келиб чиқиши ва мана шу тушунча ва ўрганишлар асосида ҳаракат қилиши: «Айтинг: (Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур» (Тавба: 105), «Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилувчимиз»» (Ҳуд: 121). Бирламчи ишларга эътибор қаратиши, имкони бўлмаган ва қўли калталик қилган пайтларда баъзи усулларни (яъни, асосий ишларни) бошқасидан муқаддам қилиши, усулларни фуруълардан (яъни, бирламчи ишларни иккиламчи ишлардан), фарзларни нафллардан, иттифоқ қилинган ишларни ихтилофли ишлардан муқаддам қўйиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Каъбанинг ичи ва ташида бўлган бут-санамларни вайрон қилишдан олдин инсонларнинг дилларида ўрнашган бут-санамларни вайрон қилишга ҳаракат қилганлар. Иттифоқ қилинган усул-асослар борасида бепарволик қилмаслиги, ихтилофли фаръий масалалар хусусида (унинг ҳам далили бордир, ижтиҳоди шунга олиб келгандир, дейиш каби) узрлар истаб, барча амал қилувчилар ўртасида таъовун (ўзаро ёдам) эшигини очиши. Ҳар бир шахснинг қўлидан ушлаб, бир поғонадан иккинчисига, бир босқичдан иккинчисига олиб ўтадиган, унинг қизиқишларини қондирадиган, саволларига жавоб берадиган, савиясини юксалтирадиган манҳажи-программаси бўлиши. Йўлдаги қийинчилик ва машаққатларга сабру матонати зоҳир бўлган, қўрқитувлар қаршисида мустаҳкам тура олган, меҳнат-машаққатларни чидам билан босиб ўтган ва шу билан барча амал қилувчилар учун раҳбар ва йўлбошчи бўлишга муносиб бўлган бўлиши: «Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад: 31). Амал майдонида анча-мунча тер тўккан, билим ва тажрибага эга бўлган бўлиши агар шундай бўлса, ўз сафида бораётганларнинг кучларини, вақтларини ва пул-молларини тежайди. Оғир-вазминлик ва мулоҳазакорлик билан иш кўриши, шошқалоқ бўлмаслиги: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг» (Аҳқоф: 35). Ишни тартибга солиб турадиган ва ҳамма нарсани ўз ўрнига қўя биладиган кишиларнинг бошқарувида бўлиши. Бошлиқ бўлиб турган кишилар фикрини – модомики маъруф-яхши бўлса – олиниши. Ўртада холис насиҳатлашув – насиҳатнинг барча шартлари ва одоблари билан – бўлиши, насиҳатни қабул қилиш ва унга рози бўлиш. Ходимларни ўта диққат ва омонат билан танлай билиши, ёмонлик қасдида пойлаб турганларга имкон бермаслик: «Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар» (Нисо: 102). Ҳаққа эргашиши, бидъат чиқармаслиги: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун холис ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ қилсин)» (Каҳф: 110). 10) Узлат ва ўзини четга тортишнинг хоҳ амал қилувчиларга, хоҳ исломий амалга қолдирадиган нохуш асоратларидан ғофил бўлиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлатга чекинишига сабаб бўлиб қолади. Биз бу асоратлар ҳақида қуйида сўз юритамиз. Зеро, ким бирон ишнинг ортидан келувчи зарарли асоратларини билмаса, ўша ишга қадам қўйиши тайиндир. 3. Узлат ёки ўзини четга тортишнинг асоратлариУзлат ёки ўзини четлатишнинг амал қилувчиларга ҳам, исломий амалнинг ўзига ҳам зарарли асоратлари ва нохуш оқибатлари бор. Қуйида улар ҳақида сўз юритамиз: Амал қилувчиларга кўрсатадиган асоратлари1) Ўз шахсиятларининг белги ва қирраларини билмасликлариИнсоннинг заковати ҳар қанча кучли ва зеҳни ҳар қанча ўткир бўлмасин, ёлғиз ўзи ўз шахсиятининг қирраларини ва белгиларини чуқур билолмайди. Бунинг учун албатта, бошқаларнинг ёрдами керак бўлади. Мисол учун, инсон ўзининг шахсиятида худбинлик ва ўзини яхши кўришлик иллати борми, ёки бошқаларни афзал билиш ва ўзгаларга мададкор бўлиш хислатлари жойлашганми эканини қачонки одамлар орасида яшаса ва улар билан аралашиб юрса, шундагина билиб олади. Чунки, улар ичидаги эҳтиёжманд кишиларни кўрса, кейин ўз нафси ҳақида фикр юритиб, у қотиб кетмоқдами, бахиллик ва хасислиги ортиб бордими ёки кўнгли юмшаб, саховат қилиб, уларга инфоқ-эҳсон қилдими, шуни текшириб кўрса, ҳаммаси маълум бўлади. Агар дили қаттиқлигича қолган бўлса, унда худбинлик бор бўлади, кўнгли юмшаб, хайр-саховат қилиш истаги пайдо бўлганини топса, ўзида бошқаларни афзал билиш ва ўзгаларга мададкор бўлиш хислатлари жойлашган эканини билиб олади. Ёки бўлмаса, ўз шахсиятида ҳалимлик ва сабр-қаноат ўрнашганми ё шошқалоқлик ва беақлликми, буни ҳам қачонки одамлар билан аралашса ва ҳар хил табақадаги инсонлар билан тўқнаш келса, уларнинг тилларининг аччиқлигига ҳалимлик билан жавоб бера олаяптими – агар шундай бўлса, ҳалим ва сабр-тоқат эгаси бўлган бўлади – ёки уларнинг қўполликларига ундан-да ўтказиб қўполлик билан жавоб қилаяптими – агар шундай бўлса, беақл ва шошқалоқ бўлади – шунда билиб олади. Шунингдек, инсон ўзидаги шижоатни ёки қўрқоқлик ва бўшангликни ҳам жамоатни лозим тутганда ва бирон хато ишни қилган одамни кўрганда, унга нисбатан кўнглида қандай ҳислар уйғонганини текшириб кўриш билангина билиб олади. Яъни, ўша хато қилган одамга: «Сиз хато гапирдингиз, ҳақиқат мана бундай, яхшилик сиз айтган нарсадан бошқада» деб айта оладими – агар айта олса, шижоатли бўлади – ёки айтишга қийналиб, сукутни афзал биладими – бу ҳолда ўзининг қўрқоқ ва журъатсиз эканини билиб олади. Шунингдек, инсон ўз шахсиятида бўлган ростгўйлик ёки ёлғончилик, омонатдорлик ёки хиёнаткорлик, тартиблилик ёки пала-партишлик каби хулқ-атворларни ҳам фақат жамоат ичида яшаб кўрганида ва кўпчилик билан муомала қилганида ёки бошқалар унга молу жонларини ва обрў-номусларини омонат қўйганда ёки улар билан бирон ишга ваъдалашганда ёки уларга бирон ишга аҳд берганида, ўзини текшириб кўриш билангина билиб олиши мумкин. Хўш, уларга ҳаққу рост сўзлаяптими, агар шундай бўлса ростгўйлиги маълум бўлади. Ёки уларни алдаяптими, у ҳолда ёлғончи бўлади. Уларнинг жону молларини, обрў-номусларини асраяптими, агар шундай бўлса омонатдор бўлади. Ёки уларга тажовуз ва хиёнат қилаяптими, у ҳолда хиёнаткор бўлади. Аҳдига риоя қилаяптими, ваъдасига вафо қилаяптими, агар шундай бўлса, тартиб-интизомли бўлган бўлади. Ёки аҳдига бепарволик кўрсатиб, ваъдасига хилоф қилаяптими, у ҳолда пала-партиш инсонлиги маълум бўлади. Мусулмон киши узлатда ёки танҳоликда яшаса, унинг шахсияти ўзи учун қоронғи бўлиб қолаверади, бу эса унинг учун айни зиёндир. Чунки, кўпинча, яхшилик қилаяпман деган гумонда ёмонлик қилиб қўйиши ёки ёмонлик деб ўйлаб яхшиликни тарк қилиб қўйиши мумкин. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» (Каҳф: 103, 104). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўмин мўминнинг ойнасидир...» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110) деган сўзларидан ҳамда Умар розияллоҳу анҳунинг: «Айбларимизни бизга ҳадя этасиз» (Ибн Қудома, Мухтасар минҳажил-қосидийн: 171-бет) деган сўзларидан тушунилган маъно шу бўлса ажаб эмас. Яъни, мусулмон киши ўз шахсиятининг мукаммал ёки нуқсонли, кучли ёки заиф қирраларини билиб олишига, мукаммаллик ва кучли қирраларини ўстиришига, заиф ва нуқсонли қирраларини кучайтиришига асосан жамоат ёрдам беради, усиз мусулмон киши кўр-кўрона ва ҳидоятдан узоқ ҳолда ҳаёт кечиришига тўғри келади. 2) Қўлларидан тутиб, айбларини тузатишларига ёрдам берадиган ёрдамчидан маҳрум бўлишлариИнсон баъзида ўз айбларидан воқиф бўлиши мумкин, бироқ кўпинча иродаси заифлиги ва азму қарори кучсизлиги туфайли бир ўзи уларни тузатиш ва тўғрилашдан ожизлик қилади. Бунинг учун у ўз нафсига қарши ёрдамланадиган бир ёрдамчига муҳтож бўлади. Узлат ва ёлғизликни ихтиёр этган киши мана шу ёрдамчидан маҳрум бўлади ва гуноҳу маъсиятларга ботганича қолиб кетиши мумкин. «Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан уни ўз ҳифзу-ҳимоясига олади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110)», бир ривоятда: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, унда бир айбни кўрса, тўғрилаб қўяди» ҳадисидан ҳамда «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга унутганини эслатадиган ва эсида бўлган нарсасида ёрдам берадиган солиҳ дўстни ато қилади» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 431) ҳадисидан кўзда тутилган маъно ҳам шу бўлса ажабмас. 3) Куч ва имкониятларидан тўла фойдаланмасликБу эса уларнинг шахсиятига путур етказишидан ташқари, уларни шайтоннинг ўлжасига айлантириб қўяди-да, у уларни васваса қилиб, адаштираверади. Чунки, инсон жасад, ақл ва руҳдан ташкил топган, бошқача айтганда, модда ва руҳдан ташкил топган. Руҳ гўёки ёнма-ён ва қарама-қарши жойлашган ингичка, ипсимон ғаризалар (табиатлар) энергияси билан таъминланган бўлиб, улардан ҳар икки ғариза нафсда ёнма-ён жойлашган бўлади ва ҳар иккиси бир вақтнинг ўзида икки томонга қараб йўналган бўлади. Қўрқув ва умид, муҳаббат ва нафрат, воқеъга қараш ва хаёлотга берилиш, ҳиссий куч-тоқат ва маънавий куч-тоқат, ҳислар (яъни сезги аъзолари) идрок қилган нарсага ишониш ва ҳислар идрок қилмайдиган нарсага ишониш, индивидуаллик (яъни, шахсни жамоатдан юқори қўйиш) ва жамоавийлик, салбийлик ва ижобийлик ва ҳоказо ғаризалар кўриб турганингиздек, ёнма-ён ва қарама-қарши жойлашган. Бироқ, шунга қарамай, уларнинг ҳар бири инсон вужудининг ҳаёт билан боғланишида ўзига хос вазифаси – ролини адо этади, худди ҳар томонга қоқиб қўйилган қозиқлар каби инсоний вужудни ҳамма томонидан тортиб туради, шу билан бирга унинг уфқини ва ҳаётий фаолият майдонини кенгайтириб туради. Натижада инсон битта доирага ва битта чегарага чекланиб қолмайди. Инсон ҳаётида мувозанат ва такомиллашув вужудга келиши учун мазкур ғаризаларнинг барчасига ўз ҳаққини ошиқча ҳам, кам ҳам қилмаган ҳолда бериш зарур бўлади. Жамоат мусулмон кишининг барча куч-тоқатларини ишга солиб турадиган ва барча ғаризалар бир вақтнинг ўзида баробар ва ёнма-ён ишлашига имкон яратиб берадиган ягона ўриндир. Шундагина баркамол ва мувозанатли, ҳар қандай эгриликдан холи ва шайтоннинг найранг ва иғволаридан ҳимояланган шахсият вужудга келади. Мусулмон киши жамоатдан ажралиб, узлат ва ёлғизликни ихтиёр қилган ҳолатда ўз-ўзидан унинг айрим куч-тоқат ва имкониятлари ишламай қолади. Натижада, унинг шахсиятида халаллик ва издан чиқиш пайдо бўлади. Унда пайдо бўлган бўшлиқдан инсон ва жин шайтонлари уни адаштириш ва йўлдан оздириш учун фойдаланиб қолишга уринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас: «Бўлинишдан сақланингиз ва жамоатни лозим тутингиз! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Кимда-ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий «Сунан»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 9/10). 4) Йўлларига тўғоноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган билим ва тажриба жамғармасининг кўпаймаслигиЧунки, Аллоҳнинг динига амал қилиш тиканлар билан тўла ва хатарлар билан ўралган йўл демакдир. Закий ва хушёр мусулмон киши мазкур хатарларни енгиб ўтишга ва тиканлардан қутулишга имкон берадиган билим ва тажрибаларни ўзида жамғариб олган бўлади. Бу ҳаётда эса мусулмон киши билим ва тажриба ҳосил қилиши учун одамлар ичида яшаш ва уларга аралашишдан кўра қулайроқ ўрин йўқдир. Амал қилувчи мусулмон ўзини жамоатдан узоқлаштирган ва узлатни ихтиёр қилган пайтида мана шу яхшиликлардан ва билим-тажрибалардан маҳрум бўлади ва бир умр дунёқараши тор ва оёғи остидан нарини кўролмайдиган бўлиб, энг оддий муаммоларга ҳам қандай юзланиш кераклигини билмайдиган ҳолда яшаб ўтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидан келиб чиқадиган маъно ҳам шунга далолат қилса ажабмас: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан(темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз» (Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). 5) Дилларига умидсизлик ҳукмрон бўлишиБу эса охир-оқибат уларни футурга олиб боради. Чунки, Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон кишига, хусусан ҳозирги асрда, вақти-вақти билан шайтон келиб, қуйидаги саволларни кўнглига ташлайди: «На илож, ислом умматининг ичида ҳам, ташида ҳам Аллоҳнинг душманлари тўлиб ётган бўлса?! Улар ислом оламининг бўғзидан маҳкам тутиб олишган бўлса, маккор режалари, ифлос услублари бўлса?!» Одамларга аралашиб, жамоат ичида амал қилиб юрган мусулмон киши ўзининг бу майдонда ёлғиз эмаслигини, бошқалар ҳам у билан бирга айни йўлда бирга бораётганини, уларнинг душманга юзланишга ва душманнинг макр-ҳийла ва режаларини барбод қилишга ёрдам берадиган имконият ва услублари борлиги билан ушбу саволларни даф қилишга қодир бўлади. Аммо, жамоатдан четланган ва ёлғиз амал қилиб юрувчи бўлса, ушбу саволлар қайта-қайта миясини чулғаб олаверади ва уларга жўяли жавоб топишга қийналади. Охир-оқибат дилига умидсизлик ин қуриб, футурга дучор бўлади ва кўп ҳолларда (Аллоҳ сақласин) Аллоҳнинг динига амал қилишни тўхтатиб ҳам қўяди. 6) Ажру савоб жамғармаларининг камлигиЧунки, одамлар билан бирга, жамоатга аралашиб юрган киши ўз олдида ажру савоблар ҳосил қилиш учун жуда катта имкониятлар ва кенг майдонлар топади. Ўзи фойдаланадиган ёки бировларни фойдалантирадиган илм мажлисларида иштирок этиши, бемор кишиларни бориб кўриш ва биродарларни зиёрат қилиш, бирон неъматни табриклаш, мусибатга таъзия изҳор қилиш орқали дўстлик ришталарини мустаҳкамлаши мумкин, одамларни яхшиликка йўллаши, уларнинг ҳожатларини барор қилиш ёки шавкатларини кучайтириш учун мадад қўлини чўзиши мумкин ва ҳоказо. Ёлғиз ва жамоатдан четланиб яшайдиган киши эса мана шу майдонларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлади ва демакки, ажру савоблари жамғармаси кўпаймайди. 7) Ўз ҳаётларида Аллоҳнинг динини барпо қилишга ҳаливери қодир бўлмасликлариЧунки, ботил ер юзини ёмонлик ва фасод ўчоғига айлантириш мақсадидаги ҳаракатидан бир лаҳза ҳам тинмайди. Қачонки, ҳақ аҳли майдондан қочса ёки амал майдонида бўлиниб-сочилиб кетса, ҳар ким ўзи ёлғиз амал қилишни афзал кўрса, Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон киши салмоқли бирон ишни қилишга ё бирон вазифани адо этишга ҳаливери қодир бўлмайди. Юқорида узлат сабаблари ҳақидаги сўзларимиз ичида келтирган насслар (ояту ҳадислар) ишора қилган маъно ҳам шу бўлса керак, аслида: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251). «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» «Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 8) Одамлардан четланиш ва жамоатдан ажралиш билан ўзларини гуноҳга ва Аллоҳнинг азобига дучор қилишлариМусулмон киши Аллоҳнинг ғазабига қандай тоқат қила олади, Унинг азобини қандай кўтара олади?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан кўзда тутилган маъно-мазмун ҳам шу бўлса ажабмас: «Ким (имом-бошлиққа) итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимидек ўлим топади» (Имом Муслим Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). Бу айтиб ўтилганлар жамоатдан четланиш ва ёлғизликни афзал кўришнинг динга амал қилувчиларга кўрсатадиган асоратлари бўлиб, бир сўз билан айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари маъносидан олингандир: «Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечиб ташлабди» (Имом Бухорий ривояти). Гўё бу сўзлари билан айтмоқчи бўладиларки, кимда-ким иттифоқ қилинган бир ишда жамоатдан чиқса ва ундан ажралса, ўзини ҳалокатга ва зое бўлишга маҳкум этибди. Чунки, бундай кишининг юқорида биз санаб ўтган ишларга ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг айримларига тушиб қолишидан хотиржам бўлинмайди. Бўйнида бўйинбоғи бўлган чорва ҳайвони йўқолиб қолиш ва ҳалокатга дучор бўлишдан сақланиб тургани каби мўмин кишини ҳам жамоат ана шундай хатарлардан сақланиб туришига сабаб бўлади. Исломий амалга қолдирадиган асоратлари1) Исломий амалга зарба етишининг ва издан чиқишининг, ҳеч бўлмаганда унинг ортга сурилишининг осонлашишиАмал қилувчиларнинг тарқоқлиги ва ўзаро ҳамкорлик қилмасликлари натижасида бирон самара кўриниши учун жуда кўп тер тўкилишига, кўп ҳаракатлар ва узоқ вақтларга муҳтож бўлинади. Аллоҳнинг душманлари «Парчалаб юбориб ҳукмронлик қил» шиори остида мусулмонларни бўлиб ташлашга уринишлари ортидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Исломнинг бирдамликка ва бўлиниб кетмасликка чақириғи остидаги сир ҳам шу бўлса керак: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). «Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур» (Анфол: 46). «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). 2) Илоҳий мадад ва ёрдамдан маҳрум бўлишЧунки, исломий амалнинг куч ва имкониятлари ҳар қанча мўл-кўл бўлмасин, доимо Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло Ўзининг мадади ва қўллаб-қувватлашини фақат ўзаро ҳамкор ва елкама-елка бўлиб фаолият кўрсатувчи жамоага беришни ваъда қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий ривояти). Бу маҳрумлик ортидан бало ва синовлар келгудек бўлса, у ўзаро ҳамкор бўлиб амал қилувчиларга раҳмат ва баракага, амалдан тўхтаб қолган ёки тарқоқ ҳолда амал қилаётганларга азобга айланади: «Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур» (Муҳаммад: 4-6). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир қавмга азоб туширса, азоб уларнинг ҳаммасига етади, сўнгра улар ўз амалларига биноан тирилтириладилар» (Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган). 4. Узлатдан қутулиш ва сақланиш йўлиМодомики, узлатнинг сабаб ва асоратларидан воқиф бўлган эканмиз, энди ундан қутулиш ва сақланиш йўлларини билиб олишимиз осон кечади: 1) Узлатга тарғиб қилувчи шаръий далиллар билан одамлар билан аралашишга ва жамоатни лозим тутишга чорловчи шаръий далиллар орасидаги боғлиқлик ва алоқани яхши билиб олишЧунки, бу тарздаги тушунча мусулмон кишини – агар азмида содиқ бўлса – узлат ҳаётидан суғуриб олиб, жамоат бағрига қайтаришга кафилдир. Зотан, жамоат билан бўлиш асл-асос, узлат эса динни ва ҳаётни сақлаб қолиш учун муҳтож бўлинадиган зарурий, фавқулоддаги ҳолатдир. 2) Баъзи салафларни узлат ва хилватга етаклаган шароит ва сабабларни тўла тушуниб олишЧунки, мана шундай тўла тушунчага эга бўлиш бизни бу хусусда уларга эргашишдан – хусусан, уларнинг узлатга чекинишлари ортидан зарар келмаганини билганимиздан сўнг – тўхтатиб қолади. Зеро, у пайтлар Ислом давлати мавжуд, байроғи баланд кўтарилган, диннинг ҳаммаси Аллоҳга холис эди. Аммо, бизнинг узлатимиз ортидан жуда катта зарарлар келиши мумкин. Чунки, ҳозирда Ислом давлати мавжуд эмас, Аллоҳнинг душманлари бўғзимизга чанг солиб турибди, уларнинг Аллоҳ йўлига тўғаноқ бўлишлари тобора авжига чиқиб бормоқда, мана шундай ҳолатда биз ер юзига Аллоҳнинг ҳукмронлигини қайтариш учун ўзаро бирлашган ва бир-бирига ёрдам берувчи жуда катта жамоатга ва улкан куч-ҳаракатларга жуда ҳам муҳтожмиз. 3) Исломнинг шахс ва жамоат ўртасини мувофиқлаштиришдаги манҳажи (йўли)дан яхши хабардор бўлишЧунки, бу нарса мусулмон кишини ўз шахсиятини тўла сақлаб қолгани ҳолда жамоат бағрига киришиб кетишига кафил бўлади. 4) Ибодат ҳақида тўғри тушунчага эга бўлишБу ҳам вақтни тоат-ибодатдан бошқа нарсага сарфланаётгани ҳақидаги хаёлларни қувишга ва узлатни тарк этиб, жамоатни лозим тутишга ва одамлар билан аралашишга ёрдам беради. 5) Нафсга қарши курашиш ва доим унинг жиловидан маҳкам тутишТоинки, унга хоҳиш-ҳаволар ҳукмрон бўлиб олмасин ва шаҳватлар қулига айланиб қолмасин. Акс ҳолда, бу нарса уни узлатга, жамоат ва одамлар билан аралашиш масъулиятларидан қочишга ундайди. 6) Ёмонлик авж олган ва фасод тарқалган пайтларда мусулмон кишининг вазифаси нимадан иборат бўлишини тушуниб олишБу ҳам амал қилувчи кишининг узлатидан чиқишига ва жамоатга қўшилишига, ёмонлик илдизини қуритиш ва фасодни бартараф этиш ёки ҳеч бўлмаганда уларни камайтириш йўлида машаққатларни енгиб ўтишига жуда катта ёрдам беради. 7) Аллоҳ азза ва жаллага қаттиқ ялиниб-ёлвориш ва Ундан чин кўнгилдан мадад тилаш, чунки Аллоҳ Ўзидан ёрдам сўраганларга албатта ёрдам беради«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186). 8) Узлат йўлини тутган ва ёлғизликни ўз ҳаёт йўлларига айлантириб олган кишилар суҳбатидан қутулиш ва амал қилувчилар сафига қўшилишБунинг ҳам узлатни тарк этишда жуда катта ёрдам тегади. 9) Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва уюшмаларнинг ҳақиқатидан тўла воқиф бўлишБу ҳам мусулмон кишини охир-оқибат узлат ҳаётини тарк этишга ҳамда яхшиликлар устида бўлган ва ҳақ билан турувчи кишилар билан бирга бўлишга олиб келади. 10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илк даврларда Ислом давлатини мустаҳкамлашда тутган йўлларидан воқиф бўлишБу ҳам мусулмон кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва узотдан ўрнак олиб, узлатдан қутулишига ва жамоатга қўшилишига ёрдам беради: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). 11) Аллоҳнинг кофир ва мунофиқлардан иборат душманлари Исломга қарши НАТО (Шимолий Атлантика блоки), Коллектив Хавфсизлик шартномаси каби ҳарбий иттифоқ ва блоклар шаклида, Халқаро Европа бозори каби тижорий ва иқтисодий бирлашмалар шаклида, Европарламент каби сиёсий ташкилотлар шаклида, Европа иттифоқи ва АҚШ каби давлатлар ва штатлар бирлашмаси шаклида бирлашиб, елкама-елка туриб уруш олиб бораётганларини англаб етишАллоҳнинг душманлари ботил устида бўлиб ва бир-бирлари билан катта-катта келишмовчиликлари бўлгани ҳолда Исломга қарши ана шундай ҳамкорлик билан курашаётган бўлсалар, биз мусулмонлар ҳақ устида бўла туриб ва ўрталаримизда катта келишмовчилик йўқ бўла туриб, уларга қарши айни услубда, бирлашиб, тарқоқ бўлмаган ҳолда юзланишимиз лозим бўлмайдими?! «Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига хамкордирлар. Агар сизлар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод бўлур» (Анфол: 73). 12) Атрофимизда мавжуд бўлган ва бизни ўраб турган мавжудотларнинг ҳаёти ҳақида фикр юритишБу ҳақда фикр юритиш ҳам сиз билан бизни охир оқибат шундай хулоса қилишга олиб келадики, ушбу мавжудотларнинг ҳеч бири бир-биридан ажралиб, ёлғизликда ҳаёт кечиролмайди. Балки, ҳаётдаги вазифаларини адо этиш учун биргалашиб, бир-бирига ёрдам бериб кун кечиришади. Мисол учун, қуёш системасини олинг, барча тирик жонзотларга нур ва иссиқлик етказиб бериш учун ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилади. Ёки бўлмаса, асаларилар жамоасини кўринг, ин қуриш, уни тозалаш ва ҳимоя қилишда, гуллардан шира йиғишда ва кейин уни қайта ишлаб, одамлар учун шифобахш бўлган соф асал ишлаб чиқаришда ўзаро аҳилликда ва бир-бири билан ҳамкор бўлиб ҳаракат қиладилар. Чумолилар жамоаси ва бошқа махлуқотлар ҳақида ҳам шунга яқин гапни айтиш мумкин. Ақлсиз махлуқотларнинг аҳволи шу бўлса, Аллоҳ таоло томонидан ақл неъмати ато этилган, эркинлик ва хоҳиш-ирода берилган ҳамда ушбу коинотнинг гултожи ва саййиди қилинган биз Одам фарзандлари албатта, ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Мана шу тарзда фикр юритиш мусулмон кишини узлат ҳаётини тарк этишига ва жамоат билан, одамлар орасида ҳаёт кечиришига олиб келади. 13) Юқорида биз айтиб ўтган узлат ва ёлғизликдан келиб чиқувчи асоратларнинг ҳақиқатидан воқиф бўлишБу ҳам қалби уйғоқ бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган кишини мазкур асоратларга тушиб қолишдан сақланиши учун жамоат орасида яшаш ва одамлар билан аралашиш сари етаклайди.
[1] - Семизлик ҳаммага ярашмайди, олимга ярашмаслиги авлороқдир. (Ислом Нури изоҳи). |