Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ас-Ситтийр исмининг маъноси

5230 марта кўрилган


Бу исм бундан олдинги дарсимизда Яъло ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келди. Ибн Аби Ҳотим тафсирларида, Байҳақий Сунанул-куброда Икримадан ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумдан ривоят қилдилар, иккита одам булардан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда зикр қилган учта изн сўраб кириладиган, аврат вақтлари ҳақида сўрашди. Аллоҳ таоло Нур сурасида уч вақтда; бомдоддан олдин, пешиндан кейин ва хуфтондан кейин, яъни одам дам оладиган, кийимларини ечиб, алиштирадиган ваҳоказо бир ўринларда изн сўраб киришга буюрган. Ибн Аббос дедилар: Аллоҳ Ситтийрдир-айбларни беркитувчидир, У сатрни яхши кўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида одамларнинг эшикларида пардалар бўлмаган, уйлари ичида чимилдиқлари ҳам бўлмаган. Кишининг хизматчиси, фарзанди ёки унинг қўл остидаги етим бола, киши аёли билан бирга бўлиб турган ҳолатида, қўққисдан кириб қолиш ҳолатлари бўлган. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хизматчилар ва болаларга Аллоҳ ўзи зикр қилган уч вақтда изн сўраб киришликка буюрди. Сўнгра вақт ўтиши билан Аллоҳ таоло одамларни пардаларга ҳам эриштирди, яъни Аллоҳ таоло уларга ризқни кенг қилиб берди, одамлар пардалар тутишди ва уйларнинг ичида чимилдиқлар тутдилар. Яъни, чимилдиқ деганимизда ҳозирги кунда ётоқҳонанинг ичида алоҳида пашшахона каби бир пардалик, киши аёли билан ётадиган жойни атрофини ўрайдиган пашшахонасимон парда, шуларни тутдилар. Одамлар: шу энди изн сўраб киришнинг ўрнига ўтади, кифоя қилади, энди изн сўраб кирмасалар ҳам бўлади деб ўйладилар. Бу ҳадисни бу ерда келтиришдан мақсад асосан ҳадисни ичидаги ҳолатлар эмас, балки ҳадиснинг бошида ибн Аббос айтдиларки: Аллоҳ ситтийрдир, Аллоҳнинг Ситтийр исмини зикр қилиш.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исми Ситтийрдир, одамлар ўртасида саттор яъни Абдуссаттор деб исм қўйишлар бор. Саттор Аллоҳ таолонинг исмларидан эмас, балки Ситтийр Аллоҳ таолонинг исмларидандир. Аллоҳ таолони Саттор дейиш хатодир. Шунинг учун агар исм қўйиладиган бўлса, Абдусситтийр деб қўйиш керак бўлади, Абдуссаттор хато. Саттор исми на Қуръонда ва на ҳадисда собит бўлган.

Ситтийрнинг маъноси бандаларни жуда ҳам кўп сатр қилувчи дегани. Ситтийр сийғайи муболаға. У уларни бандалари ўзларини ўзлари сатр қилишлари, ўзларини шарманда қилмасликлари, ўзларини орга қўймасликларини яхши кўрадиган ўринларда У бандаларини шарманда қилмайди. Бу Аллоҳ таолонинг фазли-марҳаматидир, Аллоҳ таолонинг бандаларига ҳилми ва карамидир. Банда Аллоҳ таолога жуда ҳам қаттиқ эҳтиёжли-муҳтож бўлиши билан бирга у Аллоҳ қайтарган гуноҳ ва маъсиятларни қилиб қўяди. Раб субҳанаҳу ва таоло эса бандаларнинг ҳаммасидан ва уларнинг тоат-ибодатларидан беҳожат бўлган ҳолида бандасини ҳурмат қилади, уни сатр қилади ва унинг айбини очишдан, уни шарманда қилишдан ва унга қилган гуноҳи учун уқубатни туширишдан ҳаё қилади, балки Аллоҳ таоло унга сатр сабабларини таъминлаб беради. Уни гуноҳни қилиб қўйганидан кейин надомат, тавбага маваффақ қилади, Ўзи эса уни афв қилиб гуноҳларини кечиради. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига лутфи ва марҳаматидандир. Аллоҳ таоло деди: “وَهُوَ الَّذِي يَقْبَلُ التَّوْبَةَ عَنْ عِبَادِهِ وَيَعْفُو عَنِ السَّيِّئَاتِ وَيَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ” “Ул зот бандаларидан тавбани қабул қиладиган, саййиотларни кечирадиган ва У сизлар қилаётган нарсаларни биладиган зотдир”. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаси бирор бир гуноҳ ишни қилиб қўядиган бўлса, уни ёйиб тарқатишини ёқтирмайди. Балки, Аллоҳ таоло бу бандани, модомики унинг устида Аллоҳ таолонинг пардаси тушиб турар экан у билан, яъни банда ўзи билан Аллоҳ ўртасида Аллоҳга тавба қилишга чақиради, бу қилган ишини одамлардан бирор кишига изҳор қилишга эмас. Одамларнинг Аллоҳ таолога энг ёмон кўрилгани кечасида гуноҳ ишни қилган-да, Аллоҳ таоло уни сатр қилсаю, эрталабда туриб олиб, Аллоҳнинг пардасини йиртган одамдир. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, дедилар:

« كُلُّ أُمَّتِي مُعَافًى إِلَّا المُجَاهِرِينَ، وَإِنَّ مِنَ المُجَاهَرَةِ أَنْ يَعْمَلَ الرَّجُلُ بِاللَّيْلِ عَمَلًا، ثُمَّ يُصْبِحَ وَقَدْ سَتَرَهُ اللَّهُ عَلَيْهِ، فَيَقُولَ: يَا فُلاَنُ، عَمِلْتُ البَارِحَةَ كَذَا وَكَذَا، وَقَدْ بَاتَ يَسْتُرُهُ رَبُّهُ، وَيُصْبِحُ يَكْشِفُ سِتْرَ اللَّهِ عَنْهُ»

 Абу Ҳурайра айтадилар: Мен Расулуллоҳдан шундай деётганларини эшитдим: "Умматимнинг ҳаммаси офиятдадирлар, (яъни гуноҳлари кечирилган, офиятдадирлар) фақат гуноҳларни очиқ, одамларнинг кўз олдида қиладиган одамлар бундан мустаснодирлар, яъни улар офиятда эмаслар. Киши тунда бир ишни қилиши Аллоҳ эса уни сатр қилиши, у эрталабда туриб олиб: Эй фалончи, мен кеча фалон-фалон ишларни қилдим, деб айтиши гуноҳни очиқ қилиш жумласидандир. Рабби субҳанаҳу ва таоло уни кечаси билан сатр қилди, у эса эрталабда туриб, Аллоҳ таолонинг пардасини очяпти. Бу ҳадисдан билиняптики: гуноҳни очиқ қилиш, — очиқ деганда фақат зинони ёки одам ўлдиришни шунга ўхшаган нарсаларни тушуниш тўғри эмас, гуноҳ катта бўлсин, кичик бўлсин ҳаммаси гуноҳ. Ҳаром нарсаларни ейиш бўладими, ичиш бўладими, кўриш бўладими — буни одамларнинг олдида очиқ ойдин уялмасдан қиладиган одам Аллоҳнинг офиятидан маҳрумдир. Аллоҳ меҳрибонлигидан уни сатр қилса, сатр қилинган ишини эртасига бориб ошнасига, дугонасига мақтанган одам гуноҳни очиқ-ойдин қилган одам билан баробар экан. Аллоҳнинг бандаларини сатр қилиши уларнинг айбларини яшириш, уларнинг айб пардаларини йиртишдан ва уларнинг ортиларидан жосуслик қилиш бу ҳам шу маъно остига киради, яъни айбларни ошкор қилиш маъносига киради.

Саҳиҳайнда Ибн Умар разияллоҳу аҳумонинг ҳадисидан ривоят қилинган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «مَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» “Ким мусулмон кишини сатр қилса, айбини, қилган гуноҳини яширса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида қилган гуноҳларини яширади, одамлардан сатр қилади”.

Эй Аллоҳ, бизнинг айбларимизни ва уятли ишларимизни ўзинг сатр қилгин. Гуноҳларимизни, тойилишларимизни кечиргин ва бизнинг амалларимизни ва умрларимизни солиҳ амаллар билан янкунлагин.