Чоршанба 4 Декабрь 2024 | 2 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ таолонинг Ал-Ҳайий исмининг маъноси

2929 марта кўрилган


Ҳаё Қуръони Каримда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан феъл кўринишида келган. Аллоҳ таоло деди: “إِنَّ اللَّهَ لَا يَسْتَحْيِي أَنْ يَضْرِبَ مَثَلًا مَا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا” “Аллоҳ искаптопар бўлсин, ундан юқорироқ нарса бўлсин, уларни зарбулмасал қилишдан ҳаё қилмайди”.

Ҳайий исм кўринишида иккита ҳадисда келган. Биринчиси: Яъло ибн Умайя разияллоҳу анҳунинг ҳадиси бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини очиқ майдонда изорсиз, яъни авратини беркитмаган ҳолатда, ялонғоч чўмилаётганини кўрдилар, шундан кейин ул зот масжидда минбарга кўтарилдилар, Аллоҳга ҳамд ва сано айтдилар, сўнгра дедилар: “«إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ حَيِيٌّ سِتِّيرٌ يُحِبُّ الْحَيَاءَ وَالسَّتْرَ فَإِذَا اغْتَسَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَسْتَتِرْ»” “Аллоҳ азза ва жалла Ҳайий, Ситтирдир, ҳаёли ва сатр қилувчидир, ҳаёни ва сатрни яхши кўради. Сизлардан бирингиз чўмиладиган бўлса, авратларини беркитсин, пардалансин”. Абу Довуд ва Насоий ривоятлари.

Иккинчи ҳадис: Салмон Форисий разияллоҳу анҳунинг ҳадиси бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

» إِنَّ رَبَّكُمْ تَبَارَكَ وَتَعَالَى حَيِيٌّ كَرِيمٌ، يَسْتَحْيِي مِنْ عَبْدِهِ إِذَا رَفَعَ يَدَيْهِ إِلَيْهِ، أَنْ يَرُدَّهُمَا صِفْرًا«

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Раббингиз табарока ва таоло ҳаёли, Карим-саховатли зотдир. У бандасидан агар бандаси унга қўлларини кўтариб дуо қиладиган бўлса, қўлларини бўш қайтаришдан ҳаё қилади”. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.

Бу улуғ исм — ҳаё Аллоҳ азза ва жаллага, унинг улуғворлиги ва камолотига лойиқ бўлган равишда сифат эканлигининг собитлигига далолат қилмоқда. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сифатларнинг ҳаммасида бандаларидан бирортасига ўхшамайди, бандалардан биронта ҳам Унга ўхшамайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди: “لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ” “Унинг мислидек бирон нарса йўқ, (Аллоҳга ўхшайдиган бирон нарса йўқ) У эшитувчи, кўрувчидир”. Аллоҳ таоло ўхшашликни рад қилиб туриб бу ерда Ўзининг эшитувчи ва кўрувчилигини айтмоқда. Яъни, Аллоҳ ҳам кўради, Аллоҳ ҳам эшитади, бандалар ҳам кўради, бандалар ҳам эшитади. Лекин бу икки сифат ўртасида фарқ эгалари ўртасидаги фарқ кабидир. Аллоҳ таоло деди: “هَلْ تَعْلَمُ لَهُ سَمِيًّا” “Сиз Унга ўхшаш бирон нарсани биласизми?”

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаёси Унинг ўзига лойиқ бўлган васфдир. Унинг ҳаёси махлуқотларнинг ҳаёси каби эмасдир. Бу сифатда айтилган сўз Раб субҳанаҳу ва таолонинг бошқа сифатларида ҳам айтиладиган сўздир. Биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бизнинг илмимизга ўхшамаган илмни, бизнинг кўришимизга ўхшмаган кўришни, бизнинг эшитишимизга ўхшмаган эшитишни, бизнинг иродамизга ўхшмаган иродани бор эканини тасдиқлаганимиздек, Аллоҳ учун бизнинг ҳаёмизга ўхшмаган ҳаёни ҳам исбот қиламиз, тасдиқлаймиз. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзи учун ва пайғбамари соллаллоҳу алайҳи ва саллам У учун тасдиқлаган-исботлаган ҳар бир нарса шак-шубҳасиз ҳақдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаёлидир, ҳаёни ва ҳаё аҳлини яхши кўради. Ҳаёга буюриш, унга қизиқтириш, ҳаёга тарғиб қилиш ва уни иймоннинг тармоқларидан бири деб санаш, унинг буюк самаралари ва муборак таъсирлари-осорлари ва унинг ҳаммаси яхшилик эканлиги ҳақидаги ҳадислар жуда ҳам кўпдир. Ҳаёнинг энг каттаси ва энг вожиброғи Аллоҳ азза ва жалладан ҳаё қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الحَيَاءِ». قَالَ: قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا نَسْتَحْيِي وَالحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: «لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنَّ الِاسْتِحْيَاءَ مِنَ اللَّهِ حَقَّ الحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَالبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْتَذْكُرِ المَوْتَ وَالبِلَى، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الحَيَاءِ»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилинглар." Биз дедик: Эй Расулуллоҳ, биз алҳамдулиллаҳ ҳаё қиламиз. Яъни, саҳобалар айтмадиларки: Аллоҳ таолодан ҳақиқатда ҳаё қиламиз, ҳаққини адо этадиган даражада ҳаё қиламиз, демадилар. Яъни, биз ҳаё қиламиз алҳамдулиллаҳ дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Йўқ, мен буни айтмаяпман. Лекин Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш: Бошни ва бошга алоқадор нарсаларни, қоринни ва қоринга алоқадор нарсаларни сақлашинг, муҳофаза қилишинг, ўлимни ва ўлгандан кейин чириб кетишни эслашинг. Ким охиратни хоҳлайдиган бўлса, дунё зийнатини тарк қилади. Ким мана шу ишларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади", дедилар”. Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари.

Бу ерда, ҳадисда айтиляптики: "Бошни сақла" бошни Аллоҳ таолодан бошқасига итоат қилишдан сақланади, яъни Аллоҳ талодан бошқасига эгмайди, Аллоҳдан бошқасига сажда қилмайди, риё учун намоз ўқимайди, Аллоҳ таолодан бошқа биронтасига буни эгмайди ва уни кибр-ҳаво билан кеккайиб кўтармайди. Бошга алоқадор нарсалар дейилганда: бош ўзи ичига олган нарсалар, яъни тил бўлсин, кўз, қулоқ бу нарсаларнинг ҳаммасини ишлатиш ҳаром бўлган ўринларда ишлатмаслик, фақат жоиз бўлган ўринларда ишлатишлик, кўзни ҳаромдан тийиш, тилни ғийбатдан, намимадан тийиш, қулоқни ҳаром нарсаларни эшитишдан тийиш каби.

"Қоринни сақлаш" дейилди, яъни ҳаром нарсаларни ейишдан сақлаш. Қоринга алоқадор бўлган нарсалар; жинсий аъзо бўладими, оёқлар, қўллар бўладими, қалб бўладими, буларнинг ҳаммаси мана шу одамни ичига алоқадор бўлган, боғланган аъзолар, буларни Аллоҳ таолога осийлик қилишда ишлатмаслик керак, фақат бу аъзоларни Аллоҳнинг розилиги йўлида ишлатиш керак бўлади.

Бу ерда "Ким охиратни хоҳласа дунё зийнатини тарк қилади" дедилар. Яъни, бу иккиси ҳеч қачон мукаммал суратда жамланмайди, яъни дунёсини ҳам жуда ҳам гўзал қилиб, охиратини ҳам жуда ҳам гўзал қилиш, бу ўртасини жамлаш мумкин бўлмаган иш. Мулла Алий-юл Қори шундай деганлар: Мановий айтганларки: Бу иккисининг ўртасини жамлаб бўлмайди, чунки булар иккита кундошга ўхшайди, қачон уларнинг биттасини рози қилсанг иккинчиси ғазабланиб тураверади. Демак, охиратни хоҳлаган одам дунё зийнатини тарк қилиши керак экан. Дунёни хоҳлаган одам охиратни тарк қилади. Иккаласининг ўртасини жамлаш мумкин эмас. Бу ерда “زينة الدنيا” дейилди, "дунё зийнатини" керагидан ортиқча ҳар бир нарсага зийнат дейилади, зарурий, керак нарсаларни зийнат дейилмайди. Зийнат қачонки керакли нарсанинг устига қўшилган қўшимча бўлса, уни бор бўлиши ёки бўлмаслигининг ҳеч фарқи бўлмайди. Бор бўлса зийнат бўлади, йўқ бўлса у нарса ўз ишини ўтайверади, шу нарсани зийнат дейилади. Дунёдан керагини олинади албатта, еб-ичиш, кийиниш бошқа қилиш, кийиш ҳаммасининг заруратини олинади. Ундан ортиғини қилиш зийнат дейилади. Шунинг учун ўта маийшатга берилиш, ўта кийинишга берилиш ваҳоказолар бу албатта охиратдаги даражаларга тўсқинлик қилади. Ҳадисларда келган ким бу дунёда масалан май ичган бўлса, охиратда ичмайди, ким бу дунёда ипак кийган бўлса — эркаклардан — охиратда ипак киймайди ваҳоказо. Шунинг учун бу дунёда дунё неъматларида ҳаддан ошишлик яхши эмас.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимизга ҳаёни насиб этишлигини сўраймиз ва махфий ва ошкора ўринларда Аллоҳ таолонинг ўзидан қўрқишимизни рўёбга чиқаришга ҳам муваффақ қилишини сўраймиз