Чоршанба 4 Декабрь 2024 | 2 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ал-Маннан исмининг маъноси

3512 марта кўрилган


Бу исм улуғ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида собит бўлган. Имом Аҳмад ва ундан бошқалар Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини шундай деяётганларини эшитдилар:

«اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدَ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، وَحْدَكَ لَا شَرِيكَ لَكَ، الْمَنَّانَ بَدِيعَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ، ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَقَدْ سَأَلْتَ اللَّهَ بِاسْمِ اللَّهِ الْأَعْظَمِ الَّذِي إِذَا دُعِيَ بِهِ أَجَابَ، وَإِذَا سُئِلَ بِهِ أَعْطَى.»

“Эй Аллоҳ, мен Сендан жамики ҳамд Сенинг учун эканлиги билан, Сендан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, ёлғиз Сенинг ўзинг шериксиз маъбуд эканлигинг, Сенинг Маннон эканлигинг, еру осмонларни яратувчиси, жалолат ва саховат-икром эгаси эканлигинг билан Сендан сўрайман". Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Сен Аллоҳ таолодан у билан дуо қилинса, ижобат қиладиган, у билан сўралса, берадиган буюк исми "исмуллоҳул аъзам" билан сўрадинг дедилар”.

Манноннинг маъноси: инъоми, атоси кўп, тортиқлари улкан, эҳсони жуда ҳам кенг-мўл, бандаларига атоларини ёғдирадиган, уларга неъматларини ўз марҳамати билан кетма-кет берадиган деганидир. Ёлғиз Аллоҳ таолодан бошқа мутлақо Маннон йўқдир. Ул зот сўрамасдан туриб инъом қилишни бошлайди. Бандаларнинг зиммасида У учун миннатдорлик лозимдир, улардан бирортаси учун Аллоҳнинг зиммасида миннатдорлик йўқдир. Аллоҳ таоло бирор кишига миннатдор бўлишдан олий ва юксак бўлган зотдир. Аллоҳ таолонинг Маннонлиги, яъни инъомининг кўплиги, бандаларнинг ҳаммасида, яхшию ёмонида очиқ ойдин кўринган ишдир. Аллоҳ уларга беҳисоб инъомлар қилади, мўл-кўл атолар беради. Унинг раҳмати жуда ҳам кенгдир, лутфи, марҳамати ҳам кўпдир. Музтарларнинг дуосини ижобат қилади, мусибатланганларнинг мусибатини аритади, ёрдамга муҳтожларга ёрдам беради. Мусибат ва балоларни сабаблари ҳозир бўлгандан сўнг даф қилади ва мусибатлар бошга тушгандан кейин уларни қайтаради. Аллоҳ таолонинг бу хусусдаги марҳаматлари ақл бовар қилмайдиган даражада кўп ва кенгдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буюк марҳаматларидан бири ўзининг хос бандаларини ва умумий бандаларини доруссалом-жаннат йўлига йўллаб қўйиши, уларни чиройли суратда мудофаа қилиши, уларни гуноҳларга тушиб қолишдан ҳимоя қилиши ва уларга иймонни севикли қилиб, иймонни уларнинг қалбларида зийнатлаб қўйиши, уларга куфр, фосиқлик ва исённи ёмон кўрсатиб қўйиши ва уларни тўғри йўлда қилиб қўйганидир ва бундан бошқа турли-туман неъматлар ва анвойи марҳаматлари бор. Ул зот шундай деган: “وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا” “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангизлар, уни санаб адоғига ета олмайсизлар”. Ва яна Ул зот шундай деган: “وَمَا بِكُمْ مِنْ نِعْمَةٍ فَمِنَ اللَّهِ” “Сизларда борики неъмат Аллоҳ таоло томонидандир”. Ким Аллоҳнинг марҳаматларини кўрмоқчи бўлса, Қуръони Карим бўстонига чуқур назар ташласин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда санаб қўйган Ўзининг улкан неъматлари, улуғ тортиқлари ва сер-мўл марҳаматлари ҳақида тааммул қилсин. Ким Рабби субҳанаҳу ва таолони мана шу улуғ исм билан ва Унинг ёлғиз ўзи марҳамат ва атоларнинг эгаси, ҳиба ва неъматларнинг эгаси эканлигини билса, бу билим у учун Рабби субҳанаҳу ва таолога берган неъматлари учун ҳамд айтиш, фазли, марҳамати ва инъомлари учун, атолари учун шукр айтишни вожиб қилади ва у Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтганидек:

 “قَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ”

“Эй Раббим, Сен мени менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга Ўзинг ёрдам бергин”, деб дуо қилади.