асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аллоҳ таолонинг Ал-Муқаддим, Ал-Муаххир исмининг маъноси3182 марта кўрилган
«اللهُمَّ اغْفِرْ لِي خَطِيئَتِي وَجَهْلِي، وَإِسْرَافِي فِي أَمْرِي، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، اللهُمَّ اغْفِرْ لِي جِدِّي وَهَزْلِي، وَخَطَئِي وَعَمْدِي، وَكُلُّ ذَلِكَ عِنْدِي، اللهُمَّ اغْفِرْ لِي مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ، وَمَا أَسْرَرْتُ وَمَا أَعْلَنْتُ، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، أَنْتَ الْمُقَدِّمُ وَأَنْتَ الْمُؤَخِّرُ، وَأَنْتَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ» Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб дуо қилардилар: “ Эй Аллоҳ, менинг хатоларимни ва билмай қилган ишларимни ва ишларимдаги барча ҳаддан ошишимни ва Сен мендан кўра билувчироқ бўлган нарсаларни мағфират қилгин. Эй Аллоҳ, Сен мени жиддий қилган ва ҳазиллашиб қилган хатоларимни, хато қилиб қилган ва қасддан қилган гуноҳларимни ва менинг ҳузуримда бўлган барча гуноҳларни мағфират қилгин. Эй Аллоҳ, менинг аввалда қилган ва кейинда қилган, очиқ қилган ва махфий қилган ва Сен уларни мендан кўра яхши биладиган гуноҳларимни кечиргин. Яхшиликларга муваффақ қилиб пешқадам қилувчи ҳам, яхшиликлардан ман қилиб ортга қолдириб қолоқ қилиб қўювчи ҳам Сенсан ва Сен ҳар бир нарсага қодир зотсан.” Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу икки исм маъноларда бир-бирига қарама-қарши бўлган ва қўшма исмлардандир. Улардан биттасининг ёлғиз ўзи Аллоҳ таолога исм қилиб айтилмайди. Фақат икки исм бирга қўшилган ҳолатдагина Аллоҳнинг исми деб айтилади. Чунки, камолат уларнинг жамланишида бўлади. Муқаддам қилиш ва Муаххар қилиш, яъни олдинга қилиш ва ортга қилиш Аллоҳ азза ва жалла қудратининг мукаммаллигига ва иродасининг, хоҳишининг ижро бўлишига, ҳикматининг камолотига далолат қилувчи Аллоҳнинг васфларидандир. Бу икки сифат Аллоҳ таолода бўлгани ва Аллоҳ улар билан сифатлангани учун зотий сифатлардан деб ҳисобланади ва бу иккиси афол сифатлардан ҳамки олдинга ва ортга қилиш махлуқотларнинг зотларига, феълларига ва васфларига тааллуқлидир. Бу олдинга ва ортга қилиш кавний бўлади. Махлуқотларнинг баъзиларини бошқалардан олдинга қилиш ва баъзиларни бошқалардан ортга қилиш сабабларни мусабабларидан, шартларни улар шарт қилинган нарсалардан ва бундан бошқа турли яратиш ва тақдир қилишдаги тақдим қилиш ва таъхир қилиш, яъни олдинга ва ортга қилиш турлари каби бўлади. Олдинга ва ортга қилиш шаръий ҳам бўлади. Бу пайғамбарларни бошқа бандалар устидан афзал қилиш, пайғамбарларнинг баъзиларини бошқаларидан афзал қилиш, бандаларнинг баъзиларини бошқаларидан афзал қилиш каби. Шу туфайли Аллоҳ уларни илмда, иймонда, амалда, ахлоқларда ва авсофларда муқаддам қилгандир-пешқадам қилгандир ва улардан хоҳлаганларини гоҳи ишларда ортда қолдиргандир, қолоқ қилиб қўйгандир. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикматига тобеъдир. У бандаларидан хоҳлаганларини Ўз тавфиқи, фазли билан Ўзининг раҳмати томон муқаддам қилса, бандаларидан хоҳлаганларини адолати туфайли бу нарсаларда ортга қўяди. Бу икки исм гуноҳларнинг ҳаммаси; аввалда қилинган, кейинда қилинган, ошкор қилинган, махфий қилинган, билмасдан ва қасддан қилинган гуноҳларни кечиришни талаб қилиш сиёқида келган. Бунда гуноҳлар бандани ҳалок қилиши ва уни ортда қолдиришига ишора бордир. Аллоҳ таолонинг бандасини кечириши ва мағфират қилиши бандани муқаддам қилади ва уни юқорига кўтаради. Ишнинг ҳаммаси Аллоҳ учундир ва Аллоҳнинг қўлидадир; кўтаради ва пасайтиради, азиз қилади хор қилади, беради ва ман қилади. Аллоҳ таоло кимга азизликни, юқориликни ва тақаддумни ёзган бўлса, бирон киши уни бундан маҳрум қилишга қодир бўлмайди. Аллоҳ таоло кимга хорликни, пастликни ва ортда қолишни ёзган бўлса, бирон киши унга ёрдам бериб, уни бундан халос қилишга қодир бўлмайди. Ушбу исмга иймон келтиришнинг самараларидан бири Аллоҳ таоло муқаддам қилган-олдинга қўйган нарсаларни олдинга қўйишга ва Аллоҳ таоло ортга қўйган нарсаларни ортга қўйишга ҳарис бўлишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ муқаддам қилган ва у билан бошлаган нарсалар билан бошлашга жуда ҳам ҳарис эдилар. Шунинг учун ҳам ул зот ҳаж ва умрада сайъ қилишда Сафодан бошладилар ва: "Аллоҳ бошлаган нарсадан бошлаймиз", — дедилар ва ул зот таҳорат қилишда ҳам аввал юзларини, сўнгра қўлларини ювдилар, сўнгра эса бошларига масҳ тортдилар. Ул зот ҳаётлари давомида бирор марта бунга хилоф иш қилмадилар. Дин ишларининг ҳаммасида шундай бўлиши керак. Бизнинг вазифамиз Аллоҳ таоло муқаддам қилган-олдинга қўйган нарсани олдинга қўйиш, ортга қўйган нарсани ортга қўйиш, Аллоҳ таоло яхши кўрган нарсани яхши кўриш, Аллоҳ таоло ёмон кўрган нарсани ёмон кўриш. Мана шу иймоннинг энг мустаҳкам ҳалқасидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимизни яхши амалларга маваффақ қилишини сўраймиз. |