Чоршанба 4 Декабрь 2024 | 2 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ал Холиқ, Ал Бориъ, Ал Мусаввир

2988 марта кўрилган


Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу уч исмни қуйидаги оятда жамлаган:  “….” “У Аллоҳ Холиқ,  Бореъ,  Мусаввир.  У учун гўзал исмлар бор.” Яъни, Аллоҳ бутун махлуқотларни яратган, бутун мавжудотларни ўз ҳикмати билан йўқдан бор қилган ва барча коинотларни ўзининг ҳикмати ва гўзал яратиши билан тасвирларган, яъни суратларини берган.  Аллоҳ таоло бу махлуқотларни тақдир қилди, уни йўқдан бор қилди, ўзига муносиб вақтда уларни яратди ва уларнинг ҳилқатларини жуда ҳам чиройли суратда тақдир қилди ва уларни жуда ҳам пухта суратда яратди. Ҳар бирини ўз манфаати учун йўллаб қўйди ва ҳар бир нарсага ўзига лойиқ бўлган хилқат, яралиш, тузилишни берди. Сўнгра ҳар бир махлуқотни нима учун яратган бўлса ва улар нимага тайёрланган бўлса ана шу нарсага йўллаб қўйди. Аллоҳнинг Холиқ исми яъни нарсаларни ўз ҳикмати тақозосига кўра ўлчовчи,  белгиловчи, Бореъ - эса ана шу махлуқотларни йўқдан бор қилувчи, Мусаввир - эса, махлуқотларни, бутун коинотларни хоҳлаган шаклда уларга тус ва шакл берувчи дегани.

Бореъ ва Мусаввир исмларида Ибнул Қоййим айтганларидек,  Холиқ исмнинг  маъносининг тафсилоти бор.  Аллоҳ азза ва жалла бирон нарсани яратмоқчи бўлса уни Ўз илми ва ҳикмати билан тақдир қилади, сўнгра уни Ўзи хоҳлаган ва Ўзи ирода қилган суратда вужудга келтиради. Бу уч исмнинг оятдаги тартиби воқеъда ҳам айни тартибда бўлади.  Аввал Аллоҳ таоло ҳалқ қилади яъни бир махлуқни вужудга келишини тақдир қилади, сўнгра уни йўқдан бор қилади, сўнгра эса унга Ўзи хоҳлаган шаклни суратни беради.