асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Нававийнинг қирқ ҳадисига шарҳ/Жаброилнинг ҳадиси (1)4826 марта кўрилган Муаллиф: Муҳаммад Солиҳ Усаймин بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Иккинчи ҳадис Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирар эканмиз, кутилмаганда олдимизга оппоқ либосли, тим қора сочли, барчага нотаниш, айни пайтда мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган бир киши кириб келди. Келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундоққина яқинларига бориб ўтирди-да, икки тиззасини у зотнинг тиззаларига, икки қўлини икки сони устига қўйиб шундай деди: “Эй Муҳаммад, менга ислом тўғрисида маълумот беринг”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закот беришинг, Рамазон (ойи рўзаси)ни тутишинг ва агар қодир бўлсанг Каъбани ҳаж қилишингдир”, – дедилар. У: “Рост айтдингиз”, – деди. Биз унинг ўзи сўраб, ўзи у зотни (нг сўзларини) тасдиқлаганидан ажабландик. (Нотаниш кимса) деди: “Менга иймон тўғрисида маълумот беринг”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”, – дедилар. “Рост айтдингиз”, – деди у. – “Менга эҳсон тўғрисида маълумот беринг”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Эҳсон) – гўёки Аллоҳни кўриб тургандек, борди-ю Уни кўриб тургандек бўлолмасанг, (лоақал) У сени кўриб тургандек Унга ибодат қилишингдир”. “Менга қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида маълумот беринг”, – деди у кимса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши (бу борада) сўровчидан билувчироқ эмас”. “(Ундай бўлса) менга қиёматнинг аломатлари ҳақида маълумот беринг”, деди у. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Қиёматнинг аломатларидан бири) – Чўри аёл ўз хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч, йўқсил чўпонларнинг баланд иморатлар қуриш билан фахрланишини кўрмоғинг”. Шундан сўнг (нотаниш кимса) чиқиб кетди. Орадан анча вақт ўтгач Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Эй Умар, савол сўраган кимлигини биласизми?”. Мен: “Аллоҳ ва Расули билувчидир”, – дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келган Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди”, – дедилар[1]” . Муслим ривояти. Шарҳ “бир киши кириб келди”: Кириб келган киши кўринишда эркак бир инсон бўлсада, бироқ унинг асл моҳияти фаришта (Жаброил) эди. “оппоқ либосли”: Кириб келган кишининг эгнида либоси бор эди. “тим қора сочли”: Тим қора сочлигидан маълум бўладики, у ёш йигит шаклида бўлган. “мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган”: Номаълум кишининг эгнидаги либоси оппоқ, сочи тимқора бўлиб, унда на чанг ва на сафар бесаранжомлиги бор эди. Шу боис Умар розияллоҳу анҳу: “мусофир эканига далолат қиладиган бирон асорати бўлмаган”, – деди. Негаки, у пайтларда сафардан келган одамда албатта сафар аломати кўринарди. Мусофир одамнинг сочлари тўзғиган, чанг-тўзонга ботган ва кийими ҳам муқим одамникидан бошқача бўлар эди. Бироқ, бу номаълум кишида бундай асоратлар йўқ эди. “барчага нотаниш”: Келган одам барчага таниш бўлган Мадина аҳолисидан бўлмай, батамом бегона одам эди. “Келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундоққина яқинларига бориб ўтирди-да”: Нотаниш кимса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёпишиб ўтирди. Шу боис Умар розияллоҳу анҳу “икки тиззасини у зотнинг тиззаларига, икки қўлини” Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига эмас, балки ўзининг “икки сони устига қўйиб”, – деди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қаттиқ эҳтиром қилиб шундай қилди. “шундай деди: “Эй Муҳаммад”: Нотаниш кимса: “Эй Расулуллоҳ”, – демасдан, одамлар уни аъробийлардан деб ўйласин деб шундай хитоб қилди. Сабаби, аъробийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни атоқли исми билан чақиришардилар. Шаҳарликлар эса у зотни набий ёки расул сифати билан чақирар эдилар. “менга ислом тўғрисида маълумот беринг”: Ислом ўзи нима? Менга у ҳақда маълумот беринг. “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг...”, – дедилар”: Гувоҳлик беришинг – тилинг ва қалбинг ила иқрор бўлиб эътироф этишинг. Бунда фақат тилнинг ўзи кифоя бўлмай, балки албатта тил ва қалб иштирок этиши зарур. Аллоҳ таоло шундай дейди: “магар ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган кишиларгина.” [Зухруф: 86]. “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегани – “Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ”, демакдир. Борлиқда Аллоҳдан ўзга илоҳлар бор, бироқ улар ботил илоҳлар бўлиб, ҳеч қандай илоҳлик ҳаққига эга эмаслар. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам айнан шуни кўрсатади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган олиҳалар эса ботил экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканидир.” [Ҳаж: 62]. “ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик беришинг”: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг Аллоҳнинг расули эканимга...”, – демадилар. Ҳолбуки, гап йўналиши шундай дейишини тақоза қиларди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бевосита бу кишига қарата хитоб қиляптилар. Бироқ, ўзларини атоқли исмлари билан аниқ тилга олишлари янада таъкидли ва у зотга нисбатан кўпроқ ҳурмат ва улуғлаш нишонасидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бани Ҳошим уруғи, Қурайш қабиласи, Исмоил алайҳиссалом зурриётидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таолонинг Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломдан ҳикоя қилиб айтган қуйидаги сўзларидаги “пайғамбар”дан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилганлар: “Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор!” [Бақара: 129]. “Аллоҳнинг Расули”: Расул дегани Аллоҳ таоло унга бирон бир шариатни ваҳий қилиб, уни одамларга еткизиш ва унга амал қилишга буюрилган кишидир. “намозни адо этишинг”: Яъни намозни тўла-тўкис, хотиржам ўқимоғинг. Намоз сўзи фарз ва нафл намозларни ўз ичига олади. “закот беришинг”: Закот – Аллоҳга ибодат қилиш ниятида маълум мол-мулклардан ҳақдор кишиларга берилиши вожиб бўлган муайян миқдордир. Бу мол-мулклар тилла ва кумуш, чорва моллари, ердан чиққан ҳосил ва тижорат молларидан иборат. “Рамазон (ойи рўзаси)ни тутишинг”: Рўза – Аллоҳга ибодат қилиш ниятида субҳи содиқдан то кун ботгунга қадар бу ибодатни бузадиган нарсалар (емак-ичмак ва жинсий яқинлик)дан тийилишдир. Рамазон ойи Шаъбон ва Шаввол ойлари ўртасидаги барчага маълум бўлган қамарий ой. “ва агар қодир бўлсанг Каъбани ҳаж қилишингдир”: Яъни, агар қодир бўлсанг, Аллоҳ таолога ибодат қилиш ниятида махсус вақтда муайян ибодатларни адо этиш учун Каъбани қасд қилиб боришингдир. “ У: “Рост айтдингиз”, – деди”: “Рост айтдингиз”, деган Жаброил алайҳиссалом ва айни дамда савол сўраган ҳам унинг ўзидир. Қизиқ, ўзи сўраб, яна қандай қилиб “рост айтдингиз”, дейиши мумкин? Негаки, савол сўраган киши сўзловчига “рост айтдингиз”, дейиши учун савол сўраган кимса жавобни олдиндан билган бўлиши керак. Ажабланарли томони шунда. Шу боис саҳобалар ажабландилар. Бироқ, бунинг баёни қуйида келади, иншааллоҳ. Ушбу беш рукннинг шарҳи: Биринчи рукн: Албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деб гувоҳлик бериш. Шу ўринда бир масала бор: нега бу иккиси битта рукн қилинди, иккита рукн қилинмади? Жавоб: барча амалларнинг дуруст ва мақбул бўлиши мана шу иккисига гувоҳлик беришга боғлиқ. Чунки Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бериш ихлосни келтириб чиқарса, Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик бериш у зотга эргашишни келтириб чиқаради. Аллоҳга яқинлашиш мақсадида қилинган ҳар қандай амал бу икки шарт: Аллоҳга ихлос қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш шартисиз қабул қилинмайди. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик беришнинг маъноси – инсон тили ва қалби билан Аллоҳдан ўзга ҳақ сиғинилувчи зот йўқ эканини ифода этишидир. “Гувоҳлик бераман”, дегани – тилим бирла нутқ қилган ҳолда қалбим билан иқрор бўламан, дегани. Чунки гувоҳлик бериш қалбдаги нарсани нутқ билан ифода этиш ва у ҳақда хабар беришдир. Борди-ю, гувоҳлик берувчи тили бирла нутқ қилишга қодир бўлмаган соқов бўлса, у ҳолда ожизлиги сабаб дилида иқрор бўлиши кифоя. Фақат тил билан гувоҳлик бериш етарли эмас. Бунга далил, мунофиқлар Аллоҳ таолонинг ягона илоҳ эканига тилларида гувоҳлик берадилар. Тиллари билан қалбларида бўлмаган нарсага иқрор бўлганликлари боис бундай гувоҳлик уларга фойда бермайди. Мунофиқлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб у зот Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик беришларини зўр бериб уқтирадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ у зот Аллоҳнинг расули эканини билади ва айни дамда қалбларида йўқ нарсага тиллари ила иқрор бўлган мунофиқларнинг ёлғончи эканига ҳам гувоҳлик беради. “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” калимасини “Аллоҳдан ўзга сиғинилувчи ҳақ илоҳ йўқ” дея, “ҳақ” сўзини қўшиб тушунамиз. Мана шундай тушуниш орқали “Ахир, ер юзида Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган олиҳалар ҳам борку?”, — деган чигаллик ойдинлашади. Ҳақиқатан, уларни Аллоҳ таоло ҳам, уларга ибодат қилаётган мухлислари ҳам “олиҳалар” — деб номлаган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни азоби) келганида, Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган олиҳалари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади.” [Ҳуд: 101], “Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «олиҳалари» бормикан?! У («олиҳалар») ўзларига ёрдам қилишга ҳам қодир эмаслар ва улар Бизнинг томонимиздан ҳимоя ҳам қилинмаслар.” [Анбиё: 43], “Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг!” [Қасас: 88]. Демак, ушбу сўзни қўшгандан кейин айтиш мумкинки, борлиқда Аллоҳдан ўзга ибодат қилинаётган олиҳалар бор, бироқ, улар ботил олиҳалар, ҳақ олиҳалар эмас. Улар илоҳлик ҳаққидан ҳеч нарсага молик эмаслар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далолат қилади: “Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган олиҳалар эса ботил экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканидир.” [Ҳаж: 62]. Мабодо бир мушрик бирон ҳайкал олдига келиб унга ибодат қилса: унга эгилса, сажда қилса, йиғи-сиғи қилиб тавозеъ билан таъзим қилиб турса, борингки, хушидан кетса, унинг қилаётган ибодати ҳам, сиғинаётган илоҳи ҳам ботилдир. “Аллоҳдан ўзга”: “Аллоҳ” сўзи Парвардигорнинг атоқли исми бўлиб, бу исм билан Ундан бошқаси номланиши жоиз эмас. Бу исм Аллоҳнинг бошқа исмларига нисбатан асл ҳисобланади. Шу боис қолган исмлар бу исмга тобе бўлиб келади. Биргина оятни ҳисобга олмаганда бу исм Аллоҳнинг бошқа исмларига тобеъ бўлиб келмаган. Бу оят қуйидаги оятдир: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — Азиз ва Ҳамид зотнинг йўлига — олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир. Аллоҳки осмонлар ва Ердаги бор нарса Унинг мулки бўлган зотдир.” [Иброҳим: 1-2]. Ҳатто мазкур оятда ҳам Парвардигорнинг “Аллоҳ” исми аввалги оятдаги Унинг “Азиз” деган исмига сифат бўлмасдан балки “бадал”, (яъни изоҳловчи) бўлиб келган. Масала: Калимаи шаҳодатни нутқ қилиш инсонни исломга киритадими? Жавоб: Ҳа, гарчи инсон уни жонини сақлаб қолиш мақсадида айтяпти, — деб гумон қилсакда бу калима уни исломга киритади ва биз унинг жони ва молини ҳимоя қиламиз, унга тажовуз қилмаймиз. Бунга далил, Усома розияллоҳу анҳу билан бир мушрик ўртасида бўлиб ўтган ҳодиса. Бу ҳодисада Усома розияллоҳу анҳу бир мушрикни кетидан қувлаб унга етиб олади ва уни қиличи билан урмоқчи бўлганида у: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, – дея шаҳодат келтиради. Усома ўлимдан қутулиш мақсадида айтяпти, деган гумон билан уни ўлдиради. Бўлиб ўтган воқеани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган чоғда у зот қайта-қайта: “Ла илаҳа иллаллоҳни айгач ўлдирдингми-я?!”, – дея бошладилар. Усома розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, у шаҳодатни ўлимдан қутулиш учун айтди, холос”, – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар: “Ла илаҳа иллаллоҳни айгач ўлдирдингми-я?!”, – дея қайта-қайта айтавердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ундан қаттиқ ранжиганларини кўрган Усома розияллоҳу анҳу: “Шу бугундан олдин исломга кирмаган бўлишимни орзу қилиб қолдим[2]”, – деган эди . Демак, бизда бир инсон жонини асраб қолиш мақсадида шаҳодат калимасини айтди, деган гумон устун келсада, биз унинг фақат зоҳирига қараб ҳукм қилишимиз керак экан. Демак, бу инсоннинг шаҳодат калимасини айтиши унинг жонини асраб қолади. Тўғри, кейинчалик диндан қайтса уни қатл қиламиз. Бу нарса мусулмонлар қўлига асир тушган кофир жангчиларда учраши мумкин. Улар қатл қилинишларидан қўрқиб жонини асраб қолиш учун “мусулмон бўлдик” — дейишади. Шунда мужоҳидлар сўрайдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ” — дейишгач уларни ўлдирамизми ёки йўқми?”. Биз айтамизки, Усома розияллоҳу анҳунинг ҳадиси уларнинг ўлдирилмаслигига далил. Бироқ, шундай бўлсада улар кузатувда бўладилар. Борди-ю, улардан муртадлик содир бўлса қатл қилинадилар. Негаки, калимаи шаҳодатни айтишлари билан ислом аҳкомларига риоя қилишга мажбур бўладилар. Агар кофир кимса Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтирса-ю, бироқ Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига иқрор бўлмаса, то бунга ҳам гувоҳлик келтирмагунча Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига гувоҳлик қилиши кифоя қилмайди. Шунга биноан, кофир “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши биланоқ исломга киради. Бироқ, борди-ю тавҳид калимасини айтиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг расул эканини инкор этса, у ҳолда бу калимага Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деган шаҳодатини ҳам қўшиши зарур. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Уларни албатта Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ экани ва албатта мен Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик беришга даъват қилинг[3]” . Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динида маълум ва машҳур бўлган ва бутун уммат иттифоқ қилган нарса шуки, одамлар буюриладиган дастлабки нарса – Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига гувоҳлик келтириш”. Мана шу билан кофир мусулмонга айланади. Агар мусулмон бўлса, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтирса ва шу эътиқодда вафот этса, шунинг ўзи кифоя. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда ким дунёдаги сўнг сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса жаннатга киради[4]” , – деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда “Ла илаҳа иллаллоҳ” билан кифояландилар, чунки бу ҳадис Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканига иқрор бўлган ва унда бу борада бирон бир шак-шубҳа бўлмаган инсон хусусида айтилган. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик келтириш ибодатни холис Аллоҳга қаратишни келтириб чиқаради. Бу тавҳид “улуҳият тавҳиди”, ёхуд “ибодат тавҳиди” — деб номланади. Чунки, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси “Аллоҳдан ўзга ҳақ ибодат қилинувчи зот йўқ”, — деган маънони англатади. Демак, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмаслигингиз керак. Кимда ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” — деб, сўнг Аллоҳдан ўзгага ибодат қилса, у ҳолда ёлғончидир. Негаки, бу шаҳодат ибодатни холис Аллоҳга қаратишни, риёкорлик, фахрланиш ва шу каби иллатларни даф бўлишини келтириб чиқаради. [1] Муслим ривояти, “Иймон китоби”, “Иймон, ислом, эҳсон ва Аллоҳнинг тақдирини исботлашга иймон келтириш вожиблиги тўғрисидаги боб”, 1, 8-ҳадислар. [2] Бухорий (“Жанглар китоби”, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Усома ибн Зайдни жангга юборишлари хусусидаги боб”, 4269-ҳадис) ва Муслим (“Иймон китоби”, “Ла илаҳа иллаллоҳ дегандан кейин кофирни ўлдириш ҳаромлиги тўғрисидаги боб”, 96-ҳадис) ривояти. [3] Бухорий (“Закот китоби”, “Закот вожиблиги тўғрисидаги боб”, 1331-ҳадис) ва Муслим (“Иймон китоби”, “Икки шаҳодат калимаси ва ислом шариатларига даъват қилиш боби”, 19, 29- ҳадислар) ривояти. [4] Сунани Абу Довуд, “Жанозалар китоби”, “(Маййитга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни) талқин қилиш боби”, 3116-ҳадис). |