асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Нававийнинг қирқ ҳадисига шарҳ/Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир (3)4528 марта кўрилган 4– Ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳоратли таълим бериш услубига эгаликлари. Бу нарсани у зотнинг гапни турли услубда ва қисмларга ажратиб гапиришларида кўриш мумкин. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта амаллар фақат ниятларга боғлиқдир” , – деган сўзлари амал тўғрисида бўлса, ундан кейинги: “Ҳар бир кимса учун ният қилгани насиб қилур”, – деган сўзлари амалнинг ким ва нима учун атаб қилингани хусусида. Бу биринчиси. Моҳирона таълим бериш услубининг иккинчи томони шундаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратни икки қисмга: шаръий ва шаръий бўлмаган (дунёвий) ҳижратга бўлдилар. Албатта бу чиройли таълим услубидир. Шунинг учун муаллим ўқувчига масалаларни шунчаки кетма-кет равишда нақл қилмаслиги керак. Чунки бу ҳолатда ўқувчининг маълумотларни эслаб қолиши қийинлашади. Аксинча, муаллим нақл қилмоқчи бўлган маълумотлар ичидан асос маълумотларни ажратиб, қоидалар тузиб ва қисмларга ажратиши мақсадга мувофиқдир. Унинг шундай қилиши ўқувчи қалбида илмнинг ўрнашишига ёрдам беради. Аммо масалалар пала-партиш равишда ўқувчига нақл қилинса, у ҳолда ўқувчи тез орада бу маълумотларни унутиб юборади. 5– Ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири матнда: “Аллоҳ, сўнгра Расули сари”, дейилмасдан, балки: “Аллоҳ ва Расули сари”, – дея Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло билан бирга зикр қилинишидир. Ҳолбуки, бошқа бир ўринда бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Сиз ва Аллоҳнинг хоҳишингиз”, – деганида, у зот: “(Йўқ), балки ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиши[1]” ,– деган эдилар. Хўш, бу иккиси ўртасида қандай фарқ бор? Жавоб шуки, гап шариатга тегишли ишлар ҳақида борар экан: “Аллоҳ ва Расули”, – деса бўлади. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган шариат, худди Аллоҳ таолодан содир бўлган шариат кабидир. Оллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди.” [Нисо: 80]. Бироқ, борлиққа, оламни бошқарувига оид ишларда ҳеч бир кимса Аллоҳга тенглаштирилиши жоиз эмас. Чунки барча нарсалар ёлғиз Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиши остидадир. Агар бир одам: “Эртага ёмғир ёғадими?”, – деб сўраса ва бунга жавобан: “Аллоҳ ва Расули билади”, – дейилса, албатта бу хатодир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби ишларни билмайдилар. Масала: Агар бир киши: “Бу ҳаромми ёки ҳалолми?” – деса ва бунга жавобан: “Аллоҳ ва Расули билади”, – дейилса, бу жоиздир. Негаки, шаръий ишларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари Аллоҳнинг ҳукми билан тенг. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди.” [Нисо: 80]. Масала: Қай бири афзал: илм ўрганишми ёки Аллоҳ йўлида жиҳод қилишми? Жавоб шундан иборатки, ҳукмга таъсир қилувчи бошқа ҳар қандай ташқи омилларни ҳисобга олмаганда илм ўрганиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан афзалдир. Чунки барча одамлар илмга муҳтож. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Нияти холис бўлган кишига нисбатан илм ўрганишга тенг келадиган нарса йўқ”. Хеч қачон жиҳод барча мусулмонларга фарзи айн бўлиши мумкин эмас. Сабаби Аллоҳ таоло шундай дейди: “Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас.” [Тавба: 122]. Агар жиҳод фарзи айн бўлганида барча мусулмонларга фарз бўлган бўлур эди. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло шундай дейди: “Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!” [Тавба: 122]. Лекин ҳукм шахс ва замонга қараб ўзгаради. Баъзан қайсидир шахсга: “Сен учун жиҳод қилиш афзал”, – десак, бошқа бир кишига: “Сени илм олганинг маъқул”, – деймиз. Агар инсон жасур, кучли, жисмонан тетик бўлса, айни пайтда зеҳни у даражада кучли бўлмаса, у ҳолда унинг жиҳод қилгани афзал. Негаки, жиҳод қилиш унга муносиброқ. Борди-ю, бир киши зеҳн-заковатли, Қуръонни ёд олган, баҳс ва мунозарага салоҳияти кучли бўлса, бундай шахснинг илм ўрганиши афзалдир. Бу ҳукмнинг шахс ҳолатига қараб ўзгариши эди. Ҳукмнинг замонга қараб ўзгаришига келсак, агар биз уламолар сероб бўлган, сарҳад ва жабҳалар жангчи қўриқчиларга муҳтож бўлган замонда яшаётган бўлсак, у ҳолда жиҳод қилиш илм олишдан афзал. Аксинча, биз жаҳолат кенг тарқаган, жамиятда бидъат-хурофотлар урчиган бир замонда яшаётган бўлсак, унда илм олиш афзалдир. Уч нарса борки, бу нарсалар илм ўрганишни кескин вазифага айлантириб қўяди: 1– жамиятда турли бидъатлар бош кўтара бошлаши 2– илмсиз фатво берилиши 3– шаръий масалаларда илмсиз низо ва тортишувларнинг кўпайиши Агар илм ва жиҳоддан бирини иккинчисидан афзаллигини кўрсатадиган омил бўлмаса, у ҳолда илм афзал. 6 – Ҳадисдан олинадиган навбатдаги фойда, ҳижратнинг солиҳ амаллар жумласидан эканлиги. Чунки, ҳижрат билан Аллоҳ ва Расули мақсад қилинади. Зеро, Аллоҳ ва Расули мақсад қилинадиган барча амаллар солиҳ амаллардир. Шунингдек, сиз ҳижрат қилиш орқали Аллоҳга тобора яқинлашишни қасд қиласиз. Маълумки, Аллоҳга яқинлашиш ибодатдир. Масала: Ҳижрат қилиш фарзми ёки мустаҳабми? Жавоб: Бу масалада ҳар бир ҳолатнинг ўзига хос ҳукми бор. Агар инсон куфр диёрида динини ошкор қилишга қодир бўлса ва уни бундан ман қилувчилар бўлмаса, бу ҳолда ҳижрат қилиш мустаҳабдир. Аксинча, динини ошкор қилишга қодир бўлмаса, бундай шахсга ҳижрат қилиш фарз. Бу борадаги фарз билан мустаҳабни белгилаб берувчи қоида шундан иборат. Энди фисқу-фужурни ошкора қиладиган исломий мамлакатлардан ҳижрат қилиш ҳукмига келсак, агар инсон мамлакат аҳлига қўшилиб фисқу-фасод ишларга қўл уришдан қўрқса, у ҳолда ҳижрат қилиш унга фарз. Борди-ю, бундай қўрқув-хавотир бўлмаса фарз эмас. Балки, унинг бу юртда қолишида ислоҳот бўлса, мамлакатнинг одамларни ўнглаш, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш борасида унга эҳтиёжи борлиги сабаб унинг бу юртда қолиши фарздир. Ажабланарлиси айрим кишилар ислом диёридан куфр диёрига ҳижрат қиладилар. Агар ислоҳотчи кишилар ислом юртидан ҳижрат қилсалар, фисқу-фасод аҳлини қайтарадиган ким қолади? Эҳтимол ислоҳотчи кишилар озлиги, фисқу-фасод аҳлининг кўплиги сабаб мамлакат янада кўпроқ тубанликка юз тутади. Бироқ, бу юртда қолиб имкон қадар Аллоҳнинг динига даъват қилса, аста-секин бошқа бировни ўнгланишига сабаб бўлади ва ўз ўрнида у ҳам ўзга бировни ислоҳ қилади. Бора-бора ана ўшалар саъй-ҳаракатининг самараси ўлароқ бутун мамлакат ҳолати ўнгланади. Агар аксар инсонлар солиҳ инсонларга айлансалар, бу нарса гарчи босим ўткизиш йўли билан бўлсада, кўпинча хукумат тепасидагиларнинг ҳам ўнгланишига олиб боради. Бироқ, минг афсуски, бу нарсани барбод қиладиган солиҳ кишиларнинг ўзларидир. Уларнинг ихтилоф жоиз бўлган бирон бир диний масаладаги хилоф туфайли гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб тафриқа қилаётганлиги ва гаплари қовушмай қолаётганига гувоҳ бўласиз. Амалий ҳаётда шу нарса юз беряпти. Хусусан, ислом дини батамом қарор топмаган мамлакатларда бу нарсани яққол кузатиш мумкин. Кўпинча, намозда икки қўлни кўтариш каби бир масалани, деб бир-бирлари билан ўзаро адоватлашиш, нафратлашиш ва уруш-жанжалгача борадилар. Сизларга Минода шахсан ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Бир куни Маърифий Тарғибот Бўлими мудири ҳузуримга Африкадан келган иккита тоифани бошлаб келибди. Бу икки тоифадан ҳар бири бошқа тоифани кофирга чиқарар экан. Нега денг?! Мудирни айтишича, бир тоифа: “Қиёмдаги суннат – намозхон икки қўлини кўксига қўйиши”, – деса, иккинчи тоифа: “Қиёмдаги суннат – намозхон икки қўлини ёнига ташлаб туриши”, – дер экан. Бу масала диндаги катта асосий масалалардан бўлмаган, иккинчи даражали фиқҳий бир масала. Улар бўлса: “Йўқ! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас[2]”, – деганлар. Суннатдан юз ўгириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам воз кечган куфрдир”, – дейдилар. Мана шундай нотўғри тушунчага биноан бир-бирларини кофирга чиқардилар. Хуллас, ислом унчалик кучли бўлмаган мамлакатлардаги айрим ислоҳотчи мусулмонлар бир-бирларини бидъатчи ва фосиққа чиқарадилар. Агар улар иттифоқ бўлганларида, ихтилофлашган тақдирда ҳам ихтилоф жоиз бўлган масалаларни бағрикенглик билан қабул қилишганларида, бир ёқадан бош чиқариб иш юритганларида эди, умматни ҳоли ўнгланган бўлур эди. Бироқ, уммат солиҳ кишилар, ислоҳотчи пешволарнинг ўрталарида дин масалаларида бунчалик ихтилоф ва гина-кудуратларни кўргач улардан ва улардаги яхшиликлару ҳидоятдан юз ўгириши мумкин. Балки, бундан ҳам ёмони мусулмонларда ортга кетиш ва таназзулга юз тутиш ҳолати юз бериши мумкин. Аллоҳ паноҳ берсин, бу нарса чиндан ҳам содир бўлди. Қанча йигитлар дин — эзгулик, ҳидоят, бағрикенглик ва хотиржамлик деган эътиқод билан динга амал қила бошлашади. Кейинчалик солиҳ дин пешволари ўртасидаги кескин келишмовчиликлар, ҳасад ва гина-кудуратларни кўриб ҳафсалалари пир бўлади. Оқибат, орзу қилган матлабини тополмагач динга амал қилишни тарк қилишади. Хулоса қилиб айтганда, куфр диёридан ҳижрат қилиш билан фосиқ мусулмон диёридан ҳижрат қилиш ўртасида фарқ бор. Фосиқ мусулмон диёрларидан ҳижрат қилмоқчи бўлган инсонга: “Сабр қил ва Аллоҳдан ажр умид қил”, – дейилади. Хусусан, агар у ислоҳотчи илм аҳлидан бўлса, бу юртда қолишга янада ҳақлироқдир. Аксинча, баъзан бундай киши хусусида: “Сенинг бу юртдан ҳижрат қилишинг ҳаромдир”, – дейилиши ҳам мумкин. [1] Имом Аҳмад (1\214) ва Ибн Можа (“Каффоратлар китоби”, “Сиз ва Аллоҳнинг хоҳишингиз”, – деб айтишдан қайтарилгани тўғрисидаги боб”, 2117-ҳадис) ривояти. [2] Бухорий (“Никоҳ китоби”, “Никоҳга тарғиб қилиш боби”, 4776-ҳадис) ва Муслим (“Никоҳ китоби”, “Уйланишга ошиққан кишининг уйланиши мустаҳаблиги тўғрисидаги боб”, 1401- ҳадис) ривояти. |