Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Одамлар писанд қилмай қўйган ҳаром амаллар (Давоми)

6778 марта кўрилган

Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

(Давоми)

44. Ўғрилик

Қуръони Каримда: “Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир”. Моида:38.

Ўғриликнинг энг қабиҳи ҳаж ва умра зиёратчиларига нисбатан қилинган ўғриликдир. Бундай жирканч ўғрилик қилувчилар курраи заминнинг энг мўътабар гўшаси Каъбатуллоҳ ва Ҳарами Шарифни назарга илмай, Аллоҳнинг чегараларини бузишда қаттиқ ҳадларидан ошган кимсалардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф намози ҳақидаги қиссада шундай деганлар: “Дўзах менинг олдимга келтирилди. Бу — ўша сизлар мени унинг тафти тегиб кетишидан қўрқиб тисарилганимни кўрган пайтингизда бўлди. Мен унда (дўзахда) ўз ичак-чавоқларини судраб юрган, учи эгри таёқнинг соҳибини кўрдим. У мана шу учи эгри таёғи билан ҳожиларнинг (нарсаларини) ўғирлар эди. Агар сезиб қолишса, таёғимга илиниб қолибди дерди, сезмай қолишса олиб кетаверар эди”. (Имом Муслим)

Яна бир ўғриликнинг энг қабиҳи халқ мулкини ўғирлашдир. Баъзи кимсалар: “Бошқалар ўғирлаяпти-ку, биз ҳам олсак олибмиз-да” — дейдилар. Билмайдиларки, бундай ўғрилик бутун мусулмонлардан ўғирлаш ҳисобланади. Зеро умумий мулк барча мусулмонларга тегишлидир. Аллоҳдан қўрқмайдиган кимсаларнинг ишлари, уларга тақлид қилиш учун ҳужжат бўлмайди. Баъзилар мусулмон бўлмаганларнинг мулкини “Улар кофир-ку” — деган далил билан ўғирлайдилар. Бу нотўғри. Чунки фақат мусулмонларга қарши урушаётган кофирларнигина мулкларидан маҳрум қилиш мумкин, ҳамма кофирларнинг ширкатлари ёки шахсларини эмас.

Яна ўғрилик кўринишларидан: киссавурлик, яъни бировнинг чўнтагига тушиш, меҳмонга борганда ёки ўз меҳмонларининг юкларидан ўғирлаш, дўконларга кириб чўнтак ва ё қўйнига беркитиб чиқиш ва аёлларнинг ички либосларига яшириб ўғирлашларидир.

Баъзи одамлар озроқ ёки арзон нарсани ўғирласа бўлаверади — деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деганлар. (Имом Бухорий)

Ўғрилик қилган киши аввало Аллоҳга тавба қилиши, сўнг олган нарсасини ошкора ё бирон восита билан ёки пинҳона бўлсин фарқи йўқ, албатта молни эгасига қайтариб бериши керак. Мабодо молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини астойдил ахтарсада топа олмаса, ундай ҳолда савобини молнинг эгасига ният қилиб уни садақа қилиб юборади.

45. Пора олиш ва бериш

Қози ёки ҳокимга ҳақни ноҳаққа ё ноҳақни ҳаққа айлантириш мақсадида пора бериш - оғир жиноятдир. Чунки бу адолатсиз ҳукмга, зулмнинг қарор топишига ва фасод ишларнинг тарқалишига олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ - ҳаром йўллар билан емангиз! Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ - ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!” деб қайтарган. Бақара:188.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳукм чиқаришда пора берган ҳам, олган ҳам Аллоҳнинг лаънатига йўлиқади” деб огоҳлантирганлар. (Имом Аҳмад)

Аммо ҳаққа етиш ёки зулмни даф этиш учун порадан ўзга чора қолмаса юқоридаги ваъиддан мустасно бўлади.

Бизнинг асримизда порахўрлик шунчалар кенг илдиз отиб кетдики, ҳатто баъзи мансабдорлар учун ойликларидан ҳам катта, улкан даромад манбаи, баъзи ширкатлар дастурларининг эса кўзга кўринмас моддасига айланиб қолди. Кўп ишлар, муомалалар порасиз бошланмайдиган ва усиз тугамайдиган бўлиб қолди. Камбағаллар бундан улкан зарарлар кўришмоқда. Пора кўп одамларни виждонидан айириб, хизмат кўрсатувчининг мижозга нисбатан муносабатини бузилишига сабаб бўлмоқда.

Пора берганга тузукроқ, бермаган бечорага ёмондан-ёмон хизмат кўрсатилади ё кечиктирилади ёки умуман хизмат кўрсатилмайди. Навбати кейинда бўлса ҳам пора берганлар илгарироқ ишларини битириб оладилар.

Пора сабаб ширкат эгасига келиши лозим бўлган пуллар иш юритувчи вакилларнинг чўнтакларига тушмоқда. Ушбу ва бошқа сабабларга кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу гуноҳи кабира иштирокчиларини Аллоҳнинг раҳматидан кувғинга учрашларини тилаб дуоибад қилганларига ажабланмаса ҳам бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пора берганга ҳам уни олганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. (Ибн Можа)

46. Ерни тортиб олиш

Аллоҳдан қўрқиш бўлмаса куч-қудрат ва мансаб ўз эгасига бало бўлади. У шу туфайли ўзгаларнинг мол-мулкига кўз олайтириш, тортиб олиш каби зулм ишларга қўл уради. Ана шундай ишлардан бири – ер тортиб олишдир. Бу жиноятнинг жазоси ғоят оғир бўлиб, бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Ердан озгинасига бўлсин ноҳақ эга бўлиб олган одам Қиёмат куни етти қават ерга юттирилади”. (Имом Бухорий)

Яъло ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайси бир киши бир қарич ерни бўлсин ноҳақ олса, Аллоҳ унга ўша ернинг еттинчи қаватигача кавлаттириб (бир ривоятда, келтиргизиб) сўнг Қиёмат куни бандаларнинг ўртасида ҳукм чиқариб бўлгунича унинг бўйнига кишан қилиб осиб қўяди”. (Табороний)

Ернинг белгиларини (қозиқларини) ва чегараларини ўзгартириш йўли билан қўшнисининг ҳисобидан ўз ерини кенгайтириб олиш ҳам ер тортиб олиш ҳукмига киради. Мана шу ҳадис шунга далилдир: “Ернинг (ўрнатилган) белгиларини ўзгартирган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. (Имом Муслим)

47. Шафоат (воситачилик) учун ҳадя олиш

Обрў ва мансаб, агар шукри адо этилса, Аллоҳнинг бандага берган неъматларидан саналади. Мусулмонларнинг манфаати йўлида ўз мансаби билан хизмат қилиш ана шу неъматнинг шукроналаридан бўлади. Умумий маънода айтилган ушбу ҳадис мазкур амалга (шафоатга) ҳам тааллуқлидир: “Сизлардан ким ўз биродарига наф келтиришга қурби етса (шу ишни) қилсин!”. (Имом Муслим)

Мансаби ва обрўси билан биродарини зулмдан ҳимоя қилса ёки унга бирон нафи тегса ва бунда ҳаром ишга қўл урмаса ёки бошқа бировнинг ҳуқуқига зарар етказмаса Аллоҳнинг олдида савобга ҳақли бўлади, башарти нияти холис бўлса. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Шафоат қилинглар ажр (савоб) оласизлар”. (Абу Довуд)

Аммо қилинган шафоат, ҳомийлик эвазига бир нарса олиш жоиз эмас. Бунга саҳоба Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким шафоатчиликка ўтгани учун берилган хадяни олса, судхўрликнинг энг катта туридан бирига қўл урибди”. (Имом Аҳмад)

Бирор шахсни вазифага тайинлаш, бир соҳадан ё минтақадан бошқасига ўтказиш ёки касални даволатиб бериш ва бошқа шу каби ҳолатларда ўз мансаб обрўсини, воситачилигини маълум маблағ эвазига таклиф қиладиган кишилар ҳам бор, бу эса юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан ҳаромдир. Ҳадиснинг зоҳири олдиндан шартлашмаган ҳолда ҳақ олишга ҳам тегишлидир. Савоб иш қиладиган кишига Қиёмат куни Аллоҳ таолодан оладиган ажр-мукофот кифоядир.

Бир киши Ҳасан ибн Саҳлнинг хузурига келиб бир ишда шафоат қилишларини сўради. Ҳасан ибн Саҳл унга ёрдам бердилар. Халиги киши ташаккур билдирди. Шунда Ҳасан ибн Саҳл: “Бизга нимага раҳмат дейсиз, биз молнинг закоти бўлгани каби обрўнинг ҳам закоти бор, деб биламиз”, дедилар.

Шу ўринда бирон ҳақ эвазига бир ишни бошлаш, назорат қилиш ва битириб бериш учун шаръан жоиз бўлган одам ёллаш билан, жоиз бўлмаган ҳақ бадалига обрўсини ва воситачилигини таклиф қилиш ўртасида фарқ борлигини билиш ўринлидир.

48. Мардикорни тўла ишлатиб, ҳаққини тўла бермаслик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мардикорнинг ҳаққини кечиктирмасдан тез тўлашга тарғиб қилганлар: “Мардикорнинг ҳаққини, унинг (пешона) териси қуримасидан олдин беринглар!”. (Ибн Можа)

Жамиятда тарқалган зулм турларидан бири ишчилар, мардикорлар ва ходимларнинг ҳақларини бермаслик бўлиб, унинг бир неча кўринишлари бор:

1) Хизмат ҳаққини беришдан бутунлай бўйин товлаш, сабаби кўпинча хизматчининг қўлида уни ишлатганликлари тўғрисида ҳужжат бўлмайди. Аммо лекин бечора заиф хизматчи (мардикор) бу дунёда ўз ҳаққидан маҳрум этилган бўлса ҳам, Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида унинг ҳаққи сақланади. Ҳаққини бермай еб кетган золим: “Еб кетдим бўлди”, деб ўйламасин. Қиёматда золимнинг яхши амалларидан мазлумга олиб берилади. Агар яхши амаллари бўлмаса ёки ҳаққини адо қилмай тугаб қолса, у ҳолда мазлумнинг ёмон амаллари золимга юкланади ва уни дўзахга ташлаб юборилади.

2) Унинг ҳаққи тўла адо қилинмай қисман уриб қолинади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Тарозидан (бировнинг ҳаққидан) уриб қолувчиларга ҳалокат бўлгай” деб огоҳлантирган. Мутоффифун: 1.

Баъзи иш берувчилар муайян ҳақ тўлашга келишиб, ишчиларни ўзга юртлардан таклиф қиладилар. Улар келиб ўрнашиб ишни бошлашганда эса шартлашилгандан камроқ ҳақга битимни ўзгартирадилар. Албатта ишчилар буни расмий идораларга исбот қила олмай, чорасиз Аллоҳга нола қилиб қоладилар. Агар иш берувчи мусулмон, ишчи эса кофир бўлса, ҳақни тўла бермаслик кофир ишчини Исломга киришига тўсиқ бўлади ва ўша мусулмонга унинг гуноҳи ҳам юклатилади.

3) Ишчининг ҳаққини беришни пайсалга солиб, охири кўп машаққат, оворагарчилик, шикоят ва судлашувлардан кейингина бериш.

4) Қўшимча ҳақ тўламасдан ишни кўпайтириб юбориш ёки иш вақтини узайтириш.

Баъзан иш берувчининг юқорида ўтган ишлардан мақсади ишчини зериктириб ўз ҳаққидан воз кечтириб юбориш ёки унинг пулини айлантириб фойдаланиб қолишни ҳам кўзлаган бўлади. Бечора ишчи бўлса на кундалик емиш топа олади ва на муҳтожликда қолган оиласига бирон нарса юбора олади. Шунинг учун ҳам золимларга Қиёматда Аллоҳнинг азоби муқаррардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло деди: “ Мен Қиёмат куни уч кишининг – Менинг номимни ўртага қўйиб (бирон нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб ишлатиб, ҳаққини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман”. (Имом Бухорий)

49. Фарзандларига (бирон нарса) беришда адолат қилмаслик

Фарзандларининг баъзисига совғалар, тортиқлар бериб, бошқаларидан ажратадиган ота-оналар ҳам бор. Шубҳасиз, бундай қилиш ҳаромдир. Аммо бир фарзандда бўлмаган ҳожат бошқасида бўлса, масалан, касаллик, қарз, ишсизлик, оиласининг катталиги, талабалик ёки Қуръонни ёд олгани учун мукофот тарзда ва ҳоказо шу каби бирон шаръий сабаб туфайли бир фарзандига қўшимча нарса берар экан, бунинг зарари йўк. Бироқ наригиси ҳам худди шундай ҳолатга тушгудай бўлса, унга бераман, деб ният қилиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтган ушбу сўзи умумий далил бўлса: “Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз!”. Моида: 8. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу хадислари эса фарзандларга беришда адолатли бўлишга хос далилдир: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Отам мени Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига олиб бордилар ва “Мен шу ўғлимга бир ғулом (қул) ҳадя қилдим” дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча фарзандларингизга шундай ҳадя бердингизми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ” дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни қайтариб олинг!” дедилар”. (Имом Бухорий)

Бошқа ривоятда: “Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар!” деганлар. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Шундан кейин отам ҳадясини қайтариб олди”. Имом Муслимнинг ривоятида эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса бунга мени гувоҳ қилма, чунки мен жаврга гувоҳлик қилмайман” деганлар.

Баъзи оилаларда ота-оналар Аллоҳдан қўрқмай фарзандларидан баъзиларини совға-саломлар билан ортиқроқ сийлайдилар. Бу нарса эса фарзандларнинг ўрталарида ғайирлик ва адоватни келтириб чиқаради. Шундай оталар ҳам борки, “Амакиларига” ўхшайдиган ўғлига ҳадя бериб, “Тоғаларига” ўхшайдиган ўғлига бермайди. Ёки бир хотинидан бўлган болаларига бериб, бошқа хотинидан бўлган болаларига бермайди. Биринчисининг болаларини яхши (махсус) мактабларда ўқитади, иккинчисиникига бундай қилмайди. Келажакда бунинг балоси ўзига қайтади, чунки яхшилик кўрмаган фарзанд кўпинча яхшилик ҳам қилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадя беришда болаларини ажратган кишига: “Фарзандларинг сенга баробар (биргаликда) яхшилик қилишларини (хизматингда бўлишларини) хоҳламайсан-ми?” деганлар. (Имом Аҳмад)

50. Муҳтож бўлмаса ҳам тиланчилик қилиш

Саҳл ибн Ханзалийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўзида етарли нарса бўла туриб тиланчилик қилган киши, жаҳаннамдан чўғ тилаб олган бўлади”, Саҳобалар: “Тиланишни жоиз қилмайдиган етарли нарса нима?” деб сўрадилар. “Эрталабки ва кечки овқатга етарли нарсасининг бўлишидир”, деб жавоб бердилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Абу Довуд)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беҳожат бўла туриб тиланчилик қилган одам, Қиёмат куни юзи тимдаланган ҳолда келади”, деганлар. (Имом Аҳмад)

Ўзлари муҳтож бўлишмаса ҳам масжиддан масжидга бориб бола–чақалари билан биргаликда тиланчилик қилиб юрадиганлар бор. Улар одамларнинг тасбиҳларини бўлиб, ўз шикоятлари ва ёлғон қиссаларини айтадилар, касаллиги тўғрисида қалбаки варақалар кўрсатадилар. Ундайларнинг қанча бойлиги бор эканини Аллоҳгина билади, вафотларидан кейин мерослари ўртага чиқади. Пулларидан берувчилар озгина хушёр, сезгир ва фаросатли бўлишлари лозим. Зеро билмаганлар "бу беҳожат бўлса керак" деб ҳисоблайдиган ҳақиқий муҳтожлар эса тортиниб сўрай олмай, тиланчилик қилмайдилар, аммо муҳтож бўлиб ўзларини билдирмай кун ўтказадилар. Ана шундайларни топиб беришга ҳаракат қилиш керак.

51. Қайтармаслик ниятида қарз олиш

Аллоҳнинг олдида бандаларнинг ҳаққи жуда эътиборлидир. Банда Аллоҳнинг ҳаққидан тавба билан қутулиши мумкин лекин бандаларнинг ҳақларидан эса олтин-у кумушлар билан эмас, қилган яхшилик ва ёмонликлар билан ҳисоб-китоб қилинадиган Кун (Қиёматга) қолдирмай қутулишга шошмоқ лозимдир. Аллоҳ таоло айтди: “Аллоҳ омонатларни ўз эгаларига қайтаришни сизларга буюрди”. Нисо:58.

Жамиятда кенг тарқалган иллатлардан бири қарз сўрашга бепарволик ва маъсулиятсизлик ила ёндошишдир. Баъзи одамлар зарурат юзасидан эмас, балки яна ҳам бойиш учун ёки бошқалардан қолишмаслик учун машина ё уй анжомлари каби дунёнинг фоний матоларини янгилашга қарз сўрайдилар. Шубҳа ва ҳатто ҳаромдан холи бўлмаган банк орқали сотиб олиш ҳам шу жумладандир. Кўпинча мана шундай одамларнинг бири икки бўлмай қарзга ботиб танг ҳолатда юрадилар.

Қарз олишдаги бепарволик ва маъсулиятсизлик, киши қарзини чўзишига ёки ўзгалар мулкини талон-тарож бўлишига олиб келади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишнинг ёмоно қибатидан огоҳлантириб шундай деганлар: “Ким одамлардан қарз олганда уни узиш, қайтариб бериш нияти билан олса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Аммо ким талофат етказиш (еб кетиш) нияти билан олса, Аллоҳ унга талофат етказади”. (Имом Бухорий)

Одамлар қарзга бепарво қарайдилар, уни енгил иш деб ҳисоблайдилар, ваҳоланки у Аллоҳнинг наздида жуда оғир ишдир. Ҳатто улуғ фазилатлар, улкан савоблар ва олий мартабаларга эга бўлган шаҳидлар ҳам қарзнинг савол-жавобидан қутила олмайдилар. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларидир: “Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло қарз ҳақида қандай ҳам оғир ҳукмлар нозил қилди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам-ки, агарчи бир киши Аллоҳ йўлида қатл этилса, сўнг (қайта) тирилтирилса, сўнг яна қатл этилса, (яъни Аллоҳ йўлида уч маротаба ўлиб-тирилса ҳам) устида қарзи бўлса уни узилмагунча жаннатга кирмайди”. (Имом Насоий)

Мана шу ҳадисни билгандан кейин анави қарзга масъулиятсиз, бепарволар бир оз ўнгланармиканлар?!

52. Ҳаром ейиш

Аллоҳдан қўрқмайдиган одам мол-дунёни қаердан топиб қаерга сарфлаётганига бефарқ бўлади. Унинг ягона мақсади қайси йўл билан бўлмасин дунё тўплаш, у ўғрилик бўладими, порахўрликми, тиланчиликми, зўравонликми ё ҳийла-найранг муттаҳамлик билан тортиб олишми, ҳаром нарса савдосими, судхўрликми, етимнинг молини ейиш бўладими, ҳаром касб ҳунарлар: фолбинлик, фоҳишалик, отарчилик каби, ёки мусулмонларнинг “Байтулмоли”дан ё умум халқ мулкидан ўмариш бўладими ва ҳоказо шунга ўхшаш йўллар билан бўладими унга фарқи йўқ.

Кейин у мана шу топганидан қорнига ейди, кийинади, машина минади, иморат солади, мебел олади, тўй қилади, хуллас қорнига ҳаром киради ва ҳолбуки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаромдан битган эт учун дўзах авлороқдир” деганлар. (Табароний)

Яқинда, Қиёмат кунида қайердан топиб қайерга сарфлаганининг жавобини беради. Ана шу ерда ҳасрату надомат, пушаймону афсуслар чекади, аммо унда кеч бўлади. Шундай экан, кимда ҳаром мол-дунё бор бўлса ундан тезроқ қутилсин! Агар у инсоннинг ҳаққи бўлса, олтин-у кумушлар билан эмас, савоб ва гуноҳлар билан ҳисоб–китоб қилинадиган Кунга қолдирмай эгасига қайтариш учун шошилсин!!

(Давоми бор)