асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Одамлар писанд қилмай қўйган ҳаром амаллар10217 марта кўрилган Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Сўнг … Аллоҳ азза ва жалла фарз амалларни вазифа қилиб белгилаб қўйди, уларни тарк қилиш мумкин эмас. Ҳудудларни чегаралаб қўйди, уларни бузиш жоиз эмас ва баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларга риоя қилмаслик мумкин эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ Китобида нимани ҳалол қилган бўлса, у ҳалолдир, нимани ҳаром қилган бўлса, у ҳаромдир, нимадан сукут қилган бўлса, у илтифотдир, Аллоҳдан илтифотни қабул қилинглар, чунки Аллоҳ унутувчи эмас. Кейин: “Парвардигоринг унутувчи эмас” оятини ўқидилар”. (Ҳоким) Ҳаром қилинган амал ва нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир: “Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди”. Талоқ: 1 Аллоҳнинг чегараларини бузиб ўтган ҳамда ҳаром қилинган амал ва нарсаларни риоя қилмаганларга Аллоҳ азза ва жалла таҳдид қилиб шундай деган: “Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Унинг учун хор қилувчи азоб бордир”. Нисо: 14 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ҳаромлардан сақланиш фарздир: “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четланинглар ва нима нарсага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча қилинглар”. (Муслим) Баъзи нафс-ҳавосига эргашган, заиф ва нодон кимсалар, ҳаром нарсалар ҳақида гап эшитса, аччиғи чиқиб, норози ҳолда: “Ҳамма нарса ҳаром, бирон нарса қолдирмай ҳаммасини ҳаром қилиб, ҳаётимизни зерикарли қилдингиз, юрагимизни сиқиб юбордингиз, сизларга қолса ҳамма нарса ҳаром. Дин енгил бўлса, озгина кенглик қилиш керак-ку. Аллоҳ Кечирувчи, Раҳимлидир”, дейдилар. Биз уларга айтамиз: ”Аллоҳ жалла ва ало хоҳлаганини ҳукм қилади, Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқдир. Аллоҳ ҳикмат соҳиби (ҳар нарсадан) огоҳдир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ҳалол, хоҳлаганини ҳаром қилади. Бизнинг бандалигимиз тақозо қилган иш Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сўзсиз таслим бўлишдир. Аллоҳ таолонинг ҳукмлари беҳудага ва ўйин-ҳазил учун эмас, балки Унинг илми, ҳикмати ва адли билан содир бўлувчидир. Аллоҳ таоло деди: “Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир”. Анъом: 115 Ҳалол ва ҳаромда суяниладиган қоидани бизларга баён қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай деган: “...пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”. Аъроф: 157. “...пок нарсалар”- ҳалол, “...нопок нарсалар”- ҳаромдир. Ҳалол ёки ҳаром қилиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Ким бу ҳақни ўзи ёки бошқа кимса учун даъво қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади: “Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!”. Шўро: 21. Қуръон ва суннатни билувчи олимлардан бошқа бирон кимсани ҳалол ва ҳаром масаласида гапириши жоиз эмас. Билиб билмасдан, бу ҳалол, бу ҳаром дегувчиларга қаттиқ ваъидлар келган: “Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”. Наҳл: 116. Қатъий ҳаром қилинган нарсалар Қуръон ва суннатда зикр қилинган: “Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз...” оятнинг давомига қаранг. Анъом: 151. Ҳадисларда ҳам ҳаромлар зикр қилинган, шулардан: “Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимлик, ўлимтик, тўнғиз ва бутларнинг (савдосини) ҳаром қилди”. (Абу Довуд) “Аллоҳ бирор нарсани харом қилса, унинг пулини ҳам харом қилган”. (Дору Қутний) Яна Қуръонда харом нарсаларнинг хос навлари зикр қилинган. Масалан, ҳаром таомлар ҳақида келган оят: “Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган бошқа бирон хайвон билан сузишиб ўлган... сизларга харом қилинди”. Моида: 3. Никоҳда харом қилинганлар ҳақидаги оят: “Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш харом қилинган”. Нисо:23. Ҳаром касбларлар ҳақидаги оят: “Аллоҳ олди-сотдини ҳалол, судхўрликни харом қилган”. Бақара:275. Аллоҳ таоло бандаларга меҳрибон Зот бўлганидан, чексиз ва турли ноз-неъматларни ҳалол қилиб берган. Ҳалол нарсалар ҳисобсиз кўп бўлганидан, бизларга уларни муфассал баён қилмади. Балки бизлар билиб ва сақланишимиз учун саноқлик бўлган ҳаром нарсаларнигина муфассал баён қилди: “Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)”. Анъом: 119. Модомики пок бўлар экан, ҳалол нарсаларни умумий суратда мубоҳ қилди: “Эй одамлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир”. Бақара: 168. Ҳаром эканига далил бўлмас экан, нарсаларнинг асли ҳалол экани, шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати, карами ва бандаларга кенгчилигидир. Бу неъмати учун, Аллоҳ таолога тоат-ибодат, ҳамду сано ва шукр қилиш бизларга лозимдир. Баъзи одамларга ҳаром нарсаларни санаб, муфассал баён қилинса, шариат аҳкомларидан юраклари сиқилиб қолади. Бу уларнинг иймонларининг заифлиги ва шаратни билмасликларидандир. Улар динни осон эканига қаноат ҳосил қилишлари учун, уларга ҳалол нарсаларнинг ҳамма турини санаб чиқилишини хоҳлайдиларми? Ёки шариат уларнинг ҳаётларини оғир қилмаётганига қалблари таскин топиши учун, пок нарсаларнинг ҳамма турини ҳисоблаб чиқилишини истайдиларми? Шариатга мувофиқ сўйилган туя, сигир, қўй, қуён, кийик, эчки, товуқ, каптар, ўрдак, ғоз ва туя қуш гўшти ҳамда чигиртка ва балиқни ўлгани ҳам ҳалолдир... Кўкатлар, полиз экинлари, мевалар, дон-дунлар ва фойдали маҳсулотлар ҳалолдир... Сув, сут, асал, ёғ ва сирка ҳалолдир... Туз, қалампир ва зираворлар ҳалолдир... Ёғоч, темир, қум, тош, елим, шиша ва резиналарни ишлатиш ҳалолдир... От, туяларга, машина, поезд, кема ва тоираларга миниш ҳалолдир... кондиционер, музлатгич, кир ювиш машинаси, сочиқ, тегирмон, хамир чиқарадиган, гўшт майдалайдиган ускуналар, жувоз, табобат ускуналари, муҳандислик, ҳисоб, фалакиёт ва арҳитектура асбоблари ва расадхоналар, сув, нефт ва қазилма бойликлар қазиб чиқариш, селеция ишлари, таҳлил қилиш(анализ), босмахона ва пул чиқариб берувчи (банкомат) ускуналари ҳалолдир... пахтадан қилинган жундан тўқилган газмол, духоба, пахмоқ, мубоҳ терилар, нейлон ва политилен ҳалолдир... Никоҳ, савдо-сотиқ, кафолат , ҳавола (қарзни бир зиммадан бошқа зиммага ўтиши), ижара, касб-ҳунарлар: дурадгорлик, темирчилик, устачилик ва чўпонлик ҳалолдир... деб айтилишини хоҳлайдиларми? Мана кўринг, ҳалол нарсаларни келтираверилса, жой етади деб ўйлайдиларми? Нега бу қавм кишилари ҳеч гап англамайдилар-а?! Аммо “дин енгил” деб ҳужжат келтиришлари эса, “Ҳақ билан ботилни мақсад қилиш” қабилидандир. Зеро, бу диндаги енгиллик тушунчаси, одамларнинг нафс-ҳавоси ва фикрларига кўра эмас, балки шариат олиб келган кўрсатмаларга кўрадир. Дин енгилдир деган ҳужжатни ушлаб олиб ҳаромларга риоя қилмаслик ва шариат рухсат берган: сафарда намозни қаср қилиб жамлаш ёки рўза тутмаслик ёки муқим учун бир кун, мусофирга эса уч кун махсига масҳ тортиш, сувдан ожизликда таяммум қилиш, касаллик ва ёки ёмғир пайтида намозни жамлаш, совчи қўйган аёлга қарашнинг мубоҳлиги, қасам каффоратида қул озод қилиш ё мискинларни едириш ё кийдириш ўртасида ихтиёр берилиши, музтар ҳолатда ўлакса ейиш ва булардан бошқа рухсатлар ва шариат енгилликлари ўртасида катта фарқ бордир. Бунга қўшимча, баъзи нарсаларнинг ҳаром қилинишида бир қанча ҳикматлар бор эканини мусулмонлар билишлари лозим. Шулардан: Ҳаром нарсалар билан Аллоҳ таоло бандаларни имтиҳон қилиб, уларни қандай амал қилишларига қарайди. Жаннат аҳлини дўзах аҳлидан ажратиш йўлларидан: аҳли дўзахлар, дўзах ўралган шаҳватларга шўнғиб кетадилар, Жаннат аҳллари эса, жаннат ўралган машаққатларга сабр қиладилар. Агар бу имтиҳон бўлмаганида, гуноҳкорни итоаткордан ажратиб бўлмас эди. Иймон аҳли буйруқ ва қайтариқлар машаққатига, ажрга эришиш ва Аллоҳнинг розилигига етиш учун, буйруқларини бажариш эътибори билан қарайдилар, шунинг учун машаққатлар уларга енгил бўлади. Нифоқ аҳли эса буйруқ ва қайтариқлар машаққатига, алам, озор ва маҳрумлик назари билан қарайдилар, шунинг учун алам-озор уларга оғир ва тоат ҳам қийин бўлади. Ҳаром нарсаларни тарк қилиш билан итоаткор мўъмин ҳаловат топади. Ким бирор нарсани Аллоҳ учун тарк қилса, Аллоҳ ундан ҳам яхшисини эваз қилади, бунга қўшимча мўъмин киши қалбида иймон лаззатини топади. Муҳтарам ўқувчиларимиз бу китобда ҳаромлигига далиллар Қуръон ва Суннат ила баён қилинган, шариатда ҳаромлиги собит бўлган бир қанча ҳаром нарсаларни топадилар. Ҳаром нарсалар ёки унинг баъзи турлари ҳақида ўтган уламолар китоблар тасниф қилишган: “Кабоир” каби ва яна шу мавзудаги яхши китоблардан Ибн Наҳҳос Димашқийнинг “Жоҳиллар амалларидан ғофилларни огоҳлантириш” китоблари бор. Бу ҳаром нарсаларни қилиш, бизнинг замонамизда кўп мусулмонлар орасида кенг тарқалиб қолди. Буларни эслатишдан мақсадим мусулмонларга ҳаром амалларни баён қилиш ва шу билан бирга насиҳат қилиб қўйишдир. Аллоҳ таолодан ўзим ва барча мусулмон биродарларим учун ҳидоят, тавфиқ, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳудудларидан ўтмаслик, ҳаром нарсалардан бизларни сақлаб, гуноҳлардан пок қилишини сўраб қоламиз: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақловчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир”. 1. Аллоҳга ширк келтириш Ҳаром нарсаларнинг энг буюги шубхасиз Аллоҳга ширк келтиришдир. Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилган хадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта гуноҳ ҳақида сизларга хабар берайми? Деб уч мартта айтдилар. Саҳобалар: “Ҳа хабар беринг ё Росулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш... ” дедилар. (Муттафақун алайҳ) Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкин, аммо ширкни кечирмайди, унга алоҳида тавба қилиш лозим: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг)шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур”. Нисо: 48. Ислом миллатидан чиқарадиган катта ширклар бор, унинг соҳиби агар шу ҳолатида вафот этса дўзахда абадий қолади. Кўпгина мусулмон юртларда тарқаган шундай ширк турларининг кўринишларидан: Қабрларга сиғиниш 2. Ўликлардан мадад сўраш Вафот этиб кетган авлиёлар ҳожатларни қондириб, ғам ташвишларни кеткизади деган эътиқод билан, улардан ёрдам, мадад ва қўллаб-қувватлашни сўраш. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтган: “Роббингиз сизни фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингизга амр қилди”. Исро:23 3. Ўликларга дуо қилиш Шунингдек ўтиб кетган Пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва бошқалардан, шафоат истаб ёки бошига тушган кулфатлардан халос қилишни сўраб дуо қилиш, Аллоҳ таоло деди: “(Аллоҳга олиҳаларни шерик қилиб ибодат қилишингиз яхшироқми?) ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва(унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?!”. Намл: 62. Баъзилар турса ҳам, ўтирса ҳам қоқилса ҳам бирон бир пир ёки авлиёнинг исмини зикр қилишни ўзига одат ва дин қилиб олади. Оғир аҳволга тушиб қолса ёки мусибат ва ғам-ташвиш етса: баъзилар ё Муҳаммад, баъзилар ё Алий, ё Ҳусайн, ё Бадавий, ё Жийлоний, ё Шозалий, ё Рифоий, ё Айдарус, ё саййида Зайнаб, ё Баҳоуддин ва ё Зангибува деб илтижо қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундай деган: “Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга: сизлар илтижо қилаётган нарсалар ҳудди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга ижобат қилсинлар-чи?!”. Аъроф: 194. 4. Қабрларни тавоф қилиш, улуғлаш Баъзи қабрпарастлар, қабрларни тавоф қиладилар, устун ва бурчакларини силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар. Қабр олдида бўйинларини эгиб, ўзларини хор тутиб, тазарруъ билан ёлвориб талабларини, ҳожатларини сўрайдилар. Беморлар дардларига шифо тилаган, бефарзандлар фарзанд талаб қилган, ҳожатини енгиллашини сўраган ва гоҳо қабрда ётган кишига нола қилиб: “Эй саййидим, ҳузурингизга узоқ шаҳардан келдим, мени ноумид қилманг” дейди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) ижобат қила олмайдиган олиҳаларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам адашганроқ ким бор?! Ҳолбуки улар (жонсиз олиҳа)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдурлар”. Аҳқоф:5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадис шарифда: “Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса дўзахга киради”, деб хабар берганлар. (Имом Бухорий) 5. Қабрни улуғлаб унинг олдида соч қирдириш Баъзи кишилар қабр олдида сочларини қирадилар, қўлларида “Зиёрат қилиш одоблари” номли китоблари ҳам бор бўлиб, бу билан улар авлиёлар қабрларини зиёрат қилишни мақсад қиладилар. 6. Ўликларни Аллоҳнинг рубубиятида шерик қилиш Баъзилар: “Авлиёлар коинотни бошқара оладилар, улар фойда ва зарар беришга қодирлар” деб, эътиқод қиладилар. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир...”. Юнус: 107. 7. Мақбараларга шам ва чироқлар назр қилиш Шунингдек, қабр эгаларига шам ва чироқларни назр қилувчилар каби, Аллоҳдан бошқа учун назр қилиш ҳам ширкнинг турларидандир. 8. Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш Яна катта ширк турларидан: Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилиш. Аллоҳ таоло деди: “Роббингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”. Кавсар: 2. Яъни Аллоҳ учун ва Аллоҳнинг номи билан сўйинг! Ҳадисда келган: “Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин”. (Имом Муслим) Жонлиқ сўйиш гоҳида икки ҳаром нарсани ўзида жамлайди: Аллоҳдан бошқа учун сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш. Бу иккала хил сўйилган жонлиқни истеъмол қилиш ҳаромдир. Бизнинг асримизда тарқалган жоҳилий қурбонликлар жумласидан: “Жинларга атаб сўйиш”- бунинг кўриниши, баъзилар ҳовли сотиб олсалар ёки уй қурсалар ва ё қудуқ қазисалар, унинг ёнида ёки остонасида, жинларнинг зарар етказишидан қўрқиб қон чиқарадилар. (Аллоҳдан бошқаси учун сўйиш турларидан бири; ҳоким ёки каттароқ шайх келиши муносабати билан унинг оёғи остида сўйилган жонлиқ. ИНТ) 9, 10, 11. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиш ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиш Ва ёки Аллоҳдан бошқа бирон кимса бу нарсада хақга эга дейиш ёки жоҳилий ҳукм ва қонунларга ўз ихтиёри билан рози бўлиб ҳукм юритиш ва буни жоиз деб эътиқод қилиш. Аллоҳ азза ва жалла бунинг катта куфр эканини зикр қилиб шундай деган: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Роб қилиб олдилар”. Тавба:31. Адий ибн Хотим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу оятни эшитганида: “Ахир улар, уларга ибодат қилмас эдилар”, деганида. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри, лекин уларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол дейишса ҳалол дейишар ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса ҳаром дейишарди. Мана шу уларга бўлган ибодатларидир”, деб жавоб бердилар”. (Имом Байҳақий) Аллоҳ таоло мушрикларни сифатлаб шундай деди: “Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдилар, хақ (яъни Ислом) динига эътиқод қилмайдилар”. Тавба: 29. Яна Аллоҳнинг сўзи: “Айтинг, хабар берингизчи (эй, мушриклар) Аллоҳ Сизлар учун нозил қилган ризқдан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз. Айтинг: (бундай қилишга) Аллоҳ сизларга изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўхтон қилмоқдамисизлар?!”. Юнус: 59. 12, 13. Сеҳр, коҳинлик ва фолбинлик Сеҳр - куфрдир ва етти ҳалок қилувчи гуноҳи кабиранинг биридир. Сеҳр зарар беради, фойда бермайди. Аллоҳ таоло сеҳрни ўрганиш ҳақида шундай деган: “Уларга фойда бермайдиган, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар”. Бақара:102. Бошқа оятда эса бундай деган: “Сеҳргар қаерда бўлмасин нажот топмас”. Тоҳа:69. Сеҳр билан шуғулланадиган киши кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар.— Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар ..”. Бақара:102.. Сеҳргарлик ҳаром ва жирканч бўлиб, сеҳргарнинг ҳукми эса уни қатл қилишдир. Баъзи жоҳил, иймони заиф кишилар, бошқалар билан ҳисоблашиб қўйиш ёки ўч олиш учун сеҳргарга борадилар, бошқа баъзилари эса сеҳрни қайтариш учун сеҳргарга мурожаат қилиб, унга таяниб ҳаром ишга қўл урадилар. Аслида эса Аллоҳ таолога илтижо қилиб, шифони ҳам Аллоҳдан сўраб, Қуръон оятларидан сеҳрни қайтарувчи ҳамда мўъминлар учун шифо бўладиган: “Фотиҳа”, “Ихлос” ва “Муаввизатайн” (“Фалақ”, “Нос”) каби сураларни ўқиш лозимдир. Ғайбни билишни даъво қилганлари учун коҳин ва фолбинлар ҳам Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлган кимсалардан бўладилар, зеро Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмайди. Фолбинлар содда, ишонувчан одамларнинг пулларини олиш учун турли: қумга чизиқ тортиш, чиғаноқда фол кўриш, кафт, пиёла, чинни идиш ва кўзгудан ўқиш каби ҳийла-найрангларни ишлатадилар. Агар бир марта тўғри топсалар, тўқсон тўққиз мартта ёлғон айтадилар. Ғофил, қалб кўзи кўр одамлар эса буни фаҳмига бормай, ўша битта тўғри айтганини ушлаб олиб, келажакларини, бахтлилик ёки бахтсизлик, оила ва тижорат ишларида ҳамда йўқотган нарсаларни топишлари учун ва яна шунга ўхшаш турли масала ва муаммолари билан фолбинлар ҳузурига борадилар. Фолбинлар ҳузурига бориш ҳукмига келсак, агар улар айтаётган сўзларни тасдиқласа киши кофир бўлиб, Ислом миллатидан чиқади. Бунга далил Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: “Ким коҳин ёки фолбиннинг олдига бориб, у айтган нарсаларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарсага кофир бўлибди”. (Имом Аҳмад) Аммо фолбинга борувчи, уларни тасдиқламай, шунчаки бир синаш учун борган бўлса, кофир бўлмайди, лекин намоз ўқиш ва тавба қилишнинг фарзлиги билан бирга, қирқ кун намози қабўл бўлмайди. Бунга далил ушбу ҳадисдир: “Ким фолбинга бориб, бирон нарса ҳақида ундан сўраса, қирқ кун унинг намози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим) 14. Бурж ва юлдузларнинг ҳодисалар ва инсонларнинг ҳаётида таъсири бор деб эътиқод қилиш Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда бомдод намозини бизларга ўқиб бердилар. Тунда ёмғир ёғган эди. Намоз тугагач инсонларга юзландилар ва “Роббингиз нима деганини биласизлар-ми?!” дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ”, дейишди. Аллоҳ айтди: “Бандаларимдан менга мўъмин бўлувчилари ва кофир бўлувчилари бор. Ким Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан бизга ёмғир ёғди деса, менга мўъмин, юлдузларга кофирдир, аммо ким фалон ва фалон навъи билан (яъни юлдузлар туфайли) деса, менга кофир ва юлдузларга мўъминдир”. (Имом Бухорий) Рўзнома ва ойномаларда чиқадиган бурж ва мунажжимлар башорати каби жаҳолатларга мурожаат қилиш ҳам шулар жумласидандир. Агар ундаги нарсаларда юлдуз ва фалакларнинг таъсири бор деб эътиқод қилса, мушрик бўлади. Агар шунчаки бир эрмак учун ўқиса осий, гуноҳкор бўлади. Сабаби шайтон алайҳи лаъна инсоннинг қалбига, шунга ишонишни солиб ва бу нарса ширкка олиб бориш эҳтимоли борлиги учун, ширк бўлган нарсаларни ўқиш эрмак учун ҳам жоиз бўлмайди. 15. Аллоҳ азза ва жалла манфаатсиз қилган нарсаларда манфаат бор деб, эътиқод қилиш Баъзи инсонлар тумор, исириқ, тақа, кўзмунчоқ, чиғаноқ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг манфаати бор деб ишонадилар. Буни улар сеҳргар, фолбин ва ёки ёши катталардан эшитганлар. Шунинг учун бу нарсаларни кўздан сақлаш ёки балоларни қайтариш мақсадида, иморатларига, сўриларига, сайёраларига, бўйинларига ва болаларига осиб, ҳатто кийимларига тикиб қўядилар. Баъзилар эса ҳар ҳил тошлардан ясалган узуклар тақиб оладилар. Бу шубҳасиз Аллоҳга бўлган таваккулни бекор қилади, инсонга заифликни зиёда қилади ҳамда бу ҳаром билан даволанишдир. Одамлар осиб олган туморларнинг аксари очиқ ширк, жин ва шайтонлардан ёрдам сўрашдир. Уларнинг баъзиларида ноаниқ расмлар чизилган ёки тушуниб бўлмайдиган ёзувлар бўлади. Айрим сеҳргарлар Қуръон оятларини ширк билан аралаштириб ёзадилар, баъзилари эса нажосатлар ва ҳайз қони билан ёзадилар. Бундай туморларни осиб олиш ҳаромдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким тумор осиб олса мушрик бўлганлигида ҳеч шак-шубҳа йўқдир”. (Имом Ахмад) Бу ишларни қилувчи киши, мана шу нарсалар Аллоҳнинг изнисиз ўзлари мустақил равишда фойда ё зарар беради деб эътиқод қилса, катта ширк қилган мушрик бўлади. Агар, улар фойда ё зарарга сабабдирлар деб эътиқод қилса - ҳолбуки Аллоҳ уларни сабаб қилмаган – кичик ширк қилган мушрик бўлади ва бу сабаблардаги ширк бобига киради. (Таржимондан: Буларга қўшимча тарзда, бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида мисдан бўлган ҳалқани кўриб: “Бу нима? деб сўрадилар. У киши: “Заифликдан” деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буни ечиб ташла, бу сенга фақат заифликнигина зиёда қилади. Агар шу нарса бўлган ҳолатда ўлиб кетсанг харгиз нажот топа олмайсан”, дедилар. Имом Аҳмад. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг қўлида истмадан ип тақиб олганини кўриб кесиб ташладилар-да: “Уларнинг кўпчилиги мушрик бўлган ҳолатда Аллоҳга иймон келтирадилар” деган оятни ўқидилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, У зот шундай дедилар: “Дам солиш, (париҳонлар, азайимхонларнинг дам солиши каби) тумор, иситма-совутма ширкдир”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд) Тумор - кўздан сақлаш учун осиладиган нарса. Иссиқ-совуқ аёлни эрига, эрни аёлига яхши кўрсатади деган даъво билан қилинадиган амал. Саҳиҳ ҳадисда: “Ким бир нарса осиб олса ўша нарсага топширилади” дейилган. (Имом Аҳмад ва Термизий ) 16. Ибодатда риё қилиш Солиҳ амалнинг шарти риёдан холис ва суннатга мувофиқ бўлишидир. Бирон-бир ибодатни инсонларга кўз-кўз қилиш учун қилган одам, кичкина ширк келтирган мушрик бўлади, ҳамда қилган амали ҳам бекор бўлади, масалан, риё учун намоз ўқиш, садақа қилиш ва ҳоказо. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки Аллоҳ уларни “алдаб” қўйувчидир ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар”. Нисо:142. Шунингдек бирон-бир амалининг хабари тарқаши ёки инсонлар уни эшитишлари учун қилган бўлса, бу ҳам ширк бўлиб, буни қилувчига қаттиқ ваъидлар ворид бўлган. Шулардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Ким бир амални одамлар эшитсин деб қилса, Аллоҳ уни шарманда қилур, ким одамлар орасида мўътабар бўлиши учун яхши ишни зоҳир қилса, Аллоҳ уни ҳаққиқатини очиб расво қилур”. (Имом Муслим) Ким бир ибодатни Аллоҳ ва инсонларни қасд қилиб қилса, унинг амали бекордир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни шерик қилган нарсаси билан тарк қиламан» (Муслим ривояти). Ким бир амални Аллоҳ учун бошлаган бўлса, сўнг унга риё аралашиб қолса, тезда уни даф қилса, амали дуруст бўлади. Лекин у хотиржам бўлиб, нафси у билан таскин топса, аксар аҳли илмларнинг сўзига кўра амали ботил бўлади. 17. Шумланиш (ирим қилиш). Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган: “Агар уларга яхшилик келса “Бунга ўзимиз ҳақдормиз” дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга (унга иймон келтирган) кишилардан бадгумон бўлдилар”. Аъроф:131 Арабларнинг одати, агар улардан бири бир ишни қилмоқчи бўлса, масалан, сафарга чиқмоқчи бўлса, қўниб турган қушни учирар, агар ўнг тарафга учиб кетса буни яхшиликка йўйиб, сафарини бошларди. Агар чап тарафга учиб кетса, буни ёмон аломат деб шумланарди-да орқасига қайтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амалнинг ҳукмини баён қилиб: ”Шумланиш ширкдир”, деганлар. (Имом Аҳмад) Ҳаром бўлган ҳамда комил тавҳидни йўқ қилувчи бундай эътиқодга: ойларда ирим қилиш - сафар ойида тўй қилмаслик каби, кунларда ирим қилиш – ҳар ойнинг охирги чоршанбасини нахс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кун дейиш каби. Рақамларда ирим қилиш – 13чи рақам каби, исмларда ва айбли кишиларда ирим қилиш, масалан, дўконини очиш учун кетаётган киши, кўзи ғилай одамни кўриб қолиб, орқасига қайтиб кетгани каби ва шунга ўхшаш қилинадиган иримлар ва шумланишлар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳаром ишлар бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундайлардан безор эканликларини эълон қилганлар: ”Ким шумланса ва у учун шумланилса, фол очса ва у учун фол очилса ёки сеҳр қилса ва у учун сеҳр қилинса биздан эмас”. Табароний... Ким шундай ишларга тушиб қолса, бунинг каффорати Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилга ҳадисдаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: “Кимни шумланиш бирон ишидан қайтарса ширк қилибди”. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бунинг каффорати нима?” деб сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Парвардигоро, Сен яхшилик аломати этган нарсагина яхшилик аломатидир, Сен ёмонлик аломати этган нарсагина ёмонлик аломатидир ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир” деб айтишингиз” дедилар. (Имом Аҳмад) Шумланиш нафснинг табиатидан бўлиб, озайиб ва кўпайиб туради. Бундан халос бўлишнинг энг катта йўли, Аллоҳ азза ва жаллага таваккул қилишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтганлар: ”Қайси биримизнинг нафсимизга мана шу шумланишдан бирон нарса тушиб қолса, Аллоҳ Таоло уни таваккул билан кетказар эди”. Абу Довуд. 18. Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзи яратган махлуқотларнинг хоҳлагани билан қасам ичади. Аммо махлуқлар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишлари мумкин эмас. Кўпгина инсонларнинг тилларида Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш жорий бўлиб кетган, ваҳоланки қасам улуғлашнинг бир тури бўлиб, Аллоҳдан бошқага лойиқ эмасдир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: ”Огоҳ бўлингизким, Аллоҳ сизларни ота-боболарингиз номи билан қасам ичишингиздан қайтарган. Ким қасам ичса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин ёки жим бўлсин” дейилган. (Имом Бухорий) Бошқа ҳадисда: ”Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, ширк қилибди”. (Имом Аҳмад) Яна бир ҳадисда эса: ”Ким омонат билан қасам ичса, биздан эмас”. (Абу Довуд) Каъба, омонат, шараф ёки фалончининг баракаси ва ё ҳаёти билан, пайғамбарлар ёки авлиёларнинг ҳаққи-ҳурмати билан, ота-она ва авлод билан қасам ичиш мумкин эмас. Буларнинг барчаси ҳаромдир. Кимда шулардан бири содир бўлиб қолса, яъни шуларнинг бири билан қасам ичиб қўйса, унинг каффорати “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишдир. Саҳиҳ ҳадисда: ”Ким қасам ичса ва қасамида Лот, Уззо номи билан деса, ла илаҳа иллаллоҳ деб қўйсин”. (Имом Бухорий) Ушбу бобнинг тахтига дохил бўладиган, баъзи мусулмонлар билиб-билмай айтиб юрган ширк ва ҳаром сўзлар ҳам бор. Масалан, «Аллоҳ ва сендан паноҳ истайман», «Аллоҳ ва сенга суянганман», «Аллоҳ ва сен бўлмаганингда», «бу Аллоҳдан ва сендан», «мен учун осмонда Аллоҳ, ерда сен», «Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида», «мен Исломдан безорман», «табият инжиқликлари», «табият шуни хоҳлади» ва «замон бузилиб кетди», «ёмон замон бўлди», «бу омадсиз (нахс) пайт», «замон алдовчи» ва ҳоказо замонни сўкадиган барча иборалар мумкин эмас, чунки буларнинг бари шу замонни яратган Аллоҳга қайтади. Аллоҳдан бошқага бандаликни боғлаб қўядиган исмлар, масалан, “Абдулмасиҳ”, “Абдуннабий”, “Абдуррасул” ва “Абдулҳусайн”га ўхшаш. Буларнинг барини истеъмол қилиш жоиз эмас. Шунингдек янги пайдо бўлган ва тавҳидга хилоф истилоҳ ва иборалардан: Ислом социализми, Ислом демократияси, Халқнинг иродаси – Аллоҳнинг иродасидир, Дин Аллоҳ учун – Ватан барча учун, Араблар номи билан ва Революция номи билан. Яна ҳаром бўлган лафзлардан: “олампаноҳ”, “шаҳаншоҳ”, “балогардон” шунга ўхшаш сўзларни инсонларга ишлатиш ва ҳамда “саййид” ва шу маънодаги сўзларни кофир ёки мунофиқ кишиларга ишлатиш (араб тилида бўладими ёки бошқа тиллардами баробар). Ғазаб, надомат ва ғам-қайғуга далолат қилувчи “агар” калимасини ишлатиш (“Агар ит бўлмаганда, уйни ўғри урарди” дейиш каби), чунки “агар” сўзи шайтоннинг амалини очади. “Аллоҳ агар хоҳласанг мени кечир” дейиш ҳам ҳаром. Юқорида ўтган барча сўзларнинг истеъмоли жоиз эмас. 19. Мунофиқ ва фосиқ кишилар билан улфат бўлиб бирга ўтириш Иймон қалбларидан мустаҳкам ўрин олмаган кўпгина кишилар, фосиқ ва фожирлар билан бирга ўтирадилар. Ҳатто “баъзилар” Аллоҳнинг шариатини хақорат қиладиган, Аллоҳнинг дини ва дўстларини масхаралаётган кимсалар билан ҳамтовоқлик қиладилар. Шубҳасиз, бу нарса ақийдага путур етказадиган ҳаром амаллардандир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: ”Қачон бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларига қадар улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг”. Анъом: 68. Бундай фосиқ ва фожир кимсалар, яқин қариндош ва яқин дўст ёки хушмуомала бўлсалар ҳам улар билан бирга ўтириш мумкин эмас. Лекин уларни даъват қилиш ёки ботилларини рад этиш ва уларни инкор қилиш мақсадида бўлса жоиз, аммо рози бўлиб ўтирса, ёки гапира олмай жим ўтирса мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Агар сизлар улардан рози бўлсангизлар ҳам, Аллоҳ бу фосиқ қавмдан ҳеч рози бўлмайди”. Тавба: 96. “Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: ”Қачонки, Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар”, деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз) демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир”. Нисо: 140.
20. Намозда хотиржамликни тарк қилиш Энг катта ўғрилик – бу намоздан ўғирлашдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсонларнинг ичидаги энг ёмон ўғри, намозидан ўғирлайдиган кишидир”. Саҳобалар: ”Эй Росулуллоҳ, намозидан қандай ўғирлайди” дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмайди”. (Имом Аҳмад) Намозда хотиржамликни тарк қилиш, рукуъ ва саждаларда белни текис қилмаслик, рукуъдан кўтарилганда қаддини ростламаслик ҳамда икки сажда орасида тик ўтирмаслик, буларнинг бари кўпгина намозхонларда топиладиган қусурлардир. Бугунги кунда намозларида хотиржамликни тарк қиладиганлардан холи масжидни топиш амри маҳол бўлиб қолди. Ваҳоланки, намозда хотиржамлик унинг рукнларидан биридир, усиз намоз дуруст бўлмайди, иш жиддийдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ”Рукуъ ва саждаларда орқасини текис қилмагунча кишининг намози ўтмайди”. (Абу Довуд) Шубхасиз намозни тез, шошилиб ўқиш зажр ва ваъидга лойиқ бўлган мункар ишдир. Абу Абдуллоҳ Ашъарий айтадилар: ”Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқидилар. Сўнг уларнинг бир тоифаси билан ўтирган эдилар, бир киши кириб намоз ўқий бошлади ва рукуъ, саждаларни худди дон чўқигандек тез-тез қилди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Мана буни кўряпсизми? Ким мана шу ҳолатда ўлса, Муҳаммаднинг динидан бошқа динда ўлган бўлади, намозини худди қарға қон чўқиётгандек ўқимоқда. Худди дон чўқигандек тез-тез рукуъ ва саждаларни қилган кишининг мисоли, бир ё икки хурмо еган қорни оч кишига ўхшайди, бу эса унинг очлигини кетказа олмайди”, дедилар. Зайд ибн Ваҳб ривоят қилади: Ҳузайфа разияллоҳу анҳу рукуъ ва саждаларни мукаммал қилмаётган кишини кўриб унга деди: ”Сен намоз ўқимадинг, агар шу ҳолда ўлсанг, Исломдан бошқа динда ўласан”. Намозда хотиржамликни йўқотганлар бу ҳукмларни билганларидан сўнг, намозни оҳиста, хотиржам ўқишлари ва ўтган намозларидаги камчиликларига Аллоҳга кўп тавба қилишлари лозим. 21. Намозда ўйнаш ва кўп харакат қилиш Бу нарса ҳам кўпчилик мусулмонлар омон қолмаган офатлардандир, чунки улар Аллоҳ таолонинг ушбу оятига бўйсунмайдилар: ”Намозларингизда Аллоҳ учун хушуъ билан туринглар”. Бақара:238. Ҳамда мана бу оятни тушунмайдилар: ”Дарҳақиқат мўъминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ (қўрқув ва умид) билан бўйин эгувчи кишилардир”. Мўъминун:1-2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждада тупроқни текислаш ҳақида сўралганларида: ”Намоз ўқиётганингда суртма, агар (жуда) суртиш лозим бўлса, унда бир марта майда тошларни силаб текисла”, деб айтганлар. Аҳли илмлар айтишганки: ”эҳтиёжсиз кўп ва кетма-кет ҳаракат қилиш намозни бузади”. Энди жойнамозни устида туриб, Аллоҳнинг хузурида турган ҳолимизда биримиз соатимизга карасак, биримиз кийимимизни тўғирласак, биримиз бурнимизни, қулоғимизни тозаласак яна биримиз ўнгга, чапга ва осмонга карасак, кўзимиз ўйилиб тушишидан қўрқмаймизми? Шайтон намозимиздан чалғитиб, савобини олиб қўйишидан қўрқмаймизми? 22. Имомга эргашган кишининг имомдан ўзиб кетиши Шошқалоқлик инсон табиати: “Инсон шошқалоқдир”. Исро:11. Ҳадисда: ”Сабр Аллоҳдан ва шошқалоқлик шайтондан” дейилган. (Имом Байҳақий) Айрим намозхонлар қасдданми ёки эътиборсизликданми, намознинг бир рукнидан иккинчи рукнига ўтишда имомдан олдин кетиб қоладилар. Яъни, рукуъ ва саждаларда имомдан олдин эгилиб ёки имомдан олдин бош кўтарадилар, ҳатто саломни ҳам имомдан олдин бериб қўядилар. Кўпчилик намозхонларда аҳамиятсиздек кўринаётган бу амал ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қаттиқ ваъидлар келган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Имомдан олдин бошини кўтараётган киши, Аллоҳ таоло унинг бошини эшакнинг бошига айлантириб қўйишидан қўрқмайдими”. (Имом Муслим) Биз намозга шошмасдан, хотиржам ва виқор билан келишга буюрилганмиз, гарчи жамоат намозни бошлаган бўлса ҳам. Демак, намозга келишдаки шошмасдан, хотиржам келишга буюрилган экан, намозни ичида бу нарсаларга амал қилиш авлороқ бўлади. Баъзи намозхонлар гоҳо имомдан ўтиб кетсалар, гоҳида жуда қолиб кетадилар. Фуқаҳоларимиз бу масъалада гўзал меъёрни зикр қилиб шундай дейишган: ”Имомга иқтидо қилган киши, имом такбирни айтиб бўлгандан сўнггина, ҳаракатга киришмоқлиги лозим бўлади”. Демак имом “Аллоҳу акбар” калимасидаги “Р” ҳарфини айтиб бўлгач, имомга эргашганлар ҳаракатга киришадилар, бундан олдин ҳам бажармайдилар ва бундан кечиктирмайдилар ҳам. Мана шу асосдир. Саҳобаи киромлар имомдан олдин ўтиб кетмасликка ниҳоятда қаттиқ эътибор берар эдилар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб намоз ўқишаётганда, рукуъдан бошларини кўтаргач, то Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешоналарини ерга қўймагунларича (сажда учун) бирорта саҳобанинг энгашгани кўрилмас эди. Қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешоналари ерга теккач, шундан сўнг саҳобалар саждага эгилар эдилар”. (Имом Муслим) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшлари кексайиб, оҳиста ҳаракатланадиган бўлиб қолгач, орқаларида намоз ўқиётганларни огоҳлантириб: “ Ҳой одамлар, мен кексайиб қолдим, шунинг учун рукуъ ва саждада мендан олдинга ўтиб кетманглар” дер эдилар. (Байҳақий) Имомликка ўтган киши такбирларда суннатга амал қилган ҳолда намоз ўқиши лозимдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқимоқчи бўлсалар, тик турганларида такбир айтардилар, сўнг рукуъ қилаётганларида такбир айтардилар, сўнг эгилаётганларида такбир айтардилар, сўнг бошларини кўтараётганларида такбир айтардилар, сўнг сажда қилаётганларида такбир айтардилар, сўнг бошларини кўтараётганларида такбир айтардилар, сўнг мана шуни намознинг барчасида, то намоз тугагунга қадар қилар эдилар ва иккинчи ракаатдан тураётганларида такбир айтардилар”. (Имом Бухорий) Баъзи имомлар илми озлиги ва суннатни яхши билмаслигидан, турган жойида “Аллоҳу акбар” деб сўнг рукуъга энгашади, тик туриб “Аллоҳу акбар” деб кейин саждага кетади, бу эса суннатга хилофдир. Агар имом ўзининг такбирини ҳаракати билан мувофиқ ва яқин қилса, иқтидо қилганлар ҳам юқорида зикр қилинганидек саҳобаларнинг намоз ўқиш кайфиятини ўзларига лозим тутсалар, намозларидаги жамоат ишлари дуруст бўлади. 23. Саримсоқ, пиёз ёки ҳидли нарсаларни истеъмол қилиб масжидга келиш. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким пиёз ёки саримсоқ еса биздан четлансин”, ёки “масжидимиздан четлансин, уйида ўтирсин” дедилар. Бу ҳадисни имом Бухорий ривоят қилганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса: “Ким саримсоқ, пиёз ва кўк пиёз (гандана) еган бўлса масжидимизга яқинлашмасин, чунки фаришталар одамлар озорланадиган нарсадан озорланади”. Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу жума куни одамларга хутба қила туриб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизлар ёқимсиз бўлган пиёз ва саримсоқни ейсизлар. Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон кишидан унинг хиди келса масжиддан ташқарига Бақийъ томонга чиқариб юборилишига буюрганларини кўрганман. Агар ким уларни емоқчи бўлса пишириб есин”. (Имом Муслим) Ишидан ёки корхонасидан тўғри намозга келадиган ва қўлтиқларидан ва пайпоқларидан келиб турган бадбуй хид билан масжидга кирувчилар ҳам шулар жумласидандир. Аммо бундан-да жирканчроғи, ҳаром бўлган сигаретни чекиб, сўнг масжидга кириб, унинг сассиғи билан Аллоҳнинг одам ва фаришталаридан иборат бандаларига озор берувчилардир. Бу ҳолатлар мана бу ояти каримадаги буйруққа зиддир: Аллоҳ таоло айтди: “Эй одам болалари ҳар бир масжид олдида (яъни намоз пайтида авратларингизни тўсиб турадиган, тоза, покиза кийимларни кийиб) зийнатланингиз”. Аъроф: 31. 24. Зино (фоҳишалик) Ислом шариатининг мақсадларидан бири номус ва наслни сақлаш, ҳимоялаш. Шунинг учун шариатимиз зинони ҳаром қилди. Аллоҳ таоло деди: ”Зинога яқинлашманглар, албатта бу фаҳш ва ёмон йўлдир”. Исро:32. Балки шариатимиз зинога олиб борадиган барча сабаб ва йўлларни тўсиб ташлади. Масалан, номаҳрамларга қараш, улар билан (яъни номаҳрамлар билан) бир жойда холи қолиш, аёлларнинг ҳижобсиз юришлари ва шу кабиларни ҳаром қилди. Агар турмуш қурган киши зино қилса, унинг жазоси, бу қилган ишининг аламини тотиб вафот этгунича тошбўрон қилишдир. Жазонинг шу қадар қаттиқ бўлиши зинокор жасадининг ҳар бир аъзоси ҳаромда қандай роҳатланган бўлса, худди шундай азобланиши, оғриқ аламини тортиши учундир. Агар зинокор аввалда никоҳланмаган, турмуш қурмаган бўлса, уни юз дарра уриш билан жазоланади. Жазони одамлар олдида амалга оширилади, чунки мусулмонлардан бир гуруҳ кишилар бунга гувоҳ бўлишлари керак. Шунда зинокор шарманда бўлиб, азоби ва хорлиги янада зиёдароқ бўлади, бундан ташқари уни ўз шаҳридан бир йилга сургун қилинади. Зинокорларнинг барзахдаги азоби: улар яланғоч бўлган ҳолатда тепаси тор, таги эса кенг бўлган ҳамда тагидан олов ёқиладиган тандирда бўладилар. Ҳар қачон олов ёндирилса, қичқириб юқорига кўтариладилар, ҳатто чиқиб кетишларига оз қолади, олов сўндирилса, яна пастга тушадилар ва ҳоказо шу ҳолда то қиёматгача қоладилар. Янада қабиҳроғи агар зинокор тавба қилмай зиносида давом этаётган, қариб қуйилмаган, бир оёғи қабрда бўлган кекса киши бўлса, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бундайлар ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: ”Уч тоифа борки, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга қарамайди ва уларга аламли азоб бордир: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал”. (Имом Муслим) Зино билан топилаган пул энг ёмон бойликдир. Кечани ярмида осмон эшиклари очилиб дуо қилувчининг дуоси қабул бўладиган вақт бор, лекин зинокорнинг дуоси мана шу вақтда ҳам ижобатдан маҳрумдир. Баъзилар камбағаллигини, муҳтожлигини сабаб қилиб, зинокорлигига узр баён қилади. Ҳеч қандай муҳтожлик ёки камбағаллик Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишга шаръий узр бўла олмайди. Қадимдан гап бор: “Ҳур аёл оч қолади, лекин бола эмизиб ҳақ олмайди. Энди қандай зино қилиб пул олсин”. Бизнинг асримизда фоҳишалик дарвозалари кенг очилди, шайтоннинг васвасаси ва ҳийла қилиши осонлашди, унга гуноҳкор осий ва бузуқлар эргашиб кетишди. Аёлларнинг очиқ-сочиқ, ёпинчиқларини ёпмасдан юришлари кенг тарқалди, кўпчилик, ҳатто баъзи намозхонлар ҳам номаҳрам, бегона аёлларга ёки аёллар эркакларга қарашдек балога гирифтор бўлди. Эркак аёл аралаш-қуралаш юриши, бузуқ-уят расмли газета ва журналлар, ҳамда сериаллар кўпайиб кетди. Нопок, фоҳишалар кўп бўлган шаҳарларга тез-тез сафарлар уюштириладиган бўлди, қўшмачиларнинг “тижорат”лари ривож топди, ор-номусларнинг поймол бўлиши, валадизино, яъни беникоҳ туғилган болалар, аборт қилиш ёки туғилган гўдакларни ҳар хил йўллар билан нобуд қилиш ҳар қадамда учрайдиган бўлиб қолди. Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймиз: “Эй Роббимиз! Бизларни Ўз раҳматинг ва лутфинг ила фоҳишалик ва зинокорликдан сақлагин. Қалбларимизни ва аъзоларимизни поклагин, ҳамда биз билан ҳаромнинг ўртасида ўтиб бўлмайдиган тўсиқ барпо қилгин”. 25. Баччабозлик Лут алайҳис салом қавмининг жинояти эркаклар эркаклар билан жинсий қўшилиши бўлган эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Лут ўз қавмига: ”Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатда ҳам сизлар(хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар, йўлтўсарлик-қароқчилик қилурмисизлар?” деганини эсланг!”. Анкабут: 28-29. Бу жиноятнинг ниҳоят даражада қабиҳ, жирканч ва хатарли бўлганидан Аллоҳ таоло бундай жиноятчи қавмни, бошқа бирон бир қавмда жамламаган тўрт азоб билан азоблади: уларнинг кўзларини кўр қилди, устларига сополдан бўлган тошларни ёғдирди, уларга дахшатли қаттиқ бир қичқириқни юборди ва ерларини остин-устун қилиб юборди. Шариати Исломия хукмига кўра бундай бузуқлик қилган эркаклар агар розилик ва ихтиёр билан қилишган бўлса, қилувчи ҳам қилинувчи ҳам қилич билан уриб қатл қилинади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб бундай деганлар: “Кимни Лут қавмининг амалини қилаётганида топсангиз, фоилини ва мафъулини қатл қилингиз”. (Имом Аҳмад) Ўтмишда учрамаган, аммо бизнинг замонимизда пайдо бўлаётган спид ва шу каби турли касалликларнинг сабаби фоҳишалик, бузуқлик ва носоғлом хаёт кечириш туфайли эканлиги, бундай иш қилувчиларга белгиланган азобнинг қаттиқлиги, Аллоҳ таолонинг ҳикматига далолат қилади. 26. Аёл киши шаръий узрсиз эрининг тўшагидан бўйин товлаши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эр аёлини тўшакка чақирганда аёл бош тортса ва эр ундан ғазабланган ҳолда ухлаб қолса, фаришталар то тонг отгунга қадар у аёлни лаънатлайдилар”. (Имом Бухорий) Кўп аёллар эрлари билан ораларида гап ўтиб қолса, ўзларича эрларига жазо қўллаб, уларни тўшакдаги ҳақларидан тўсадилар. Бундан эса катта бузғунчиликлар келиб чиқади: эрнинг ҳаромга юриб кетиши шу жумладандир. Ундан ташқари иш аксига айланиб, эр хотини устига хотин олишни ўйлаб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун эр ҳар қачон аёлини тўшакка чорласа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига амал қилган ҳолда, аёл эрининг талабини қондиришга шошилсин: “Киши аёлини тўшакка чақирса, аёл эгарнинг устида бўлса ҳам ижобат қилсин”. (Баззор) Эр киши ҳам ўз навбатида аёлини риоя қилиши лозим. Унинг касал, ҳомиладор ва ғам-қайғули дамларига қараб иш тутса, келишмовчилик барҳам топиб, аҳл-иноқлик бардавом бўлади. 27. Аёл киши бирон шаръий сабабсиз эридан талоқ талаб қилиши
Баъзи аёллар оилада учраб турадиган арзимас келишмовчиликлар чоғида ёки сўраган мол-дунёни эри бермаса ё айтган нарсасини олиб бермаса дарров эридан талоғини беришни сўраб қоладилар. Бундан ёмонроғи гоҳида бунга уларни ўзларининг яқинлари, оналари ё опа-сингиллари ё дугоналари ундайдилар. Баъзилари эса эрининг шаъни, ғурурига тегадиган гаплар билан, масалан, “Эркак бўлсанг талоқ қил” деб ҳадларидан ошадилар. Маълумки талоқ сабаб оилаларни пароканда бўлиши, болаларни бебош бўлиб қолиши каби бузуғликлар келиб чиқади. Аксарлари кейин бунга афсус-надоматлар қиладилар, бироқ кеч бўлган бўлади. Бу ва бошқа сабабларга кўра шариатимиз буни ҳаром қилганлигининг ҳикмати яққол кўринади. Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб айтадилар: “Қайси бир аёл бирон сабабсиз эридан талоқ сўраса, жаннатнинг ҳиди унга ҳаромдир”. (Имом Аҳмад) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Эрига маблағ бериб ўзини талоқ қилдирувчи ва эридан ўзини тортувчи аёллар, улар мунофиқлардир”. (Табароний) Аммо шаръий сабаб бўлса жоиз, шунда юқорида ўтган ваъидлар тахтига дохил бўлмайди. Масалан, эри маст қилувчи ичимлик ичишга ёки наркотик моддалар истеъмол қилишга мубтало бўлган бўлса ёки ҳаром ишларга мажбурласа ёки уни азоблаб зулм қилса ёки уни шаръий хуқуқларидан тўсса ва насиҳат фойда бермаса ҳамда ислоҳ йўлларини топа олмаса, дини ва жонини сақлаб қолиш учун эридан талоқ талаб қилишда аёлга гуноҳ йўқдир. 28. Зиҳор Ҳозирги кунда ҳам бу уммат ичида тарқаган аввалги жоҳилият сўзларидан эр хотинини "Зиҳор" қилиб, («Зиҳор» ибораси арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига «Онамнинг бадани каби сенинг баданинг ҳам менга ҳаром», дейишини англатади.) “Сен менга онамнинг бели кабисан” ёки “Сен менга опамнинг ҳаромлиги каби ҳаромсан” ва шунга ўхшаш, шариат қабиҳ деб ҳисоблаган ва аёлга зулм бўлган тубан сўзлар бор. Аллоҳ буни Ўзининг ушбу сўзида сифатлаб деди: “Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Аллоҳ шубҳасиз афв этувчи ва мағфират қилувчидир”. Мужодала: 2. Зиҳор қилган шахс учун, шариат, хато қилиб одам ўлдириб қўйган ва Рамазон ойида кундузи хотинига қўшилган одамнинг каффоратига ўхшаш қаттиқ каффорат белгилади. Хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат — тўлов тўламасдан аввал, унга қўшилиши мумкин бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деган: “Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин)қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким(озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма¬сида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор-дир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари — қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир”. Мужодала: 3-4. 29. Ҳайз пайтида аёлига қўшилиш Аллоҳ таолонинг сўзи: “Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар: Айтинг: “У кўнгилсиз нопок нарсадир. Бу ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз”. Бақара:222. Аёл киши поклангандан кейин ҳам то ғусл қилмагунга қадар эр унга яқинлашмайди: “Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз...”. Бақара:222. Бу гуноҳнинг нақадар нафратли эканлигига ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: “Ким аёлига хайз пайтида ёки унинг орқа пешобига яқинлик қилса ҳамда фолбинга борса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага (динга) кофир бўлибди”. (Термизий) Ким қасддан эмас, балки билмаган ҳолда янглишиб шундай қилиб қўйган бўлса, истиғфор айтиб тавба қилиши ва ҳамда хушёрроқ бўлиши лозим. Аммо қасддан, билиб туриб нафсига қул бўлган ҳолда қилган бўлса, каффорат ҳақида келган ҳадисни саҳиҳ деган аҳли илмларнинг сўзларига кўра унга каффорат вожиб бўлади. Каффоратнинг миқдори 1 динор ёки ярим динордир. Баъзи олимлар: бу икки миқдор ўртасида ихтиёрлидир дейишган. Агар ҳайзнинг аввалида- қон кўплигида- қўшилса бир динор ва агар ҳайзнинг охирида- қон камайганида- ёки ғусл қилишдан аввал қўшилса ярим динор каффорат беради, деган уламолар ҳам бор. Бир динор муомаладаги ўлчовга кўра 4. 25 грамм тилла бўлади. Шунинг ўзини ёки қоғоз пулга тенг қийматини садақа қилади. 30. Аёлининг орқа чиқарув йўлига яқинлик қилиш Баъзи иймони заиф бузуқ табиатли кишилар, аёлининг орқа чиқарув йўлига яқинлик қилишдан тақво қилмайдилар. Ҳолбуки бу гуноҳи кабиралардан бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилувчини лаънатлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Ким аёлининг орқа чиқарув йўлига яқинлик қилса малъундир”. (Имом Аҳмад) Бошқа бир ҳадисда эса бундай деганлар: “Ким аёлига хайз пайтида ёки унинг орқа чиқарув йўлига яқинлик қилса ҳамда фолбинга борса, Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) кофир бўлибди”. (Термизий) Соғлом фитрат соҳибалари бўлган аёллар бундан бош тортадилар, лекин баъзи эрлар, аёли итоат қилмаса талоқ билан қўрқитиб уни мажбурлайдилар. Айримлари эса, Аллоҳ таолонинг: “Хотинларингиз зироатгоҳингиздир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган ҳолатингизда яқинлашаверинг”, деган сўзига кўра бу иш ҳалолдир деб, аҳли илмлардан сўрашга ҳаё қиладиган содда аёлини алдайдилар. Маълумки, суннат Қуръонни тафсир қилади. Ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, эр аёлининг модомики фарзанд талаб қилинадиган жойига бўларкан, олдиданми, орқаданми, хоҳлаган тарафидан яқинлик қилиши жоиз эканини хабар берганлар. Орқа чиқарув йўли эса фарзанд талаб қилинадиган ўрин эмаслиги ҳаммага маълум. Ҳаром ва нопок хатти ҳаракатлар, жоҳилий ҳатти-ҳаракатлар, ифлос шаҳвоний филмлардан таъсирланиб ва бу нарсалардан тавба қилмасдан пок оилавий ҳаётга кириб келиш ушбу жиноят сабабларидан биридир. Гарчи икки тараф рози бўлса ҳам бу иш ҳаромдир. Иккала тарафнинг ўзаро рози бўлиши ҳам бундай ҳаром ишларни ҳалолга айлантира олмайди. 31. Хотинлар ўртасида адолат қилмаслик Аллоҳ таоло Ўзининг Азиз Китобида хотинлар ўртасида адолат қилишни бизларга амр қилиб шундай деди: “Ҳар қанча уринсангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қилишга (яъни, уларнинг барчаларига баробар меҳр кўрсатишга) қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қуймангиз!”. Изоҳ: муаллақа аёл - эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир. У эрим бор деса- эри йўқ, беваман дейин деса - эри талоқ бермай кетган. Агар (ўзларингизни) ўнглаб Аллоҳдан қўрқсангизлар, албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. Нисо:129. Адолат дегани: ётишда яъни тунашда, ейиш-ичиш ва кийимда ҳар бирининг ҳаққини адо этишдир. Бунга қалбнинг муҳаббати кирмайди, чунки банда қалбига эгалик қила олмайди. Айрим кўпхотин эрлар, аёлларидан бирига оғиб кетиб, шуникида кўп тунаб, шунга кўп инфоқ қилиб, бошқасини ташлаб қўяди. Шубҳасиз бу ҳаромдир. Аёллари ўртасида адолат қилмайдиган эрларнинг қиёматдаги холи ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бериб бундай деганлар: “Кимнинг икки хотини бўлиб, биттаси томонга оғиб кетса, қиёмат куни ярми шол ҳолда келур”. (Абу Довуд) 32. Номаҳрам аёл билан хилватда қолиш Инсонларни фитнага солишга ва уларни ҳаром ишларга қўл уришларига Шайтон алайҳи лаъна жуда харис. Шунинг учун бизларни огоҳлантириб Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деди: “Эй мўминлар, шайтоннинг изидан эргашманглар! Ким шайтоннинг изидан эргашса бас, албатта (шайтон) бузуқлик ва ёмонликка буюрур”. Нур: 21. Шайтон Одам болаларининг қон томирлари ичида юради. Шайтоннинг одамларни фаҳш–бузуқликка тушириб қўйиш йўлларидан бири, номаҳрам аёл билан хилватда қолишдир. Шунинг учун ҳам шариат бу йўлни тўсди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши номаҳрам аёл билан бир жойда холи қолса, учинчилари шайтон бўлур”. (Термизий) Яна бир хадисда деганлар: “Бугундан кейин бирон-бир киши (бирор сабаб билан эри уйида бўлмаган) аёлнинг олдига ёлғиз ўзи кирмасин, магар ўзи билан бир ё икки киши билан кирсин”. (Имом Муслим) Киши ўзи маҳрам бўлмаган аёл билан, маслан, ака-укасининг хотини, хизматчи аёли, доктор бемор аёл билан уйда, хонада, машинада бўлсин холи қолиши жоиз эмас. Кўпчилик ўзига ё бошқаларга ишонганидан бунга енгил қарайдилар, натижада фаҳшга ё унга олиб борувчи ҳолатларга тушиб, насабларнинг аралашиб кетиши ва ҳаромдан туғилган болалар кўпайиши ва бундан бошқа нохуш ҳолат, кўнгилсиз воқеаларни содир бўлишига олиб боради. 33. Номаҳрам аёллар билан қўл бериб кўришиш Аслимизни, динимизни унутиб, ўзга миллатлар маданиятига эргашиб, уларга тақлид қилиш оқибатида, динимизга ёд бўлган, урф-одатларимиз инкор қиладиган, номаъқул ишлар оддий хол бўлиб қолди. Шулар жумласидан номахрам аёллар билан қўл бериб кўришишдир. Амма, амаки, хола ва тоғаларнинг қизлари, аканинг, тоғанинг ва амакининг хотинлари билан қўл бериб кўришиш бизнинг жамиятимизда бир ҳўплам сув ичишдан ҳам енгилроқ бўлиб қолди. Аслида бу ишнинг нақадар хатарли эканлигига очиқ кўз билан назар солишганда, бундай қилишмас эди. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис ворид бўлган: “Сизлардан бирортангизнинг бошига бигиз билан урилиши, ўзига ҳалол бўлмаган аёлга қўл теккизишидан кўра яхшироқдир”. (Табароний) Шубҳасиз бу қўл зиносидир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки кўз зино қилади, икки қўл зино қилади, икки оёқ зино қилади ва фарж (жинсий аъзо) зино қилади” деб, умматларини огоҳлантирганлар. Имом Аҳмад. Бу жамиятда Аллоҳнинг шариати ва ҳукми ўрнига баъзи ижтимоий урфлар ва одамларнинг ботил одат ва анъаналари устун бўлиши оқибатларидандир. Ҳатто одамларга шариат ҳукмларидан гапириб, далиллар келтириб, уларга ҳужжат барпо қилсангиз, сизни ғулув кетиш, ўта мураккаблаштириш, қариндошлардан алоқани узиш ва яхши мақсадларга шубҳа билан қарашда айблайдилар. Биз аёллар билан ёмон ниятда кўришмаймиз, кўнглимиз тоза, деган сўзларни эшитиб қоламиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидан ҳам тозароқ қалб бор-ми? Энг покиза қалб соҳиби бўлсалар ҳам ул зот: “Мен аёллар билан қўл беришиб кўришмайман”, (Имом Аҳмад), “Мен аёлларнинг қўлини ушламайман”,( Табароний), - деганлар. Оиша разияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бундай деганлар: “Огоҳ бўлинглар! Аллоҳга қасамки Росулуллоҳнинг қўллари, бирон бир (бегона) аёлнинг қўлига ҳаргиз тегмаган, аёллар билан байъат қилсалар сўз билан байъат қилар эдилар”. (Имом Муслим) Ака-укалари ёки бошқа номаҳрам эркаклар билан ўз аёлини қўл бериб кўришишга мажбурлаётган эрлар Аллоҳдан қўрқсинлар!!! Шуни билиш керакки, очиқ қўл билан эмас бирон тўсиқ ёки қўлқоп билан кўришиш ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди яъни у ҳам ҳаромдир. 34. Аёлларнинг атир-упаларни сепиб кўчага чиқишлари Бу ҳам бизнинг асримизга келиб ниҳоят даражада кенг тарқалган иллатлардан бири бўлиб қолди ва холбуки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қаттиқ қайтарганлар: “Қайси бир аёл атир-упаларни сепиб, сўнг эркаклар олдидан ўтса ва улар унинг хидини димоғларида топсалар, ана ўша аёл зинокордир”. (Имом Аҳмад) Кўпчилик аёллар бепарволикдан ёки билмасликларидан бозорга, дўконларга ё ишларига кетаётганларида хушбўй атирларни сепиб чиқадилар. Аммо шариатимиз, уйидан чиқишни ирода қилган аёл, агар хушбўйлик истеъмол қилган (суртган, сепган) бўлса, токи жанобатдан ғусл қилгани каби ювиниб олмагунча кўчага ва ҳатто масжидга ҳам чиқишни ман қилган. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қайси бир аёл хушбўйланса, сўнг масжидга чиқса ва бошқалар унинг хидини сезсалар, токи жанобатдан ғусл қилгани каби (ғусл вожиб бўлганда қилинадиган) ғусл қилмагунича, унинг намози қабул қилинмайди”. (Имом Аҳмад) Тўйларга, бозору-дўконларга, автобус, трамвайларга, жамоатчилик жойларга ва ҳатто Рамазон кечалари масжидларга, умуман уйларидан ташқарига қимматбаҳо атирларни сепиб чиқаётган аёл-қизларнинг бу ишларидан шикоятимиз Аллоҳгадир. Ислом динидаги аёлларнинг хушбўйликлари ранги кўриниб ҳиди чиқмайдиганидир. Аллоҳдан бизларга ғазаб қилмаслигини ва нодонларимиз қилаётган ишлар сабаб, солиҳларимизни азобламаслигини ва барчамизни тўғри йўлга йўллашини сўраб қоламиз. 35. Аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилишлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун, маҳрамсиз бир кунлик масофага сафар қилиши ҳалол эмасдир”. (Имом Муслим) Сафарга маҳрамсиз чиққан аёлнинг фосиқлар эътиборини тортиши, кейин унинг ожизлигидан фойдаланиб унга тажовуз қилишлари, бунда гоҳо мақсадларига эришишлари ёки ҳеч бўлмаганда унинг нафсониятига тегишлари ҳеч гап эмас. Ҳатто учоқда учаётган аёлни маҳрами кузатиб қўйган ва кутиб олган тақдирда ҳам юқоридаги хатардан қутилиб бўлмайди. Ахир унинг ёнидаги ўриндиқда ким ўтиришини билмаймиз-ку? Борди-ю носозлик содир бўлиб, учоқ (самолёт) бошқа тайёрагоҳга қўниб қолса, унда нима бўлади? Кўплаб қиссаларнинг дебочаси мана шундай воқеалардан бошланган. Маҳрам — мусулмон, балоғатга етган, оқил (ақли расо) ва эркак бўлиши шартдир. Маҳрамлар ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун, уч ва ундан кўп кунлик сафарга, отаси ёки ўғли, эри ёки ака-укаси ёки бирорта маҳрамисиз сафар қилиши ҳалол эмасдир”. (Имом Муслим) 36. Бегона аёлларга қараш Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъминларга айтинг кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини(ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир”. Нур: 30. Ҳадиси шарифда: “Кўзнинг зиноси қарашдир”, дейилган. (Яъни Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга) (Имом Бухорий) Аммо бундан, шаръий этиёж юзасидан қараш: совчи юборган кишининг ва табибнинг қараши мустаснодир. Аёл кишининг ҳам бегона эркакларга боқиши ҳаромдир. Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъминаларга айтинг кўзларини(номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!” дейилган. Нур: 31. Шунингдек, ҳали соқоли чиқмаган ва чиройли болаларга шаҳват билан қараш ҳам ҳаромдир. Яна эркак эркакнинг авратига, аёл аёлнинг авратига қараши ҳам ҳаромдир. Қараш ҳаром бўлган авратни ушлаш, гарчи бу мато ортидан бўлса-да ҳаромдир. Баъзиларнинг: “Ҳақиқий эмас-ку” деган “ҳужжат” билан яланғоч суратлар бўлган журналлар ва фильмларни томоша қилишлари эса, шайтоннинг уларни калака қилиши бўлиб, бундай ишлар бузуқлик ва шаҳватни жунбушга келтириши очиқ -ойдин маълумдир. 37. Даюслик Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилганлар: “Уч тоифага Аллоҳ жаннатни ҳаром қилган улар: маст қилувчи ичимликни муккасидан кетиб ичувчи (алкаш), ота-онасига оқ бўлган фарзанд ва ўз аҳли-оиласи (хотин-қизлари)даги бузуқликка бепарво бўладиган даюс”. (Имом Аҳмад) Даюслик кўринишларидан мисоллар, хотин ва қизларининг бегона эркаклар билан алоқалар ўрнатиб бирга гаплашиб, учрашиб юришларига кўз юмиш, аҳлларидан бирининг бегона эркак билан хилватда ёлғиз қолдириш, хайдовчи билан ёлғиз ўзини машинага ўтқазиб юбориш, шаръий либоссиз, ўтган-кетган қарайдиган қилиб кўчага чиқишига рози бўлиш ҳамда фисқу-фасодни, бузуқликни ташвиқ қилувчи филм ва журналларни уйга киргазиш. 38. Ёлғон ишлатиб отаси бўлмаган одамга болани нисбатлаш ва ўз фарзандидан тониш Шариат бўйича мусулмон одам ўз отасидан бошқани ҳақиқий отам дейиши ёки аслида ундан бўлмаган қавм (элат)га ўзини нисбатлаб олиши мумкин эмас. Баъзи кишилар иқтисодий мақсадларни кўзлаб, расмий хужжатларда ўзлари учун қалбаки насабни қайд эттириб оладилар. Гоҳида ёшлигида ташлаб кетгани учун ўз отасига жаҳл қилиб ҳам шундай ишга қўл урадилар, ҳолбуки буларнинг бари ҳаромдир. Бу иш маҳрамлик, никоҳ, мерос олиш каби ўринларда ёмон оқибатларга олиб келади. Саҳиҳ хадисларда Саъд ва Абу Бакра розияллоҳу анҳумолардан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари ривоят қилинган: “Кимки ўзи билиб туриб отасидан бошқа одамга фарзандликни даъво қилса, жаннат унга ҳаромдир”. (Имом Бухорий) Насл-насабни аралаштириб юбориш ёки уни қалбакилаштиришнинг ҳар қандай кўриниши шариатда ҳаромдир. Баъзи эрлар хотини билан жанжаллашиб қолса, хотинига ўчакишиб, уни бузуқликда айблайди ва ўз тўшагида вужудга келган фарзандидан ҳеч қандай далил исботсиз воз кечади. Шундай хотинлар борки, эрларига хиёнат қилиб, бегонадан бола орттирадида уни эрига тиркаб юборади. Ҳолбуки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда бу каби ишдан қаттиқ кайтарганлар: “Қайси аёл бир қавмга улардан бўлмаган болани қўшиб юборса, Аллоҳдан ҳеч бир раҳматга ва афвга эга эмас, Аллоҳ ҳеч қачон уни жаннатга киргизмайди. Қайси бир эркак ўз фарзандидан билиб туриб тонса, Аллоҳ ундан юз ўгиради ва аввалгилару охиргиларнинг олдида шарманда қилади”. (Абу Довуд) 39. Судхўрлик Аллоҳ таоло ўз китобида судхўрлардан бошқа ҳеч кимга уруш эълон қилгани ҳақида хабар бермаган. Аллоҳ таолонинг сўзи: “Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўъмин бўлсангиз судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз! Энди агар (бу буйруққа итоат) қилмасангиз у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбари томонидан бўладиган урушга ишонаверинг!” Бақара:278-279. Бу жиноят Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида нақадар оғир эканлигига мазкур оят кифоядир. Давлатлар ва халқлар аҳволига эътибор берган киши судхўрлик касофатидан инқирозлар, қарзга ботишлар, иқтисодиётнинг издан чиқиши келиб чиқаётганига шоҳид бўлади. Бунинг касофатидан ишсизлик ёйилмоқда, ширкатлар ва ташкилотлар касодга учрамоқда. Тинимсиз оғир меҳнатлардан топилаётган пуллар ўша чек-чегараси йўқ фоизларни тўлашга кетмоқда. Жамиятнинг улкан бойликлари бир ҳовуч кишилар қўлига ўтиб қолмоқда. Мана шулар Аллоҳ ваъда қилган урушнинг баъзи кўринишлари бўлса, ажаб эмас. Судхўрликда иштирок этган икки томон, воситачилик қилганлар, ёрдам берганларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан лаънатланганлар. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рибо еювчини ҳам, едирувчини ҳам, уни қайд қилувчини ва унга гувоҳ бўлганларнинг барини лаънатладилар” ва “улар (гуноҳда) тенгдир”, - дедилар. Шунга биноан судхўрликни қайд этишда, олишда, беришда, сақлашда, умуман қандай тарзда бўлса ҳам кўмаклашиш ҳаромдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оғир гуноҳнинг нечоғли қабиҳлигини баён қилиб шундай деганлар: “Рибо етмиш уч даражадир, шунинг энг енгили киши ўз онаси билан зино қилгани кабидир, рибонинг энг каттаси мўъминнинг обрўсидир”. (Яъни унга тил теккизишдир). (Ҳоким) Абдуллоҳ ибн Ҳанзала ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг судхўрликдан билиб туриб бир дирҳам емоғи, ўттиз олти зинодан (гуноҳда) оғирроқдир” деганлар. (Имом Аҳмад) Судхўрлик ҳаммага баробар ҳаром қилинган. Бунда бой билан камбағал ўртаси ажратилмаган, балки унинг ҳукми барча ҳолат ва барча шахсларга тенгдир. Қанча-қанча бой-бадавлат кишилар, катта савдогарлар, судхўрлик сабабидан касодга учраганларига воқъелик гувоҳдир. Касодга учрамаган тақдирда, мол-дунё беҳисоб бўлсада, баракаси бўлмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рибода (мол) кўпайса ҳам оқибати камлик бўлади” деганлар. Шунингдек рибо фоизнинг кўп ёки оз бўлиши билан белгиланмайди. Унинг ози ҳам кўпи ҳам ҳаромдир. Судхўр қиёмат куни жин урган кишидек қабридан шайтонлаб туради. Судхўрлик оғир жиноят бўлса-да, лекин ундан тавба қилиш мумкинлигини ва бунинг қандай бўлишини Аллоҳ таоло кўрсатиб қўйган: “Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга зулм ҳам қилмассиз, зулм ҳам кўрмайсиз”. Бақара:279. Бу айни адолатдир. Мўъминнинг қалби бу оғир гуноҳдан нафратланиши ва унинг қабиҳлигини ҳис этиши зарур. Ўғирланиб кетиши ёки тортиб олинишидан қўрқиб, мажбуран рибо банкларига ўз бойликларини қўйяётганлар бўлса, улар музтарнинг ҳолатини ҳис қилсинлар ва гўёки ўлимтикни еяётганларини ёки ундан ҳам баттарроқ ҳолатни тасаввур қилсинлар. Шунингдек, Аллоҳга истиғфор айтишлари билан бирга бойликларини сақлаш учун бундан бошқа ҳалол ва баракали йўлларни изласинлар. Банклардан фоизларини талаб қилиш ўрнига қўшиб қўйилган фоизлардан қутулсинлар. Фоиздан келган пулларни садақа ниятида эмас, балки қутулиш, халос бўлиш ниятида манфаати оммага тегадиган жойларга сарфлаб юборсинлар. Чунки Аллоҳ покдир фақат пок нарсаларни қабул қилади. Улар учун емак-ичмак, кийим-кечак, машина, уй-жой сотиб олишда, оиласини, ота-онасини боқишда ва закот чиқариш, жарималарни тўлашда рибодан келган фоизлардан фойдаланишлари мумкин эмас. Балки Аллоҳнинг азоби етиб қолишидан қўрқиб ундан халос бўлиш керак. 40. Молнинг айбини яшириб сотиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буғдой сотаётган кишининг олдидан ўтаётиб қўлларини буғдой ичига тиқдилар. Шунда бармоқлари намни сезди, сотувчига: “Эй буғдойнинг эгаси бу нима? дедилар. “Ёмғир тегибди” деди у. “Одамлар кўришлари учун устига чиқариб қуймайсан-ми? (Савдода) алдаган киши биздан эмас” дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Имом Муслим) Бугунги кунда Аллоҳдан қўрқмайдиган кўплаб сотувчилар молнинг айбини устидан елимлаб яширишга ёки айби борини энг тагига қуйиш ёки кимёвий моддалар қўллаш каби усуллар билан молнинг ташқи кўринишини яхшилайдилар ёки дейлик машина моторидаги ё бошқа еридаги илгари мавжуд бўлган товушни вақтинча тўхтатадиган усуллар билан уни яширадилар, молни харидор сотиб олгач кўп ўтмай у ишдан чиқади. Баъзилар молнинг яроқлилик муддатини ўзгартирадилар ёки ҳаридорга молни яхшилаб кўришга ёки текшириб ё синаб олишга йўл қўймайдилар. Сифатли ёғга сифати пастроғини, олий нав унга биринчи нав унни аралаштириб сотиш, машинани юрган километр рақамларини орқага айлантириб сотиш ва ҳоказо шунга ўхшашларнинг бари ҳаромдир. Баъзи сотувчилар машинасини сотаёатганда: “Бир тўп темир сотаман” деб айтиб қўйсам масъулиятдан холи бўламан деб ўйлайдилар. Бундай савдо қилишдан барака кўтарилгандир. Азиз сотувчилар! Ўзингизга шундай иш қилинишига рози бўласизми? Сиз алдаётган киши кимлигини билиб қўйинг! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Ўз ака-укасига айби бор нарсанинг айбини баён қилмай сотиш ҳалол эмас”. (Ибн Можа) Яна бир ҳадисда эса бундай деганлар: “Олувчи ва сотувчи бир-бирларидан ажрагунларига қадар ихтиёрлидирлар. Агар улар рост ва очиқ савдо қилишсалар савдолари баракали бўлади. Ёлғон ва ҳийлали савдоларидан эса барака кўтарилади”. (Имом Бухорий) 41. Ёлғон харидорлик Сотиб олишни хоҳламаган ҳолда бошқа ҳаридорларни алдаш учун молга қиммат нарҳ таклиф қилиш. Ҳадисларда бу каби савдони “Нажш савдо” дейилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Нажш (ёлғон харидорлик) қилманглар!” деганлар. Бу ҳам макр-хийланинг бир туридир. Ҳадиси шарифда: “Макр ва ёлғон(соҳиби) дўзахдадир” дейилган. Ким ошди савдоларида ва машина бозорларида, бозорга кириб келаётган сотувчининг молини арзон баҳо беришга келишиб олиб уни алдайдиган, аммо мол ўзларига қарашли бўлса аксинча билинтирмай ҳаридорлар орасига кириб олиб нарҳни кўтарадиган ва шу билан Аллоҳнинг бандаларини алдайдиган, уларга зарар етказадиган маккор, хоин даллолларнинг ишлари пасткашликдир.42. Жумъа намозининг иккинчи азонидан кейин савдо қилиш. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига (яъни, жумъа хутбасини тинглаш ва намозини адо қилиш учун) боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшироқдир”. Жумъа: 9 Баъзи сотувчилар ўз дўконларида ёки масжидларнинг ёнида жумъадаги иккинчи азондан кейин ҳам савдоларини давом эттираверадилар. Улардан нарса сотиб олаётган харидорлар ҳатто мисвок сотиб олсалар ҳам улар билан гуноҳда шерик бўладилар. Бу каби савдо ботилдир. Баъзи ошхоналар, нонвойхоналар ва корхоналарнинг эгалари бўлса ўз ишчиларини жумъа вақтида ишлашга мажбур қиладилар. Бир қарашда уларнинг фойдалари кўпаяётгандек кўринса-да ҳақиқатда эса зиёндан ўзга нарсани орттиролмайдилар. Энди бундай ҳолатга солинган ишчига келсак, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари мазмуни бўйича иш тутиши керак: “Аллоҳга осий бўлинадиган ишда бандага итоат қилинмайди”. (Имом Аҳмад) 43. Қимор ўйнаш Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» Моида: 90. Жоҳилиятда араблар жамланиб қимор ўйнар эдилар. Унинг энг кўп тарқалган шакли: ўн киши битта туяни ўртада сотиб олиб, сўнг қуръа ташлаш йўсинида қадоқ (идиш) очишарди. Еттита ўйинчи одатлари бўйича белгиланган ҳар хил улушлар олишса, қолган учтаси ҳеч нарса олмас эди. Ҳозирги пайтда қиморнинг турлари кўпайиб кетди. Улардан бири лотерея, унинг ҳам тури кўп. Энг оддийси тиражда қўйилган мол учун рақамли лотерея билетлари сотиб олиш. Ҳамма пул тикади, аммо ютуқ айримларгагина чиқади. Бунда бировнинг ҳақи бошқага ноҳақ ўтиб кетади. Яна бири, ичида номаълум нарса бўлган бирон буюм сотиб олинади ёки нарсалар сотиб олинганда рақам қўшиб берилади бу билан кейинчалик совриндорлар аниқланади ва ҳоказо. Буларнинг барчаси, модомики бировнинг ҳақи бошқага ноҳақ ўтиб кетар экан, қандай ном билан номланмасин, у “Хайрия лотереяларими” ёки бошқами, шариат бўйича ҳаром ҳисобланади. Асримиздаги қимор кўринишларидан яна бири, ҳаётга, машиналарга, буюмларга, бахтсиз ҳодисаларга қарши қилинадиган тўлиқ ёки бошқа турли ҳилдаги битимлар (суғурта, страхования)лардир. Ҳатто айрим қўшиқчилар овозларини ҳам суғурта қиладилар. Шунингдек, азарт ўйинларнинг барча турлари қиморга киради. Ҳозирда махсус қиморхоналар ҳам пайдо бўлган. У ерларда мана шу гуноҳи кабирани қилиш учун “яшил столлар” ўрнатилган. От чоптириш ва шунга ўхшаш мусобақалардаги гаров тикишлар ҳам қиморнинг турига киради. Шунингдек, баъзи бир ўйинхоналар ва кўнгилочар марказлардаги қиморга йўналтирилган ўйинлар ҳам шунинг ўзидир. Икки томондан соврин қўйиладиган мусобақалар ҳам ҳаромдир. |