асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
180-2152646 марта кўрилган لا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ الأنبياء:23. 180. «У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар» (Анбиё: 23). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиладиган иши ҳақида ҳеч ким олдида масъул эмас, У барча нарсани ҳикмат билан қилади ва ўз ўринга қўяди. Бандалар эса қиладиган ишларидан сўраладилар, чунки улар хатога йўл қўядилар ва ишларни ўз ўрнидан бошқа ўринга ҳам қўядилар. Бу борада холиқ билан махлуқ ўртасида фарқ бор. Аллоҳ таолонинг иш-феълларида бирон халаллик содир бўлмайди. Бандада эса зулм, ҳасад, кибр бор, унинг ўз тасарруфларида хатога йўл қўйишига олиб келадиган ишлари бўлади. وَفِي دُعاءِ الأَحْيَاءِ وَصَدَقَاتِهِمْ مَنْفَعَةٌ لِلأَمْواتِ. 181. Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир. Аслида бу фиқҳий масала бўлса-да, унинг ақидага ҳам тааллуқи бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан».1 Демак, банданинг вафоти билан унинг амаллари тўхтайди. Фақат садақаи жория, яъни масжид, мактаб-мадраса каби мусулмонларга фойдаси етиб турадиган бирон нарса қуриб кетган бўлса, то фойдаланиб туриларкан, ажри ҳам давомий бориб туради. Ёки фиқҳ, ақида каби илмлардан дарс берган, шогирдлар чиқарган бўлса, ўша таълимининг ажри бориб туради. Одамларга фойдаси тегадиган китоблар ёзган бўлса, унинг ҳам ажри бориб туради. Чунки, бу ҳам илмидан фойдалантириш жумласига киради. Ёки ўзини пок тутиш учун ва солиҳ фарзанд талабида уйланган бўлса, солиҳ фарзанд бунёдга келган бўлса, бу ҳам унинг касби натижаси саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир».2 Солиҳ фарзанди вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилади ва бу дуо унга етиб туради. Мана шу масаладан бошқаси ихтилофли саналади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39). Оят мазмунига кўра, бировнинг амалининг бошқа бировга фойдаси тегмайди, фақат унинг ўзи сабаб бўлган амал бундан мустасно. Бир тоифа уламолар мана шу оятдан келиб чиқиб: «Инсонга ўз амалидан бошқа нарса мутлақо фойда бермайди» дейишади. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга бошқаларнинг дуо, истиғфор каби амалларидан ҳам фойда етиб туришини айтганлар. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин» (Ҳашр: 10), «Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19) оятлари маййитлар ҳаққига мағфират сўраб дуо қилишни ҳам ўзи ичига олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга агар улар бирон биродарларини дафн қилсалар, қабри устида туриб, унга истиғфор айтишга ва сабот сўраб дуо қилишга буюрганлар.3 Қилинган садақанинг ҳам маййитга фойдаси етади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онаси вафот этганини, агар сўзлаган бўлганида садақага буюрган бўлишини айтиб: «Унинг номидан садақа қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа», деб жавоб берганлар.4 Шунингдек, ҳажнинг ҳам бошқаларга манфаати етади. Бу ҳақда далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг «Шубрума номидан» деб эҳром боғлаётганини эшитиб, «Шубрума ким?» деб сўрадилар. У акаси ё бир яқини эканини айтганида: «Ўзинг ҳаж қилганмисан?», дедилар. «Йўқ», деди. «Аввал ўзингга ҳаж қил, кейин Шубрумага қиласан», дедилар.5 Шунингдек, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан онаси номидан ҳаж қилиш ҳақида сўраб: «Онам бўйнида ҳаж фарзлиги бўлган ҳолда вафот этди, мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа, онанг номидан ҳаж қилавер» деганлар.6 Демак, бу ишлар – дуо, истиғфор, садақа, ҳаж ва умра бошқалар тарафидан қилинганда маййитга манфаати етади ва «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39) оятини бу хослаб қўяди. Бир тоифа бу ҳақда ғулув кетиб: «Маййитга тирикларнинг ҳамма амалидан манфаат етади» дейди ва қорилар ёллаб, маййит учун хатми қуръонлар қилдиришади. Бундай ишларнинг ўликка ҳам, тирикка ҳам фойдаси тегмайди. Қори қироати учун ҳақ олса, унга савоб бўлмайди. Иккинчи тарафдан, бу иш бидъат, унга ҳеч қандай далил йўқ. Субҳаналлоҳ! Агар қорига бериладиган пулни садақа қилиб чиқарганида суннатга эргашган бўлар ва маййитга фойда етказган бўларди. Аммо, энди бидъат қилгани учун ўликка ҳам, тирикка ҳам манфаати етмайди ва бу суннатни тарк қилиши оқибатидир. وَاللهُ تَعالَى يَسْتَجِيبُ الدَّعَواتِ، وَيَقْضِي الْحاجاتِ. 182. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади.
Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири – у дуо қилган кишининг дуосини ижобат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Бандаларим Сиздан (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара: 186). Аллоҳ таоло Ўзига дуо қилишга буюриб, деди: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60). Аллоҳ таоло яна айтади: «(Аллоҳга олиҳаларни шерик қилиб ибодат қилишингиз яхшироқми?) ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!» (Намл: 62). Бу ва шу каби оятларда Аллоҳ таоло Ўзига дуо қилишга буюриб, дуоларни ижобат қилишини хабар берган. Бу Унинг фазлу карами, саховати ва эҳсонкорлигиданки, бандаларини дуо қилишга буюриб, Ўзи уларга ижобат қилишини айтади. Ҳолбуки, Унинг бандаларнинг дуоларига ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. Уларнинг дуога эҳтиёжлари борлигини билиб, Ўзига дуо қилишларига буюрди. Ҳадисда келадики: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот унга ғазаб қилади».7 Дуо энг катта ибодат турларидан ҳисобланади: «Дуо – айни ибодатдир».8 Ўзига дуо қилишга буюриш билан бир қаторда Ўзидан бошқага дуо қилишдан ва дуода бошқа бировни Унга шерик қилишдан қайтарди: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). «Айтинг: Мен ёлғиз Парвардигоримгагина дуо-илтижо қилурман ва У зотга бирон кимсани шерик қилмасман» (Жин: 20). «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117). Аллоҳдан бошқага дуо қилиш жоиз эмас. Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилса, мушрик бўлади. Дуо қилинувчи фаришта бўладими, пайғамбар бўладими, авлиё бўладими, фарқсиз, буларга дуо қилган одам диндан чиқарувчи катта ширк амалини қилган бўлади: «Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!» (Аҳқоф: 5). «Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар» (Фотир: 14). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар) (Сабаъ: 22, 23). Дуо икки қисмдир: Биринчиси: Ибодат дуоси. У Аллоҳ азза ва жаллага Унинг исмлари, сифатлари, феъллари билан сано-мақтов айтишдир. У зотга тасбеҳ, такбир, ҳамду сано айтган киши Унга ибодат дуоси билан дуо қилган бўлади. Иккинчиси: Сўров ва тилак дуоси. У Аллоҳ азза ва жалладан ҳожатларни раво қилишини сўраб дуо қилишдир. «Фотиҳа» сураси ҳар икки дуони ўз ичига олган, суранинг аввалги қисми то «ийяка наъбуду» (яъни, Сенгагина ибодат қиламиз)гача ибодат дуоси, қолгани то охиригача сўров ва тилак дуосидир. Уламолар айтишларича, ибодат дуоси сўров дуосини лозим тутувчи, сўров дуоси эса ибодат дуосини ўз ичига олувчидир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзига дуо қилган кишининг дуосини ижобат қилишини ваъда қилган. Баъзи бировлар: «Дуо қилдим, ижобатини кўрмадим» деганини эшитиб қоласиз. Уларга айтиш керакки: «Дуойингизни ижобат бўлишидан тўсувчи монеъни ўзингиздан қидиринг. Дуо бир сабаб, холос, натижа эса монеълар бўлмагандагина кўринади. Эҳтимол, сиз ғофил қалб билан, тил бошқа, дил бошқа ҳолда дуо қилаётгандирсиз?! Ғофил қалб билан қилинган дуо қандай ижобат қилинсин?! Ёки ҳаромдан еб-ичиб, ҳаромдан кийиниб дуо қилаётгандирсиз?! Узоқ йўл босиб, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Парвардигорим, эй Парвардигорим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», деганлар.9 Ёки гуноҳларга ботиб, қариндошлар билан алоқаларни узган ҳолда дуо қилаётгандирсиз?! Бундай одамнинг ҳам дуоси ижобат қилинмайди! Бу бир томондан. Иккинчи томондан, Аллоҳ азза ва жалла сизга нима манфаатли бўлишини яхшироқ билувчидир. У тилаган тилагингизни ўша вақтнинг ўзида бериши ҳам мумкин, кейинроққа олиб қўйиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ер юзида қай бир мусулмон гуноҳга қўл урмаган, яқинлари билан алоқасини узмаган ҳолатда Аллоҳга дуо қилар экан, Аллоҳ унга учта нарсадан бирини беради: ё сўраган нарсасини ато этади ё уни кейинроққа олиб қўяди ёки шунинг мислича ёмонликни ундан даф этади».10 Залолат аҳлининг даъвосича, дуо қилишга ҳожат йўқ, чунки бир иш агар тақдир қилинган бўлса, унинг дуога эҳтиёжи қолмайди. Тақдир қилинган иш дуо қилмасангиз ҳам албатта бўлади. Агар тақдир қилинмаган бўлса, ҳар қанча дуо қилманг, барибир ҳосил бўлмайди. Бу гап залолат ва бу Аллоҳнинг каломига зиддир. Бунга жавоб шуки, дуо билан қазо ва қадар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Тақдир қилган зот ҳам Ўзи, дуо қилишга буюрган ҳам Ўзи. Дуо бир сабаб, ато қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. Баъзи нарсалар бўладики, сабабларга боғлиқ қилиб тақдир қилинган. Агар сабабини қилсангиз, ўша ишга эришасиз. Дуо ҳам сабаблардан биридир. وَيَمْلِكُ كُلَّ شَيْءٍ، وَلاَ يَمْلِكُهُ شَيْءٌ. 183. У ҳамма нарсанинг эгасидир. Унга эса ҳеч ким эгалик қилолмайди. Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан яна бири – У ҳамма нарсанинг эгасидир, борлиқдаги ҳамма нарса Унинг мулкидир: «(Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир» (Мулк: 1), «Осмонлар ва Ер Унинг мулкидир» (Ҳадид: 2). Ҳеч нарса Унинг мулкидан ташқарида эмас, одамлар ва уларнинг қўлларидаги бор мол-мулклари Аллоҳ таолонинг мулкидир: «Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан» (Оли Имрон: 26). Ҳеч ким Аллоҳга босим ўтказишга ва Уни бирон ишга мажбурлашга қодир эмас. Чунки, ҳамма Унинг бандаси ва Унга муҳтож: «Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хохлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасас: 68), «Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча ишларни ёлғиз Ўзи тадбир қилади ва Ўзининг ҳикматига биноан жорий қилади. وَلاَ غِنًى عَنِ اللهِ تَعالَى طَرْفَةَ عَيْنٍ 184. Ҳеч ким бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан беҳожат бўлолмайди. Аллоҳ таоло беҳожат ва мақтовли зотдир. Халойиқлар ҳаммаси Аллоҳга муҳтож ва ҳеч ким Аллоҳдан беҳожат бўлиш имконига эга эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир: 15). Ҳеч ким, ҳатто бутун дунё мулки қўлида бўлган киши ҳам Аллоҳ таолодан беҳожат бўлолмайди. Подшоҳлар ҳам Аллоҳга муҳтож, бойлар ҳам Аллоҳга муҳтож. Ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳдан беҳожат эмасдир. وَمَن اسْتَغْنَى عَنِ اللهِ طَرْفَةَ عَيْنٍ، فَقَدْ كَفَرَ وَصَارَ مِنْ أَهْلِ الْحَيْنِ. 185. Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳдан беҳожат бўламан деса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади. Ким Аллоҳдан беҳожатман, Унга эҳтиёжим йўқ, деб даъво қилса, кофир бўлиб, диндан чиқади. Банда доим Аллоҳга ўзининг заифлигини изҳор қилиб туриши, ўзида бўлган куч-қувват, соғлик-саломатлик ва бойликлар билан фахрланмаслиги лозим. Чунки, барча ишлар Аллоҳ азза ва жалланинг қўлида, Аллоҳ азза ва жалладан беҳожат бўлиш имконсиз. وَاللهُ يَغْضَبُ وَيَرْضَى، لا كَأَحَدٍ مِنَ الْوَرَى. 186. Аллоҳ Таоло ғазабланади ва рози бўлади, бироқ бу сифатлар бандаларники каби эмасдир. Аллоҳ таоло ғазабланади, рози бўлади. Бу Унинг феълий сифатларидан. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100). Аллоҳ таоло бандаларидан рози бўлади, «Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир» (Тавба: 72). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди» (Фатҳ: 18). У зот субҳанаҳу ва таоло шунингдек, ғазаб ҳам қилади: «Айтинг: Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида бундан кўра ёмонроқ «савоб (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган... кимсалардир» (Моида: 60). Аллоҳ таоло Ўзига осий бўлган кишиларга ғазаб қилади: «Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93). Махлуқ-банда ҳам ғазабланади, рози бўлади. Бироқ, махлуқнинг ғазаби ва розилиги билан холиқнинг ғазаби ва розилиги ўртасида фарқ бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги ва ғазаби Унинг Ўзига лойиқ бўлган кўринишда, махлуқнинг розилиги ва ғазаби эса унинг ўзига лойиқ кўринишда бўлади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У ҳамма нарсани эшитувчи ва ҳамма нарсани кўрувчи зотдир» (Шуро: 11). Зотида ҳам, исмларида ҳам, сифатларида ҳам Унга ҳеч ким ўхшаёлмайди. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир. Улар Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари қаторида Унинг ғазабланиш ва рози бўлиш сифатларига ҳам иқрор бўладилар. Гарчи, айни сифатлар махлуқларда ҳам топилса-да, ўртадаги фарқ жуда катта: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У ҳамма нарсани эшитувчи ва ҳамма нарсани кўрувчи зотдир» (Шуро: 11). Махлуқлар ҳам кўрувчи ва эшитувчидирлар, Аллоҳ таоло ҳам Ўзини эшитувчи ва кўрувчи деб сифатлади ва оятнинг бошида: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» дедики, бу холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасида фарқ борлигига далолат қилади. Бу Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларидан маълум бўлган иш ва аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодидир. Таъвил ва залолат аҳли эса Аллоҳ таолодан исм ва сифатларни рад қилишди, бунга сабаб қилиб ўша сифатларнинг бандаларда ҳам борлигини, агар уларни Аллоҳ таолода бор дейилса, бундан бандалар билан Аллоҳ ўртасида ўхшашлик келиб чиқишини даъво қилдилар. Аслида эса, бу ҳеч қандай ўхшашликни тақозо қилмайди. Улар ўзларининг ноқис фаҳмлари билан ғазабни интиқом олиш деб, розиликни эса инъом қилиш деб таъвил қилишди. Аслида эса, Аллоҳ ва Расулига ва улардан собит бўлган нарсаларга таслим бўлиш, бу каби сафсата ва таъвилларни тарк қилиш лозим эди. Шунинг учун Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг Ўз арши узра истивоси-ўрнашиши қандайлиги ҳақида сўралганда у киши Аллоҳдан ҳаё қилиб ва қўрқиб, бошларини эгиб олдилар, сўнг бошларини кўтариб: «Истиво (нинг маъноси) маълум, қандайлиги номаълум, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш бидъат», дедилар. ونُحِبُّ أَصْحابَ رسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم 187. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз. Асҳоб ва саҳоба – саҳобий сўзининг кўплик шаклидир. Саҳобий деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришган, у зотга иймон келтириб, иймонда вафот этган кишига айтилади. Иймон келтирган, гарчи замондош бўлган эса-да, у зот билан кўришиш насиб бўлмаган кишини саҳобий дейилмайди. Нажоший бунга мисол бўлади. Саҳобий бўлиш учун у зотга иймон келтиришнинг ўзи кифоя қилмайди, балки иймонда вафот этган бўлиши ҳам шарт қилинади. Муртад бўлиш ва шу ҳолда ўлишнинг ўзиёқ саҳобийликни ҳам, бошқа амалларни ҳам ботил ва бекор қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари расуллар ва набийлардан сўнг барча умматлар ичида энг афзал ва энг яхши кишилардир. Чунки, улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш бахтига мушарраф бўлган, у зотга иймон келтирган, бирга жиҳод қилган, у зотнинг шахсан ўзларидан илм олишга муяссар бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни яхши кўрган, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг пайғамбарига саҳоба қилиб танлаган зотлардир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган зотдир» (Фатҳ: 18, 19). «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шоҳлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29). Саҳобалар энг афзал аср-замон аҳлларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асрим аҳли, сўнг улардан кейин келувчилар, сўнг улардан кейин келувчилар», деганлар.11 Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳобаликлари фазли билан энг афзал аср кишиларидир. Уларни яхши кўриш иймон аломати, ёмон кўриш эса мунофиқлик белгисидир. Аллоҳ таоло айтади: «... улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир» (Фатҳ: 29). Саҳобаларнинг ҳаммасини яхши кўриш мусулмонларга вожиб, чунки уларни Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрганлар, улар Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар, Исломни ернинг машриқу мағрибларига тарқатганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўллаб-қувватлаганлар, у зотга иймон келтириб, у зот билан нозил қилинган Нурга эргашганлар. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди шудир. Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида муҳожир ва ансорларни шундай зикр қилади: «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар - камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир. Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 8-10). Мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига нисбатан тутган ўринлари ана шундай, улар шаънига истиғфор айтадилар, Аллоҳ таолодан қалбларида саҳобаларга нисбатан бирон буғзу-нафрат қилмаслигини сўрайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари хусусида ҳам гап шу, уларда қариндошлик ҳаққи ва иймон ҳаққи бордир. Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларини дўст тутадилар. Носибалар саҳобаларни дўст тутадилар, лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини ёмон кўрадилар. Шунинг учун ҳам, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтига адоват ўрнатишгани учун ҳам улар носиба – яъни, (адоват) ўрнатувчилар, деб ном олишган. Рофизалар эса, аксинча, ўз даъволарича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтини дўст тутиб, саҳобаларни ёмон кўришади, уларни лаънатлашади, кофир санашади, айблашади. Саҳобалар ҳам фазилатда ўзаро тафовутлидирлар. Уларнинг энг афзаллари – тўртта рошид (ҳақ йўл устидаги) халифалар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар».12 Сўнг жаннат билан хушхабар берилган ўнта саҳобанинг мазкур тўрт халифадан кейин яна олтитаси: Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайд, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум ажмаъийндирлар. Сўнг Бадр жанггида иштирок этган саҳобалар, сўнг «Байъатур-ризвон» аҳлидир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади» (Фатҳ: 18). Сўнг Макка фатҳидан олдин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилар бўлиб, улар фатҳдан кейин иймон келтирган ва жиҳод қилган кишилардан афзалдирлар. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳадид: 10). Сўнгра умуман муҳожирлар, кейин ансорлардир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда муҳожирларни ансорлардан муқаддам ўринга қўйган: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Тавба: 100). «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир» (Ҳашр: 8). Сўнгра Аллоҳ таоло ансорлар ҳақида айтади: «Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса (ўлжалар) сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9). Аллоҳ таоло муҳожирларни ва уларнинг амалларини ансорлардан ва уларнинг амалларидан муқаддам қўйишлиги муҳожирларнинг афзал эканликларини билдиради. Чунки, улар ватанларини, мол-мулкларини ташлаб, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар. Бу уларнинг содиқ-чин иймонларига далолат қилади. Умумий суратда барча саҳобаларни яхши кўришимиз ва дўст тутишимиз, улар ўртасида бўлиб ўтган урушлар ҳақида ножўя сўзлар айтишдан тийилишимиз лозим. Улар ўртасида нима ишлар бўлиб ўтган бўлса, уларнинг ижтиҳодлари бўйича бўлган. Улар мужтаҳидлардир. Қай бирлари тўғри қилган бўлсалар, иккита ажрга эга бўлганлар, хато қилганлари эса битта ажрга эга бўлганлар. Ундан ташқари, уларнинг айримларидан содир бўлган хатоларга каффорат бўлиб кетувчи буюк яхшиликлари ва улкан фазилатлари бор, деймиз. Мусулмонлар уларга Аллоҳнинг розилигини сўрашлари, улар учун узр баён қилишлари, уларни ҳимоя қилишлари лозим. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шуки, улар саҳобаларнинг фазилатлари ва динда тутган ўринлари сабабли улар ўртасида бўлиб ўтган можароларга аралашмайдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Асҳобларимни сўкманглар! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ёки ярим муд садақасига ета олмайди».13 Кимда-ким саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга аралашиб, дилида баъзиларига нисбатан адоват ё нафрат тугса, у одам зиндиқ – диндан чиққан бўлади. Саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга фақат баҳс юритиш – унинг ҳақиқатини ўрганиш учун киришамиз, деган гап ҳам хатарли, жоиз эмас. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳдан саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишлар ҳақида сўралганда: «Аллоҳ таоло қўлларимизни уларнинг қонларини тўкишдан поклади, энди тилларимизни уларнинг обрўларини тўкишдан покламоғимиз лозим» деб жавоб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Асҳобларимни тинч қўясизларми, йўқми?!» деганлар.14 Хулоса шуки, биз саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган ишларга аралашмаймиз. Бу иймонимиз тақозоси, Аллоҳ учун, Унинг Расули учун, Китоби учун, мусулмонларнинг ому-хослари учун насиҳатимиз – холислигимиз тақозосидир. ولا نُفْرِطُ في حُبِّ أَحَدٍ مِنْهُمْ 188. Улардан биронталарига бўлган муҳаббатимизда ҳаддан ҳам ошмаймиз. Саҳобалардан биронталарига бўлган муҳаббатда ҳаддан ошмаймиз. Яъни, худди рофизалар ўз даъволарича, Алий розияллоҳу анҳуга бўлган муҳаббатда ғулув кетганларидек, аслида улар у кишини ҳам, бошқа мусулмонларни ҳам яхши кўрмайдилар. У киши ҳақларида ғулув кетиб, айримлари ҳатто: «Алий худодир» дейишгача борган. Бу ҳазрат Алийнинг ўзлари ҳаётлик пайтларида бўлган эди. Шунда у киши бундай даъво билан чиққанларни туттириб, чоҳга ташлаб, устларидан ўт қўйиб юборган эдилар. Ғулув – яъни муҳаббат ва улуғлашда ҳаддан ошиш саҳобалар ҳаққида ҳам, бошқалар ҳаққида ҳам муикин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда ноҳақ ғулув-тажовуз қилманг» (Моида: 77). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ғулувдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки, сизлардан олдингиларни ғулув ҳалок қилган».15 Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини яхши кўрамиз, лекин улардан биронталарига бўлган муҳаббатда ғулув кетиб, Аллоҳга шерик қилиб қўймаймиз ва Аллоҳни қўйиб, унга дуо қилиб кетмаймиз. Рофизалар ва қубурийлар шундай қилишади. Саҳобаларни яхши кўриш бу билан бўлмайди, балки уларнинг йўлларини тутиш, уларга эргашиш ва уларга Аллоҳнинг розилигини сўраб дуо қилиш билан бўлади. ولا نَتَبَرَّأُ مِن أحَدٍ مِنْهُمْ 189. Уларнинг ҳеч бирларидан воз ҳам кечмаймиз. Бу иборада саҳобалардан, хусусан Абу Бакр, Умар, Усмон розияллоҳу анҳумдан воз кечган, кўплаб саҳобаларни кофирга чиқарган рофизаларга ишора бор. Бундай қилиш уларга бўлган муҳаббатда тафрит (яъни бутунлай эътибордан соқит қилиш) бўлади. ونُبْغِضُ مَنْ يُبْغِضُهُم وبِغَيْرِ الْخَيْرِ يَذْكُرُهُمْ 190. Уларни ёмон кўрган ва номақбул сўзлар билан эслаганларни ёмон кўрамиз. Саҳобаларни ёмон кўрган одам динни ёмон кўрган бўлади, чунки улар Исломни чор атрофга етказувчилар ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шогирдларидирлар. Ким уларни ёмон кўрса, Исломни ёмон кўрган бўлади. Бу эса ундай кишиларнинг қалбларида иймон йўқлигига ва улар Исломни ёқтирмасликларига далил бўлади. ولا نَذْكُرُهُمْ إلاَّ بِخَيْرٍ 191. Ўзимиз уларни фақат яхшилик билан ёдга оламиз. Юқорида айтиб ўтилганидек, улар ўрталарида юз берган можаролар ҳақида баҳс юритишдан тийилиш, уларни фақат яхшилик билан тилга олиш лозим. وحُبُّهُمْ دِينٌ وإِيمانٌ وإحْسانٌ، وبُغْضُهُمْ كُفْرٌ ونِفاقٌ وطُغيانٌ 192. Уларни яхши кўриш дин, иймон ва эҳсондир, уларни ёмон кўриш эса куфр, нифоқ, ҳаддан ошишдир. Бу – ақиданинг мусулмонлар билиши лозим бўлган катта асосларидан биридир. Яъни, саҳобаларни севиш, уларнинг қадрларини билиш лозим. Чунки, бу иймондан саналади. Уларни ёмон кўриш ёки улардан биронталарини бўлса ҳам ёмон кўриш куфр ва мунофиқлик белгисидир. Зотан, уларга бўлган муҳаббат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатдан келиб чиқади, уларни ёмон кўриш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўришдан келиб чиқади. ونُثْبِتُ الْخِلافَةَ بَعْدَ رَسولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَوَّلاً لِأَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، تَفْضِيلاً لَهُ وَتَقْدِيماً عَلَى جَمِيعِ الْأُمَّةِ، ثُمَّ لِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، ثُمَّ لِعُثْمانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، ثُمَّ لِعَلِيّ بْنِ أبِي طالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، وَهُمُ الْخُلَفَاءُ الرَّاشِدُونَ وَالْأَئِمَّةُ الْمُهْتَدُونَ. 193. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг халифаликни умматнинг энг афзал ва муқаддам вакили Абу Бакр Сиддиққа, сўнгра Умар ибн Хаттобга, сўнгра Усмонга, сўнгра Али ибн Абу Толибга исбот қиламиз (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин). Шу зотлар рошид (ҳақ йўл устида бўлган) халифалар ва ҳидоятли раҳбарлардир. Саҳобалар ҳаққида мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган муҳаббат ва дўст тутиш, уларни ёмон кўрмаслик, уларни ёмон кўрганларни ёмон кўриш, улар ўртасида бўлиб ўтган можароларга киришмаслик каби ишларни айтиб ўтгач, муаллиф энди Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги халифалик масаласига тўхталади. Халифалик ушбу матнда санаб ўтилган кўринишдадир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирги кунларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни намозга имом қилиб ўтказганлар. Бу эса у кишининг халифа бўлишларига ишора эди. Шунинг учун саҳобалар у кишига байъат берарканлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни динимиз учун танлаган эдилар, биз дунёмиз учун нега танламайлик?!», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳижратдан олдин ҳам, кейин ҳам Исломга улкан хизматлари сингган. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифаликка энг муносиб киши эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин у кишининг аҳду қарорлари билан Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу вафотларидан олдин тайин қилган жаннат билан хушхабарланган ўн кишидан иборат шуро (маслаҳат, кенгаш) эгалари ихтиёри билан Усмон розияллоҳу анҳу халифа қилиндилар. Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Алий розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Халифалик тартиби шудир. Кимда-ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалик Алий розияллоҳу анҳу ҳақлари эди, деса у одам адашган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва мусулмонлар ижмоъсига хилоф чиққан бўлади. Шиъалар халифалик Алий розияллоҳу анҳунинг ҳаққи эди деб даъво қилишади ва у кишини умматга васий (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан халифаликка васият қилинган) деб номлашади. Бундан асли ғаразлари уммат ўртасида фитна оловини ёқишдан бошқа нарса эмас. Улар саҳобалардан кўра фикрда тўғрироқ одамлар эмас. Шиъалар саҳобаларни золимлар деб аташади ва Қуръонда келган ҳар қандай айбли сифат эгалари улар наздида саҳобалар бўлиб, улар саҳобаларни золимлар, кофирлар, адашганлар деб сифатлашади. Шу боис ҳам уламолар ҳеч бир киши уларнинг даъволаридан таъсирланиб қолмаслиги учун халифалик тартиби ҳақидаги гапларни ақида китобларига киритадиган бўлганлар. Халифаларнинг мазкур тартиби аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида ҳақдир. Чунки, буни саҳобалар тартиблаганлар ва унга ижмоъ-иттифоқ қилганлар. وأنَّ الْعَشرةَ الذِين سمَّاهُمْ رسولُ اللهِ صلّى الله علَيه وسلّم وبشَّرَهُمْ بِالْجَنَّةِ، علىَ ما شَهِدَ لَهُمْ رسولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم، وقَوْلُهُ الْحَقُّ، وهُم : أبو بكرٍ ، وعُمَرُ، وعُثمانُ، وعلِيٌّ، و طَلْحةُ، و الزُّبَيرُ، و سَعْدٌ، و سَعِيدٌ، و عبدُ الرَّحمنِ بنُ عَوْفٍ، و أبو عُبَيدةَ بْنُ الْجَرَّاحِ و هُوَ أَمِينُ هذِهِ الأمَّةِ، رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ أجْمَعين. 194. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларини айтиб, жаннат башоратини берган ўн кишининг жаннатий эканларига биз ҳам гувоҳмиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари айни ҳақиқатдир. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саид, Абдурраҳмон ибн Авф ва умматнинг энг омонатдор кишиси Абу Убайда ибн Жарроҳдир. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Мазкур ўн киши жаннатий эканига гувоҳлик берилган кишилардир. Абу Убайда розияллоҳу анҳуни бу умматнинг энг омонатдор кишиси деб сифатланишига сабаб шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажрон аҳли билан шартнома тузиб, уларга жизя (тўлов)ни фарз қилганларида улар у зотдан бирон омонатли кишини улар ҳузурига юборишларини сўрадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга ҳақиқий омонатдор кишини юбораман», дедилар ва Абу Убайдани танлаб, юбордилар.16 وَمَنْ أَحْسَنَ الْقَوْلَ في أصْحابِ رَسولِ اللهِ صلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ، وَأَزْواجِهِ الطَّاهِراتِ مِنْ كُلِّ دَنَسٍ، وَذُرِّيَّاتِهِ الْمُقَدَّسِينَ مِنْ كُلِّ رِجْسٍ, فَقَدْ بَرِئَ مِنَ النِّفاقِ. 195. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари, покиза аҳли-аёллари ва ҳар қандай ёмонликдан пок зурриётларини фақат одоб билан тилга олган киши ўзини нифоқдан сақлаган бўлади. Саҳобалар ҳақларида уммат зиммасига вожиб бўлган нарсаларни айтиб ўтилгач, энди Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари – яъни хонадон аҳллари ҳақида сўз юритилади. Аҳли байтнинг энг биринчи аъзолари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидир. Зеро, Аллоҳ таоло уларга хитобан айтганки: «(Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди холос» (Аҳзоб: 33). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари, яъни Аббос хонадони, Абу Толиб хонадони, Ҳорис ибн Абдулмутталиб хонадони ҳам аҳли байтдан саналади. Рофизалар Оиша розияллоҳу анҳо ҳақларида бўҳтон сўзлар айтиб, у зотни Аллоҳнинг Ўзи ундан поклигини эълон қилган айб билан сифатлашади. Бу эса Аллоҳ таолони ёлғончи қилиш ва Аллоҳ таолони Ўзининг пайғамбарига нолойиқ бўлган аёлни жуфти ҳалол қилиб танлаган, деб сифатлаш бўлади. Бу эса Аллоҳга кофир бўлиш саналади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» (Нур: 26) деган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам покизадирлар, у зотга Аллоҳ таоло фақат покиза жуфти ҳалол танлагандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зурриётлари – у зотнинг фарзандлари ҳамда қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг авлодлари, яъни Ҳасан, Ҳусайн ва бу иккисининг авлодларидир. وعُلَماءُ السَّلَفِ مِنَ السّابِقِينَ، وَمِنْ بَعْدِهِمْ مِنَ التّابِعِينَ – أَهْل الْخَيْرِ وَالْأَثَرِ، وَأَهْل الْفِقْهِ وَالنَّظَرِ- لا يُذْكَرُونَ إلاَّ بِالْجَمِيلِ، وَمَنْ ذَكَرَهُمْ بِسُوءٍ فَهُوَ عَلَى غَيْرِ السَّبِيلِ. 196. Саҳоба ва тобеинлардан ҳамда улардан кейин ўтган салаф уламолари – хайр ва асар, фиқҳ ва назар олимлари (яъни ҳадис уламолари) - фақат яхши ном билан тилга олинишлари лозим. Уларни ёмон сўз билан тилга олган кимса ҳақ йўлда эмасдир. Муаллиф раҳимаҳуллоҳ саҳобалар ва аҳли байтнинг мусулмонлар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларини, уларга нисбатан муҳаббат ва дўст тутиш, ҳеч бирларини камситиш билан тилга олмаслик лозимлиги тўғрисида айтиб ўтгач, фазилатда улардан кейинги ўринда турувчи уламолар ҳақида сўз юритадилар. Бу уммат уламолари даража ва фазлда саҳобалардан кейинги ўринда турадилар. Чунки, улар пайғамбарларнинг ворисларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деганлар.17 Олимлардан мурод – аҳли сунна вал-жамоа уламоларидир. Асар, фиқҳ ва назар илми олимларидан мурод – ҳадис илми уламоларидир. Уламолар икки қисмдирлар: Биринчи қисм: Асар уламолари, яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини (ҳадисларини) тўплаш, асраш ва ҳимоя қилишга бел боғлаган, уларни умматга соф ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай айтган бўлсалар ўшандай ҳолда етказиб берган, ҳар қандай ёлғон ва тўқима сўзларни фош қилиб, уларни саҳиҳ ҳадислардан четлатган муҳаддис уламолар бўлиб, уларни ривоят уламолари ҳам дейилади. Иккинчи қисм: Фуқаҳолар, яъни фиқҳ имли уламолари бўлиб, улар далиллардан ҳукмлар чиқарган, уларнинг фиқҳини баён қилиб, шарҳлаган, одамлрга тушунтириб берган олимлардир. Уларни дироят уламолари ҳам дейилади. Уламолар ичида ҳар икки илмни ўзида жамлаган зотлар ҳам бор бўлиб, уларни муҳаддисларнинг фақиҳлари дейилади, Имом Аҳмад, Имом Молик, Имом Бухорий каби. Барча уламоларнинг фазилатларини тан оламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг сўзимни эшитиб, уқиб олган ва уни қандай эшитган бўлса, шундай ҳолда ўзгаларга етказган кишини Аллоҳ кўркам-чиройли қилсин»18, деб дуо қилганлар, уларни мақтаганлар. Уламолар Аллоҳ таоло уларнинг зиммаларига юклаган дин ва ақидани ҳимоя қилиш вазифасини чиройли ўтадилар, аҳкомларни, мерос тақсимотларини, ҳалол ва ҳаромни баён қилиб бердилар, Китобу Суннатни тушунтириб берувчи китоблар ёздилар, умматга уларнинг муаммоларини ҳал қилиб берувчи улкан мерос қолдирдилар. Фиқҳ икки қисмдир: Биринчи қисм: Катта фиқҳ, яъни ақида фиқҳидир. Иккинчи қисм: Амалий фиқҳ, яъни амалий ҳукмларни англаш-ўрганиш бўлиб, у аҳамият жиҳатидан катта фиқҳдан кам эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам удамоларнинг фазилатлари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир».19 Чунки, олимнинг манфаати ўзигагина чекланмасдан, бошқаларга ҳам ўтади. Бир ривоятда: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг энг қуйида бўлганларингиздан афзаллигим кабидир»20 деганлар. Уламолар айрича ҳурмат-эҳтиромга сазовордирлар. Уларни камситиш ва таън етказиш асло жоиз эмас. Ҳатто, баъзиларидан ижтиҳодий хатолар содир бўлган бўлса ҳам, бу уларни айблашга важ бўлолмайди. Чунки, улар ҳақни топиш учун ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр, агар ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйса, унга битта ажр бор», деганлар.21 Бу – уламолар ҳақидаги гап, ўзини олим санаганлар ҳақида эмас. Чунки, ундайлар ўзлари яхши билмаган нарсаларга аралашишга ҳақли эмаслар. وَلاَ نُفَضِّلُ أَحَداً مِنَ الْأَوْلِيَاءِ عَلَى أَحَدٍ مِنَ الْأَنْبِيَاءِ عَلَيْهِمُ السَّلامُ، وَنَقُولُ: نَبِيٌّ واحِدٌ أَفْضَلُ مِنْ جَمِيعِ الْأَوْلِياءِ. 197. Ҳеч бир авлиёни бирор пайғамбардан устун санамаймиз, балки биргина пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз. Авлиё – валийнинг кўплиги бўлиб, валийлик яқинлик ва муҳаббат маъносидадир. Валийлар ёки авлиёлар Аллоҳ таолога яқин ва муҳаббатли зотлардир. Улар Аллоҳга яқинликлари сабабли ва Аллоҳ таоло уларни яхши кўргани учун валий деб номланганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222), «Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195). Аллоҳ таоло валийлар – яъни Ўзининг дўстлари кимлигини баён қилиб айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) тақво қилувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63). Демак, валийда иккита сифат – иймон ва тақво жамланган бўлиши лозим. Одамлар муҳаббат ё нафратга сазовор бўлиш жиҳатидан уч қисмга бўлинадилар: Биринчи қисм: Аллоҳнинг чин дўстлари – фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ мўминлар. Иккинчи қисм: Аллоҳнинг ҳақиқий душманлари – мушрик, кофир ва (катта нифоқ билан) мунофиқ бўлган кимсалар. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!» (Мумтаҳана: 1). «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да — дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22). «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51). Учинчи қисм: Бир жиҳатдан яхши кўриладиган, иккинчи жиҳатдан ёмон кўриладиган одам – маъсиятга берилган мусулмон киши. Уни тоат-ибодати миқдорича яхши кўрилади, маъсияти миқдорича ёмон кўрилади. Ҳар бир мусулмон киши ўзида бўлган иймони миқдорига қараб Аллоҳга дўст бўлади. Ким иймон ва тақвоси бўлмаган ҳолда валийликни даъво қилса ёки унга валийлик нисбати берилса, у ёлғончи ва дажжолдир. Баъзан сеҳргарлар, фолбинлар, кўзбўямачилар ва башоратчилар авлиёлик даъво қилишади. Шайхулислом «Раҳмоннинг дўстлари ва шайтоннинг дўстлари ўртасидаги фарқ» деб номланган китоб ёзган ва унда валийлик даъво қилиб, одамларга «каромат» кўрсатадиган кимсаларнинг шайтоний ишларини баён қилган. Аллоҳнинг валийлари – дўстларини дўст тутиш, севиш, уларга эргашиш ва яқинлашиш лозим бўлади. «Ҳеч бир авлиёни бирор пайғамбардан устун санамаймиз» деган иборада сўфийларга раддия бор. Сўфийлар авлиёлар борасида ғулув кетиб қолишган, улар наздида авлиёлар пайғамбарлардан афзал саналади. Уларнинг шоири айтганидек: (шеър мазмуни) «Набийлик мақоми расулдан юқорироқ ва валийдан пастроқ ўриндир». Бу очиқ куфрдир. Чунки, энг афзал зотлар расуллар, сўнг набийлар, сўнг валийлардир. Сўфийлар валийни набийдан муқаддам қўйишларига сабаб – уларнинг даъвосича – валий Аллоҳдан бевосита қабул қилади, набий эса билвосита қабул қилади. «Биргина пайғамбар жамики авлиёлардан афзал деймиз». Албатта, шундай. Одамзот яратилганидан тортиб то қиёматгача барча авлиёлар биттагина пайғамбарга тенг келмайдилар. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасидир. وَنُؤْمِنُ بِما جاءَ مِنْ كَراماتِهِمْ، وَصَحَّ عَنِ الثِّقاتِ مِنْ رِواياتِهِمْ . 198. Уларнинг (яъни авлиёларнинг) кароматлари тўғрисида ишончли кишилар орқали етиб келган саҳиҳ ривоятларни тасдиқлаймиз. Бу – яъни, кароматлар мавзуси катта баҳс ўрнидир. Каромат – одатдан ташқари, ғайриоддий иш бўлиб, у агар пайғамбардан содир бўлса, мўъжиза дейилади, Қуръон мўъжизаси каби. Зеро, инсу жиндан ҳеч бири Қуръонга тенг келувчи нарсани олиб келишга қодир бўлмаган. У энг катта мўъжиза. Ёки бўлмаса, Мусо алайҳис-саломга берилган асо ва тўққиз аломат мўъжизаси, Ийсо алайҳис-саломга ато этилган ўликларни тирилтириш мўъжизаси ҳам шу турга киради. Агар ғайриоддий иш солиҳ мўмин кишининг қўлида содир бўлса, у унинг ўзи томонидан бўлмай, балки Аллоҳ томонидан унга берилган кароматдир. Ғор эгалари билан ёки Марям билан юз берган ҳодиса каби. «Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди» (Оли Имрон: 37). Марям алайҳас-салом ибодатхонасида Аллоҳга ибодат билан машғул экан, унга ризқ ўзи келарди. Шунингдек, бу умматнинг солиҳ зотларида ҳам кўплаб кароматлар содир бўлган. Бу ҳақда шайхулислом юқорида номи ўтган китобда баён қилган. Аммо ғайриоддий иш агар фолбин ё сеҳргарда содир бўлса, бу шайтоний иш бўлиб, имтиҳон ва синов юзасидан унга берилган бўлади. Баъзан ҳавода учиши, сув устида юриши ёки шу каби одатий, бўлмаган ишларни қилиб кўрсатиши мумкин. Буни шайтоний амаллардан деб кўрилади. Кароматни бошқа нарсадан ажратиш йўли шуки, агар ғайриоддий иш Исломга мувофиқ бўлиб, солиҳ мўмин кишидан содир бўлса, каромат бўлади, акс ҳолда у шайтонлар ёрдамида амалга оширилган шайтоний амал бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, эсланг: Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган Кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз), дер». Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Парвардигоро, бизлар бир биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик», дейишади» (Анъом: 128). Яъни, жин одамзотдан уни ўзига итоат қилдириш ва бўйсундириш билан фойдаланди, инсон эса жиндан ўзи истаган баъзи хабарларни олиш ва уни ўзига хизмат қилдириш учун фойдаланди. «Аллоҳ айтур: «Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳнинг хоҳиши билангина (чиқишингиз мумкин)». Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим соҳибидир. Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом: 128, 129). Шайтоний ғайриоддий ишлар билан каромат ўртасидаги фарқ шу, яъни иймон ва амали солиҳ. Аҳли сунна вал-жамоанинг фикри шудир. Бошқа тоифаларда бундай ғайриоддий ишларни тушунишда кўп янглишишлар бўлди. Муътазилалар ва уларга ўхшаган ақлонийлар (яъни, ақлни нақлдан устун кўрувчилар) ҳозирги пайтгача ҳам кароматларни инкор қилишади, уларнинг баъзи ҳаддан ошганлари ҳатто айрим мўъжизаларни ҳам инкор қилишади ва уларнинг ақлга тўғри келмаслигини рўкач қилишади. Иккинчи бир тоифа – қубурийлар ва сўфийлар эса кароматларни исботлашда ғулув кетиб, ҳатто уларни шайтоннинг дўстлари учун ҳам исботлашди. Улар ҳатто намоз ўқимайдиган, рўза тутмайдиган кимса тарафидан ғайриоддий иш – шайтоний амал содир бўлса, шуни ҳам каромат сифатида талқин қилишади. Айрим қубурийлар валийлар хусусида ғулув кетиб, ҳатто уларни Аллоҳга шерик ҳам қилиб қўйишади. Шаъронийнинг «Табақотул-авлиё» деб номланган китобида ажойибу ғаройиб гаплар ва ботил ҳикояларни кўриш мумкин. Валий улар наздида шаръий таклифотлардан хориж ва ибодатга эҳтиёжи йўқ, деб тасвирланади. Ҳар қанча солиҳ ва обид бўлмасин, ҳеч ким ҳеч қачон бандаликдан чиқиб кетолмайди, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам, авлиёлар ҳам бундан мустасно эмас. Ҳатто пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳни энг танувчироғингиз ва Ундан энг тақво қилувчироғингиз бўлишни умид қиламан», деганлар. Ваҳоланки, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятнинг саййиди, бутун ер юзида то қиёмат яшаб ўтувчи кишиларнинг энг яхшиси эдилар. Шундай зотга Аллоҳ таоло: «То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99) деб буюрди. Бирон киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам етган даражага етган эмас. Ана шундай зот ҳам Аллоҳга бандаликдан хориж бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Ийсо Масиҳ алайҳис-салом ҳақида айтади: «Масиҳ ҳам, Аллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак. Ана ўшанда иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларнинг мукофотларини комил қилиб бериб, яна Ўз фазлу карамидан қўшимча ҳам қилур. Аммо ор қилган, кибру ҳаво қилган кимсаларни эса аламли азоб билан азоблайди ва улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор тополмаслар» (Нисо: 172, 173). Бу ҳам яхши билиб олиш лозим бўлган катта мавзулардан биридир. وَنُؤْمِنُ بِأَشْراطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجّالِ 199. Қиёмат аломатларидан бўлган Дажжолнинг чиқишига иймон келтирамиз. Қиёмат аломатларидан мурод – қиёматнинг яқинлашиб қолганига далолат қилувчи аломат-белгилардир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар энди фақат тўсатдан (Қиёмат) Соати келиб қолишинигина кутмоқдалар. Дарвоқе унинг аломатлари келди» (Муҳаммад: 18). Яъни, қиёмат соати тўсатдан келадики, унинг аниқ вақтини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (Аъроф: 187). Жибрил алайҳис-салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг» деганларида у зот: «У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билувчи эмас», деганлар. «Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг», деганларида «(Унинг белгилари шуки) чўри ўзининг ҳўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз», деб жавоб берганлар.22 Уламолар қиёмат аломатларини уч қисмга бўладилар. Биринчи қисм: Кичик аломатлар. Улар бўлиб ўтди. Иккинчи қисм: Ўртача аломатлар. Улар ҳозирги даврларда ҳам кўриниб келаётган аломатлардир. Саноат ва алоқа (коммуникация)нинг ривожланиши, ердаги хазина ва конларнинг чиқариб олиниши, шаҳарларнинг бир-бирига яқинлашуви ва дунёнинг улкан бир шаҳарга ўхшаб қолаётгани, яҳудларнинг Дажжол чиқишини кутиб Фаластинда тўпланишлари, у ерда юз беражак улкан жангга кўрилаётган тайёргарликлар шулар жумласидан. Учинчи қисм: Катта аломатлар. Дажжолнинг чиқиши, Ийсо алайҳис-саломнинг тушиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, куннинг ботиш томондан чиқиши каби. Булардан биттаси зоҳир бўлса, қолганлари ҳам бирин-кетин содир бўлади. Дажжолнинг чиқиши – катта аломатларнинг биринчисидир. У яҳудлардан бўлади ва худолик даъво қилади, ғайриоддий шайтоний амаллари билан одамларни ўзига оғдиради. У буюрса, осмондан ёмғир ёғади, унинг буйруғи билан ер ўзининг хазиналарини ва набототларини мўл-кўл чиқаради. Дажжол энг катта фитнакор (яъни одамларни чалғитиб, йўлдан тойдирувчи) кимса бўлади. Жуда кўпчилик унинг фитнаси билан алданади. Унинг ўз жаннати ва дўзахи бўлади, у Макка ва Мадинадан бошқа барча диёрларга киради. Бу фитна мўминни кофирдан ажратиб беради. Уни Дажжол масиҳ дейилади. Дажжол – каззоб маъносида бўлиб, кўп ёлғон гапирадиган бўлгани учун шундай номланган. Масиҳ деб номланишига бир неча сабаблар зикр қилинган. Улардан бири – Аллоҳ таоло унга шамолдан ҳам тезроқ кўчиб юрувчи восита ато этгани ва у ер юзида елдек бир жойдан бошқасига кўчиб юргани учун масиҳ - учқур, деб номланган дейилади. Кўзи мамсуҳ (яъни кўзининг ўрни теккис) ва ғилай бўлгани учун шундай номланган ҳам дейилади. Уни залолат масиҳи деб ҳам айтилади. Дажжол чиқиб, яҳудларни ўзига эргаштиради ва у сабабли мусулмонларга улкан фитналар ҳосил бўлади. Ўтган ҳар бир пайғамбар борки, умматини ундан огоҳлантирган. Ундан энг кўп огоҳлантирган зот пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Чунки, у зот сўнгги пайғамбар, умматлари охирги ва Дажжолга замонаси энг яқин умматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намознинг охирги ташаҳҳудидан сўнг тўрт нарсадан: жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан, масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ тилашга буюрганлар.23 Зеро, унинг фитнаси ғоят улкан ва ёмонлиги ўта қаттиқдир. Сўнгра Ийсо алайҳис-салом осмондан тушиб келиб, Дажжолни (Фаластиндаги) «Луд» дарвозаси олдида ўлдирадилар ва мусулмонларни унинг ёмонлигидан қутқарадилар. Сўнг Ийсо алайҳис-салом Ислом ҳукми билн ҳукм юритадилар, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъ бўладилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг пайғамбар бўлмайди, у зотнинг шариатлари сўнгги шариатдир. Сўнг Яъжуж ва Маъжуж деган бир қавм чиқади, улар ҳам жуда катта фитнадир. Аллоҳ таоло айтади: «То Яъжуж ва Маъжуж (тўғони) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар» (Анбиё 96). Яъжуж ва Маъжуж бир махлуқотнинг номи бўлиб, улар Искандар Зулқарнайн замонида тоғ ортида яшашар, бузғунчиликлари сабабли икки тоғ ўртасига Искандар эритилган темирдан баланд девор-тўғон қуйиб, уларни тўсиб, ажратиб ташлаган эди. Аллоҳ таоло айтади: «Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир эмаслар» (Каҳф: 97). Бироқ, Аллоҳ Яъжуж ва Маъжужни чиқади, деб ваъда қилган вақти келганда, у тўсиқни теп-текис қилиб қўяди ва улар чиқиб келиб, оламда қирғинбарот урушлар қилишади. Ҳеч ким уларга бас келолмайди. Сўнг Аллоҳ таоло уларни бир соатда ҳалок қилади. وَنُزُولِ عِيسَى ابِنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلامُ مِنَ السَّماءِ 200. Ийсо ибн Марям алайҳис-саломнинг осмондан тушишлари ҳам Қиёмат аломатларидан эканига иймон келтирамиз. У кишининг масиҳ (силовчи) деб номланишларига сабаб шуки, майиб-мажруҳ ва беморларни силасалар Аллоҳ уларга шифо берарди. У кишини ҳидоят масиҳи ҳам дейилади. Охирзамонда осмондан тушишлари мутавотир бўлиб, буни инкор қилган киши кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта (Ийсо Қиёмат) Соати ҳақидаги билим-аломатдир» (Зухруф: 61). Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир аҳли Китоб ўлими олдидан унга (яъни Ийсога) албатта иймон келтирур. Қиёмат Кунида эса у буларнинг зарарига гувоҳ бўлур» (Нисо: 159). Бу охирзамонда юз беради. Чунки, Ийсо алайҳис-салом тирик ва осмондалар, ўзларига топширилган вазифани тўла-тўкис адо этганларидан сўнг – Дажжол ва тўнғизни қатл қилганларидан, жизяни (яъни ғайридинлар тўлайдиган солиқни) бекор қилганларидан ва Ислом билан ҳукм юритганларидан сўнг вафот этиб, ерга дафн этиладилар. وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِها, 201. Қуёшнинг кунботар тарафдан чиқишига иймон келтирамиз. Қуёш бўйсундирилган, Аллоҳнинг амри билан ҳаракатланади, машриқдан чиқиб, мағрибга ботади. Замон охирлаб, қиёмат соати келганида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга мағриб томондан чиқишга амр этади ва бу қиёмат қоим бўлгани аломати бўлади. Қуёш ботиш тарафидан чиққач, Аллоҳ таоло тавба қилган одамнинг тавбасини қабул қилмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Парвардигорингизнинг (бирон азоби) келишини, ёки Парвардигорингизнинг оятларидан — Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутувчилармиз!» (Анъом: 158). У кунда кофир ҳам мусулмон бўлади, лекин Аллоҳ унинг исломини қабул қилмайди, у куни осий тавба қилади, бироқ тавбаси мақбул бўлмайди. وَخُرُوجِ دَابَّةِ الأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِها. 202. Доббатул арз (ер жонивори)нинг ўз жойидан чиқишига (иймон келтирамиз). Аллоҳ таоло айтади: «Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар» (Намл: 82). Бу жонивор чиққач, мўминни ҳам, кофирни ҳам белгили қилиб қўяди, яъни ҳар иккисига ўзига хос таниқли аломат-белги қўяди ва шу белги билан одамлар бир-бирини ажратиб, бири: «Эй мусулмон!» деса, иккинчиси: «Эй кофир!» дейди. Ушбу жонивор ғайриоддий тарзда одамларга гапиради. Унинг қаердан чиқиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин биз унинг Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган еридан чиқишига иймон келтирамиз. وَلا نُصَدِّقُ كَاهِناً وَلاَ عَرَّافاً. 203. Фолбинларга, башоратчиларга ишонмаймиз. Муаллиф юқорида кароматлар ва уларни шайтоний амаллардан ажратиш йўли ҳақида гапириб ўтган, шунингдек, кароматларнинг ҳақлигини, бироқ уларга суяниб қолмаслик кераклигини, қабрга топинувчи хурофотчилар даъво қилганидек авлиёларнинг дуо қилиниш ва мадад сўралишга лойиқ хос мартаба-даражалари бор деб ўйлаб қолмаслик, азиз-авлиёларга боғланиб қолмаслик лозимлигини зикр қилган эдилар. «Фолбинларга, башоратчиларга ишонмаймиз» деган иборадан каромат бошқа, фолбинлик, сеҳргарлик, кўзбўямачилик, мунажжимлик бутунлай бошқа нарса экани маълум бўлади. Фолбин ва коҳинларнинг ғайриоддий ишлари шайтоний амаллар бўлиб, улар бу ишларни шайтонларга тоат қилиш ва сиғиниш воситасида ўрганганлар ва ўзлаштирганлар. Жоҳил одамлар уларнинг бу ишларини Аллоҳга яқинликлари, яъни валийликлари сабабли юз бераётган кароматлар сифатида қабул қилишади. Бу эса жуда катта хатодир. Аслида, бу уларнинг жин-шайтонларга бўйсунишлари ва ширкда уларга мувофиқ келишлари туфайли шайтонлар ёрдамида амалга ошаётган ишлардир. Сеҳргарлар ўз сеҳрларини фақат жин-шайтонларга бўйсуниш орқалигина амалга ошира оладилар. Сеҳр шайтоннинг амалидан бўлиб, куфрдир. Сеҳргар ва кўзбўямачиларга алданиб қолмаслик, улардан нафратланиш лозим. Чунки, улар Аллоҳ ва Расулининг душманларидир. Сеҳр икки қисмдир: Биринчи қисм: Ҳақиқий сеҳр. У сеҳрланган кишининг баданига таъсир кўрсатиб, уни касалликка дучор қилади ё ақлу ҳушидан мосуво қилади ё ўлимига сабаб бўлади. У шайтоний амалдир. Иккинчи қисм: Хаёлий сеҳр, яъни кўзбўямачилик. Аллоҳ таоло айтади: «(Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди» (Тоҳа: 66). Улар ўзларини одамларнинг кўзига ғайриоддий ишлар қилаётгандек кўрсатадилар, аслида ундай бўлмайди. Ўзини қилич билан ураётгандек, мих, ойна ёки оловни ютаётгандек, ёниб турган ўт ичига кириб кетаётгандек, устидан автоулов юриб ўтаётгандек, учли михлар устида ётгандек, сочи билан автоуловни тортаётгандек, оддий қоғозларни пулга айлантириб қўяётгандек қилиб кўрсатади, ёки бўлмаса қўнғизни ўртага қўяди-да, уни сеҳр билан қўзичоққа айлантириб қўяди ва ҳоказо. Булар аслида ёлғон, алдов ва кўзбўямачиликдан бошқа нарса бўлмайди. Шунинг учун уларга алданиб қолмаслик, ишонмаслик, имкон қадар уларни фарзандларимиздан ва умуман диёрларимиздан узоқ қилишимиз лозим бўлади. Коҳин ёки фолбин – ғайбни билиш даъвосидаги кишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришларича, жин-шайтонлар осмонда фаришталарнинг сўзларига ўғринча қулоқ тутиб, улардан илиб олган гапларини фолбинга етказишади, шундан сўнг фолбин унга юзта ёлғонни аралаштириб одамларга айтади, юзта ёлғон ичидаги ўша битта рост гапи туфайли одамлар унга ишониб қолишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) айтинг: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуъаро: 221-223). Жоҳилият пайтида коҳинлар жуда кўп бўлар, ҳар бир қавмнинг ўз коҳини бўлиб, ундан илми ғойиб нарсаларни сўрашар ва унинг гапи билан амал қилишар эди. Ислом келгач, коҳинликни бекор қилди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам коҳинларга боришни ман қилдилар, «Ким коҳинга борса, қирқ кун намози қабул бўлмайди», дедилар24. «Ким фолбин ёки башоратчига бориб, у айтаётган гапларни тасдиқласа, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди», деганлар25. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан коҳинлар ҳақида сўрашганида: «Бари ботил», деб жавоб берганлар, «Уларга борманглар!» деганлар. Коҳин ёки фолбин – жин-шайтонлар воситасида ғайбни билишини даъво қилувчи киши, арроф ёки башоратчи – жин-шайтонлар воситасисиз, тахмин ва чама билан ғайбни билишини даъво қилувчи киши бўлиб, юз бераётган баъзи воқеа-ҳодисаларга қараб келажакда шундай-шундай бўлади, деб айтади. Баъзи уламолар: «Башоратчи ҳам, фолбин ҳам бир, мусулмон киши ҳар иккисини ҳам инкор қилиши ва тасдиқламаслиги лозим. Улар Аллоҳнинг дўстлари эмас, шайтоннинг дўстлари» деганлар. Бу ҳақда кенгроқ маълумотга эга бўлишни истаган киши шайхулисломнинг «Фурқон» китобига мурожаат қилиши мумкин. Мунажжим эса фалакдаги юлдузларнинг ҳолатига қараб, келажакдан хабар берадиган кишидир. Яъни, фалон юлдуз кўринса, фалон иш бўлади, фалон юлдуз ботиб кетган бўлса, фалон нарса содир бўлади, фалон буржда бахтсизлик ёки бахт бўлади, деган каби ёлғон-яшиқ гапларни гапиришади. Шайхулислом мунажжимликни «ердаги ҳодисаларни фалакдаги ҳолатларга нисбатлаш» деб таъриф беради. Бу ҳам жоҳилият ишларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматим ичида жоҳилият ишларидан тўрт нарса борки, уни тарк қилишмайди: насабларни камситиш, ҳасаб-оқсуяклик билан мақтаниш, ўликка дод-фарёд солиб йиғлаш, юлдузларга қараб ёмғир ёғишини кутиш».26 Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки, — ҳолбуки бу (қасам) агар билсангизлар шак-шубҳасиз улуғ-катта қасамдир — албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир! Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. Бас, сизлар мана шу Сўз — Қуръонга бепарволик қилурмисизлар?! Ва сизлар ёлғон санашни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!» (Воқеа: 75-82). Яъни, ўзларингизга ҳосил бўлаётган ризқни юлдузларга ва фалакдаги ҳодисаларга нисбат берасизларми?! Бу жоҳилият эътиқодидандир. Юлдузлар Аллоҳ яратган мавжудотлардан бир тури бўлиб, Аллоҳ таоло уларни яратиши остида учта ҳикмат зоҳир бўлади: Биринчиси: Улар дунё осмонига зийнатдир; Иккинчиси: Улар шайтонларга отилажак тошлардир; Учинчиси: Улар зулматли тунларда денгиз ва қуруқликларда уларга қараб йўл топиладиган ёлчи юлдузлардир. Ким шундан бошқа нарсани эътиқод қилса, унинг эътиқоди тўғри эмас. Юлдузлар борлиқдаги воқеа-ҳодисаларга таъсир кўрсатади, деб эътиқод қилган кишининг иймони ботил бўлади. Қуръонни тафаккур билан ўқисангиз, Аллоҳ таоло юлдузларнинг учта фойдасини айтганини кўрасиз. Ерда юз берувчи ҳодисаларга эса юлдузларнинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди. «Фалон ҳодисалар фалон юлдузлар таъсиридан» деган гаплар мунажжимларнинг тўқима ва ёлғонларидан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло: «(Барча) юлдуз — сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир. Албатта, бу нарсада ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир» дейди (Наҳл: 12). وَلاَ مَنْ يَدَّعِي شَيْئاً يُخَالِفُ الْكِتابَ وَالسُّنَّةَ وَإِجْماعَ الأُمَّةِ. 204. Қуръон, Суннат ва мусулмонлар ижмосига зид нарсаларни даъво қилган бирон кимсага ишонмаймиз. Чунки, булар биз суянадиган асосий далиллардир. Буларга мухолиф бўлган ҳар қандай нарса, хоҳ сўз, хоҳ амал, хоҳ эътиқод бўлсин, ботил саналади. وَنَرَى الْجَماعَةَ حَقاًّ وَصَواباً، وَالْفرْقَةَ زَيْغاً وَعَذاباً. 205. Жамоатни ҳақ ва тўғрилик деб, тафриқа-бўлинишни эса хато ва азоб деб биламиз! Биз – яъни, аҳли сунна вал-жамоа бирлашишни ҳақ, бўлинишни эса азоб, деб эътиқод қиламиз. Умматнинг ҳақ устида бирлашиши раҳмат, фирқаларга бўлинишлари азобдир. Демак, бирлашиш ва бўлинмаслик вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103). Аллоҳнинг арқони Қуръон ва Исломдир. Уммат Қуръон ва Суннат асосида бирлашиши лозим. Аллоҳ таоло бўлинишдан қайтарди ва Аллоҳнинг арқони – Қуръон асосида бирлашишга буюрди. Ҳар турли фирқалар ва ҳизбларга бўлиниш жоиз эмас, чунки тафриқа-келишмовчиликлар шундан келиб чиқади. Аллоҳ таоло Ўзининг Китоби асосида бирлашишга, фикр ва қалбларнинг тарқоқлигини улоқтиришга буюрди. Мусулмонлар дунёнинг турли қитъаларида тарқалган бўлишларига, бир-бирларидан ҳар қанча узоқ диёрларда яшаган бўлишларига қарамай, улар ҳақ устида бирлаша оладилар, қалблари бир, бир-бирларини яхши кўрадилар. Ботил аҳли гарчи бир жойда, ёнма-ён яшаса ҳам, қалблари бир-биридан узоқдир. Аллоҳ таоло айтади: «(Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир» (Ҳашр: 14). «Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 105). «Мушриклардан бўлманглар! Улар (яъни мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар» (Рум: 31, 32). «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шуро: 13). Мусулмонлар ақидаларида ҳам, ибодатларида ҳам, жамоатларида ҳам, мусулмон раҳбарга итоатларида ҳам бир бўлинмас уммат, бир жону бир тан бўлишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, бир-бирини тутиб турган бино мисол бўлишлари лозим. Бу мусулмонлар учун раҳмат бўлади, уларнинг қонлари тўкилишдан сақланади, қалбларида бир-бирига муҳаббат пайдо бўлади, жамиятларининг хавфсизлиги ҳам кафолатланган бўлади. Иттифоқликлари ортидан ризқлари ҳам мўл-кўл бўлади. Бўлиниб, бир-бирларига нафрат қилишса, ўзаро қирпичоқ бўлишса, устларига душманлар ҳукмрон бўлишига ва ўртада қонлар тўкишига сабаб бўладилар. Ихтилоф икки қисм бўлади: Биринчи қисм: Ақидадаги ихтилоф. Бу асло жоиз эмас. Чунки, ақидада парчаланиш ўзаро нафрат ва адоват келтириб чиқаради ва бирдамликка путур етказади. Мусулмонлар ягона ақидада – «Ла илаҳа иллаллоҳ»га сўзда ҳам, амалда ҳам, эътиқодда ҳам жипслашишлари лозим. Ақидада ижтиҳодга ва фикрлар хилма-хиллигига ўрин йўқ. Шундай экан, унда ихтилоф қилишга ўрин йўқ. Ақида ижтиҳодлар ва фикрлардан эмас, Китобу Суннатдан олинади. Ақидада бўлиниш худди жаҳмия, муътазила, ашъария ва бошқа адашган фирқалардан содир бўлгани каби ўзаро адоват, нафрат ва жанжалга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат бир фирқа (дўзахдан нажот топади)», дедилар. Саҳобалар: «У (нажот топувчи фирқа) кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўраганларида: «Мен ва асҳобларим тутган йўлда бўлганлар» деб жавоб бердилар.27 Демак, одамларни фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари нимага амал қилган бўлсалар, ўша нарсагина бирлаштириши мумкин экан. Иккинчи қисм: Фиқҳий ижтиҳоддаги ихтилоф. Бу ихтилоф адоват келтириб чиқармайди, чунки у далилларга одамларнинг билим ва тушунчаларидан келиб чиқиб ёндошишлари оқибатида юзага келади. Уламолар истинбот (далиллардан ҳукмлар олиш) қувватида, шунингдек илмнинг оз-кўплигида бир-бирларидан фарқли бўлганлари боис бу соҳада ихтилофлар бўлиб туради. Муайян бир раъй-фикрга таассуб бўлмаган ҳолда бу ихтилоф адоватга олиб келмайди. Саҳобалар ҳам фиқҳий масалаларда ихтилоф қилишар, бироқ бу улар ўртасида адоватни пайдо қилмас, балки ўзаро биродар бўлиб қолаверишар эди. Салафи солиҳ ва тўрт мазҳаб имомлари ҳам ихтилоф қилишган, улар ўртасида ҳам адоват бўлмаган, бир-бирларига юксак эҳтиромлари сақланиб қолган эди. Уларнинг шогирдлари ҳақида ҳам гап шу. Энди кимда-ким бировнинг раъйига таассуб билан ёндошса, шу нарса адоватга сабаб бўлади. Мусулмон киши Китобу Суннатдан бўлган далилга мувофиқ келадиган сўзларни олиши лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). Яна айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат Кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шуро: 10). Демак, ихтилофли ўринларда Китоб ва Суннатга мурожаат қилинади, далили кучли бўлган фикрни олинади. وَدِينُ اللهِ فِي الأَرْضِ وَالسَّماءِ واحِدٌ، وَهُوَ دِينُ الإِسْلامِ 206. Ерда ҳам, осмонда ҳам Аллоҳнинг дини ёлғиз Исломдир. Ислом – ягона ва шериксиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишдир. Ислом – осмондаги фаришталарнинг ва ердаги инсу жиннинг асил динидир. Унинг умумий маъноси – Аллоҳнинг тавҳидига иқрор бўлиш, Унга тоат билан бўйинсуниш ва ширкдан халос бўлишдир. Ислом – жамики ўтган пайғамбарларнинг динидир. Барча пайғамбарлар қавмларини шунга чақирганлар ва шу нарсада пайғамбарларга эргашган кишилар ҳаммаси қайси замон ва қайси маконда бўлишларидан қатъий назар, муслим, яъни Аллоҳнинг тавҳидига таслим бўлувчи ва Унга тоат билан бўйсинувчи, деб ҳисобланади. Барча пайғамбарларнинг динлари битта, шариатлари эса ўз замоналари кишиларининг ҳожатларидан келиб чиқиб, турлича бўлган. Ҳадисда айтилганидек: «Пайғамбарлар оталари бир, оналари бошқа ака-укалардир, уларнинг динлари бирдир»28. Аллоҳ таоло: «Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48), деган. Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарга ўз қавмига муносиб, уларнинг манфаатлари учун салоҳиятли бўлган шариат қилиб берар, ундан кейинги уммат учун унинг эҳтиёжларига жавоб бермайдиган қонун-қоидаларни мансух (бекор) қилар эди. Қай бир киши бир пайғамбарнинг дини мансух бўлишидан олдин ўша динда бўлган бўлса, у муслим ҳисобланади ва ўша пайғамбарнинг шариатига мувофиқ қилган ибодати дуруст саналади. Дин то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларигача мана шу тарзда давом этиб келди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилингач, аввалги динларнинг барчаси бекор қилинди ва фақат у зотнинг динлари ягона мўътабар дин бўлиб қолди. Энди ўтган динлардан бирон динда қолавериш ҳеч кимга жоиз бўлмай қолди. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари ва динлари барча махлуқотларга ва барча замону маконларга ом ва шомил қилинди. قالَ اللهُ تَعالَى: إِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللهِ الإِسْلامُ )آل عمران:19 ( وقالَ تَعالَى وَرَضِيْتُ لَكُمُ الإِسْلامَ دِيناً )المائدة: 3 ( 207. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ наздида (ягона мақбул) дин Исломдир» (Оли Имрон: 19), «Сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида: 3).
Демак, Ислом – Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилинишларидан тортиб то қиёмат барча бандаларига танлаган ва ихтиёр қилган ягона дин бўлиб қолди. وَهُوَ بَيْنَ الْغُلُوِّ وَالتَّقْصِيرِ 208. Ислом дини ғулув (чуқур кетиш) билан қосирлик (сусткашлик қилиш) ўртасидадир. Ислом – ғулув, яъни ҳаддан ошиш, чуқур кетиш билан қосирлик, яъни бепарволик ва сусткашлик қилиш ўртасида. У ўртача дин бўлиб, унда ўта қаттиқлик ва инжиқлик ҳам, ҳамма нарсага ўта бепарво ва суст қараш ҳам йўқдир. Чунки, ҳар икки тараф ҳам айб ва нуқсонли, яхшилик эса бу иккисининг ўртасидадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг» (Моида: 77). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мутанаттиълар (яъни дин ишида ўта қаттиқ йўлни тутувчилар) ҳалок бўлсин»29 деб уч марта айтганлар. Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўраганларида уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилгач, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, охирги гуноҳлари кечирилган бўлса?», дедилар. Улардан бири: «Мен кечалари доимо намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен кундузлари доимо рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар30. Чунки, бу Аллоҳ буюрмаган ўта қаттиқ йўлни ушлаш бўлур эди. Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, Аллоҳ Сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром қилиб олманглар» (Моида: 87) деб буюргач, оят давомида: «ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар!» (Моида: 87), дейди. Яъни оят ҳар икки тарафдан қайтаришни ўз ичига олган, саҳиҳ дин эса ўртададир. وَبَيْنَ التَّشْبِيهِ وَالتَّعْطِيلِ 209. У ташбеҳ билан таътил ўртасидадир. Ислом дини ақидада таътил билан ташбеҳ ўртасида. Яъни Аллоҳнинг исм ва сифатларини таътил қилиш (йўққа чиқариш) билан уларни махлуқотлар сифатларига ташбеҳ қилиш (ўхшатиш) ўртасидадир. Муъаттила (яъни таътил қилувчилар) Аллоҳни поклашда ғулув кетиб қолишган ва (Аллоҳнинг исм ва сифатлари бор десак, уни махлуқларга ўхшатган бўлиб қоламиз, деб) У зотнинг исм ва сифатларни рад қилишган. Мушаббиҳа (ташбеҳ қилувчилар) эса исм ва сифатларни исботлашда ғулув кетиб қолишган ва Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқларнинг сифатларига ўхшатиб қўйишган. Тўғри ақида эса бу иккисининг ўртасида. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шуро: 11). Бу – мушаббиҳага раддиядир. Оят давомидаги «У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шуро: 11) ибораси эса муъаттилага раддиядир. Биз аҳли сунна вал-жамоа эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки пайғамбари У зотга исботлаган барча исму сифатларни исботлаймиз, уларни йўққа ҳам чиқармаймиз, рад ҳам қилмаймиз, махлуқотлардан биронтасининг сифатларига ўхшатмаймиз ҳам. Балки «Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари Унинг Ўзигагина лойиқ ва муносиб бўлган сифатлардир. Гарчи мазкур сифатлардан баъзилари инсонларда ҳам бор бўлса-да, уларнинг кайфияти турличадир, зотан сифат Ўз эгасига тобеъдир» деймиз. وَبَيْنَ الْجَبْرِ وَالْقَدرِ 210. У жабрия билан қадария эътиқоди ўртасидадир.
Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кўра, Ислом жабрия ва қадария эътиқодлари ўртасида. Жабриялар қадарни исботлашда ғулув кетишиб, ҳатто бандадан ихтиёрни бутунлай олиб ташлашади, «Бандада ҳеч қандай ихтиёр йўқ, унинг барча феъл-ишлари мажбурий равишда амалга ошади, у қадар измидаги бир асбоб холос, намози, рўзаси ва бошқа барча амаллари унинг ихтиёрисиз содир бўлади, у асбоб-ускуна мисол беихтиёр ҳаракатда давом этади» дейишади. Қадариялар эса банданинг инон-ихтиёрини исботлашда ғулув кетишиб, қадарни бутунлай рад қилишади, банданинг амаллари унинг тўла ихтиёри билан амалга ошишини, унинг амаллари Аллоҳнинг хоҳиш-иродасидан хориж эканини даъво қилишади, банданинг мустақил хоҳиш-иродаси бор, у ўз феълларини ўзи яратади, бунга Аллоҳ аралашмайди, дейишади. Ҳар икки эътиқод ботил ва нотўғридир. Аҳли сунна вал-жамоа бу масалада ўрта йўлни ушлайди. Улар эътиқодича, банданинг ихтиёри ва хоҳиш-иродаси бор, у ўз ихтиёри билан амал қилади, лекин у Аллоҳнинг қазо ва қадаридан ташқарига чиқолмайди, унинг феълларини Аллоҳ яратади, у эса уларни амалга оширади, маъсиятларни ҳам, тоатларни ҳам унинг ўзи амалга оширади, тақдир қилувчи эса Аллоҳдир, шу боис у ўз гуноҳларига жазо олади, тоатлари учун мукофотланади, агар тоату маъсиятларини ихтиёрсиз қилганида эди, савобга ҳам, жазога ҳам эришмаган бўларди, мажнун ва гўдак бола, шунингдек мажбурланган одам жазога тортилмагани каби. نَ الأمْنِ وَالإِياسِ. 211. У (Аллоҳнинг макридан) хотиржамлик билан (раҳматидан) умидсизланиш ўртасидадир. Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳнинг макри ва азобидан хотиржамлик билан Унинг раҳматидан умидсизланиш ўртасида. Улар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар, Унинг азобидан, фитнаю синовларга дучор этишидан хотиржам бўлмайдилар. Улар хавф ва ражо – яъни қўрқув ва умидворлик ўртасини жамлайдилар. Зотан, пайғамбарлар ҳам мана шундай ҳолат устида бўлганлар: «Дарҳақиқат улар (яъни мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90). Улар Аллоҳнинг элчилари эди, Аллоҳдан қўрқувлари Унинг раҳматидан умидсизланишга олиб келмади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф: 87). «Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр: 56). Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик уларни Унинг макридан хотиржам бўлиб қолишга ҳам олиб келмади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 99). Пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳис-салом Аллоҳга ёлвориб: «Мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35), деди, хотиржамликка берилмади, фитнага дучор этилишдан қўрқди, чунки у ҳам бир инсон эди. Ҳеч ким «Мен солиҳ одамман» деб хотиржамликка берилиб қолмаслиги, доим хавфда туриши, шу билан бирга Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз ҳам бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб), Парвардигорларингизга қайтинглар – Унга бўйсунинглар!» (Зумар: 53, 54). Демак, инсон раҳмат сабабларини қилиши – тавба қилиши ва Аллоҳга тўла бўйсуниши лозим. Шундагина Аллоҳнинг раҳматига эришади. Аллоҳнинг раҳмати муҳсинларга яқиндир, муҳсинлик раҳматга сабабдир. Аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаби шудир. У муржиалар билан хаворижлар ўртасидадир. Муржиалар гуноҳларнинг иймонга таъсири йўқ, инсон қалби билан мўмин бўлса, қилган гуноҳлари иймонига ҳеч қандай зарар етказмайди, дейишади ва Аллоҳнинг макридан хотиржамлика берилишади, улар фикрича, амаллар иймон ҳақиқатига дохил эмас, киши ҳеч қандай амал қилмаса ҳам жаннатга кираверади. Мана шу мазҳаб сабабли дунё фасодга юз тутди, шу сабабли одамлар диндан чиқиб кетиб қолишди, «модомики, жаннатга киришимиз аниқ экан, амал қилишимизга ҳожат йўқ», деб, истаган ишларини қиладиган бўлишди. Хаворижлар эса ширкдан паст бўлган гуноҳи кабиралар сабабли кишини кофирга чиқаришади, Аллоҳ Ўзига осий бўлган кишиларга ваъда қилган ваъидини (яъни азоб ҳақида айтилган огоҳлантиришни) албатта ижро қилади, дейишади. Бунинг маъноси – ким ширкдан паст бўлган гуноҳи кабира устида ўлса, у одам дўзахда абадул-абад қолади, демакдир. Тўғри, Аллоҳ таоло осийларни азоб билан огоҳлантирган, бироқ У: «Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди ва ширкдан бўлак гуноҳларни истаган бандасидан кечиради» (Нисо: 48, 116), деб ҳам айтган. Демак, осийлар Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинадилар, истаса азоблайди, истаса кечиради. Аҳли сунна вал-жамоанинг бу масаладаги фикри шу ва бу ўрта йўлдир. Энг тўғри сўз – умидворлик ва хотиржамликка берилиш билан қўрқув ва умидсизлик ўртасини тутган аҳли сунна вал-жамоанинг сўзидир. Шунинг учун улар: «Қўрқув ва умидворлик инсонга нисбатан қушнинг икки қаноти ўрнидадир. Бир қаноти ишламай қолса қуш учолмай қулаб тушгани каби, қўрқув ва умидсизликдан бирига халал етса, инсон тўғри йўлдан тойилади», дейишади. فَهذا دِينُنا واعْتِقادُنا ظاهِراً وباطِناً, ونَحْنُ بِرَاءٌ إِلَى اللهِ مِنْ كُلِّ مَنْ خالَفَ الَّذِي ذَكَرْناهُ وَبَيَّنّاهُ. 212. Ана шу нарсалар бизнинг динимиз ва ошкору махфий эътиқодимиздир. Ушбу эътиқодга мухолиф бўлган ҳар қандай кимсадан поклигимизни Аллоҳга эълон қиламиз. Яъни, ушбу ақидада биз бошидан охиригача айтиб ўтган гаплар биз мусулмонларнинг динимиздир. Бунга мухолиф бўлган кишилардан биз покмиз. Чунки, шугина энг тўғри ақида, бундан бошқа ҳар қандай ақида нотўғри ва ботилдир. وَنَسْأَلُ اللهَ تعالَى أَنْ يُثَبِّتَنا عَلَى الإِيمانِ، وَيَخْتِمَ لَنا بِهِ 213. Аллоҳ Таолодан бизни иймонда собит қилишини ва ҳаётимизни фақат мўмин бўлган ҳолимизда хотималашини сўраймиз. Бу Аллоҳ таолога нисбатан одоб намунасидир. Муаллиф аҳли сунна вал-жамоа ақидасини баён қилиб ўтгач, унда собитқадам қилишини Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар. Зеро, инсонга ақидани ўқиб-ўрганишининг ўзи кифоя қилмайди, олим ҳам адашиши, тойилиши мумкин. Шунинг учун ҳеч ким илмига мағрур бўлмаслиги, фитналардан хотиржам бўлиб қолмаслиги лозим бўлади. Чунки, унинг илми Иброҳим алайҳис-саломнинг илмича борми?! Ўшандай зот ҳам: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин. Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар» (Иброҳим: 35, 36) деб дуо қилган. Инсон доим Аллоҳдан офият ва динда саломатликни сўрамоғи лозим. Қанча-қанча олимлар борки, тойилиб, диндан чиқиб кетишган. Амаллар хотималарига қараб баҳоланади. ويَعْصِمَنا مِنَ الأَهْواءِ الْمُخْتَلِفَةِ، وَالآراءِ الْمُتَفَرِّقَةِ، وَالْمَذاهِبِ الرَّدِيَّةِ, مِثْلَ الْمُشَبِّهَةِ, وَالْمُعْتَزِلَةِ، وَ الْجَهْمِيَّةِ, وَالْجَبْريَّةِ, وَالْقَدَريَّةِ, وَغَيْرِهِمْ، مِنَ الَّذِينَ خالَفُوا السُّنّةَ وَالْجَماعةَ، وَحالَفُوا الضَّلالَةَ 214. Суннат ва жамоатга қарши чиқиб залолатга юз тутган мушаббиҳа, муътазила, жаҳмия, жабрия, қадария каби ҳар хил фирқаларнинг турли ҳавойи йўлларидан, тарқоқ фикрларидан ва ботил мазҳабларидан Ўз фазли билан сақлашини сўраймиз. Одамларни асосан нафси-ҳаволар йўлдан оздиради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50). «Ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва дилини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Жосия: 23). Инсон нафси ҳавосига эргашишдан саломат қилишини ва хоҳиш-ҳавосига зид бўлса-да ҳаққа йўллашини Аллоҳ таолодан сўрамоғи лозим. Аллоҳ таоло яҳудлар ҳақида айтади: «Ҳар қачон бир Пайғамбар сизларга ёқмайдиган нарса (оятлар) билан келса, бировини ёлғончи деб, бировини ўлдираверасизларми?!» (Бақара: 87). Ботил мазҳаблардан мурод – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган фирқа-тоифалардир: «Бу уммат етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат бир фирқа (дўзахдан нажот топади)», дедилар. Саҳобалар: «У (нажот топувчи фирқа) кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўраганларида: «Мен ва асҳобларим тутган йўлда бўлганлар» деб жавоб бердилар.31 Мазкур фирқаларнинг ҳаммаси дўзахда бўлишига сабаб - улар ҳақдан тойилиб кетганлар, фақат битта фирқа, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари йўлини тутган кишилар дўзахдан нажот топувчи фирқадирлар. Шунинг учун ҳам уларни «нажот топувчи фирқа» деб аталади. Мушаббиҳалар – Аллоҳнинг сифатларини махлуқлар сифатига ўхшатувчилардир. Муътазилалар – Аллоҳни поклаш даъвоси билан ғулув кетиб қолишган, Унинг сифатларини йўққа чиқарган ва рад қилган тоифадир. Улар Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайднинг тобеъларидир. Бу иккиси аслида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бўлиб, у кишининг дарс ҳалқаларида иштирок этишарди. Ҳасан Басрийдан гуноҳи кабира соҳиби ҳақида сўралганда у киши Китобу Суннатга мувофиқ жавоб бериб: «У Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади, гуноҳи кабира сабабли кишини кофир саналмайди, балки уни иймони ноқис дейилади», деганларида Восил у кишининг бу гапларини инкор қилиб: «Йўқ, у икки манзил ўртасидаги бир манзилда бўлади, кофир ҳам, мусулмон ҳам бўлмайди», деб мана шу ботил мазҳабни ихтиро қилди. Ҳасан Басрийнинг мажлисидан четланиб, атрофига ўз жинсидан бўлган одамларни тўплади ва алоҳида жамоа ташкил қилди. Шу боис бу жамоа муътазила (четланувчилар) деб аталди. Жабрия ва Жаҳмиялар – Жаҳм ибн Сафвон ат-Термизийнинг32 тобеълари бўлиб, Жаҳм устози Жаъд ибн Дирҳамнинг33 йўлини ривожлантирган эди. Жаъд эса уни яҳудий Толутдан, Толут эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилган Лабид ибн Аъсамдан олган эди. Бу мазҳаб Қуръонни махлуқ дейиш билан машҳур бўлган. Уларнинг яна бир машҳур сўзлари – жабр, яъни инсон барча ишларида мажбур ва ихтиёрсиз эканлиги ҳақидаги сўздир. Улар Жаҳмга нисбат берилиб жаҳмиялар дейилади. Жаҳм бу эътиқодни Бани Умайя давлатининг охирги даврларида чиққан ва Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий томонидан қатл қилинган Жаъд номли кимсадан қабул қилган. Холид қурбон ҳайити намозида хутба қилиб: «Эй одамлар, қурбонлик қилинглар, Аллоҳ қурбонлигингизни қабул қилсин. Мен Жаъд ибн Дирҳамни қурбонлик қиламан, чунки у Аллоҳ таоло Мусо билан гаплашмаган, Иброҳимни Ўзига халил қилмаган, деб даъво қилмоқда», деди. Сўнг минбардан тушиб, уни бўғизлади. Чунки, у зиндиқ бўлган ва шу туфайли қатл қилиниши вожиб бўлган эди. Аҳли сунна вал-жамоа бу иши учун Холиддан миннатдор бўлди. Жаҳм унинг мазҳабини ривожлантирди, шунинг учун бу мазҳаб унга нисбатланиб «жаҳмия» деб аталди. У жабр ва жаҳмияликни жамлаган эди. Шоир айтади (шеър таржимаси) : «Одамларни очиқдан-очиқ дўзахга чақираётган, исми жаҳаннам сўзидан олинган шайтондан ажабланаман». Қадариялар – муътазила тоифасидан бўлиб, улар иш-амаллар банданинг мутлақ иродаси ва истак-хоҳиши самарасидир, уларга Аллоҳ аралашмайди, банда ўз феълини ўзи яратади, дейишади. Бу тоифа банданинг қудратини исбот қилишда ғулув кетди. Уларнинг бу гапларидан, Аллоҳ таоло ожиз, яратиш ва пайдо қилишда бошқалар Унга шерик бўлади, деган гап келиб чиқади. Бу эса айни мажусийларнинг сўзидир. Шунинг учун муътазилалар «бу умматнинг мажусийлари» деб ном олишган.34 Мажусийлар: «Борлиқнинг иккита яратувчиси бор, бири яхшиликларни яратувчиси, иккинчиси ёмонликларни яратувчиси» дейишади. Муътазилалар уларга қўшимча қилиб: «Ҳар ким ўзининг феълини ўзи яратади» дейишди ва бу билан Аллоҳ таоло билан бирга кўплаб яратувчиларни исбот қилишди. وَنَحْنُ مِنْهُمْ بِراءٌ، وهُم عِنْدَنا ضُلاَّلٌ وأرْدِياء, وبِاللهِ الْعِصمةُ والتَّوفِيقُ. 215. Биз улардан покмиз, бизнинг наздимизда улар адашганлар ва ёмонлардир. Фақат Аллоҳгина (гуноҳу залолатдан) асрайди ва тавфиқ беради. Биз улардан покмиз, уларни Аллоҳ учун ёмон кўрамиз ва душман тутамиз. Чунки, улар залолат ва ботил аҳлидир. Улардан юз ўгириш ва уларни ёмон кўриш, уларнинг ботил гапларига раддия бериш вожибдир. Биз «Бу фирқаларнинг ҳаммаси Исломда, шундай бўлгач уларнинг хатоларидан кўз юмиш лозим, сўз эркинлиги, фикр эркинлигига йўл бериш керак» дейдиган одамлардан ҳам покмиз. Бу хато ва уммат учун хатарли йўлдир. Сўз ва фикр эркинлиги Китобу Суннатга ва умматнинг салафлари эътиқод қилган нарсалар доирасига чекланиши лозим. Мухолиф фирқаларнинг ҳаммаси дўзахда, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг йўлини тутган фирқагина ундан нажот топади. Инсон хатодан холи эмас. Гуноҳдан сақлаш ҳам, тавфиқ ҳам, куч-қудрат ҳам Аллоҳнинг қўлида. Инсонда ўзининг нажот топишига бирон кафолат йўқ. Фақат Аллоҳдан умид қилади ва қўрқади. Шу билан аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ҳақидаги муҳим сўзларни ўз ичига олган ушбу рисола ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан уни барчамизга манфаатли қилишини, муаллифига мўл-кўл ажру савоблар ато этишини сўраймиз. Аллоҳ таоло у кишини ва бошқа барча имомларни чиройли мукофотлар билан мукофотласин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин. 1 Муслим (1631) ривояти). 2 Абу Довуд (3528), Термизий (1362) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. 3 Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродарингизга истиғфор айтингиз ва унга сабот сўраб дуо қилингиз, чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади» (Абу Довуд (3221), Ҳоким (1/370) ривоятлари, Ҳоким: «Бу ҳадис иснод шартига кўра саҳиҳ, лекин икковлари (яъни, Бухорий ва Муслим) келтирмаганлар», деган. 4 Бухорий (2760) ва Муслим (1004) ривоятлари. 5 Абу Довуд (1811), Ибн Можа (2903), Ибн Хузайма (3039) ривоятлари. 6 Бухорий (1852) ривояти. 7 Аҳмад (2/477), Термизий (3370), Ибн Можа (3827), Ҳоким (1/491) ривоятлари. 8 Абу Довуд (1479), Термизий (3369), Ибн Можа (3828) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ» деган. 9 Муслим (1015) ривояти. 10 Термизий (3390) ривояти. 11 Бухорий ва Муслим ривояти. 12 Абу Довуд (607), Термизий (2678), Ибн Можа (42) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. 13 Бухорий (3673) ва Муслим (2541) ривоятлари. 14 Бухорий шунга яқин лафз билан келтирган (3661). 15 Аҳмад «Муснад»да (1/215, 347), Ибн Можа (3029) ривоятлари. 16 Бухорий (3745) ва Муслим (2420) ривоятлари. 17 Бухорий «Китобул-илм»да, Абу Довуд (463), Ибн Можа (223), Термизий (2687) ривоятлари. 18 Ибн Можа (230, 231, 232, 3056) ривояти. 19 Термизий (2687) ривояти. 20 Термизий (2690) ривояти. 21 Бухорий (7352) ва Муслим (1716) ривоятлари 22 Бухорий (50) ва Муслим (9, 10) ривоятлари. 23 Термизий (3613) ривоят қилган ва: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. 24 Муслим (2230) ривояти. 25 Аҳмад (2/429), Ҳоким (1/8) ривоятлари, Ҳоким: «икки имомнинг шартига кўра саҳиҳ ҳадис» деган. 26 Муслим (934) ривояти. 27 Абу Довуд (4596), Ибн Можа (3991), Аҳмад (2/332), Ҳоким (1/128) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган. 28 Бухорий (3443) ва Муслим (2365) ривоятлари. 29 Муслим (2670) ривояти. 30 Бухорий (5063) ва Муслим (1401) ривоятлари. 31 Абу Довуд (4596), Ибн Можа (3991), Аҳмад (2/332), Ҳоким (1/128) ривоятлари, Ҳоким саҳиҳ санаган. 32 Залолат асосчиси, жаҳмиялар бошлиғи, заковатли ва баҳс-мунозарада моҳир эди. Сифатларни инкор қилар, бу билан ўз даъвосича, Аллоҳ таолони поклар эди, Қуръонни махлуқ дер, Аллоҳ таолони барча маконларда эканини айтар эди. 128 - ҳижрийда Бану Умайяга қарши жангда ўлдирилган (Сияру аъламин-нубала: 6/26,27). 33 Жаъд ибн Дирҳам – Умавийларнинг Шомдаги охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммаднинг устози бўлган, биринчи бўлиб «Аллоҳ таоло Иброҳимни халил қилмаган, Мусо билан бевосита гаплашмаган» деган сўзни айтиб чиққан. Мадоиний уни зиндиқ бўлганини айтади. 124 ҳижрийда Холид ибн Абдуллоҳ Қасрий қатл қилган. (Сияру аъламин-нубала: 5/433). 34 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қадариялар бу умматнинг мажусийларидир, улар касал бўлсалар кўргани борманглар, ўлсалар жанозаларида иштирок этманглар» Абу Довуд (4691) ривояти. |