Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

145-179

3195 марта кўрилган

ونَرَى الصَّلاةَ خَلْفَ كُلِّ بَرٍّ وفاجِرٍ مِنْ أهْلِ الْقِبْلَةِ وعلَى مَنْ ماتَ مِنْهُمْ

145. Қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай солиҳ ёки фожир кимса орқасида (яъни унга иқтидо қилиб) намоз ўқишни ҳамда улардан вафот этганларига жаноза ўқишни жоиз, деб биламиз.


Бунда иккита масала бор:

Биринчи масала: Намоз амал ва яхшиликдир. Одамлар, хусусан ҳокимлар уни адо қилсалар, маъруф ва яхшилик қилган бўладилар. Улар ортида намоз ўқишни тарк қилишда бирдамликнинг йўқолиши, жамоатнинг парчаланиши, қон тўкилиши каби ёмон оқибатлар келиб чиқади. Бу эса олди олиниши шарт бўлган катта хатардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: ««Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишининг ортида ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишига намоз ўқинглар!». Бу умумий айтилган гап. Шундай экан, қандай қилиб энди уларга мухолиф бўлиш ва қарши чиқиш мусулмонларнинг бирдамлигига путур етказадиган ва мусулмонлар учун ёмон оқибатлар келтирадиган ҳокимлар ортида намоз ўқимаслик керак?!

Бу аҳли сунна вал-жамоа мазҳабидир. Улар жамоат бўлиб намоз ўқийдилар, солиҳ ёки фожир бўлсин, модомики мусулмонликдан чиқиб кетмаган бўлса, ҳар қандай амир билан Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқадилар.

Бу саҳобалар давридан тортиб аҳли сунна вал-жамоанинг асл-асосларидандир, аҳли сунна вал-жамоа бўлган мусулмонларнинг ижмоъ-иттифоқлари шунгадир.

Иккинчи масала: Мусулмон кишига, гарчи у фосиқ бўлса-да, Исломдан чиқиб кетмаган бўлса, жаноза намози ўқиш. Бундай одам мусулмондир, мусулмонларга қандай муомала қилинса унга ҳам шундай муомала қилинади. Аммо агар Исломдан чиққан бўлса, унга жаноза ўқилмайди. Лекин тўғри келган одам одамларни муртадликка ҳукм қилишга ҳаққи йўқ. Фақат аҳли илмлар аҳли сунна вал-жамоанинг қоидаларига мурожаат қилиш орқали бу тўғрида ҳукм чиқаришлари мумкин. Нияти ҳар қанча яхши, мақсади ҳар қанча тоза бўлмасин, ҳар ким бунга ҳукм қилишга ҳақли эмас, ҳукм фақат чуқур илм эгаси бўлган аҳли илмлар томонидан чиқарилади.


ولا نُنْـِزُل أَحَداً مِنْهُمْ جَنَّةً ولا ناراً


146. Қибла аҳлидан ҳеч кимни жаннат ёки дўзахда, деб айтмаймиз.


Биз бирон кишига – ҳар қанча тақволи ва солиҳ бўлмасин – жаннати деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки, ғайбни билмаймиз. Шунингдек, мусулмонлардан бирон кишига – ҳар қанча кўп гуноҳлар қилган бўлмасин – дўзахи деб ҳам гувоҳлик бермаймиз. Чунки, оқибати нима билан хотима топгани ва қандай ҳолатда вафот этгани биз учун қоронғи1. Бу муайян бир шахс ҳақидаги гап. Биз фақат зоҳирини биламиз.

Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннати ёки дўзахи деб гувоҳлик берган кишилар бундан мустасно, биз ҳам уларга худди шундай гувоҳлик берамиз. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишига жаннат билан хушхабар берганлар. Улар – тўртта хулафои рошидин, Саъд ибн Аби Ваққос, Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом, Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ ва Талҳа ибн Убайдулоҳ розияллоҳу анҳум ажмаъийн.2

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳуга жаннат билан хушхабар берганлар. Ансорлардан бир кишига ҳам жаннат билан гувоҳлик берганлар. «Ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши киради» деганларида бир киши соқолидан таҳорат суви томчилаганича кириб келди, чап қўлида оёқ кийими бор эди, сўнг ҳалқага келиб ўтирди. Иккинчи куни, учинчи куни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу сўзни айтдилар, яна ўша киши кириб келди. Бу эса таъкид юзасидан эди, холос. Аслида, бир марта берган гувоҳликлари ҳам ўзи кифоя эди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо у одамнинг жаннат башорати берилишига сабаб бўлган амалини билишга қизиқиб, ортидан унга эргашди. Бироқ, унда деярли ортиқча ибодат топмади, у фарзларга риоя қилар, кечаси туриб намоз ўқирди. Тунда уйғонганида Аллоҳни зикр қилиб, тасбеҳ ва таҳлил айтарди. Абдуллоҳ унинг уйидан кетиш олдидан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай-шундай деганларини эшитиб, сизнинг амалингизни текширишга келган эдим», деди. Ҳалиги киши: «Менинг шу кўриб турганингиздан бошқа амалим йўқ», деди. Бурилиб кетаётганида чақириб: «Аммо, мен дилимда бирон мусулмонга нисбатан ғил-ғашлик сақламайман», деди. Шунда Абдуллоҳ: «Биз эплай олмайдиган иш мана шу», деди.3

Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон кишига жаннат билан гувоҳлик берган бўлсалар, биз ҳам унга жаннат билан гувоҳлик берамиз. Аммо, бошқа бировга қатъий бирон нарса дейишдан тийиламиз, лекин унга яхшилик умидида бўламиз. Шунингдек, муайян бир кофир кимсага дўзахи деб ҳукм қилишдан тийиламиз. Чунки, мумкинки у тавба қилар ва тавбаси устида вафот этар ва хотимаси яхшилик билан тугар. Лекин, унинг ҳақида хавфда бўламиз. Бу муайян шахс хусусидаги гапдир.

Аммо умумий суратда мусулмонлар жаннатда бўлади, кофирлар дўзахда бўлади, деб қатъий айтаверамиз.


ولا نَشْهَدُ عَلَيْهِمْ بِكُفْرٍ ولا بِشِرْكٍ وَلا بِنِفاقٍ، ما لمَ يَظْهَرْ مِنْهُمْ شَيْءٌ مِنْ ذلِكَ


147. Модомики, куфр, ширк ва нифоқ аломатини изҳор қилмаган бўлсалар, ундай кишиларни кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз.


Мусулмон киши аслида адолатли ҳисобланади. Ушбу улкан қоида бўйича, биз у тўғрисида ёмон гумон қилмаймиз, унинг қаршисига жосуслик қилмаймиз, ортидан пойлаб юрмаймиз, ўзи нимани изҳор қилган бўлса, шу бўйича ҳукм қиламиз. Агар у тарафидан бизга бирон нарса зоҳир бўлмаса, ёмон гумон қилмаймиз. Чунки биз одамларни синчиклаб текшириб юришга ва улар ҳақида ҳукм чиқаришга буюрилмаганмиз, Аллоҳ таоло бизни бунга таклиф қилмаган.4


ونَذَرُ سَرائِرَهُمْ إلَى اللهِ تَعالىَ .


148. Дилларидаги сирни эса Аллоҳ Таолога ҳавола қиламиз.


Улар ҳақида яхши гумонда бўламиз, дилларини эса Аллоҳ таолога топширамиз. Биз одамларнинг ички аҳволларини суриштириш ва баҳс қилишга буюрилмаганмиз. Мусулмон кишининг айбини яшириш ва у ҳақда чиройли гумонда бўлиш, мусулмонлар ўртасида ўзаро биродарлик руҳи ҳукм суриши лозим5: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).


وَلا نَرَى السَّيْفَ عَلَى أَحَدٍ مِنْ أُمَّةِ محمّدٍ صلّى الله عليه وسلّم إلاَّ مَنْ وَجَبَ عَلَيْهِ السَّيْفُ.


149. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан ҳеч кимга қарши қилич кўтаришни жоиз демаймиз. Фақат қилич билан жазоланиши вожиб бўлган кимсалар бундан мустасно.


Мусулмонни ўлдириш, унинг қонини ҳалол санаш мумкин эмас. Чунки Ислом сабабли Аллоҳ таоло унинг қонини сақлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шу (айтилган ишлар)ни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаб қоладилар – Исломнинг ҳаққи бундан мустасно – ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола».6 Ким Исломни изҳор қилса, икки шаҳодат калимасини айтган бўлса ва Исломни бузувчи ишлардан биронтаси ундан зоҳир бўлмаса, унинг қони ҳаромдир. Унга тажовуз қилиш ва қонини тўкиш жоиз бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни Минода қилган хутбаларида: «Албатта қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз ораларингизда худди ушбу шаҳрингизнинг, шу ойингизнинг ва шу кунингизнинг ҳаромлиги каби ҳаромдир», деганлар.7

Бундан ҳам қаттиқроқ гап бўлиши мумкинми?! Мўминнинг ҳурмати Аллоҳ наздида Каъбанинг ҳурматидан улуғ. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб туриб: «Сенинг ҳурматинг нақадар улуғ! Мусулмоннинг ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан ҳам улуғ», деганлар ёки шу мазмунда сўз айтганлар.8

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: турмуш кўрган зинокор, жонга жон (яъни шаръий қасос) ва мусулмон жамоадан ажралиб, диндан чиққан кимса( муртаднинг қони ҳалол бўлади)»9.

Биринчи: Турмуш кўрган зинокор; яъни саҳиҳ никоҳдан ўтиб, жуфтиҳалоли билан бир марта бўлсада жинсий алоқа қилган, ҳар иккиси оқил, болиғ, озод бўлган ҳолда зино қилган эркак ва аёл ўлгунларича тошбўрон қилинади.

Иккинчи: Бир мусулмон бошқа бир мусулмонга зулм билан тажовуз қилиб ўлдирса ва ўлдирилганнинг эгалари қасос талаб қилишса, уни ҳам ўлдирилади: «(Эй мўминлар,) сизларга ўлдирилган кишилар учун... қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), Унда (яъни Тавротда) уларга жонга жон... қасос олинади, деб ёзиб қўйдик» (Моида: 45).

Учинчи: Муртад бўлган кишининг жазоси ўлим бўлади.

Шу уч ўриндан бошқасида мусулмоннинг қони қаттиқ ҳаромдир.

Шунингдек, мусулмонларга тажовуз қилган кишилар – боғийлар гарчи мусулмон бўлсалар ҳам, уларга қарши уруш қилинади. Чунки, улар мусулмонларнинг бирдамликларини парчалашга ва уларнинг имомларига қарши чиқишга уринган бўладилар. «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар!» (Ҳужурот: 9). Уларни тажовуздан тийиб қўйиш ва мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш учун уларнинг қонлари ҳалол бўлади.

Шунингдек, йўлтўсар – қароқчиларнинг қонлари ҳам ҳалол қилинган: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси ўлдирилиш ё дорга осилиш, ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёҳуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир» (Моида: 33).

Аллоҳ таоло мана шу айтиб ўтилганларни уларнинг ёмонлик ва тажовузларини даф қилиш учун ўлдиришга рухсат берган.


وَلاَ نَرَى الْخُرُوجَ عَلىَ أَئِمَّتِنَا وَوُلاةِ أُمُورِنا


150. Халифа-имомларимизга, бошлиқларимизга қарши чиқишни жоиз демаймиз.


Бу улкан масаладир. Аҳли сунна вал-жамоанинг усулларидан бири – улар мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқишни жоиз санамайдилар: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким амирга итоат қилса, менга итоат қилибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди».10 Гарчи фосиқ бўлсалар ҳам, уларга қарши чиқиш жоиз эмас. Чунки, уларга байъат берилиб, бошлиқ деб тан олинган бўлади. Энди фосиқ бўлсалар ҳам, уларга қарши чиқишдан бирдамликнинг йўқолиши, жамоатнинг парчаланиши, тинчлик ва хавфсизликка путур етиши, кофирларнинг мусулмонлар устига ҳукмрон бўлиб олиши каби ёмон оқибатлар келиб чиқади.

Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтганидек, қайси бир қавм имомига қарши чиққан бўлса, уларнинг шундан кейинги ҳолатлари қарши чиқишдан олдинги ҳолатларидан ёмонроқ бўлган.

Ҳатто, кофирларда ҳам аҳвол шундай бўлади. Агар бошлиқларига қарши бош кўтаришса, хавфсизликларига халал етиб, жангу-жадал ва қон тўкилишлар ичида қолиб кетишади. Бу нарсани тарихлар мобайнида бўлиб ўтган қўзғолонлар мисолида кўриш мумкин. Шундай экан, мусулмон имомларга қарши чиқиш қандай дуруст бўлсин?! Ҳарчанд фосиқ бўлмасинлар, модомики диндан чиқиб кетган бўлмасалар, уларга қарши бош кўтариш жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қулоқ солингиз ва итоат қилингиз! Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)».11 Фисқ ва маъсиятлари уларга қарши чиқишни вожиб қилмайди. Хавориж ва муътазилалар даъвосича, агар бошлиқлардан фисқ ва маъсият содир бўлса, уларга қарши чиқиш лозим, бу улар наздида амри маъруф ва наҳий мункар саналади.

Муътазилаларнинг диндаги усули бешта:

  1. Тавҳид. Унинг маъноси – Аллоҳ таолодан сифатларни рад қилиш бўлиб, сифатларни исбот қиладиганлар улар наздида мушрик деб кўрилади.

  2. Адл. Унинг маъноси – қадарни рад қилиш бўлиб, қадарни исбот қилиш улар наздида Аллоҳга жабр ва зулмни нисбатлашдир, Аллоҳга адолат вожиб дейишади.

  3. Амру маъруф ва наҳий мункар. Бу билан улар мусулмонларнинг имом-бошлиқларидан куфрга етиб бормаган маъсиятлар содир бўлса, уларга қарши чиқишни тушунишади. Аслида шу ўзи мункардир, бунда ҳеч қандай маъруф йўқ.

  4. Икки мартаба ўртасидаги маратаба. Яъни, гуноҳи кабира қилган одамлар Исломдан чиқади, бироқ куфрга кирмайди, дейишади. Хаворижлар эса гуноҳи кабира эгаларини куфрга ҳукм қилишади.

  5. Ваъидни (яъни азоб ҳақида айтилган ухравий жазони) ижро қилиш. Бунинг маъноси – ким ширкдан паст бўлган гуноҳи кабира устида ўлса, у одам дўзахда абадул-абад қолади. Бундай одамнинг оқибати ҳақида булар билан хаворижларнинг фикри бир хил. Хаворижлардан фарқлари – булар икки мартаба ўртасидаги маратабага эътиқод қилишади.

Бу ҳақда уларнинг имомларидан Қози Абдулжаббор «Шарҳул-усулил-хамса» (беш усул шарҳи) деган китоб ёзган.


وَإِنْ جارُوا


151. Гарчи бизга зулм қилсалар ҳам (уларга қарши чиқишни жоиз санамаймиз).


Яъни, одамларнинг молларини тортиб олиб, ўзларини калтакласалар ёки мусулмон кишини ўлдирсалар ҳам, уларга қарши бош кўтариб чиқишни жоиз санамаймиз. Чунки, Ҳузайфа ибнул-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гарчи орқангга саваланса ҳам, молингни тортиб олинса ҳам қулоқ солиб итоат этасан. Амирингга итоат эт!», деганлар.12 Зулмларига сабр қилиш уларга қарши чиқишдан кўра енгилроқ. Чунки, уларга қарши бош кўтариш ортидан кўп фасодлар келиб чиқади. Бу эса икки зарардан енгилроғини танлаш қоидасига биноан бўлиб, аҳли сунна вал-жамоа шу қоидани ихтиёр қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳокимлар жабрига – гарчи жабру зулм қилишса ва фосиқ бўлишса ҳам – сабр қилишга буюрганлар.


ولا نَدْعُو عَلَيْهِمْ


152. Уларни дуоибад қилмаймиз.


Халифа ва бошлиқларни дуоибад қилиш жоиз эмас. Чунки, бу уларга қурол билан қарши чиқишга ўхшаш, маънавий қарши чиқишдир. Уларни дуоибад қилиш дегани волийликларини тан олмаслик демакдир. Аслида, уларга дуоибад эмас, ҳидоят ва салоҳият сўраб дуо қилиш даркор. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг қоидаларидан биридир. Кимда-ким мусулмон бошлиқларни дуоибад қилаётган бўлса, билингки, унинг ақидаси бузуқ, салаф йўлида эмас. Баъзилар буни Аллоҳ учун ғазабланиш ва ғаюрлик қилиш бобидан деб кўришади, лекин бу аслида ўринсиз ғазаб ва ғаюрлик бўлади. Чунки, бунинг оқибати ёмонликка олиб боради.

Имом Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: «Агар менинг биргина дуойим ижобат қилинишини билсам, ўшани ҳам султон ҳаққида қилган бўлардим».

Ваҳоланки, Имом Аҳмад ҳокимлар тарафидан кўп бало-имтиҳонларга дучор этилган, бироқ у кишининг уларга қарши дуо қилгани ёки улар зарарига гапиргани собит бўлмаган. Аҳли сунна вал-жамоанинг йўли шудир.

Мусулмон раҳбарларни дуоибад қиладиганлар аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида эмас. Шунингдек, уларга ҳидоят ва салоҳият тилаб дуо қилмайдиганлар ҳам бу ишлари билан аҳли сунна вал-жамоа ақидасидан бурилган саналадилар.

Баъзилар жума хутбасида мусулмон бошлиқлар ҳаққига дуо қилишни нотўғри санашади ва буни уларга хушомад, тилёғламачилик ва нифоқ деб кўришади. Субҳаналлоҳ! Мусулмон волийлар ҳаққига дуо қилиш аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби, балки бу суннатдир. Чунки, волийлар тузалса, одамлар тузалади. Сиз уларга салоҳият (тузалиш), ҳидоят ва хайр-яхшилик тилаб дуо қиласиз. Модомики мусулмон бўлсалар уларда яхшилик бўлади. Модомики шариат билан ҳукм қилсалар, ҳадларни (яъни шаръий жазоларни) қўлласалар, тинчликни сақласалар, мусулмонларни тажовуздан ва ташқи душмандан ҳимоя қилсалар, шунинг ўзи ҳам жуда катта яхшилик. Шунинг ўзи учун ҳам улар ҳаққига дуои хайр қилинса арзийди. Қилаётган фисқ ва маъсиятларининг гуноҳи ўзларига, бироқ яхшиликларидан ҳам кўз юммаслик ва тўғрилик ва салоҳият тилаб дуо қилишдан юз ўгирмаслик лозим. Аҳли сунна вал-жамоанинг йўли шу. Аммо, залолат ва жаҳолат аҳлининг мазҳаби бўйича, бу хушомад ва тилёғламачилик деб кўрилади ва уларга дуои хайр ўрнига дуоибад қилинади.

Ғаюрлик уларни дуоибад қилиш билан бўлмайди. Агар яхшилик истасанг, уларга салоҳият ва яхшилик тилаб дуо қил! Аллоҳ уларни ҳидоят қилишга ва ҳаққа қайтаришга қодир. Нима, сен уларнинг ҳидоятларидан умидни уздингми?! Бундай қилиш Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш дегани-ку! Қолаверса, улар ҳаққига дуо қилиш уларга нисбатан холислик саналади. Тамим ад-Дорий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дин - насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар.13


ولاَ نَنْـزَعُ يَداً مِنْ طاعَتِهِمْ


153. Итоатларидан бўйин товламаймиз.


Бу юқоридаги гапни таъкидлаш учун келтирилди. Ҳатто, улар тарафидан жабру зулм, ширк ё куфр даражасига етиб бормаган гуноҳу маъсиятлар содир бўлса-да, уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз, уларга қарши бош кўтариб чиқмаймиз: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Балки, мусулмонларнинг бирдамлигини асраб-авайлаш мақсадида улар билан бирга жиҳод қиламиз, жумъа ва жамоат намозларида, ийд байрамларда улар билан бирга бўламиз.


وَنَرَى طَاعَتَهُمْ مِنْ طاعَةِ اللهِ عَزَّ وجَلَّ فَرِيضَةً، مالمَ يَأْمُرُوا بِمَعْصِيَةٍ


154. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш жумласидан бўлган фарз, деб эътиқод қиламиз.


Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Демак, Аллоҳ таоло мусулмон амирларга бўйсунишга буюрди. Аммо мусулмонлар кофирга итоат қилишлари дуруст эмас: «Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (Нисо: 141). «Ўзларингиздан бўлган» дегани муслумонлардан бўлган ҳоким деганидир. Уларга итоат қилиш лозим. Аммо агар маъсиятга буюрсалар, Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда махлуққа-бандага итоат қилинмайди. Сиз ўша маъсиятда унга итоат қилманг. Бу дегани унга итоат қилишдан бутунлай бош тортинг, дегани эмас, балки айни ўша маъсиятда унга итоат қилманг, маъсият бўлмаган бошқа ишларда итоат қилаверинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Итоат фақат маъруф-яхши ишдадир».14


وَنَدْعُو لَهُمْ بِالصَّلاحِ وَالْمُعافاةِ.


155. Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.


Аллоҳ таолодан уларни ҳаққа қайтаришини ва хатоларини тузатишини сўраб дуо қиламиз, уларга салоҳият-тузалиш тилаймиз. Чунки, уларнинг тузалишлари мусулмонларнинг тузалишидир, уларнинг ҳидоятга йўлланишлари мусулмонларнинг ҳидоятларидир. Уларга етган фойда бошқаларга ҳам албатта ўтади. Улар ҳаққига дуо қилсангиз мусулмонлар ҳаққига дуо қилган бўласиз.


وَنَتَّبِعُ السُّنَّةَ وَالْجَماعَةَ، وَنَجْتَـنِبُ الشُّذوذَ والخِلافَ والفرْقَةَ.


156. Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз.


Бу – яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш аҳли сунна вал-жамоанинг улкан қоидаларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир». 15

Яъни, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашишга буюриб, бидъатдан қайтардилар. Бидъат деб диндан бўлмаган нарсани янги пайдо қилишга айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади», деганлар.16 Аллоҳга қурбат-яқинлик ҳосил қилиш мақсадида қилинадиган ҳар бир ибодат ва амалга агар Китобу Суннатдан далил бўлмаса, у бидъат саналади. Агар бидъатни қилган одамнинг мақсади шу билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш бўлса, у фақат уни Аллоҳдан узоқлаштиради, савоб олиш у ёқда турсин, азобга мустаҳиқ бўлади.

Бидъатлар жуда кўп. Бироқ, ҳар қанча кўп бўлмасин ва ким томонидан пайдо қилинган бўлмасин, уларга иқрор бўлинмайди ва амал ҳам қилинмайди. Мисол тариқасида олсак, мавлидун-набий муносабати билан ўтказиладиган йиғилишлар ҳам бидъат. Бунга Китобдан ҳам, Суннатдан ҳам, хулафои рошидиндан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши деб гувоҳлик берган афзал даврлар аҳлидан ҳам бирон далил йўқ. Бу бидъат мазкур даврлардан кейин, жаҳолат ёйилган даврларда пайдо бўлган, уни биринчи бор фотимий шийъалар пайдо қилишган. Сўнг ўзларини аҳли суннага нисбат берган жоҳил кишилар уни яхши ният билан қабул қилишган. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат деб даъво қилишади. Аслида муҳаббат бўйсуниш-эргашиш билан амалга ошади, бидъат чиқариш билан эмас:

(Шеър мазмуни:)

«Аллоҳга осий бўлатуриб яна Унинг муҳаббатини даъво қиласан. Қасамки, бу қабиҳ ўлчовдир. Агар муҳаббатинг рост бўлса эди, Унга итоат қилган бўлардинг. Зеро, ошиқ маъшуқи (истаклари)га бўйин эгади».

Чин муҳаббатнинг белгиси – тобеликдир. Бидъат чиқариш эса ёмон кўриш белгисидир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бидъатдан огоҳлантирганлар, сиз эса уни пайдо қилиб, ҳаёт бахш этяпсиз. Бунинг маъноси – сиз суннатни ёмон кўрасиз. Суннатни ёмон кўриш дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўриш дегани. Агар яхшилик истасангиз, тавба қилинг, бидъатдан тийилинг. Қайсарлик билан қаттиқ туравериш ўзингизга зиён келтиради.

Жамоадан ажралиб чиқишдан, ихтилофлашишдан ва бўлиниб кетишдан четланамиз”. Мусулмонлар жамоасининг сўз ва амалларига хилоф бўлган ишлардан четланамиз. Чунки, бу бирдамликни парчалаб, ўзаро адоватни пайдо қилади. Мусулмонлар модомики Қуръон ва Суннат йўлида юрарканлар, ихтилофли сўзлар туфайли уларнинг йўлларини тарк қилмаймиз. Ихтилофлар келтириб чиқариш жоиз эмас. Аллоҳга ҳамдалар бўлсинки, мусулмонлар ҳақни талаб қиладилар. Уларнинг ижмоълари ҳақ: «Аллоҳ таоло умматимни залолат устида жамламайди».17

Бу каби ишларда мустаҳкам туриш, унутилаёзган гап-сўз ва ишларни ковлаштирмаслик, бу ҳақда китоблар ёзиб, одамларни динларида беқарор қилмаслик лозим.

Шузуз – яъни мусулмонлар жамоасига хилоф бўлган ишларда баҳс юритиш умматни адашган ва жоҳил санаш бўлади. Ёки сизнинг илмингиз бутун уммат уламолари илмидан ортиқми, илмда улар етиб бормаган даражаларга етганмисиз?! Жаҳолат кенг ёйилган кейинги асрларда бу каби ишлар кўпинча ўзини олим санаган, аслида олим эмас, саҳиҳ ақида ва фиқҳдан дарс олмаган, ўзича ўқиб-ўрганган кишилардан содир бўлмоқда. Ундайлар Аллоҳнинг динига аслида ундан бўлмаган нарсаларни қўшиб юборишади. Бу мусибатдир. Илм ўзбошимчалик дегани эмас, унинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор.


وَنُحِبُّ أَهْلَ الْعَدْلِ وَالأَمانَةِ، وَنُبْغِضُ أَهْلَ الْجَوْرِ والْخِيَانَةِ.


157. Адолатли ва омонатдор (мўмин)ларни яхши кўрамиз, золим ва хиёнаткорларни ёмон кўрамиз.


Муҳаббат – яъни яхши кўриш қалб амали бўлиб, у икки қисмга бўлинади:

Биринчиси: Табиий муҳаббат. Инсоннинг ўз оиласи, аёли ва болаларига, ёру-дўстларига муҳаббати, шунингдек, ейиш-ичишга бўлган муҳаббати каби. Бу муҳаббат ибодатга доир ишлар ичига кирмайди.

Иккинчиси: Диний муҳаббат. Бу икки хил бўлади:

  1. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббат.

Бу – ибодат турларининг энг улуғидир. Бошқа бировни Аллоҳни севганча севиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165). Бу ибодат турларининг энг улуғидан бўлган муҳаббатда ширк келтиришдир. Шунинг учун оят давомида: Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165) дейди. Мўминлар фақат Аллоҳни севадилар. Уларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари бутпарастларнинг ўз бут-санамларига бўлган муҳаббатларидан кучлидир. Зеро, Аллоҳ муҳаббати дунё тугаши билан тугамасдан, охиратда ҳам давом этади. Бут-санамлар муҳаббати шу дунёнинг ўзида тамом бўлади, охиратда сиғинувчилар билан сиғинилувчилар ўртасида адоват зоҳир бўлади:

«(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар» (Аҳқоф: 6).

«Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонади, айримларингиз айримларингизни лаънатлайди. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир» (Анкабут: 25).

2) Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун севиш, муҳаббат қўйиш.

Бу эса Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амалларни ва Аллоҳ таоло яхши кўрадиган кишиларни яхши кўриш билан, иймон ва тақво аҳлига муҳаббат қўйиш билан ҳосил бўлади:

«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).

«Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).

Сиз ҳам уларни Аллоҳ яхши кўргани учун яхши кўрасиз. Уларнинг энг олдинги сафида малоикалар, пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳлар, сўнг барча мўминлар туради.

Бу Аллоҳ йўлидаги муҳаббат бўлиб, иймоннинг энг мустаҳкам халқаларидандир. Ҳадисда келганидек: «Иймоннинг энг мустаҳкам халқаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир»18.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши»19.

Сиз Аллоҳнинг дўстларини яхши кўрасиз, чунки уларни Аллоҳ яхши кўради. Аллоҳнинг душманларини ёмон кўрасиз, чунки Аллоҳ уларни ёмон кўради. Демак, сизнинг яхши кўришингиз ва ёмон кўришингиз Аллоҳ учун бўлди, дунё умидида эмас. Банда то Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўрмагунича, Аллоҳ йўлида дўстлашиб, Аллоҳ йўлида душманлашмагунича иймоннинг ҳаловатини топа олмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Одамларнинг биродарчиликлари асосан дунё иши устида бўлиб қолди. Бу уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди».

Аллоҳ йўлидаги муҳаббат дунё-ю охиратда сақланиб қолади, дунё йўлидаги муҳаббат эса дунёдан ўтиш билан тугаб, охиратда адоватга айланади: «У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф: 67).

Сиз бир шахсни Аллоҳ учун ёмон кўрасиз, сизга бирон ёмоник қилгани учун эмас, Аллоҳнинг душмани бўлгани учун ёмон кўрасиз. Зотан, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўриш Иброҳим алайҳис-салом миллати-динидир: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар» (Мумтаҳана: 4).

Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соясида соялантирадиган етти киши ичида «Аллоҳ йўлида дўстлашган, шу йўлда бирлашиб, шу йўлда ажрашадиган икки дўст»20 ҳам борлигини эсга олинг. Аллоҳ йўлида яхши кўриб, Аллоҳ йўлида ёмон кўриш жуда катта иш. Чунки у ҳақ билан ботил ўртасини ажратишдир: «Эй мўминлар, агар Аллоҳдан қўрқсангизлар, сизлар учун хақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ато қилур» (Анфол: 29). Мўмин кишида ҳақ билан ноҳақни ажратадиган ҳидоят ҳосил бўлади.

Олимлар муҳаббат борасида одамларни уч қисмга ажратадилар:

Биринчи қисм: Ёмон кўришдан асар ҳам бўлмаган соф муҳаббат билан севилиши лозим бўлган кишилар. Улар фаришталар, пайғамбарлар, саҳобалар каби соф иймонли кишилардир. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин». (Ҳашр: 10) Шунингдек, салафи солиҳлар, аҳли сунна вал-жамоа ҳам Аллоҳ ва Расулига итоатлари туфайли ҳақ устида ва соф ақидада бўлганлари боис шу қисмга кирадилар.

Иккинчи қисм: Заррача муҳаббат аралашмаган тўла нафрат билан ёмон кўрилиши лозим бўлган кишилар. Улар Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлардир. «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1). Яъни, уларни севиладиган, ёрдам бериладиган, дўст тутиладиган дўстлар қилиб олманглар! Чунки, улар Аллоҳнинг душманларидир. «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари га мухолифлик қилган кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг дилларига (Аллоҳ) иймонни битиб қўйгандир ва уларни Ўз томонидан бўлган руҳ билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур» (Мужодала: 22). Бу ердаги руҳдан мурод – иймон қувватидир.

Учинчи қисм: Ҳам яхши кўриладиган, ҳам ёмон кўриладиган кишилар. Улар осий мўминлар бўлиб, бир тарафлама яхши кўриладилар, бир тарафлама ёмон кўриладилар. Уларни тоат-ибодат ва яхшиликлари бўлгани учун яхши кўрасиз, гуноҳу маъсият ва фисқу фужурлари учун ёмон кўрасиз.

Муҳаббат мавзуси огоҳланиш ва яхши билиш лозим бўлган катта мавзу. Чунки, бунинг ақида ва дин ишларида катта таъсири бор. Инсон деган кимни яхши кўришни ва кимни ёмон кўришни билмайдиган ланж бўлмаслиги, балки муҳаббат ва нафратни Аллоҳнинг дўстлари билан шайтоннинг дўстларини ажратадиган тарози қилиб олиши лозим. Дунёвий манфаат ва ҳавойи нафсни тарози қилмасинки, у ҳолда хоҳишига мувофиқ келган ва дунёвий жиҳатдан фойдаси теккан одамни – у ҳар қанча фосиқ ва кофир бўлмасин – яхши кўрадиган, дунёвий манфаати тегмайдиган одамни – ҳар қанча яхши одам бўлмасин – ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Бундай қилиш асло ярамайди.


ونَقُولُ: اَللهُ أَعْلَمُ، فِيمَا اشْتَبَهَ عَلَيْنا عِلْمُهُ.


158. Тушунолмай қолган нарсаларимиз ечимини (Аллоҳга ҳавола қилиб) Аллоҳ билувчироқ деймиз.


Бу – яъни илм масаласи ҳам катта масалалардан. Инсон ўзи билмаган нарсани гапирмаслиги, билса гапириб, билмаса сукут сақлаши, хусусан дин ва ибодат ишларида илмсиз гапирмаслиги, билмаган нарсаси ҳақида «Аллоҳ билувчироқ» дейиши лозим.

Бир одам Дорул-ҳижранинг имоми бўлмиш Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳузурларига Ироқдан йўл босиб келди ва у зотдан 40та масала сўради. Шулардан фақат 4та масалага жавоб айтиб, қолганларига билмайман, деб узр айтдилар. Ҳалиги одам: «Мен узоқ йўл юриб фалон ердан сизнинг ҳузурингизга келсам-у, сиз «билмайман», дейсиз» деди. Шунда имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Туянгни миниб юртингга бор ва одамларга: «Молик ибн Анаснинг илми йўқ экан, билмайман деди» деб айтгин».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса ҳақида сўралса-ю, у ҳақда ваҳий тушмаган бўлса, то ваҳий келгунича кутиб турардилар. Шунга ўхшаш, саҳобалар ҳам агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан билмайдиган нарсалари ҳақида сўрасалар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришар, тахмин билан жавоб айтишмас эди. Аллоҳ азза ва жалла Унинг шаънида илмсиз гап айтишни Ўзига ширк келтиришдан ҳам юқори даражага қўйган: «Айтинг: Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган.» (Аъроф: 33), «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).

Шундай экан, билмаган нарсангизни билмайман деб айтишдан хижолат бўлманг, шариат аҳкомлари хусусида тахминларингизни четга қўйинг. Билмаган нарсангизни билмайман дейишингиз сиз учун нуқсон эмас, аксинча, фазилат ҳисобланади. Чунки, бу парҳез ва тақвонинг белгисидир. Одамлар бунинг учун сизни мақташади.

Олимликка нисбати бериладиган кўп кишилар – хусусан, фақиҳ олимлар камайиб, қорилар кўпайган ҳозирги замонда – оммавий ахборот воситаларида шариат аҳкомлари тўғрисида билимсизлик билан фатволар бериб, ҳукмлар чиқаришади. Бироқ, Аллоҳнинг фазли билан одамларга уларнинг жоҳилликлари очилиб ҳам қолди, Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни шарманда қилди. Агар ўшалар ўзларини тортиб, билмаган нарсалари ҳақида гапиришдан тийилишганда ва парҳез қилишганда эди, бу улар учун Аллоҳ олдида ҳам, одамлар олдида ҳам яхшироқ бўлган бўларди.


ونَرَى الْمَسْحَ عَلَى الْخُفَّيْنِ، في السَّفَرِ والْحَضَرِ، كَما جاءَ في الأَثَرِ.


159. Ривоятларда келганидек, сафарда ҳам, муқимликда ҳам маҳсига масҳ тортишни жоиз, деймиз.


Нега бу масала фиқҳий масала бўлгани ҳолда ақида масалалари ичида келди?

Чунки, бу бидъатчилар инкор қилган ва аҳли сунна вал-жамоа исбот қилган масаладир. Маҳсига масҳ тортиш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир ҳадислар келган.

Маҳсига масҳ тортишни инкор қилувчи тоифаларнинг энг машҳури рофизийлар (шиалар)дир. Улар бу борада аҳли сунна вал-жамоага ва саҳиҳ ҳадисларга мухолиф бўладилар. Масҳ тортиш муқимга бир кеча-кундуз, мусофирга эса уч кеча-кундуз қилиб белгиланган бўлиб, бу Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига берилган енгиллик ва рухсатдир.

Рофизийлар маҳсига масҳ тортишни инкор қилиб, яланғоч оёқнинг ўзига масҳ тортилади, дейишади. Бу жиддий хато, оёқнинг ўзига масҳ тортилади, деган гап йўқ. Ким ҳақни тарк қилса Аллоҳ таоло уни ботилга мубтало қилиб қўяди.

Рофизийлар бу даъволарига Аллоҳ таолонинг: (وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ) «бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз» (Моида: 6) оятидаги «أَرْجُلَكُم» калимасининг «лом»ини касралик қилиб (яъни, «и» билан) «أَرْجُلِكُم» деб қироат қилишни далил қилишади ва «бошларингизга ва оёқларингизга масҳ тортингиз» деб маъно беришади. Улар «каъб» деб қадамнинг товонга қўшилган жойини айтишади.

Аҳли сунна вал-жамоа фикрича, «каъб»дан мурод – болдирнинг қуйи қисмида, болдирнинг қадамга қўшилган еридаги туртиб чиққан иккита суякдир. Оёқнинг ўзига масҳ тортиш нотўғри. Чунки, машҳур қироат «أَرْجُلَكُم» деб фатҳа (яъни «а») билан ўқишдир ва бунда оёқларни таҳоратда ювиладиган аъзолар бўлмиш қўл ва юзга атф қилиниб (боғланиб) уларни ҳам ювишга буюрилганлиги келиб чиқади. Фақат таҳоратнинг тартиби юзасидан ўртага бошга масҳ тортишга буюриш кириб қолган. Агар шундай бўлмаганда, яъни ювиладиган аъзоларни бирин-кетин келтириб, сўнг бошни зикр қилинганда, оёқларни ювгандан кейин бошга масҳ тортилади, деб тушунилиб қолиши мумкин эди.

Аслида, «أَرْجُلِكُم» деб «лом»ни касрали ўқиш қироати ҳам саҳиҳ. Лекин, бунга тўртта жавоб айтилган.

  1. Бундаги касрали ўқиш мужовара (яъни, ёнидагига ҳамоҳанг қилиш) турига киради. Бу араб тилида бор бўлган қоидалардан бўлиб, тилга енгил ўқилиши учун ёнидаги калимага ҳамоҳанг ҳаракат берилади.

  2. «Масҳ»ни ювиш маъносида ҳам ишлатилади. Ювинганликни ифодалаш учун «сув билан масҳ қилдим» ҳам дейилади.

  3. Икки қироатдан машҳурроғи фатҳали ўқилишидир.

  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда у киши оёқларини ювганликлари зикр қилинган. Биронта ҳадисда – заиф ҳадис бўлса ҳам – у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яланғоч оёқларига масҳ тортганликлари ривоят қилинмаган. Бу у зотнинг асҳобларидан ҳам собит бўлмаган. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг оёғида озгина сув тегмай қолган жойни кўриб, уни қайта таҳорат қилишга буюрганлар, бепарволик сабабли оёқларини чала-чулпа ювган кишиларга хитобан: «(сув тегмаган) тўпиқ орқаларига дўзахнинг ўти бўлсин», деганлар.21


والْحَجُّ والْجِهادُ ماضِيانِ مَعَ أولِي الأمْرِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ: بَرِّهِمْ و فاجِرِهِمْ، إلَى قِيامِ السّاعةِ، لا يُبْطِلُهُما شَيْءٌ ولا يَنْقُضُهُما.


160. Ҳаж ва жиҳод мусулмонлардан бўлган солиҳу фожир раҳбарлар бошчилигида то қиёматга қадар давом этади. Бу икки ибодатни ҳеч қандай сабаб бекор қилолмайди.


Имомлар – яъни амирлар ва бошлиқлар яхши бўладими, ёмон бўладими, улар орқасида намоз ўқиш ҳақида юқорида айтиб ўтилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига бўйсуниб, уларнинг орқаларида намоз ўқиймиз, чунки у зот уларга итоат қилишга ва мухолиф бўлмаслика буюрганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Ҳажжож ва шу каби амирлар ортида – гарчи улар айрим гуноҳи кабираларни қилсалар ҳам – намоз ўқирдилар. Сабаб – мусулмонларнинг бирлигини сақлаб қолиш бўлиб, бу хавориж ва муътазилаларга хилоф ўлароқ аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир.

Йилда бир бор умумий суратда ҳаж ибодатини адо қилиш мусулмонлар зиммасида фарздир. Аммо якка шахслар учун умрда бир бор ҳаж қилиш кифоя, ортиқчаси нафл – ихтиёрий. Мусулмонларнинг имоми – амири ҳажни бошқаради. У арафа кунини эълон қилади, Арафотда ҳожилар билан туради, Муздалифага тушади ва ҳоказо барча маросимларда унга эргашадилар, хоҳ ўзи қатнашсин, хоҳ бир кишини вакил қилган бўлсин, фарқсиз. Ҳамма иш тартиб билан амалга ошади.

Аҳли сунна вал-жамоа имом-бошлиқлари билан бирга ҳаж қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Рўза – одамлар рўза тутган кун, қурбонлик – одамлар қурбонлик қилган кундир».22

Яъни, ой кўринганига иттифоқ бўлса Ислом уммати ҳамма бир кунда рўза тутади, ҳаммаси бирга ҳаж қилади, ийдни бир кунда ўқийди. Жамланиш аҳли суннанинг белгиларидан, бўлиниш эса бидъат ва залолат аҳлининг белгиларидан.

Жиҳоддан мурод – кофирларга, боғий-тажовузкор мусулмонларга, хаворижларга қарши жанг қилишдир. Мусулмонларнинг халифаси-раҳбари билан бирга жангга чиқамиз, боғийларга тажовузлари сабабли жанг қиламиз, куфрлари сабабли эмас: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! (Ҳужурот: 9).

Кофирларга қарши уруш тавҳидни ёйиш ва ширкни йўқотиш учун бўлади.

Кофирларга қарши жанг икки турлидир:

Биринчи тур: мудофаа жанги. Бу мусулмонлар заиф бўлган ҳолатга хос бўлиб, душман уларнинг диёрига бостириб кирганида унга қарши жангга чиқиш вожиб бўлади, қурол кўтаришга кучи етганки мусулмон душманни ўз еридан қувиб чиқариш учун жангга отланиши шарт бўлади.

Иккинчи тур: талаб жанги. Бу мусулмонлар куч-қудратга эга бўлган ҳолатдаги жангдир. Унда улар душман диёрига бориб, уларни Аллоҳга даъват қиладилар. Даъват йўлига тўғаноқ бўлганларга қарши, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш мақсадида жанг қиладилар: «То (дунёда) ширк (Аллоҳнинг йўлидан тўсиш) қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол: 39).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ жиҳод бир неча босқични босиб ўтганини зикр қилади:

Биринчи босқич: Жиҳоддан қайтарилган босқич. Бу босқичда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар Маккада бўлишиб, жиҳоддан тийилишга, намозни барпо қилиб, закотни ўташга буюрилган эдилар: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мана бу кимсаларни кўрмадингизмики, уларга (илгари Маккада турган пайтларида кофирларга қарши жанг қилишга талабгор бўлганларида) «Ўзингизни босинг ва намозингизни ўқиб, закотингизни адо этиб туринглар», дейилган эди» (Нисо: 77). Чунки, у пайтда мусулмонларнинг жанг қилишга имкон берадиган куч-қудратлари ҳам, давлатлари ҳам бўлмаган эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарини кофирларнинг озорларига сабр қилишга, кечиришга ва қулай фурсатлар келишини кутишга буюрган эди. Кимда-ким ўша босқичда жанг қилса, Аллоҳ ва Расулига осий бўлган бўларди. Чунки ўша ҳолатда жангга кириш мусулмонларга ва даъватга зарар етказар, кофирларнинг мусулмонлар устидан тўла ҳукмрон бўлишларига олиб келар эди.

Иккинчи босқич: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб, Ислом давлати барпо бўлгач, у кишига жанг қилишга изн берилди, бироқ жангга буюрилмадилар: «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Албатта Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина «Бизнинг Парвардигоримиз (ягона) Аллоҳдир», деганлари учун қувилган зотлардир. Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) черковлари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 39, 40). Уларга буйруқсиз, фақат изн берилди. Бу уларни (келгуси босқичга) ҳозирлаш босқичи эди. Зеро, Аллоҳ таоло машаққатли ишларни қалбларга оғирлик қилмаслиги учун аста-секинлик билан машруъ қилар эди.

Учинчи босқич: Мусулмонлар ўзларига уруш очган кишиларга қарши жанг қилишга, урушга кирмаган кишилардан тийилишга буюрилдилар: «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди» (Бақара: 190). Буни мудофаа жанги дейилади.

Тўртинчи босқич: Мусулмонлар куч-қудратга ва шон-шавкатга эга бўлгач ва уларнинг давлатлари пайдо бўлгач, мутлақ жанг қилишга буюрилдилар: «Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз, (асир) олингиз, қамал қилингиз ва барча йўлларда уларни кузатиб турингиз!» (Тавба: 5), «То (дунёда) бирон фитна-ширк қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!» (Анфол: 39).

Мусулмонлар кучга тўлиб, жангга ҳозирликлари етилгач, Аллоҳ таоло уларни мутлақ жангга, жиҳод қилишга амр этди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга кира бошладилар, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ғазотлар бўлиб ўтди. Макка фатҳ қилингач, одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг диндан қайтиш – муртадлик зоҳир бўлганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши жанг қилдилар. Улардан фориғ бўлгач, кофирларга қарши урушлар олиб бордилар. Форс ва Рум империяларига қарши уруш олиб бориш учун лашкарлар юбордилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида фатҳлар бир-бирига уланиб кетди, у киши Кисро ва Қайсарнинг давлатларига узил-кесил барҳам бердилар. Дин ёйилиб, мусулмонлар машриқу мағрибга ҳукмрон бўлдилар. Исломдаги жиҳод шудир.

Жиҳодга ким сафарбар этади ва уни ким бошқаради, деган саволга албатта, халифа-раҳбар, деб жавоб берамиз. Биз имомга эргашамиз, у буюрса ғазотга чиқамиз. Имомнинг изнисиз жанг қилмаймиз, бундай қилиш жоиз эмас. Чунки, бу имомнинг салоҳият доирасига киради: «Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида (жиҳодга) чиқинглар, дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?!» (Тавба: 38).

Имом агар одамларни урушга сафарбар қилса, қурол кўтаришга кучи етган ҳар бир кишига жангга чиқиш вожиб бўлади. Ҳаж ва жиҳодни амалга ошираётган имом учун гуноҳдан холи бўлиш шарт қилинмайди. Эҳтимол, у айрим маъсиятларга гирифтор бўлган чиқар, бироқ модомики Исломдан чиқиб кетмаган бўлса, у билан бирга жиҳод ва ҳажни адо қилиш фарз бўлади. Унинг яхшилиги ва куч-қудрати мусулмонлар фойдасига, гуноҳи ва бузуқлиги ўзига, унинг қўл остида қилинган жиҳод ва ҳаж албатта мусулмонларнинг фойдасидир. Намоз ҳам худди шундай. Агар тўғри ўқиса у билан биргамиз, хато ўқиса гуноҳи бизга тегмайди. Лекин унинг итоатидан чиқиб кетмаймиз. Аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳаби шудир. Мусулмонларнинг манфаатлари шунга барпо бўлади.

Бидъат ва залолат аҳли бўлмиш хаворижлар эса волий-раҳбарларга қарши бош кўтариш керак, дейишади. Биз бундай йўллардан покмиз.


ونُؤْمِنُ بِالْكِرامِ الْكاتِبِينَ، فَإِنَّ اللهَ قَدْ جَعَلَهُمْ عَلَيْنا حافِظِين.


161. (Амалларимизни) ёзувчи улуғ фаришталарга иймон келтирамиз. Аллоҳ Таоло уларни бизга амалларимизни ёзиб сақлаб турувчи қилиб қўйгандир.

Фаришталарга иймон келтириш иймон рукнларидан биридир. Улар ҳақида Қуръонда айтилади:

«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган... кишилар яхши (лик қилган) кишилардир» (Бақара: 177).

«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 285).

Биз фаришталарнинг борлигига, улар Аллоҳнинг мавжудотларидан бир тури эканига, улар ғайб оламидан эканига иймон келтирамиз. Биз уларни кўрмаймиз, Аллоҳ уларни нурдан яратган23 ва ўзларига хос ишларга вакил қилган. Улар ўзларига топширилган ишни сидқидилдан адо этадилар, шу билан бирга улар Аллоҳ таолога узлуксиз ибодатда бўладилар: «Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 20), «(Фаришталар) улуғ бандалардир. Улар У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).

Улар вазифаларига кўра бир неча турга бўлинадилар. Жумладан, улар ичида одамзотнинг амалларини ёзиб туриш ва уларни асраш вазифаси топширилган фаришталар бор бўлиб, ҳар бир банда билан бирга тўртта фаришта кечаю кундуз бирга бўлади ва уни сақлаб-ҳимоя қилиб юради. Улардан иккитаси амалларни ёзувчи фаришталардир. Биттаси ўнг томонида туриб, яхши амалларини ёзиб туради, иккинчиси чап томонида туриб, ёмон амалларини ёзиб туради: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18). Яна икки фаришта то у тирик экан, бири олдидан, иккинчиси орқасидан уни ҳимоя қилиб юрадилар: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11). У икки фаришта уни ҳар хил тажовуз ва хавф-хатарлардан асраб юрадилар, ажали етгач ундан ажраладилар, сўнг унга Аллоҳ битган нарса етади. Биз бунга иймон келтирамиз ва шу иймонимиз боис ёмон гап-сўзлар ва ярамас ишлар қилишдан ўша фаришталардан ҳаё қиламиз.


وَنُؤْمِنُ بِمَلَكِ الْمَوْتِ الْمُوَكَّلِ بِقَبْضِ أَرْواحِ الْعالَمِينَ.


162. Барча жонзотларнинг жонини олишга вакил қилинган Малакул-мавт (ўлим фариштаси)га иймон келтирамиз.


Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олувчи фаришталарни элчи қилиб юборур. Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз сусткашлик қилмаган ҳолларида унинг жонини олурлар» (Анъом: 61). Яъни, фаришталардан бўлган элчилари унинг жонини оладилар. Элчилар гоҳо фаришталардан, гоҳо инсонлардан бўлади: «Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам» (Ҳаж: 75), «Агар фаришталар кофир кимсаларнинг юз ва кетларига уриб жонларини олаётган ва: «Дўзах азобини тотингиз! Бунга сабаб ўзларингиз қилган амалларингиздир, зеро Аллоҳ ҳаргиз бандаларига зулм қилувчи эмасдир», деяётган пайтини кўрсангиз эди» (Анфол: 50), бошқа бир оятда: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11).

Баъзи оятларда жон олишни фаришталарга, баъзи оятларда эса битта фариштага нисбат берилади. Бу эса жон олғувчи фаришталарнинг Малакул-мавт номли бошлиқлари борлигига далолат қилади.

Ўлимнинг ҳақлиги масаласида ҳеч ким тортишмайди. Аммо, ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари борлигини айримлар инкор қилишади. Фаришталарга иймон келтириш ислом ва иймоннинг Китобу Суннат билан собит бўлган асосларидандир. Ким умуман фаришталарни инкор қилса ёки хоссатан қайсидир бир фариштани инкор қилса, кофир бўлади, чунки у иймоннинг бир рукнини инкор қилган бўлади.


وبِعَذابِ الْقَبْرِ لِمَنْ كانَ لَهُ أهْلاً، وسُؤالِ مُنْكَرٍ ونَكِيرٍ في قَبْرِهِ عَنْ رَبِّهِ ودِينِه ونَبِيّه، علَى ما جاءَتْ بِهِ الأخْبارُ عَنْ رسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم، وعَنِ الصّحابةِ رِضْوانُ اللهِ عَلَيْهِم .


163. Қабр азобига лойиқ бандалар учун қабрда азоб борлигига ҳамда ҳар бир киши қабрида Мункар ва Накир исмли фаришталар тарафидан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида сўроқ қилинишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлардан ривоят қилинган хабарлар асосида иймон келтирамиз.


Шайхулислом «Ал-ақидатул-восития» китобида айтишларича, ўлимдан кейинги ҳар бир иш, яъни қабрдаги азоб ёки роҳат, қайта тирилиш, дунёда қилинган амалларни кўрсатилиши, ҳисоб-китоб, мезон, амаллар саҳифаларининг берилиши, жаннат ва дўзах, буларнинг ҳаммаси охират кунига бўлган иймон ичига кириб кетади. Ким булардан биронтасини инкор қилса, охират кунига иймон келтирган бўлмайди.

Охират куни ва унда бўлиб ўтувчи ишлар ғайб ишларидан бўлиб, биз бунга ақл ва фикрларимиз билан киришмаймиз, фақат Китобу Суннатда келган хабарларга суянамиз, булар ҳақида далилсиз бирон гап айтмаймиз.

Қабр дунё билан охират ўртасидаги барзах – тўсиқдир: «Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Мўминун: 100).

Қабр – кутиш бекатидир, у ердан одамлар қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб сари йўл оладилар. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Ҳовлилар учтадир:

Биринчи: Дунё ҳовлиси. У амал қилиш, яхшилик ё ёмонликлар касб қилиш ўрнидир.

Иккинчи: Барзах ҳовлиси. У вақтинчалик жой бўлиб, уни сўнгги манзил дейдиганлар хато қилади.

Учинчи: Абадий қарор топиш ҳовлиси. У ё жаннат, ё дўзах бўлади: «Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир» (Ғофир: 39).

Ҳадисда айтилганидек, маййит қабрига қўйилиб дафн қилингач, одамлар ортига қайтаётганларида, ҳали уларнинг оёқ товушлари тинмай туриб, унинг руҳи жасадига қайтарилади. Бу Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган барзахдаги ҳаётдир, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар ишга қодир Зот! Руҳи жасадига қайтарилгач ва қайта ҳаёт бахш этилгач, унинг ҳузурига иккита фаришта кириб келиб, ундан учта савол сўрайди: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?»24 агар тўғри жавоб беролса, нажот топади ва қабри жаннат боғларидан бир боғчага айланади, сўнгра қиёмат куни жаннат аҳлидан бўлади. Агар жавоб беролмаса, унинг қабри дўзах чоҳларидан бир чоҳга айланади, қабри уни қаттиқ қисади, ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Унисининг қабри эса кўзи етган жойгача кенгайтириб қўйилади, унга жаннатдан дарича очиб қўйилади, ундан жаннатнинг салқин шабада ва ифорлари келиб туради. Бунисининг қабрини қовурғалари киришиб кетадиган даражада торайтириб қўйилади, сўнг унга дўзахдан дарича очилиб, унинг иссиғи ва заҳарли ҳавоси келиб туради. Аллоҳ асрасин!

Аллоҳ таоло мўминларни у билан собитқадам қиладиган тўғри жавоб: «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам» демоқликдир: «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).

Бу (яъни, Аллоҳ таоло иймон калимаси билан собитқадам қилиши) эса Аллоҳ ва Расулига бўлган иймон сабабли ҳосил бўлади, ёдлаб олиш ёки билиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кимда иймон бўлмаса, унинг тили жавобдан тутилади. Дунёдалик пайтида тилида иймон, дилида эса куфрни яширган мунофиқ ҳам жавобга қодир бўлмайди ва: «Ҳааҳ, ҳааҳ, билмайман, одамлар бир нарса дейишаётганини эшитиб, мен ҳам шуни айтганман», дейди. Шунда уни темир гурзи билан шундай уриладики, дод-фарёдини инсондан бошқа барча жонзот эшитади. Агар инсон эшитса, беҳуш бўлиб қоларди: «Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).


والْقَبْرُ رَوْضَةٌ مِنْ رِياضِ الْجَنَّةِ، أَوْ حُفْرَةٌ مِنْ حُفَرِ النِّيرانِ.


164. Қабр жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳдир.


Кимдир айтиши мумкинки, маййит тупроққа айланиб кетса, тупроқ қандай қилиб азоб чекиши мумкин?

Биз унга айтамизки, Аллоҳ таоло уни тупроқ ҳолида ҳам азоблашга қодир, У тупроқни у учун чўғга айлантириб қўйишга қодир.

Яна кимдир айтиши мумкинки, ҳамма одам ҳам дафн қилинмайди-ку, айримлар денгизга ташлаб юборилади, айримларни йиртқичлар еб кетган бўлади, унга қандай азоб етади? Айтамизки: Ҳа, унга қаерда бўлмасин азоб етади, иккала фаришта албатта унга келади. Бунга иймон келтириш ғайбга бўлган иймоннинг бир қисмидир, Аллоҳ ва Расулининг хабарига иймон келтиришдир. Ким бунга иймон келтирмаса, ақли ва фикрига суянса, қаттиқ адашади.

Қабрда азоб ё роҳат бўлишига Китобу Суннатдан далиллар бор. Уламолар айтишадики, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар мутавотирлик даражасига етган. Ким мутавотир хабар билан келган ишни ёлғон санаса, кофир бўлади.

Муътазилалар ва ҳозирги асрда уларнинг йўлини тутган айрим тоифалар қабрда бўладиган ишларга иймон келтиришмайди, чунки улар ақлоний (яъни ақлни нақлдан устун қўювчилар) бўлиб, ишларга ақл тарозисига кўра баҳо беришади. Улар шаръий далилларини зонний (гумонли) санашади, ақлий далил эса улар наздида яқиний (ишончли) саналади.

Қабр азобига далиллардан бири Аллоҳ азза ва жалланинг Фиръавн қавми ҳақидаги оятидир: «(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46). Яъни, уларга эртаю кеч кўндаланг қилинадиган бу азоб қабрда бўлади.

«Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат Кунидан) илгари ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!» (Ват-тур: 47). Муфассирлар «Бундан илгари ҳам азоб бордир» деган азобдан мурод қабр азобидир, деганлар. Баъзилар: «Бундан мурод дунёда бўладиган ўлдирилиш, асир олиниш, жизя (ўлпон) тўлаш каби азоблар» дейишган. Оят ҳар икки маънони ўз ичига олади.

«Албатта Биз улар ўз (куфру исёнларидан) қайтишлари учун уларга улуғ азобдан илгари яқин азобни тотдирурмиз» (Сажда: 21) Яқин азоб – қабр азоби, улуғ азоб эса қиёмат кунидаги азобдир.

Қабр азобини исбот қилувчи ҳадислар мутавотир даражасига етган. Жумладан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар ва: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин одамлар наздида) катта гуноҳ (саналадиган иш) туфайли азобланишаётгани йўқ» дедилар. Кейин: «Йўқ, (уларнинг қилган ишлари катта гуноҳдир) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар».25

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт нарсадан паноҳ тилашга буюрган ҳадисларида айтганлар: «Парвардигоро! Мен Сендан дўзах азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман».26

Бундан бошқа далиллар ҳам кўп.

Баъзи одамлар ибрат ва насиҳатланишга сабаб бўладиган қабр азобидан баъзи бир нарсаларга шоҳид бўлган ҳоллари ҳам бўлади.

Ҳофиз Ибн Ражаб «Аҳвалул-қубур ва аҳвалу аҳлиҳа ила явмин-нушур» (Қабрдаги даҳшатлар ва қабр эгаларининг қайта тирилиш кунигача аҳволлари) номли китобида кўп ажойиб ҳолатларни баён қилган, Ибнул Қаййим «Руҳ» китобида қизиқарли воқеаларни зикр қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлардан ривоят қилинган хабарлар асосида иймон келтирамиз» дейилди. Чунки, қабрда бўладиган роҳат ёки азоб ҳолатлари ғайб ишлари жумласидан бўлиб, бундай нарсаларни фақат далил билан исботлаймиз ва далилларни инкор қилмаймиз. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шудир.


ونُؤْمِنُ بِالْبَعْثِ وَجَزاءِ الأعْمالِ يَوْمَ الْقِيامَةِ، وَالْعَرْضِ والْحِسابِ، وقِراءَةِ الْكِتابِ، والثَّوابِ والْعِقابِ، والصِّراطِ والْمِيزانِ.


165. Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, рўпара қилиниш, (амалларнинг) ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (берилиши), (жаҳаннам устига тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарози – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.


Барзах ҳаётидан сўнг одамлар қабрларидан тирилиб чиқадилар. Қабрлар жасадларни ўзи бағрида сақлаб турган бўлади. Қайта тирилиш куни Аллоҳ таоло бу жисмларни аввалда қандай яратган бўлса шундай, бирон нуқсонсиз, қайта яратади: «..биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз» (Анбиё: 104).

У аввал қандай бўлган бўлса худди ўша ҳолига қайтади, яъни кимдир биров ўзи таниган бир кишининг ёнидан ўтса: «бу фалончи-ку», дейдиган даражада бўлади. Сўнг Аллоҳ таоло Исрофил алайҳис-саломга буюради, у сурни иккинчи бор чалади, шунда руҳлар жасадларга қараб учади.

Маҳшар – халойиқлар йиғиладиган жой бўлиб, Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларни қайта тирилгач, бир жойга йиғади. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Қайта тирилишга иймон келтириш, ҳадисда келганидек, иймоннинг олтита рукнидан биридир.

Мушрик ва худосизлар ўз ақлларига суяниб, қайта тирилишни инкор қилишди, «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» (Воқеа: 47, 48) дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бундай инкорларини Қуръоннинг бир неча жойида келтирган, масалан, «У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди» (Ёсин: 78).

Аллоҳ таоло қайта тирилишнинг ҳақлигига ақлий далилларни ҳам зикр қилган: «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27).

Буни фақат мисол тариқасида келтирган, холос. Аслида, арзимас бир томчи сувдан яратган зот уларни тупроқдан яна қайта яратишга ва аввал қандай бўлган бўлсалар ўша ҳолга қайтаришга қодир бўлмайдими?! «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир) (Қиёмат: 36-40).

Қайта тирилишга далиллардан яна бири – сувсизликдан қақраган, биронта гиёҳ унмай ётган дашт ердирки, Аллоҳ таоло унга ёмғир ёғдиргач, саноқли кунлар ичида у кўкаламзор ерга айланади.

Ўлик ерни тирилтира олган зот инсонни қайта тирилтиришга қодир бўлмайдими?! Бу ақлга ҳам тўғри келадиган, кўз билан кўриб турилган нарсадир:

«Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир – Биз уни (сув билан) тирилтирдик» ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик » (Ёсин: 33).

«(Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) — сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур» (Ҳаж: 5).

Қайта тирилишга яна бир далил – агар Аллоҳ таоло одамларни қайта тирилтирмаса ва жазо ва мукофотларини бермаса эди, уларни абас ва беҳуда яратган бўлиб қоларди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бирон ишни беҳуда қилишдан пок зотдир: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир» (Муъминун: 115, 116).

Ҳаёти дунёда умрини тоат-ибодатда ўтказган киши ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Бир умр ерда бузғунчилик ва фаҳш ишлар билан умргузаронлик қилган кофир кимса ҳам ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Ахир бу Аллоҳнинг ҳикматига тўғри келмайди-ку!

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).

«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).

«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 27, 28).

Баъзан мўмин киши дунёда роҳат кўрмай, фақат меҳнат-машаққат ичида ўтади. У ҳам амалининг мукофотини кўрмаса?! Кофир эса роҳат-фароғатда яшаб, бузғунчиликлар билан ҳаёт кечириб, у ҳам амалига яраша жазо кўрмаса?! Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматига муносиб иш бўлмайди.

Амалларнинг жазо ва мукофотига бу дунёда эришилмайди, балки охират диёрида етилади.

«Рўпара қилиниш»дан мақсад – Аллоҳ таолога рўпара қилинишдир: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар» (Ал-ҳаққа: 18), «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 48). Яъни, улар Аллоҳ азза ва жаллага ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолларида рўпара қилинадилар.

Амалларнинг ҳисоб қилиниши – мўминларга нисбатан уларни яхши ва ёмон амалларига иқрор қилдириш маъносида бўлади. Кофирларнинг яхши ва ёмон амалларини ўлчаш деган нарса бўлмайди, уларга нисбатан ҳисоб-китоб фақат ёмонлик ва гуноҳларига иқрор қилдириш маъносида бўлади, чунки уларда савобли амалнинг ўзи бўлмайди.

Мўминлардан баъзилари ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар, баъзилари осон-енгил ҳисоб билан ҳисоб қилинади, баъзиларга эса ҳисоб тўла қилинади. Ҳадисда айтилади: «Ким тўла-тўкис ҳисобга тортилса, азобга дучор бўлади».27

Номаи аъмоллар – дунёда қилинган амаллар ёзилган саҳифалар бўлиб, қиёмат куни ҳар бир кишига амаллари саҳифаси берилади, унда ҳамма ишлари ёзилган бўлади:

«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49).

«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 13, 14).

«Бас, энди ўз китоби номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур» (Ал-ҳаққа: 19-23).

«Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Ал-ҳаққа: 25-29).

Бу саҳифаларнинг ўнгдан ё чапдан берилишидир.

Савоб ва жазо – яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва ёмонликларга бериладиган азоб-уқубатлардир.

Сирот – жаҳаннам устига тикилган кўприк бўлиб, қиличдан ўткир, қилдан ингичка, чўғдан иссиқдир. Одамлар унинг устидан ҳар ким амалига қараб ўтади. Кимдир яшиндек, кимдир шамолдек елиб, кимдир учқур отдек чопиб, кимдир туядек лўкиллаб, кимдир югуриб, кимдир юриб, кимдир судралиб ўтади, баъзиларни эса кўприкнинг икки чеккасидаги чангаклар тутиб қолиб, жаҳаннамга улоқтиради. Бу ғайб ишларидан бўлиб, унга инсоннинг ақли етмайди. Ҳамма шу кўприк устидан ўтади: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71, 72).

Амаллар тарозида тортилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади. Ёмонликлари яхшиликларидан оғир келган одам зиёнкорга айланади: «(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким­нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).

Амалларнинг тортилиши ва тарози бир неча оятларда зикр қилинган. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг адолатидан бўлиб, У ҳеч кимга зулм қилмайди. Тарози ҳақиқий бўлиб, унинг икки палласи бўлади. Яхшиликлар бир палласига, ёмонликлар иккинчи палласига қўйилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади, кимнинг ёмонликлари оғир келса, зиёнкор бўлади: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).


اَلْجَنَّةُ و النّار مَخْلوقَتَانِ، لا تَفْنِيانِ أَبَدًا و لا تَبِيدانِ


166. Жаннат билан дўзах яратиб қўйилган ва асло йўқ бўлиб кетмайди.


Жаннат тақводорлар ҳовлиси, дўзах эса жиноятчилар ҳовлисидир. Аллоҳ таоло жаннат ҳақида: «тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), дўзах ҳақида: «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб зикр қилган. Иккаласи ҳам абадийлик ҳовлиси, сўнгги манзил ва қарорланиш ўрнидир.

Жаннат ва дўзаъ яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир. Аллоҳ таоло: «тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб ўтган замон феъли шаклида зикр қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, тўсатдан гумбурлаган товуш эшитилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биласизларми, бу нима?», дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедик. «Бу – бундан етмиш йил олдин дўзахга ташланган тош эди. У ҳозиргача дўзахга тушиб борарди, энди тубига етди», дедилар.28 Бу ҳам дўзахнинг яратиб қўйилган эканига далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаҳаннамнинг икки нафаси бўлади. Қишдаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ совуқдир, ёздаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ иссиқдир», деганлар.29

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Ҳарорат кучайганида намозни (яъни пешинни) салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг нафасидандир».30

Шунингдек, мўминнинг қабрига жаннатдан дарича очиб қўйилади, кофирнинг қабрига дўзахдан дарича очиб қўйилади. Бу ҳам жаннат ва дўзахнинг бор эканига далил бўлади. Адашган тоифалар буни инкор қилишади ва «жаннат ва дўзах қиёмат куни яратилади» дейишади.


فَإِنَّ اللهَ تَعالَى خَلَقَ الْجَنَّةَ والنّارَ قَبْلَ الْخَلْقِ، وَخَلَقَ لَهُما أَهْلاً


167. Аллоҳ Таоло жаннат билан дўзахни бошқа махлуқотларидан олдин яратди ва ҳар иккиси учун (муносиб) бандаларни ҳам яратди.


Аллоҳ таоло жаннатга ҳам ўзига муносиб кишиларни яратиб қўйган, дўзахга ҳам ўзига лойиқ кишиларни яратиб қўйган. Ҳар ким амалига яраша жазо ва мукофотга эришади.


فَمَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ فَضْلاً مِنْهُ، وَ مَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى النّارِ عَدْلاً مِنْهُ


168. Бандаларидан кимни Аллоҳ жаннатий бўлишини ирода қилган бўлса, бу Унинг фазли-карами туфайлидир. Кимнинг дўзахий бўлишини истаган бўлса, бу Унинг адли тақозосидир.


Жаннатга амал билан эришиб бўлмайди. Амал бир сабаб холос. Аслида жаннатга фақат Аллоҳнинг фазли билангина эришилади. Одамзот ҳарчанд кўп ва хўп солиҳ амаллар қилган бўлмасин, бу жаннат муқобилида тўлов бўлишга арзимайди. Солиҳ амаллар жаннатга киришга сабабдир: «(Фаришталар уларга:) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар» (Наҳл: 32).

Дўзахга тушиш ҳам куфр сабаблидир. Бу ҳам Аллоҳнинг адолати тақозоси бўлиб, У зот бировни зулм билан эмас, амали сабабли дўзахга туширади.


وَكُلٌّ يَعْمَلُ لِمَا قَدْ فُرِغَ لَهُ، وَ صائِرٌ إلَى ما خُلِقَ لَهُ.


169. Ҳар бир инсон ўзи учун азалдан ҳал этиб қўйилган нарса (жаннат ёки дўзах) учун амал қилади ва нима учун яратилган бўлса, ўша сари боради.


Саодат аҳлидан бўлса, саодат аҳлининг амалини қилади, шақоват (бадбахтлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалини қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади», деганлар.31

Аллоҳ таоло айтади: «Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10).

Демак, амалларингиз сизга ҳакам бўлади. Агар яхши бўлса, сиз осон йўлга муяссар қилинасиз, ёмон бўлса, оғир йўлга йўлланасиз.


وَالْخَيْرُ وَالشَّرُّ مُقَدَّرانِ عَلَى الْعِبادِ.


170. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга (азалдан) тақдир қилингандир.


Бу ҳақдаги баҳс қадарга иймон келтириш бобида ўтди. Қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Ҳадисда келганидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»32.

Муаллиф бу иборани ҳадис маъносидан олганлар.

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг тақдири биландир. Борлиқда бирон нарса У зотнинг қазо ва қадарисиз амалга ошмайди. Бунга иймон келтириш шартдир.

Аллоҳ азза ва жалла яхшилик ва ёмонликни ҳикмат учун яратган: «Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар» (Анбиё: 35). Бу билан иймон, тавҳид, Аллоҳга бўйсуниш аҳли билан куфр, ширк ва бединлик аҳли ўртаси ажралади. Агар яхшилик бўлмаса эди, ажралиш ҳам бўлмас эди.

Аллоҳ таоло яхшиликни яхши кўради, уни яратади ва тақдир қилади. Ёмонликни эса ёмон кўради, бироқ уни ҳам ҳикмат учун, синов ва имтиҳон учун яратади. Агар ёмонлик бўлмасайди, куфр ҳам, пайғамбарларга адоват ҳам бўлмасди. Агар яхшилик бўлмасайди, жиҳод, амру маъруф, наҳий мункар, дўстлашиш ва душманлашиш бўлмасди, одамлар ўртасида тафовут ҳам бўлмасди.

Эътироз бўлиши мумкинки: «Аллоҳ таоло ширкни ва куфрни ёмон кўради-ку, қандай қилиб уни тақдир қилади?» Айтамизки: Уни ҳикмат учун, одамлар ўртасидаги тафовут зоҳир бўлиши учун яратган: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. У нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади» (Оли Имрон: 179). Биз тоат-ибодатли кишининг осий кимсадан фарқини фақат амаллари орқали биламиз, амаллар саодат аҳли билан шақоват аҳли ўртасини ажратиб туради.


وَالاِسْتِطاعَةُ الَّتِي يَجِبُ بِها الْفِعْلُ، مِنْ نَحْوِ التَّوْفِيقِ الَّذِي [لا يَجُوزُ أَنْ] يُوصَفَ الْمَخْلوقُ بِهِ – [ تَـكُونُ] مَعَ الْفِعْلِ، وَأَمَّا الاِسْتِطاعَةُ مِنْ جِهَةِ الصِّحَّةِ وَالْوُسْعِ، وَالتَّمَكُّنِ وَسَلامَةِ الآلاتِ – فَهِيَ قَبْلَ الْفِعْلِ، وَبِها يَتَعَلَّقُ الْخِطابُ، وَهُوَ كَما قالَ تَعالَى: لاَ يُكَلِّفُ اللهُ نَفْساً إلاَّ وُسْعَهَا البقرة: 286.


171. Бирор ишнинг амалга оширилиши учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳнинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади (ва банда бундан масъул эмасдир). Аммо соғлиқ, тоқат-имконият, асбоб-ускуналар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди» (Бақара: 286).


Инсон тарафидан бўладиган қодирлик икки қисм бўлади:

Биринчиси: диний мажбурият, буйруқ ва қайтариқ унга тааллуқли бўладиган қодирлик.

Иккинчиси: Инсон у билан бир иш-феълни қила олишга тайёрлиги.

Биринчи қодирликнинг маъноси – куч-қувват, яъни инсонда бир ишни қилишга куч ва имконият бўлишидир. Диний мажбуриятлар мана шу қодирликка тааллуқлидир. Имконият ва қудрати бўлмаган инсонга шаръий мажбуриятлар юкланмайди. Масалан, мажнун ва гўдак болага буйруқ ва қайтариқ йўқдир. Лекин ёш бола етти ёшга етганида унда қодирлик пайдо бўлади, шу боис тарбия, ибодатга ўрганиш ва чиниқиш юзасидан уни намозга буюрилади. Балоғатга етганидан кейингина мукаллафга айланади. Бу қодирлик ишни қилишдан олдин мавжуд бўлиши шарт бўлган туридир.

Иккинчи қодирлик – у билан бир амални ижро қилиш ва бажариш ҳосил бўладиган қодирликдир. Бу қодирлик феъл билан бирга, ўша иш амалга ошаётган пайтда бўлади. Масалан, ҳажда ҳар икки қодирлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97). Бу – имкониятга эга бўлиш қодирлигидир. Ҳаж йўлига қодир бўлган одамга, яъни йўл озуқаси ва улови бўлган кишига фарз бўлади. Шу нарсаларга эга бўлган одамга ҳаж фарз бўлади, чунки унда имконият вужудга келган бўлади. Бу – ишни бажаришдан олдин бўлиши шарт қилинган қодирликдир. Иш билан бирга ҳосил бўладиган қодирлик – яъни ҳажни адо этиш – оғир касал ёки ўта қари одамда бу қудрат бўлмаслиги мумкин. Бундай одам ижро этиш ва адо қилиш қодирлигига эга бўлмайди, лекин мукаллаф бўлиш қодирлигига эгадир. Шу боис унинг зиммасида ҳаж фарзлиги қолаверади.

Яна масалан, намоз вақти кириши мукаллафга намозни вожиб қилади, адо этиш эса унинг имкониятига қараб бўлади. Бемор одам тик туриб намоз ўқийди, қодир бўлмаса ўтириб ўқийди, унга ҳам қодир бўлмаса, ёнбошлаб ўқийди. Намоз ҳар қандай ҳолда ҳам фарз, чунки у одамда мана шу қодирлик мавжуд. Бу – феълдан олдинги қодирликдир. Аммо феъл билан бирга бўладиган қодирлик баъзан мутлақо бўлмаслиги, баъзан бор бўлса-да, тўла бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда унга имконияти даражасида фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16), «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).

Демак, икки қодирлик ўртасидаги фарқ шуки, биринчисига хитоб (шаръий мажбуриятлар) тааллуқ топади, иккинчисига ижро ва адо қилиш тааллуқ топади.


وَأَفْعَالُ الْعِبادِ [هِيَ] خَلْقُ اللهِ، وَكَسْبٌ مِنَ الْعِبادِ.


172. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратади, бандалар эса (ўша амалларни) касб қиладилар.


Бу масала атрофида тортишувлар, адашиш ва тойилишлар содир бўлган. Яъни, бандаларнинг иш-амалларини Аллоҳ яратадими ёки уларни бандаларнинг ўзлари яратадиларми?

Бир тоифа, яъни жабрийлар ва жаҳмиялар айтишларича, банда мажбур, содир бўлаётган амалларга унинг дахли, яъни инон-ихтиёри йўқ. Уларни фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи яратади. Масалан, адо этаётган намозини ҳам ўз ихтиёрисиз адо этади, у бунга мажбур. Бу тоифалар Аллоҳнинг қудратини исботлашда ғулув кетдилар. Уларнинг бу сўзлари очиқ залолат бўлиб, унинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилади ва уларни ўз ихтиёрларисиз бажарган амаллари учун азоблайди. Бандага бошқа биров қилган иш учун азоб беради, бошқа биров қилган иш учун савоб беради.

Иккинчи тоифа, яъни муътазилаларнинг сўзлари тамоман бунинг акси бўлиб, улар: иш-амаллар банданинг мутлақ иродаси ва истак-хоҳиши самарасидир, уларга Аллоҳ аралашмайди, банда ўз феълини ўзи яратади, дейишади. Бу тоифа банданинг қудратини исбот қилишда ғулув кетди. Уларнинг бу гапларидан, Аллоҳ таоло ожиз, яратиш ва пайдо қилишда бошқалар Унга шерик бўлади, деган гап келиб чиқади. Бу эса айни мажусийларнинг сўзидир. Шунинг учун муътазилалар «бу умматнинг мажусийлари» деб ном олишган.33 Мажусийлар: «Борлиқнинг иккита яратувчиси бор, бири яхшиликларни яратувчиси, иккинчиси ёмонликларни яратувчиси» дейишади. Муътазилалар уларга қўшимча қилиб: «Ҳар ким ўзининг феълини ўзи яратади» дейишди.

Аҳли сунна вал-жамоа Китоб ва Суннат ёруғлигидаги ўрта йўлни ушлаганлар. Улар айтадилар: Бандаларнинг феъллари уларнинг истак-иродалари билан бўлади ва уларни Аллоҳ азза ва жалла яратади: «Сизларни ҳам, қилаётган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган» (Соффат: 96), «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62), «Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?!» (Фотир: 3). Аллоҳ таоло танҳо Ўзи яратади ва тақдир қилади. Банданинг ҳам истак-хоҳиши, иродаси бор, у феълини ўзи бажаради. Масжидга ҳам ўз ихтиёри билан боради, кино-театрга ҳам ўз ихтиёри билан боради, чунки бунинг учун унда қудрат бор. Аллоҳ таоло кимга куч-қудрат бермаган бўлса, уни Ўзи маъзур санаган. Масалан, мажнун ёки мажбурланган одамда инон-ихтиёр ҳам, қасд ҳам бўлмайди. Кимнинг инон-ихтиёри ва қасди ўзида бўлса, у иш-амалини ўзига ўзи ихтиёр қилади. Жазо ёки мукофотни ҳам ўзининг амалига биноан олади, Аллоҳ азза ва жалла қилган иш учун эмас.

Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган кишилар» (Бақара: 62, Нисо: 59), «Кофир бўлган кимсалар» (Оли Имрон: 116) деб, иймон ва куфр келтиришни инсонларнинг ўзларига нисбат берди, «Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59), «Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилса» (Нур: 52) деб, феълларни бандаларнинг ўзларига нисбатлади.

Банданинг ўз истак-иродаси ва қасди бўлишига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далил бўлади: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30). Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг истак-хоҳиши борлигини, бандасининг ҳам истак-хоҳиши борлигини исботлади ва банданинг истак-хоҳишини Ўзининг истак-хоҳиши остига киритди.

«Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун» (Таквир: 28) оятида жабрияларга раддия бор, «фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина» (Инсон: 30) оятида қадарияларга раддия бор.


وَلَمْ يُكَلِّفْهُمُ اللهُ تَعالَى إِلاَّ ما يُطِيقُونَ


173. Аллоҳ Таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина буюргандир.


Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).

«Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!» (Бақара: 286).

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсаларни юкламайди. Фақат айрим ҳолларда жазо ва уқубат учунгина юклаши мумкин, Бану Исроилга золимликлари ва саркашликлари сабабли юклагани каби: «Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан-тўсганлари сабабли, яна ман этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик» (Нисо: 160, 161). Аллоҳ таоло уларга жазо сифатида зиммаларига тоқатларидан ташқари нарсаларни юклади. Шунинг учун дуода келадики: «Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама!» (Бақара: 286).

Аллоҳ таоло фазлу марҳамати ва меҳрибонлиги туфайли бандаларига уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсаларни юкламайди: «Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара: 143).


وَلا يُطِيقُونَ إلاَّ ما كَلَّفَهُمْ.


174. Улар ҳам Аллоҳ буюрганидан ортиғига қодир бўлолмайдилар.


Аслида, улар Аллоҳ таоло буюрганидан ортиғига ҳам қодир бўладилар, бироқ Аллоҳ таоло уларга енгиллик бўлишини истайди, оғирлик бўлишини истамайди. Шу боис улардан машаққатни кетказди ва енгил динни машруъ қилиб, ўртачадан ортиқча амаллардан қайтарди. Инсон учун туни бўйи намоз ўқиш жоиз эмас, бир умр турмуш қурмай ўтиш мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, тутмасдан ҳам юраман. Аёлларга уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас».34 Аллоҳ таоло уларга оғир келадиган ишларни юкламайди. Агар юклаганида, унга қодир бўлган бўлишарди. Бироқ, У уларга қийинчилик ва машаққатни хоҳламайди.


وَهُوَ تَفْسِيرُ: لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ, نَقُولُ: لا حِيلَةَ لأَحَدٍ، [وَلا تَحَوُّلَ لأَحَدٍ] وَلا حَرَكَةَ لأَحَدٍ عَنْ مَعْصِيَةِ اللهِ إلا بِمَعُونَةِ اللهِ، وَلا قُوَّةَ لأَحَدٍ عَلَى إِقامَةِ طاعَةِ اللهِ وَالثَّباتِ عَلَيْها إلا بِتَوْفِيقِ اللهِ.


175. «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» калимасининг маъноси шудир. Биз бу ҳақда шундай деймиз: Аллоҳга маъсият қилишдан ҳеч ким ўзича на ҳийла билан, на бирор ҳаракат билан қутула олади. Фақат Аллоҳ ёрдами билангина бунга эришиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳга итоат этиш ва тоат-ибодатда бардавом бўлиш учун ҳам Аллоҳ Таоло тавфиқидан бошқа қувват йўқдир.


«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» - яъни, бир ҳолдан бошқасига айланишингиз фақат Аллоҳнинг мадади билан бўлади, сизда бор бўлган қувват фақат Аллоҳнинг қувватидан, яъни У зот ато этган қувватдир. Ушбу калималарда куч-қувват Аллоҳдан эканига таслим бўлиш ва банданинг куч-қудратдан мосуво эканига иқрор бўлиш бордир. Бундай эътиқод эгаси ўзининг куч-қудрати билан мақтанмайди, балки уни Аллоҳ тарафидан деб билади, Аллоҳдан ёрдам ва мадад тилайди. Аллоҳ таоло унга тоат-ибодатида, маъсиятдан тоат томон, куфрдан Ислом сари эврилишида ёрдам беради. Барча нарса Аллоҳнинг куч-қудрати билан ҳосил бўлади. Агар у сизни ўз куч-қувватингизга топшириб қўйса, сиз ҳеч нарсага қодир бўлмас эдингиз. Тирикчилик, пул-мол топиш илинжида ҳаракат қилиш ҳам худди шундай, сиздан ҳаракат, тавфиқ ва баракат эса Аллоҳ азза ва жалла томонидан бўлади.


وَكُلُّ شَيْءٍ يَجْرِي بِمَشِيئَةِ اللهِ تَعالَى وَعِلْمِهِ وَقَضائِهِ وَقَدَرِهِ .


176. Ҳар бир нарса Аллоҳ Таолонинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан амалга ошади.


Унинг мулкида ҳеч нарса Унинг илми ва тақдирисиз содир бўлмайди: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29). Аллоҳ ҳукм қилган, тақдир қилган, лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйган нарсагина бўлади, борлиқда юз бераётган барча ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг қазоси ва қадари билан бўлади.


غَلَبَتْ مَشِيئَتُهُ الْمَشِيئاتِ كُلَّهَا.


177. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир.


Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29). Бандада ҳам хоҳиш бўлади, бироқ у Аллоҳнинг хоҳиши остига дохилдир, банда Аллоҳнинг хоҳишисиз бирон нарсани хоҳлашга қодир бўлмайди.


وَغَلَبَ قَضاؤُهُ الْحِيَلَ كُلَّهَا .


178. Унинг қазо ва қадари эса ҳамма ҳийла-тадбирлар устидан ғолибдир.


Аллоҳ таоло агар бир ишни тақдир қилмаган бўлса, сиз ҳар қанча сабабларини қилманг, сабаблар фойда бермайди ва ўша иш амалга ошмайди. Аллоҳ сизга фойдани тақдир қилмаган бўлса, ҳарчанд кўп ишларни қилманг, улардан заррача фойда етмайди. Шундай экан, сиз сабабларни қилишга таклиф этилгансиз, тавфиқ эса Аллоҳ таолодандир.


يَفْعَلُ مَا يَشاءُ وَهُوَ غَيْرُ ظالِمٍ أَبَداً، تَقَدَّسَ عَنْ كُلِّ سُوءٍ وَحَيْنٍ، وَتَنَـزَّهَ عَنْ كُلِّ عَيْبٍ وَشَيْنٍ


179. У (ҳеч кимга) асло зулм қилмаган ҳолида Ўзи хоҳлаган ишини қилади. У ҳар қандай ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир, барча айбу-нуқсонлардан покдир.


Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган ишни, у хоҳ яхши иш, хоҳ ёмон иш бўлсин, хоҳ неъмат, хоҳ азоб бўлсин, бандаларига зулм қилмаган ҳолда қилади. Чунки, у ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Зулм қилмаган ҳолда неъмат ва тавфиқни унга лойиқ бўлган кишиларга беради, нолойиқ бўлган кишини тоат-ибодат ва тавфиқдан маҳрум қилади. Тоатли, солиҳ бандасига азоб бермайди, осий кимсага ажру савоб бермайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зотида комил, исму сифатларида комил, феъллари ва яратишида комилдир.

1 Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амаллар фақат хотимасига қараб (баҳоланади)...» (Бухорий (6493) ривояти.

2 Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу бир неча кишиларга ҳадис сўзлаб айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўн киши жаннатдадир: Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон, Алий, Зубайр, Талҳа, Абдурраҳмон, Абу Убайда, Саъд ибн Аби Ваққос..» деб (Саид ибн Зайд) ўнинчисини айтишдан тўхталдилар. Шунда қавм: «Эй Абул-Аъвар, Аллоҳни ўртага қўйиб сўраймиз, ўнинчиси ким?», деб сўрашди. «Аллоҳни ўртага қўйиб сўрадингизлар, (шунинг учун айтаман,) Абул-Аъвар жаннатда», дедилар. (Термизий (3757) ривоят қилган ва: «Абул-Аъвар – Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайлдир», деган).

3 Аҳмад «Муснад»да (3/166), Абдурраззоқ «Мусаннаф»да (20559), Бағавий «Шарҳус-сунна»да (3535), Насоий «Амалул-явми вал-лайла»да (863), Байҳақий «Шуъабул-иймон»да (6605) ривоятлари.

4 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб баланд овозда нидо қилдилар: «Эй тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади». Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир куни Каъбага юзланиб дедилар: «Сен нақадар буюксан! Сенинг ҳурматинг нақадар улуғ! Мўмин кишининг ҳурмати эса Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан ҳам улуғроқ» (Термизий (2037) ривоят қилган ва: «ҳасан, ғариб ҳадис» деган).

5 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Бухорий (2442) ва Муслим (2580) ривоятлари).

6 Бухорий (25, 392, 2946) ва Муслим (21, 22) ривоятлари.

7 Бухорий (67) ва Муслим (1679) ривоятлари.

8 Бу гап Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан собит бўлган ва у кишига мавқуфдир. Термизий (2037) ривоят қилиб: «ҳасан, ғариб ҳадис», деган.

9 Бухорий (6878) ва Муслим (1676) ривоятлари.

10 Бухорий (2957) ва Муслим (1835) ривоятлари.

11 Бухорий (7056) ва Муслим (1709) ривоятлари.

12 Муслим (1847) ривояти.

13 Муслим (55) ривояти.

14 Бухорий (4340, 7145) ва Муслим (1840) ривоятлари.

15 Абу Довуд (4607), Термизий (2681), Ибн Можа (42) ривоятлари.

16 Муслим (1718) ривояти, Бухорий: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади» деган лафз билан ривоят қилган (2697).

17 Термизий (2172) ривояти.

18 Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да (11537) ривоят қилган.

19 Бухорий (16) ва Муслим (43) ривоятлари.

20 Бухорий (660) ва Муслим (1031) ривоятлари.

21 Бухорий (60, 96, 163) ва Муслим (241) ривоятлари.

22 Термизий (696), Абу Довуд шунга яқин лафз билан (2324), Ибн Можа (1660) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, ғариб ҳадис» деган.

23 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фаришталар нурдан яратилган, жин-иблис эса аланга-оловдан яратилган, Одам эса сизларга васф қилинган нарсадан яратилган» (Муслим (2996) ривояти).

24 Аҳмад (4/287, 295), Абу Довуд (4753), Ҳоким (1/37-40) ривоятлари.

25 Бухорий (218) ва Муслим (292) ривоятлари.

26 Термизий (3613) ривоят қилиб, «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.

27 Бухорий (6536) ва Муслим (2876) ривоятлари.

28 Бухорий (538) ва Муслим (616) ривоятлари

29 Бухорий (537) ва Муслим (617) ривоятлари

30 Бухорий (538) ва Муслим (616) ривоятлари

31 Бухорий (1362) ва Муслим (2647) ривоятлари

32 Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.

33 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қадариялар бу умматнинг мажусийларидир, улар касал бўлсалар кўргани борманглар, ўлсалар жанозаларида иштирок этманглар» Абу Довуд (4691) ривояти.

34 Бухорий (5063) ва Муслим (1401) ривоятлари.