асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
46-1004049 марта кўрилган و صَدَّقـَهُ المُؤمنـُون عَـلَى ذلِكَ حَقًّـا 46. Мўминлар Қуръонни дарҳақиқат ана шундай деб тасдиқлаганлар. Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган кишилар Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ томонидан етказувчи бўлганларига ишонадилар. Аллоҳ таолонинг: «Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир» (Таквир: 19-21) деган оятларида унинг Жибрил алайҳис-саломга нисбат берилиши фақат етказиш жиҳатидандир. Чунки, Қуръон бир вақтнинг ўзида ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам Жибрил алайҳис-саломнинг сўзи бўлиши мумкин эмас. Битта сўз фақат бир кишиники бўлади, уни бир неча кишининг сўзи дейиш тўғри бўлмайди. Уни Аллоҳ таолога нисбатлаш ҳақиқий, Жибрил алайҳис-саломга нисбати эса таблиғ-етказиш жиҳатидан холос. Бошқа оятда: «У (Қуръон) шак-шубҳасиз улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!» (Ал-ҳааққа: 40) деб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатланиши ҳам таблиғ-етказиш жиҳатидандир. و أيْقـَنـُوا أنـَّهُ كَلامُ الله تعالى بالحَقـِيقـَةِ 47. Уни Аллоҳ таолонинг ҳақиқий каломидир, деб иймон келтирганлар. Жаҳмийлар ва муътазилийлар айтганидек эмаски, улар: «Қуръон Аллоҳнинг каломи, лекин уни Аллоҳга нисбатланиши мажозий, чунки Аллоҳ уни яратган, уни Аллоҳга нисбатлаш махлуқни холиқига нисбатлаш маъносида», дейишади. Биз айтамиз: Бекор айтибсизлар, Аллоҳга изофа қилиш – нисбатлаш икки хил бўлади: маъноларни изофа қилиш ва нарсаларнинг ўзини изофа қилиш. Биринчиси: Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш – нисбат бериш, бунинг мисоли калом-сўзлаш. Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш бўлади. Масалан, сўзлаш, эшитиш, кўриш, қудрат, иродани изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш қабилидан. Чунки, булар ўзлари мустақил равишда амал қила олмайдиган маънолардир, балки фақат мавсуф билан бирга бўлганда амал қилади. Иккинчиси: Нарсаларни изофа қилиш, байтулоҳ (Аллоҳнинг уйи), ноқатуллоҳ (Аллоҳнинг туяси), абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) каби. Бу – махлуқни холиқига изофа қилиш бўлиб, бу ердаги изофадан мурод – улуғлаш ва ҳурматлашдир. لـَيْسَ بِمَخلـُوقٍ كَـكَـلامِ البَـريَّـةِ 48. У махлуқларнинг каломи каби махлуқ – яратилган эмас. Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас. Бу «Қуръон махлуқ» дейдиган жаҳмийлар ва муътазилийларга раддиядир. Уларнинг – ўз даъволарича – ташбеҳдан қочиш учун барча сифатларни Аллоҳдан рад қилишга қурилган манҳажларига кўра, Аллоҳ сўзламайди. Чунки улар яратувчининг сифатлари билан махлуқларнинг сифатлари ўртасини ажратмайдилар. Шу боис мавҳум – гумоний ташбеҳдан қочиб, ундан кўра ёмонроқ нарсага – таътилга тушиб қолдилар, гўёки ёмғирдан қочиб дўлга тутилдилар. Агар улар Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган нарсаларни исботлашганда ва Холиқ билан махлуқ сифатлари ўртасидаги фарқни илғаб олишганда эди, тўғриликка етишган бўлар, шу билан олам гулистон эди. Бироқ, таассуфки, улар залолат йўлини тутишди. فـَمَنْ سَمِعَهُ فـَزَعَمَ أنـَّهُ كَلامُ البَـشَر فـَقـَدْ كَفـَرَ 49. Кимда-ким Қуръонни эшитгач, уни инсонларнинг сўзи деб ҳисобласа, шубҳасиз кофир бўлади. Аллоҳнинг Каломини инсон сўзи деб даъво қилган одам шак-шубҳасиз кофир бўлади, чунки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини инкор қилган бўлди. Агар Аллоҳ таолонинг бандаларга нозил қиладиган каломи бўлмаса, унда Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳужжати нима билан барпо бўлади?! Бу сўзлари билан улар шариатларни йўққа чиқаришни қасд қилишади. Агар борлиқда – хоҳ Тавротда, ҳоҳ Инжилда, хоҳ Қуръонда бўлсин –Аллоҳнинг Каломи бўлмаса, бу дегани одамлар устида Аллоҳнинг ҳужжати барпо бўлмаган, дегани бўлади. Бу эса энг катта куфр ва энг катта залолатдир. و قـَدْ ذمَّهُ الله و عَابَهُ و أوْعَدَهُ بسَقـَرَ حَيثُ قال تعالىسَأُصْلِيهِ سَقَر 50. Бундай кимсани Аллоҳ Таоло мазаммат қилган ва «Мен уни тез кунда "сақар" - жаҳаннамга киритажакман» (Муддассир: 26) деб унга таҳдид қилгандир. Қуръонни инсон сўзи дейдиган кимсани Аллоҳ таоло мазаммат қилди. Валид ибн Муғийра ал-Махзумий шундай деган эди. У Макка кофирларининг катталаридан ва зодагонларидан эди. Обрў-эътибори кучлилигидан уни Макканинг кўрки деб аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонни эшитганида унинг жозибаси уни маҳлиё қилди ва уни инсоннинг сўзи эмаслигини билди. Қуръонни мақтаб: «У шеър эмас, сеҳр ҳам эмас. Мен шеър турларини яхши биламан, сеҳр турларини ҳам, фолбинликни ҳам биламан, яна фалон-фалон нарсаларни биламан. Қуръон уларнинг ҳеч биридан эмас», деди. Шунда қавмдошлари бўлмиш кофирлар ундан норози бўлиб, қаттиқ-қаттиқ сўзлар айтишди. Чунки, сўзларининг маъносидан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини эътироф қилаётган эди. Қавмдошларининг муомаласини кўргач, у гапини тўғрилаб олди-да: «Бу фақат башарнинг сўзидир» (Муддассир: 25), деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятларни туширди: «Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига)қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини)буриштирди. Сўнгра (ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман! (Муддассир: 18-26). فَلَمَّا أَوْعَدَ اللهُ بِسَقَر لِمَن قالَ: إنْ هـَذا إلا قـَوْلُ البـَشَر (المدثر:25) عَـلِمْـنا و أيْقـنـَّا أنَّه قـَولُ خـَالِـق البـَشَر 51. (Қуръон тўғрисида): "Бу инсоннинг сўзидан бошқа нарса эмас" (Муддассир: 25) деган кимсани Аллоҳ "сақар" билан огоҳлантириб қўрқитган экан, шундан биз Қуръон Яратганнинг сўзи эканлигини билдик ва иймон келтирдик. Кимда-ким Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эмас, балки инсоннинг ёки малоиканинг сўзи деса, у одам худди Валид ибн Муғийрага ўхшаган бўлади. Ўртадаги фарқ шуки, у мусулмонлик даъво қилади, Валид эса Исломни даъво қилмаган. Исломни даъво қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки, Қуръонга кофир бўлган кимсага Исломни даъво қилиш асло фойда бермайди. Чунки бу муртадлик ҳисобланади. Шундан маълум бўладики, Қуръонни Аллоҳнинг ҳақиқий каломи деб эътироф қилиш зарурдир. و لا يُـشْبِهُ قَوْلَ البَـشَر 52. Ҳамда унинг инсонлар сўзига ўхшамаслигини (билдик ва иймон келтирдик). Агар Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бўлса эди, Валид ибн Муғийранинг «Қуръон Муҳамад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзи» деган гапига бу даражада қаттиқ маломат бўлмас эди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло унга қаттиқ ваъид (азоб хабари) билан пўписа қилди. Демак, бу унинг Қуръонни Аллоҳдан бошқасига нисбат бериши билан жуда ёмон ва ҳақоратли сўз айтганига далил бўлади. Мана шу йўлни тутган ва шу даъвони қилган ҳар бир киши Валид ибн Муғийрадан фарқсиз ўлароқ жаҳаннамда абадий қолади. وَمَنْ وَصَفَ اللهَ بمَعْنـًى مِنْ مَعَانِي البَـشر، فـَقـَدْ كَـفـرَ. 53. Ким Аллоҳ Таолони фақат инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади. Яъни, кимда-ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган маъно-тушунчаларга ўхшатса кофир бўлади, чунки бу билан у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони камситган бўлади. مَنْ أبْصَرَ هذا اعْتَبَرَ 54. Буни англаган инсон ибратланади Чунки, Холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасидаги фарқ очиқ-ойдин маълум. Улар гарчи ном ва маънода муштарак бўлса-да, ҳақиқатида фарқли ва воқеъда бошқачадир. Демак, Аллоҳнинг Каломи билан инсон каломи ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг эшитиши билан инсоннинг эшитиши ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг кўриши билан инсоннинг кўриши ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг илми билан инсоннинг илми ўртасида ўхшашлик йўқ, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан инсоннинг хоҳиш-иродаси ўртасида ўхшашлик йўқ. Ким Аллоҳ таолонинг сифатлари билан махлуқотлар сифатлари ўртасини фарқламаса, кофир бўлиб қолади. وَ عَن مِثـل قـَوْلِ الكُفـَّارِ انـْزَجَرَ 55. Ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади. Ким Аллоҳ таолонинг Валид ибн Муғийра ҳақида нозил қилган оятларини тафаккур қилиб кўрса, адашган фирқаларнинг Аллоҳнинг Каломи ҳақидаги гапларининг ботиллигини билади ва бундай сўзлардан тийилади. و عَـلِمَ أنـَّهُ بصِفـَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَر 56. Ҳамда У Ўзининг сифатларида инсонларга ўхшаш эмаслигини (аниқ) билади. Аллоҳ таолонинг сўзлаш, эшитиш, кўриш ва бошқа сифатлари инсонларнинг мазкур сифатларига ўхшаган эмас. Зеро, Холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасида улкан фарқ бор. والرُؤْيَة حَـقٌ لأهْـلِ الْجَـنَّةِ، بِغَيْرِ إحَاطَةٍ و لا كَيْفيَّةٍ 57. Жаннат аҳли Қиёмат куни Аллоҳни нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, кайфияти бизга номаълум ҳолда кўриши ҳақдир. Мўминлар охиратда Парвардигорлари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар, деб ишонамиз. Уни ўз кўзлари билан, худди тўлин ойни кўргандек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўргандек кўрадилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ва мутавотир ҳадисларида хабар берганлар1. Шунинг учун мусанниф: «кўриш ҳақ», дейди, яъни Китоб, Суннат, салафу халаф аҳли сунна вал-жамоанинг ижмоъ-иттифоқига кўра бу собитдир, бунга бидъат аҳли ва адашган йўллар эгаларидан бошқалар мухолиф бўлмаганлар. Мўминлар Роббилари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар. Унинг Ўзи бу ҳақда шундай деган: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23). Агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى (-га) ҳарфи билан бирга келса, «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Масалан, «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия: 17-20), «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23) каби. Агар ёлғиз ўзи келса, «кутиш, «кутиб туриш» маъносида келади. Масалан, «У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизни кутиб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар» (Ҳадид: 13) каби. Агар في (-да) билан келса, «фикр юритиш, ибрат олиш» маъносида келади. Масалан, «Самовот ва Ер малакутлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида фикр юритмайдиларми?!» (Аъроф: 185) каби. Хулоса шуки, оятдаги (Қиёмат: 22, 23) نظر (назар солмоқ) сўзи إلى (-га) ҳарфи билан бирга келди ва у «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъносини англатди. Ундан ташқари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26) деган сўзларидаги «гўзал оқибат»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат, деб, «зиёда неъмат»ни Аллоҳ таолонинг Юзига боқиш, деб тафсир қилган эканлари «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинган.2 Аллоҳ таолонинг: «Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф: 35) оятидаги «қўшимча иззат-икром»дан мурод ҳам Аллоҳ таолонинг Юзига боқишдир. Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида: «Ҳеч шак-шубҳа йўққи, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилувчидирдар» (Мутаффифун: 15), дейди. Агар кофирлар дунёда Аллоҳга кофир бўлишгани учун охиратда Ундан тўсилсалар, яъни У зотни кўролмасалар – бу эса энг катта маҳрумлик ва энг оғир азобдир, Аллоҳ сақласин – демак, бу дегани мўминлар қиёмат куни Аллоҳ таолодан тўсилмаслигига ва улар охиратда У зотни ўз кўзлари билан кўришларига далил бўлади. Чунки, улар дунёдаликларида Уни кўрмаган ҳолда ҳам иймон келтиришган, Унинг оят-аломатлари ва рисолатлари билан ҳаққа йўлланишган эди. Энди Аллоҳ таоло қиёмат куни уларни Ўзининг жамолини кўрсатиш билан иззат-икром қилади. Аллоҳ азза ва жалланинг жамолига боқиш жаннатдаги энг катта неъмат ва мукофотдир. Айтиб ўтилган гаплар аҳли сунна вал-жамоат мазҳаби ва уларнинг Қуръондан далиллари эди. Уларнинг суннатдан ҳам кўплаб далиллари бор бўлиб, улар мутавотирлик даражасига етган. Аллома Ибнул Қаййим «Ҳодил-арвоҳ ила биладил-афроҳ» китобида бу ҳақда келган ва мутавотирлик даражасига етган ҳадисларни олиб келганлар. «Сизлар қиёмат куни Роббингизни худди тўлин ойни кўрганингиздек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўрганингиздек кўрасизлар, Уни кўришда талашиб-тортишмайсизлар»3 ҳадиси шу жумладандир. Яъни, Аллоҳ азза ва жаллани кўришда тиқилинч ҳолат юзага келиб, туртиниб-суртинмайсиз. Чунки, ҳар бир киши Аллоҳ таолони ўзи турган ўрнида, ҳеч қандай тиқилинчсиз, худди ой ва қуёшни бемалол, тиқилинчсиз кўрганидек кўра олади. Одатда, ерда бўлган нарсани кўпчилик кўрмоқчи бўлганида тиқилинчлик ҳолати вужудга келади. Аммо бир нарса юқорида, худди қуёш ва ой каби кўриниб турадиган бўлса, уни кўриш учун талашиб-тортишиш бўлмайди, ҳар ким турган ерида кўриш имконига эга бўлади. Махлуқ – қуёш ва ой ҳақида гап шу бўлса, Холиқ субҳанаҳу ва таоло ҳақида бу қандай мумкин бўлмасин?! Аллоҳни кўришни жаҳмийлар ва муътазилийлар каби бидъат аҳлидан бошқа ҳеч ким инкор қилмайди. Улар эса буни рад қилишади ва: «Кўришни исбот қиладиган бўлсак, бундан Аллоҳнинг қайсидир бир жиҳат-тарафда экани келиб чиқади», дейишади. Уларнинг наздида Аллоҳ таоло ҳеч бир тарафда эмас, У оламнинг ичида ҳам, ташида ҳам эмас, юқорида ҳам, пастда ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам эмас. Демак, Аллоҳ таоло йўқ экан-да?! Аллоҳ таоло улар айтаётган гаплардан олийдир, улар мана шу ботил фикрларидан келиб чиқиб Аллоҳ таолони кўришни рад қилишади. Ашъарийлар эса Китобу Суннатдаги далилларни инкор қилиш имкони бўлмаганидан кўришни исботлашди, бироқ: «У кўрилади, лекин бирор тарафда эмас» дейишди. Қизиқ гап, шундай эмасми? Бир нарсани кўриш мумкин бўлса-ю, у ҳеч бир тарафда бўлмаса?! Шунинг учун муътазилийлар бундай бўлишини маҳол санаб, бу гапни инкор қилишди. Аҳли сунна вал-жамоат айтадики: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони кўрилади, У юқори тарафда, уларнинг тепасида бўлади. Жиҳат-тараф деганда махлуқ-яратилган тараф кўзда тутилса, Аллоҳ таоло бирор тарафда эмас. Чунки, У зот Ўзининг махлуқоти ичида бўлмаслиги аниқ. Агар у билан олийлик ва махлуқотдан юқорилик кўзда тутилса, бу Аллоҳ азза ва жалла учун собитдир. Аллоҳ таоло юксакликда, осмонлар устидадир. Қуръонда жиҳатнинг исботи ҳам, инкори ҳам келмаган, лекин у ҳақда юқоридагидек тафсилот билан айтилади. Улар Аллоҳ таолони нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, қандайлиги бизга номаълум ҳолда кўрадилар. Зотан, Аллоҳ таоло Уни нигоҳлар тўла қамраб олишидан буюкдир. Аллоҳ таоло айтади: «Улар эса У зотни тўла била олмаслар» (Тоҳа: 110). «Кўзлар уни идрок қила олмас» (Анъом: 103). Бунинг маъноси – кўзлар уни кўролмас, дегани эмас, кўзлар уни тўла қамраб ололмас, деганидир. Идрок қилиш бошқа, кўриш бошқа. Аллоҳ таоло: «Кўзлар уни кўра олмас» демади, балки: «Кўзлар уни идрок қила олмас» деди. Бунда ушбу оятни Аллоҳ таолони кўришни инкор қилишга далил қиладиган кишиларга раддия бор. Улар: «Аллоҳни кўришнинг имкони йўқ, чунки Унинг ўзи: «Кўзлар уни идрок қила олмас» деган», дейишади. Биз айтамизки: «Сизлар бу оят маъносини тушунмабсизлар. Унинг маъноси – кўзлар Уни кўра олмайди, дегани эмас, балки тўла қамраб ололмайди, деганидир». Яна улар: «Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан» (Аъроф: 143) оятини далил қилиб: «Бу ҳам Аллоҳни кўриш мумкин эмаслигига далил» дейишади. Биз уларга айтамиз: Бу мана шу дунёдаги гап. Мусо алайҳис-салом буни шу дунёда сўраган. Бу дунёда Аллоҳ таолони ҳеч ким, на пайғамбарлар, на бошқалар кўра оладилар. Аммо охиратда мўминлар Роббиларини кўрадилар. Дунё ҳолати охират ҳолати билан бир хил эмас. Одамлар дунёда жисмлари ҳам, идроклари ҳам заиф бўлади. Шу боис улар Аллоҳ таолони кўришга қодир бўлишмайди. Охиратда эса Аллоҳ уларни икром қилиб, Роббиларини кўришга қодир бўладиган қувват ато этади. Шунинг учун Мусо алайҳис-салом Роббиларидан унга Ўз жамолини кўрсатишини сўраганида «(Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади» (Аъроф: 143). Метин бўлган тоғ уқаланиб, майда-майда бўлиб кетган бўлса, эт ва суякдан иборат махлуқ қандай унга тоқат қила олсин?! Бу дунёда у Аллоҳ таолони кўришга ҳаргиз қодир бўлмайди! Мусо алайҳис-саломнинг Аллоҳ таолодан Уни кўришни сўрашлиги кўриш жоиз ва мумкинлигига далилдир. Чунки, Мусо Парвардигордан ножоиз нарсани сўрамас эдилар. Лекин, бу нарса бу дунёда имконсиз ишдир. Аллоҳ таоло: «Сен Мени ҳаргиз кўролмайсан» деди, «Мен кўринмайман», демади. Аллоҳ таоло охиратда кўрилади4, Уни кўришга энг лойиқ инсонлар пайғамбарлар бўлади. «Кайфияти номаълум ҳолда» бунинг маъноси – Аллоҳни қандай ҳолда кўрилади?, деб сўралмайди. Чунки, бу Аллоҳ азза ва жалланинг бошқа сифатлари каби кайфияти бизга номаълумдир. Биз бунга иймон келтирамиз, маъносини биламиз, исботлаймиз. Лекин унинг қандай ҳолда бўлиши бизга номаълум, Аллоҳ Ўзи билади. كَمَا نـَطقَ بهِ كِتابُ رَبِّـنـَا: وُجُوهُ يَومَئِذٍ نـَاضِرَة إلى رَبِّهَا نـَاظِرَة (القيامة: 22-23.) 58. Парвардигоримиз китобида айтилганидек: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23). Юқорида айтиб ўтилганидек, агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى (-га) ҳарфи билан бирга келса, «қарамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Муътазилийлар إلَى رَبِّهَا ояти калимасидаги إلى ни «неъматлар» маъносини англатувчи исми жамъ, дейишиб: «Парвардигорининг неъматларига боқиб турувчидирлар» маъносида, дейишди. Бу ақлли кишининг кулгисини келтирадиган таҳриф (оят маъносини бузиш)дир. Чунки, ҳарф ҳеч қачон жамъга айлантирилмайди. و تَفْسِيرُهُ عَلَى مَا أرَادَ اللهُ تعالى وعَلِمَهُ 59. Бу оятлар шарҳи Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилгани ва билганидекдир. Яъни, «Парвардигорларига боқиб турувчидир» (Қиёмат: 23) оятининг тафсири Аллоҳ азза ва жалла ирода қилгани каби, кўзлар билан кўриш маъносидадир, бидъат аҳли ирода қилган маъноларда эмас. و كُلّ مَا جَاءَ فِي ذلك مِنْ الحَدِيثِ الصَّحِيحِ عَـنْ رَسولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَهُوَ كَمَا قالَ 60. Шу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар қандай саҳиҳ ҳадисни у зот қандай айтган бўлсалар шундайлигича қабул қиламиз. Аллоҳ таолони кўриш ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир ҳадисни Қуръонда бу ҳақда келган оятларни қандай қабул қилсак шундай, ҳақиқатига кўра қабул қиламиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ тарафидан ваҳийдир: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3, 4). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари иккинчи ваҳий деб номланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп мутавотир ҳадисларида мўминлар қиёмат куни Роббиларини кўришлари ҳақида хабар берганлар. Бунга ҳеч қандай таҳрифсиз (ўзгартирмасдан), таътилсиз (йўққа чиқармасдан), тамсилсиз (ўхшатмасдан), такйифсиз (қандайлигини суриштирмасдан) иймон келтириш вожиб бўлади. و مَعْـنـَاهُ عَـلى مَا أرَادَ 61. Маъноси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай кўзда тутган бўлсалар шундайдир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган маънодадир, бидъат ва таҳриф аҳли айтганидек эмас. لا نـَدْخـُلُ فِي ذلك مُتـَأوِّلِـينَ بآرَائِنـَا و لا مُتَوَهِّمِـيـنَ بأهْوَائِنا 62. Бундай хабарларни тушунишда ўз фикрларимиз билан таъвил қилиб, ҳавою хоҳиш таъсирига берилмаймиз. Яъни, жаҳмия ва муътазилалар, шунингдек уларнинг этагини тутган ва ботил таъвил билан айтган фикрларини қабул қилган кимсаларнинг йўлларини тутмаймиз. Балки Китобу Суннатга эргашамиз, ўз ақлимиз ва фикримизга суянмаймиз, ақлимизни Китобу Суннатда келган хабарлар устидан ҳоким қилмаймиз, аксинча Китобу Суннатни ақллар ва фикрлар устидан ҳоким қиламиз5. فإنـَّهُ مَا سَـلِمَ فِي دِينِهِ إلا مَنْ سَلَّمَ لِلّهِ عَـزَّ وجَلَّ و لِرَسُولِهِ صلى الله عليه وسلم ورَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إلَى عَالِمِهِ 63. Зеро, Аллоҳ азза ва жаллага ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла бўйсунган ва тушунмай қолган нарсасини Билувчи Зот иродасига ҳавола қилган кишигина динида саломат қолади. Аллоҳ ва Расулига тўла бўйсунган киши улар тарафидан келган нарсани қандай бўлса шундайлигича қабул қилган ва иймон келтирган, унга таҳриф ва таъвиллар киритмаган кишидир. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳга иймон келтирдим ва Аллоҳнинг китобида келган нарсаларга Аллоҳ нимани мурод қилган бўлса ўшандоқ иймон келтирдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган нарсаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани мурод қилган бўлсалар ўшандоқ иймон келтирдим». Яъни, хоҳиш-ҳавойимга мувофиқ ёки таҳриф қилиб ёки одамларнинг сўзларига қараб эмас.6 Ким ана шундай тарзда бўйсунса, ўзига яхши тушунарсиз бўлган, маъноси ёки кайфиятини англаб етмаган нарсани унинг олимига, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳавола қилса, динида саломат қолади. Кимга бирон нарса чигал ва тушунарсиз бўлса, уни илм аҳлига ҳавола қилсин, ҳар бир илм соҳибининг устида ундан устунроқ билимдон бўлади, агар уламоларнинг илми етмаса, уни Аллоҳ жалла ва алога топшириш вожиб бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан улар билмайдиган бирон нарса ҳақида сўрасалар, улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришар, тахмин ва гумонлари бўйича жавоб беришмас эди. Шундай экан, ўзингиз тушунмаган нарсани тушунтириб беришга қодир ишончли олим топсангиз, Аллоҳга ҳамд айтинг. Аксинча бўлганда, унинг ҳақ эканига ва маъноси борлигига, бироқ сиз уни тушунолмаётган эканингизга эътиқод қилинг-да, уни Аллоҳга топширинг. لا تَـثْبُتُ قَدَمُ الإِسْلامِ إِلاَّ عَلَى ظَهْرِ التَّسْلِيمِ وَالاِسْتِسْلامِ 64. Аслида, Исломнинг қадами фақат тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан мустаҳкам бўлади. Ҳақиқий мусулмончилик Аллоҳ азза ва жаллага тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан, яъни У зот ҳузуридан ва Расули тарафидан келган нарсага тўла итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65). فـَمَنْ رَامَ عِلْمَ مَا حُظِّرَ عَنْهُ عِلْمُهُ، ولَمْ يَقْنَعْ بالتـَّسْلِيم فَهْمُهُ، حَجَبَهُ مَرَامُهُ عَـنْ خـَالِص التـَّوْحِيدِ، وصَافِي الْمَعْرِفـَةِ، وصَحِيحِ الإيمَان 65. Бас, ким (Аллоҳ ва расулига) таслим бўлиш билан қаноатланмасдан (Аллоҳ тарафидан) беркитилган нарсани билишга интилса, бу интилиши уни холис тавҳиддан, (Аллоҳ тўғрисидаги) тўғри билим-маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсиб қўяди. Аллоҳ тарафидан беркитилган нарсани билишга интилиш маъноси – Аллоҳ таоло тарафидан у ҳақда маълумот берилмаган, кайфият (Аллоҳнинг сифатлари қандайлиги ҳақидаги) илми каби нарсаларга иймон келтирмаслик ва қаноат ҳосил қилмасликдир. Аслида, буларга иймон келтириш ва унинг илмини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қилиш ва топшириш вожиб. «Иймонли кишилар унинг ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар» (Бақара: 26). Аллоҳ таоло айтади: «У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (уларни муҳкам оятларга қўшилмаганда асл маъноларини) тушуниш қийин бўлган муташобиҳ оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.— Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. — Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар» (Оли Имрон: 7). فَيَتَذَبْذَبُ بَيْنَ الكُفْرِ وَالإيْمَانِ، والتَّصْدِيقِ والتَّكْذِيبِ، والإقْرَارِ والإنْكَارِ 66. Оқибатда у куфр билан иймон, тасдиқлаш билан рад қилиш, иқрор билан инкор ўртасида адашиб-улоқиб юради. Ушбу нарсалар илмини Аллоҳ ва Расулига топширмаган киши Аллоҳни таниш ва ҳақни танишдан тўсиб қўйилади, натижада адашиб-улоқиб кетади. Бу на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон, гоҳ мусулмонлар билан, гоҳ кофирлар билан, гоҳ тасдиқлаб, гоҳ ёлғон санаб юрадиган мунофиқларнинг ҳолидир. «У (яъни, яшин атрофини) ёритганида юрадилар, ўчганида туриб қоладилар» (Бақара: 20). Аммо иймон аҳли ўзлари билган нарсани айтадилар, билмаган нарсаларининг илмини Аллоҳ азза ва жаллага топширадилар, билиш имкони йўқ бўлган нарсаларни билишга уринмайдилар ёки Аллоҳ шаънида ўзлари билмаган нарсани гапирмайдилар. Аллоҳ шаънида билмаган нарсасини гапириш ширкка баробар, балки ширкдан-да ёмонроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган» (Аъроф: 33). مُوَسْوَسًا تـَائِهًا، شَاكـًّا، لا مُؤْمِنـًا مُصَدِّقـًا، و لا جَاحِدًا مُكَذِّبًا 67. Шубҳа ва гумонлар ичра на чин мўмин ва на ҳақиқий кофир эканини билмаган ҳолда довдирайди. Бу ҳам иккиланиш ва нифоқ аҳлининг ҳолати бўлиб, улар доим шак-шубҳа ва гумонлар ичра, на уёқ, на буёқ бўлмай, икки ўртада сарсон бўлишади. Чунки, уларнинг мусулмонликлари қалбга ўрнашмаган, Аллоҳ ва Расулига таслим бўлишмаган. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида айтади: «Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар» (Нисо: 143). «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади. Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 14, 15). وَلا يَصِحُّ الإِيْمَانُ بِالرُّؤْيَةِ لأهْـلِ دَارِ السَّلامِ لِمَن اعْتَبَرَهَا مِنْهُمْ بِوَهْم، أو تَأوَّلهَا بِفَهْمٍ 68. Ким дорус-салом (жаннат) аҳли Аллоҳ Таолони кўришларини ўзининг хаёлидагидек тасаввур қилса ёки ақли билан уни таъвил қилса, унинг иймони нотўғри бўлади. Дорус-салом – жаннатдир, жаннатда Аллоҳни кўришни ўз гумонича тасаввур ёки таъвил қилиб, унинг ҳақиқатини рад қиладиган ва бунинг илмини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилмаган кишининг иймони саҳиҳ бўлмайди. إذ كَانَ تَـأْويلُ الرُؤْيَةِ- وتَأويلُ كُلِّ مَعْنـًى يُضَافُ إِلَى الرّبُوبيَّةِ- بِتَرْكِ التَّأوِيلِ، وَلُزُومِ التَّسْلِيمِ 69. Чунки қиёмат кунида Аллоҳни кўришнинг чин таъвили рубубиятга дахлдор бўлган ҳар қандай маънонинг таъвили сингари мутлақо таъвил қилмасдан тўла таслим бўлишдир. Буларнинг ҳаммаси юқорида ўтган, Аллоҳ ва Расулидан келган нарсаларга, шу жумладан Аллоҳни кўриш ҳақидаги сўзга таслим бўлиш тўғрисида келган гапларни таъкидлаш учундир. Биз бу борадаги сўзларга аҳли бидъатлар қилганидек чуқур киришмаймиз, балки қандай келган бўлса шундай ишонамиз ва тасдиқлаймиз, мўминлар қиёмат куни жаннатга киришдан олдин Роббиларини кўрадилар, жаннатга кирганларидан сўнг яна кўрадилар, бу уларга дунёдалик пайтларида У зотни кўрмаган ҳолда иймон келтирган эканларига мукофот қилиб берилади. وعَلَيْهِ دِينُ الْمُسْلِمِينَ 70. Ислом ана шу қоида устига барпо қилинган. Мусулмонларнинг динлари шу қоидага – яъни Аллоҳ ва Расулидан келган нарсаларга иймон келтириб, таслим бўлиш, бу ҳақда гумонлар, ботил таъвиллар ва ноҳақ таҳрифлар қилмаслик асосига қурилган. Ислом дини шудир. Мусулмон бўлмаганлар эса Аллоҳдан ва Унинг пайғамбаридан келган нарсаларга аралашадилар ва сўзларни ўз ўринларидан ўзгартирадилар. ومَنْ لـَمْ يَتـَوَقَّ النـَّفـْيَ و التـَّشْبيهَ، زَلَّ وَلمْ يُصِبِ التَّنْزِيهَ 71. (Аллоҳ ўзига исбот қилган сифатларни) инкор этишдан ва (уларни махлуқлар сифатига) ўхшатишдан эҳтиёт бўлмаган кимса албатта тойилади ва (аслида Аллоҳни поклашни мақсад қилган бўлса-да, Уни) поклашда хатога йўл қўяди. Демак, таътил ва ташбеҳ орасида ўртачалик йўлини тутиш зарур. Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклайман деб ғулув кетиб қолиб, Унинг сифатларини йўққа чиқаришдан ҳам, уларни исботлашда ғулув кетиб, махлуқотлар сифатларига ўхшатиб қўйишдан ҳам эҳтиёт бўлиш, бу борада мўътадил йўлни тутиб, Аллоҳга Унинг Ўзи ва пайғамбари исботлаган сифатларни ташбеҳсиз, тамсилсиз, таътилсиз, такйифсиз исботлаш лозим. Мана шу энг тўғри йўлдир. فإنََّ رَبـَّنـَا جلّ وعَلا مَوصُوفٌ بـِصِفـَاتِ الوَحْدَانِـيَّةِ، مَـنـْعُوتٌ بنـُعُوتِ الفـَرْدَانِيَّةِ، ليْسَ فِي مَعْـنـَاهُ أحَدٌ مِنَ البَـريَّةِ 72. Зеро, Буюк Раббимиз зотида ҳам, ишларида ҳам ваҳдоният ва фардоният (яъни, танҳо Унинг Ўзига хос бўлган улуғлик) сифатларига эгаки, ундай сифатлар бирон махлуқда бўлиши мумкин эмас. Ваҳдоният сифатлари шуки, Аллоҳ таоло бирдир, рубубиятида ҳам, улуҳиятида ҳам, исму сифатларида ҳам Унинг шериги йўқдир, буларнинг барчасида У ягонадир. У камолот сифатлари ва жалолат (улуғворлик) васфлари билан мавсуф (сифатланган), ушбу сифатларида махлуқотларидан биронтаси Унга ўхшаш эмас, Унинг исму сифатлари Ўзига хос ва мос, махлуқотларнинг сифатлари эса ўзларига хос ва мос. Шуни билиш билан сизга ҳақиқат ва тўғрилик равшан бўлади ва сиз муаттила ва мушаббиҳаларнинг йўлидан халос бўласиз. و تَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَ الْغـَايَاتِ، وَ الأرْكَانِ وَ الأعْضَاءِ وَ الأدَوَاتِ 73. Чегара-ҳудудлардан, ғоя-мақсадлардан, арконлардан ҳамда аъзо ва асбоблардан (яъни уларга муҳтож бўлишдан) олийдир. Бу гап бироз изоҳталаб ва тафсилотга муҳтож. Яъни, агар махлуқ-яратилган ҳудудлар кўзда тутилаётган бўлса, Аллоҳ таоло ҳудудлардан ва махлуқотлар ичига тушишдан покдир. Агар ҳудудлар деганда махлуқ бўлмаган ҳудуд, яъни олийлик ва юқори томон кўзда тутилса, бу Аллоҳ таоло шаънида собитдир, У зот олийликдан пок дейилмайди. Бу яратилган ҳудуд ва жиҳатлар туридан бўлмайди. Ғоялар дегани ҳам тафсилотга муҳтож. Бу гапнинг ҳаққа ҳам, ботилликка ҳам эҳтимоли бор. Агар ғоя деганда махлуқотларни яратишдан мақсад ва ҳикмат кўзда тутилса, бу Унинг шаънида ҳақдир. У махлуқотларни ҳикмат учун яратган. Лекин бунда ғоя эмас, ҳикмат деб айтиш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56). Агар ғоя деганда махлуқотларга эҳтиёж кўзда тутилса, албатта, уни Аллоҳ таолодан рад қилиш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло махлуқотларни уларга эҳтиёжи борлигидан яратмаган. У бутун оламдан беҳожат Зот. «Арконлар, аъзолар ва асбоблардан пок» деган ибора ҳам изоҳталаб. Агар арконлар, аъзолар ва асбоблар деганда Унинг юз, қўл каби зотий сифатлари кўзда тутилса, бу У зотда собитдир ва буни рад қилиш нотўғри бўлади. Агар махлуқларнинг аъзоларига ўхшаш аъзолар ва махлуқларнинг асбобларига ўхшаш асбоблар кўзда тутилса, унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундан покдир. Чунки, махлуқотларидан бирон киши ҳам Унга на зотида, на исмларида ва на сифатларида ўхшашдир. Хулоса шуки, мусанниф келтирган иборалар гарчи тафсилотга муҳтож бўлса-да, лекин у кишининг сўзларини ҳаққа йўйилади, чунки у киши аҳли сунна вал-жамоатдан, муҳаддисларнинг имомларидан, бу сўзлари билан ёмон маъноларни кўзда тутишлари мумкин эмас, албатта саҳиҳ маъноларни мақсад қилган бўладилар. Бироқ, буни батафсилроқ баён қилганларида яхшироқ бўларди. لا تَحْوِيهِ الجِهَاتُ السِّتُ كَسَائِرِ المُبْـتـَدَعَاتِ 74. Ва Уни бошқа махлуқларни (ўраб тургани) сингари олти тараф ўрамайди. Бу ибора ҳам изоҳталаб ва тафсилотга муҳтож. Агар бу сўздан махлуқ бўлган-Аллоҳ яратган тарафлар кўзда тутилса, Аллоҳ таоло бундан пок, махлуқотларидан бирон нарса Уни ўрай олмайди. Агар юқорилик жиҳати кўзда тутилса, У Зот барча махлуқотларидан юқорида, бу ҳақ, уни рад қилиш ботил бўлади. Бизнингча, муаллифнинг олти тараф деган сўздан мақсади махлуқ тарафлар бўлади, олийлик жиҳати эмас албатта. Чунки, у киши Аллоҳ таоло учун юқорилик тарафини ва истивони исбот қилувчилардан — Аллоҳ уни раҳматига олсин. والمِعْرَاجُ حَقٌ، وَ قـَدْ أُسْرِيَ بالنـَّبيِّ صلّى الله عليه وسلم وعُرِجَ بشـَخـْصِهِ فِي اليَقْظَةِ إلـَى السَّمَاءِ، ثـُمَّ إلـَى حَيْث شَاءَ الله مِنَ العُلا و أكْرَمَهُ اللهُ بمَا شَاءَ، و أوْحَى إلـَيْهِ مَا أوْحَى 75. Меърож воқеаси ҳақдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўша кечаси Маккадан Байтул-Мақдисга) сайр қилдирилганлар ва у зотни уйғоқ ҳолларида осмонга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган юксакликка шахсан олиб чиқилган. (У ерда) Аллоҳ у зотни Ўзи истаганчалик иззат-икром этган ва нимани хоҳласа ваҳий қилган. Исро – тунда сайр қилдириш маъносида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдирилганлар. У зотни Жаброил алайҳис-салом Аллоҳ таолонинг амри билан сайр қилдирганлар: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир (Исро: 1). Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан, чунки бу масофани одатда бир ойдан кўпроқ вақт ичида босиб ўтиларди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир кечада босиб ўтдилар. Меърож – луғатда юқорига кўтарилиш асбоби маъносида бўлиб, исро ҳам, меърож ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида собитдир7. Исро – Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога олиб борилиш, меърож эса ердан осмонга олиб чиқилишдир. Ҳар икки иш бир кечада содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Байтул Мақдисга олиб борилди, у ерда анбиёларга имом бўлиб намоз ўқидилар, сўнг осмонга олиб чиқилдилар ва етти қават осмонни босиб ўтдилар. Аллоҳ таоло у зотга Ўзининг улкан мўъжиза-аломатларидан Ўзи истаганича кўрсатди. Сўнгра ерга қайтиб тушдилар. Жибрил алайҳис-салом ўша кечанинг ўзида у зотни ўз ўринларига олиб келиб қўйдилар. Исро воқеаси Исро сурасида баён қилинган, меърож воқеаси ҳақида эса Ван-нажм сурасининг оятларида зикр қилинган: «Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ! Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. Бас, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлди. (Аллоҳ) Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га (Жибрил алайҳис-салом орқали) ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилди. (Пайғамбарнинг) кўнгли (кўзи) кўрган нарсани инкор этмади. (Ван-нажм: 1-11). Исро ва меърож ҳақ, ким уларни инкор қилса ёки (ақлдан) узоқ санаса, Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлади. Ким уларни (бошқа нарсага) таъвил қилса, адашган бўлади. Уни мушриклардан бошқа ҳеч ким инкор қилмаган. Кимда-ким: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жасадлари қолиб, фақат руҳлари билан сайр қилдирилганлар», деса ёки «Бу воқеа тушларида бўлган, ўнгларида эмас», деса, у одам адашган бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўз бандасини сайр қилдирган», деди, банда эса руҳ ва жасаднинг биргаликдаги исмидир, руҳнинг ўзига банда дейилмайди. Исро уйқуларида эмас, уйғоқликларида содир бўлган, чунки уйқудаги иш эътиборга олинмайди. Ҳамма ҳам туш кўради, бошқалар ҳам ажойиб-ғаройиб ишларни туш кўриши мумкин, бу фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос эмас. У зот уйғоқ ҳолатларида, осмонга шахсан олиб чиқилдилар. Бунда руҳлари билан чиққанлар, деювчиларга раддия бор. Аллоҳ таоло у зотга ўша жойда Ўзи истаган нарсаларни ваҳий қилди, У субҳанаҳу ва таоло у кишига сўзлади, у киши Аллоҳ таолони кўрмадилар. Зеро, Аллоҳ таолони бу дунёда кўришнинг имкони йўқ. «Ван-нажм» сурасида зикр қилинган меърож шудир. مَا كَذبَ الفؤَادُ مَا رَأَى، فـَصلّى الله عليه و سلم فِي الآخِرَةِ و الأُوْلـَى 76. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари қўзлари кўрган нарсани инкор қилмади. У зотга дунёю охиратда Аллоҳнинг салавотлари бўлсин. Номлари зикр қилинганда салавоту салом айтишимиз у зотнинг бизнинг устимиздаги ҳақларидан: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отганидан сўнг Макка мушрикларига бу воқеа ҳақида айтиб берганларида уларнинг куфрлари ва у кишини ёлғончи санашлари яна ҳам зиёда бўлди. «Биз Фаластинга бир ойдан кўпроқ вақтда бориб келамиз-у, бу бир кечада бориб келган эмиш!», дейишди, айрим иймони заиф кимсалар шу ҳодиса сабаб диндан чиқиб, муртад бўлиб ҳам кетишди. Иймони бақувват кишилар эса у зотнинг сўзларини тасдиқладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Биродарингиз айтаётган гапга нима дейсиз?» дейилганда у киши: «Нима деяптилар?», деб сўрадилар. «Бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганмиш!», дейишди. «Агар шундай деган бўлсалар, ҳақиқатан шундай бўлган бўлади. Чунки у зот ҳавойи хоҳишларидан гапирмайдилар», дедилар ва: «Мен у кишидан бундан ҳам узоқроқ нарсани, яъни осмондан хабар – яъни ваҳий – қабул қилишларини тасдиқлайман-ку, нега энди бу хабарни тасдиқламай?!», дедилар. Бу – мустаҳкам ва эгилмас, бақувват иймон намунасидир! و الْحَوْضُ- الَّذِي أَكْرَمَهُ اللهُ تَعالَى بِهِ غِياثًا لأُمَّتِهِ- حَقٌّ 77. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга - умматларига мадад бўлсин учун - Аллоҳ Таоло инъом этган ҳавзи Кавсар ҳақдир. Аҳли сунна вал-жамоат қиёмат куни содир бўлувчи ишлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ хабарларга эътиқод қилади. Ушбулардан бири ҳавзи Кавсарга бўлган эътиқоддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни маҳшарда у зотга иймон келтирган ва йўлларига эргашган кишилар келиб, сув ичадиган бир ҳовузлари бўлишини хабар берганлар ва ундан бир бор ичган киши асло ташналик нималигини билмаслигини айтганлар8. Қиёмат кунининг иссиғи ўта кучли бўлганидан жуда қаттиқ ташналик пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ҳовузни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини сув билан сероб этадиган ғиёс-мадад қилиб қўяди. Маълумки, осмондан ёғадиган ғайс-ёмғир билан ерлар кўкариб, оби ҳаёт ҳосил бўлади. Худди шунга ўхшаш, мазкур ҳовуз Аллоҳ таоло бандаларини сувга қаттиқ муҳтож бўлган пайтларида сероб этадиган ғиёс (оби раҳмат) бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳовузларининг узунлиги бир ойлик йўл, эни бир ойлик йўл эканини, идишлари осмон юлдузлари сонича эканини, ундан бир бор ичган киши асло ташналик нималигини билмаслигини, унинг суви сутдан оқ ва асалдан ширин эканини хабар берганлар9. Яна у зот хабар берганларки, баъзи кишилар ҳовузга яқинлашганларида ундан тўсиладилар ва сув ичишдан ман қилинадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Роббим, умматим, умматим», деганларида Аллоҳ азза ва жалла: «Сиздан сўнг улар нима ишларни пайдо қилишганини сиз билмайсиз», дейди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Динимни) ўзгартирган кишиларга ҳалокат ва (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлик бўлсин!», дейдилар.10 Кофир ва муртад бўлганлар, суннатни тарк қилиб, хоҳиш-ҳаволарига эргашиб, ҳар хил бузуқ йўлларни тутган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мухолиф бўлган бидъат ва залолат аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳовузларидан сув ичишдан ман қилинадилар. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини ўзгартирган эдилар. Унга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига сўзда ҳам, амалда ҳам, эътиқодда ҳам маҳкам эргашган кишилар кела оладилар. Баъзи уламолар «Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Кавсар: 1) оятидаги «Кавсар»дан мурод мана шу ҳовуздир, деганлар. Баъзилари эса кавсарнинг маъноси - «кўп яхшиликлар» дегани эканини айтганлар. Шаксиз, мазкур ҳовуз ҳам ўша кўп яхшиликлар жумласига киради, чунки у Ислом уммати учун катта яхшиликдир.11 Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳовузларига ишониш ва эътиқод қилиш, қиёмат куни ушбу ҳовуз сувидан баҳраманд бўлиш ва ундан ман қилинмаслик учун суннатни маҳкам тутиш вожиб бўлади. و الشـَّفـَاعَةُ الـَّتِي ادَّخَرَهَا لَهُمْ حَقٌ، كَمَا رُوِيَ فِي الأَخْبَار 78. Хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир. Шафоат масаласи ҳам ақидага оид муҳим масалаларга киради12. Чунки, уни исбот қилишда айримлар адашиб кетдилар, айримлар ғулув кетиб қолдилар, баъзилар ўртача йўлни ушладилар. Қиёмат куни бўладиган шафоат хусусида одамлар уч қисмга бўлинган: Бир тоифа уни исботлашда ғулув кетиб қолишган ва ҳатто ўликлардан, қабрлардан, бут-санамлардан, дарахт ва тошлардан ҳам шафоат талаб қилишади. «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг шафоатчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18). «У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3). Яна бир тоифа эса – муътазила ва хаворижлар каби – шафоатни рад қилишда ғулув кетдилар. Улар гуноҳи кабира эгаларидан шафоатни бутунлай рад қилишди ва Китобу Суннатда шафоатни исботлаб келган мутавотир далилларга мухолиф бўлишди. Аҳли сунна вал-жамоа ўрта йўлни тутдилар, улар шафоатни Аллоҳ ва Расули зикр қилган кўринишда исботлайдилар, унга ифрот (яъни қаттиқ ғулув кетиш) ва тафрит (яъни, эътиборсиз санаш)сиз иймон келтирадилар. Шафоат луғатда «шафъ» сўзидан олинган бўлиб, жуфтлик маъносини англатади ва икки, тўрт, олти каби жуфт сонларни билдиради. Шаръий истилоҳда эса ҳожатларни раво қилишда воситачилик қилиш, яъни ҳожатманд киши билан унинг ҳожати тушиб турган киши ўртасида воситачи бўлиш маъносида ишлатилади ва у икки қисмдан иборат: Аллоҳ олдидаги шафоат ва махлуқотлар олдидаги шафоат. Махлуқотлар олдидаги шафоат икки хил: Биринчиси: шафоати ҳасана, яъни яхши, фойдали ва мубоҳ ишларда воситачи бўлиш. Бунда одамларнинг ҳожатлари тушиб турган киши олдида уларнинг ҳожатларини раво қилиш учун воситачи бўлинади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур» (Нисо: 85). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Воситачи бўлинглар, ажрланасизлар, Аллоҳ таоло пайғамбарининг тили билан Ўзи истаган нарсани ҳукм қилади»13. Бу шафоати ҳасана бўлиб, унда ажр бор, чунки бу билан мусулмонларнинг ҳожатлари раво бўлишига сабаб бўлинади ва бунда бировга зулм ёки тажовуз бўлмайди. Иккинчиси: шафоати саййиа, яъни ҳаром ишларда воситачи бўлиш. Кимдандир шаръий жазони соқит қилишда воситачи бўлиш каби. Бундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаган кишилардан бўлиб қолади: «Бидъатчини ўз паноҳига олган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин»14. Бировларнинг ҳақларини тортиб олиб, ҳақдор бўлмаган одамларга олиб беришдаги воситачилик ҳам шу турга киради. «Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур» (Нисо: 85). Аллоҳ ҳузуридаги шафоат одамлар олдидаги воситачилик каби эмас. Яратувчи олдидаги шафоат шуки, Аллоҳ азза ва жалла баъзи бандаларига гуноҳи кабиралари сабабли дўзахга лойиқ кўрилган айрим мусулмонлар ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини кечиришини ва уларга азоб бермаслигини ёки гуноҳи сабабли дўзахга тушган баъзи мўминларни дўзахдан чиқаришини ва улардан азобни кўтаришини сўраб воситачилик қилишга изн бериб, шу билан уларни иззат-икром қилади. Бу шафоат гуноҳи кабира аҳли ҳақидаги шафоат деб номланади. Лекин, Аллоҳ ҳузуридаги шафоат учун иккита шарт топилиши керак: Биринчи шарт: Аллоҳнинг изни билан бўлиши. Ҳеч ким Аллоҳ ҳузурида Унинг изнисиз шафоат қила олмайди. Фақат Угина шафоатчига шафоат қилишига изн беради. Ундан изн бўлмасдан туриб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига воситачи бўлиб боришга ҳеч ким журъат қила олмайди: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255). Иккинчи шарт: Шафоат қилинувчи киши иймон ва тавҳид аҳлидан бўлиши, сўз ва амалларидан Аллоҳ рози бўлган кишилар бўлиши керак: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28). Қуйидаги оятда ҳар икки шарт мужассам бўлган: «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Ван-нажм:26). Биринчи шарти – Аллоҳ изн бериши, иккинчи шарти – Ўзи рози бўлган кишилар учун бўлиши. Кофирларга шафоат фойда бермайди: «Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48), «Золим (кофир) кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18). Қуръонда икки хил шафоат ҳақида сўз боради: шартлари топилмаган манфий шафоат ва шартлари мавжуд мусбат шафоат. Кофирга агарчи осмонлару ер аҳлининг ҳаммаси шафоатчи бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уларнинг шафоатларини қабул қилмайди. Чунки, у мушрик ва Аллоҳ азза ва жаллани инкор қилган кофир! Аллоҳ унинг сўзидан ҳам, амалидан ҳам рози бўлмайди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толиб ҳақида қиладиган шафоатлари бундан мустасно, бу у зотнинг ўзларига хос шафоат бўлиб, у ҳам уни дўзахдан қутқариш ҳақида бўлмай, фақатгина азобини енгиллатиш ҳақида бўлади. Сабаби, Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп ҳимоя қилган, қўллаб-қувватлаган, ёрдамлар кўрсатган эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан азоб енгиллатилишини сўраб шафоатчи бўладилар. Шартлари мавжуд бўлган шафоат ҳам бир неча хил бўлади. Улар ичида фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлганлари бор, у киши билан бошқа пайғамбарлар, малоикалар, солиҳлар ва балоғатга етмай вафот этган норасидалар ўртасида муштарак бўлганлари бор. Уларнинг ҳар бирлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида шафоатчи бўладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган шафоат ҳам бир неча хил: Биринчи: Қиёмат куни маҳшарда ҳисоб-китоб бошланишидан олдин кутиш чўзилиб кетиб, қуёш шундоққина устиларига келтирилганидан маҳшаргоҳга тўпланган халойиқлар қаттиқ иссиқ ва тиқилинчдан қаттиқ қийналишиб, оғир аҳволга тушгач, тезроқ ҳисоб-китоб ва ажрим қилинишини Аллоҳ таолодан сўрашга воситачи бўлиши учун Одам алайҳис-салом ҳузурига борадилар, у киши мақомнинг буюклиги ва ҳайбатидан бу ишга журъат қилолмай, узр айтадилар, сўнг пайғамбарларнинг биринчиси бўлмиш Нуҳ алайҳис-салом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Мусо Калимуллоҳ олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Ийсо алайҳис-салом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борадилар, шунда у зот: «Майли, мен бу ишни бўйнимга олай» дейдилар. Кейин бориб, Аллоҳ азза ва жалла олдида саждага бош қўядилар, У Зотга ҳамду санолар айтадилар, дуо-илтижолар қиладилар, то у кишига: «Бошингизни кўтаринг, сўранг, сўровингиз ато этилади, шафоат (воситачилик) қилинг, шафоатингиз қабул қилинади»15 дейилгунча шу ҳолда турадилар. Изн берилгандан кейин ҳам дарров шафоат қилишга ўтмайдилар, балки яна сажда қилиб, Аллоҳга дуолар қиладилар, ҳамду санолар айтадилар, Унинг исм ва сифатларини ўртага қўйиб сўрайдилар, шундан сўнг у зотга шафоатга изн берилади. Кейин у зот халойиқларни тезроқ ажрим қилинишини сўраб, воситачилик қиладилар, у кишининг бу воситачиликлари қабул қилинади ва Аллоҳ таоло бандалари ўртасида ажрим қилиш учун келади. Аллоҳ таоло айтган: «Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда, Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда» (Фажр: 21, 22). «Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар)» (Бақара: 210). Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халойиқлар ўртасида ажрим қилиниши учун бўлган шафоатларидир. Бу ғоят улуғ мақом бўлиб, Аллоҳ таоло у билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни мушарраф қилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтган мақтовли мақом ҳам шудир: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Чунки, бу улуғ ўринда аввалгилар-у охиргилар у кишини мақтаб, олқишлайдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари зоҳир бўлади. Иккинчи: Аҳли жаннатнинг жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари16. Жаннат эшигини биринчи бўлиб қоқадиган киши ҳам, унга биринчи бўлиб кирадиган киши ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар17. Умматлар ичида биринчи бўлиб у кишининг уммати киради. Учинчи: Аллоҳдан жаннат аҳлларидан баъзиларининг мартаба ва даражаларини кўтаришини сўраб шафоат қилишлари. Аллоҳ таоло у кишининг шафоатлари сабаб уларнинг даражаларини кўтаради. Тўртинчи: - бунда бошқалар ҳам муштарак - мўминлар ичидан гуноҳи кабираларга қўл урганлари сабабли дўзахга лойиқ кўрилган кишиларни дўзахга туширмаслигини ва дўзахга тушганларини ундан чиқаришини сўраб шафоат қилишлари. Бу – фирқалар ўртасидаги асосий ихтилоф ўринларидан биридир. Жаҳмия, хавориж каби фирқалар бу шафоатни инкор қилишади ва: «Дўзахга тушган киши ундан қайтиб чиқмайди», дейишади. Аҳли сунна вал-жамоа эса уни ҳадисларда қандай келган бўлса, шундай исботлайдилар ва эътиқод қиладилар. Мусулмон киши бунга эътиқод қилиши ва иймон келтириши, Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига шафоатчи қилишини сўраши вожиб бўлади. Чунки, барча бунга муҳтож бўлади. Бешинчи: Амакилари Абу Толиб ҳақидаги шафоатлари. Абу Толиб ширкда, мушрик Абдулмутталибнинг динида ўлган, ўлими олдидан ўзини Абдулмутталибнинг миллатида (яъни, динида) эканини эълон қилган эди. Шу билан у абадий дўзахига айланди. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ундан азобни енгилатишини сўраб қилган шафоатларини қабул қилади ва у тўпиғигача ўт ичида бўлади, ўзидан кўра қаттиқроқ азоб тортаётган одам бўлмаса керак, деб ўйлайди, ваҳоланки у дўзахдагиларнинг энг енгил азоб тортаётгани бўлади.18 Гуноҳи кабира эгалари хусусидаги шафоат муштаракдир. Малоикалар ҳам шафоат қиладилар, пайғамбарлар ҳам шафоат қиладилар, авлиёлар ва солиҳлар ҳам шафоат қиладилар, норасида оламдан ўтган гўдаклар ўз ота-оналарини шафоат қиладилар.19 والمِيثـَاقُ الـَّذِي أخـَذهُ اللهُ تـَعَالى مِنْ آدَمَ و ذرِّيـَّتِهِ حَقٌ 79. Аллоҳ Таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан олган аҳд-мийсоқ ҳақдир. Аллоҳ таоло Одам алайҳис-салом ва унинг зурриётидан Унгагина ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари ҳақида олган мийсоқ – аҳду паймон ҳадисда қандай келган бўлса шундай, ҳақдир деб эътиқод қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётини унинг белидан чиқарди ва Ўзининг ягона маъбудлиги ҳақида уларни ўзлари устида гувоҳ қилди, улардан ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишлари ва Унга ширк келтирмасликлари ҳақида аҳду паймон олди20. Биз бунга иймон келтирамиз. Бироқ, бу аҳду паймоннинг ўзи кифоя қилмайди, бу билан бирга пайғамбарлар юбориш ҳам зарур. Шу боис Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Агар ўша мийсоқнинг ўзи кифоя қилганда эди, пайғамбарларни юбормаган бўларди. Лекин У пайғамбарларни ўша аҳду паймонни ёдга солиш ва одамларни унга риоя қилишга чорлаш учун учун юборди. Баъзи муфассирлар «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172) оятини Аллоҳ таоло Одам алайҳис-саломнинг зурриётидан олган ўша аҳди-паймони, дейишади. Бу тўғри эмас. Бу ундан бошқа. Аллоҳ таоло: «Одам болаларининг белларидан» деди, «Одамнинг белидан» демади. Оятнинг давомидан ҳам маълумки: «Улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», дедилар». Баъзи уламолар айтишича, бунинг маъноси – Аллоҳ уларни табиатлантирган фитрат-табиат ҳамда Аллоҳ таоло улар учун ўрнатиб қўйган ва шу билан Роббиларини танишлари керак бўлган борлиқдаги оят-аломатлардир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни тавҳидда ва Исломда яратди.21 «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақлангиз!)». У Ислом ва тавҳид динидир. Исломнинг маъноси – пайғамбарлар олиб келган тавҳид демакдир, унинг маъноси – ягона Аллоҳнинг Ўзига бирон шерик қилмасдан ибодат қилишдир. Энг тўғри дин шудир. Шу билан бирга Ўзининг рубубиятига далолат қилувчи далилларни уларнинг ажойиб тарзда яратилган жисмларида ўрнатиб қўйдики, буларнинг ўзи ҳам Яратувчи субҳанаҳу ва таолонинг борлигига далолат қилади. Яна уларнинг кўз олдиларида Яратувчининг борлигига далил бўлувчи осмонлару ерни ҳамда улардаги махлуқоту мавжудотларни яратиб қўйди. Буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан ёки яратувчисиз пайдо бўлиб қолгани йўқ. «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35, 36). Шоир айтади: (Шеър мазмуни:) «Қизиқ, Аллоҳга қандай осий бўлиш мумкин ёки Уни қандай қилиб инкор қилиш мумкин?! Ахир ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар тўлиб ётибди-ку!» Олдингиздаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилади, ушбу мавжудотларни яратишда Унинг бирон шериги йўқлигига гувоҳлик беради, «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73), Яратувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, Ундан бошқа яратувчи йўқ! Шундай экан, нега энди яратмаган, ризқ бермаган, ҳатто ўзи учун бирон фойда ёки зарарга эга бўлолмаган нарсага ибодат қилиш керак?! Юқоридаги «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан зурриётларини олиб» (Аъроф: 172) ояти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ягоналигига фитрат гувоҳлигидир, бутун борлиқнинг гувоҳлигидир. Энди бирон кишига қиёмат куни «Бизлар бундан бехабар эдик» (Аъроф: 172) деб узр айтишга ўрин қолмади. Кўр-кўрона ҳужжат келтириш қатъий далил-ҳужжатлар олдида яроқсиз бўлиб қолади. و قـَدْ عَلِمَ اللهُ تـَعَالى فِيمَا لم يـَزلْ عَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ الْجَنَّةَ، وعَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ النـَّارَ, جُمْـلةً وَاحِدَةً, فلا يَزْدَادُ فِي ذلِكَ العَدَدِ و لا يَنْقُصُ مِنْهُ 80. Аллоҳ Таоло жаннатга кирувчиларнинг ҳам, дўзахга кирувчиларнинг ҳам умумий сонини азалда аниқ билган. Энди бу сонга ҳеч нима қўшилмайди ва ундан бирон нарса камайтирилмайди. Мусаннифнинг бу ва кейинги сўзлари ҳаммаси қазо ва қадар мавзусидадир. Қазо ва қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»22. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49), «У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2). Оламда тақдирсиз – ўлчовсиз ишнинг ўзи йўқ, ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди. Юз берувчи ҳар бир ҳодиса аввалдан битилган ва ўлчаб қўйилгандир. Қазо ва қадарга иймон тўрт даражани ўз ичига олади, қуйида уларни қисқача баён қиламиз: Биринчи даража: Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани қамраб олувчи комил ва шомил илмига иймон келтириш, У бўлган нарсаларни ҳам, энди бўладиган нарсаларни ҳам, бўлмаган нарсаларни агар бўлганида қандай бўлган бўлишини ҳам билади, Унинг илмидан ҳеч нарса яширин қолмайди, деб ишониш. Бу – ҳамма нарсани ўз ичига олган умумий китобат (битиб қўйиш)дир. Ҳадисда келадики: «Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёмат бўлажак барча нарсанинг (тақдирини) ёз!», деди».23 Шунда қалам то қиёматга қадар юз беражак барча нарсани ёзди. Иккинчи даража: Аллоҳ азза ва жалла халойиқларнинг тақдирларини лавҳи маҳфузга ёзиб қўйганига ишониш. Учинчи даража: Борлиқда ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиш-истагисиз рўй бермайди, деб ишониш. Лавҳи маҳфуздаги нарса бўлсин ёки Аллоҳнинг Ўз илмидаги нарса бўлсин, Унинг хоҳишисиз амалга ошмайди. Унинг мулкида У истамаган иш жорий бўлмайди: «Албатта Аллоҳ ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Ҳаж: 14), «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур» (Оли Имрон: 40). Коинотда юз бераётган туғилиш, ўлиш, бойлик, камбағаллик, иймон, куфр, буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг истак-иродаси билан бўлмоқда. У Зот яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам, иймонни ҳам, куфрни ҳам хоҳлаган, ҳамма нарса Унинг истак-хоҳиши ичига дохил, У хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди. Тўртинчи даража: Яратиш ва вужудга келтириш даражаси: У Ўзи истаган нарсасини яратади ва вужудга келтиради. «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62), Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» (Аъроф: 54), «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22). Аллоҳнинг илми ҳақида далиллар жуда кўп. Илм - Аллоҳ таоло Ўзини васфлаган сифатлар жумласидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жаннатга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам, дўзахга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам билади, бу Унинг азалий илмида мавжуд. Аллоҳ таоло тақдир қилиб, ўлчаб қўйган нарса зиёда ҳам бўлмайди, камаймайди ҳам. Жумладан, У жаннат аҳлларини ҳам, дўзах аҳлларини ҳам билади, улар нима амал қилишларини ҳам билади. Биз бунга иймон келтирамиз ва амал қилишга юзланамиз, қазо ва қадар ҳақида: «қандай?», «нега?» деб талашиб-тортишмаймиз, «Қандай қилиб Ўзи аввалдан тақдир қилиб қўйган иш устида ҳисоб-китоб қилади?», деган каби ўринсиз саволлар билан вақтимизни зое қилмаймиз, Аллоҳ азза ва жаллага эътироз билдирмаймиз. Банданинг вазифаси тоат-ибодатларни адо этиш ва маъсиятлардан сақланишдир. Аллоҳ азза ва жалла сир қилган ишларни тафтиш қилиш, Парвардигор жалла ва ало билан тортишиш унинг ҳаққидан эмас. Унинг вазифаси амал қилиш. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ҳар бир кишининг жаннатдаги ва дўзахдаги ўрни аввалдан ёзиб қўйилганини айтганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир»24 деб жавоб берганлар. Аллоҳ таоло айтади: «4. Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10). Демак, бахтли бўлиш ёки бахтсиз бўлишнинг сабаби банданинг ўзидан, сиз билан биздан солиҳ амал қилиш ва гуноҳ ишларни тарк қилиш талаб қилинади. Қазо ва қадарни ҳужжат қилиш узрга ўтмайди. Аллоҳ азза ва жалла биз учун яхшилик ва ёмонликни баён қилиб қўйган, энди олдимизда узрга ўрин қолмаган. Одамлар ўзларига алоқаси бўлмаган ишларга аралашгани сабабли муаммоларга тушиб қолишади, «Агар амал қилмасам ҳам Аллоҳ таоло жаннатга киришимни битган бўлса барибир жаннатга кираман, дўзахга тушишимни битган бўлса барибир дўзахга тушаман» дейишади. Уларга айтиш керакки: «Сиз ўз нафсингизга тааллуқли ишларда бундай демайсиз-ку! Ё уйингиздан чиқмай: «Аллоҳ менга ризқни битган бўлса Ўзи етказиб беради» деб қимирламай ўтириб оласизми ё тирикчилик ва ризқ талабида елиб-югуриб ҳаракат қиласизми?! Албатта ризқ талаб қилиб ҳаракат қиласиз. Ҳайвонлару қушлар ҳам инларида ўтирмайди, ризқ истаб ташқарига чиқишади. Ҳадисда келганки: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз.»25 Аллоҳ таоло ўша ақлсиз жониворларга ҳам ризқ талаб қилиш, ризқнинг сабабларини ахтариш табиатини ўрнатиб қўйган, сиз ақлли инсонсиз-ку! Ёки бўлмаса, агар биров сизнинг бирон нарсангизни ўғирлаб олган бўлса: «Ҳа, энди Аллоҳнинг қазоси ва қадари шу экан» деб индамай қўяверасизми ё унинг устидан шикоят қиласизми?! Албатта шикоят қиласиз, жанжаллашасиз, ҳеч қачон қазо ва қадарни ҳужжат қилмайсиз!» وكذلِكَ أفـْعَالهُمْ فِيمَا عَلِمَ مِنـْهُمْ أنْ يَفـْعَلـُوهُ 81. Амаллар ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло улар нима қилишларини билган бўлса, (ўша амалларгина қилинади, ҳеч нарса қўшилмайди ва ҳеч нарса камайтирилмайди). Яъни, Аллоҳ таоло азалда уларнинг нима қилишларини билган бўлса, ўшани қилишади. وكُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خـُلِقَ لـَهُ 82. Ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади. Аллоҳ таоло айтади: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 5-10). وَالأعْمَالُ بِالْخَـوَاتِيمِ 83. Амалларга якунига қараб баҳо берилади. Инсон солиҳларнинг солиҳи бўлса ҳам амали билан мағрурланмаслиги, доим ёмон оқибатдан қўрқиб туриши, бирон кишини амалига қараб у дўзах аҳлидан деб ҳукм қилмаслиги лозим. Чунки, ўзининг оқибати нима билан якун топишини билмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис буни очиқ изоҳлаб беради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади. Албатта, бир киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газ (ярим қадам)гина масофа қолади. Шунда унинг китоби (Аллоҳ таоло унинг жаннатий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) ўзиб кетиб (яъни ундан ғолиб келиб), жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади. Яна бир киши жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобида (Аллоҳ таоло унинг дўзахий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) етиб келиб (яъни ундан ғолиб келиб), дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади».26 Инсон ёмон хотимадан қўрқиши, бировга ҳам ёмон хотима билан ҳукм қилмаслиги керак. Чунки ҳаёти нима билан хотималанишини билмайди. Тавба ўзидан олдинги гуноҳларни ўчириб юборади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38). Амалларга якунига қараб баҳо берилади, бироқ Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги улуғки, ким яхши амаллар устида яшаб ўтса, охирги ҳаётида ҳам яхшилик билан кетишига муваффақ қилиб қўяди. Ким ёмон амаллар билан ҳаётини ўтказса, охирида ҳам ёмон амал билан ҳаётини якунлайдиган қилиб қўяди. Инсон Аллоҳ азза ва жаллага яхши гумонда бўлган ҳолда сабабларни қилиб бориши лозим. Баъзи бировлар: «Ўлимдан олдин тавба қилиб оламан» дейишади. «Хўш, қачон ўлишингни биласанми?!» – деймиз унга – бир лаҳзада, тавба қилишга ҳам улгурмасдан ўлиб қолишинг ҳам мумкин-ку! Ўлим олдидаги тавбанг мақбул бўладими, йўқми, буниси ҳам маълум эмас! Тавбанинг ҳам ўзига яраша шартлари бор!» والسَّعِيدُ مَنْ سَعِدَ بِقـَضَاءِ اللهِ, والشَّقِيُّ مَنْ شَقِيَ بقـَضَاءِ اللهِ 84. Чинакам бахтли инсон Аллоҳнинг тақдири ила бахтли бўлган инсондир. Ҳақиқий бадбахт Аллоҳнинг тақдири ила бахтсиз бўлган кимсадир. Лекин у Аллоҳнинг қазоси билан эмас, балки Аллоҳ унга тақдир қилган амали билан бахтсиз бўлади. Аллоҳ кимни бахтли ёки бахтсиз бўлишини тақдир қилган бўлса, уни ўшанга муяссар қилиб қўяди. و أصْـلُ القـَدَر سِرُّ اللهِ تـَعَالى فِي خـَلـْقِهِ 85. Тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидаги сиридир.
Яъни, қазо ва қадар ҳақида ҳар қанча изланманг, барибир унинг сирига етолмайсиз. Шунинг учун ўзингизни уринтирмай қўяверинг-да, қазо ва қадарга иймон келтиринг, солиҳ амаллар қилинг ва ёмон ишлардан сақланинг. Қазо ва қадарнинг сирига етиш сизнинг ихтисосингиз ҳам, имконингиздаги иш ҳам эмас, унга таклиф ҳам қилинмагансиз. لـَمْ يَطَّلِعْ عَلى ذلك مَلـَكٌ مُقـَرَّبٌ, و لا نـَبيّ مُرْسَلٌ 86. Ушбу сирдан ҳеч бир муқарраб фаришта ва ҳеч қайси пайғамбар воқиф бўлмаган. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзига хос ишлардан, Унинг Ўзидан бошқага маълум бўлмаган ғайбий нарсалардан. Уни на фаришталар, на пайғамбарлар, на бошқалар била олади. Аллоҳ таоло Пайғамбарлар саййиди бўлган зотнинг сўзларини Қуръонда шундай баён қилган: «Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188). و التـَّعَمّقُ و النـَّظرُ فِي ذلك ذريعَةُ الخِذلانِ, و سُلـَّمُ الحِرْمَانِ, و دَرَجَةُ الطـُغـْيَان 87. Бу ҳақда фикрлашга шўнғиш ва мунозарага берилиш муваффақиятсизликка олиб боради, маҳрумликка етказади, туғёнга сабаб бўлади. Бу жуда катта ва оғир гап. Яъни, қазо ва қадарга ва у ҳақдаги масалаларга чуқур шўнғиш, вақтни, қалб ва нафсни шунга машғул қилиш шак-шубҳалар келтириб чиқаради, амалдан буриб юборади, Аллоҳнинг мададидан узилишга ва муваффақиятсизликка олиб боради. Аллоҳ бандадан ёрдамини дариғ тутса, уни шу каби ишларга машғул қилиб қўяди. Аллоҳ бандани мукаррам қилса, уни Ўзининг тоатига ва вақтидан унумли фойдаланишга муваффақ қилиб қўяди. Биз учун белгилаб қўйилган чегаралар бор, улардан ўтиб кетолмаймиз. Аллоҳ таоло бизни қазо ва қадар ҳақида баҳс қилишга таклиф этмаган, балки солиҳ амаллар қилишга ва ёмон ишлардан сақланишга таклиф қилган. فالحَذر كُلّ الحَذر مِن ذلك نـَظرًا و فِكْرًا و وَسْوَسَةً 88. Шунинг учун бу ҳақда мунозара қилиш, фикрга шўнғиш, васвасаланиб қолишдан ҳазир бўлмоқ лозим. Яъни, бундай қилишдан эҳтиёт ва узоқ бўлиш зарур. Васвасаланиш – шак-шубҳа ва иккиланиш тўрига ўралашишдир. Бу ишларни тарк қилинг ва бу эшикни бутунлай ёпиб ташланг! فإنَّ اللهَ َطوَى عِلـْمَ القـَدَر عَن أنـَامِهِ 89. Зеро, Аллоҳ Таоло тақдир илмини махлуқотидан беркитди. Бу ибора юқоридаги «тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидан тутган сиридир» деган сўзларни таъкидлаш учун келтирилди. Аллоҳ таоло ушбу маълумотларни махлуқотларидан яширди, чунки уларни билишдан уларга ҳеч қандай манфаат келмас эди. و نـَهَاهُم عَن مَرَامِهِ 90. Уни билишга интилишдан бандаларини қайтарди. Яъни, у ҳақда баҳс юритишдан қайтарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари бу ҳақда савол қилишганда ғазабланиб: «Сизлар шунга буюрилганмисизлар?! Шунинг учун яратилганмисизлар?!»27 деганлар. كَمَا قال تعالى فِي كِتابهِ: لا يُسْألُ عَمَّا يَـفعَلُ وهُمْ يُسْألـُون (الأنبياء: 23.) 91. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтганидек: «(Аллоҳ) қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар» (Анбиё: 23). Сиз Аллоҳ таолодан Унинг ишлари ҳақида, қазо ва қадари ҳақида сўрамайсиз, муноқаша-мунозара қилмайсиз, Аллоҳ таолога нисбатан одоб сақлайсиз. Чунки сиз бандасиз. У зот жалла ва алонинг ишларига аралаша олмайсиз. Аллоҳ таоло Ўзи қиладиган ишлардан сўралмайди. Чунки, У бирон ишни беҳикмат қилмайди. Ҳикмати эса бизга баъзан билинса, баъзан кўринмайди. Биз Аллоҳ таолонинг ҳеч нарсани бекордан бекорга қилмаслигига, албатта бирон ҳикмат учун қилганига ишонамиз. Ҳикмати бизга маълум бўлсин ё бўлмасин, фарқсиз. Инсон ўзининг амалидан сўралади, Аллоҳ азза ва жалланинг амалларидан эмас. Шундай экан, сиз қиёмат куни ўзингиздан сўраладиган ишларга эътибор қаратинг, шу сизнинг вазифангиз. فَمَنْ سَألَ: لِمَ فعَلَ؟ فَقَدْ رَدَّ حُكْمَ الْكِتابِ 92. «Нима учун бундай қилди?» деб сўраган кимса Қуръоннинг (юқоридаги) ҳукмини рад этган бўлади. Яъни, кимда-ким: «Аллоҳ таоло нима учун бундай қилди? Нима учун фалон-фалон нарсаларни тақдир қилди?», деса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «(Аллоҳ) қилаётган иши ҳақида сўралмайди» (Анбиё: 23), деган. وَ مَنْ رَدَّ حُكْمَ الكِتاب, كَانَ مِن الكَافـِرينَ 93. Қуръон ҳукмини рад этган киши эса кофир бўлади. Ким Китобу Суннат ҳукмини рад қилса ва бунга эътироз билдирса, бу борада ўзининг ақли ва фикрига суянса, ундай одам кофирлардан бўлиб қолади28. Чунки, Китобу Суннатга иймон келтириш иймоннинг рукнларидан саналади. فـَهَذا جُمْـلة ما يَحتاجُ إليه مَن هُوَ مُنَوَّرٌ قَلْبُهُ مِنْ أَوْلِياءِ اللهِ تَعالَى 94. Шуларнинг бари Аллоҳга дўст бўлган, қалби (иймон нури билан) мунаввар зотлар учун керакли маълумотлардир. Яъни, ундай зотлар қазо ва қадар масаласида бу маълумотларга муҳтож бўладилар. Улар – қадарга ва унинг тўртта даражасига Китобу Суннатда келган тафсилотлари билан иймон келтириш, эътироз ва муноқаша-мунозараларга киришмаслик, балки солиҳ амаллар ва муносиб сабабларни қилишдир. وَهِيَ دَرَجَةُ الرَّاسِخِينَ فِي العِلمِ 95. Илмда мустаҳкам бўлганлар даражаси ҳам шудир. Илмда собитқадам бўлган, илмлари пухта, шак-шубҳадан холи бўлган зотлар қазо ва қадарга иймон келтирадилар, солиҳ амалларни қиладилар, ёмон ишлардан сақланадилар, Аллоҳнинг сирларидан бирон сирга аралашмайдилар, Унга эътироз билдирмайдилар, талашиб-тортишмайдилар. Илмда мустаҳкам бўлган кишиларнинг даражалари шудир. Жоҳил кимсалар эса бидъат ва залолатларга аралашиб юрадилар. لأنَّ العِلْمَ عِلمَانِ: عِلمٌ فِي الْخَـْلقِ مَوجُودٌ, و عِلمٌ فِي الْخَلقِ مَفْقودٌ 96. Чунки илм икки хил бўлади: махлуқотлар орасида мавжуд илм ва уларга берилмаган илм. Илм икки хил: Биринчиси: Аллоҳ таоло Ўзига хослаган, Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илм бўлиб, у ғайб илмидир. Иккинчиси: Махлуқотларда мавжуд ва бор бўлган илм бўлиб, Аллоҳ таоло бу илмни уларга билдирган, бунда улар учун манфаатлар бор. Уни билдириши китоблар тушириш ва пайғамбарлар юбориш воситаси ила бўлган: «Уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган... пайғамбар..» (Бақара: 129). Китобдан мурод – Қуръон, ҳикматдан мурод – Суннатдир. Баъзилар ҳикматдан мурод – Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлиш, дейдилар. فَإنكارُ عِلمِ المَوجُودِ كُفْرٌ, وادِّعَاءُ عِلْمِ الْمَفْقودِ كُفرٌ 97. Бор илмни инкор қилиш ҳам, йўқ (яъни имконсиз, бандаларга берилмаган) илмни даъво қилиш ҳам куфрдир. Шаръий илмни ва унда бўлган буйруғу қайтариқларни, ўтмишу келажак ҳақида берилган хабарларни инкор қилиш куфрдир. Ғайб илмини даъво қилиш ҳам куфрдир: Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65). Махлуқотлар ичида энг комили бўлган зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188), деганлар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғайбни билмайдилар, фақат Аллоҳ у кишига билдирган нарсанигина биладилар: «Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255). و لا يَثْبُتُ الإيمَانُ إلا بِقَبُولِ العِلْمِ الْمَوجودِ, وَتَرْكِ طَلَبِ الْعِلْمِ الْمَفْقودِ. 98. Мавжуд илмни қабул қилиш ва йўқ (имконсиз) илмни излашдан тийилиш билангина иймон собит бўлади. Мавжуд илм, яъни Китобу Суннат илмини қабул қилиш ва билиш имконсиз бўлган ғайб илмини Аллоҳга топшириш билан иймон мустаҳкам бўлади. «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ғайб (яъни, келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Аллоҳникидир» (Юнус: 20). ونُؤْمِنُ بِاللَّوْحِ وَالْقَلَمِ وَبِجَمِيعِ مَا فِيهِ قَدْ رُقِمَ. 99. Лавҳга, қаламга ва лавҳга битилган барча нарсага иймон келтирамиз. Бу ҳам юқорида ўтган қазо ва қадар ҳақидаги гапнинг давомидир. Айтиб ўтилдики, қазо ва қадарга бўлган иймоннинг тўртта даражаси бор, улардан бири – Лавҳул маҳфузга битиб қўйилган нарсаларга иймон келтиришдир. Аллоҳ таоло барча нарсанинг илмини лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган. Ҳадисда келганидек: «Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёмат бўлажак барча нарсанинг (тақдирини) ёз!», деди».29 Шунда қалам то қиёматга қадар юз беражак барча нарсани ёзди. Лавҳ, яъни Лавҳул маҳфуз ва Қаламнинг қандайлиги фақат Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Бу иккиси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқотидан эканига иймон келтирамиз. فـَلـَوْ اجْتـَمَعَ الْخَلْقُ كُلُّهُمْ عَلى شَيءٍ كَتَبَهُ اللهُ تعالى فيه أنَّهُ كَائِنٌ، لِيَجْعَلوهُ غـَيْر كائِن – لم يَقـْدِرُوا عَليهِ. ولو اجْتـَمَعُوا كُلـّهُمْ على شَيْءٍ لـَمْ يَـكْتبْهُ اللهُ تعالى فِيه، لِيَجْعَلـُوهُ كَائِناً لـَمْ يَقدِرُوا عَليْهِ. 100. Аллоҳ Таоло Лавҳда "бўлади", деб ёзиб қўйган нарсани бўлдирмаслик учун барча махлуқотлар жамлансалар ҳам, қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Аллоҳ Таоло Лавҳга ёзмаган нарсани бўлдириш учун барча халойиқ жамланса ҳам, ҳеч нарсага эришолмайди. Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган битикни ўзгартиришга ҳеч ким қодир эмас. Аллоҳ таоло ёзиб қўйган нарсани ўзгартириш учун барча халойиқлар йиғилсалар ҳам, бунга қодир бўлмайдилар. Агар Аллоҳ таоло лавҳга ёзмаган нарсани бўлдириш учун барча халойиқлар йиғилсалар ҳам, бунга қодир бўлмайдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Билгинки, барча махлуқотлар сенга бир фойда бермоқ ниятида жамланса ҳам, фақат Аллоҳ таоло сенга ёзиб қўйган фойданигина бера олади. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера олишади. (Тақдир) қаламлари кўтарилди, (тақдир битилган) саҳифалар қуриди».30 Демак, Аллоҳ азза ва жалла лавҳул маҳфузга битиб қўйган нарсани ўзгартириш ҳам, алмаштириш ҳам имконсиз иш. 1 Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, тўлин ойга қараб туриб дедилар: “Яқинда сизлар Роббингизни худди шу ойни кўриб турганингиздек кўрасиз. У зотни кўришда талашиб-тортишмайсиз...” (Имом Бухорий (554) ва Имом Муслим (633) ривоятлари. 2 Имом Муслим (181) ва имом Термизий (2557) ривоятлари. 3 Имом Бухорий (554, 806, 7434) ва Имом Муслим (182) «Бир-бирингизга зарар бермаган ҳолда» ибораси билан ривоятлари. 4 Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки жаннат кумушдан, ундаги идишлар ва бошқа нарсалар ҳам кумушдандир. Икки жаннат тиллодан, ундаги идишлар ва бошқа нарсалар ҳам тиллодандир. Қавм (бандалар) билан уларнинг Роббиларига қарашлари орасида «Адн» жаннатида Унинг Юзидаги улуғлик ридоси қолади холос» (Бухорий (4878, 4880) ва Муслим (180) ривоятлари). 5 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг ёқимсиз одам жанжалкаш, хусуматгўй кимсадир» (Бухорий (2457) ва Муслим (2668) ривоятлари. 6 Субкий, «Табақот уш-Шофеъия» (8/96). 7 Исро ва меърож ҳақидаги ҳадисни Бухорий (3207, 7517) ва Муслим (162) келтирганлар. 8 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳовузимнинг катталиги Айла билан Яманнинг Санъоси ўртасичадир. Кўзаларининг сони осмон юлдузларичадир» (Бухорий (6580) ва Муслим (2303) ривоятлари). 9 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳовузим (катталиги) бир ойлик йўл, суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан хушбўй, кўзалари осмон юлдузларича, ундан бир бор ичган киши асло ташна бўлмайди» (Бухорий (6579) ва Муслим (2292) ривоятлари.) 10 Бухорий (6582, 7051, 6584) ва Муслим (2291, 2304) ривоятлари. 11 Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади, у киши Кавсар ҳақида: «У Аллоҳ таоло у зотга ато этган яхшиликдир», дедилар. Абу Бишр айтади: Мен Саид ибн Жубайрга: «Одамлар уни жаннатдаги наҳр дейишади-ку», дедим. Шунда Саид: «Жаннатдаги наҳр Аллоҳ таоло у зотга ато этган яхшиликлар жумласидандир», деди (Бухорий (4966, 6578) ривояти). 12 Шафоат ҳақидаги ҳадисни Имом Бухорий (3340, 4712, 7510) ва Имом Муслим (193, 194) ривоят қилганлар. Унда жумладан шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боринглар, дейилади. Шунда улар менинг олдимга келадилар. Мен Аршнинг остида сажда қиламан. Шундан сўнг менга: «Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади, сўранг, тилагингиз ато этилади» дейилади». 13 Имом Бухорий (1432) ва Имом Муслим (2627) ривоятлари. 14 Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бизнинг ҳузуримиза Аллоҳнинг Китоби-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёзиб олинган мана бу саҳифа бор: «Мадина Оирдан фалон жойгача (бир ривоятда: Савргача) ҳарамдир. Ким унда бирон бидъат пайдо қилса ёки бидъатчини ўз паноҳига олса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин, унинг фарз (ибодати) ҳам, нафли ҳам мақбул бўлмайди...» (Имом Бухорий (1870) ва Имом Муслим (1370) ривоятлари. 15 Бухорий (3340, 4712, 7510) ва Муслим (193, 194) ривоятлари. 16 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен жаннатдаги биринчи шафоатчидирман» (Муслим (196) ривояти). 17 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида жаннат эшиги ёнига бориб очишларини сўрайман. Жаннат посбони: «Кимсиз?» деб сўрайди. «Мен Муҳаммадман!» дейман. «Сизга (очишга) буюрилганман. Сиздан аввал бирон кишига очмайман», деб жавоб қилади» (Муслим (197) ривояти). 18 Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Амакингизга қандай ёрдамингиз тегди? У сизни ҳимоя қилар ва сизга (озор берувчиларга) ғазаб қилар эди», деди. У зот: «У тўпиғигача дўзахда. Агар мен бўлмасам, жаҳаннамнинг тубида бўларди», дедилар (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари). 19 Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шафоат ҳақидаги (183) ҳадисда келтирган. 20 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан аҳду паймонни Наъмонда – яъни Арафотда – олди, Ўзи яратган зурриётларини унинг сулби (пушти)дан чиқариб, Ўзининг олдига сочди, сўнг улар билан рўпарама-рўпара туриб гаплашди, «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?», деди. Улар: «Худди шундай, биз гувоҳлик берамизки, (Сен бизнинг Парвардигоримизсан)», дейишди...» (Аҳмад (1/272) ва Ҳоким (2/544) ривоятлари. Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да: «Аҳмад ривоят қилган, исноди саҳиҳ» деган. Шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида иснодини саҳиҳ санаган (2455). 21 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир чақалоқ фитрат (ислом дини)да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди.» (Бухорий ривояти.) 22 Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари. 23 Абу Яъло (2329), Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (3/9) мавқуфан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Абу Довуд (4700), Термизий (2160) ҳам келтирганлар. 24 Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари. 25 Аҳмад (1/30, 52), Абду ибн Ҳумайд (10), Термизий (2344), Ибн Можа (4169) ривояти. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган, шайх Шокир «муснад» таҳқиқида иснодини саҳиҳ санаган. 26 Бухорий (8023) ва Муслим (3462) ривоятлари. 27 Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан (яъни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилади: Бир куни одамлар қадар ҳақида сўзлашиб (тортишиб) туришганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар, юзлари ғазабдан анор доналари каби қизариб кетди, сўнг дедилар: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобини (яъни унинг оятларини) бир-бирига урасизлар?! Сизлардан аввалгилар шу билан ҳалок бўлишган!»... (Аҳмад (2/178, 181, 185, 195) ва Ибн Можа (85) ривоятлари, шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида саҳиҳ санаган. 28 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг ёқимсиз одам жанжалкаш, хусуматгўй кимсадир» (Бухорий (2457) ва Муслим (2668) ривоятлари). 29 Абу Яъло (2329), Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (3/9) мавқуфан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Абу Довуд (4700), Термизий (2160) ҳам келтирганлар. 30 Термизий (2521), Аҳмад (1/293), Ҳоким (3/541) ривоятлари. Термизий «ҳасан саҳиҳ ҳадис» деган. |