асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР7693 марта кўрилган بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон قال العلامة حجة الإسلام أبو جعفر الوراق الطحاوي بمصر –رحمه الله-: هذا ذكر بيان عقيدة أهل السنة والجماعة على مذهب فقهاء الملة: أبي حنيفة النعمان بن ثابت الكوفي، وأبي يوسف يعقوب بن إبراهيم الأنصاري، وأبي عبد الله محمد بن الحسن الشيباني رضوان الله عليهم أجمعين، وما يعتقدون من أصول الدين ويدينون به رب العالمين. Аллома, Ҳужжатул-Ислом Абу Жаъфар ал-Варроқ ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Ал-Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбонийлар Ислом дини асослари ҳақида нимани эътиқод қилганлари ва Аллоҳ Роббул оламинга қайси эътиқод билан сиғинганлари зикр қилинади ҳамда ана шу уламолар мазҳабларида Аҳли сунна вал жамоа ақидаси қандай бўлиши кераклиги баён қилинади. Алҳамду лиллаҳи роббил аламин, ва соллаллоҳу ва саллама ала набиййина Муҳаммад ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн. Аммо баъд... Ақида диннинг асоси, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» шаҳодатининг мазмуни, Ислом рукнларининг биринчисидир1. Шундай экан, соғлом эътиқод соҳиби бўлиш учун киши ақидага эътибор бериши ва аҳамият қаратиши, уни ўқиб-ўрганиши, уни бузадиган нарсаларни таний билиши лозим бўлади. Чунки, дин саҳиҳ-соғлом асосга барпо бўлгандагина тўғри ва Аллоҳ наздида мақбул дин бўлади. Аксинча, заиф-беқарор ёки фосид-бузуқ ақида асосига қурилган дин саҳиҳ ва тўғри дин бўлмайди. Шунинг учун уламолар – раҳимаҳумуллоҳ – ақида мавзусига кўп аҳамият қаратишар, уни дарслар ва бошқа муносабатларда узлуксиз ва давомий равишда баён қилишар, ҳар бир даврнинг олимлари уни муқаддам ўтган уламолардан ривоят қилишар эди. Саҳобаларда – розияллоҳу анҳум – Қуръонда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган нарсалар хусусида шак-шубҳанинг асари ҳам бўлмаган, уларнинг ақидалари Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатлари асосига қурилган бўлиб, бунда уларга ҳеч қандай шак-шубҳа ва иккиланиш етмас эди. Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани айтган бўлсалар, ўшани дин деб қабул қилишар ва унга эътиқод қилишар эди. Бу тўғрида китоблар таълиф қилишга уларнинг эҳтиёжлари бўлмаган, чунки бу улар наздида таслим бўлинган ва узил-кесил ҳал қилинган иш бўлиб, уларнинг ақидаси Китоб ва Суннат эди. Сўнг улардан қабул қилиб олган шогирдлари – тобеинлар ҳам айни шу йўлда давом этдилар. Уларда ҳам мана бу нарса олинади, бу нарса рад қилинади, деган гап бўлмади, масала аниқ-тиниқ, манба Китоб ва Суннат бўлди. Давр ўтиб, фирқалар ва ихтилофлар пайдо бўлди, қалбига ақида мустаҳкам ўрнамаган кишилар динга кириб келдилар, баъзилар носоғлом ва нотўғри фикрлардан халос бўлмаган ҳолда Исломни қабул қилдилар, ақидада Китоб ва Суннатга мурожаат қилиш ўрнига ўз ораларидаги залолат аҳли ўйлаб топган қоида ва манҳажларга мурожаат қиладиган тоифалар юзага чиқди. Ана шунда Ислом уламолари соғлом ақидани баён қилишга, уни носоғлом фикрлардан тозалашга, уни умматнинг пешқадам уламоларидан ривоят қилишга эҳтиёж сездилар ва ақидага оид китоблар ёздилар. Уларнинг китоблари ўзларидан кейингилар учун то қиёматгача ақиданинг маржеъига-манбаига айланди. Аллоҳ таоло ушбу динни Аллоҳдан ва Пайғамбаридан қандай келган бўлса, ўшандай ҳолда етказиб берадиган, бузғунчиларнинг таъвиллари-ю, мушаббиҳларнинг (яъни Аллоҳнинг сифатларини махлуқлар сифатига ўхшатувчиларнинг) ташбеҳларини рад қиладиган, соф ақидани авлодма-авлод бир-бирига узатиб, етказиб берадиган омонатли зотларни етиштириб чиқариб турдики, бу У Зотнинг ушбу динни Ўзи асраши ва ҳимоя қилиши белгиларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг аҳоблари ва тобеинлар тарафидан собит бўлган эътиқод устида бўлган салафи солиҳинлар жумласига тўрт мазҳаб имомлари – Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмадни – раҳимаҳумуллоҳ – ва улар каби ақидани тозалаш ва ҳимоя қилишга, уни соф ҳолида толибларга ўргатиш ва баён қилиб беришга бел боғлаган кўплаб уламоларни киритиш мумкин. Мазкур тўрт имомнинг тобеълари бўлмиш уламолар ушбу ақидани маҳкам тутишда, уни ўқиб-ўрганиш ва шогирдларга таълим беришда давом этдилар, бу ҳақда Китобу Суннат асосида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари ҳамда тобеинлар эътиқодлари асосида кўплаб китоблар ёздилар, ботил ва нотўғри ақидаларни рад қилдилар, уларнинг ботиллик ва хатоларини баён қилиб бердилар. Шунингдек, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Бухорий, Муслим, Ибн Хузайма, Ибн Қутайба каби ҳадис имомлари, Табарий, Ибн Касир, Бағавий каби кўплаб тафсир имомлари ҳам ушбу ишга салмоқли ҳисса қўшдилар. Бу ҳақда «Суннат китоблари» деб аталган китоблар таълиф қилдилар, Ибн Аби Осимнинг «Ас-Сунна», Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Ас-Сунна», Халлолнинг «Ас-Сунна», Ожуррийнинг «Аш-Шариъа» китоблари бунга мисол бўлади. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ал-Аздий ат-Таҳовий2 ҳам мазкур имомлар жумласидан бўлиб, учинчи асрдаги Миср уламоларидан, Миср шаҳарларидан бирига нисбат берилиб Таҳовий деб аталганлар, бу киши ушбу фойдали мухтасар ақидани ёзганлар. Унга еттитача шарҳ ёзилган, лекин улар хатолардан холи эмас. Чунки уларни битган кишилар мутааххирлар (яъни салафлардан кейингилар) манҳажида бўлганлари учун уларнинг шарҳлари Таҳовий ақидасига айрим раддиялар, мулоҳаза ва мунозараларни ҳам ўз ичига олган. Бизга маълум бўлишича, улар ичидан фақат битта шарҳ, яъни Ибн Абил-Из3 раҳимаҳуллоҳнинг «Таҳовий шарҳи» номи билан машҳур бўлган шарҳи бундан мустасно. Бу киши Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бўлиб, ёзган шарҳи шайхулислом Ибн Таймиянинг, Ибн Қаййимнинг ва бошқа имомларнинг китобларидан олинган кўчирмаларни ҳам ўз ичига олган. У кўп фойдали шарҳ бўлиб, ақида маржеъларидан улкан бир маржеъ (манбаъ, мурожаат қилинадиган ўрин) саналади, софлиги ва маълумотлари тиниқлиги боис уламолар унга суянадилар ва эътимодли санайдилар. Муаллиф – юқорида айтилганидек – ушбу ақидани умуман аҳли сунна мазҳаби асосида, жумладан тўрт имом ичидан энг муқаддам яшаб ўтган, тобеинларни кўрган ва улардан ривоят қилган Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит ал-Куфий мазҳабида, шунингдек у зотнинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний ва бошқа ҳанафий мазҳаб имомлари эътиқоди асосида таълиф қилган. Уларнинг ақидаларини зикр қилиб, унинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига мувофиқ эканини баён қилган. Бу ақида китобида ҳозирги вақтдаги ёки кейинги асрлардаги ҳанафий мазҳабига нисбатланувчиларга айрим раддиялар мавжудки, улар фиқҳда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига эргашганлари ҳолда ақидада у зотга хилоф қилиб, калом ва мантиқ аҳлининг ақидасини ушлайдилар. Худди шу каби ҳолат кейинги даврдаги шофеъийларда ҳам юзага келдики, улар ақидада имом Шофеъийга мухолиф бўлишади, фақат фиқҳдагина у киши мазҳабларига нисбатланишади. Моликийларда ҳам аҳвол бундан ўзга эмас, уларнинг ҳам кейинги даврдагилари фақат фиқҳда у кишининг мазҳабига нисбатланиб, ақидада ундан умуман бегона бўлиб кетишган. Ундан ташқари ушбу ақидада ашъарийларга, яъни Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг аввалги давридаги фикри-мазҳабига эргашиб, у кишининг кейинги даврда қарор топган мазҳаби – аҳли сунна вал-жамоа мазҳабини тарк қиладиган кишиларга ҳам раддия бор. Умуман олганда мазкур нисбатланишлар ҳақиқий ҳисобланмайди, чунки мазкур имомларнинг мазҳабида бўлганлар аслида уларнинг ақидаларида бўлишлари лозим эди. نَقُولُ فِي تَوْحِيدِ اللهِ مُعْتَقِدِينَ بِتَوْفِيقِ اللهِ أَنَّ اللهَ واحِدٌ لا شَرِيكَ لَهُ 1. Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир. Луғатда «тавҳид» وَحَّدَ (ваҳҳада) феълининг масдари бўлиб, бир нарсани ёлғизлаш, бир деб билиш маъносини англатади. Шариатда эса ибодатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ёлғизлаш, яъни ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш ва Ундан бошқаларга сиғинишни тарк қилиш демакдир. Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг Суннатига асосан тавҳид уч қисмдир. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби иттифоқ қилган нарса шудир. Ким тўртинчи ё бешинчи қисмни зиёда қилса, у ўзи тарафидан қўшиб олган бўлади. Чунки имомлар тавҳидни Китобу Суннатга асосланиб уч қисмга бўлганлар. Ақида хусусида сўз борган оят ва ҳадислар мана шу уч қисмдан ташқарига чиқмайди: Биринчи қисм: Рубубият тавҳиди, яъни Аллоҳ таолони яратиш, ризқ бериш, ҳаёт бахш этиш, ўлдириш, бутун борлиқни бошқариш каби ишларида якка-ягона деб билиш, Роббул оламин бўлган У зот субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч қандай Роб – Тарбияткунанда йўқ деб эътиқод қилиш. Иккинчи қисм: Улуҳият тавҳиди ёки ибодат тавҳиди. Зеро, улуҳият маъноси Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат, қўрқув ва умид билан, буйруқларига итоат қилиш ва қайтариқларидан тийилиш билан ибодат қилиш, яъни Аллоҳ таолони Унинг Ўзи бандаларига машруъ қилган ишлар билан ёлғизлаш демакдир. Учинчи қисм: Исм ва сифатлар тавҳиди, яъни Аллоҳ таоло Ўзи ёки Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга исбот қилган (яъни У зотда бор эканини хабар берган) исм ва сифатларни исботлаш ва Унинг Ўзи ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотни поклаган айб ва камчиликлардан У зотни пок санаш. Аллоҳ таолонинг феъл-ишлари ҳақида сўз юритган ҳамма оятлар рубубият тавҳиди хусусидадир. Ибодат, унга буюриш ва чақириш ҳақида сўз юритган барча оятлар улуҳият тавҳиди хусусидадир. Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатлари ҳақида сўз юритган барча оятлар исм ва сифатлар тавҳиди хусусидадир. Мазкур уч қисмдан асосий мақсад улуҳият тавҳидидир. Чунки, пайғамбарлар айни шу тавҳидга даъват қилганлар, китоблар шу тавҳидни олиб тушган, шу тавҳидни рўёбга чиқариш учун, ибодат Аллоҳнинг ягона Ўзига қилиниши ва Ундан ўзгасига сиғинишни йўқ қилиш учун Аллоҳ йўлидаги жиҳодлар бўлган. Рубубият тавҳидини ва шу жумладан исм ва сифатлар тавҳидини халқлардан биронтаси инкор қилмаган эди, буни Аллоҳ таоло кўп оятларда зикр қилган, кофирларнинг ҳам Аллоҳни яратувчи, ризқ берувчи, тирилтирувчи, ўлдирувчи, бутун борлиқни бошқарувчи деб иқрор бўлишларини, бу хусусда мухолиф эмасликларини баён қилган. Тавҳиднинг бу турига чекланиб қолиш инсонни жаннатга олиб киролмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рубубият тавҳидига иқрор бўлиб турган кишиларга қарши жанг қилганлар, уларнинг қонларини ва молларини ҳалол санаганлар. Агар рубубият тавҳидининг ўзи кифоя қилсайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши асло жанг қилмаган бўлардилар. Ва ҳатто пайғамбарлар юборилишига ҳожат ҳам қолмас эди. Демак, бу нарса далолат қиладики, асосий кўзланган мақсад улуҳият тавҳиди экан. Рубубият тавҳиди эса кишини у сари етаклайдиган йўлчи ва унга йўллайдиган белги-аломатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг ибодатига буюрган вақтда улуҳият тавҳидига бурҳон-ҳужжат қилиш ва рубубиятни эътироф қилиб, улуҳиятни инкор қиладиган кофиру мушрикларни мулзам қилиш учун осмонлару ерни яратганлигини, бутун махлуқотининг ишларини Ўзи юргизиб туришини зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга: «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ) денглар», деганларида улар: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), дейишди4. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар» (Зумар: 45), «Улар ўзларича: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина барҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» (Вас-соффат: 35, 36). Улар улуҳият тавҳидини хоҳлашмас, маъбудлар кўп бўлишини ва ҳар ким ўзи истаган маъбудига сиғинишини истардилар. Буни билиш жуда муҳим, чунки аввалда ҳам, ҳозирда ҳам адашган фирқалар фақат рубубият тавҳидига аҳамият қаратишади, улар наздида банда агар Аллоҳнинг яратувчи ва ризқ берувчи эканини тан олса бас, уни мусулмон деб билишади, бу нарсани ақидаларида битиб қўйишган. Мутакаллимларнинг (яъни калом ва фалсафа аҳлининг) ақидалари рубубият тавҳидини таҳқиқ қилиш ва унга далиллар келтиришдан нарига ўтмайди. Ҳолбуки, бунинг ўзи кифоя қилмайди, балки улуҳият тавҳиди бўлиши зарур. Аллоҳ таоло: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Тоғут (Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар бир нарса) дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36) дейди ва одамларни Аллоҳнинг ибодатига, яъни улуҳият тавҳидига буюради. Яна У зот шундай дейди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина Ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25), «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36). Барча оятлар улуҳият тавҳидига буюради ва унга чорлайди. Барча пайғамбарлар улуҳият тавҳидига даъват қилганлар, умматларини унга буюрганлар ва ширкдан қайтарганлар. Тавҳиддан асосий мақсад ва ғоя ҳам шу ўзи аслида. Исм ва сифатлар тавҳидига келсак, жаҳмийя, муътазила ва ашъарийлар каби бидъат аҳли уни ўзаро баъзи фарқлар билан инкор қилишган. «Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки – яъни аҳли сунна вал-жамоа айтадики – : Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир» дейди муаллиф. Ақида ва тавҳиднинг маъноси бир, хоҳ ақида деб, хоҳ тавҳид деб, хоҳ иймон деб номлансин, номлари турлича бўлгани билан маъноси биттадир. «Аллоҳ тавфиқи ила» деган сўзларидан мурод – Аллоҳ азза ва жаллага таслим бўлиш, Унга тазарруъ қилиш, куч-қувватни фақат Унга хослашдир. Инсон ўзига юқори баҳо бермаслиги, балки «Аллоҳнинг тавфиқи билан», «Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан», «Аллоҳнинг қудрати билан» демоғи лозим, уламолар раҳимаҳумуллоҳнинг одоблари шундай. «Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир» - Тавҳид шудир, У зот Ўзининг рубубиятида ягона, улуҳиятида ягона, исм ва сифатларида ягона. ولا شَيْءَ مِثْلُهُ 2. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шуро: 11), «Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 4), «Бас билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг» (Бақара: 22), «Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям:65) оятларидан олинган. Зеро, махлуқотга ўхшатилиш ва тенглаштирилиш Аллоҳ таоло шаънига муносиб эмас. Махлуқотидан ҳеч бирови У зотга ўхшаш эмас. Аллоҳ таоло учун У зот Ўзига исбот қилган нарсани исбот қилишимиз ва шундай эътиқод қилишимиз, махлуқотидан биронтасини Унга ўхшатмаслигимиз, тенг кўрмаслигимиз вожиб. Бунда Аллоҳ таолони махлуқотига ўхшаш деб эътиқод қиладиган ва холиқ билан махлуқ ўртасини фарқламайдиган ботил мазҳаб эгалари мушаббиҳа (Аллоҳнинг сифатларини махлуқларникига ўхшаш деб эътиқод қиладиган ташбеҳ аҳли)га раддия бор. Унинг муқобилида Аллоҳни поклаймиз деб ғулув кетиб қолган ва ташбеҳ аҳлидан бўлиб қолишдан қочиб ҳатто Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган исм ва сифатларни ҳам У зотга нисбатан рад қиладиган муъаттила (таътил аҳли, Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Унинг собит исм-сифатларини йўққа чиқарувчи) лар туради. Ҳар икки тоифа аҳли ғулув кетди (ҳаддан ошди), таътил аҳли (йўққа чиқарувчилар) поклашда ва ўхшашликни рад қилишда ғулув кетди, ташбеҳ аҳли (ўхшатувчилар) исботда ғулув кетди. Аҳли сунна вал-жамоа ўрта йўлни тутди. Улар Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган нарсаларни Унинг жалолати-буюклигига муносиб равишда, ташбеҳсиз ва таътилсиз, Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11) деганидек Унга исботладилар, «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» ибораси ташбеҳни рад қилади, «У эшитувчи ва кўриб турувчидир» ибораси эса таътилни рад қилади. Бу аҳли сунна вал-жамоа ушлаган мазҳабдир. Шунинг учун айтиладики: «Муаттил йўқ нарсага ибодат қилади, мушаббиҳ бут-санамга ибодат қилади, муваҳҳид эса Ягона ва Сомад (беҳожат зот)га ибодат қилади». ولا شَيْء يُعْجِزُهُ 3. Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди. Бу У зотнинг мукаммал куч-қудратини исботлашдир. Аллоҳ таоло айтади: «У ҳамма нарсага ўта қодирдир» (Моида: 120). «Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир» (Каҳф: 45). «Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44). У зот ўта қудратли, Унинг қудратини ҳеч ким ва ҳеч нарса ожиз қила олмайди, У бир нарсанинг бўлишини истаса: «Бўл!», деса кифоя, у ўша заҳоти вужудга келади. Ушбу иборада Аллоҳ азза ва жалланинг қудратини, унинг бепоёнлигини ва ҳамма нарсага етишини исботлаш бордир. Аммо айримлар айтадиган: «Аллоҳ хоҳлаган нарсасига қодир» деган сўз хато, чунки Аллоҳ қудратини хоҳиш-истагига боғлаб қўймаган, балки У зотнинг Ўзи: «У ҳамма нарсага ўта қодир» демоқда. Шундай экан, сиз ҳам Унинг Ўзи айтган иборани айтишингиз тўғри бўлади. Ҳалиги иборани улар Аллоҳ таолонинг: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро: 29) деган сўзидан олиб айтишади. Бироқ, бу уларни йиғиб олишнинг келажакда У зот тарафидан тайин қилинган маълум вақти бор, ўша вақт келганда Аллоҳ таоло уларни йиғиб олишга қодир, деганидир. ولا إِلهَ غَيْرُهُ 4. Ундан ўзга барҳақ илоҳ-маъбуд йўқ. Бу улуҳият тавҳидидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор барҳақ маъбуд йўқ. Агар « «لا معبود إلا هو «Ундан ўзга маъбуд йўқ» десак, бу хато бўлади. Чунки дунёда Аллоҳ таолодан бошқа маъбудалар кўп. « «لا معبود إلا الله «Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ», десак барча маъбудаларнинг ўзи Аллоҳ, деган бўламиз. Бу эса ваҳдатул-вужуд мазҳабининг сўзидир. Уни айтаётган киши шундай эътиқодда айтаётган бўлса, у ваҳдатул-вужуд аҳлидан бўлади. Агар ундай эътиқодда айтмаётган бўлса, бировдан эшитиб, тақлидан айтаётган бўлади. У ҳолда хато қилган бўлади ва унинг хатосини тузатиш лозим бўлади. Айримлар намознинг бошлаш-истифтоҳ дуосида: «Вала маъбуда ғойрук» «Сендан ўзга маъбуд йўқ» дейишади. Аслида, Аллоҳ таоло барҳақ (ҳақиқий) маъбуд, ўзга маъбудлар эса ботил маъбудлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Бунга (яъни Аллоҳ мазлумга ёрдам қила олишига) сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62). (Аммо истифтоҳ дуосида «вала илаҳа ғойрук» дейилса бўлаверади. Бу ерда «илаҳа» калимаси ўрнига «маъбуда» калимасини қўйиб айтиш ҳақида гап кетган. Буни яхши фикрланг. Исломнуридан) قَدِيمٌ بِلا ابْتِدَاءٍ، دَائِمٌ بِلا انْتِهَاءٍ 5. У ибтидосиз «Қадим» ва интиҳосиз «Доим» (ҳамиша мавжуд) Зотдир. Бунга Аллоҳ таолонинг: «У Аввалдир, Охирдир, Зоҳирдир, Ботиндир.» (Ҳадид: 3) ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен Аввалсан, Сендан аввал бирон нарса йўқ, Сен Охирсан, Сендан сўнг бирон нарса йўқ» деган сўзлари5 далил бўлади. Лекин «қадим» калимаси фақат Аллоҳ азза ва жалла ҳақида хабар бериш учунгина истеъмол қилинади, У зотни бундай исм билан аталмайди, чунки Унинг исмлари ичида «Қадим» эмас, «Аввал» исми келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Сен Аввалсан, Сендан аввал бирон нарса йўқ», деганлар. Лекин муаллиф бунинг эҳтиётини қилиб: «Ибтидосиз қадим» деган, агар мутлақ «қадим» дебгина қўйганида маъно тўғри бўлмас эди. لا يَفْنَى ولا يَبِيدُ 6. У фоний эмас ва ҳалок бўлмайди. Фонийлик ва ҳалок бўлиш бир маънода. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло абадий ва боқий ҳаёт билан сифатланувчи Зотдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг!» (Фурқон: 58). Аллоҳга фонийлик етмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88). «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26, 27). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мангу ва боқийдир. Махлуқотлар ўладилар, кейин қайта тирилтириладилар. Улар аввалда йўқ эдилар, Аллоҳ субҳанаҳу уларни яратди, кейин ўладилар, кейин яна Аллоҳ субҳанаҳу уларни қайта тирилтиради. Аллоҳ таоло ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ бўлган Зотдир. وَلا يَكُونُ إِلاَّ مَا يُرِيدُ 7. Фақат У хоҳлаган нарсагина бўлади. Бунда қадарни исботлаш ва Аллоҳнинг иродасини исботлаш бордир. У зотнинг мулкида ва У зотнинг махлуқотида фақат У кавний ирода6 билан ирода қилган ҳодиса ва воқеалар содир бўлади: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82). Ҳар бир яхшилик ва ҳар бир ёмонлик Аллоҳнинг кавний иродаси билан бўлиб, Унинг иродасидан ташқари эмас. Бунда қадарни инкор қилувчи ва банда ўзининг феълини ўзи яратади ва вужудга келтиради, деб даъво қилувчи қадарийларга раддия бор. Аллоҳ улар айтаётган нарсалардан олийдир. Уларнинг бу сўзлари Аллоҳни ожиз санаш ва Унинг махлуқотида У хоҳламаган нарсалар ҳам бўлаверади, дейишдир, бу эса У зотни нуқсон билан сифатлашдир. Аслида, борлиқдаги ҳар бир яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам Унинг иродаси билан бўлиб, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ҳикмат учун яратади. Ёмонлик У зотнинг яратиши жиҳатидан ёмонлик эмас, чунки унинг остида катта ҳикмат ва улкан мақсад бор, яъни у синов ва имтиҳон учун, пок ва нопокни ажратиш учун, яхши амалларга мукофот ва ёмон амалларга жазо берилиши учундир, бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг етук ҳикматлари мавжуд, У бу нарсаларни бекорга яратмаган. لا تَبْلُغُهُ الأَوْهَامُ ولا تُدْرِكُهُ الأَفْهَامُ 8. Унинг ҳақиқатига гумону хаёллар етолмайди, Унинг моҳиятини ақл идрок қилолмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони тўлалигича билиш ва идрок қилиш имконсиз, У зот барча нарсадан буюкдир: «У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110). Аллоҳ таолони таниш мумкин, бироқ У зот субҳанаҳу ва таолони тўлалигича билиш имконсиз, У ҳамма нарсадан катта, Уни фикр билан тасаввур қилишнинг иложи йўқ, инсон Аллоҳ ҳақида фақат Унинг Ўзи ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам У ҳақда айтган нарсаларнигина айтиши лозим. ولا يُشْبِهُهُ الأَناَمُ 9. У махлуқларга ўхшамайди. Бу юқорида ўтган «Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ» иборасига ўхшагандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло махлуқотларга ўхшашдан олий ва покдир: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11), «Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 4). Гарчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исм ва сифатлари махлуқотларининг исм ва сифатларига лафз ва маънода ўхшаш эса-да, ҳақиқатда ва кайфият жиҳатидан улар ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик мавжуд эмас. حَيٌّ لا يَمُوتُ 10. Ўлмайдиган тирикдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мангу тирикдир. Унинг тириклиги на бир нуқсон ва на уйқу олмас комил ҳаётдир: «Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай барҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг ўзи ҳақдир. У тирик ва абадий турувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди» (Бақара: 255), «Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58). Унинг ҳаёти комил ҳаёт бўлиб, Ўзига уйқу ва мудроқ етишини рад этди7, Ўзига ўлим келишини рад этди8. Уйқу, мудроқ ва ўлим тирикликдаги нуқсон бўлиб, улар махлуқлар сифатидан. Махлуқлар тириклиги ноқис, улар ухлайдилар, ўладилар. Уйқу махлуқнинг ҳаққида комиллик, холиқнинг ҳаққида эса нуқсондир. Чунки, ухламайдиган одамни касалликка чалинган деб эътибор қилинади. Бу эса холиқнинг сифатлари билан махлуқнинг сифатлари ўртасидаги фарқни кўрсатади. «Тирик ва абадий турувчи» деган икки сифат Аллоҳ таолонинг «... У тирик ва абадий турувчидир» (Бақара: 255) оятидан олинган. قَيُّومٌ لا يَنَامُ 11. Ухламайдиган қайюмдир. Қайюм – ўзи турувчи ва ўзгаларни тургизувчи деганидир. У Ўзи абадий турувчи, бирон нарсага муҳтож эмас, SPAN LANG=барча нарсадан беҳожат. Бошқаларни ҳам тургизиб, тутиб турувчи, ҳамма нарса Унга муҳтож ва ўзининг туришида Унинг тургизишига эҳтиёжли. Агар осмонлару ерни ва барча махлуқотни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тутиб турмаса эди, улар вайрон ва йўқ бўлиб кетган бўларди. Бироқ, уларни Аллоҳ таоло тутиб туради, асрайди ва уларга салоҳият (яроқлилик) бахш этиб туради. Демак, барча махлуқот Унга муҳтож: «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41). خَالِقٌ بِلا حَاجَةٍ، رَازِقٌ بلا مُؤْنَةٍ 12. Бирон ҳожати бўлмай туриб яратувчи ва қийинчиликсиз ризқ берувчидир. У махлуқотларни яратди, аслида уларни яратишга Унинг ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ эди. Уларни фақат Ўзининг ибодати учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56). Махлуқотларга бирон ҳожати борлиги учун, улардан мадад, ёрдам ва кўмак олиш учун ёки уларнинг ҳимоясига муҳтож бўлгани учун яратмади, балки фақат Ўзига сиғинишлари учунгина яратди. Улар ўзларини Аллоҳга боғлайдиган, тилакларини Унга етказадиган ибодатга муҳтожлар. Ибодат банда билан Робби ўртасидаги алоқа воситаси бўлиб, у бандани Роббига яқинлаштиради ва у сабабли Аллоҳнинг ажру мукофотларини қўлга киритади. Демак, ибодатга махлуқотлар муҳтож, Аллоҳ азза ва жалланинг унга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсалар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир» (Иброҳим: 8), «Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир» (Зумар: 7). У қийинчиликсиз ризқ берувчи, яъни бандаларига бераётган ризқи Унинг мулкидан бирон нарсани камайтиролмайди. مُمِيتٌ بلا مَخَافَةٍ 13. Қўрқмасдан жон олувчидир. Яъни, жонзотларнинг ажаллари етганда улардан қўрққанидан эмас, балки Ўзининг ҳикматига биноан уларни вафот эттиради. Чунки дунё ҳаётининг ниҳояси бор, охират ҳаёти эса бениҳоядир. Махлуқотларни ўлдириши улардан (бирон зарар етиб қолишидан) қўрққанидан ёки улар(нинг ишларини бошқариш)дан дам олиш учун эмас. Гарчи У зотга кофир бўлишса-да, уларнинг куфрлари билан У ҳеч қандай зарар кўрмайди, аксинча фақат уларнинг ўзлари зиён қилишади. Бироқ, шундай бўлса-да, У зот уларнинг тавбалари билан хурсанд бўлади. Чунки, У уларга фақат яхшилик истайди. Шунинг учун уларнинг тавбаларига асло эҳтиёжи бўлмаса ҳам, уларга меҳрибонлиги туфайли тавба қилишларидан хурсанд бўлади. باعِثٌ بلا مَشَقَّةٍ 14. Машаққатсиз қайта тирилтирувчидир. Бу Аллоҳ қудратининг ажойиботлариданки, У махлуқотларни ўлдиради, улар йўқ бўлиб, тупроққа айланиб кетишади, ҳатто жоҳил одам: энди улар яна қайта одам шаклига келишлари асло мумкин эмас, деб ўйлайди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла уларни қайтадан тирилтиради ва янгитдан яратади. Бунинг У зот учун ҳеч қандай машаққатли жойи йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир)» (Луқмон: 28), «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27). Мушриклар қайта тирилишни ақлдан узоқ санаб, инкор қилишди. Аллоҳ таоло айтади: «У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча махлуқотни билувчидир» (Ёсин: 78, 79). Даставвал, умуман вужуди бўлмаган нарсани Аллоҳ таоло йўқдан бор қилди. Йўқдан бор қилган Зот уни яна қайта вужудга келтиришга қандай қодир бўлмасин?! Бу ақл тарозусига солиб кўрилгандаги гап. Аслида, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қудрати махлуқотига қараб ўлчанмайди. Бу бир мисол тариқасида келтирилди, холос: «Энг юксак хислатлар Уникидир» (Рум: 27). Анави инкор қилувчи кимса ўзининг аввалда йўқдан бор бўлганини унутди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир» (Инсон: 1). Аллоҳ уни йўқликдан вужудга келтирди. Унинг Ўзи сочилиб кетган суякларни, майдаланиб кетган этларни, тўзиб кетган соч-тукларни, тупроққа айланиб кетган таналарни аввал қандай бўлса, ўшандай ҳолга қайтаради: «Унинг оятларидан (яна бири) – осмон ва ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб учун) чиқарсизлар» (Рум: 25). «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68). Биринчиси барча жонзотни жонсиз қиладиган чалиниш бўлса, иккинчиси қайта тирилтириш чалинишидир. «(Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса (Қиёмат)дир»» (Ёсин: 51, 52). Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Бу Аллоҳ таолони ўликларни тирилтиришдан ва аввал қандай бўлган бўлсалар шу ҳолга қайтаришдан ожиз санайдиган кофирларга раддиядир. Аллоҳ таоло айтади: «Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! Йўқ, Биз унинг бармоқ (уч) ларини (ҳам) тиклаб-жойига келтиришга қодир бўлган зотдирмиз!» (Қиёмат: 3, 4). «У Кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган, кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар!» (Маориж: 43). Бу Аллоҳнинг қудрати, иродаси, хоҳиш-истагидир, Уни ҳеч ким ва ҳеч нарса ожиз қолдиролмайди. Лекин айрим жоҳиллар Аллоҳни махлуқотларга қиёслаб туриб, қайта тургизишни ақлдан узоқ санашади, чунки уларнинг назарида бу имконсиз иш саналади. Улар Аллоҳнинг қудратига назар қилишмайди, Аллоҳни лойиқ суратда қадрламайдилар. Бу эса Аллоҳ азза ва жаллани билмаслик натижасидир. ما زالَ بِصِفاتِهِ قَدِيمًا قَبْلَ خَلْقِهِ 15. Махлуқотни яратишдан аввал ҳам барча сифатлари Аллоҳда бор эди. Юқорида мусаннифнинг «Ибтидосиз қадим», ҳеч бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан аввал эмас, деган сўзи ўтди. Бунинг маъноси шуки, У комиллик сифатлари билан сифатланган, Унинг сифатлари азалий ва абадий. У бошланишсиз Аввал бўлганидек, Унинг сифатлари ҳам худди шундай, улар ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг авваллигидек аввалдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларсиз Аввал бўлиб, сифатлари кейин пайдо бўлган эмас. Улар айтишадики: «Азалда Унинг сифатлари бўлган эмас, улар кейинчалик бўлган. Агар шундай демасак, маъбудлар – ёки қадимлар – бир нечта бўлишига тўғри келиб қолади ва исму сифатлар Аллоҳга аввалликда шерик бўлиб қолади». Биз айтамиз: «Ё субҳаналлоҳ! Бу даъводан Аллоҳ таоло бир қанча вақт ноқис бўлган-у, кейин исму сифатлари пайдо бўлиб, комил бўлган, деган гап келиб чиқади. Аллоҳ улар айтаётган нарсалардан олийдир! Сифатларнинг қадим бўлишидан бир неча Робларнинг қадимлиги келиб чиқмайди. Чунки, сифатлар фақат мавсуфда (яъни сифат эгасида) бор бўлган маънолардир, мавсуфдан мустақил алоҳида нарсалар эмас. Агар масалан, «Фалончи эшитувчи, кўрувчи, олим, фақиҳ, луғатшунос, наҳвшунос» дейилса, бундан битта инсон бир неча шахслар бўлиб қолгани тушуниладими?! Залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларнинг бир қанча бўлишидан мавсуфнинг бир нечталиги келиб чиқмайди!». Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотининг бошланиши бўлмаганидек, Унинг сифатларининг ҳам бошланиши бўлмаган, У доимо ва абадий Холиқ-яратувчи деб сифатланади. У зотнинг феъллари эса нав жиҳатидан қадим, бирма-бир бўлиши жиҳатидан ҳодис (янгиланиб турувчи)дир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ундан калом содир бўлмасидан аввал ҳам мутакаллим (сўзловчи) эди, яратиши содир бўлмасидан туриб ҳам яратувчи эди. Унинг гапириши ва яратиши эса янгиланиб тураверади, ва ҳоказо. لَمْ يَزْدَدْ بِكَوْنِهِمْ شَيْئًا لَمْ يَكُنْ قَبْلَهُمْ مِنْ صِفَتِهِ 16. Уларнинг яралиши билан Унга аввал Ўзида мавжуд бўлмаган бирор сифат қўшилиб қолгани йўқ. Яъни, У махлуқотларни яратмасидан аввал қандай сифатлар эгаси бўлса, кейин ҳам ўша сифатларига бирон бошқа сифат қўшилиб қолмаган. Махлуқотларни яратганидан кейин Холиқ бўлди, деб айтилмайди. Балки, У азалдан Холиқ – яратувчи эди, унинг бошланиши бўлмаган. Яратишлиги эса янгиланиб тураверади. وَكَمَا كَانَ بِصِفَاتِهِ أَزَلِيًّا، كَذَلِكَ لا يَزَالُ عَلَيْهَا أَبَدِيًّا 17. Барча сифатлари Аллоҳда азалдан бор бўлгани каби, улар Унда абадий мавжуд бўлиб қолади. У Ўзининг барча сифатлари билан азалдан мавсуф бўлган, яъни уларнинг бошланиши бўлмаган. Худди шунингдек, барча сифатлари келажакда ҳам тоабад У билан бирга қолади. У Ўз сифатлари билан бирга бениҳоя абадийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сен (исм ва сифатларинг билан) Охирсан, Сендан сўнг ҳеч нарса йўқ». Ушбу сифатлари келажакда Ундан ажралади, деб айтиш жоиз эмас, балки улар У билан абадий биргадир. لَيْسَ بَعْدَ خَلْقِ الْخَلْقِ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْخَالِقِ" 18. «Холиқ» (Яратувчи) номини махлуқотни яратгандан сўнг олгани йўқ. Бу юқоридаги гапнинг изоҳи ва такроридир. ولا بِإِحْدَاثِهِ الْبَرِيَّةَ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْبَارِي" 19. Борлиқни яратмай туриб ҳам «Борий» (Бор қилувчи) исми бор эди! Борий ҳам яратувчи маъносида бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларидан. У зот махлуқотларни яратди ва бор қилди. Бу исм У зотда азалдан, бошланишсиз биргадир. لَهُ مَعْنَى الرُّبوبِيَّةِ ولا مَرْبوبَ ، ومَعْنَى الْخَالِقِ وَ لا مَخْلوقَ 20. Ҳеч қандай марбуб бўлмаганда ҳам рубубият (парвардигорлик) сифати Унда мавжуд эди ва ҳеч қандай махлуқ бўлмаган ҳолда ҳам холиқлик-яратувчилик сифати Унга собит эди. У марбублар, яъни парваришга муҳтож махлуқот ва мавжудотлар вужудга келишларидан олдин ҳам Роб – парвардигор эди. Парвардигор маъноси – молик, тасарруф қилувчи, ислоҳ қилувчи, хожа, тарбият қилувчи деганидир. Ушбу сифатлар Унинг зотига азалий ва абадий лозим, марбублар вужудга келишидан олдин ҳам, улар йўқ бўлиб кетганидан кейин ҳам биргадир. وَكَمَا أَنَّهُ مُحْيِي الْمَوْتَى بَعْدَ مَا أَحْيَا اسْتَحَقَّ هَذا الاِسْمَ قَبْلَ إِحْيَائِهِمْ، كَذَلِكَ اسْتَحَقَّ اسْمَ الْخَالِقِ قَبْلَ إِنْشَائِهِمْ 21. Аллоҳ Таоло ўликларни қайта тирилтиргандан сўнг ўликларни тирилтирувчи бўлса-да, уларни қайта тирилтиришдан аввал ҳам шу исмга ҳақли бўлган. Шунингдек, У махлуқларини яратмасдан аввал ҳам яратувчи исмига ҳақли бўлган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло азалдан ўликларни тирилтирувчи, ҳаёт бахш этувчи ва ўлим берувчи деган сифатга эга. Ушбу сифат то ўликларни тирилтиргунига қадар йўқ бўлиб турмайди, балки Унда қадимдан ва азалдан мавжуд. Аммо ўликларни тирилтириши янгиланиб тураверади, Ўзи истаган пайт ҳаёт беради, ўлдиради. ذَلِكَ بِأَنَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ 22. Чунки Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Бу Унинг азалий васфидир. У махлуқотларни яратганидан ва пайдо қилганидан кейингина қудратга эга бўлган, деб айтилмайди. Балки қодирлик Унинг азалий сифати. Махлуқотларни вужудга келтирганлиги Унинг ҳамма нарсага қодир эканининг асаридир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини борлиғу йўқликдаги барча нарсалар устидан қодир, деб сифатлади, У Ўзининг қудратини бирон муайян нарсага чекламади. Уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди, «У фалон нарсага қодир» деб чеклаш жоиз эмас. Шунингдек, «У Ўзи истаган нарсасига қодир» дейиш нотўғри бўлади. Чунки, бу мазмундаги оят Унинг самовот ва ер аҳлини Ўзи истаган пайт йиғиб-жамлашга қодир эканига хос: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро: 29). وَكُلُّ شَيْءٍٍ إِلَيْهِ فَقِيرٌ 23. Барча нарса Унга муҳтождир. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиши имконсиз. Малоикалар бўлсин, самовоту ер бўлсин, инсу жинлар бўлсин, тоғу тошлар, денгиз ва кўллардан иборат жонсиз мавжудотлар бўлсин, барча-барчаси Аллоҳ таолога муҳтож: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барчадан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир: 15). Хоҳ анбиё-ю авлиё бўлсин, хоҳ муқарраб фаришта бўлсин, Аллоҳдан беҳожат ва Унинг тасарруфидан ташқари бўлиши иложсиз. Кимда-ким авлиёларнинг ғайриинсоний қудратлари бўлади, улар коинотни бошқариб туришга эгалар деса, у кофир ва мушрикларнинг сўзини айтган бўлади. Қубурий (яъни, қабрдагилардан мадад сўраш жоиз деб биладиган тоифа) уламоларидан бири тавҳид аҳлидан бўлган бир илмсиз кишига: «Сизлар: Авлиёлар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, дейсизлар» деганида у: «Ҳа, биз улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, деймиз», дейди. У: «Ахир Аллоҳ таоло: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида ризқланиб турадилар» (Оли Имрон: 169) деб айтади-ку», дейди. Шунда у: «Хўп, Аллоҳ таоло: «Улар ризқланиб турадилар» деганми ёки «Ризқ бериб турадилар» деганми?» деб сўрайди. ««Ризқланиб турадилар» деган», деганида «Ундай бўлса, мен уларга ризқ бериб турган Зотдан сўраб қўя қоламан, улардан сўрамайман», деб жавоб беради. Илмсиз, бироқ тўғри табиатли бу кишининг жавобидан ҳалиги олим каловланиб қолади. وَكُلُّ أَمْرٍ عَلَيْهِ يَسِيرٌ 24. Ҳар қандай иш Унга осон. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82). У ҳаёт бахш этади, ўлдиради, яратади, ризқ беради, ато этадиган ҳам, бермай қўядиган ҳам Ўзи, йўқ бўлиб кетган ўликларни қайта тирилтиради, бу ишлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога жуда ҳам осон, Унга ҳеч қандай меҳнат-машаққат юкламайди. Махлуқотларда иш бунинг аксича, баъзи ишларни қилишга қийналади, ожизлик қилади, аммо Аллоҳ таолога оғир ишнинг ўзи йўқ: «Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир)» (Луқмон: 28). لا يَحْتَاجُ إِلَى شَيْءٍ 25. У ҳеч нарсага муҳтож эмас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсадан беҳожат, У махлуқотларга муҳтож эмас, чунки У Ғанийдир, махлуқотларга ато этувчи Унинг Ўзидир. لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ، وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ 26. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир. Бу ибора Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшашини мутлақо рад қилишдир. Оламдаги ҳеч бир нарса, малоикалар бўлсин, анбиё-ю расуллар бўлсин, азиз-авлиёлар бўлсин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўхшамайди: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11). Оятнинг аввалги қисмида мушаббиҳалар (ташбеҳ аҳли, Аллоҳнинг сифатларини махлуқларникига ўхшаш деб эътиқод қиладиганлар)га раддия бўлса, кейинги қисмида муъаттилалар (таътил аҳли, Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Унинг собит исм-сифатларини йўққа чиқарувчилар)га раддия бор. Оят яна далолат қиладики, исм ва сифатларни исбот қилишдан махлуқотларга ўхшатиш келиб чиқмайди, махлуқотларнинг эшитиш ва кўриши Аллоҳ азза ва жалланинг эшитиши ва кўришига ўхшамайди. خَلَقَ الْخَلْقَ بِعِلْمِهِ 27. Махлуқотларни ўз илми билан яратди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14). Яратган эканлиги Унинг билими ва қудратига далолатдир. «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмас. Зотан У билимли ва қудратлидир» (Фотир: 44). وَ قَدَّرَ لَهُمْ أَقْدَارًا 28. Улар учун тақдирларни ўлчаб-белгилаб қўйди. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани тақдирлаб-ўлчаб қўйган, ҳеч бир нарса ўлчовсиз яратилмаган: «(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли — манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз» (Ҳижр: 21). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир нарсага ўзига хос ўлчов ва кайфиятларни белгилаб қўйганки, ўшандан заррача фарқланмайди ва ўзгача бўлмайди. Мисол учун, Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини, сезгиларини, аъзоларини, таркибини, вазнларини аниқ ўлчов билан яратди, у шу билан туриш ва юришга қодир инсон бўлди. Агар инсоннинг аъзоларидан ёки унинг таркибидан биронтасига халаллик етса, унинг бутун жисми бузилади. Бошқа мавжудотлар ҳақида ҳам гап шу. «У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд: 8). Ҳар бир нарсанинг ўзига хос ўлчови бор, ҳар бирининг ўлчови бошқасининг ўлчовидан фарқлидир. وَ ضَرَبَ لَهُمْ آجَالا 29. Уларнинг ажалларини тайинлади. Барча махлуқотнинг ниҳояси ва тугаб-битадиган ажаллари-муддатлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27), яна айтади: «Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88). Ҳамма нарсанинг Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган – узундир, қисқадир – чек-чегарали умри бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11). Умрлар (узун-қисқалиги) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлида. Бу Унинг рубубиятининг комиллигига ва қудратининг мукаммаллигига далолат қилади. У истаган нарса бўлади, истамаган нарса бўлмайди. وَ لَمْ يَخْفَ عَلَيْهِ شَيْءٌ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَهُمْ 30. Уларни яратмасдан аввал ҳам Унга ҳеч нарса махфий эмасди. Балки У барча нарсани уларни яратишидан аввал ҳам билган, уларни вужудга келганидан кейингина билган эмас. وَ عَلِمَ مَا هُمْ عَامِلونَ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَهُمْ 31. Уларни яратишдан аввал ҳам уларнинг нима қилажакларини биларди. Бандаларни яратмасидан туриб, уларнинг нима амаллар қилишларини, ким тоат аҳлидан, ким маъсият аҳлидан бўлишини билган. و أمَرَهُمْ بـِطاعَـتِهِ، و نـَهاهُمْ عَن مَعْصِيَـتِهِ 32. Уларни Ўзига итоат қилишга буюрди ва осийлик қилишдан қайтарди. Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56). Аввал уларни яратди, сўнг Ўзига ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг нима амаллар қилишларини аввалдан билгани ҳолда уларни Ўзининг тоатига буюрди. Зеро, жазо ва мукофот илмга (яъни Аллоҳнинг билишига) эмас, балки (бандадан содир бўладиган) амалга қараб бўлади. Аллоҳ таоло бандани (у ҳақдаги Ўзи билган) илмга қараб азобламайди, қачон ундан гуноҳ содир бўлганидан кейингина жазо беради. Шунингдек, чиройли амал қилувчи бандани ҳам то ундан амал содир бўлмагунича мукофотламайди. Жазо ва мукофот амалнинг натижасидир, илм ва қадарнинг эмас. Илм бошқа, жазо-мукофот бошқа. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни тоатга буюриб, маъсиятдан қайтарди. Ким буйруқларига итоат қилиб, қайтариқларидан тийилса, савобга эга бўлади. Ким буйруқларига хилоф қилиб, қайтариқларидан қайтмаса, ўзининг феълларига биноан жазо кўради, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълларига биноан эмас. Банда намоз ўқувчи, закот берувчи, ҳаж қилувчи, жиҳод қилувчи бўлади, амалларнинг нисбати унга берилади, Аллоҳ таолога эмас. Фақатгина яратиш, аввалдан билиш, тақдир қилиш ва муваффақ қилиш жиҳатидан Аллоҳга нисбатланади. وكُلُّ شَيْءٍ يَجْرِي بِتَـقْـدِيرهِ ومَشِيئـَتِِهِ 33. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлади. Шубҳасиз, ҳар бир нара Аллоҳнинг тақдири билан бўлади, яхшилигу ёмонлик, тоату маъсият, куфру иймон, касаллигу соғлик, бойлигу камбағаллик, илму жаҳолат Унинг тақдиридан ташқарида эмас, ҳамма-ҳаммаси Унинг тақдири билан жорий бўлади. Унинг мулкида У тақдир қилмаган ва истамаган нарса бўлмайди. و مَشِيئَتـُهُ تَـنْـفـُذُ، لا مَشِـيئَة لِلْعِبادِ، إلا ما شَاءَ لَهُمْ، فـَما شَاءَ لَهُمْ كانَ، و ما لَمْ يَشـَأْ لَمْ يَكـُنْ 34. Унинг хоҳиши албатта амалга ошади. Бандалар учун Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, улар учун шундан ўзга хоҳиш йўқдир. Аллоҳ нимани улар учун хоҳласа, бўлади. Нимани хоҳламаса, бўлмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг истак-хоҳиши бор, бандаларнинг ҳам истак-хоҳишлари бор. Лекин бандаларнинг хоҳишлари Аллоҳнинг хоҳишига эргашади, ундан мустақил эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билимли ва ҳикматли зотдир» (Инсон: 30). Яна айтади: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29). У зот истак-хоҳишни Ўзининг сифатларидан қилди, бандаларига ҳам истак-хоҳиш сифатини берди ва уларнинг хоҳишларини Ўзининг хоҳишига боғлиқ қилди. Бунда қадария ва жабрияларга раддия бор. Қадариялар бандаларнинг феъллари Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ бўлишини рад қилишади ва бандани мутлақ хоҳиш эгаси қилишади. Банда ўзи хоҳлаган ишни қилади ва ўзи хоҳлаган нарсани ирода қилади дейишади. Жабриялар эса бандада ҳеч қандай хоҳиш-ирода бўлмайди, хоҳиш фақат Аллоҳга хос, банда худди асбоблар ҳаракатлангани каби ихтиёрсиз равишда ҳаракатланади, (Аллоҳ тақдирда нимани битиб қўйган бўлса ўша нарса мажбуран содир бўлади) дейишади. Бир тоифа Аллоҳнинг истак-хоҳишини исботлашда ғулув кетган бўлса, иккинчи тоифа банданинг истак-хоҳишини исботлашда ғулув кетди. Аҳли сунна вал-жамоа эса ҳар икки хоҳишни исботлайдилар ва банданинг хоҳишини Аллоҳнинг хоҳишига боғлайдилар. Буни улар юқорида ўтган икки оят мазмунидан оладилар. Уларда айтилишича, банданинг хоҳиши мустақил эмас, балки Аллоҳнинг истак-хоҳишига боғлиқ. Чунки, у Аллоҳнинг махлуқотларидан бири, унинг ўзини ҳам, истак-хоҳишини ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Шунинг учун бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деганида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени Аллоҳга тенг – яъни истак-хоҳишида мени Унга шерик – қилдингми?! Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи хоҳласа, дегин», дедилар9. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қавмнинг: «Аллоҳ хоҳлаган ва Муҳаммад хоҳлаган нарса (бўлади)» дейишгани хабари етгач, буни инкор қилдилар ва: ««Аллоҳ хоҳлаган, сўнг Муҳаммад хоҳлаган нарса» денглар», дедилар, бу билан ўзларининг хоҳишларини Аллоҳнинг хоҳишига тобеъ қилдилар. يَهدي مَن يَشاءُ، و يَعصِمُ و يُعَافِي، فَـضْلاً، و يُضِلّ مَن يَشاء، و يَخْذُلُ و يَبْتَلِي، عَدْلاً 35. Хоҳлаган бандасини Ўз фазли-карами ила ҳидоят қилади, (гуноҳ қилишдан) сақлайди ва (бало-мусибатлардан) офият беради. Хоҳлаган бандасини адолати ила адаштиради, (гуноҳлардан сақланишга) ёрдам бермайди ва (бало-мусибатлар билан) имтиҳон қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаган бандасини ҳидоят қилади, хоҳлаган бандасини адаштиради. Бу Аллоҳнинг қазоси ва қадари билан бўлади. Лекин, У зот Ўзи билиб, ҳидоятга салоҳияти бор бўлган кишини ҳидоят қилади, ҳидоят излашга ҳаракат қиладиган ва унга қалбини очадиган кишини ҳидоят қилади. Зеро, Аллоҳ таоло уни енгилликка муяссар қилиб қўйган бўлади. У Ўзи истаган кишини ҳидоят ва яхшилик талаб қилишдан юз ўгиргани учун жазо сифатида ҳидоятидан маҳрум қилади. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари изоҳлаб беради: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Вал-лайл: 5-7). Сабаб бандадан, қадар эса Аллоҳ субҳанаҳу томонидан бўлди. «Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 8-10). Бунда ҳам сабаб бандадан, қадар эса Аллоҳ азза ва жалла тарафидан, бироқ Аллоҳ таоло буни унга жазо сифатида тақдир қилди. Аллоҳ таоло ҳидоятни Ўзи тарафидан фазлу марҳамат қилиб тақдир қилди ҳамда яхшилик ва ҳидоят талабида бўлган кишига уни инъом этди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг эмас, балки банданинг фойдаси учундир. Адашганларни адаштириши эса уларга яхшиликдан ва Аллоҳнинг тоатидан юз ўгирганликлари ва унга иқбол қилмаганликлари учун жазо ва уқубат тариқасида бўлиб, бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан адолатдир, (чунки У уларга ҳақни баён қилиб қўйди. Агар уларга оқ-қорани танитмай туриб уларнинг итоатсизларини сен шундай қилмабсан деб, жазолаганда бу адолатсизлик бўларди, лекин) У уларга заррача зулм қилгани йўқ. Шунинг учун оятларда келадики: «Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 258), «Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 264), «Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас» (Моида: 108). Мазкур оятларда Аллоҳ таоло зулм, куфр ва итоатсизликни ҳидоятдан бебаҳра қолишга сабаб қилди. Булар бандаларнинг феълларидан бўлиб, Аллоҳ таоло уларни ўшаларга кўра, зулм қилиб эмас, балки Ўзининг адолати билан жазолади: «Уларга Аллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилувчи бўлдилар» (Наҳл: 33). Ана шундай сифат эгаси бўлган кимсани иззат-икром қилиш У зотга муносиб бўлмагани каби, амал қилувчиларнинг амалларини зое қилиш ҳам Унга муносиб эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21). «Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазо ва мукофот олиши учун ҳақ (конун ва низом) билан яратди» (Жосия: 22). «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36). Агар ундай бўлганида зулм бўлган бўларди, ҳолбуки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зулмдан пок Зот! У Зот айтади: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло солиҳ амал қилган кишининг амалини ҳаргиз зое қилмайди, бирон кишини қилмаган иши учун асло жазоламайди: «Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингиз сабабли жазоланурсизлар» (Вас-соффат: 39). Яхши амал ҳам, ёмон амал ҳам банда томонидан, мукофот ва жазо эса Аллоҳ таоло томонидан, Унинг фазли ва адолатига мувофиқ берилади. و كُلـُّهُم يـَتـَقـَلـََّبُون فِي مـَشِيئتِه، بَينَ فـَضْلِه و عَدْلِه 36. Барча (бандалар) Унинг хоҳиши доирасида - фазли билан адли ўртасида ҳаёт кечирадилар. Барча бандалар Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ичида, Унинг тоат ва яхшилик аҳлига бўлган фазли билан куфр ва ширк аҳлига бўлган адли ўртасида бўлиб, ундан ташқарига чиқа олмайдилар. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати ва улуғлигига лойиқ ишдир. У бир-бирига зид ва турлича нарсаларни бир жойда жамламайди, балки ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўяди, шунинг учун Ҳаким Унинг исмларидан, ҳикмат-донолик эса Унинг сифатларидан. У Ҳаким, яъни ҳамма нарсани ўз ўрнига ишлатадиган Зот бўлиб, тоат аҳлига фазлу марҳаматини, куфру маъсият аҳлига эса азобини туширади. Бу У зотнинг фазли ва адлидир. و هُوَ مُتـَعالٍ عَنِ الأَضْدادِ و الأَنْـْدَادِ 37. У ўзига рақиблар ёки тенглар бўлишидан олийдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг зоти, қадр-қиймати ва қаҳри-ғолиблиги билан Унга рақиблар ва тенглар бўлишидан олийдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тенги йўқ, Унинг мисли ва ўхшаши мавжуд эмас. Ҳеч ким Аллоҳга шерик бўлолмайди, ўхшаёлмайди, тенг келолмайди. Бу У зотнинг қадри ва қаҳрининг олийлигидан, У зоти билан олий, махлуқотидан юқорида. Аллоҳ таолонинг рақиби йўқ, махлуқотидан биронтаси Унга рақобат қилолмайди. У бир ишнинг бўлишини истаса, ҳеч ким унга монеълик қилишга ва эътироз билдиришга қодир эмас. У ато этишни истаган нарсани ҳеч ким ман қилолмайди, У ман қилишни истаса ҳеч ким уни беролмайди: «Сен ато қилган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани ато этувчи йўқ»10. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, уни ушлаб-тўсиб қолувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборувчи бўлмас. У қудратли ва ҳикматлидир» (Фотир: 2). Аллоҳ буюрадиган ва қайтарадиган нарсаларда Унга на тенг ва на рақиб мавжуд. Махлуқотларда эса иш бунинг аксича бўлади, яъни уларнинг буйруқларини бажариш олдида тўсиқлар ва мухолифлар бўлади. Бу борада барча махлуқотлар муштарак, махлуқотлар илмда, исмда, тана кўринишида, сифатларда, умуман барча нарсада бир-бирига ўхшашдирлар, феълларда, мол-мулкка эга бўлишда муштаракдирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога эса ҳеч ким ўхшамайди, ҳеч ким унга шериклик қила олмайди. لا رَادَّ لِقـَضائِه، و لا مُعَقـِّبَ لِحُكْمِه، و لا غالِبَ لأَمْرهِ 38. У тақдир қилган нарсани қайтарувчи, Унинг ҳукмини текширувчи, Унинг амрига ғолиб келувчи йўқдир. Зеро, Аллоҳ таоло «бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлар» (Марям: 35), «Аллоҳ ҳукм қилур — Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир» (Раъд: 41). Аллоҳ таоло бирон ишни тақдир қилган бўлса, ҳеч ким уни тўхтатиб қолишга ё рад қилишга қодир эмас. Унинг амрига ғолиб келувчи йўқ. У бир нарсани амр қилса, Унинг кавний буйруқларига ғолиб келувчи йўқдир. Аммо шаръий буйруқлари қилинмай қолиши, гоҳо уларга хилоф қилиниши мумкин. Бу эса синов ва имтиҳон учун бўлиб, шунинг ортидан савоб ё жазога эришилади. آمـَنـَّا بـِذلك كُلـِّهِ، و أيقـَنـَّا أنَّ كُلاً مِنْ عِنْدِه 39. Юқоридагиларнинг барчасига иймон келтирдик ва барчаси Унинг ҳузуридан эканлигига аниқ ишондик. Юқорида зикр қилинган ақиданинг аввалидан то охиригача эътиқод қиламиз ва Аллоҳ таолога шу эътиқод билан сиғинамиз. Улар фақат тилимиздаги гаплар эмас, балки буларга дилимиздан ишонамиз. و إنَّ مُحمَّدًا عَبْدُه المُصْطَفَى، ونـَبِيـُّهُ الْمُجْـتَـَبى، ورَسُولُهُ الْمُْرتَـَضى 40. (Яна шуни айтамизки,) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси, сараланган пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган расулидирлар. Муаллиф раҳимаҳуллоҳ сўзларининг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таниш, Унинг ёлғиз Ўзи ибодатга сазовор маъбуд ва тарбияткунанда эканига, Унинг камолот сифатлари ва жалолат васфлари билан азалий ва абадий сифатланган эканига эътиқод қилиш каби У зот ҳаққида вожиб бўлган нарсаларни баён қилгач, энди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эътиқод қилиш лозим бўлган нарсаларга ўтдилар. «Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ яккадир, Унинг шериги йўқдир...» деган сўзларининг давоми сифатида «Яна шуни айтамизки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси...» дейдилар. Шундай эътиқод қилиш вожиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг улуҳиятига қандай гувоҳлик берсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам худди шундай гувоҳлик беришимиз лозим. Шунинг учун ҳам бу икки шаҳодат калималари доимо чамбарчас ва ҳар доим ёнма-ён зикр қилинади. «Муҳаммад» пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур исмларидир. Бу ҳақда Қуръони каримда келган: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) — ҳолбуки у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир — иймон келтирган зотларнинг эса ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва ишларини ўнглар» (Муҳаммад: 2). «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир» (Фатҳ: 29). Қуръонда Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳис-салом тилидан келтирган сўзлари орасида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аҳмад деган исмлари ҳам зикр қилинган: «Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)» (Саф: 6). Ҳадисларда У зотнинг бошқа исмлари ҳам келган, Ибнул Қаййим «Жалоул-афҳом» китобларида уларни зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билиш дин вожиботлари ва Ислом асосларидан. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон «Уч асос» китобида айтади: «Биринчи асос: Аллоҳни таниш, иккинчи асос: Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниш, учинчи асос: Ислом динини далиллар билан билиш». Демак, сизга Аллоҳни таниш қанчалик вожиб бўлса, Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот олиб келган Ислом динини далиллар билан билиш шунчалик вожиб бўлади. Маййит қабрига қўйилгач сўраладиган асосий нарсалар ҳам шулардир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалланинг бандасидирлар, у кишига на улуҳиятдан, на рубубиятдан бирон насиба-улуш берилмаган. У зот Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Унинг буйруқларига бўйсунувчи, қайтариқларидан тийилувчи ва Аллоҳ азза ва жалладан етказувчидирлар. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетувчиларга раддия борки, баъзилар у зотни улуҳият ёки рурубиятдан насибадор қилишади ва Аллоҳ билан биргаликда у кишига ҳам дуо-илтижо қилишади. Бу эса гўё масиҳийлар Ийсо ибн Марям ҳақларида ғулув кетиб, уни Аллоҳнинг ўғли ёки худо деб ёки учта илоҳнинг бири деб даъво қилишларига ўхшаб кетади. «Танланган бандаси» деган сўзда ғулув кетишдан қайтариш бор. У киши банда, самовоту ердаги барча мавжудот Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) банда-қул ҳолида келур» (Марям: 93). Малоикалар Аллоҳнинг бандаларидир: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27). Расуллар ва набийлар Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нуҳ алайҳис-салом ҳақида: «Зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди» (Исро: 3), «Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишди» (Қамар: 9), дейди. Довуд «Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 17), дейди. Сулаймон алайҳис-салом ҳақида: «(Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 30), дейди. Айюб алайҳис-салом ҳақида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!» (Сод: 41), дейди. Ийсо алайҳис-салом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир» (Зухруф: 59), дейди. Агар махлуқотларнинг энг улуғи бўлган набийлар, расуллар, малоикалар Аллоҳнинг бандалари бўлар экан, энди улардан қуйироқда турувчи азиз-авлиёлар-у солиҳ кишилар албатта банда эканликлари аниқдир. Пайғамбарларнинг энг афзали ва сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда банда деб атади: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз...» (Бақара: 23). «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1). «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1). Бандалик мақоми энг олий мақомлардан бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага банда бўлишдан юксак шараф йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мени насоролар Ийсо ибн Марямни мақтаб кўкларга кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен оддий бир бандаман. Аллоҳнинг бандаси ва расули, денглар»11. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мустафо – танланган ва саралаб олингандирлар. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни қавмлари орасидан Ўз рисолатига танлаб олган. Аллоҳ Ўзининг рисолатини қаерга қўйишни яхши билади, унга сазоворлигини ва ушбу вазифани адо эта олишини билган кишисинигина унга ихтиёр қилади. Чунки, бу жуда оғир ва улкан вазифа бўлиб, Аллоҳ таоло унга нолойиқ одамни ҳаргиз танламайди: «Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124). (Сараланган деб таржима қилганимиз) Мужтабо ҳам мустафо маъносидадир. Набий — Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва лекин уни таблиғ қилишга-етказишга буюрилмаган кишидир, расул эса Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва уни таблиғ қилишга амр қилинган кишидир. Таблиғ қилишга буюрилиш – одамларни унга тортиш ва у сабабли жанг қилишга буюрилиш маъносидадир. Ундан ташқари, набийга ҳам ваҳий келади, у ҳам Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилади. Лекин у ўзидан аввалги пайғамбарга эргашган ва унинг йўлида юрган, алоҳида хос шариат олиб келмаган бўлади. Бани Исроил пайғамбарлари шу қабилдан бўлиб, улар Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Тавротга даъват қилиб келардилар. و إِنَّهُ خـَاتَــمُ الأَنْبِياءِ وإمامُ الأَتْقِياءِ وسَـيـِّدُ المُرسَـلِين وحَبـِيبُ رَبِّ العَالـَمِين 41. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, тақводорларнинг имоми, элчиларнинг саййиди (улуғи) ва оламлар Роббисининг ҳабибидирлар. Булар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан баъзиларидир. У зот пайғамбарларнинг сўнггиси – хотамул анбиёдирлар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари билан пайғамбарлик силсиласига муҳр қўйди. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар келишига ҳожат қолмади. Чунки Қуръон бор, суннати набавия бор, раббоний уламолар мавжуд, улар одамларни даъват қиладилар, уларга йўл кўрсатадилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари то қиёмат боқий, у мансух бўлмайди, ўзгармайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳамма замон ва маконга яроқли қилди. Ўтган пайғамбарларнинг шариатлари эса ўзларининг умматларига, маълум бир даврга хос бўлар, сўнг Аллоҳ таоло кейинги умматга ўзига мос келувчи шариат юбориб, бу билан аввалгисини мансух-бекор қиларди. «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48). Ислом дини комил дин, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бошқа пайғамбарга муҳтожлиги йўқ. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин яна пайғамбар келади, деб эътиқод қилса, кофир бўлиб, диндан чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиқадиган каззоблар ҳақида хабар бериб шундай деганлар: «Мендан кейин ўттизта каззоб келади, ҳаммаси пайғамбарлик даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан кейин пайғамбар келмайди»12. Пайғамбарлик даъвоси билан чиққан одам ҳам, унга эргашганлар ҳам ҳаммаси кофирдирлар. Мусулмонлар уларга қарши жанг қилганлар ва уларни кофир санаганлар. Кейинги даврда пайғамбарлик даъвоси билан чиққан охирги киши покистонлик Аҳмад Қодиёний бўлиб, унга эргашганлар, яъни қодиёнийлар уни пайғамбар эканини даъво қилдилар, улар унинг исмига нисбатан аҳмадийлар деб ҳам аталишади. Уламолар уни кофир деб эълон қилганлар ва исломий ўлкалардан бадарға қилганлар, унга эргашганларни ҳам кофир санаганлар. Чунки, бу Аллоҳ ва расулини ёлғончи қилиш бўларди. Мусулмонлар уларнинг кофирликларига ижмоъ-иттифоқ қилганлар, бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмаган. Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчиларнинг сўнггиси, тақводорларнинг пешвоси, яъни Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилувчи зотларнинг ўрнак-намунаси, деб эътиқод қилмоғи лозим: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишига агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашаётган бўлсагина эргашилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф қилган кишига асло эргашиш мумкин эмас: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31). Аллоҳга олиб борувчи йўл фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у зотнинг йўлларини маҳкам тутишдадир. У зот элчиларнинг саййидидирлар. Нафақат пайғамбарларнинг, балки бутун одамзотнинг саййидидирлар. У зот: «Мен Одам авлодининг саййидиман, бироқ бу билан фахрланмайман»13, деганлар, буни Аллоҳ азза ва жаллага шукр келтириш бобида айтганлар, шунингдек умматлари Парвардигорга у зотни ўзларига пайғамбар қилгани ва элчиларнинг саййиди қилгани неъматига шукрона адо қилишлари учун айтганлар. Саййид – имом, пешво маъносидадир, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг энг афзали, имоми ва пешвосидирлар. «Оламлар Роббисининг ҳабибидирлар» деган ибора хусусида бир оз мулоҳазамиз бор. Чунки, ҳабиб бўлишлари кифоя қилмайди, балки у зот оламлар Роббисининг халилидирлар. Халиллик ҳабибликдан афзалдир. Муҳаббатнинг даражалари бўлиб, энг олийси халиллик даражасидир. Бу мартабага махлуқотлардан фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-солату вас-салом ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил тутган» (Нисо: 125). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»14. Ҳабибуллоҳ дейиш етарли эмас, чунки ҳар бир мўмин бунга эришиши мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунда имтиёз бўлмайди. Аммо халилликда ҳеч ким у зотга етолмайди. و كلّ دَعوًى النـُبـُوَّة بَعْدَه فـَغـَيٌّ و هَوًى 42. У зотдан кейинги ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва ёлғондир. Бу ҳақда гап пайғамбарларнинг охиргиси эканлари ҳақидаги мавзуда ўтди. У зотдан кейин ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва куфрдир. Чунки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч қачон пайғамбар келмайди. Ийсо алайҳис-салом охирзамонда тушганларида у киши янгидан пайғамбар бўлиб, янги шариат билан келмайдилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларини қувватлаб ва у зотга эргашувчи бўлиб келадилар ва ислом шариати билан ҳукм қиладилар. و هُوَ الْمَبْعُوثُ إِلَى عَامَّةِ الْجِنِّ وَ كَافـَّةِ الوَرَى، بِالْحَقِّ وَالْهُدَى، وَبِالنُّـورِ وَ الضِّيَاءِ 43. У зот барча инсону жинларга ҳақ ва ҳидоят, нур ва зиё билан юборилгандирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ана шундай эътиқодда бўлмоқ зарур. У зотни Аллоҳнинг элчиси дебгина қўйиш кифоя қилмайди, балки бутун инсониятга ва балки инсу-жинларга элчи қилинганлар деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28). «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158). У зотнинг рисолатлари бутун инсониятга ва бу у зотнинг хусусиятларидандир. У зот бутун инсониятга элчи, унга итоат қилиш барча махлуқотларга – арабига ҳам, ажамига ҳам, қоратанлисига ҳам, оқтанлисига ҳам, инсига ҳам, жинига ҳам фарз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати етиб борган ҳар бир киши у зотга итоат қилиши ва эргашиши лозим бўлади. Ким насоролар даъво қилганидек, у зотни фақат арабларга пайғамбар бўлиб келганлар деса ва бошқаларга ҳам пайғамбар эканларини инкор қилса, Аллоҳга кофир бўлган ва Аллоҳу расулини ёлғончи қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28), «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1). Демак, у зотнинг рисолатлари оламшумулдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен ҳамма одамларга юборилдим»15. У зот ер юзи подшоҳларига уларни Исломга чақириб мактублар юбордилар. Шунинг ўзи ҳам у кишининг бутун ер юзи аҳлига юборилган эканларига далил бўлади. У зот то одамлар Исломга киргунларича жиҳод қилишга буюрилдилар. Бу ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари оламшумул эканига далил бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қуйидагича эътиқодда бўлиш лозим: Биринчи: У Аллоҳнинг бандаси ва элчиси; Иккинчи: У пайғамбарларнинг сўнггиси, ундан кейин пайғамбар келмайди; Учинчи: Унинг рисолати инсу жин оламига умумий. Инсонлар оламига умумий эканига далил юқоридаги оятларда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер юзи ҳукмдорларига мактуб ёзишларида ўтди. Жинлар оламига ҳам пайғамбар эканларига далиллар: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 29-31). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик» (Жин: 1, 2). Хуллас, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзи аҳлининг ҳаммасига, инсу жин оламига юборилдилар. Ким у зотга иймон келтирса жаннатга киради, ким иймон келтирмаса жаҳаннамга тушади. У зот нур ва зиё билан юборилганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45, 46). وَإِنَّ الْقُرْآنَ كلامُ الله 44. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганимиздан сўнг Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига, уни Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган эканига иймон келтирамиз. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, Жибрил алайҳис-саломнинг ҳам сўзи эмас. Балки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи-сўзи, Жибрил алайҳис-салом уни Аллоҳдан қабул қилиб олганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни Жибрил алайҳис-саломдан қабул қилиб олганлар ва умматга етказганлар. Жибрил алайҳис-салом Қуръонни Аллоҳ таолонинг Ўзидан қабул қилганлар, айрим залолат аҳллари айтганидек лавҳул-маҳфуздан олмаганлар. У Жибрил алайҳис-саломнинг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам сўзлари эмас, оламлар Роббисининг каломидир. Жибрил алайҳис-салом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ азза ва жалла тарафидан махлуқотларга етказувчи бўлганлар, холос. Сўзни дастлаб айтувчисига нисбат берилади, ўртадаги етказувчига эмас. Кимда-ким: Жибрил алайҳис-салом уни лавҳул-маҳфуздан олганлар, деса ёки – жаҳмийлар ва муътазилийлар айтгани каби – Аллоҳ таоло уни яратиб, бир ўринга қўйиб қўйган, Жибрил алайҳис-салом уни ўша ўриндан олганлар, деса, Аллоҳга кофир бўлиб, диндан чиқади. Қуръон ҳарфлари ва маънолари билан Аллоҳнинг Каломи, Уни Аллоҳ Ўзи истаганидек кайфиятда сўзлаган. Биз Аллоҳни сўзлаш сифатига эга деб эътиқод қиламиз. Сўзлаш Унинг феълий сифатларидан. Қандай сўзлаши ҳақида эса: «У ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум, бу Унинг бошқа сифатлари кабидир, унга иймон келтирамиз, лекин кайфиятини билмаймиз. Сўзлаши маълум, кайфияти бизга номаълум», деймиз. بَدَا بِلا كَيفيَّـةٍ قَوْلاً، و أَنْزَلـَهُ عَلىَ رَسُولِه وَحْيًا 45. У кайфияти бизга номаълум ҳолда Аллоҳ Таолонинг ўзи тарафидан (сўзма-сўз) айтилиб содир бўлган ва (кейин) уни расулига ваҳий тарзида нозил қилгандир. Яъни, Қуръон Аллоҳдан нозил бўлган, уни Аллоҳ сўзлаган ва нозил қилган. Ундан ўзгаси томонидан нозил бўлмаган, Ундан ўзгасидан содир бўлмаган. Унинг бошланиши Жибрил алайҳис-салом томонидан ёки лавҳдан ёки ҳаводан, деб айтилмайди. У даставвал Аллоҳ азза ва жалла томонидан содир бўлган, Жибрил алайҳис-салом уни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий сифатида етказган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни одамларга етказганлар. Агар Қуръон инсон сўзи бўлса эди, қайсидир бир инсон худди унга ўхшашини келтиришга қодир бўлган бўларди. Инсон зотининг бундай қилишдан ожиз қолган экани унинг Аллоҳ азза ва жалланинг каломи эканига далил бўлади. Аллоҳ таоло айтди: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга ёрдамчиларингизни (бу ишда кўмак беришлари учун) чақиринг — агар ростгўй бўлсангиз» (Бақара: 23). Яна деди: «Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча махлуқотларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13). Улар фасоҳату балоғатнинг чўққисига етган, араб бўлишларига, Қуръон уларнинг тилларида – араб тилида ва улар истеъмол қиладиган ҳарфларда тушган эканига қарамасдан бундан ожиз қолишди. Ҳолбуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаршилик қилишга қаттиқ ҳаракат қилишар, агар Қуръонга тенг келадиган нарсани келтириш қўлларидан келса эди, ҳеч қачон бундан тортиниб ва тўхталиб турмаган бўлишарди. Бундай қилишдан ожиз бўлганликлари Қуръон олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил киролмайдиган Аллоҳнинг Каломи эканига далил бўлади. 1 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ). 2 Имом, аллома, буюк ҳофиз, Миср диёри муҳаддиси ва фақиҳи, ҳадис ва фиқҳ илмида забардаст олим, бу борада таълиф ва таснифлар қилган. Китобларини ўқиган киши унинг илмда тутган ўрнини ва билим доирасининг нақадар кенглигини билади. 321 ҳижрий санада вафот этган, Аллоҳ раҳмат қилсин. (Сияру аълам ан-нубалаи: 15/27-33). 3 Бу киши имом, аллома, Садруддин Абул-Ҳасан Алий ибн Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Абул-Из ал-Ҳанафий ал-Азраъий ас-Солиҳий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, заковатли ва зикр аҳли бўлган хонадонда улғайган, Ҳофиз Ибн Касирнинг шогирди ва Ибн Таймия, Ибн Қаййим раҳимаҳумулоҳ сўзларини қўллаб-қувватловчи бўлган. 4 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Толиб бетобланди, шунда Қурайш унинг ҳузурига келди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уникига келдилар, Абу Толибнинг олдида бир кишилик жой бор эди, Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни у ерга ўтиришдан тўсиш мақсадида ўрнидан турди. Қурайш Абу Толибга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шикоят қилишди. Шунда у: «Эй жиян, қавмингиздан нима истайсиз?» деди. «Мен улардан фақат битта калимани айтишларини истайман, ўша сабабли араблар уларга бўйсунади, ажамлар уларга жизя (ўлпон) тўлайдиган бўлади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Фақат битта калима-ми?», деб сўради Абу Толиб, «Ҳа, фақат битта калима – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ) дейишларини истайман». «Нима! битта маъбуд?! Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос», дейишди. Шунда улар ҳаққида «Сод» сурасининг 1-7 оятлари нозил бўлди «Термизий ривоят қилган ва «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган, шайх Аҳмад Шокир ҳам саҳиҳ санаган (2008). 5 Имом Муслим ривояти (2713). 6 Уламолар ирода сўзини икки маънога бўлиб тушунтирадилар: 1) Кавний қадарий ирода. Борлиқдаги яхши ва ёмон иш-ҳолатларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг мана шу иродасига кўра амалга ошади, бу ирода билан Аллоҳнинг ўша ишни яхши кўриши ё ёмон кўриши ўртасида мулозамат – алоқа йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилганлар ҳам, ёмон кўрилганлар ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. 2) Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ таоло бандаларига буйруқларини шу иродага кўра қилади (тарж.). 7 Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, беш нарсани айтдилар: «Албатта Аллоҳ азза ва жалла ухламайди, ухлаш Унга муносиб эмас...» (Имом Муслим ривояти: 179). 8 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Эй Аллоҳ! Сенга бўйсундим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул этдим, Сенга тавба қилдим, Сен учун (ёки Сенинг мададинг билан) талашдим-ёмон кўрдим. Эй Аллоҳ! Мен Сенинг азизлигингни, Сендан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигини восита қилиб, мени адаштиришингдан паноҳ тилайман. Сен ўлмайдиган тирик зотсан, жинлар ва инсонлар ўладилар» (Имом Муслим ривояти: 2717). 9 Имом Аҳмад (1/214, 283, 224, 347), Имом Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (783), Ибн Можа (2117), Насоий «Амалул-явми вал-лайла»да (988) келтирганлар. 10 Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг котиби Варроддан ривоят қилинади: Муғира ибн Шуъба Муовияга ёздирган хатида менга шундай ёзишни буюрди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намозидан кейин: «Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани ато этувчи йўқдир! Улуғлик-бойлик эгасига бойлиги-улуғлиги Сенинг олдингда фойда беролмас», дердилар (Бухорий (844) ва Муслим (593) ривоятлари). 11 Имом Бухорий ривояти (3445). 12 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То икки тоифа бир-бири билан уруш қилмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Улар ўртасида жуда катта жанг кечади. Ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади. То ўттизга яқин каззоб дажжоллар, ҳар бири ўзини Аллоҳнинг пайғамбари деган даъво билан чиқмагунича қиёмат қойим бўлмайди» (Имом Бухорий (3609) ва Имом Муслим «Фитналар китоби»да (48/157) ривоятлари). 13 Имом Термизий (3624) ва Имом Аҳмад (3/144-145) ривоятлари. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги муттафақун алайҳи ҳадис ҳам буни қувватлайди: «Мен қиёмат куни қавмнинг саййидиман», бир лафзда: «Мен қиёмат куни одамларнинг саййидиман» (Имом Бухорий (4712, 3340) ва Имом Муслим (194, 2278) ривоятлари. 14 Имом Муслим ривояти (532). 15 Имом Бухорий ривояти (335, 438), Имом Муслим ривоятида: «Қизил-у қоратанлининг ҳар бирига юборилдим.» (521). |