асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
201-2232672 марта кўрилган 201-савол: Кофирга айлантирувчи бидъатлар қандай бўлади? Жавоб: Улар кўп. Ким ижмоъ қилинган, шариатдан экани мутавотир бўлган ва диндан экани (оммага ҳам) маълум бўлган бирон ишни инкор қилса айни бидъатни қилган бўлади. Чунки, бу Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санаш демакдир. Жаҳмийяларнинг Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини инкор қилиши, Қуръонни ёки Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ дейиш, Аллоҳ Иброҳимни халил қилганини, Мусога сўзлаганини ва бошқа нарсаларни инкор қилиш бидъати, қадарийяларнинг Аллоҳ таолонинг илмини, феълларини, қазо ва қадарини инкор қилиш бидъати, Аллоҳ таолони махлуқотига ўхшатувчи мушаббиҳаларники каби бидъатлар мазкур турга киради. Лекин улар ичида баъзилар борки, мақсади дин асосларини емириш, диндорларни шубҳага тушириш бўлади, бундай кимсалар қатъан кофир ва Исломдан унинг энг ашаддий душманларидан кўра ҳам бегонароқлар. Яна баъзилар борки, алданган ва чалғиган бўлади, бундай кишиларга устларидан ҳужжат барпо қилиниб, ҳаққа бўйсунишга мажбур қилингандан кейин ҳам ўз фикрларида қаттиқ туриб олишсагина куфрга ҳукм қилинади. 202-савол: Кофирга айлантирмайдиган бидъат қандай бўлади? Жавоб: Улар юқорида айтилгандан бошқа, Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санашни лозим қилмайдиган бидъатлардир. Марвонийларнинг бидъатлари бунга мисол бўлади. Улардан содир бўлган бидъатлар: баъзи намозларни охирги вақтигача кечиктириб ўқиш, ҳайит намозидан олдин хутба қилиш, жумадаги ва бошқа хутбалар асносида ўтириш, минбар устида туриб айрим катта саҳобаларни сўкиш ва шу каби шаръий жиҳатдан эътиқод қилиб эмас, балки нотўғри тушунча, нафс хоҳишлари ва дунёвий ғаразлар сабабли юзага чиққан бидъатлардир. Улуғ саҳобалар уларга мазкур бидъатларини инкор қилишган, лекин уларни бу ишлардан биронтаси сабабли кофирга чиқаришмаган ва уларга байъат беришдан қўлларини тортишмаган. 203-савол: Бидъатлар содир бўлиш ўрнига кўра неча қисмга бўлинади? Жавоб: Иккига бўлинади: ибодатлардаги ва муомалалардаги бидъатлар. 204-савол: Ибодатлардаги бидъатлар неча қисмга бўлинади? Жавоб: Икки қисмга бўлинади: Биринчи: Аллоҳ изн бермаган нарсалар билан ибодат қилиш. Жоҳил сўфийларнинг мусиқа асбоблари, рақс, қарсак, куй-қўшиқ ва бошқа шу каби нарсалар билан ибодат қилишлари каби. Улар бу ишлари билан Аллоҳ таоло Қуръонда айтган кишиларга ўхшаб кетадилар: «Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди» (Анфол: 35). Иккинчи: Шариатда асли бўлган, бироқ ўз ўрнидан бошқа жойда қилинган ибодат. Масалан, эҳромда бошни очиб юриш шариатда бор ибодат. Бироқ, эҳромда бўлмаган киши намоз, рўза ё бошқа ибодатларини бажариш асносида ибодат нияти билан1 бошини очиб олса, у ҳаром бўлган бидъатни қилган бўлади. Шунингдек, шариатда асли бўлган бошқа ибодатларни муайян қайтарилган вақтларда бажариш. Масалан, нафл намозларни ман қилинган вақтларда ўқиш, шак куни рўза тутиш, икки ҳайит кунлари рўза тутиш каби. 205-савол: Ибодатлардаги бидъатлар ибодатга қандай таъсир кўрсатади? Жавоб: Уларнинг иккита ҳолати бор: Биринчи: Ибодатни умуман бекор қилади. Масалан, бомдод намозига учинчи ракъатни ёки шом намозига тўртинчи ракъатни ёки тўрт ракъатли намозга бешинчи ракъатни қасддан зиёда қилган одамнинг намози бекор бўлади. Шунингдек ракъатлар сонини қасддан камайтирган одамнинг намози ҳам ботил бўлади. Иккинчи ҳолат: Бидъатнинг ўзи ботиллигича қолиб, бидъат содир қилинган амал бузилмай қолади. Мисол учун, таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай таҳоратнинг ботил бўлмаслигини айтганлар, балки: «Ким бундан (яъни, 3 мартадан) зиёда қилса, ёмон иш қилган, тажовуз қилган ва зулм қилган бўлади», деганлар.2 206-савол: Муомалалардаги бидъат қандай бўлади? Жавоб: У Аллоҳнинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларида бўлмаган нарсани шарт қилишдир. Озод қилинган қулнинг валийлигини озод қилувчидан бошқага бўлишини шарт қилиш каби. Барийранинг озод қилиниши воқеасида шундай бўлган эди. Оиша розияллоҳу анҳо уни озод қилмоқчи бўлганларида Бариранинг эгалари валийликни ўзларига бўлишини шарт қилишган, шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгандан сўнг айтган эдилар: «Аммо баъд, одамларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобида бўлмаган шартларни шарт қилмоқдалар. Аллоҳнинг китобида бўлмаган ҳар қандай шарт ботилдир, агарда юзта шарт бўлса ҳам, бас, Аллоҳнинг ҳукми хақлироқ ва Аллоҳнинг шарти ишончлироқдир. Ичларингиздаги айрим кишиларга нима бўлганки, улардан бири: «Эй фалончи, сен озод қил, валийлиги менга бўлади» дейди. Валийлик фақат озод қилган кишига тегишлидир».3 Ҳаромни ҳалол қиладиган ва ҳалолни ҳаром қиладиган ҳар қандай шарт шу жумладандир. 207-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва аҳли байтлари хусусида қандай муносабатда бўлишимиз лозим? Жавоб: Дилимизда ҳам, тилимизда ҳам уларни доим фақат яхшилик билан зикр қилишимиз, уларнинг фазилатларини кўп гапиришимиз, хатоларидан ва ўзаро ўрталарида бўлиб ўтган ихтилофлардан тилларимизни тийишимиз, Аллоҳ таоло Таврот, Инжил ва Қуръонда уларни қандай мақтов билан тилга олган бўлса ва саҳиҳ ҳадисларда уларнинг фазилатлари хусусида қандай мақтовли сўзлар келган бўлса, худди шундай мақтовлар билан тилга олишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз танасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29). «Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир» (Анфол: 74). «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). «Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир» (Тавба: 117). «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суядилар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр: 8, 9). Булардан бошқа кўп оятлар мавжуд. Биламиз ва эътиқод қиламизки, Аллоҳ таоло Бадр аҳлига қарата: «Хоҳлаган ишингизни қилаверинглар, Мен сизларни кечирдим» деб айтган.4 Улар уч юз ўндан ортиқ эдилар. Ишонамизки, «Дарахт остида байъат қилган кишилардан биронтаси дўзахга тушмайди».5 Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар, улар бир минг тўрт юз ёки бир минг беш юз чоғли эдилар. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди» (Фатҳ: 18). Гувоҳлик берамизки, улар энг афзал уммат бўлмиш ушбу умматнинг энг афзал кишиларидир, улардан кейин яшаганлар Уҳуд тоғича олтин сарф қилсалар ҳам уларнинг бир ҳовуч балки ярим ҳовуч қилган озиқ-овқатдан иборат садақаларининг фазилатига ҳам етиша олмайди. Бироқ, шуни ҳам унутмаймизки, улар ҳам маъсум-бегуноҳ эмаслар, улар ҳам хато қиладилар. Лекин улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодларида тўғри бўлсалар иккита ажрга, хато қилган бўлсалар битта ажрга эга бўладилар, хатолари эса кечирилган. Уларнинг фазилатлари, улар қилган солиҳ амаллар улардан содир бўлган гуноҳларни – агар содир бўлган бўлса – ювиб кетади, зотан озгина нажосат денгиз сувини булғата олармиди, Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза аёллари ва аҳли байтлари ҳақида ҳам гап шу. Биз дилида ёки тилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, аҳли байтлари ёки улардан биронтаси ҳақларида ёмон фикр-сўз бўлган кимсалардан хориж эканимизни эълон қиламиз, саҳобалар ва аҳли байтларга бўлган муҳаббатимизга, уларни дўст тутишимизга ва имкон қадар уларни ҳимоя қилишимизга Аллоҳни гувоҳ қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларида айтганлар: «Саҳобаларимни сўкманглар!».6 «Саҳобаларим хусусида Аллоҳдан қўрқинглар!»7 «Мен сизларга икки оғир нарсани қўйиб кетаяпман, биринчиси Аллоҳнинг Китобидир, Аллоҳнинг Китобига амал қилинглар ва уни маҳкам тутинглар» дедилар, сўнг: «ва аҳли байтим, мен сизларга аҳли байтим хусусида Аллоҳ(дан қўрқишларингиз лозимлиги)ни эслатаман», дедилар. (Ҳадис «Саҳиҳайн»да ва бошқаларда келган). 208-савол: Умумий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар? Жавоб: Уларнинг энг афзали – аввал муҳожирлардан, сўнг эса ансорлардан энг биринчи Исломни қабул қилганлар, сўнг Бадр ғазотида иштирок этганлар, улардан сўнг Уҳуд ғазотида иштирок этганлар, сўнг Ризвон байъати эгалари, улардан сўнг: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир» (Ҳадид: 10). 209-савол: Тафсилий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар? Жавоб: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳеч кимни Абу Бакр билан, сўнг Умар билан, сўнг Усмон билан тенг кўрмасдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа асҳобларини бир-бирларидан афзал санамаган ҳолда қолдирардик».8 Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат сафари узра ғорда танг аҳволда эканларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Учинчи ҳамроҳлари Аллоҳ бўлган икки кишига нима гумондасиз?!» деганлар.9 Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар бирон кишини халил қилсам, Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин у биродарим ва дўстимдир».10 «Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборди, шунда сизлар: «Ёлғон айтасан» дедингиз, Абу Бакр эса: «Рост айтасиз», деди ва менга моли ва жони билан ёрдам кўрсатди. Энди менинг биродаримни тинч қўясизларими, йўқми, ахир?!»11 «Эй Ибн Хаттоб! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизга бирон йўл устида йўлиқиб қолса, албатта бошқа йўлга бурилиб кетади».12 «Сизлардан илгариги умматлар ичида муҳаддас13лар бўлган. Агар умматим ичида бирон киши шундай бўлса, у Умар бўларди».14 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўри билан сигирнинг сўзлашгани ҳақида гапира туриб: «Албатта, бунга мен, Абу Бакр ва Умар ишонамиз», дедилар15, ўшанда бу икковлари ҳозир эмас эдилар. Ризвон байъатида Усмон розияллоҳу анҳу Маккага кетганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларини кўрсатиб: «Бу Усмоннинг қўли», дедилар, сўнг у билан иккинчи қўлларига уриб: «Бу Усмон учун», дедилар.16 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рума қудуғини қазиб (сув чиқарса) унга жаннат бўлади», дедилар, шунда Усмон уни қаздирдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қийинчилик (ҳолати устидаги) лашкарни (қурол-аслаҳа ва от-улов билан) жангга ҳозирласа, унга жаннат бўлади», дедилар, Усмон уни ҳозирладилар.17 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Малоикалар ҳам ундан уяладиган кишидан мен қандай уялмай?!», деганлар.18 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Сиз мендан, мен эса сизданман», деганлар.19 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида сўзлаб, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўришини хабар берганлар. Яна айтганлар: «Мен кимнинг мавлоси (дўсти) бўлсам, Алий ҳам унинг мавлосидир».20 Алийга қарата: «Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози эмасмисиз?! Бироқ, мендан сўнг пайғамбарлик йўқдир», деганлар.21 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўн киши жаннатда: Набий жаннатда, Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Алий жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр ибн Аввом жаннатда, Саъд ибн Молик жаннатда, Абдурраҳмон ибн Авф жаннатда». Ҳадис ровийси Саид ибн Зайд ўзини кўзда тутиб: «Истасам ўнинчисини ҳам айтган бўлардим», деди, розияллоҳу анҳум ажмаъийн.22 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматим ичида умматимга энг раҳмлиси Абу Бакрдир, Аллоҳнинг дини хусусида энг қаттиғи Умардир, ҳаёси кучлироғи Усмондир, ҳалол-ҳаромни билувчироғи Муоз ибн Жабалдир, Аллоҳнинг Китобини билувчироғи Убайдир, фароиз (мерос илми)ни билувчироғи Зайд ибн Собитдир, ҳар бир умматнинг амини (омонатдор кишиси) бор, бу умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир».23 Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн икковлари жаннат аҳли йигитларининг саййидлари24 ва ўзларининг райҳонлари эканларини25 хабар берганлар. Айтганларки: «Эй Аллоҳим, мен буларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўргин».26 Ҳасан ҳақида: «Менинг бу ўғлим саййиддир ва Аллоҳ у билан мусулмонларнинг катта икки гуруҳи ўртасини ислоҳ қилади» деганлар27 ва айтганларидек бўлди. Уларнинг оналари хусусида: «У жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир» деганлар.28 Бошқа кўплаб саҳобаларнинг ҳам умумий ва хусусий суратда фазилатларининг баёни саноқсиз равишда келган. Улардан битталарининг бир соҳада бошқаларидан афзал эканлиги ҳамма соҳада афзал эканини англатмайди, фақат тўрт халифа бундан мустасно. Аввалги учталари юқорида Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадис маъносига кўра бўлса, Алий розияллоҳу анҳу аҳли суннанинг ижмоъига кўра учовларидан кейин ер юзи аҳлининг энг яхши кишисидирлар. 210-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалик муддати қанча? Жавоб: Абу Довуд ва бошқалар Сафинадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлик хилофати ўттиз йил, сўнг Аллоҳ мулк (подшоҳлик)ни Ўзи истаган кишига беради», деганлар.29 Бу муддат Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг халифалик муддатларидир. Абу Бакр 2 йил-у 3 ой, Умар 10 йил-у, 6 ой, Усмон 12 йил, Алий 4 йил-у 9 ой халифалик қилдилар. Ҳасан ибн Алийга байъат берилган 6 ой билан 30 йил мукаммал бўлади. Ислом подшоҳларининг биринчиси Муовия розияллоҳу анҳудир, у уларнинг энг яхшиси ва афзалидир. Ундан сўнг то Умар ибн Абдулазизгача зўравон шоҳлар даври бўлди, хулафои рошидийн йўлини тутгани учун Умар ибн Абдулазизни аҳли сунна бешинчи халифа деб атаган. 211-савол: Мазкур 4 халифанинг халифа бўлишларига умумий далиллар борми?Жавоб: Бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, халифалик муддати 30 йил дейилгани ва бу уларнинг даврларини ўз ичига олгани, юқорида айтилганидек, улар бошқалардан афзал саналганлари, бир-бирларидан хилофат тартиби бўйича афзал эканлари, шунингдек Абу Довуд Самура ибн Жундабдан ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, тушимда кўрдимки, осмондан бир челак тушиб келди. Шунда Абу Бакр келиб, унинг икки дастасидан ушлаб, озгина ичди. Сўнг Умар келиб, унинг дасталаридан ушлаб, қониб ичди. Сўнг Усмон келиб, унинг дасталаридан тутиб, қониб ичди. Сўнг Алий келиб, унинг дасталаридан тутди, шунда челак бир силкинди ва ундан Алийнинг устига бир оз сув тўкилди».30 Бундан ҳам кучлироқ далил – ижмоълари мақбул бўлган зотлар тарафидан бу тўртовларининг халифаликларига бўлган ижмоъдир, улардан биронталарининг халифалигини фақатгина адашган ва бидъатчи кимсаларгина инкор қилишлари мумкин. 212-савол: Учовларининг халифаликларига умумий далиллар борми?Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: «Бугун қай бирингиз туш кўрди?» деб сўрадилар. Бир киши: «Мен тушимда кўрдимки, осмондан бир тарози тушди. Шунда сиз билан Абу Бакр икковингиз тортилдингиз, сиз Абу Бакрдан оғир келдингиз. Умар билан Абу Бакр тортилдилар, Абу Бакр оғир келди. Умар билан Усмон тортилдилар, Умар оғир келди. Сўнг тарози осмонга чиқиб кетди», деди.31 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бугун бир солиҳ кишининг тушида кўрилдики, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган, Умар Абу Бакрга боғланган, Усмон Умарга боғланган экан».32 213-савол: Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифаликларига умумий далиллар нима?Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тушимда кўрдимки, бир қудуқ устида турибман. Унинг устида бир челак бор экан. Ундан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортиб олдим. Сўнг челакни Ибн Аби Қуҳофа олди-да, ундан бир ёки икки челак сув тортиб олди, унинг тортишида заифлик бор эди, Аллоҳ унинг заифлигини мағфират қилсин. Сўнг у катта челакка айланиб қолди. Шунда Ибн Хаттоб уни олди. Мен Умарнинг сув тортишидек тортадиган биронта паҳлавонни кўрмаганман, ҳатто одамлар туяларини ҳам суғориб олишди».33 214-савол: Абу Бакрнинг халифалигига ва унинг биринчи халифа бўлишига далил борми?Жавоб: Бунга сон-саноқсиз далиллар бор, улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисда айтилишича, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида у зот уни кейин яна қайтиб келишга буюрдилар. У: «Агар келганимда сизни топа олмасам-чи? (яъни вафот этган бўлсангиз-чи?)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар мени топмасанг, Абу Бакрга бор», дедилар.34 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: «Менга отанг ва акангни чақир, бир хат ёзиб берай. Чунки, бирон тамагир тамаъ қилиб қолишидан ва бирон даъвогар: «Мен лойиқроқман» деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам Абу Бакрдан бошқасига кўнмайдилар».35 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида Абу Бакрни намозга имом қилишларида ҳам шундай сўзларни айтганлар.36 Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг байъатларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари, муҳожирлару ансорлар ва улардан кейингилар ҳаммаси иттифоқ қилганлар. 215-савол: Абу Бакрдан кейин Умарнинг халифа қилинишига далил борми?Жавоб: Бунга ҳам кўп далиллар бор, айримлари юқорида ўтди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг ораларингизда қанча муддат қолишимни билмайман. Бас, мендан кейингиларга эргашинглар!» деб Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога ишора қилганлар.37 Денгиз тўлқинларидек тўлқинланувчи фитналар ҳақидаги ҳадисда келганидек, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Сиз билан у фитналар орасида тамбаланган эшик бор» деди. Умар: «У эшик очиладими, синдириладими?» деб сўради. «Синдирилади», деди. «Ундай бўлса, қайта беркилмас экан» деди. Эшикдан мурод Умар эди.38 Эшикнинг синдирилиши унинг ўлдирилиши эди. Умардан сўнг уммат ўртасидан қилич кўтарилмади. Уммат Умар розияллоҳу анҳуни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа қилишга иттифоқ қилган эди. 216-савол: Улардан сўнг Усмоннинг халифа қилинишига далил борми?Жавоб: Кўп далиллар бор. Баъзилари юқорида ўтди. Каъб ибн Ужра ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг яқин орада бўлишини айтдилар. Шу пайт бошини ўраб олган бир киши ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шу одам ўша кунда тўғри йўлда бўлади», дедилар. Сакраб туриб бориб, Усмоннинг билакларидан тутдим сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: «Шуми?» дедим. «Шу», дедилар.39 Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Усмон, агар бир кун келиб Аллоҳ сени шу ишга волий қилса-ю, мунофиқлар Аллоҳ кийдирган кўйлагингни ечиб олишни истасалар, сен уни ечмагин», деб уч бор такрорладилар.40 Усмонга байъат қилишга Шуро аҳли, сўнг бошқа саҳобалар иттифоқ қилганлар, Абдурраҳмон ибн Авфдан сўнг биринчи бўлиб Алий розияллоҳу анҳу, кейин бошқа одамлар байъат қилганлар. 217-савол: Алийнинг улардан сўнг халифа бўлишига ва унинг ҳаққа яқинроқ эканига далил борми?Жавоб: Бунга кўплаб далиллар бор, баъзилари юқорида ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аммор розияллоҳу анҳу ҳақида айтган гаплари ҳам далилки: «Бечора Аммор, уни золим гуруҳ ўлдиради. Бу уларни жаннатга чорлайди, улар эса уни дўзахга чақиришади», деганлар.41 Аммор Алийнинг — розияллоҳу анҳумо — қўшинида эканида уни Шом аҳли ўлдирди, у уларни суннат ва жамоатга ҳамда ҳақ имом бўлмиш Алий розияллоҳу анҳуга итоат қилишга чорлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар бўлинган пайтда бир гуруҳ ажралиб чиқади, ҳақ устида бўлган бир тоифа уларни ўлдиради».42 Хаворижлар ажралиб чиқишди, Наҳравон куни Алий розияллоҳу анҳу уларни ўлдирдилар. У зот барча аҳли суннанинг иттифоқига кўра ҳақиқат узра бўлишга лойиқроқ киши эдилар. 218-савол: Улул-амр (мусулмон ҳоким, бошлиқ)ларга нисбатан зиммамиздаги вазифалар қандай?Жавоб: Ҳақ устида уларга бўйсуниш ва итоат қилиш, уларга холис насиҳат қилиш, юмшоқлик билан ҳаққа чорлаш ва ҳақни эслатиш, орқаларида намоз ўқиш, улар билан бирга жиҳод қилиш, закот-садақотларни уларга топшириш, жавр қилсалар-да сабр қилиш, модомики очиқ куфрни изҳор қилишмас экан, уларга қилич кўтариб чиқмаслик, уларни ёлғон мақтовлар билан ғурурлантирмаслик ва улар ҳаққига салоҳият ва тавфиқ сўраб дуо қилиш. 219-савол: Бунга қандай далил бор?Жавоб: Бунга далиллар кўп. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизларга бир қул амир қилиб тайинланган бўлса-да, унга қулоқ тутинг ва итоат этинг!».43 «Ким амири тарафидан ўзи ёқтирмаган бир ишни кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким жамоатдан бир қарич ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимини топган бўлади».44 Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида тетиклик пайтимизда ҳам, ғайратсиз пайтимиз ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан ҳокимият талашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ). «Агар сизларга (қулоқ-бурни) кесилган қоп-қора қул амир қилинса, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар!».45 «Мусулмон киши ўзи яхши кўрган ишларда ҳам, ёмон кўрган ишларда ҳам (амирга) қулоқ солиши ва итоат қилиши лозим, фақат маъсиятга буюрилганда (итоат қилмайди), маъсиятга буюрилса қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир».46 «Итоат фақат маъруф - яхши ишлардадир».47 «Агарчи орқангга урса ва молингни олса ҳам қулоқ сол ва итоат қил!».48 «Ким итоатдан қўл тортса, қиёмат куни Аллоҳга бирон ҳужжатсиз рўпара бўлади. Ким бўйнида байъат бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлими билан ўлибди».49 «Бу умматнинг иши жамланган ҳолида ким уни бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар уни қилич билан уринглар!».50 «Шундай амирлар бўладики, уларнинг (ишларини) маъруф ва мункар деб кўрасизлар. Шунда ким ёмон кўрса (гуноҳдан) хориж бўлади, ким инкор қилса (азобдан) саломат бўлади, аммо ким рози бўлса ва эргашса (гуноҳкор бўлади)». Саҳобалар: «Уларга қарши урушсак бўладими?» деб сўрашди. «Йўқ, модомики намоз ўқисалар», деб жавоб бердилар.51 Ва бошқа ҳадислар. 220-савол: Амри маъруф ва наҳий мункар кимнинг зиммасига вожиб, унинг даражалари борми?Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (унинг ёмонлигини баён қилсин), бунга ҳам қодир бўлмаса дили билан (ёмон кўрсин). Бу иймоннинг энг заифидир».52 Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар мавжудки, улар маъносига кўра амри маъруф ва наҳий мункар ҳар бир мўмин зиммасига вожиб бўлиб, ҳар ким ўз имконияти ва иқтидори даражасига қараб уни адо этиши лозим бўлади, иқтидори юксакроқ ва илми кўпроқ кишилар учун унинг вожиблиги ҳам қаттиқроқ бўлади. Гуноҳкор қавмларга азоб тушган пайтда фақат наҳий мункар қилганларгина саломат қолганлар. Биз бу мавзуда алоҳида китоб ёзганмиз, ҳақни излаган одам уни ўқиб фойдалансин. 221-савол: Авлиёларнинг кароматлари ҳақида нима дейсиз?Жавоб: Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Каромат – уларнинг қўлларида уларнинг ҳунаридан бўлмаган ғайри оддий ишларнинг зоҳир бўлишидир, бу ишларни улар гарчи билмасалар-да, Аллоҳ уларнинг қўлларида жорий қилади. Асҳобул каҳф, ғор оғзини тўсган харсанг эгалари, роҳиб Журайж қиссалари каби. Ислом умматида ҳам кароматлар кўплаб содир бўлган, муртадларга қарши уруш кунларида Абу Бакрдан содир бўлган ишлар, Умар минбар устида туриб Шомдаги Сорияга қилган нидосининг эшитилгани, Мисрдаги тўхтаб қолган Нилга хат ёзганида унинг оққани, Румликларга қарши жангида Алоъ ибн Хазрамий оти билан денгиздан юриб ўтгани, Абу Муслим Хавалонийнинг Асвад ал-Ансий унга ёққан гулхан ичида намоз ўқигани каби воқеалар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, саҳобалар ва тобеинлар даврида ҳам, улардан кейин ҳозирда ҳам ва то қиёматгача бундан бошқа ҳам кароматлар содир бўлди ва бўлаверади. Аслида бу кароматлар барчаси пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари бўлиб, у зотлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий эргашиш билан уларга эришганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган бирон кимса қўлида ғайри оддий иш содир бўлса, у фитна ва кўзбўямачиликдир, каромат эмасдир. 222-савол: Авлиёуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) кимлар?Жавоб: Улар Аллоҳга иймон келтирган, Ундан тақво қилган, Унинг розилигига интилган, Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилардир. Аллоҳ таоло деди: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62). Сўнг уларнинг кимлигини баён қилиб, деди: «Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун» (Юнус: 63). «Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар» (Бақара: 257). «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг ҳизби-гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 55, 56). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фалончи-пистончининг оиласи менинг дўстларим эмас, балки менинг дўстларим тақводорлардир».53 Ҳасан раҳимаҳуллоҳ деди: «Бир қавм Аллоҳнинг муҳаббатини даъво қилган эди, Аллоҳ уларни мана бу оят билан имтиҳон қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31)». Шофеий раҳимаҳуллоҳ деди: «Агар бир кишининг сув устида юриб кетаётганини ёки ҳавода учаётганини кўрсаларингиз, то унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишини билмагунингизча тасдиқламангиз ва алданиб қолмангиз!» 223-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақ устида ғолиб бўлиб давом этади, то Аллоҳ таборака ва таолонинг иши (қиёмат) келгунича уларга қарши чиққанлар уларга зарар етказа олмайди»54 деган сўзлари билан қайси тоифани кўзда тутганлар?Жавоб: Бу тоифа – етмиш уч фирқа ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисно қилган нажот топувчи фирқадир: «Барчаси дўзахда, фақат биттаси, у - жамоатдир», бир ривоятда: «Улар бугун мен ва асҳобларим юрган йўл устида юрувчи кишилардир»55 деганлар. Аллоҳ таолодан бизларни ҳам ўша тоифадан қилишини, бизларни Ўзи ҳидоят қилганидан сўнг қалбларимизни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини, бизларга Ўзи томонидан раҳмат ато этишини сўраймиз, зеро Угина Ваҳҳоб-берувчидир. «Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!» (Вас-соффат: 180-182). Муаллифдан: Ушбу сатрларни 1365- ҳижрий, Шаъбон ойининг биринчиси, душанба куни ёзиб битирдим, мазкур ойнинг ўн тўртинчиси, якшанба куни уларни оққа кўчирдим. Аллоҳ барча саъй-ҳаракатимизни холис Ўзининг ризоси учун бўлишига муваффақ қилсин. Омин. Ўзбекчага таржимаси 19- сафар 1428- ҳижрий, жума куни ниҳоясига етди. 1 Яъни, шу ибодат асносида бошимни очиб олсам савоб бўлади, чунки бош кийим киймаслик ҳам гоҳи ўринларда ибодат ҳисобланади, деб бошини очиб олса. 2 Насоий (1/88), Абу Довуд (135), Ибн Можа (422) ва Ибн Хузайма (174) ривоятлари. 3 Бухорий (456) ва Муслим (1504) ривоятлари. 4 Бухорий (3007) ва Муслим (2494) ривоятлари. 5 Муслим (2496) ривояти. 6 Бухорий (3673) ва Муслим (2540) ривоятлари. 7 Термизий (3862), Аҳмад (4/87), Ибн Абу Осим (992), Абу Нуъайм «Ҳиля»да (8/287) ривоятлари. 8 Бухорий (2655) ривояти. 9 Бухорий (3653) ва Муслим (2381) ривоятлари. 10 Бухорий (466) ва Муслим (2382) ривоятлари. 11 Бухорий (3661) ривояти. 12 Бухорий (3683) ва Муслим (2396) ривоятлари. 13 Муҳаддас - Аллоҳ тарафидан дилига тўғри фикр ва тўғри сўз илҳом қилинувчи одам. 14 Бухорий (3689) ва Муслим (2398) ривоятлари. 15 Бухорий (3690) ва Муслим (2388) ривоятлари. 16 Бухорий (3699) ривояти. 17 Бухорий (2778) ривояти. 18 Муслим (2401) ривояти. 19 Бухорий ривояти. 20 Термизий (3713), Аҳмад (4/370), Насоий ва бошқалар ривоятлари. 21 Бухорий (44160) ва Муслим (2404) ривоятлари. 22 Термизий (3748, 3757), Аҳмад (1/188), Насоий (5/55, 56), Абу Довуд (3648) ва бошқалар ривоятлари. 23 Термизий (3791), Ибн Можа (154) Аҳмад (3/184) ва бошқалар ривоятлари. 24 Термизий (3768), Аҳмад (3/3, 62, 64), Ибн Ҳиббон (6959) ва бошқалар ривоятлари. 25 Бухорий (3753) ривояти. 26 Бухорий (3735) ва Муслим (2421) ривоятлари. 27 Бухорий (3746) ривояти. 28 Бухорий (6224) ва Муслим (2450) ривоятлари. 29 Термизий (2226), Насоий «Кубро»да: (5/47), Абу Довуд (4646, 4647), Аҳмад (5/22, 221) ва бошқалар ривоятлари. 30 Абу Довуд (4637), Аҳмад (5/ 21) ривоятлари. 31 Абу Довуд (4634, 4635), Термизий (2287), Ҳоким (3/70, 71) ривоятлари. 32 Абу Довуд (4636), Ҳоким (3/71), Аҳмад (3/355) ривоятлари. 33 Бухорий (3664) ва Муслим (2392) ривоятлари. 34 Бухорий (3659) ва Муслим (2386) ривоятлари. 35 Бухорий (2387) ривояти. 36 Бухорий (716) ва Муслим (418) ривоятлари. 37 Термизий (3663), Ибн Можа (97), Аҳмад (5/399) ва бошқалар ривоятлари. 38 Бухорий (525) ривояти. 39 Термизий (3704), Аҳмад (5/35), Ибн Можа (111) ривоятлари. 40 Термизий (3705), Аҳмад (6/86), Ибн Можа (112), Ибн Ҳиббон (6915) ривоятлари. 41 Бухорий (2812) ва Муслим (2915) ривоятлари. 42 Муслим (1065) ривояти. 43 Бухорий (7142) ривояти. 44 Бухорий (7054) ва Муслим (1849) ривоятлари. 45 Муслим (1838) ривояти. 46 Муслим (1839) ривояти. 47 Бухорий (7257) ва Муслим (1840) ривоятлари. 48 Муслим (1847) ривояти. 49 Муслим (1851) ривояти. 50 Муслим (1852) ривояти. 51 Муслим (1854) ривояти. 52 Муслим (49) ривояти. 53 Бухорий (5990) ривояти. 54 Бухорий (7311) ва Муслим (1921) ривоятлари. 55 Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари. |