асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
156-2003374 марта кўрилган 156-савол: Иймоннинг бўлаклари нечта? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар» (Бақара: 177). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон олтмишдан ортиқ бўлакдир», бир ривоятда: «етмишдан ортиқ бўлакдир. Энг юқориси «Ла илаҳа иллаллоҳ» демак, энг қуйидагиси йўлдан озорни кетказишдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлагидир».1 157-савол: Уламолар бу бўлакларни қандай шарҳлаганлар? Жавоб: Ҳадисни шарҳлаган бир қанча уламолар бу бўлакларни санаб ўтганлар ва бу хусусда китоблар битганлар, хўп хайрли ва манфаатли ишларни қилганлар. Лекин уларни санай билиш иймоннинг шартларидан эмас, балки уларга умумий суратда иймон келтириш кифоя қилади. Бу бўлаклар Китобу Суннатдан ташқарига чиқмайди. Банда Китобу Суннат буйруқларига бўйсуниши, қайтариқларидан тийилиши, хабарларини тасдиқлаши лозим. Шунда иймоннинг бўлакларини ўзида тўла мужассам қилган бўлади. Олимлар санаб ўтган нарсалар ҳаммаси шубҳасиз, иймонга тааллуқли ишлар, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдан муродлари айни шу нарсалар эканини қатъий айтиш тавқифга муҳтождир. 158-савол: Уламолар санаган нарсаларнинг хулосасини айтиб ўтсангиз? Жавоб: Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да Ибн Ҳиббоннинг шу хусусдаги сўзларининг хулосасини келтиради: Бу бўлаклар қалб амаллари, тил амаллари ва бадан амалларидан иборатдир. 1. Қалб амаллари 24 хислатни ўз ичига олади: Аллоҳга иймон келтириш – бунинг ичига Унинг зоти ва сифатларига, тавҳидига, яъни Унинг ўхшаши йўқ, У эшитувчи, кўрувчидир, деб иймон келтириш, Ундан бошқа ҳамма мавжудотнинг яратилган эканига иймон келтириш киради, – Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтириш, охират кунига иймон келтириш – бунинг ичига қабрдаги савол-жавоб, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, ҳисоб, мезон, сирот, жаннат ва дўзахга иймон келтириш киради, – Аллоҳни яхши кўриш, Унинг йўлида яхши кўриш ва ёмон кўриш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш, у зотни улуғлашни эътиқод қилиш – бунинг ичига у зотга салавот айтиш (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва суннатларига эргашиш киради, – ихлосли бўлиш – бунинг ичига риё ва нифоқни тарк қилиш киради, – тавба, хавф, ражо (Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик), шукр, вафо, сабр, қазога рози бўлиш, таваккул, раҳмдил бўлиш, тавозеъ – бунинг ичига каттани ҳурмат қилиш ва кичикка меҳрибон бўлиш киради, – кибр ва манманликни тарк қилиш, ҳасадни тарк қилиш, кину адоватни тарк қилиш, ғазабни тарк қилиш. 2. Тил амаллари 7 хислатни ўз ичига олади: Тавҳид калимасини айтиш, Қуръон тиловат қилиш, илм ўрганиш ва ўргатиш, дуо, зикр – истиғфор ҳам шунинг ичига киради, – лағвдан (беҳуда гап-сўздан) тийилиш. 3. Бадан амаллари 38 хислатни ўз ичига олади: Булардан шахсларнинг ўзига тааллуқли бўлганлари 15та хислатдир: ҳиссан ҳам, ҳукман ҳам тоза-пок бўлиш – нажосатлардан сақланиш ҳам шунинг ичига киради, – авратни ёпиш, фарз ва нафл намозлар ҳамда садақотлар, қулларни озод қилиш, саховат – бунинг ичига таом бериш ва меҳмонни икром қилиш ҳам киради, – фарз ва нафл рўза, ҳаж ва умра, тавоф, эътикоф, қадр кечасини талаб қилиш, динни сақлаш учун ҳижрат қилиш, назрга вафо қилиш, қасамлар(ни устидан чиқиш)га ҳаракат қилиш, каффоратларни адо этиш. Булардан тобеъларга тааллуқли бўлганлари 6 хислатдир: никоҳ билан покланиш, қарамоғидагиларнинг ҳуқуқларини адо этиш, ота-онага яхшилик қилиш – оқ бўлишдан сақланиш ҳам шунга киради, – фарзандлар тарбияси, силаи раҳм, хожаларга итоат қилиш, қулларга раҳм-шафқатли бўлиш. Булардан оммага тааллуқли бўлганлари 17 хислатдир: ҳукуматни адолат билан бошқариш, жамоатга эргашиш, раҳбарга итоат қилиш, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш – хавориж ва боғий-золимларга уруш қилиш ҳам шунга киради, – яхшилик устида ёрдамлашиш – амри маъруф ва наҳий мункар ҳам шунга киради, – ҳад(шаръий жазо)ларни амалга ошириш, жиҳод – рибот ҳам шунинг ичида, – омонатни ўташ – хумус (жиҳоддаги ғаниматлардан бешдан бирини адо этиш) ҳам шунинг ичида, – қарзга вафо қилиш, қўшнини ҳурмат қилиш, гўзал муомала, молни ҳалолдан топиш ва ўз ўринларига сарфлаш – исрофгарчилик ва беҳуда совуришни тарк қилиш шунинг ичига киради, – саломга алик олиш, чучкирган одамга (ярҳамукаллоҳ деб) ташмит айтиш, одамлардан озорни даф қилиш, лаҳв (кўнгил очар ўйин-кулгилар)дан сақланиш, йўлдан озорни четлатиш. Ҳаммаси 69та хислат, бири иккинчисининг ичига кириб кетганлари эътибори билан 79та деб ҳисоблаш ҳам мумкин, валлоҳу аълам. 159-савол: Эҳсонга Қуроъон ва Суннатдан далил борми? Жавоб: Кўп далиллар бор. Жумладан: «Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195). «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128). «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26). «Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир» (Раҳмон: 60). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳар бир нарсада эҳсон-яхшиликни битган (буюрган)».2 «Аллоҳнинг ибодатини ҳамда хожасининг суҳбатини (хизматини) чиройли адо этиб, вафот этишлиги қул учун нақадар яхшидир!»3 160-савол: Ибодатдаги эҳсон қандай бўлади? Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссаломнинг: «Менга эҳсон ҳақида айтиб беринг» деган саволларига: «Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, агар сен кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди»4 деб жавоб берганлар. Мазкур ҳадислари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсон бир-биридан фарқли икки даражада бўлишини баён қилдилар: Биринчи: Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилиш. Бу мушоҳада мақоми, яъни банда дилида Аллоҳни кўриб турганлиги тақозоси билан амал қилиши, қалб иймон билан мунаввар бўлиб, кўнгил кўзи маърифат сирларига ошно бўлиб, худди ғайбни кўриб тургандек бўлиб қолиши. Бу ҳақиқатан Эҳсон мақомидир. Иккинчи: Муроқаба мақоми – банда Аллоҳ уни кўриб турганини, ундан воқиф-бохабар ва унга яқин эканини кўз олдига келтириб амал қилиши. Банда ҳар бир қилаётган ишида бу нарсани кўз олдига келтирса ва шунга кўра амал қилса Аллоҳ таоло учун ихлосли бўлади. Чунки бу ҳолат уни Аллоҳдан бошқага бурилишдан ва амали билан Ундан ўзгани мақасд қилишдан тўсади. Бу икки даража эгалари дил кўзларининг ўткир бўлиши жиҳатидан бир-биридан тафовутли бўлади. 161-савол: Иймоннинг зидди нима? Жавоб: Иймоннинг зидди куфрдир. Иймоннинг асли ва бўлаклари бўлгани каби куфрнинг ҳам асли ва бўлаклари бўлади. Юқорида ўтдики, иймоннинг асли – тоат-ибодат билан бўйсунишни лозим тутувчи қатъий тасдиқдир. Энди куфрнинг асли – мутакаббирлик ва осийликни лозим тутувчи қайсарлик ва саркашликдир. Тоат-ибодатлар ҳаммаси иймоннинг бўлакларидан. Оят ва ҳадисларда улардан кўплари иймон деб аталган. Маъсиятлар ҳаммаси куфрнинг бўлакларидан. Далилларда уларнинг кўплари куфр деб аталган. Куфр икки хил бўлади:
162-савол: Эътиқодий куфрнинг иймонга бутунлай зид келиши ва уни йўқ қилиб юбориши қандай бўлади? Жавоб: Юқорида айтиб ўтдикки, иймон сўз ва амал – қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир. Қалбнинг сўзи – тасдиқ, тилнинг сўзи – Ислом калимасини айтиш, қалбнинг амали – ният ва ихлос, аъзоларнинг амали - тоат-ибодатларнинг барча тури билан бўйсунишдир. Агар мана шу тўрт нарса: қалбнинг сўзи ва амали, тилнинг сўзи ҳамда аъзоларнинг амали йўқ бўлса, иймон ҳам бутунлай йўқ бўлади. Агар қалбнинг тасдиқи бўлмаса, қолганларининг бўлиши фойда бермайди. Зеро, уларнинг яроқли ва фойдали бўлиши учун қалбнинг тасдиқи шартдир. Мисол учун, Аллоҳнинг исм ва сифатларини ёки У зот пайғамбарларига юборган, китобларида нозил қилган нарсалардан биронтасини ёлғон санаган одамнинг амали шундай бўлади. Энди агар тасдиқ бўлсаю, қалб амали бўлмаса, аҳли суннанинг иттифоқи бўйича бундай ҳолда ҳам иймон қолмайди. Зеро, қалб амали – муҳаббат ва бўйсуниш бўлмаса, тасдиқнинг фойдаси бўлмайди. Мисол учун Иблисга (Аллоҳни яратувчи, Моликул мулк экинини тасдиқлаши), пайғамбарнинг ростлигини тасдиқлайдиган, у ёлғончи эмас, бироқ биз унга эргашмаймиз ва иймон келтирмаймиз, дейдиган Фиръавн ва унинг қавми, яҳуд ва мушриклар кабиларнинг тасдиқлари фода бермагандир. 163-савол: Кишини Ислом динидан чиқариб юборадиган катта куфр неча қисм? Жавоб: Юқорида айтган сўзларимиздан маълум бўлдики, катта куфр тўрт қисмдир: 1. жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри; 2. жуҳуд-инкор куфри; 3. қайсарлик ва кибрланиш куфри; 4. нифоқ куфри. 164-савол: Жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри нима? Жавоб: У Қурайш ва улардан илгариги аксар кофирларнинг ҳоли шундай бўлганидек, ҳам зоҳирий, ҳам ботиний куфрдир. Аллоҳ таоло деди: «Китоб — Қуръонни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни — Китобларни ёлғон деган кимсалар яқинда (Қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар» (Ғофир: 70). «ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф: 199) «Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» (Намл: 83, 84). «Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил — моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон» дедилар» (Юнус: 39). 165-савол: Жуҳуд – инкор куфри нима? Жавоб: У – ботинида ҳақни таниган ва билганидан кейин уни зоҳирда яшириш ва унга бўйсунмасликдир. Фиръавн ва унинг қавмининг Мусо алайҳиссаломга нисбатан куфри, шунингдек яҳудларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан куфрлари шу турдан эди. Аллоҳ таоло Фиръавн ва қавмининг куфри ҳақида айтади: «Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14). Яҳудлар ҳақида айтади: «Бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар» (Бақара: 89). «Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146). 166-савол: Қайсарлик ва кибрланиш куфри нима? Жавоб: У – ҳаққа иқрор бўлгандан сўнг унга бўйсунмаслик билан бўладиган куфрдир. Иблиснинг куфри шу турдан эди: «Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди» (Бақара: 34). Зотан, Иблис Аллоҳнинг сажда қилиш ҳақидаги амрини инкор қилиши мумкин эмас эди, балки у бу фармонга эътироз билдирди, буйруқ эгасининг ушбу фармон остидаги ҳикмати ва адолатига таъна қилди: «Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деди» (Исро: 61). «У (Иблис) айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилувчи эмасман» (Ҳижр: 33). «Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яраратдинг», деди у» (Аъроф: 12). 167-савол: Нифоқ куфри нима? Жавоб: У – зоҳиран бўйсунган бўлиб, аслида қалбнинг тасдиқ ва амали бўлмаган, риёкорлик куфридир. Ибн Салул ва унинг гуруҳининг куфри шу турдан эди: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир...» (Бақара: 8-20). Ва бошқа оятлар. 168-савол: Ислом миллатидан чиқариб юбормайдиган амалий куфр нима? Жавоб: У – қилувчисида иймон сақланиб қолгани ҳолда Аллоҳ ва расули унга куфр исмини қўллаган маъсият амаллардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофирликка қайтманглар».5 «Мусулмонни ҳақоратлаш фисқ, у билан урушиш куфрдир».6 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг бир-бирлари билан уруш қилишларини куфр ва бундай қилганларни кофир деб атадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот: 9, 10) деди ва уларда иймон ва иймоний биродарлик қолишини, булардан ҳеч бири йўқ бўлмаслигини баён қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло қасос ҳақидаги оятда: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178) деди ва шундай ҳолда ҳам исломий биродарлик қолаверишини баён қилди. Ёки бўлмасам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри ўғирлик қилаётган пайтида мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди, маст қилувчи ичимлик ичувчи одам ичаётган пайтида мўмин ҳолида ичмайди, бироқ кейин тавбага ўрин бор», бир ривоятда: «мўмин ҳолида ўлдирмайди», дедилар.7 Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Қай бир банда: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб, сўнг шу билан вафот этса, албатта жаннатга киради», дедилар. Абу Зар айтади: Мен: «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳамми?!» деб сўрадим. «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳам», дедилар. Уч қайта сўрадим, уч қайта шундай дедилар, тўртинчи мартасида: «Гарчи Абу Зар буни истамаса ҳам!», деб қўйдилар.8 Бундан келиб чиқадики, у зот зинокор, ўғри, қотил ва ичкиликбоз одамдан – агар унда тавҳид сақланиб қолган бўлса – иймонни бутунлай рад қилмадилар. Акс ҳолда, «Ла илаҳа иллаллоҳ» устида ўлган одам мазкур маъсиятларни қилган бўлса ҳам жаннатга киради, деб айтмаган бўлардилар. Жаннатга эса фақат иймонли одам киради. Бу сўзлари билан фақатгина иймоннинг нуқсонли бўлишини ирода қилдилар, унинг комил бўлишини рад қилдилар. Банда қачонки, бу гуноҳларни ҳалол санаса, уларни ҳаром қилган Аллоҳ ва Расулини ёлғончи санаган бўлиб, кофир бўлади. Ва ҳатто уларни қилмаган бўлса-да, ҳалол деб эътиқод қилиши билан ҳам кофир бўлади. 169-савол: Агар биров: «Бут-санамга сажда қилиш, Қуръонни хорлаш, пайғамбарни сўкиш, динни масхаралаш ва шу каби ишлар кўринишда амалий куфрга киради. Амалий куфр эса кичик куфр саналади, дедингиз. Хўш, шундай экан, нима учун бу ишлар кишини диндан чиқариб юборади, дейилади?», деса, унга нима деб жавоб берилади? Жавоб: Билингки, сиз айтган тўртта иш ва шунга ўхшаш бошқа ишлар аъзолар билан қилинганлиги жиҳатидангина одамлар кўзида амалий куфр бўлиб саналади. Лекин, аслида улар ният, ихлос, муҳаббат, бўйсиниш каби қалб амалининг кетиши билан вужудга келади ва мазкур куфр ишларни қилган одамда ушбу қалб амалларидан биронтаси қолмайди. Демак, бу зоҳирда амалий куфр бўлиб кўринса-да, аслида эътиқодий куфр билан чамбарчас боғлиқ, бу амаллар фақатгина диндан чиққан мунофиқ ёки итоатсиз саркаш кимсадан содир бўлади. Мунофиқларнинг Табук ғазотида куфр сўзини аниқ айтишлари ва Исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтишлари – нега бундай қилганликлари сўралганда: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», деган гаплари билан бирга бўлди. Шунда Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66). Биз ҳар қандай амалий куфрни бутунлайин кичик куфр деб таърифламадик, балки эътиқодга алоқали бўлмаган, қалбнинг сўз ва амалига зид келмайдиган амалларнигина мақсад қилдик. 170-савол: Зулм, фисқ ва нифоқнинг ҳар бири неча қисмга бўлинади? Жавоб: Улардан ҳар бири икки қисмга бўлинади:
171-савол: Зулмнинг катта ва кичигига мисол айта оласизми? Жавоб: Катта зулмга мисол – Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир: «Ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106). «Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13). «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва борар жойи дўзах бўлади. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72). Куфрдан пастроқ бўлган зулмга мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар! (То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқариладилар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди» (Талоқ: 1). «Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса ўзига зулм қилибди» (Бақара: 231). 172-савол: Катта ва кичик фисққа мисол айтинг? Жавоб: Катта фисққа мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган фисқдир: «Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар» (Тавба: 67). «Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди» (Каҳф 50). «Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан кутқардик. Дарҳақиқат улар ёмон фосиқ қавм эдилар» (Анбиё: 74). Кичик фисққа мисол: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4). «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6). 173-савол: Катта ва кичик нифоққа мисол нима? Жавоб: Катта нифоққа мисол – Бақара сурасининг аввалидаги оятлар, шунингдек Нисо сурасидаги: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. — Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» оятидан то Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 142-145) оятигача. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билади, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик беради» (Мунофиқун: 1). Ва бошқа оятлар. Кичик нифоққа мисол – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида айтган нифоқдир: «Мунофиқнинг аломати учта: Гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади».9 «Тўртта нарса кимда бўлса, у мунофиқ бўлади...»10 174-савол: Сеҳр ва сеҳргарнинг ҳукми нима? Жавоб: Сеҳр бор нарса, кавний қадарга тўғри келган пайт унинг таъсири муҳаққақдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102). Сеҳрнинг таъсир қилиши саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган. Сеҳргарга келсак, агар унинг сеҳри Бақара сурасида айтилганидек, шайтонлардан қабул қилинадиган нарса бўлса, у кофирдир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102). 175- савол: Сеҳргарнинг жазоси нима? Жавоб: Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан урилишдир».11 Имом Термизий мазкур ҳадисни саҳиҳ, мавқуф ҳисоблаган ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи асҳоблари ва бошқа аҳли илмлар наздида шунга амал қилинади. Молик ибн Анаснинг сўзи ҳам шудир. Имом Шофеъий фикрларича, агар сеҳргар сеҳри билан куфрга етиб борадиган иш қилса, уни қатл қилинади. Агар унинг амали куфрга етмаса, қатл қилинмайди. Умар, ўғиллари Абдуллоҳ, қизлари Ҳафса, Усмон ибн Аффон, Жундаб ибн Абдуллоҳ, Жундаб ибн Каъб, Қайс ибн Саъд, Умар ибн Абдулазиз, Аҳмад, Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳам сеҳргарни қатл қилинади, деганлар. 176-савол: Нушра нима, унинг ҳукми қандай? Жавоб: Нушра – сеҳрланган одамдан сеҳрни ечиш амалидир. Агар сеҳрни сеҳр билан ечилса, у шайтоннинг амалидан. Агар руқя ва машруъ дуолар воситасида ечилса, зарари йўқ. 177-савол: Машруъ руқя – дам солиш қандай бўлади? Жавоб: У Қуръон ва Суннатдан олинган, соф араб тилида бўлган сўз (дуо)лар бўлиб, руқя қилувчи ҳам, қилдирувчи ҳам ушбу дуолар фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади, деб эътиқод қилади. Зеро, Жибрил алайҳиссалом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни руқя қилган12, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам кўпгина саҳобаларни руқя қилганлар13 ва бундай қилган кишиларни қайтармаганлар14, балки унга буюрганлар15 ва руқя ўқиб ҳақ олишни ҳалол қилганлар16. 178-савол: Мумкин бўлмаган, ношаръий руқя қандай бўлади? Жавоб: У на Қуръону Суннатдан олинган ва на араб тилида бўлган сўзлар бўлиб, шайтонга у яхши кўрадиган ишлар билан қурбат (яқинлик) ҳосил қилиб, унинг хизматидан фойдаланиб қилинадиган дуо ва афсунлардир. Кўп дажжоллар, афсунгар ва кўзбўямачиларнинг қиладиган руқялари мана шу турдан бўлади. Бу каби амаллар Ислом душманлари тарафидан ғаразли мақсадларда динга киритиб юборилган ишлардан бўлиб, Исломга мутлақо ёт амаллардандир. 179-савол: Ҳар турли тумор ва кўзмунчоқларнинг ҳукми нима? Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бирон нарса (тумор) осиб олса, ўшанга топшириб қўйилади». 17 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларидан бирида бир кишини юбориб, биронта ҳам туянинг бўйнида қилода (тумор мақсадида бойланган бўйинбоғ) қўймасдан, кесиб ташлашни буюрдилар.18 «Руқя (афсун)лар, тамима (тумор)лар, тивала (иситма-совутманинг бир тури) ширкдир».19 «Ким тумор осса, Аллоҳ унинг (ишини) комил-тўла қилмасин, ким кўзмунчоқ осса, Аллоҳ уни (кўз тегишидан) хотиржам қилмасин».20 Бир ривоятда: «Ким тумор осса, ширк келтирибди».21 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини қўлига ҳалқа тақиб олганини кўриб: «Бу нима?» деб сўрадилар. «Қувватсизликка қарши», деди. «Ечиб ташла! Чунки бу сенга қувватсизликни зиёда қилади, холос. Агар шу нарсани таққан ҳолингда ўлсанг, асло нажот топмайсан», дедилар.22 Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бир кишининг қўлидаги ипни узиб ташладилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).23 Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким бир одамдан туморини узиб ташласа, бир қул озод қилгандек бўлади».24 Бу марфуъ ҳадис ҳукмидадир. 180-савол: Туморга Қуръон оятлари ёзилган бўлса, тақса бўладими? Жавоб: Баъзи салафлар тарафидан унинг жоизлиги ривоят қилинган. Кўплари эса мумкин эмаслигини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Укайм, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва асҳоблари розияллоҳу анҳум шу фикрда бўлганлар. Тумордан қайтарилган ҳадислар умумий бўлгани ва бу нарсани хослаб биронта ҳадис келмагани, шунингдек Қуръонни топталишдан сақлаш учун шу фикр афзалроқдир. Чунки тумор таққанлар кўпинча уни бетаҳорат олиб юрадилар. Бундан ташқари, кимдир Қуръон оятлари ёзилган тумор таққан бўлса, бу нарса бошқаларни илмсизлик туфайли бошқа хил туморларни ҳам тақишларига сабаб бўлиши ва Аллоҳдан бошқасига қалбларнинг боғланиб қолиши мумкин. 181-савол: Коҳин – фолбинларнинг ҳукми нима? Жавоб: Фолбинлар тоғутлардан ҳисобланиб, улар жин-шайтонларнинг дўстларидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар» (Анъом: 121). Жин-шайтонлар фолбинлар ҳузурига тушиб, осмонда фаришталардан узуқ-юлуқ эшитиб олган гапларини уларга етказишади, улар эса битта гапга юзта ёлғонни қўшиб-чатиб одамларга айтишади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: «мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро: 221-223). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий тўғрисидаги ҳадисларида айтганлар: «Сўнг уни гап ўғрилари (бўлган жинлар, улардан яна) гап ўғрилари эшитиб олиб, ҳоказо бир-бирининг устида туриб, юқоридаги остидагига етказади, сўнг униси ўзидан пастдагига етказади, ҳатто уни сеҳргар ё фолбиннинг тилига етказиб беришади. Кўпинча фолбинга етказишидан олдин уни учар юлдуз қувиб етиб (ҳалок қилади), кўпинча учар юлдуз етишидан олдин фолбинга етказишга улгуради, шунда фолбин унга юзта ёлғонни қўшиб-чатади».25 182-савол: Фолбинни тасдиқлаган одамнинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65). «Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59). «Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми — Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар?!» (Ват-Тур: 41). «Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!» (Ван-Нажм: 35). «Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216, 232, Оли Имрон: 66). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким башоратчи ё фолбинга борса ва у айтаётган гапларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарса (дин)га кофир бўлибди».26 «Ким фолбинга бориб, ундан бирон нарса ҳақида сўраса, қирқ кун намози мақбул бўлмайди».27 183-савол: Мунажжимлик қилиш (юлдузга қараб фол очиш) ҳукми нима? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир» (Анъом: 97). «Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» (Мулк: 5). «(Барча) юлдуз — сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир» (Наҳл: 12). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким илми нужумдан бирон нарсани олса-ўрганса, сеҳрдан бир бўлак олибди, (илми) зиёдалашгани сари (сеҳри) зиёдалашади».28 «Мен умматимнинг юлдузларни тасдиқлаш ва қадарни ёлғон санашларидан... хавф қиламан».29 Ибн Аббос розияллоҳу анҳу абжад ёзиб ва юлдузларга қараб фол очадиган одамлар ҳақида: «Бундай қилган одам учун Аллоҳнинг ҳузурида бирон насиба бор деб ўйламайман», деганлар.30 Қатода раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳ таоло юлдузларни уч нарса учун: самога зийнат, шайтонларга отилажак тош ва йўл топиш белгилари қилиб яратган. Ким улар хусусида бундан бошқа нарсани таъвил қилса хато қилган, ўзини зое қилган ва билмаган нарсаси (ни билиш)га уринган бўлади».31 184-савол: Юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ҳукми нима? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Сизлар (ёмғирдан иборат) ризқларингизни (яъни унинг шукрини, “Фалон юлдуз сабабли ёмғирландик” деб Аллоҳ ёғдирганини) ёлғонга чиқариш қилиб оласизларми?» (Воқеа: 82). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматим ичида жоҳилият ишидан тўрттаси борки, уни тарк қилишмайди: ҳасаблар (оқсуяклик) билан фахрланиш, насабларга таън етказиш (тил теккизиш), юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ва ўликларга фарёд солиб йиғлаш».32 «Аллоҳ таоло айтади: Бандаларим ичида Менга мўмин бўлиб тонг оттирганлари ҳам, кофир бўлиб тонг оттирганлари ҳам бор. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан ёмғирландик» деса, у Менга мўмин, юлдузларга кофирдир. Аммо ким: «Фалон-фалон юлдуз сабабли ёмғирландик» деса, у менга кофир, юлдузларга мўминдир».33 185-савол: Шумланишнинг ҳукми нима, уни нима билан кетказиш мумкин? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг яхшилик ва ёмонлик (ларининг сабаб) лари фақат Аллоҳнинг ҳузуридан (унинг қазои қадари билан) дир» (Аъроф: 131). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Юқиш йўқ, шумланиш – бадгумон бўлиш йўқ, бойқуш (билан шумланиш) йўқ, сафар (ойида баъзи нарсаларни қилиб бўлмайди дейиш) йўқ».34 «Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир».35 Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ичимизда бирон киши йўқки (унда шумланиш бўлмаса), бироқ уни Аллоҳ таваккул билан кетказади». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Шумланиш – сени ё йўлингда давом эттирган ё йўлингдан қайтарган нарсадир».36 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтдилар: «Шумланиш кимники ўз ҳожатидан қайтарган бўлса, у одам мушрик бўлибди». «Бунинг каффорати нима?» деб сўрашди. «Шундай демоғингдир: «Аллоҳумма ла хойро илла хойрук, ва ла тойро илла тойрук, ва ла илаҳа ғойрук» (маъноси: Эй Аллоҳ, яхшилик фақат Сен ато этган яхшиликдир, шумлик (яхшилик ва ёмонлик сабаблари) фақат Сен томонингдандир, Сендан ўзга илоҳ йўқдир)».37 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Шумланиш йўқ,) яхшиси фаълдир38, у мусулмонни ортга қайтармайди. Агар бировингиз ўзи ёмон кўрган нарсани кўрса: «Эй Аллоҳим, яхшиликларни фақат Сенгина ато этасан, ёмонликларни фақат Сенгина даф қиласан, ўзгариш ва куч-қудрат фақат Сен тарафингдандир» десин».39 186-савол: Кўз тегишининг ҳукми нима? Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кўз (тегиши) ҳақдир».40 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жориянинг юзида доғ кўриб: «Унга руқя қилдиринглар (дам солдиринглар), кўз тегибди», дедилар.41 Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўздан руқя қилдиришга буюрдилар.42 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Руқя (шаръий дам солиш) кўз теккан ёки нишдан (заҳарланганлар учун) дир».43 Бундан ташқари ҳам саҳиҳ ҳадислар кўп. Кўз фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади. Аллоҳ таолонинг: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар» (Қалам: 51) оятини кўп салафлар розияллоҳу анҳум кўз тегиши, деб тафсир қилганлар. 187-савол: Гуноҳлар неча қисмга бўлинади? Жавоб: Сағира – ёмонликларга ва кабира – ҳалок қилувчи гуноҳларга бўлинади. 188-савол: Ёмонликлар нима билан ювилади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирамиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритамиз» (Нисо: 31). «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказади» (Ҳуд: 114). Аллоҳ таоло саййиот – кичик гуноҳларнинг каффорати катта гуноҳлардан сақланиш билан ва яхши амаллар қилиш билан бўлишини хабар берди. Шунингдек, ҳадисда ҳам келганки: «Ёмонлик ортидан яхшилик қил, уни ўчириб юборади».44 Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисларда қийинчилик пайтларда (яъни ёзда совуқ сув топилмаганда, қишда иссиқ сув топилмаганда) таҳоратни мукаммал қилиш, масжидлар сари қадамни кўпайтириш, беш вақт намоз, жумъа келгуси жумъагача, Рамазон келгуси Рамазонгача, таровеҳ ва қадр кечасининг қиёми, Ошуро кунидаги рўза ва бошқа тоатлар хато ва кичик гуноҳларни ювиб юбориши айтилган. Бу ҳадисларнинг кўпларида мазкур ишлар гуноҳи кабиралардан сақланишга боғлиқ қилинган. Демак, гуноҳи кабиралардан тийилинса, гуноҳи сағиралар ҳасанотлар билан ҳам уларсиз ҳам ювилаверади. 189-савол: Гуноҳи кабиралар қандай гуноҳлар? Жавоб: Бу хусусда саҳобалар, тобеийнлар ва бошқалар томонидан турли сўзлар айтилган. Баъзилар: Ҳад (шаръий жазо) лозим бўладиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. Баъзилар: Ортидан лаънат ё ғазаб ё дўзах ёки азоб келадиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. У қилувчисининг динга бепарволиги ва Аллоҳдан қўрқуви камлигини сездирадиган гуноҳдир, ҳам дейилган. Бундан бошқа сўзлар ҳам айтилган. Саҳиҳ ҳадисларда турли даражадаги кўп гуноҳларни “кабиралар” деб аталган. Улар ичида Аллоҳга ширк келтириш ва сеҳр каби катта куфрлар ҳам, куфрдан пастроқ бўлган – ноҳақ одам ўлдириш, жанг пайти ортга қочиш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёлғон сўзлаш, покиза мўмина аёллар шаънига бўҳтон қилиш, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ва бошқа гуноҳлар ҳам бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Улар еттитадан кўра етмиштага яқинроқ», деганлар.45 Кабиралар деб аталган гуноҳларни текширган одам уларнинг етмишдан ортиқ эканини топади. Энди Китобу Суннатда лаънат, ғазаб, азоб ёки уруш каби қаттиқ ваъидлар билан тилга олинган гуноҳларни текширган одам уларнинг анча кўп эканини топади. 190- савол: Сағираю кабира, барча гуноҳларга каффорат борми? Жавоб: Барчасининг каффорати – чин дилдан қилинган холис тавбадир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (“Шоядки” сўзи Аллоҳ ҳақида ишлатилса, муқаррарликни тақозо этади) (Таҳрим: 8). «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр» (Фурқон: 70). «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли Имрон: 135, 136). Ва бошқа оятлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тавба ўзидан олдинги (гуноҳлар)ни ўчириб юборади», деганлар. Яна айтганлар: «Бандасининг тавба қилиши билан Аллоҳ таолонинг қувониши бир одамнинг хурсандчилигидан ҳам ортиқроқ бўладики, у одам (саҳрода боратуриб) ҳалокат хатари бор бўлган бир жойга тушган, ёнида устига емак-ичмаги ортилган туяси ҳам бўлган. Шунда ерга бошини қўйиб, ухлаб қолган. Бир вақт уйғониб қараса, туяси ғойиб бўлган. (Туясини излай-излай чарчагач,) иссиқ ва ташналикдан қаттиқ қийналиб кетиб: «Жойимга қайтаман», деган ва қайтиб келиб, ухлаб қолган. Уйғониб қараса, туяси ёнида турган экан».46 191-савол: Холис тавба қандай бўлади? Жавоб: У ўз ичига учта нарсани жамлаган чин тавбадир: гуноҳдан тийилиш, қилган гуноҳига пушаймон бўлиш ва энди унга асло қайтмасликка азму қарор қилиш. Агар зиммасида бирон мусулмонга нисбатан зулм бўлса, имкони борича ундан қутулиб олади, бугун қутулиб олмаса, қиёмат куни албатта ундан сўралади ва иложсиз қасос олинади. Қолверса у Аллоҳ эътиборсиз ташлаб қўймайдиган зулмлар туридандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг зиммасида бир биродарига нисбатан зулм бўлса, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келмасдан туриб бугун ундан қутулиб олсин. (У куни) ҳасаноти бўлса ҳасанотидан олинади, бўлмаса биродарининг гуноҳларидан олиниб унинг устига ташланади».47 192-савол: Одамлар учун тавба вақти қачон ўтган ҳисобланади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни жаҳолат билан қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 17). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромлари иттифоқ қилган фикр шуки, Аллоҳга осий бўлинган ҳар бир иш хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ беқасд, у жаҳолат билан қилингандир ва ўлимдан олдин қилинган ҳар бир иш (яъни тавба) тезда қилинган ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда модомики, жони бўғзига келмасдан туриб тавба қиларкан, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади».48 Ушбу маъно кўп ҳадисларда собит бўлган. Аммо жон олғувчи фариштани кўргач ва жон ҳалқумга келгач, энди у пайтда тавба мақбул бўлмайди, қочиб қутулишнинг иложи ҳам қолмайди: «(аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди» (Сод: 3). «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас» (Нисо: 18). 193-савол: Охирзамон бўлганда қачон тавба вақти ўтган бўлади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас» (Анъом: 158). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ботиш томонидан чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Кунботишдан чиққач ва одамлар уни кўришгач, ҳаммалари иймон келтиришади. Бу эса кишига (келтирган) иймони фойда бермайдиган пайтдир», дедилар, сўнг мазкур (Анъом: 158) оятни ўқидилар.49 Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан асҳоблари тарафидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳадис тўпламларида келган. Савфон ибн Ассол розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таоло мағриб томонда эни етмиш йиллик масофа бўлган бир эшикни тавба учун очиб қўйгандир, у то кун ўша томондан чимагунича бекитилмайди».50 194-савол: Тавҳид аҳлидан бўлган бир киши гуноҳи кабирада бардавом ҳолда ўлса, унинг ҳукми нима бўлади? Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47). «(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9). «Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)!» (Оли Имрон: 30). «Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб — ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг)» (Наҳл: 111). «Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо (ёки мукофот) берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281). «Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8). Ва бошқа оятлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо сўрадилар: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» — «Бу (амалларининг бир қатор) кўндаланг қилиб эслатилишидир холос. Лекин ким тўла ҳисобга тортилса албатта азобга дучор бўлади» дедилар.51 Юқорида қайта тирилиш, қиёмат майдонидаги аҳволлар, амалларнинг тортилиши, амал саҳифаларининг тарқатилиши, ҳисоб-китобга рўпара бўлиш, сирот, шафоатлар ва бошқа ҳолатлар ҳақида биз олиб келган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, одамларнинг охиратдаги мартабалари ва ҳолатларининг фарқли бўлиши уларнинг дунё ҳаётида Раббиларига тоат ёки тоатсизликда фарқли бўлишларига биноан бўлади. Қуръон оятлари ва суннати набавийя мазмунларидан маълум бўлишича, шунингдек саҳобалар ва уларга яхшилик билан эргашган тафсир, ҳадис ва суннат уламоларидан бўлган салафи солиҳлар сўзларига кўра, тавҳид аҳлидан бўлган осийлар уч табақага бўлинади: Биринчи: Яхшиликлари ёмонликларидан оғир келган кишилар. Улар жаннатга дохил бўладилар ва дўзах ўти уларга асло етмайди; Иккинчи: Яхшиликлари билан ёмонликлари тенг келиб қолган, ёмонликлари жаннатга киришларига йўл қўймаган, яхшиликлари эса дўзахдан тўсган кишилар. Улар жаннат билан дўзах оралиғида Аллоҳ хоҳлаганча турадиган, сўнг уларга жаннатга киришга изн бериладиган “Аъроф эгалари”дир. Аллоҳ таоло жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киришлари хабарини бергач, шундай дейди: «Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган —истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмагандирлар. Қачон кўзлари дўзах эгалари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар. Аъроф эгалари (яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай ўртада аъроф — деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб дедилар: «Тўплаган молу дунёйингиз ва қилган кибру ҳавойингиз сизларга асқотмабди-ку. Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал бечоралик билан ўтган мўмин-мусулмон)ларми» (Ахир уларга) «Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?!» (Аъроф: 46-49). Учинчи: Аллоҳ таолога гуноҳи кабиралар устида давом этган ҳолларида йўлиққан, бироқ тавҳид ва иймоннинг асли сақланиб қолган, ёмонликлари яхшиликларидан устун келган кишилар. Улар гуноҳлари миқдорича дўзахга тушадилар. Дўзах ўти айримларининг тўпиғигача етади, айримларининг ярим болдиригача етади, айримларининг тиззаларигача етади, ҳатто Аллоҳ таоло айримларининг фақат сажда ўринларинигина дўзахга ҳаром қилади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар, авлиёлар, малоикалар ва Ўзи мукаррам қилган зотларга мана шу тоифа аҳлини шафоат қилишга изн беради. Уларнинг шафоатлари сабабли қалбида динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида ярим динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида буғдой дони миқдорича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида зарра миқдорича яхшилик бўлган кишилар дўзахдан чиқадилар. Тавҳид устида вафот этган кишилардан бирортаси, қандай амаллар қилган бўлмасин, дўзахда абадий қолмайди. Лекин, улар ичидан иймони кучлироқ ва гуноҳи камроқ бўлганлари дўзахда ҳам азоби енгилроқ, унда қолиши озроқ ва ундан чиқиши тезроқ бўлади. Гуноҳи каттароқ ва иймони заифроқ бўлганлари бунинг аксича бўлади. Бу хусусда сон-саноқсиз ҳадислар келган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам шунга ишора қилади: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, аввалда қандай кўргиликларга дучор бўлмасин, бир кун келиб унга албатта нафи тегади».52 Бу – кўпчиликнинг тушунчалари хатога кетган, қадамлари тойилган, кўплаб ихтилофларга сабаб бўлган мавзулардандирки: «Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Бақара: 213). 195-савол: Ҳадлар (шаръий жазолар) жазо қўлланган кишиларнинг гуноҳларига каффорат бўладими? Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида бир жамоа саҳобалар бўлган ҳолда айтдилар: «Аллоҳга ширк келтирмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, ўз тарафингиздан тўқиб оладиган бўҳтонларни келтирмасликка, бирон яхши ишда итоатсиз бўлмасликка менга байъат беринглар. Ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким шу ишлардан биронтасини қилиб қўйса, сўнг шу дунёда жазосини олса, бу у учун каффоратдир. Ким шу ишлардан биронтасини қилса-ю, сўнг Аллоҳ уни яширса, у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди».53 196-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдаги: «у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди» деган сўзлари билан юқорида айтилган: «кимнинг ёмонликлари яхшиликларидан устун келса, дўзахга киради» деган сўз ўртасини қандай жамлаш мумкин? Жавоб: Бу икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки Аллоҳ кимни афв қилишни истаса, уни енгил ҳисоб билан ҳисоб қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳисоб пайтида амалларнинг бир қатор эслатиб ўтилишини қуйидаги сўзлари билан изоҳлаб айтганлар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун уларни мағфират қиламан», дейди».54 Аммо гуноҳлари сабабли дўзахга кирадиган кишилар – тўла ҳисоб-китоб қилинадиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», деганлар.55 197-савол: Аллоҳ таоло бизни фақат унда юришга буюрган ва ундан бошқасига эргашишдан қайтарган тўғри йўл қайси? Жавоб: У Ислом динидирки, Аллоҳ у билан пайғамбарларини юборди, китобларини нозил қилди, ундан бошқа динни ҳеч кимдан қабул қилмайди, шу йўлда юрганлардан бошқа ҳеч ким нажот топмайди, ким ундан юрмаса, чалкаш йўлларга кириб кетиб қолади. Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).56 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло шундай бир мисол келтирди: Бир тўғри йўл бор, унинг икки тарафида деворлар, уларда очиқ эшиклар бор, эшикларга парда тортилган. Йўлга кираверишда бир жарчи: «Эй одамлар, ҳаммангиз тўғри йўлга кирингиз, бўлиниб кетмангиз!» деб жар солмоқда. Йўл устида яна бир жарчи жар солиб турибди. Бирон киши ҳалиги эшиклардан бирини очиб киришни истаса у: «Очма, ҳолингга вой бўлгур! Агар очсанг, кириб кетасан», дейди. Йўл – Ислом, деворлар – Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралар, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган ишлар, йўл бошидаги жарчи – Аллоҳнинг Китоби, йўл устидаги жарчи – ҳар бир муслимнинг қалбидаги Аллоҳнинг панд-насиҳатчисидир».57 198-савол: Қандай қилиб ушбу йўлга кириш ва унинг устида адашмай, саломат юриш мумкин? Жавоб: Бунга фақат Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш, у иккиси чизиб берган йўлда юриш ва у иккиси белгилаб берган чегараларда туриш билангина эришиш мумкин. Аллоҳга тавҳидни холис қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга холис эргашиш шу билангина ҳосил бўлади: «Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, содиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган “солиҳ” лар билан бирга бўладилар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо: 69). Бу ерда Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган, деб зикр қилинган у зотлар Фотиҳа сурасида тўғри йўл уларга инъом этилган кишилардир: «Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7). Банда учун мана шу тўғри йўлга йўлланишдан ва адаштирувчи йўллардан сақланишдан кўра катта неъмат йўқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ана шу йўл устида қолдириб кетганлар: «Мен сизларни туни кундуздек равшан бўлган оқ-ёруғ йўл устида қолдирдим, мендан сўнг бу йўлдан фақат ҳалок бўлувчи кишигина адашади».58 199-савол: Суннатнинг зидди нима? Жавоб: Унинг зидди – кейин пайдо қилинган бидъатлар бўлиб, улар – Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида кўзда тутган нарса ҳам шудир: «Ким бизнинг бу (дин) ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинган)дир».59 «Менинг суннатимни ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларнинг суннатларини лозим тутингиз! Уни маҳкам ушлангиз ва озиқ тишларингиз билан ёпишингиз! (Динда) кейин пайдо қилинган ишлардан сақланингиз! Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш залолатдир».60 Шундай ишларнинг содир бўлишига ишора қилиб: «Умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Барчаси дўзахда, фақат биттаси бундан мустасно» дедилар ва бу тоифани кимлигини шундай баён қилдилар: «Улар мен ва асҳобларим тутган йўл устидаги кишилардир».61 Аллоҳ таоло у зотни бидъат аҳлидан пок эканларини баён қилиб, деди: «Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола» (Анъом: 159). 200-савол: Бидъат динга халал етказиши эътибори билан неча қисмга бўлинади? Жавоб: Икки қисмга: Диндан чиқариб, кофирга айлантирувчи бидъатга ва ундан пастроқ бўлган бидъатга бўлинади. 1 Бухорий (9) ва Муслим (35) ривоятлари. 2 Муслим (1955) ривояти. 3 Бухорий (2549) ва Муслим (1667) ривоятлари. 4 Муслим ривояти. 5 Бухорий (121) ва Муслим (65) ривоятлари. 6 Бухорий (48) ва Муслим (64) ривоятлари. 7 Бухорий (2475) ва Муслим (57) ривоятлари. 8 Бухорий (237) ва Муслим (94) ривоятлари. 9 Бухорий (33) ва Муслим (59) ривоятлари. 10 Бухорий (34) ва Муслим (58) ривоятлари. 11 Термизий (1161), Ҳоким (4/360), Табароний (1665, 1666) ва бошқалар ривоятлари. 12 Муслим (2186) ривояти. 13 Бухорий (5743) ва Муслим (2191) ривоятлари. 14 Муслим (2200) ривояти. 15 Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари. 16 Бухорий (2276) ва Муслим (2201) ривоятлари. 17 Аҳмад (4/311), Ибн Абу Шайба (5/427), Ҳоким (4/216), Байҳақий (9/351) ривоятлари. 18 Бухорий (3005) ва Муслим (2115) ривоятлари. 19 Аҳмад (1/381), Абу Довуд (3883), Ибн Можа (3530) ва бошқалар ривояти. 20 Аҳмад (4/154), Ибн Ҳиббон (6086) 21 Аҳмад (4/256)) ва Ҳоким (4/319) ривоятлари. 22 Аҳмад (4/445) ва Ҳоким (4/216) ривояти. 23 Ибн Абу Ҳотам (12039) ривояти. 24 Ибн Абу Шайба (5/428) ривояти. 25 Бухорий ривояти. 26 Абу Довуд (3904), Насоий (Кубро: 5/323), Термизий (135) ва Ибн Можа (639) ривоятлари. 27 Муслим (2230) ривояти. 28 Абу Довуд (3905), Ибн Можа (3726), Аҳмад (1/227) ривоятлари. 29 Абу Яъло (7/4135) ривояти. 30 Абдурраззоқ (11/26), Ибн Абу Шайба (6/129) ривоятлари. 31 Ибн Жарир (8/91) ривояти. 32 Муслим (934) ривояти. 33 Бухорий (846) ва Муслим (1038) ривоятлари. 34 Бухорий (5757) ва Муслим (2220) ривоятлари. 35 Абу Довуд (3910), Термизий (1614), Ибн Можа (3538) ривоятлари. 36 Аҳмад (1/213) ривояти. 37 Аҳмад (2/220) ривояти. 38 Фаъл (фол) – Эшитган бирон яхши сўзни яхшилик белгиси деб қабул қилиш. Масалан: касал ётган одам кимнингдир «саломат» деган сўзини эшитиб, бу саломат бўп кетишимга аломат, деб қабул қилиши. 39 Абу Довуд (3919) ривояти. 40 Бухорий (5740) ва Муслим (2187) ривоятлари. 41 Бухорий (5739) ва Муслим (2197) ривоятлари. 42 Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари. 43 Аҳмад (4/436), Абу Довуд (3884) ва Термизий (2057) ривоятлари. 44 Аҳмад (5/153, 158, 177), Термизий (1987) ривояти. 45 Ибн Жарир (8/241) ривоят қилган. 46 Бухорий (6308) ва Муслим (2744) ривоятлари. 47 Бухорий (2449) ривояти. 48 Термизий (3537), Ибн Можа (4253), Аҳмад (2/132, 153) ривоятлари. 49 Бухорий (6506) ва Муслим (157) ривоятлари. 50 Термизий (3536), Насоий (1/83), Ибн Можа (4070) ва бошқалар ривояти. 51 Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари. 52 Абу Нуайм «Ҳиля»да (5/46), Байҳақий «Шуаб»да (97) ривоят қилганлар. 53 Бухорий (18) ва Муслим (1709) ривояти. 54 Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари. 55 Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари. 56 Аҳмад (1/435, 465), Таёлисий (244), Ибн Ҳиббон (6, 7) ва Ҳоким (2/318) ривоятлари. 57 Аҳмад (4/182), Термизий (2859), Ибн Жарир (1/75) ва бошқалар ривояти. 58 Ибн Можа (5) ривояти, Албоний иснодини ҳасан деган. 59 Бухорий (2697) ва Муслим (8/17) ривоятлари. 60 Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можа (42) ривоятлари. 61 Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари. |