Жума 22 Ноябрь 2024 | 20 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мен нега намоз ўқийман?! (3)

3100 марта кўрилган

Саккизинчи: Намоз сизга фақат ва фақат яхшиликни олиб келади. Ундан нафақат сиз, мусулмон биродарларингиз ҳам фойдаланадилар. Қилган гуноҳларингизни Аллоҳ кечиришини истайсизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

- Аллоҳ у сабабли гуноҳларни ўчирадиган ва даражаларни юксалтирадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?

- Ҳа, эй Росулуллоҳ, - дедилар.

Дедилар: Машаққатли ҳолларда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжидлар сари қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг иккинчи намозни кутиш. Мана шу рибот (дин йўлида ўзни боғлаш)дир[1].

Агар Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни кечирса, мусулмон биродарларингиз ҳам бундан шодланадилар. Чунки, ўзлари учун суйган нарсани сиз учун ҳам суядилар.

Албатта, намознинг фойдалари саноққа чекланишдан ё қалам билан ёзиб битиришдан кўра каттароқ. Зеро, у илоҳий амр-фармондир, Аллоҳ ўз бандаларини у билан ибодат қилишга буюрди: «Иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни барпо қилсинлар!»[2] Ва унда барча яхшиликларни етук сўз ва қисқа иборада жамлади: «Албатта намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради.»[3] Инсон ушбу доира ҳудудида намознинг фойдаларидан истаганича санаши мумкин. Гарчи барчасини тўла-тўкис ҳисоблаш имконсиз бўлса-да, лоақал айримларини ёдга олиш фойдадан холи бўлмайди.

Агар бузуқлик балосидан ўзингизни тийиб олсангиз, ҳаётингиздан уни таг-томири билан қирқиб ташласангиз, динингиз соф бўлади, нафсингиз покланади, қалбингиз тузалади, аъзоларингиз саломат бўлади, ишларингиз тўғриланади. Агар мункарни даф қилсангиз, унинг тўрларини узиб ташласангиз, жамиятингиз биносидаги ҳалокатли микробларни ўлдирган бўласиз ва шу билан динингиз, ўзингиз ва оилангиз хусусида хотиржам бўласиз.

Намоз сизга қийинчилик пайтларида мададкор ва чигалликлар ечимидир. «Сабр ва намоз билан ёрдамланингиз! Албатта у оғир ишдир. Магар хушуъ қилгувчи кишиларга (оғир эмасдир.[4])» У кундалик юмушлар машаққати ва ҳаёт ташвишларидан жисм ва мияга дам беришликдир. У мусулмонлар ўртасини мустаҳкамлашда, одамлар орасида тенглик ва барқарорлик ҳосил бўлишида, дунё матоларидан олий бўлишда, қалбни шаҳватлардан фориғ этишда, нафснинг адоват ва макр-ҳийлалардан покланишида, тилни тийиш, кўз ва қулоқни сақлашда, тавозуъ ва руҳий покликка эришишда, ҳар қандай ҳолатларда ҳам ҳуқуқ ва вожиботларни адо этишга одатланишда муҳим омилдир.

Шубҳасиз, унинг Аллоҳ буюрган услубда туриш, рукуъ ва сажда қилиш, ўтириш каби ўзига хос кўринишларидан келиб чиқувчи сиҳҳий фойдалари ҳам борки, буни кўпларимиз англамаймиз.

Илгариги мусулмонлар Аллоҳнинг буйруқларини сабаб ва оқибатларидан баҳс юритмасдан қабул қилишар, савол бермай ва изоҳ талаб қилмай адо этишарди. Лекин эндиликда қалблардаги диний эътиқодларнинг заифлашуви сабабли воъизлар ёшларни ҳаққа йўллаш мақсадида Ислом динидаги кўпчилика махфий бўлган фазилат ва хислатларни очиб бериш учун кўпроқ бош қотиришларига ва қаттиқроқ меҳнат қилишларига, уларни диний саводхонлиги саёз бўлган кишилар кўз олдига кўрга ҳасса мисоли олиб келишларига тўғри келмоқда. Бироқ, шунда ҳам ибратланадиганлар кам, шукр қиладиганлар оз.

Мусулмон биродар! Сизга насиҳатим - намоз ўқинг ва унинг вақтларига риоя қилинг. Аллоҳга қасамки, сизни ҳеч ким Аллоҳдан қутқариб ололмайди, ҳеч ким сизнинг гуноҳингизни бўйнига олмайди, сиз ҳақингизда Аллоҳ билан талашиб-тортишмайди, Унинг азобини сиздан даф қилолмайди! Мол-дунё ва бола-чақаларингиз сизга ҳаргиз асқотмайди! На обрў-эътиборингиз ва на ёшлигингиз абадий! Яқинда бу сусткашликларингизга пушаймон бўласиз, бироқ у кунда пушаймонлик фойда бермайди! Ўлим сизга кутилмаганда келади, ваҳоланки сиз ҳали ғафлатда юрган бўласиз. Шундай экан, тайёргарлигингизни кўриб олинг, ўз аҳволингизни тафаккур қилинг, ўтганлардан ибрат олинг!

Билингки, қиёмат куни банда сўраладиган энг биринчи нарса намоздир. Агар намози яхши бўлса, унинг ортидан закот, рўза, ҳаж каби амаллардан сўралади. Ва агар намози мақбул бўлмаса, бошқа ҳеч қандай яхши амалларидан сўралмайди, гарчи закот берган, рўза тутган, ҳаж қилган бўлса ҳам.

Билингки, ким фарз намозини қасддан тарк қилса, ундан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиммаси (ҳимояси) хориж бўлади.

Сиз бир вақт намоз ўқиб, бир неча вақт ўқимай юрадиган сохта мусулмонлардан бўлиб қолишдан ёхуд намозда ялқовлик билан турадиган, хўжакўрсинга намоз ўқийдиган, Аллоҳни кам ёдга оладиган мунофиқлардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг!

Шайтон сизнинг тилингизга кўпчилик сохта мусулмонлар тилига жорий қилганидек «намознинг ҳеч қандай эътибори йўқ, қалбинг пок бўлса кифоя» деган сўзларни жорий қилишидан эҳтиёт бўлинг! Ундай кимсалар намоз ўқимасам ҳам бировга озор бермаяпман, деб даъво қилишади. Аллоҳга қасамки, улар ёлғон айтишади. Аслида улар Аллоҳга, пайғамбарига ва мўминларга озор берувчи кимсалардир. «Албатта Аллоҳ ва Расулига озор етказадиган кимсаларни Аллоҳ дунё ва охиратда лаънатлади ва уларга хорловчи азобни ҳозирлаб қўйди. Мўмин ва мўминаларга бирор гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйинларига олибдилар.[5]»

Унинг маъсиятидан ҳам улканроқ озор борми Аллоҳга?! Унинг қаршилик қилишидан ҳам каттароқ озор борми Росулуллоҳга?! Динларини камситиб, уларнинг йўлидан бошқа йўлларга эргашишдан ҳам каттароқ озор борми мўминларга?!

Намоз ўқиб туриб ҳам, гуноҳ ишларга қўл ураётган кишиларни кўрсангиз, билингки, улар ҳам хатодан маъсум эмаслар, гуноҳларининг намозларига алоқаси йўқ ва сиз уларни ҳисоб-китоб қилувчи ҳам, улардан жавобгар ҳам эмассиз. Ишонинг, бир кун келиб улар ёмон йўлларидан албатта тийилишади. Сиз улардан яхшироқ бўлинг, уларга намуна, ибрат бўлинг. Намози ёмон ишлардан қайтараётган кишилардан бўлинг, намози Аллоҳдан узоқлашишнигина зиёда қилаётган кишилардан бўлиб қолманг.

Оқил бўлсангиз, намоз ўқинг. Аллоҳга қасамки, оқил инсон намозни ташламайди. Ақл ва сезгиларини ўз фойдаларига ишлатмасдан, хоҳиш-ҳаволарига ва шайтонларига эргашиб кетаётган кишилардан бўлиб қолишдан ҳазир бўлинг. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ундайларнинг ғофил кимсалар эканини хабар бериб, шундай мазаммат қилади: «Уларнинг англамайдиган қалблари, кўрмайдиган кўзлари ва эшитмайдиган қулоқлари бор. Улар ҳайвонлар каби, балки ундан-да адашувчироқлар. Ана ўшалар ҳақиқий ғофиллардир.[6]»

Озод ва мукаррам бўлсангиз, намоз ўқинг. Гумроҳларга тақлид қилманг ва ҳалокат сари бораётган кишиларнинг кўплигидан алданманг.

Агар яхшиликни эсда тутадиган, неъматга шукр қиладиган кишилардан бўлсангиз, намоз ўқинг.

Исломингизда содиқ бўлсангиз, намоз ўқинг. Амалларингиз сўзингизга зид бўлиб қолмасинки, у ҳолда мунофиқлардан бўлиб қоласиз.

Ўз жонингизни эртанги аламли азоблардан қутқаришни истасангиз, намоз ўқинг. Қайсарлик билан гуноҳларингизда давом этишдан сақланинг. Акс ҳолда, шайтон бутунлай бўйнингизга миниб олади ва Аллоҳнинг зикрини унуттиради, оқибатда зиёнкорлардан бўлиб қоласиз.

Ота-онангизга яхшилик истасангиз, намоз ўқинг. Зеро, Аллоҳ сизнинг улар ҳақларига қилган дуо ва истиғфорларингизни қабул қилади.

Фарзандларингизни севсангиз, намоз ўқинг ва уларга яхши намуна бўлинг. Ўзингиз Исломга амал қилмасангиз, болаларингиз қандай қилиб Исломда улғайсинлар?! Уларни севсангиз, эртага кўз ўнгингизда ўтга улоқтирилишларига рози бўласизми?

Рафиқангизга вафодор бўлсангиз, унга яхшилик истасангиз, офиятли бўлишини орзу қилсангиз, намоз ўқинг. Сиз намоз ўқимасангиз-у, унинг намоз ўқиётган бўлишини ўйлаб кўринг. У солиҳа ва тақводор бўлиб, сиз эса бадбахт ва фожир бўлишингиз сиз учун шарафми?! Модомики, ота-онангиз ва фарзандларингизга вафодор бўлмасангиз, аёлингиз сизнинг вафоингизга қандай ишонсин?!

Ватанингизга мухлис бўлсангиз, намоз ўқинг. Зеро, дини учун яхшилиги бўлмаган кишининг ватанига ҳам яхшилиги бўлмайди. Одамлар Аллоҳга осий бўлсалар ва неъматларига нонкўрлик қилсалар-у, Аллоҳ қандай уларнинг ватанларини асрасин?! Ахир намозни тарк қилишлари ва фаҳшу-мункар ишларга муккасидан кетишлари оқибатида мусулмонлар юртларига яҳудлар ҳоким бўлмадими?!

Аллоҳ таолога муҳаббатингиз бўлса, намоз ўқинг. Ошиқ ўз маҳбубига роз айтиши билан лаззатланади. Намозингиз дилрозингизнинг бир қисми бўлсин.

Улуғ Аллоҳдан қўрқувчи бўлсангиз, намоз ўқинг. Чунки, у зот намоз ўқимаган кишиларни дўзахга солиш билан таҳдид қилган. Сиз, эй бечора, қуёшнинг иссиғига чидаёлмайсиз-у, дўзах оташига қандай бардош берасиз?! Дунё ўти охират оташининг 70дан бир бўлагига тенг. Дўзах ўти қоп-қоронғи зулмат ичида бўлиб, унга улоқтирилган инсон 70 йилда қаърига етиб боради.

Эй дўстим, қиёмат куни сиз ҳақингизда: Сен жиноятчилардансан, чунки сен намоз ўқигувчилардан бўлмадинг, деб айтилиши сизни хурсанд қиладими?! Интиқом олувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло тошбағир фаришталарига хитобан: «Уни ушлаб, кишанланг! Сўнг жаҳаннамга улоқтиринг! Сўнг узунлиги етмиш газ бўлган занжир билан занжирбанд этинг![7]» деб амр этиши сизни қувонтирадими?!

Намозни тарк қилиш гуноҳ эканини била туриб, нега ўқимайсиз?! Ё қўлингизда Аллоҳ таборака ва таоло тарафидан гуноҳларингиз кечирилгани хусусида васиқа борми? Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарига берган ушбу кўрсатмасини эшитмаганмисиз: «Айтинг (эй Муҳаммад): Албатта мен агар Раббимга осий бўлсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман.[8]» Сиз улуғроқмисиз ёки Аллоҳнинг Расулими? Агар назарингизда, Расули улуғроқ бўлсалар, аслида ҳам шундай, у зот Раб таолодан қўрқсалар-у, сиз қандай қўрқмайсиз?

Бирор милиция ходими агар сизга таҳдид қилса, унинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўласиз. Агар ҳоким таҳдид қилса, қўрққанингиздан тинчингиз йўқолади. Агар давлат бошлиғи таҳдид қилса, дағ-дағ титраб, ўзингизни қўйгани жой тополмасдан типирчилаб қоласиз. Энди Интиқом олувчи, Жаббор Зот сизга таҳдид қилганида ҳолингиз не кечади? Қаёққа қочасиз? У зотдан сизни ким ҳимоя қила олади?

Дўзахнинг рўбарўсида турганингизда йиғи-зорларингиз-у, пушаймон бўлишларингиз сизни ундан қутқариб қола оладими? Агар намоз ўқимасангиз, охиратингиз учун нимани захира қилмоқчисиз? Намоз ўқишдан сизга нима зиён етади? Сизга жаннат ичра бахтиёрлар даврасида бўлиш ёқадими ёки дўзахда бадбахт кимсалар орасида бўлишми?

Намоз ўқинг, сиз Аллоҳ азза ва жалладан ҳаргиз беҳожат эмассиз. Осон кунларингизда у зотни танинг, қийин кунларингизда сизни танийди.

Намоз ўқинг. Ўзини Исломга нисбатлайдиган, бироқ Ислом ундан безор бўлган қаллоб мусулмонлардан бўлиб қолманг! Исломни бузиш ва вайрон этиш қуролига айланиб қолишдан ҳазир бўлинг! Исломингиз билан шоир айтганидек фахрланинг:

Ўзгалар агар Қайсу, Тамимла фахр этсалар,

Менинг отам Ислом, бас, ўзга насаб не даркор?!

Намоз ўқинг, покиза мусулмон биродарларингизга совут бўласиз, уларнинг саноғини кўпайтирасиз, билакларига қувват бўласиз, душманларини янчасиз, мунофиқларнинг саноғини камайтирасиз.

Намоз ўқинг, Раҳмонни рози қиласиз, шайтонни ғазаблантирасиз ва маккорлар макрини даф қиласиз.

Намоз ўқинг, намоз залолат ва ноҳақлик зулматларини аритувчи, қалбга ҳидоят ва ҳақни олиб кирувчи, қабрингиз зулматини ёритувчи, қиёмат куни пешонангизда зиё бўлиб порловчи нурдир.

Намоз ўқинг, намоз гуноҳлардан тийилишингизда энг катта омилдир, шайтон ва нафс хоҳишлари учун энг қаттиқ кишандир.

Намоз ўқинг, ҳисоб бериш қийин, ҳисоб қилувчи энг қудратли зотдир. Билингки, ҳайвонлар қиёмат кунида одамлар учун тайёрлаб қўйилган азобу, даҳшатларни кўриб: Эй одам болалари, бизни сизлар каби қилмаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, биз жаннатни ҳам орзу қилмаймиз, азобдан ҳам қўрқмаймиз, дейишади. Кофир-мужрим у кунда «тупроққа айланиб кетсам кошки эди» деб қолади.

Ва ниҳоят, намоз ўқинг, эй мусулмон биродарим. Мен ҳам намоз ўқийман ва модомики, диндош биродарим экансиз, ўзим учун умид қилган яхшиликни сиз учун ҳам умид қиламан.

Аллоҳ таолонинг: «Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза қилингиз ва Аллоҳга итоатли бўлган ҳолда турингиз[9]» деган сўзларига итоат қилиб ва маҳшарда кофирлар жамоси ичида туришдан қўрқиб, намоз ўқинг! Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан улар ўртасидаги фарқ намоздир. Ким уни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди[10]» деганлар.

Намоз ўқинг! Якка-ягона бўлган Аллоҳга қасамки, мен сизга холис насиҳат қилувчиларданман. Аллоҳ мени ҳам, сизни ҳам сўзларни эшитиб, энг яхшиларига эргашадиганлардан қилсин.

Саййидимиз ва набийимиз Муҳаммадга, у зотнинг оила ва асҳобларига Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин, оламлар тарбияткунандаси бўлган Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин.

[1] Саҳиҳул Муслим. Ҳадис №369

[2] “Иброҳим” сураси 31-оят.

[3] “Анкабут” сураси 45-оят.­

[4] “Бақара” сураси 45-оят.

[5] “Аҳзоб” сураси 57, 58 - оятлар.

[6] “Аъроф” сураси 179 - оят.

[7] “Ал-ҳаққо” сураси 30, 31, 32 - оятлар.

[8] “Анъом” сураси 15 - оят.

[9] “Бақара” сураси 238-оят.

[10] Термизий, ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари.