Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мен нега намоз ўқийман?! (2)

3553 марта кўрилган

Учинчи: Намоз — фуқароларига ўз фикрларини мажбурлаб ўтказадиган золим ва диктатор ҳокимнинг сиёсий тартиб-қоидаси эмас. Балки, намоз инсон ўзи қаноатланиб ва рози бўлиб, ҳеч қандай зўрлов ва мажбурловсиз қабул қилган диннинг ҳаётдаги татбиқидир. Динда эса мажбурлаш йўқдир. Намоз шароитлар ўзгариши билан ўзгариб турадиган ёки ҳокимларнинг фикрларига тобе бўладиган сиёсий қоида эмас. У бугун биринчи кўриниши ёзилиб, эртага якуний мунозарага қўйиладиган, индинга эса қайта тузатиш киритиладиган, сўнг фавқулодда вазиятлар туфайли бутунлай қайта кўриб чиқиладиган ёхуд тасдиқлаш комиссияси аъзоларининг сони етарли бўлмагунича ижроси кечиктириладиган ёки мамлакатдаги олий ҳокимият эгасининг тасдиғидан ўтмагунича ортга суриб туриладиган қонун эмас. Намоз Ислом арконларидан бир рукн, балки у Исломдаги икки шаҳодат калимасидан кейинги энг катта рукндир.

Мусулмон биродар! Модомики, бу динни қабул қилишга сизни ҳеч ким мажбурламаган экан, ўзингиз уни очиқ кўнгил ила ихтиёр этган экансиз, энди унинг ҳукмларини тўла суратда адо этишингиз шарт. Ҳар қандай мамлакат фуқароси ўша мамлакат қонунларини татбиқ этиши керак, шундай эмасми? Агар буни истамаса, икки йўлдан бирини танлаши: ё ўзи истамаган ҳолда уни мажбуран татбиқ этиши ё эса фуқароликдан воз кечиб, мамлакатни тарк этиши лозим.

Бошқа бир мисол келтирай: Кўрамизки, светофорнинг қизил чироғи ўнлаб, балки юзлаб автоуловларни тўхтаб туришга мажбур этади, ҳайдовчи ҳар қанча мартабали шахс бўлмасин, ундан ўтиб кетишга ҳақли бўлмайди. Одамларга нима бўлганки, қизил чироқ ишорасига қарши чиқишга ботинишмайди-ю, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрларига қарши чиқишга журъат этишади, гуноҳ ва мункар ишларга қадам қўйишади, У зот чизиб берган чегараларни бузишади?! Бу уларнинг ақллари комиллигига далилми ё ноқислигигами?! Ўзингиз инсоф билан ҳукм чиқараверинг!

Тўртинчи: Намоз шахсий эркинликни чеклаш эмас ва у ҳеч кимни ўз шахсий эркинлигини рўёбга чиқаришига тўсқинлик қилмайди. Ер юзидаги барча жамият аҳллари ўзларининг ўрмонларда яшовчи ҳайвонлар каби эмасликларига, балки уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқ ва эрклари бор эканига иттифоқ қилганлар. Яна шунга ҳам келишиб олганларки, уларнинг эркинликлари эътиқод, сўз ва иш борасида мутлақ ва шу билан бирга умумий тартиб-қоидалар ва бошқарувчи қонунлар билан чеклаб қўйилган. Зеро, шу чеклов бўлмаса жамият тартибланмаган, халқлар вужудга келмаган, ишлар ўзаро фойдали алоқалар асосида барпо бўлмаган бўлур эди.

Кўнгилларига нима келса шуни қиладиган, кўчаларда дайди итлар мисоли яшаб юрадиган кимсалар ҳам ҳукумат фармонларига ёки қонун бандларига қарши чиқа олмайди. Ҳатто, ўрмонлардаги ҳайвонларнинг ҳам ўзлари бўйсунадиган қонунлари бўлади. Ҳайвоншунос олимлардан бирортасидан сўраб кўрсангиз, сўзимнинг ҳақлигига амин бўласиз. Битта уядаги асалариларнинг қандай тартиб-интизом билан ишлашларини ё нон ушоғини тортиб кетаётган чумолига шериклари қандай ёрдам беришларини ўз кўзингиз билан кўрган бўлсангиз керак.

Эй мусулмон! Сиз хос ишларингизда, яъни ейиш, ичиш, ухлаш, бедор бўлиш, муқим ёки мусофир бўлиш, олиш, сотиш ишларингизда эркинсиз, бу эркинлик эса илоҳий низом билан иҳота қилинган, шариат ҳудуди билан чекланган. Ишларингиздан чекиниб, бир неча дақиқа масжидда ўтиришингиз ва унда яна ғайрат, фаолиятингизни тиклашингиз ҳам сизнинг эркингиздандир. Сўнг бир илоҳий мадад билан руҳланиб, янгиланиб масжиддан чиқасиз ва ишларингизни давом эттирасиз.

Шунингдек, дунё ва охиратингиз бахт-саодати сабабларини сизга муҳайё қилиб қўйган илоҳий низомга боғлиқ бўлиш ҳам сизнинг эркингиздандир.

Модомики, Аллоҳнинг қудрати сиз билан бирга, сизни ҳимоя ва мудофаа қилаётган экан, ердаги қандайдир кучга тобе бўлмаслигингиз ҳам сизнинг эркингиздандир.

Яхши кўрган ишингизни қилишингиз, истаган нарсангизни гапиришингиз, ўзингизга ёққан нарсани ёзишингиз, қизиққан нарсангизни сотиб олишингиз ҳам эркингиздан. Фақат шарти шуки, ҳаддингиздан ошмаслигингиз керак. Чунки чегарадан чиқиш билан ўзгаларнинг эркини поймол қилишингиз мумкин. Ўзингиз ҳам ҳаққингиз поймол қилинишини истамайсиз-ку! Бинобарин Ислом ҳам ушбуни ҳаром қилган, башарий тартиб-қоидалар ҳам буни ман этади.

Бешинчи: Намоз кундалик ҳаёт юмушлари каби хоҳлаган қилиб, савоб топмайдиган, хоҳламаган қилмай, гуноҳкор бўлмайдиган ихтиёрий-мубоҳ иш эмас. Балки у лозим ва лобуд бўлган бир амалдир. Унинг ўз белгиланган вақти, ўзига хос ҳайъати, алоҳида услуби бор. Ракъатлари сонини орттириб ёки камайтириш билан уни ўзгартиришга, вақтидан илгари ё кечиктириб ўқишга ҳақли бўлмайсиз. У худди қулоққа эмас, оғизга солиниши керак бўлган луқма кабидир ва ёки ўпкага товондан эмас, оғиз ё бурундан кирадиган ҳаво кабидир. Агар юрагингизнинг қисилиб-зўрайиши ёҳуд ўпкангизнинг кенгайиб-торайиши сизнинг аралашувингиз ва фикрингиз билан бўлган бўлса, майли, унда намоз ҳақида ҳам фикр билдираверинг.

Намоз ҳам ҳар куни ишга қатнайдиган ишчи-хизматчининг ўз ишини бажариши ёки савдогарнинг кундалик олди-сотдиси кабидир. Агар давомий ишласангиз, ишни кўзини билсангиз, ой охирида маошга эга бўласиз ёки савдогар бўлсангиз чўнтагингиз фойдага тўлади. Аксинча, ишга бепарво қарасангиз, вақтида бормасангиз, маошингиз ҳам шунга қараб бўлади, ўзингиз умид қилган фойдадан ҳам қуруқ қоласиз.

Аксарият ҳолларда одамлар ихтиёрий ишларда ҳам худди мажбурий ишларда бўлганидек жавобгарликка тортилишади. Мисол учун, туннинг қоқ ярмида радио эшитгингиз келиб, унинг мурватини охиригача бурасангиз ёки ўзингиз бор овозда куйлай бошласангиз, ўша заҳоти қўшнилар безовта бўлиб, норозилик билдиришади. Эшигингизни тақиллатиб, радиони пастлатишни ёки овозингизни ўчиришни талаб қилишади. Агар қулоқ солмасангиз, охир-оқибат жазога тортилишингиз аниқ. Хўш, ахир радио тинглаш ихтиёрий иш эмасмиди, қачон хоҳласангиз ва қандай хоҳласангиз шундай эшитишга ҳаққингиз йўқмиди? Унда нега эркингиз чекланди?

Жавоб шуки, сиз хос қонун ёки умумий тартиб-қоида билан чеклаб қўйилгансизки, ундан тажовуз қилиш мумкин эмас. Шундай экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Унинг улуҳиятига ва рубубиятига иймон келтирган, Унинг дини ва шариатини ихтиёрий равишда қабул қилган бандаларига фарз қилган нарсалар хусусида нима дейсиз?! Хўш, улар У зотга ибодат қилишда ва намоз ўқишда эрклимилар ёки Унинг буйруқларига муқайяд ва фармонларини ижро этишга мажбурмилар?

Олтинчи: Ҳа, намоз ғоят зарурий эҳтиёждир. Инсон ҳаёти учун емоқ-ичмоқ қанчалик зарурат бўлса, намоз ҳам шунчалик заруратдир. Чунки, емоқ-ичмоқ жисмнинг тиргаки ва ҳаёт моддаси бўлса, намоз руҳнинг тиргаки ва осойишталик моддасидир. У ўз соҳибини бемаъни ишлардан юксалтиради, натижада намоз ўқувчи киши намозида Рабби ҳузурида қандай тўғрилик билан турган бўлса, қолган ишларида ҳам шундай тўғриланади.

Намоз иймон билан куфр ўртасини ажратиб турувчи айирмадир. Ҳадиси шарифда ворид бўлганки: «Куфр ва иймон ўртасидаги нарса намозни тарк қилишдир[1]

Исломнинг буйруқларига зид ишларни қилиб юрувчи сохта мусулмонлардан Исломга нима наф? Улар оиласига оқ бўлган фарзанд каби эмасмики, фақат насаб жиҳатидан боғлиқликлари бор-у, лекин уларнинг йўлини тутмайди? Ўзига яхшилик истамаган кишидан яхшилик кутиш мумкинми?!

Биз мусулмонлар сон жиҳатидан юз миллионлар билан ўлчанамиз, бироқ солиҳ кишиларнинг сони бир неча ўнлардан ошмайди. Душманни ер тишлатадиган бир дона ҳақиқий ўқ бир уюм ичи бўш патронлардан яхши эмасми? Ўртасида устуни бўлмаган чодирни мингта қозиқ тутиб тура оладими? Исломнинг устуни эса намоздир.

Намоз инсон учун ғоят зарурий эҳтиёждир. Зеро, у инсон ахлоқини поклайди, табиатини жилвирлайди, уни фасод ва тойилишлардан тўсиб қолади, бузуқ ва мункар ишлардан қайтаради. Бир оздан кейин Рабби ҳузурида қўл қовуштириб туришини, агар қалби, нафси ва аъзолари пок бўлмаса, бу вуқуфи ундан қабул қилинмаслигини билган инсон қандай қилиб гуноҳга қўл уриши мумкин?! Ахир жуда кўпчилик мусулмонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Маст ҳолларингизда намозга яқин келманглар[2]» ояти нозил бўлгач, маст қилувчи ичимликдан бутунлай тийилган эмасмидилар?! Қандай ҳам тийилмасинлар, ахир маст ҳолатда намозга яқинлашиш ман қилинган бўлса, намоз эса кунда беш маҳал такрорланувчи ибодат бўлса, намоздан ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида муножот қилиб туришдан маҳрум бўлиш қўрқуви уларни ичкиликдан бутунлай воз кечишга ундади.

Дўстим, худди шифокор беморнинг ҳароратини вақти-вақти билан ўлчаб турганидек, намоз ҳам инсоннинг икки намоз оралиғидаги амалларини ўлчаб турувчи ўлчов асбоби мисолидадир. Агар амаллари солиҳ бўлса: «маҳкам бўл ва олға бос» деб айтади, бошқача бўлса: «қайт ва тўғрилан» дейди.

Муаззин: «Аллоҳу акбар» деб нидо қилса, мўмин киши дарҳол сергакланади ва албатта Аллоҳ ҳамма нарсадан буюк эканини идрок қилган ҳолда дунё ишларидан суғурилиб, Аллоҳнинг нидо қилувчисига «лаббай» деб жавоб беради.

Аниқ ишонаверинг, намоз ўқийдиган инсондан, гарчи кўп ишларида қинғирликлар бўлган тақдирда ҳам, яхшилик ва тўғриланишини умид қилса бўлади, бир кун келиб намози уни бу нотўғри ишларидан қайтаради. Чунки, у намозида Қуръон ўқийди ва ҳар қанча ғофиллик билан ўқиётган бўлса-да, ўқиётган оятларининг маъносини тадаббур қиладиган лаҳзалар албатта келади ва қалб торлари титраб, унга яхшилик эшиклари очилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу ояти ҳам шу маънодаки: «Албатта намоз бузуқ ва мункар ишлардан қайтаради.[3]» Аммо, кимки намоз ўқимаса, Қуръон ҳам ўқимайди ва ундан фойдалана олмайди, гуноҳларга ботиб, гумроҳлик ичида қолиб кетаверади.

Еттинчи: Аллоҳ таборака ва таоло бизнинг намозимизга муҳтож эмас. Балки биз У зотга ибодат қилишга муҳтожмиз. У зот халқдан беҳожат ва барча халқ Унга муҳтож: «Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсиз, Аллоҳ эса беҳожат ва мақтовга сазовор зотдир. Агар истаса, сизларни кетказади ва янги бир халқни келтиради. Бу Аллоҳга қийин эмасдир.[4]»

У зот инсон фарзандини яланғоч, ялангоёқ, ҳеч вақосиз, ошни тошдан фарқлаёлмайдиган, фойда-зарарни ажратолмайдиган ақлсиз бир ҳолда дунёга келтирди. Ўзи унга ризқ берди, қувватга киргизди, соғлик, ақл, мол-дунё ато этди, еру-осмонлардаги нарсаларни унга бўйсундирди, унга неъматларини ошкору-махфий ҳолда ёғдирди. Шунча катта марҳаматлардан кейин ҳам барча мулклар молики, еру-осмон хазиналари қўлида бўлган зот бизнинг намозимизга муҳтож, деб ўйлайсизми?

Йўқ, балки бизнинг намозимиз У зотга бўлган муҳаббатимизнинг, фазлу-марҳаматларини тан олганимизнинг, неъматларига шукр қилганимизнинг ошкора эълонидир.

Аслида, ўша намозга беэътибор бўлаётган кимсаларга ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга берганича ва ҳатто зиёдароқ неъматларни бериб қўйган. Бироқ, биз фазлу-марҳаматни тан олдик, улар эса инкор қилмоқдалар. Гўдаклик пайтларини, ҳеч нарсага молик бўлмаган кунларини унутдилар. Ўлимдан, жамлаган мол-дунёларини меросхўрларига қолдириб кетадиган кундан ғофил бўлдилар. Йиққан нарсаларининг ҳузурини бошқалар кўради, ҳисобини эса ўзлари беришади. Аллоҳга журъат қилиб, такаббурлик билан ибодатидан юз ўгиришди, яқин кунда бунинг жазосига йўлиқишади. «Албатта менга ибодат этишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар.[5]»

Эй намозни тарк қилувчи инсон, диндан беҳожат эсангиз, нега мусулмонлик даъвосини қиласиз?! Агар Исломга ишонсангиз, нега намоз ўқимайсиз?! Сизни Аллоҳдан қўрқадиган диндор дейишларини ёқтирмайсизми? Аллоҳга қарши чиқувчи фосиқ аталишни маъқул кўрасизми? Нега бошлиқларингиз фармонларига итоат этасиз-у, Аллоҳнинг амр-фармонларига осий бўласиз? Сизнингча, бошлиқларнинг қадр-қиммати Аллоҳникидан юқорими? Аллоҳ Энг олий ва Энг улуғ зот!

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Ҳусойн ибн Убайд келиб, у зотни Қурайш мушрикларига қарши чиқишда, уларни ахмоқ санаб, илоҳларини сўкканликда айблаб тергади. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ҳужжатни барпо қилдилар, ҳақ сўзлари ила ботилини кетказдилар. Охир-оқибат бўйин эгиб, иймон келтирди, ваҳоланки илгари қалби тошдан қаттиқ эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:

- Эй Ҳусойн, сен нечта илоҳга сиғинасан?

Ҳусойн деди: - Ердаги еттитага ва осмондаги биттага.

- Агар сенга бирор мусибат етса қайсинисига дуо қиласан?

- Осмондагисига.

- Агар молингга талафот етса кимга дуо қиласан?

- Осмондагисига.

- Унинг бир ўзи ижобат қилади-ю, сен унга бошқаларни шерик қиласанми? Эй Ҳусойн, Исломга кир, саломат қоласан.

Мен ҳам сизга айтаман, эй намоз ўқимовчи ва эй сизни кузатиб турган Зотдан ва сизни кутаётган оқибатдан ғофил мусулмон: намоз ўқинг, Аллоҳнинг қаттиқ азобидан саломат қоласиз. Мусибат келганда Аллоҳга дуо қилиб, яхши кунларда У зотни унутиш сиз учун айбдир, айб!

[1] Сунан ат-Термизий. Ҳадис №2543.

[2]“Нисо” сураси 43 - оят.

[3] “Анкабут” сураси 45 - оят.

[4] "Фотир" сураси, 15,17-оятлар.

[5] "Ғофир" сураси, 60-оят.