Якшанба 22 Декабрь 2024 | 20 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зулматларни ёритувчи чироқлар (2)

3226 марта кўрилган

Биринчи зулмат (дунёга муҳаббат қўйиш)ни ёритувчи чироқ тақво

Дунёга муҳаббат қўйиш, уни охиратдан афзал деб билиш сабабли вужудга келган ва бир куни бу дунёнинг эллик минг йилига баробар келадиган маҳшаргоҳда – миллион-миллион халқлар жамланадиган охират кунида ҳақиқий зулматга айланиб, ўша куни нурсиз қолишга сабаб бўладиган бу қоронғи-зулмат (яъни, дунёга муҳаббат қўйишдан пайдо бўлган зулмат)ни фақатгина "Тақво"дан зиё олган мунаввар чирроққина тарқатиб юбора олади.

Тақвонинг луғавий маъноси: "сақланиш, эҳтиёткорлик, ҳимояланиш, ўзни сақлай билишдир".

Унинг шариатдаги маъноси эса: "Инсон Қиёмат куни ўзига зарар бўладиган нарсалардан қаттиқ сақланишидир". Яна бир маъноси: "Инсон ўзини Аллоҳнинг ризоси ва савобига етказадиган фармонларни бажариб, ўзига Аллоҳнинг азоби ва иқобини олиб келадиган манҳий (ман қилинган) ишлардан узоқ бўлмоғидир"

Тақвонинг арконлари

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу тақво учун тўрт аркон (устун)ни зикр қилганлар. Қалбларда дунёга муҳаббат қўйишдан вужудга келган қоронғи-зулматни мана шу тўрт аркон билан мустаҳкамланган тақвогина тарқатиб юбора олади. У зот розияллоҳу анҳу айтадилар:

"Тақво;

1—Жалил Зот Аллоҳдан қўрқиш,

2—Танзил (Қуръон)га амал қилиш,

3—Қалил (оз)га қаноатланиш

4—Раҳил (яъни, фоний дунёдан охиратга кўчиш-ўлим) кунига тайёргарлик кўришдир". Мана шу тўрт иш тақвонинг арконларидир. Агар кишининг тақвосида мана шу тўрт арконнинг бирортаси кам бўлиб қолса, унинг қалбидаги дунё муҳаббатидан пайдо бўлган зулматни буткул кетказа олмайди. Яъни, ундаги тақво бу қоронғи-зулматни бартараф қилишда заифлик қилади.

Инсон Аллоҳ таолодан, Унинг ҳисоб-китобидан ва содир этилган гуноҳларга аввало шу дунёнинг ўзидаёқ, кейин қабрида сўнгра эса, охиратда берилажак жазо – азобдан қўрқадиган бўлса, бу қўрқув уни барча ҳаром ва шубҳали ишлардан ва унинг Аллоҳ таолога яқинлашишга монеълик қиладиган ҳамда қимматли вақтларини беҳуда зое қилиб юборадиган барча ўйин-кулги, зеб-зийнатлардан ўзини узоқ тутадиган қилиб кўяди. Бу қўрқув уни Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ бўлишга ва оз нарсага қаноатланишга ундайди. Бу қўрқув уни умрини чиркин мол-дунё ва бир неча кунлик мансаб учун сарфлаб юборишга йўл қўймайди. Инсон агар мана шу қўрқувга эга бўлса, Аллоҳ таоло талаб қилганидек ҳаёт кечиришга ҳаракат қилади. Ўлимдан кейин бошланажак ҳақиқий ҳаётга тайёргарлик кўра бошлайди. Бир сўз билан айтганда у инсон ҳаёти дунёга муҳаббат қўйиш сабабли вужудга келадиган қоронғи-зулматни тарқатиб, йўқ қилиб юборадиган кучли тақвога эга бўлади.

Тақво кучайишининг бош сабаби

Тақво ўзинг тўрт аркони билан биргаликда, инсон ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб(тергаб) туриши билангина кучли бўлади. Чунки, инсоннинг нафси ёмонликка буюрувчидир. У ўз нафсидан хабардор бўлиб турмаса, нафси уни албатта "Тўғри Йўл"дан четга буриб юборади. Тўғри Йўлдан адашган киши зулматни ёритувчи тақвога асло эга бўла олмайди ва у дунёга муҳаббат қўйиш оқибатида вужудга келган қоронғи зулмат ичида йўл топа олмай қолиб кетади.

Шунинг учун ҳам улуғ тобиин Маймун ибн Миҳрон ўз ўзини ҳисоб китоб-қилмаган, нафсидан бехабар шахсни тақволи кишилар сирасига қўшмадилар. У зот раҳимаҳуллоҳу айтадилар: "Киши ўз нафсини тижоратдаги шеригини ҳисоб-китоб қилишидан кўра қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилмаса ҳамда еб-ичиши, уст-боши ҳаром ёки ҳалолдан келаётганини аниқ билмаса, тақволи кишилар қаторига асло кира олмайди". (Сифатуссофва: 4/194)

Демак, инсон ўз нафсидан хабардор бўлиб турса у кучли, нуроний тақвога эга бўлади. Унинг қалбига дунё муҳаббатининг зулмати соя солган пайтда мана шу тақво билан уни бартараф қилишга муваффақ бўлади.

Гуноҳ қилмоқ зулмат ва унинг чироғи тавбадир
Иккинчи зулмат – гуноҳ зулмати

Гоҳида гуноҳ иш фойдали меҳнат, чиройли машғулот бўлиб кўринади. Бироқ, аслида у ўз соҳибини ўраб олган зулматдир. Гуноҳкор шахс буни ўзи ҳам яхши ҳис қилиб туради. Чунки, унинг ёмонликка фармон қилувчи нафси ношаръий ишга чорлаган пайтда гуноҳнинг зулмати унинг чор атрофидан қоплаб келаётгани, у мана шу гуноҳ сабабли ҳақиқий бахт-саодатдан маҳрум бўлиб қолаётганини яхши билиб туради. У атрофдагиларга ўзини ҳар қанча бахтли, ҳар-қанча хурсанд қилиб кўрсатишга уринмасин бари-бир ўзини гуноҳнинг тубсиз зулматида қолиб кетаётганини жуда яхши сезиб туради. Ҳатто унинг қалбини қоплаб олган гуноҳнинг зулмати унинг юзида ҳам зоҳир бўлиб, озгина фаросатли киши билиб оладиган даражада сезилиб туради.

Имом Ибн ал-Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг "Алжавабул-кафий" номли китобларида гуноҳкорлик ва гуноҳ ишларнинг асарлари нималардан иборат эканини баён қилар эканлар, қалбни зулмат қоплаб қолишини ҳам шулар жумласига киритдилар. У киши айтадилар: «…Гуноҳнинг салбий таъсирларидан яна бири; гуноҳкор шахс гуноҳнинг зулмати унинг қалбини қоплаб олганини аниқ билиб, худди қоронғи тушганини ҳис қилгани каби ҳис этиб туришидир. Зеро, қоронғи кечанинг зулмати кўзнинг кўришига монелик қилганидек, гуноҳнинг зулмати қалбнинг ҳақиқат нуридан баҳра олишига монеълик қилади. Чунки, тоат-ибдат нур, маъсият эса, қоп-қоронғи зулматдир. Унинг зулмати ортгани сари кишининг ушбу зулматдаги ҳайрати ортиб бораверади. Натижада ўзи сезмаган ҳолда бидъат-хурофот ва ҳалок қилувчи амалларга тушиб қолади. У бамисоли қоронғи кечада ёлғиз қолган аъмо киши каби бўлиб қолади. Бориб-бориб ушбу зулмат кучайгандан кучайиб, аввал унинг кўзига, сўнгра юзига таъсир қилади. Ҳатто унинг юзига ғолиб келган қоралик ҳаммага ошкор кўринадиган бўлиб қолади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ҳасана (чиройли амал)да юзга нур, қалбга зиё, ризқ-рўзга фаровонлик, баданга қувват ва одамлар қалбида ҳосил бўладиган муҳаббат бордир. Саййиа (ёмон амал)да эса, юзга қоралик, қалбга зулмат, танга заифлик, ризқи-рўзга танглик ва одамлар қалбида пайдо бўладиган буғзу-адоват мавжуддир"». (Алжавабул-кафий)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганлари, гуноҳнинг зулмати сабабли қалбда пайдо бўладиган иллатларнинг ҳаммаси эмас, буларни у зот мисол тариқасида келтирдилар. Улуғ саҳобалардан яна бирлари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳам, гуноҳнинг зулмати сабабли вужудга келадиган бошқа бир мудҳиш нарса – ҳосил қилинган илимни эсдан чиқариш ҳақида хабар бериб шундай дейдилар: "Мен, кишининг таълим олиб ўрганган билимини унитиб юборишига ўзининг қилиб қўйган хато (гуноҳ) иши сабабдир деб, ҳисоблайман". (“Аззуҳд” Имом Аҳмад)

Ушбу зулмат гуноҳкор шахснинг қалбида кучайиб бораверади. Агар уни бартараф қилишга ҳаракат қилмаса, охир-оқибат, ҳозиргина айтиб ўтилган Ибнул Қаййимнинг сўзларидаги каби, унинг қоралиги юзида ҳам зоҳир бўлиб, кўриниб қолади. Ушбу маънони улуғ зоҳид, тобиин Сулаймон ибн Тархон ат-Таймий ҳам таъкидлаганлар: "Албатта инсон бир гуноҳни қилса, унинг юзида гуноҳнинг касофати ошкор бўлади".

Гуноҳкор шахснинг юзида зоҳир бўлган бу касофат, унинг қалбида гуноҳ сабабли вужудга келган қоронғи-зулматдан пайдо бўлгандир. Бу зулматни эса, унинг қалбидан фақатгина, тавбанинг нурли чироғигина кетказа олади.

Иккинчи чироқ – тавбанинг чироғи

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаммани – ҳатто холис мўминларни ҳам, ушбу чироқ (тавба чироғи)ни ёқишга амр этади. Чунки, нажот сабаблари тавба чироғини ёқиб, унинг нури билан зулматда қолган қалбларни мунаввар этишда экани маълум ва машҳурдир. Аллоҳ таоло айтади: «...Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар». (Нур: 31) Аллоҳ таоло ушбу оятда нажотни яъни, охиратда қозонилажак ғалабани тавбага боғлиқ қилиб қўйди. Аллоҳ таоло мақбул бўлажак тавба насух – холис бўлиши кераклигини баён қилиб айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар...» (Таҳрим: 8)

Демак насух – холис тавба барчамизга лозим амал экан. Барча гуноҳлари мағфират этилган, маъсум зот пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар куни тавба ва истиғфорлар қилишларини баён қилиб айтадилар: "Аллоҳга касамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтиб, унга тавба қиламан". (Имом Бухорий ривоятлари). Имом Муслимнинг ривоятларида эса: "Албатта, мен бир кунда юз марта тавба қиламан", деб – айтганлар. Демак, гуноҳлари мағфират этилган, инсонларнинг энг афзали Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу даражада тавба ва истиғфорлар қилиб турганларида ҳамда Аллоҳ таоло Ўзининг китобида мўминларни холис тавба қилишга фармон қилиб турганда гуноҳ амални қилиб, унинг қоронғи-зулматига тушиб қолган шахслар тавбанинг нурли чироғига бошқалардан кўра кўпроқ муҳтож эканликлари маълум бўлади. Чунки, ушбу чироқ уларнинг қалбларини забт этиб олган гуноҳнинг зулматини тор-мор этиб, уни илоҳий таълимотни қабул қилишга ва бутун аъзолари билан солиҳ амалларни сидқи дилдан бажаришга шай қилиб кўяди.

Ушбу чироқнинг нури ўчиб қолмаслиги учун уни ўз вақтида ёнилғи билан таъминлаб туриш лозим. Бу таъминлаш эса, талаби илм ва сабр қилиш билан амалга ошади. Чунки, инсон илм билан савоб ва гуноҳ ўртасини фарқлашга эга бўлса, сабр билан ушбу йўлда йўлиқиши мумкин бўлган қийинчиликларга бардош бериб, гуноҳ ишлардан йироқлашишга муваффақ бўлади.