Шанба 28 Декабрь 2024 | 26 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Йигитларга 100 насиҳат (4)

2732 марта кўрилган

71) Яхшилар билан дўстлашинг. Ёмонлар билан бирга бўлишдан ҳазар қилинг, чунки инсон табиати бирга аралашиб турганларнинг ҳислатини ўзига олиб олади.

72) Мусулмонлардан таниган ва танимаган кишиларга салом беришга шошилинг. Бу одамлар ўртасида муҳаббат ва дўстлашувга сабаб бўлади.

73) Яҳуд ва насороларга салом беришга шошилманг токи улар саломни бошламагунларича. Агар салом берсалар «ва алайкум» деб жавоб беринг, чунки улар саломга лойиқ инсонлар эмас.

74) Мусулмонлар йўлларидан озор берувчи нарсаларни четлатинг. Бу жаннатга кириш сабабларидандир.

75) Адашганга йўл кўрсатинг, муҳтожга кўмаклашинг, мазлумга ёрдам беринг ва ёмонлик қилувчини ёмонлигидан қайтаринг. Кўча ҳақларини адо этинг.

76) Бегона аёлларнинг ўзлари ва суратларига қарашдан кўзингизни сақланг, бу кўчаларда, экранларда бўлсин, ёки жарида ва ойномаларда бўлсин. Салафлардан бири соғлиқ қўйга қарашдан бўлса ҳам кўзингларни сақланглар деган эканлар.

77) Жинсий аъзойингизни аёлингиздан бошқа ҳаммадан сақланг. Зинодан эҳтиёт бўлинг, зино имонни кетказувчи ва дўзахга туширувчидир.

78) Онанизм (капакилик)дан сақланинг. Бу жирканч ифлос одатдир, у инсоннинг шаҳвати, ҳирси ва заифлигини зиёда қилади.

79) Шаҳватни тийиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муолажаларини қўлланг, у уйланишдир. Агар уйланишга қодир бўлмасангиз, рўза тутинг у шаҳватни кесади.

80) Сизга маҳрам бўлмаган аёллар билан холий қолиш ва аралашишдан сақланинг.Чунки холий қолиш ва аралашиш зинонинг катта сабабларидандир.

81) Эркак-аёл аралаш жойларда бўлмасликка ҳарис бўлинг, масалан, бозор ва шу каби жойларда. Иложингиз бўлмаса, фақат ҳожатингизни бажариш миқдорича бўлсин.

82) Телефонда ёки ундан бошқа ўринларда бўлсин, шилқимлик қилишдан сақланинг. Чунки, у ҳасрат-надоматнинг бошидир.

83) Сизга қўл бериб сўрашиш ҳалол бўлмаган аёллар билан сўрашмоқдан ҳазар қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига ҳалол бўлмаган аёл киши билан ҳеч қачон қўл бериб сўрашмаганлар.

84) Кийинишингиз, сўзлашингиз ва ҳамма ишларингизда мутавозе бўлинг. Тавозелик пайғамбарлар ва солиҳларнинг шиорларидир.

85) Кийимингиз тўпиқдан пастга тушиб туришидан сақланинг. Бу кибрга далил ва манманлик аломатидир. Кирбдан холи бўлган тақдирда ҳам унинг жазоси жаҳаннамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Изор (белдан пастга кийиладиган барча кийим)нинг тўпиқдан пасти дўзахдадир». (Бухорий ривоят қилдилар)

86) Кийимда, сўзда ва сочни қисқартиришда кофирларга ўхшашдан сақланинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, у ўша қавмдандир» деганлар. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари. Албоний саҳиҳ дедилар).

87) Аёлларга ўхшашдан эҳтиёт бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни лаънатладилар.

88) Ипак кийим кийманг, олтин тақинчоқ, занжир ва билагузук тақманг. Булар аёлларнинг зийнатларидир.

89) Сигаретдан сақланинг, у зиёнкорликнинг бошидир.

90) Маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддаларни истеъмол қилиб ўзингизни ҳалок қилманг, булар жаҳаннамга йўлдир, булардан сақланинг.

91)Тилингизни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бўҳтон, ҳақорат ва лаънатдан сақланг. Буларнинг ўрнига зикр, тасбиҳ, таҳлил, такбир, ҳамд ва санолар айтинг.

92) Бошқаларнинг айбини қидириш билан ўзингизни овора қилманг. Ўзингизни айбингизни тўғрилашга интилинг.

93) Музика ва қўшиқ тинглашдан ҳазар қилинг. Шуни яхши билингки ким қўшиқ ва мусиқа эшитишга муккасидан кетса, унинг қалбидан Қуръон нури кўтарилади.

94) Зулмдан сақланинг. Зулм қиёмат кунида кўп зулматлардир.

95) Ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирманг. Фақат ҳақ устидагина тортишинг.

96) Ҳалим бўлинг Аллоҳдан бошқаси учун асло ғазабланманг. Ғазабланиш шайтондандир.

97) Муҳаббатингизни, ёмон кўришингизни, беришингиз ва ман қилишингизни, сўзлашингиз, ва сукутингизни фақат Аллоҳ учун ва Аллоҳ йўлида қилинг. Чунки, ҳар бир қилган ва тарк қилган нарсага ажрланасиз.

98) Жонли нарсалар суратидан уйингизни пок тутинг. Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмайдилар.

99) Жинсий филмлар, бузуқлик ва разилликларни намойиш этадиган ва этмайдиган телеканалларни кўрманг ва интернетдаги бузуқликни ёювчи сайтларга киришдан сақланинг.

100) Бало, қийинчилик ва мусибат вақтида сабрли бўлинг, кенгчилик, фаровонлик вақтида шукр қилинг, қазо-қадарга рози бўлинг бахтли кишилардан бўласиз.

101) Аллоҳдан бошқага қасам ичманг. Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ширкдир.

102) Мусулмонга озор берманг.

103) Қаллоблик қилманг, алдаманг, хиёнат қилманг, омонатга хиёнат қилманг, ваъдага хилоф қилманг, муҳокамада жабр (адолатсизлик) қилманг.

104) Сиз ўзингизни Ислом чегараларининг душман келиши мумкин бўлган томонларидан бирида турибман деб билинг ва сиз тарафдан исломга тажовуз бўлишидан Аллоҳдан қўрқинг (яъни, нолойиқ сўз ёки ишни қилиб муслмонлар ва исломга зарар етказиб қўйишдан Аллоҳдан қўрқинг).

105) Ғамингиз исломни ёйиш ва мусулмонларнинг улуғворлигини қайтадан тиклаш бўлсин.

106) Еб-ичишда исрофга йўл қўйманг. Чунки, у бўшашиш, дангасалик, кўп ухлаш ва шаҳватларнинг жунбушига сабаб бўлади.

107) Кунингизни Аллоҳга содиқ тавба қилиш ва ўзингизни ҳисоб китоб қилиш билан якунланг. Бугунингиз кечангиздан, эртангиз эса бугунингиздан яхшироқ бўлсин.

Аллоҳдан ўзимга ва сизга ҳидоят, тавфиқ ва тўғрилик сўрайман.

Сўзимизнинг охирида Оламларнинг парвардигори Аллоҳга ҳамдлар бўлсин деб дуо қиламиз.

Дорул ватан нашриёти тайёрлади.

Ислом Нури таҳририятининг таржимаси.