Пайшанба 12 Декабрь 2024 | 10 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Йигитларга 100 насиҳат

10507 марта кўрилган

Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ҳамду санолар бўлсин, пайғамбарларнинг сўнггиси бўлган зотга, унинг аҳлига, асҳобларига ва қиёмат кунигача уларга эргашган кишиларга салот ва саломлар бўлсин

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда дедилар: «Дин насиҳатдир-холисликдир, дин насиҳатдир, дин насиҳатдир»

— Кимга насиҳатдир-холисликдир ё расулуллоҳ?

—Аллоҳга, унинг китобига, унинг расулига, мусулмонларнинг бошлиқларига ва оммаларига. (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг бирингиз биродарига ҳам ўзи учун яхши кўрган нарсани яхши кўрмагунича иймони тўла бўлмайди» (Муттафақун алайҳи).

Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни; намозни барпо қилиш, закотни адо этиш ва ҳар бир мусулмонга насиҳатгўй бўлишга байъат қилганман» (Муттафақун алайҳи).

Азиз биродарим, насиҳат дегани бировларнинг ишларига ноўрин бурнини суқиш эмас, уларни хижолатга қўйиш эмас, ёки уларни камситиш эмас, ёки насиҳатгўйнинг насиҳат қилинаётган кишидан устунлигини кўрсатиб қўйиш эмас, балки у бу маънолардан кўра олийроқ ва улуғроқдир. У муҳаббат белгиси, дўстлик аломати, сидқ ва вафо нишонасидир.

Насиҳат ўрталарни тузатиш асбоби, ажру-савоблар ва фойдалар, ростгўйлик ва нажотдир.

Насиҳат: Қаршингизда йўлни ёритиб берувчи нур.

Насиҳат: Насиҳатгўй сизга тақдим қилаётган яхшилик гулдастаси.

Насиҳат: Сизни омонлик ерига етказиш учун жўшиб турган фитна тўлқинларини шиддат билан ёриб бораётган кемадир.

Насиҳат: Насиҳатгўйнинг бўйнидаги сизнинг ҳаққингиз ва сизнинг қаршингиздаги унинг вазифаси.

Менинг ёш биродарим, насиҳат учун кўнглингизни кенгроқ қилинг.

Билингки; Насиҳатгўйни сизга насиҳат қилишга ундаган нарса сизни яхши кўриши ва оқибатингизни ёмон бўлишидан қўрқиши, холос.

Шуни ҳам билингки; Насиҳатгўй сизга Аллоҳ ва расулининг сўзларини етказувчи, холос. Сиз унга тавозе қилиб, насиҳатини қабул қилсангиз Раббингиз жалла ва алога тавозе қилган ҳамда пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган бўласиз. Агар насиҳатни қайтариб, уни инкор қилсангиз Раббингизнинг каломини ва пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини қайтарган бўласиз.

Севикли биродарим, билингки; Ўнгланишнинг аввали камчиликни кўра билиш, уни эътироф этиш ва нафси амморага нафрат ҳамда таҳқирлаш кўзи билан қарашдир. Ёлғон, сохта узрларни пеш қилиб тортишманг, хатойингизни бўйнингизга олинг, кибр қилманг. Қалбида зарра миқдорида кибр бўлган одам жаннатга кирмайди.

Агар сиз ҳақиқатда бир хатони қилиб турган бўлсангиз уни тан олганингиздан кейин бу гуноҳни тарк қилинг, уни қилиб қўйганингизга пушаймон бўлиб унга асло қайтмасликка азм қилинг.

Агар насиҳатгўйга миннатдорчилик билдириб унинг ҳаққига дуо қилсангиз, бу сизнинг саховат ва олийжаноблигингиздан ҳамда яхшиларнинг яхшиликларини тан олишингиздан. Агар сиз буларни қилмасангиз у сиздан аслида мукофот ва миннатдорчиликни хоҳлаган эмасди.

Насиҳатлар

Биродарим қуйида сизга тақдим этмоқчи бўлганимиз тиллодан қиммат насиҳатлар ва улуғ васиятлар сиз уларнинг яхшиликларидан ва уларга амал қилишдан ўзингизни маҳрум қилманг! Сиз ўзингизни уларни тарк қилиш ва улардан юз ўгиришга мажбур қилманг! Бахтли одам бошқалардан ибрат олган одам, бахтсиз одам фойдали нарсадан юз ўгиргандир.

1-Насиҳат. Биродарим, калимайи тавҳид «Ла илаҳа иллаллоҳ» ўз айтувчисига фақат саккизта шарт топилсагина фойда беради:

1. Билмаслик-жоҳилликка ўрин қўймайдиган билим

2. Шакка ўрин қўймайдиган ишонч

3. Ширкка ўрин қўймайдиган ихлос

4. Ёлғонга ўрин қўймайдиган тўғрилик

5. Нафратга ўрин қўймайдиган муҳаббат

6. Бўйинтовлашликка ўрин қўймайдиган итоат

7. Инкорга ўрин қўймайдиган қабул

8. Аллоҳдан бошқа сиғинилаётган ҳар нарсани тарк қилиш

Мана шу шартларни амалга оширишга ҳаракат қилинг, уларнинг биронтасида сусткашлик қилманг.

2-Насиҳат. Билингки, Исломни бузувчи нарсалар ўнта:

1) Аллоҳ таолога ибодат қилишда шерик қилиш.

2) Аллоҳ билан ўзи ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо, таваккул қилган ва улардан шафоат сўраган киши кофир бўлади.

3) Мушрикларни кофир деб ҳисобламаган, ёки уларнинг кофир эканлигида шубҳа қилган, ёки уларнинг йўллари ва оқимларини тўғри деб ҳисоблаган киши кофир бўлади.

4) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимсанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан кўра мукаммалроқ, ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмидан кўра гўзалроқ»- деб эътиқод қилган киши кофирдир. Золимларнинг ҳукми унинг ҳукмидан кўра афзал деганлар шу жумладан.

5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотларнинг баъзисини, гарчи ўзи унга амал қилса-да, ёмон кўрган киши кофир бўлади.

6) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин ва шу диндаги савоб ва жазолар устидан масхара қилган киши кофир бўлади.

7) Сеҳр, ким унга амал қилса ва унинг қилинишига рози бўлса кофир бўлади.

8) Мушриклар билан дўслашиш ва мусулмонларга қарши уларга ёрдам бериш куфрдир.

9) «Баъзи одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллаамнинг шариатидан чиқишга ҳақлари бор»- деб эътиқод қилган киши кофирдир.

10) Аллоҳнинг динидан юз ўгириш: уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик куфрдир.

Биродарим, сиз исломни бузувчи амалларни қилиб қўйишдан жуда жуда эҳтиёт бўлинг. Чунки, булар билан бирга яхши амал фойда бермайди.

3-Насиҳат. Аллоҳга иймон келтириш фақат қалб билан эътиқод ёки фақат тил билан айтиладиган сўзгина эмас. Балки, у қалб билан эътиқод қилиш, тил билан сўзлаш ва аъзолар билан амал қилиш, тоат билан зиёдалашади осийлик билан камаяди. Сиз Раҳмонга итоат қилинг, унга осийликни ташланг. Мана шулар иймонингизнинг зиёдалашишига йўлдир.

4-Насиҳат. Билингки, Аллоҳ таоло бизни шериксиз, ёлғиз ўзининг ибодати учун яратгандир. Аллоҳ субҳанаҳу деди: «Жин ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт: 56) Ибодатни холис қилиш фақат Аллоҳдан бошқаси ибодатга лойиқ эканини инкор этиш, кейин эса уни Аллоҳнинг Ўзигагина бўлишини тасдиқлаш билан амалга ошади. Мана шу «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ» маъносининг тақозоси. Аллоҳ таоло деди: «Кимда ким тоғутга кофир бўлса ва Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмас мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Бақара: 256) Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодатни холис қилинг, бирон ибодатни ундан бошқага қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.

5-Насиҳат. Билингки, ибодат Аллоҳ яхши кўрадиган, рози бўладиган, зоҳирий ва ботиний сўз ва амалларнинг ҳар бирини ўз ичига оладиган умумий сўздир. Парвардигорингиз суядиган амалларни билишга тиришинг ва ана шу амалларининг фазилатларини изланг.

6-Насиҳат. Билингки, ибодатларнинг энг афзали Аллоҳ сизга фарз қилган ибодатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ҳадиси қудсийда: «Бандам менга мен унга фарз қилган амалдан кўра севиклироқ бўлган амал билан яқинлик қилмади» деди. (Имом Бухорий ривояти)

Менинг ёш биродарим, фарз амалларга қаттиқ эътибор беринг, уларга қаттиқ амал қилинг ва уларни иложи борича комил суратда адо этинг.

7-Насиҳат. Билингки, ибодат Аллоҳ учун холис қилиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш билангина қабул бўлади. Риё — амални барбод қилади ва азоб-уқубатга сабаб бўлади. Бидъат ҳам шу кабидир.

8-Насиҳат. Беш вақт намозни ўз вақтида адо этишга риоя қилинг. Бу амалларнинг энг улуғидир.

9-Насиҳат. Намозга таҳоратни яхши ва мукаммал қилинг, чунки поклик иймоннинг ярмидир ва билингки, таҳорат намознинг калитидир. Комил иймонли мўмингина таҳоратни яхши қилишга риоя қилади.

10-Насиҳат. Намозни масжидда жамоат билан адо этишдан кечикманг. Жамот билан намоз ўқиш фарз бўлиб, уни узрсиз тарк қилиш мумкин эмасдир.

11-Насиҳат. Жамоат намозининг биринчи такбирига ва биринчи сафда намозни адо этишга ҳарис бўлинг. Қалбингизни намозда ҳозирлаб ҳокисорлик билан туришга ва ўқилаётган нарсаларнинг маъноларини ўйлаб, фикрингизда ҳозирлаб туришга тиришинг.