асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Йигитларга 100 насиҳат (2)4292 марта кўрилган 12-Насиҳат. Намоз аҳкомлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқишдаги кўрсатмалари қандай эканини ўрганинг. Бунинг учун имом Муҳаммаднинг «Намоз шартлари» ва аллома Абдулазиз ибн Абдурроҳманнинг «Намоз сифатлари» каби китоблардан фойдаланинг. 13-Насиҳат. Бомдод намозига ухлаб қолиб уни зойе қилманг, намозни вақтида адо этиш учун яқинларингиздан уйғотиб қўйишларини илтимос қилинг. Бомдод намозини доим бир масжидда адо этишга ҳаракат қилинг, токи сиз намозда бўлмай қолсангиз масжид жамоати сизни сўрайдиган бўлсин. 14-Насиҳат. Бомдод намозидан ухлаб қолишга сабаб бўладиган узоқ бедорлик ва кеч ухлашдан сақланинг. 15-Насиҳат. Намоздан сўнг айтиладиган суннатда келган зикр-тасбеҳларга астойдил бўлинг, зикрларни тугатишдан илгари масжиддан чиқиб кетишга шошилманг. 16-Насиҳат. Бомдоднинг фарзидан илгари икки ракаат, пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракаат, ундан сўнг икки ракаат, шомнинг фарзидан сўнг икки ракаат, хуфтоннинг фарзидан сўнг икки ракаат, жами ўн икки ракаат суннат (равотиб)ни уйда адо этишга астойдил бўлинг. 17-Насиҳат. Намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтманг. Бу ишга этиборсиз бўлманг балки сизга йўл очилгунча кутиб туринг. 18-Насиҳат. Витр намозини қолдирмай ўқишга риоя қилинг, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда ҳам муқимликда ҳам витрни тарк қилмаганлар. 19-Насиҳат. Билинг жума намози ҳар бир балоғатга етган, муқим, озод эркак кишига фарздир. Жума намозига ҳозир бўлиш, унга эртароқ бориш, ювиниб хушбўйланиш, мисвак қилиш, хутбага қулоқ солиб унда айтилаётган сўзларга диққат қилишга ҳарис бўлинг. Беҳуда ҳаракатлар, хутбага аҳамият бермай ғофил ўтириш ва одамларнинг елкаларидан хатлаб ўтишдан сақланинг. 20-Насиҳат. Ҳар доим, хусусан жума кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот ва салом айтинг, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлар. 21-Насиҳат. Жумъа кунида дуо қабул бўладиган бир вақт бор, сиз намоз ўқиш, дуо қилиш ва ҳожатларингизни сўраш билан бу вақтни ғанимат билинг. 22-Насиҳат. Агар сиз дунёдор, закот аҳлидан бўлсангиз, закотни беришга шошилинг, чунки закот сизга поклик, молингизга ўсиш ва нафсингизни поклашдир. 23-Насиҳат. Нафл садақаларни кўпроқ беринг. Қиёмат кунида киши ўз садақотининг соясида бўлади. 24-Насиҳат. Бахиллик ва хасисликдан ўзингизни халос этинг, инъом қилиш ва яхши ишларга сарфлашга одатланинг. 25-Насиҳат. Бераётган садақангиз оз бўлсада унга этиборсиз бўлманг. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо бир узум донасини садақа қилиб сўнг дедилар: «Бу узум донасида қанчадан-қанча зарралар бор ҳолбуки Аллоҳ: «Ким бир зарра мисқолича яхшилик қилса уни (қиёмат кунида) кўради»— деди». (Залзала: 7) 26-Насиҳат. Берилаётган садақаларда риёкорликдан эҳтиёт бўлинг. Билингки, яширинча берилган садақа Парврдигорнинг ғазабини сўндиради, шу боис садақаларингизни махфий қилинг, токи ўнг қўлингиз берганини чап қўлингиз билмасин. 27-Насиҳат. Рамазон ойи ҳидоят ва мағфират ойидир бу улуғ ойга яхши тайёрланинг. 28-Насиҳат. Салафлар (саҳобалар, тобиинлар, улуғ имомлар) рамазонга еткизмоқни сўраб олти ой Аллоҳга дуо қилишар ва рамазондан кейин олти ой рўзаларини қабул қилмоғини дуо қилиб сўрашар эдилар. Сиз ҳам ўзингизни уларга қиёслаб кўрингчи. 29-Насиҳат. Рамазон ойи рўза тутиш ва кечалари қоим бўлиш ойидир. Аллоҳга тоат-ибодат қилиб гуноҳларни тарк қилишда рамазоннинг кунлари ва кечаларини ғанимат билинг. 30-Насиҳат. Рўзангизни сўкиниш, лаънатлаш ва беҳаё сўзлар ва ишлар билан зое қилманг. Агар биров сиз билан жанжаллашса ёки сўкса, мен рўзадорман денг. 31-Насиҳат. Рамазон ойини - гуноҳлардан тийилиш, тоат-ибодат қилиб Аллоҳга қайтиш ва ўзингизни ҳисоб-китоб қилиш ойи деб билинг. Ибодатларга астойдил бўлинг ва вақтларни ғанимат билинг, хатто рамазондан кейин ҳам бу амаллар сизни доимий одатингиз бўлишига тиришинг. 32-Насиҳат. Масжидларда имом орқасида жамоат билан таровеҳ намозини ўқишга риоя қилинг. Имом намозни тугатмагунча намоздан чиқиб кетманг токи сизга кечанинг ҳаммасида намоз ўқиганлик савоби ёзилса. 33-Насиҳат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф ўтирардилар, бу кўпчилик тарк қилган суннатдир уни сиз тирилтиринг Аллоҳ қалбингизни тирилтирсин ва қадрингизни баланд қилсин. 34-Насиҳат. Қадр кечаси рамазоннинг охирги ўн кунидадир. Бу кечадаги ибодат бошқа унда қадр кечаси бўлмаган минг ойлик яъни саксон уч йиллик ибодатдан яхшироқдир. Сиз бу муборак кечада нима билан машғул бўлмоқчисиз?. 35-Насиҳат. Қуръонни кўп тиловат қилинг, хусусан рамазон ойида. Қуръон мўминлар учун шифо, ҳидоят, мавъиза ва раҳматдир. |