асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Тавҳид китоби (6)3563 марта кўрилган Динсиз тоифаларга, жоҳилий ҳизбларга аъзо бўлишнинг ҳукми1) Коммунистик, секуляр (илмония-дунёвийлик), капиталистик каби динсиз тоифа ва йўлларга аъзо бўлиш Исломдан чиқиб, муртад бўлишдир. Агар бу йўлларга аъзо бўлган одам Исломни даъво қилса, бу катта нифоқ бўлади. Зеро мунофиқлар зоҳирда Исломга нисбатланиб, аслида кофирлар билан бўладилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14). Яна айтади: «Улар (яъни мунофиқлар) сизларга кўз тикиб турадилар. Агар сизларга Аллоҳ томонидан фатҳу зафар бўлса: «Биз ҳам сизлар билан бир диндамиз-ку», дейдилар. Агар ғалаба кофирларга насиб бўлса: «Биз сизлардан устун бўлган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган эмасмидик?» — дейишади» (Нисо: 141). Бу алдоқчи мунофиқларнинг иккита юзи бўлади. Бир юзи билан мўминларга боқишса, иккинчи юзи билан кофир биродарларига боқишади. Уларнинг иккита тили бўлади. Биттасини мусулмонлар зоҳирига қараб қабул қилаверадилар, иккинчиси эса уларнинг яширин сирларини фош қилади: «Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос», дейишади» (Бақара: 14). Китобу Суннатдан – унинг аҳлини масхаралаб ва ҳақир санаб – юз ўгиришди, кўпайгани сари ёмонлик ва мутакаббирликни зиёда қиладиган илмлари билан мағрурланишиб Аллоҳу Расулининг ҳукмига бўйсунишдан бош тортишди. Аллоҳу Расулининг сўзларини маҳкам ушлаган кишиларни кўришса, уларнинг устларидан кулишларини кўрасиз: «Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 15). Аллоҳ таоло мўминлар сафига қўшилишга буюрган: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба: 119). Бу динсиз йўллар ўзаро душман йўллардир, чунки улар ботилга асосланган. Масалан, шуюийлар (коммунистлар) Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг борлигини инкор қилишади ва самовий динларга қарши курашишади. Ким ўз ақлига ақидасиз яшашни ва бирламчи ақлий ҳақиқатларни инкор қилишни раво кўрса, у ақлини ишлатмайдиган беақл бўлади. Илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) динларнинг барча турларини инкор қилишади ва бу ҳаётда фақат ҳайвонларча яшашдан бошқа ғояси бўлмаган моддийликка (материалистик фалсафага) суянишади. Капиталистларнинг эса ҳалолдан бўладими, ҳаромдан бўладими, қайси томондан бўлса ҳам мол-дунё жамғаришдан бошқа ғам-ташвиши бўлмайди. Уларда камбағалларга нисбатан меҳр-шафқат деган нарса бўлмайди. Иқтисодлари рибо асосига қурилган. Рибо эса Аллоҳ ва Расулига қарши кураш, давлат ва шахсларнинг емирилиши, қашшоқ халқларнинг қонларини сўриш демакдир. Заррача иймони бор одам у ёқда турсин, қайси ақли расо инсон бундай ақлсиз, динсиз, ҳаётда унга интиладиган ва унинг йўлида курашадиган бирор ғояси бўлмаган бу тузумларда яшашга рози бўлади?! Аслида бу тузумлар мусулмонлар диёрига уларнинг кўпидан саҳиҳ дин кўтарилгани, беэътиборликда униб, қарамликда яшашгани боисгина кириб келган. 2) Жоҳилий, миллий, ирқий ҳизб ва тоифаларга аъзо бўлиш ҳам куфр ҳамда Ислом динидан қайтиб, муртад бўлишдир. Чунки Ислом миллий-ирқий таассубларни, жоҳилий наъраларни рад этади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни тани(б били)шинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким асабийя-ирқчиликка чақирса, у биздан эмас. Ким асабийя учун жанг қилса, у биздан эмас. Ким асабийя учун ғазабланса, у биздан эмас».[1] Яна дедилар: «Албатта Аллоҳ сизлардан жоҳилият тассубини ва ота-боболар билан мақтанишни кетказди. Энди киши фақат тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлади. Инсонлар Одам алайҳиссалом фарзандларидир, Одам эса тупроқдан яралган. Арабнинг ажам устида ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақво билангина (афзал бўлиши мумкин)».[2] Бундай тоифачиликлар мусулмонларни бўлиб ташлайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бирликка, яхшилик ва тақво устида ўзаро ёрдамлашишга буюрган, бўлиниш ва ихтилофга берилишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз» (Оли Имрон: 103). Аллоҳ таоло бизлардан фақат битта ҳизб бўлишимизни истайди. Нажотга эришувчи бу ҳизб - Аллоҳнинг ҳизбидир. «Бироқ, Европанинг сиёсий ва маданий истилосига учраганидан сўнг ислом олами ушбу қон-қариндошлик, ирқчилик ва ватандошлик таассубига бўйсуна бошлади, уларни илмий асосланган масала, муқаррар ҳақиқат, қочиб қутулиш имконсиз бўлган воқелик деб ишона бошлади, мусулмон халқлар Ислом таг томири билан йўқотиб ташлаган таассубчиликни яна қайта тирилтиришга, унинг расм-русумларини тиклашга, исломдан олдинги даврлардаги миллий-ирқий анъаналари билан фахрланишга ғайритабиий бир кўринишда интила бошлади. Ваҳоланки, айни шу нарсани Ислом жоҳилият деб номлаган, Аллоҳ таоло мусулмонларга ундан қутулиш неъматини инъом қилган ва бу неъматнинг шукрини адо этишга ундаган эди. Табиийки, аслида мўмин киши узоқ ё яқин даврлар илгари ўтган жоҳилиятни фақатгина нафрат, ёмон кўриш, жирканиш ва сесканиш билан эслайди. Қамоқ азобларига дучор бўлиб, ундан эндигина қутулиб чиққан одам маҳбуслик даврида чеккан азоб-уқубатлар ва тортган хўрликларини титроқларсиз эслай оладими ахир?! Узоқ вақт оғир дард тортиб, ҳаётдан бутунлай умиди узилган одам касаллигидан тузалиб кетгач, ўтган кунларини ранги ўзгармай, кўнгли бузулмай эслай оладими ахир?!»[3] Бу тоифачиликлар Аллоҳнинг шариатидан юз ўгирган, Унинг динидан тонган кимсалар учун Аллоҳ юборган азоб деб билмоқ лозим. Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг: У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир» (Анъом: 65). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Модомики, раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас экан, Аллоҳ уларни бир-бирларига азоб тоттирадиган қилиб қўяди».[4] Ҳизб ва тоифаларга таассуб қилиш худди яҳудларда бўлганидек, бошқаларда бўлган ҳақдан юз ўгиришга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи ҳақ (китоб)га кофир бўладилар» (Бақара: 91). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган ҳақдан ота-боболарининг йўлига таассуб қилиб юз ўгирган жоҳилият аҳлининг ҳолати ҳам айни шундай бўлган эди: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг, дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара: 170). Бу тоифачилар ўз тоифаларини Аллоҳ бутун башариятга марҳамат қилиб берган Исломнинг ўрнига қўйишни истайдилар. Ҳаётга моддийлик назари билан қараш ва бу назариянинг зарарлариҲаётга нисбатан икки хил қараш – моддий қараш ва соғлом қараш мавжуд бўлиб, ҳар икки қарашнинг ўзига хос таъсирлари бор. а) Ҳаётга моддийлик назари билан қарашнинг маъноси: Ҳаётга моддий назар билан қарашда инсоннинг фикр юритиши фақат нақд нафс хоҳишларига эришишгагина кифояланган ва ҳаракатлари шу доира ичигагина чекланган бўлади. Фикрлаши бунинг ортидан келувчи оқибатларга етиб бормайди, бу оқибатлар учун амал қилмайди, у ҳақда қайғурмайди. Билмайдики, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини охират учун экинзор қилган, дунёни амал ҳовлиси, охиратни эса жазо-мукофот ҳовлиси қилган. Ким дунёсини солиҳ амаллар билан ғанимат билса ҳар икки ҳовлининг фойдасини қўлга киритган бўлади, ким дунёсини зое қилса охиратини ҳам зое қилган бўлади: «У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11). Аллоҳ таоло бу дунёни бекорга яратмади, балки уни улкан ҳикмат учун яратди. Аллоҳ таоло айтади: «У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2). «Албатта, Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат — безак қилиб қўйдик» (Каҳф: 7). Аллоҳ субҳанаҳу бу ҳаётда дунё матоларини ва кўзга кўриниб турувчи зийнатларни – мол-дунё, фарзандлар, обрў-эътибор, ҳукмдорлик ва булардан бошқа ҳисоби фақат Ўзига маълум бўлган даражада кўп бошқа лаззатбахш нарсаларни яратиб қўйди. Одамлар ичида айрим – тўғрироғи кўпчилик – кишилар борки, қарашлари бу матоларнинг фақат ташқи тарафига чекланган, нафсларини шулар билан қондирадилар, уларнинг ички тарафига назар солмайдилар, уларга эришиш, жамғариш ва улар билан лаззат топиш билан банд бўлиб, улар ортидан келувчи охират ҳаёти учун амал қилишдан ғафлатдалар. Балки улар шу дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт бўлишини инкор қиладилар. Аллоҳ таоло айтганидек: ««Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз», деб айтадилар» (Анъом: 29). Аллоҳ таоло ҳаётга бундай назар билан қарайдиган кишиларга ваъид - азоб хабарини беради: «Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7-8). Яна айтади: «Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15,16). Бу азоб хабари мазкур қараш тарафдорларининг барчасини: мунофиқлар ва риёкорлар каби охират амалини қилиб туриб, бу билан дунё ҳаётини истайдиган кишилар бўладими, жоҳилият аҳли ва капиталист, коммунист, илмоний динсизлар каби бузғунчи йўлларни тутган, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонмайдиган кофирлар бўладими, фарқсиз, барча-барчасини ўз ичига олади. Зеро, улар ҳаётнинг қадрини билмадилар, уларнинг дунёга бўлган қарашлари ҳайвонларнинг қарашидан фарқ қилмайди. Балки улар ҳайвонлардан ҳам адашганроқ, чунки ақлларини ишлатмадилар, куч-тоқатларини фоний ва йўқ бўлиб кетувчи нарсаларга сарфладилар, вақтларини зое қилдилар. Ўзларини кутиб турган, бир кун келиб иложсиз албатта боришадиган оқибатлари учун амал қилмадилар. Ҳайвонларни эса бирон бир оқибат кутиб тургани йўқ, уларнинг бу ҳақда фикр юритадиган ақллари ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 44). Аллоҳ таоло бу қараш эгаларини билимсизлик билан сифатлади: «Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар» (Рум: 6-7). Улар гарчи саноат ва ихтиролар бобида етук билим эгалари бўлган тақдирда ҳам, илм ва билим эгаси деб номланишга нолойиқ жоҳиллардир. Чунки уларнинг билимлари дунё ҳаётининг фақат зоҳирий тарафидан уёғига ўтолмади. Бу – эгалари олимлик деб аталган бундай шарафли номга эга бўлишга сазовор бўлмайдиган ноқис илмдир. Аслида, бундай юксак унвон Аллоҳни ҳаққирост таниган ва Ундан қўрққан зотларга истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28). Ҳаётга моддий қарашга ёрқин намуналардан бири – Аллоҳ таоло Қорун қиссасида зикр қилган воқеа ва унга ато этган беҳисоб хазиналардир: «Сўнг, (Қорун) қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: «Эх, қани эди бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу-давлат бўлса эди. Дарҳақиқат у улуғ насиба эгасидир», дедилар» Қасас: 79). Унга ўхшашни орзу қилдилар, унга ҳавас билан қарадилар ва моддий қарашларидан келиб чиқиб, уни улуғ насиба эгаси деб сифатладилар. Бу худди ҳозирги даврда кофир давлатларда бўлган иқтисод ва саноат тараққиётига ўхшайдики, иймони заиф бўлган мусулмонлар уларнинг кофир эканларига ва уларни кутиб турган ёмон оқибатларга қарамасдан, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бу хато қараш уларни кофирларни улуғлашга, кўнгилларида уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлишига, ёмон ахлоқ-одобларида уларга ўхшашга уринишга олиб келади. Ваҳоланки уларга ҳаракатчанликда, куч-қудратга эришишда ва фойдали ихтиро ва саноатларда тақлид қилсалар тўғрироқ бўлар эди. б) Ҳаётга бўлган иккинчи – тўғри қараш: Бу қараш эгаси бу дунёда бўлган мол-давлат, салтанат ва моддий қувватларнинг барчасини охират иши учун кўмакчи восита деб эътибор қилади. Аслида, дунёнинг ўзи ҳеч қандай айбли нарса эмас, мақтов ёки айблов фақатгина банданинг унда қилган амалига қараб йўналтирилади. Дунё – охиратга ўтиш учун бир йўлак ва кўприкдир, жаннат озуқаси дунёдан олинади, жаннат аҳли эришадиган гўзал ҳаёт уларнинг дунёда эккан нарсаларидан ҳосил бўлади. Дунё – жиҳод, намоз, рўза, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳовлиси, яхшиликлар томон мусобақалашиш майдони. Аллоҳ таоло жаннат аҳлига айтади: «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар» (Ал-Ҳааққа: 24). |