Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тавҳид китоби (5)

4074 марта кўрилган

Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан ҳукм қилиш

Гап-сўзларда, хусуматларда, қон (қатл, қасос)ларда, молиявий муомалаларда ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларда ихтилоф пайдо бўлганда Аллоҳнинг Китобига ва Расулининг суннатига мурожаат қилиш, Аллоҳ таолонинг ҳукмига бўйсуниш, шариатига рози бўлиш, У зотга бўлган иймон ва бандаликнинг тақозосидир. Зеро, ёлғиз Угина ҳакамдир ва ҳукм Уникидир. Шундай экан, ҳокимлар Аллоҳ нозил қилган Қуръон билан ҳукм қилишлари, раият ҳам ҳукм чиқаришда Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатига мурожаат қилишлари лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради» (Нисо: 58). Яна айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган олимлар (ва мусулмон ҳоким) ларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). Сўнг Аллоҳ нозил қилган ҳукмлардан бошқасига мурожаат қилиш иймон билан бир жойда жамланмаслигини баён қилади: «(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди... Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар » (Нисо: 60-65).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қасам билан таъкидлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳукм сўраб бормаган ва у кишининг ҳукмларига рози бўлиб, таслим бўлмаган кишида иймон бўлмаслигини айтди. Шунингдек, Аллоҳ нозил қилганидан бошқаси билан ҳукм қиладиган ҳокимларни кофир, фосиқ ва золимлар деб атади: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44), «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир» (Моида: 45), «Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлардир» (Моида: 47).

Уламолар ўртасидаги ижтиҳодий масалалардаги барча низоларда, Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга мурожаат қилиш ва бу масалалардан Қуръон ва суннат очиқ далолат қилганларини олиш ва ким бўлишидан қатъий назар имом ёки соҳиби мазҳабга таассуб қилмаслик керак. Баъзи исломга мансуб давлатларда бўлганидек фақат (никоҳ, талоқ, мерос каби) шахсий аҳволлардагина эмас, балки судлашишда ва бутун ҳуқуқий масалалардаги хусуматларда ҳам Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш ва ҳукмни у иккиси асосида бўлишини талаб қилиш лозим бўлади. Зеро, Ислом бўлинмас бир бутун диндир. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)!» (Бақара: 208). Яна деди: «Ё (самовий) китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми?» (Бақара: 85).

Шунингдек, мазҳабларга эргашган кишилар ўз имомларининг сўзларини, хусусан ақийдага доир ишларда Китобу Суннатга қайтаришлари, уларга мувофиқ келганини олиб, хилоф келганини ҳеч қандай таассубсиз ва тарафкашликсиз рад қилишлари лозим бўлади. Зеро, имомларнинг ўзлари – уларни Аллоҳ раҳмат қилсин – шунга васият қилганлар ва барчаларининг тутган йўллари шу бўлган. Ким бунга хилоф иш қилса, гарчи уларнинг мазҳабларига нисбатланса-да, уларга эргашган бўлмайди ва Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Роб деб билдилар» (Тавба: 31). Ушбу оят насоролар ҳақида бўлса ҳам, қилмишлари уларнинг қилмишига ўхшаган барчани ўз ичига олади.

«Ким одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан ҳукм қилиб Аллоҳ ва Расулининг амрларига хилоф қилса ёки нафси ҳавосининг кўйига кириб шундай қилишни истаса, ҳар қанча мўминлик даъво қилмасин, Ислом ва иймон бўйинбоғини бўйнидан ечиб ташлаган бўлади. Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг ишларини мункар, даъволарини эса ёлғон деб атади: «(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб даъво қиладиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди» (Нисо: 60). «Даъво қиладиган» деган калимадан уларда иймон бўлмаслиги маълум бўлмоқда. Чунки, «даъво қилиш» ибораси аксар амалга ошмайдиган ва амалда унинг тақозосига хилоф қилинадиган ёлғон даъволарга истеъмол қилинади.»[3]

Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи юқоридаги маънони янада очиқлайди «Ҳолбуки, улар унга (тоғутга[4]) кофир бўлишга буюрилган эдилар.» Чунки тоғутга кофир бўлиш тавҳиднинг асосидир, бу асосни бажармаган одам муваҳҳид бўлмайди. Тавҳид — унинг мавжудлиги билан бутун амаллар тўғри бўладиган, йўқолиши билан эса амаллар бузиладиган иймоннинг асосидир, буни Аллоҳ таоло баён қилиб деди: «Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди.»

Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмайдиган кишидан иймонни нафй қилиш Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилиш – иймон, ақийда ва ибодат эканига далолат қилади. Аллоҳнинг шариати одамларга фойдалироқ ва тартиб-интизомни сақловчироқ бўлгани учунгина ҳоким қилинмайди. Баъзи одамлар шу томонгагина эътибор қаратишади ва биринчи ҳамда асосий тарафини унутишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Аллоҳнинг шариатини ибодат деб эмас, фақат ўзига манфаат борлиги учунгина ҳоким қиладиган одамларни айблаб айтади: «Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгиргувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар.» (Нур: 48-49).

Аллоҳ нозил қилмаган нарса билан ҳукм қиладиган одамнинг ҳукми

Аллоҳ таоло деди: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). Ояти карима маъносига кўра, Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш куфрдир. Бу куфр гоҳо диндан чиқарувчи катта куфр бўлса, гоҳо диндан чиқармайдиган кичик куфр бўлади. Бу ҳокимнинг (ҳукм қилувчининг) ҳолига қараб бўлади. У агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб эмас деб эътиқод қилса ва у билан ҳукм қилиш-қилмасликда ўзини ихтиёрли деб билса, ёки Аллоҳнинг ҳукмини паст кўрса ва инсонлар тарафидан тузилган қонун ва тузумларни ундан яхшироқ деб билса, ёки уни ҳозирги замонга яроқли эмас деса ёки Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилиш билан кофир ва мунофиқларнинг кўнглини олишни истаса, бу катта куфрдир. Агар Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилса ва кўрилаётган масалада Аллоҳнинг ҳукми нима эканини билса, шундан сўнг ўзининг гуноҳкор бўлишини эътироф қилиб туриб, Аллоҳнинг ҳукмидан юз огирса, у осий ва кичик куфрни қилган бўлади. Агар Аллоҳнинг ҳукмини билишга уринса, бунга куч-ғайрат сарфласа, бироқ уни билмаса ва хато қилса, у хатокор бўлади, хатоси кечирилган ва қилган ижтиҳоди учун битта ажрга эга бўлган бўлади.[5]

Бу бир хос масаладаги ҳукм ҳақида эди. Аммо умумий масалалардаги ҳукм бундан фарқлидир. Шайхулислом Ибн Таймия ёзади:

«Ҳоким агар диндор бўлса, лекин илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар олим бўлса, лекин ўзи билган ҳақнинг зидди билан ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлади. Агар адолатсиз ва илмсиз равишда ҳукм қилса, дўзах аҳлидан бўлишга лойиқроқ. Бу бирон шахсга қилинган ҳукм ҳақидаги гап эди. Аммо у мусулмонларнинг динида умумий ҳукм қилса ва ҳақни ботил, ботилни ҳақ деса, суннатни бидъатга, бидъатни суннатга, маъруфни мункарга, мункарни маъруфга айлантирса, Аллоҳ ва Расули буюрган нарсадан қайтарса ва Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсага буюрса, бу бутунлай бошқа бир тур-ки, унда Аллоҳ таоло ўзи ҳукм қилади».[6]

Яна ёзади: «Ким Аллоҳ таоло пайғамбарига нозил қилган нарса билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилмаса кофир бўлади. Ким одамлар ўртасида ҳукм қилишда Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмасдан, балки ўзи адолат деб кўрган нарса билан ҳукм қилишни ҳалол санаса, унинг бу иши куфрдир. Дунёдаги ҳар бир уммат-халқ адолат билан ҳукм қилишга чақиради. Гоҳида уларнинг динида адолат каттаконлари адолат деб кўрган нарса бўлади. Балки Исломга мансуб бўлган амирлардан кўплари ҳам Аллоҳ нозил қилмаган, ўзларининг ота-боболаридан қолган одатлари билан ҳукм қилишади ва Китобу Суннат бўйича эмас, балки мана шу урф-одатлари бўйича ҳукм қилишни муносиб кўришади, бу эса куфрдир.»[7]

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим айтади: «Агар Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қилса-ю, аслида Аллоҳнинг ҳукмигина ҳақ эканини ва ўзининг бу билан гуноҳкор бўлаётганини билиб турса, ундан содир бўлаётган бу иш фақат бир-икки марта содир бўлса, мана шуни кичик куфр дейилади. Аммо амалда Аллоҳдан бошқанинг ҳукми билан ҳукм қилишни тартиблаган ва ҳаммани шунга мажбурлаган, тилда эса: «Биз хато қиляпмиз, шариатнинг ҳукми адолатлироқ» деб айтса ҳам бундайларнинг кофирлиги диндан чиқарувчи катта куфр ҳисобланади».[8]

Бу сўзлардан маълум бўладики, (аслида, мунтазам равишда исломий ҳукм қилинган, бироқ) онда-сонда содир бўладиган жузъий ҳукм билан барча ҳукмларда ёки аксар ҳукмларда асос қилинадиган умумий ҳукм ўртасида катта фарқ бор ва бу диндан чиқарадиган куфр саналади. Зотан, ким шариати исломияни четга суриб, унинг ўрнига инсонлар тарафидан тузилган қонунларни бадал қилса, бу дегани қонун шариатдан кўра яхшироқ ва ҳаётга яроқлироқ дегани бўлади. Бу эса шак-шубҳасиз, диндан чиқарадиган ва тавҳидга зид келадиган катта куфрдир.

Қонун чиқариш, ҳалол қилиш ва ҳаром қилиш ҳаққини даъво қилиш

Бандалар ибодатларида, муомалотларида ва бошқа ишларида унга биноан юрадиган, шунингдек уларнинг ўртасидаги низоларга ажрим чиқариб, хусуматларга барҳам берадиган ҳукмларни чиқариш фақат инсонларнинг Робби Аллоҳ таолонинг ҳаққидир: «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54). Бандаларига нима нарса яроқли бўлишини билувчи ва шунга кўра уларга қонунлар чиқарувчи зот фақат Унинг Ўзидир. Парвардигор бўлганидан уларга қонунлар чиқаради, банда бўлганликларидан Унинг қонунларини қабул қиладилар, бундаги манфаат фақат уларга бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва оқибати чиройлироқдир» (Нисо: 59). «Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шуро: 10). Аллоҳ таоло бандаларнинг Ўзидан бошқани қонун чиқарувчи деб қабул қилишларини инкор қилди: «Балки улар учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари бутлари бордир?!» (Шуро: 21).

Демак, ким Аллоҳнинг қонунидан бошқа қонунни қабул қилса, Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлади. Аллоҳ ва Расули томонидан таъйинланмаган ибодатлар барчаси бидъат ва ҳар қандай бидъат залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади».[9] Бир ривоятда: «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган бирон ишни қилса, у рад қилинади».[10] Сиёсатда ва одамлар ўртасида ҳукм юритишда Аллоҳ ва Расули чиқармаган ҳар қадай қонун – тоғутнинг ҳукмидир, жоҳилият ҳукмидир: «Жоҳилият ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Шунингдек, ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққи ҳам фақат Аллоҳга тегишли бўлиб, бирон кимса бу ҳақларда У зотга шерик бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121).

Аллоҳ субҳанаҳу Ўзи ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санайдиган шайтонларга ва уларнинг дўстларига итоат қилишни Ўзига ширк келтириш деб атади. Худди шу каби кимда-ким олимларга ва амирларга Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишларида ё Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишларида итоат қилса, уларни ўзига илоҳ тутган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг олимларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибни Марямни Роб деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрилган эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 31).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга ўқиб берганларида у: «Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик-ку» деди. У зот: «Сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб беришса ҳалол санардингиз, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром дейишса ҳаром санардингиз, шундай эмасмми, ахир?!» дедилар. «Ҳа, шундай» деганида: «Мана шу уларга ибодат қилишдир», дедилар.[11]

Ҳалол ва ҳаром қилишда Аллоҳ қолиб, уларга итоат қилиш – уларга ибодат ва ширк бўлди. Бу эса «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деб гувоҳлик берувчи тавҳидга зид бўлган катта ширкдир. Зеро, бу шаҳодат маъносига кўра ҳалол ва ҳаром қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Агар олимларга ва обидларга Аллоҳнинг шариатига мухолиф равишда ҳалол ва ҳаром қилишларида итоат қилган одам ҳақида гап шу бўлса – ваҳоланки улар илм ва динга яқин бўлишади, баъзан хатолари нотўғри ижтиҳодлари туфайли бўлиб, бунинг учун бир ажрга эга бўлишлари ҳам мумкин – энди кофир ва динсизлар тарафидан яратилиб, мусулмон мамлакатларига юборилаётган, мусулмонлар ўртасида у билан ҳукм қилинаётган қонунлардаги ҳукмларга итоат қилувчи одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?!

[1] Мажмуъул фатово (15/47-49).

[2] Мажмуатут-тавҳидин-наждия (409-с).

[3] Фатҳул мажид (467-с).

[4] Ибнул Қоййим –Аллоҳ раҳмат қилсин- деди: «Тоғут –банданинг ибодатда, эргашишда ва итоат қилишда ҳаддидан ошишлигидир. Шу нуқтаи назардан тоғутлар беҳисобдир. Уларнинг катталари бештадир: 1- Шайтон –унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! 2- Бир кимсаки унга ибодат қилинади ва у бунга рози бўлади. 3- Инсонларни ўзига ибодат қилишга чорлаган кимса. 4- «Оз бўлсада ғайб илмидан хабардорман» деб даъво қилган кимса. 5- Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси (замонавий инсонлар томонидан қўйилган конунлар) билан ҳукм қилган ҳоким.

[5] Шарҳут таҳовия (363-364-с).

[6] Мажмуъул фатово (35/388).

[7] Минҳожус-суннатин-набавия.

[8] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Олиш-Шайх фатволари (12/280).

[9] Бухорий ва Муслим ривоятлари.

[10] Муслим ривояти.

[11] Термизий, Ибн Жарир ва бошқалар ривояти.