асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Аллоҳнинг тавфиқи2435 марта кўрилган Туфайл ибн Амр.. Давс қабиласининг оқсоқоли. Қабилада уни ҳамма хурмат қилади. Унинг айтгани айтган. Иш билан Маккага тушган эди. Макка зодагонлари уни қарши олиб у билан танишишмоқчи бўлишди. – Маккага хуш келдинг! Кимсан? Қаердан келябсан? – Мен Туфайл ибн Амр бўламан! Зодагонларга шунинг ўзи кифоя қилди. – Давс қабиласининг оқсоқоли! Хуш келдингиз! Давс оқсоқоли .. уни янгиликлардан узоқроқ тутишимиз зарур! Худо кўрсатмасин янги дин ҳақида эшитиб, унга кирса борми Давснинг ҳаммаси мусулмон бўлди деган гап! Бу фикрни бир-бирига тикилган кўзлар тез тушунди. Туфайлни чалғитишимиз зарур! – мезбонлар шундай қарорга келишди. Туфайл йўлда бораркан ҳамроҳларидан бири секин яқинлашди-да қулоғига пичирлади: Оқсоқол! Сиз бу ерларни яхши билмайсиз. Шунинг учун айтиб қўяй дегандим. Бизда янги бир сеҳргар чиққан! Ҳа.. У жуда маккор. Гаплашган одамининг ақлини олиб қўяди. Бир оғиз сўзини эшитсангиз кифоя, унга қул бўласиз қоласиз. Шундан огоҳлантириб қўймоқчийдим. Эҳтиёт бўлинг! Озгина вақт ўтказиб яна бири яқинлашди. У ҳам бир нарсалар деди. Учинчиси тўртинчиси ваҳокозо.. Шу даражада кўп гапиришдики Туфайл қалбига ҳеч ким билан гаплашмайман, ҳеч кимга қулоқ солмайман ҳам деб тугиб қўйди. Шу мақсадда қулоғига яхшилаб пахта ҳам тиқиб олди. - Масжидул Ҳаромга йўл олдим – ҳикоя қилади Туфайл. У ерда бир киши намоз ўқирди. Ҳаракатлари мени ажаблантирди. Яқинроқ бориб тамошо қилмоқчи бўлдим. У ниманидир ўқирди. Яқинлашганимда унинг овозларини эшитдим. Шунча эҳтиётлар кор қилмади. Аллоҳ унинг овозларини қулоғимга етказди. Ширали овозда чиройли нарсаларни айтарди. – Содда бўлмай мен ўлай! Ахир мен ақлли, фаросатли киши бўлсам.. анави одамларни гапига чиппа-чин ишониб ўтирибман. Нима, ўзимнинг ақлим ишламайдими? Кел ундан кўра бир эшитиб кўрай. Қани гаплари ростмикин? Агар гаплари яхши бўлса эшитаман, ёқмаса кетавераман. Шундай деб бир чеккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жўнашларини кутди. Намозларини тугатиб узоқлаша бошлганларида орқаларидан эргашди. Уйларига етиб келганларида эргашиб ҳовлига кирди. – Эй Муҳаммад, менга одамлар сиз ҳақингизда хар хил гаплар айтишди.. шундай деб баъзи эшитганларини сўзлади. – Мен қулоғимга пахта тиқиб олсам ҳам барибир баъзи сўзларингизни эшитдим. Менга ёқди. Қани менга батафсилроқ айтингчи.. сизда нималар бор? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Туфайлнинг сўзларидан севиндилар унга Ислом рисоласини қисқача айтиб бердилар. Қуръондан тиловат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эшитар экан Туфайл ўзига ачиниб кетди. Кундан кун Аллоҳдан йироқлашади. Тошларга ибодат қилади, дуо қилади.. қани ўша тошлар уни эшитса.. шуларни билса ҳам қилаверади.. Яратувчисининг ҳақларини ўйлади.. охиратни ўйлади - ё дўзах ва ё жаннат.. Бошқа томонда урф одатлар, ота-боболарининг дини турарди. Яна, яқинлари бунга қандай қарайди? Ота-онаси нима дейди? Ёр биродарларчи? Оқсоқоллари динини ўзгартирганига қандай қарашади? Буларнинг ҳаммасини тарозига солиб кўрарди. Ҳар гал Аллоҳга юзланиш келганда бошқа нарсаларни ўйламаслик кераклигига амин бўларди. Ўйлай-ўйлай охиратни танлади. Исломга киради! Хоҳлаган рози бўлсин, хоҳлаган норози, энг аввало Аллоҳни рози қилиши зарур. - Мол-дунё Аллоҳ қўлида. - Саломатлик Аллоҳнинг қўлида. - Обрў-этибор Аллоҳнинг қўлида. - Хатто хаёт-мамоти ҳам Аллоҳнинг қўлида. - Аллоҳ рози бўлса бу дунёдан не ғам!? - Аллоҳ севса бу дунёдагилар ёмон кўрса не!? Хоҳлаганини қилишмайдими?! Аллоҳнинг тавфиқи билан ўша ернинг ўзида шаҳодат калималарини келтириб Исломни қабул қилди. Йўқ бу ҳаммаси эмас. У ўз туйғуларини бошқалар билан баҳам кўришни истади: - Эй Аллоҳнинг элчиси! Мени қавмим айтганимдан чиқишмайди. Мен уларни Исломга чақираман. Туфайл розияллоҳу анҳу ишларини ташлаб қавмига қайтди. Биринчи отасига йўлиқди. Очилган қучоқларини бўш қолдирди. – Ота тўтанг.. шошилманг! Мен аввалги Туфайл эмасман. – Тинчликми ўғлим? – Мен Исломга кирдим. Эски диндан воз кечдим. – Ўғлим сенинг дининг менинг ҳам диним. Мен сенга ишонаман! – Ундай бўлса, бориб ювиниб, покиза кийимларингизни кийиб келинг. Бу динга кириш учун одам аввал покланиши зарур! Отаси ювиниб покиза кийимларини кийиб келди. Туфайл розияллоҳу анҳу Ислом хақида маълумот берди. Ота ўғилга қўшилиб шаҳодат келтирди. Отасининг қилган ишидан хурсанд, уйига жўнади. Эшик олдида кутиб олган хотини ҳам қайнотасидек муомала қилинди. Бу дунёда ишонган, суянган кишисига охират ишларида ишонмасинми? Аёли ҳам унинг танловини маъқуллашини билдирди. Эри таклифи билан покланиш учун кетган аёл дарров изига қайтди. – Зу Шарочи? У бизга – ўғлимизга зиён бермайдими? Буни ўйладингизми? Уларнинг уйида Зу Шаро деган бут бўлиб, уни уларга Туфайлнинг отаси тўйлари куни келтирганди. Ёшликларидан уқтиришган: кимки Зу Шародан тонса ёки унга шубҳа қилса ўзига ёки фарзандига зиён етади! – Мен сенга кафолат бераман, бўлдими?! Хотиржам бўл, болаларингга хеч нима қилмайди! Аёлига ҳам тушунча бериб, шаҳодатни ўргатгандан сўнг кўчага отланди. Қавмини уйма-уй юриб Исломга чақира бошлади. Гузарларда одамларни тўплаб даъват қилди. Лекин қавми унинг айтганини икки қилди. Айтганига кирадиган одам топилмади. Улар ота-боболари динини тарк қилишдан чўчишди. Туфайл розияллоҳу анҳу бундай бўлишини кутмаганди. Авваллари қавми унинг ҳамма айтганини қилишарди, лекин бу масалада унга эргашишмади. Бундан ғазабланган Туфайл розияллоҳу анҳу Маккага йўлга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига кирди. – Эй Расулулллоҳ! Давс Аллоҳга осий бўлди. Улар Исломдан юз ўгиришди. Уларни дуойи-бад қилинг! Хабарни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгарди. Қўлларини дуога очдилар. -– Туфайл розияллоҳу анҳу “Давснинг куни битди!” деб ўйлади. Меҳрибон қалб соҳиби, шафиқ зот дуога қўл очганди. Унинг дуолари сўзсиз ижобат эди. – Аллоҳим, Давсни тўғри йўлга бошла.. Аллоҳим, Давсга ҳидоят бер! Дуодан сўнг Туфайл розияллоҳу анҳуга юзландилар: - Бораверинг! Уларни чиройли сўзлар билан Исломга даъват қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларига амал қилиб, чиройли муомала ва яхши гаплар билан қавмини даъват қилди. Вақт ўтиши билан уларнинг барчалари Исломни қабул қилиб, ҳаммалари бирга Туфайл розияллоҳу анҳу бошчилигида Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳижрат қилишди. Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга мусулмонлар билан бир тан, бир жон бўлиб яшашди. Ҳаммаларининг ҳидояти сабабчиси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ юкламиш рисолатини бажариб фоний дунёни ташлаб кетдилар. У зотнинг вафотидан сўнг мусулмонларнинг кучидан қўрқиб исломни қабул қилган кўпгина қабилалар бу хабарни эшитиб муртад бўлишди. Аллоҳ берган ҳидоят лаззатин тотган қалблар эса собит қолдилар. Аллоҳдан юз ўгирганларни тўғри йўлга қайтариш учун йўлга отландилар. Туфайл розияллоҳу анҳу ҳам ўшалар билан бир сафда эди. Ямомада Мусайламатул Каззобга қарши урушиш учун келганларида Туфайл розияллоҳу анҳу туш кўрди. Тушида унинг сочини олишаётганмиш, шунда оғзи очилиб ичидан бир қуш учиб чиқиб кетибди. Бир аёл келиб уни ўз ичига тортиб киргизиб олибди. Ўғли уни роса излармишу топа олмасмиш. Тонгда тушини шерикларига айтиб бериб: - Мен уни таъбир қилдим! – деди. – Нимага таъбир қилдингиз? – Сочимнинг олиниши бошимнинг кетиши. Оғзимдан чиққан қуш менинг руҳим. Ичига киргизиб олган аёл у ер, мен ҳамма қатори ерга кўмиламан. Ўғлимнинг мени излаши унинг шаҳодатни исташи, лекин бу унга насиб қилмайди. Валлоҳу аълам. Ўша куни қаттиқ жанг бўлди. Туфайл розияллоҳу анҳу тушида намоён бўлганидек шаҳодат топди. Ўғли қаттиқ жароҳатланди, лекин вақт ўтиши билан жароҳатлари битиб, соғайиб кетди. |