Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Айрилиқ

2528 марта кўрилган

Ислом Маккада энди тарқала бошлаган кунлар. Мусулмонларнинг сафи кундан кунга кўпаймоқда. Умму Салама ва турмуш ўртоғи Абу Салама розияллоҳу анҳумо иймон лаззатини тотган кишиларнинг биринчиларидан эдилар. Янги мусулмонларни оғир синовлар кутарди. Макка мушриклари мусулмонларга хар турли озорлар беришарди.

Бир неча йиллик қийинчиликлардан кейин мусулмонларга Ҳабаш юртига ҳижрат қилишга рухсат бўлди. Абу Салама розияллоҳу анҳу оиласини олиб биринчилардан бўлиб ҳижрат қилди. Ҳабашистонда бир қанча вақт яшаганларидан кейин уларга "Макка мусулмонобод бўлибди ҳамма Исломга кирибди"- деган миш-миш келди. Бу хабардан хурсанд бўлиб баъзилар тез Маккага қайтади. Улар орасида Абу Салама розияллоҳу анҳу ва оиласи ҳам бор эди. Маккага келганларида алданганларини дарров англадилар. Ҳолат аввалгидан ҳам қаттиқ, мушриклар янада ваҳшийлашиб кетганди. Бу орада Мадинага ҳижрат бошланиб Абу Салама розияллоҳу анҳу оиласи билан яна Маккани тарк этди.

Умму Салама розияллоҳу анҳони туяга миндириб қучоғига ўғлини ўтқазди. Ўзи эса туяни етаклаб йўлга тушди. Маккадан ҳали кўп узоқлашишмаганди. Дабдурустдан қаердан пайдо бўлишди экан, бир неча чавондоз пайдо бўлди. Уларни таниди, Бани Маҳзумдан, Умму Саламанинг қариндошлари.

– Хўй йигит, қаёққа? Яна дарбадарликми? Кетадиган бўлсанг ўзинг кет. Қизимизни тинч қўй! У ҳеч қаёққа кетмайди! Етар шунча қийнаганинг. Қани тизгинни бу ёққа бер!

Қўпол жеркиш бунчалик тез жанжалга айланишини кутмаган Абу Салама розияллоҳу анҳуни тортқилашиб суришиб қўлидан тизгинни тортиб олишди. Ортларидан эргашмасликни тайинлашиб бир икки мушт тушириб ҳам олишди. Кўпчиликка қандай бас келишни билмай беҳол ўтириб қолди. Бани Маҳзумликлар эса туяни жадал ҳайдаб Маккага қайтишди.

Бир тўп одамларнинг жанжали этиборсиз қолармиди? Хозиргина Абу Салама розияллоҳу анҳунинг туя етаклаб ўтганини кўрган қавмдошлари узоқда кўтарилган чанг-тўзон, кейин Маккага йўл олган тўда орасидаги таниш туяни кўриб дарров тушунишди. Буларнинг ҳам ҳамийяти тутиб қариндошларини тунаган "йўлтўсарлар"ни адабини бергани отланишди.

Яқинлашишганда туя устидаги Умму Салама розияллоҳу анҳо фарзандини қучоқлаб, йиғлаб ўтирганини, йўлтўсарлар эса бегона эмаслигига гувоҳ бўлишди. Лекин бу ишни шундайича қўйиб бўладими? От қамчиладингми ўзингни кўрсат!

– Ўзингларни ким деб ўйлаябсизлар! Инимизга озор берасизлар?! Салама бизнинг жиян у биз билан кетади!

Шундай дея забардаст бир киши Саламани онаси қучоғидан шартта тортиб олди. Ҳамма тўполон ана шунда бошланди, икки томон ҳам бўш келишни истамайди. Ҳаммаси болага ёпишиб икки томонга тортқилашади. Шўрлик боланинг қўли чиқиб додлагани билан ҳам ишлари йўқ. Охири Абу Салама розияллоҳу анҳунинг яқинлари устун келиб болани олиб кетишди. Шўрлик она оз фурсатда ҳам эридан, ҳам дилбандидан ажради.

Уч қалб ортига қарай – қарай бир биридан узоқлашди.

Умму Салама розияллоҳу анҳони олиб келишиб отаси Абу Умайяга топширишди. Исломга кирганидан норози ота қизини уйга қамаб қўйишни маъқул кўрди. Синиқ қалб кеча-кундуз қон йиғларди. Кеча-кудуз йиғисини кўриб отанинг қалби эриб бир-икки кунлик ҳибсдан кейин қўйиб юборди.

Бечора муштипар ҳар тонг саҳарда шаҳар чеккасига чиқиб бир тепаликка ўтириб олиб қон йиғларди. Бир суюкли ёрини эслаб йиғласа, бир кўз қораси-ширин фарзандини эслаб йиғларди. Шу кўйи кунни кеч қилиб яна уйига қайтарди. Бир ой йиғлади, икки ой йиғлади. Олти ой ҳам ўтди, юракдаги дард эса унутилай демайди. Роса бир йил шу ҳол давом этди. Қиссаси тилларда достон бўлди.

Бир йил деганда раҳми келадиган одам топилди. Амакиваччаларидан бири унинг ҳолини кўриб кўп оғринди. Қариндошларини тўплаб, кўп итоб қилди.

– Унутади деб роса қийнадинглар, у эса унутиш ўрнига сўлиб борябди. Агар яна озроқ тек қўйсанглар синглингиздан бира тўла ажралиб қоласизлар! Яхшиси уни ўз холига қўйинглар, кетсин эрининг олдига. Ортиқ жабр қилманглар бечорага!

Уларга шу енгил туртки етишмаётган эди. Бир туяни йўлга тайёрлаб, йўлга егулик таёрлашди. Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳамманинг тилида эмасми, қуда томонга ҳам хабар етиб келди. Улар ҳам бир йилда анча катта бўлиб, бўйлари чўзилиб қолган Саламани етаклаб келишиб топширишди. Умму Салама ичига сиғмайди! роса бир йил деганда додини эшитадиган қулоқ топилди. Энди у оиласи билан бирга яшай олади.

Эрта тонгда туяга ўтириб ёлғиз йўлга тушди. Аёл боши билан ҳеч шериксиз йўлга тушди. Йўллар, чўллар кўзига кўринмади. Оиласи билан бига жамулжам яшаса бўлгани! Шу ўйлар билан Маккани тарк қилди.

Ишлари билан шаҳардан чиққан Усмон ибн Аби Талҳа туяда ёлғиз кетаётган аёлни кўриб ажабланди: - Умайянинг қизимисан? Йўл бўлсин ёлғиз қаёққа отландинг?

– Мадинага.. эрим олдига.

– Ёлғиз-а? Аёл бошинг билан сени ёлғиз жўнатишдими? Бераҳмлар! Аёл киши бўлса, қўрқади ҳам дейишмабди-да?! – Ёлғиз эмасман.. Аллоҳ бор! Кейин яна ўғлим ҳам бирга!

– Йўқ! Сени ёлғиз қўймайман!

Шундай дея туянинг тизгинини олди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо Усмон ибн Аби Талҳани кейинчалик шундай эсларди: - Мен араблар орасида Усмончалик олийжаноб кишини кўрмагандим. Неча кун йўл юрган бўлсак "шу ерда дам оламиз", "йўлга тушамиздан" бошқа гапини эшитмадим. Кун бўйи тизгинни ушлаб олдида боради. Кеч кирганда "шу ерда дам оламиз" деб, туяни чўктириб, ўзи нарироққа бориб турарди. Биз тушиб олганимиздан кейин туяни тургизиб, нарироққа олиб бориб чўктирар, устини бўшатиб ўтлагани қўйиб юборарди. Эрта тонгда яна "йўлга тушамиз" деб туяни чўктириб, ўзи узоқроққа ўтиб турарди. Биз яхшилаб жойланиб туяни тургизганимиздан сўнг келиб тизгинни қўлга олиб йўлга тушарди. Шу зайлда йўл юриб Мадинага етиб олдик. Узоқдан Бану Авф ибн Молк уйлари кўринганда:

- Эринг шу қишлоқда, энди ўзинг етиб олгин қолганига! – деб ортига қайтиб кетди. Бир неча йил ўтиб унинг Исломга кирганини эшитдим.

Мадина уйлари кўринганда ҳамма чеккан азиятларим унут бўлди. Мен учун янги ҳаёт бошланажагига амин бўлдим.

* * * * * * * * * *