Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сарҳисоб (2)

2640 марта кўрилган

«Сарҳисоб»нинг таърифи:

Луғатшунос Ал-Мовардий «сарҳисоб» сўзига истилоҳий маъно бериб, жумладан шундай деди:

«Инсон кеч кирганда кундузги қилган амалларини кўздан кечириши, агар яхши, мақтовга лойиқ бўлса, давом эттириб, яна унга ўхшашидан эргаштириши ва агар нолойиқ амал бўлиб, тузатишнинг имкони бўлса, тўғрилаб, имкони бўлмаса, кетидан уни ўчириш учун яхшисини эргаштириши ва келажакда унга ўхшашини қилишдан тийилишидир.»

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг айтишларича нафсни ҳисоб-китоб қилиш икки навдан иборат бўлади:

Биринчи нав. Амал қилишдан олдин.

Иккинчи нав. Амал қилгандан кейин.

Биринчиси: Нафсни амал қилишдан олдин ҳисоб-китоб қилиш нафсдаги мақсад, хоҳиш-истак ва ҳис-туйғуларни текширишдан иборат. Шунинг учун амалга киришишдан олдин бу амалнинг фойдали ёки фойдасизлигини сарҳисоб қилмоқ зарур. Агар фойдали бўлса, унга киришади. Агар фойдасиз бўлса, уни тарк этади.

Шунинг учун Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтганларки:

«Ҳис-туйғуси олдида тўхтаб сарҳисоб қилган бандани Аллоҳ раҳм қилсин! Агар Аллоҳ учун бўлса, унга киришади ва агар Ундан бошқаси учун бўлса, ортга қайтади ва унга амал қилмайди».

Сарҳисоб қилишнинг бу нави амалларнинг ихлос билан бажарилишида муҳим ўрин тутади. Усиз амаллар бирор фойда келтирмайди. Бу сарҳисоб нафсни махфий ширкдан асрашда жуда муҳимдир. Катта ва кичик ширклардан сақлаши билан бир қаторда махфий ширкдан ҳам асрайди. Нафс ширкка одатланиб қолмаслиги ва риё ботқоғида боқий бўлмаслиги учун шу ўринда банда амалга киришишдан олдин нафсини сарҳисоб қилишда муҳтож бўладиган тўртта мақомни эслаб ўтамиз:

1. У амални қилишга қудрати етадими? (Агар қудрати етмаса, вақтни зое қилмаслик учун уни тарк этади).

2. Уни амалга ошириш тарк этишдан яхшими?

3. Уни Аллоҳ учун қилмоқчими?

4. Уни бажаришга ким ёрдам беради? Маълумки ёрдамни фақат Аллоҳдан сўралади: «Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина мадад сўраймиз.» [1]

Иккинчиси: Нафсни амалдан кейин сарҳисоб қилиш.

У уч навдан иборат.

1. Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган тоат-ибодатда қосирлиги учун ўзини ҳисоб-китоб қилиш. Мисол учун: Намозда ҳушуъ-хузуънинг йўқлиги, рўзани баъзи гуноҳлар билан аралаштириб ташлаш ёки ҳажда гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилиш каби.

Ёки ибодатни қандай суратда адо этди? Тўғри бажардими? Суннатга мувофиқми? Камчилиги борми? – каби нарсаларда.

Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатдаги ҳаққи олти ишдан иборат:

  • Амалда ихлосли бўлиш.
  • Унда Аллоҳ учун насиҳат қилиш.
  • Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш.
  • Уни чиройли ва пухта қилиш.
  • Ушбу оламдаги Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларини ва албатта бу яхши амалга муваффақ бўлиши, унга куч-қудрат топиши Аллоҳ тарафидан эканини эътироф этиш.
  • Яхши амални бажаргандан кейин ҳам ўзининг ожизлигини тан олиш. Чунки, сиз қанчалик Аллоҳ учун амал қилманг, барибир қосир-ожиз бир бандасиз.

2. Бажаришдан кўра тарк қилиш яхшироқ бўлган амал учун сарҳисоб қилиш. Бу гуноҳлар учун ёки афзалини қўйиб, афзал бўлмагани билан машғул бўлиш каби. Мисол учун: Тунги намоз (таҳажжуд) билан машғул бўлиб, бамдод намозига ухлаб қолиш. Ёки энг афзал зикрларни қўйиб, бошқаси билан машғул бўлиш.

Росулуллоҳ соллаллоху алайхи ва саллам аёлларидан бирлари бўлмиш Жувайрия розияллоҳу анҳога дедилар:

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَقَدْ قُلْتُ بَعْدَكِ أَرْبَعَ كَلِمَاتٍ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ لَوْ وُزِنَتْ بِمَا قُلْتِ مُنْذُ الْيَوْمِ لَوَزَنَتْهُنَّ سُبْحَانَ اللَّهِ عَدَدَ خَلْقِهِ سُبْحَانَ اللَّهِ رِضَا نَفْسِهِ سُبْحَانَ اللَّهِ زِنَةَ عَرْشِهِ سُبْحَانَ اللَّهِ مِدَادَ كَلِمَاتِهِ (رواه مسلم)

«Сенинг ҳузурингдан чиқиб кетганимдан сўнг тўртта калимани уч бор айтдим. Агар уларни сен айтганлар билан тенглаб солиштириб кўрилса, уларнинг барчасидан оғир келади: Аллоҳ таолога маҳлуқотларининг адади (сони)ча поклик бўлсин, Аллоҳ таолога ўзи рози бўладиганича поклик бўлсин, Аллоҳ таолога аршининг вазнича поклик бўлсин, Аллоҳ таолога сўзларининг сиёҳларича поклик бўлсин.»[2]

3. Одатий мубоҳ ишни нима учун қилганини сарҳисоб қилмоқ. У билан Аллоҳни ирода қилдими ёки Охират ҳовлисиними? Ёки фойдани қўлдан бой бериб, унга шунчаки амал қилдими? Шундай қилиб нафсингни мубоҳ ишларда ва урф-одатларда ҳам сарҳисоб қиласан. Уларга амал қилишда сенга яхши ният ҳамроҳ бўлдими ёки шунчаки бажардингми?

Нафсни сарҳисоб қилишдан муҳим фойдалар келиб чиқади. Қиёмат куни инсон уларга муҳтож бўлади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам:

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ الْأَنْصَارِيِّ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى أَهْلِهِ يَحْتَسِبُهَا صَدَقَةٌ (رواه أحمد)

«Албатта кишининг ўз аҳлига савоб умидида инфоқ қилаётган нафақаси ҳам садақа ўрнида бўлади[3]» - деб хабар бердилар.

Нафсни сарҳисоб қилишни қаердан бошлаймиз?

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Аввало фарз амаллардан бошлаш керак. Агар уларда нуқсонни кўрса, дарҳол тузатишга киришади. Сўнг, таъқиқлар, яъни, ҳаром қилинган амалларга ўтади. Агар улардан айримларини қилиб қўйганини билса, тавба, истиғфор ва гуноҳларни ювиб ташловчи яхши амалларни қилиш билан хатосини тўғрилайди. Сўнгра яратилишидан бўлган мақсаддан ғафлатда қолганига ўзини сарҳисоб қилади. Агар у ўзини яратилишидан мақсад қилинган нарсадан ғофил бўлган ҳолда кўрса, дарҳол уни зикр ҳамда Аллоҳга қайтиш билан тузатади ва нафсини тилнинг сўзлари, оёқларнинг юриши, қўлларнинг ушлаши, кўзларнинг кўриши ва қулоқларнинг эшитиши каби аъзолар амали учун бу сўзни не мақсадда гапирдим, ким учун қилдим ва қандай суратда бажардим деб сарҳисоб қилиши керак.

Нафснинг қосирлиги (ноқислиги) туфайли касб этган ҳаром амаллари ўрнига фарз, вожиб ва мустаҳаб амалларга бўйсундириш билан жазолаш муҳимдир.»

Ажабланарлиси шундаки, инсон ўз қулини, чўрисини, аҳли-аёлини, хизматкорини, ҳайдовчисини, қўл остидаги ишчисини ёмон хулқи ва камчилиги туфайли жазолаши мумкин. Лекин ўзини ёмон амаллари учун жазолай олмайди.

Жазо-уқубатлар нимадан иборат?

Жазо-уқубатдан мақсад, сиз ўзингизни тоат-ибодатларга мажбурлашингиздир. Бунга ўтган салафи-солиҳлар қандай қилиб ўзларини жазолаганлари ҳақидаги мисоллардан келтирамиз:

  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аср намозига жамоатдан кеч қолганликлари учун қиймати икки юз минг дирҳам бўлган ерни садақа қилиб юбориш билан ўзларини жазолаган эканлар.
  • Ибн Умар розияллоҳу анҳумо агар бир вақт намозни жамоат билан ўқий олмасалар, ўша кечани бедор ўтказар эканлар. Бир куни шом намозини сал кечиктирганликлари сабабли иккита қулни озод қилган эканлар. Ҳолбуки, ҳали намоз вақти чиқиб кетмаган эди.
  • Ибн Аби Робийъа бамдод намозининг икки ракаат суннатини ўқий олмаганликлари учун бир қул озод қилган эканлар.

Олий нафс эгалари бўлган салафлар наздида камчилик вожибни тарк этиш ёки ҳаром ишни қилишда эмас, балки камчилик бирон-бир вожиб ёки мустаҳаб амални бажара олмасликда, мисол учун, ўзларига одат қилиб олган вирд (суннатга мувофиқ вазифа)лар ёки зикрларни тўла қила олмасликда бўлган. Шу сабабли вирдлар ва зикрларни кўпайтириш билан нафсларини жазолаганлар.

Нафс токи уни жазолаб, сарҳисоб қилиб, унга қарши қаттиқ курашмагунингизгача тўғри йўлга юрмайди.

Нафсни жазолашга ёрдам берадиган нарсалардан бири - нафсга қарши жидду-жаҳд қилган кишиларнинг хабарлари хақида фикр юритишдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дедилар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ قَامَ بِعَشْرِ آيَاتٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنْ الْغَافِلِينَ وَمَنْ قَامَ بِمِائَةِ آيَةٍ كُتِبَ مِنْ الْقَانِتِينَ وَمَنْ قَامَ بِأَلْفِ آيَةٍ كُتِبَ مِنْ الْمُقَنْطِرِينَ (رواه أبو داود)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ким ўн оят билан (тунги намозда) қоим бўлса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким юз оят билан қоим бўлса, ибодат - итоатли бандалардан деб, ёзиб қўйилади. Ким минг оят билан қоим бўлса, ҳақиқий бадавлат яъни, кўп ажрлар жамлаган бандалардан деб китобат қилинади»,- деб марҳамат қилдилар.[4]

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар:

«Уч нарса бўлмаганда эди, бир кун ҳам яшашни ҳоҳламаган бўлардим: жазирама кунларда (рўза тутиш билан) Аллоҳ учун ташналик, кечанинг ярмида Аллоҳ учун сажда қилиш ва ширин меваларни танлаб олгани каби гўзал сўзларни саралаб оладиган дўстлар билан ҳамсуҳбат бўлиш».

Қосим ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Бир куни эрталаб зиёратга чиқдим. Зиёратга чиқсам аввало Оиша онанинг ҳузурларига кириб, у кишига салом берардим. Кунлардан бирида у кишининг олдиларига кирсам, чошгоҳ намозида мана бу:

﴿ فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْنَا وَوَقَانَا عَذَابَ السَّمُومِ ﴾

«Мана, Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди ва самумдан (яъни, баданларни илма-тешик қилиб юборадиган дўзахий шамолдан) сақлади»[5] оятини ўқиб турган эканлар. У киши оятни қайта-қайта ўқир, йиғлаб дуо қилардилар. Мен эса кўп туриб қолиб малолландим ва баъзи бир нарсаларни харид қилиш учун бозорга чиқиб кетдим. Бозордан бўшаб яна у кишининг ҳузурларига қайтдим. Аммо у киши ҳали ҳам ўша ҳолатда оятни қайтариб, йиғлаб дуо қилаётган эканлар. Шунда мен у кишини шу ҳолатда тарк қилиб, чиқиб кетдим.»

Сарҳисобнинг фойдалари:

Албатта киши ўз нафсини сарҳисоб қилиши билан айбларини аниқ билиб олади. Киши токи ўз нафсини ёмон кўрмагунича ва Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқлари, неъматлари қаршисида камситмагунича ҳеч қачон оқил инсон бўла олмайди.

Салафлардан баъзилари Арафотда дуо қила туриб: «Эй Аллоҳ, мен туфайли бошқаларнинг дуоларини қайтармагин» - дейишаркан.

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ айтар эканлар:

«Агар гуноҳларнинг ҳиди бўлганда эди, бирон кимса ёнимда ўтиришга тоқат қила олмас эди». Ҳолбуки, у киши бу уммат ичидаги буюк ибодатгўй кишилардан бири эдилар.

Юнус ибн Убайд раҳимаҳуллоҳ:

«Албатта мен яхши ҳислатлардан юзтасини топаман ва лекин, улардан биронтасини ҳам ўзимда борлигини билмайман» – деган эканлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳ, менинг зулмим ва куфримни мағфират қилгин» -- деганларида бир киши бу сўзни эшитиб:

- Эй мўъминларнинг амири, зулмни биламан, лекин, куфр нима?—деб сўради. Шунда Умар:

﴿ إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ ﴾

«Ҳақиқатан инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир»[6] - деган оятни ўқидилар.

Агар инсон салафи-солиҳларнинг ҳолига чуқур назар солса, ўзининг аҳволини ва улар билан ўзи ўртасида катта фарқ, узоқ масофа борлигини билади.

Демак, сарҳисоб қилишда қуйидаги фойдалар мавжуд экан:

1. Бир ҳолатни иккинчиси билан тенглаб, катта-катта айбларни ошкор этиш.

2. Инсон айблари ҳақида тафаккур юритиб, амалига қўшилиб кириб қолган мағрурлик, такаббурлик каби иллатларни пайқайди ва нафси ҳалокат ёқасига келиб қолганини ва у ҳар қанча амал қилмасин, барибир, қосир банда эканини тушуниб етади.

3. Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиш.

Сарҳисоб қилишга кўмак берувчи нарсалардан яна бири Аллоҳ таолонинг бандалари устидан назорат қилиб туришлиги ва ҳеч бир нарса унга махфий эмаслигини ҳис этмоқлигидир.

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ﴾

«Аниқки, инсонни биз яратганмиз, (демак) унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз».[7]

Сарҳисоб қилишдаги муҳим ишлардан яна бири бу қиёмат кунида бўладиган сўроқ-саволлар ҳақида ва албатта қиёмат кунида сўралишингиз ҳақида фикр юритишдир.

﴿ لِيَسْأَلَ الصَّادِقِينَ عَنْ صِدْقِهِمْ ﴾

«У ростгўйлардан (қиёмат кунида) ростгўйликлари ҳақида сўраш учун..» [8]

Агарда Аллоҳ таоло ростгўйлардан ростгўйликлари ҳақида сўрайдиган бўлса, бошқа кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?

﴿ فَلَنَسْأَلَنَّ الَّذِينَ أُرْسِلَ إِلَيْهِمْ وَلَنَسْأَلَنَّ الْمُرْسَلِينَ ﴾

«Энди, албатта уларга пайғамбар юборилган кишилар билан ҳам, юборилган пайғамбарлар билан ҳам савол-жавоб қилурмиз.» [9]

Ҳаттоки, Пайғамбарлар ҳам сўралишади!!!

Сўзимиз охирида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бизларни ўзларини сарҳисоб қилувчи бандаларидан қилиши ва Охиратдаги ҳисоб-китобимизни осон қилишини илтижо қилиб қоламиз. Омийн!

[1] «Фотиҳа»: 5-оят.

[2] Имом Муслим ривояти.

[3] Имом Аҳмад ривояти.

[4] Имом Абу Довуд ривояти.

[5] «Ват-Тур»: 27-оят

[6] «Иброҳим»: 34-оят.

[7] «Қоф»: 16-оят.

[8] «Аҳзоб»: 8-оят.

[9] «Аъроф»: 6-оят.