Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сарҳисоб

4410 марта кўрилган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Сарҳисоб – нафсни ҳисоб-китоб қилиш ғоятда муҳим масала. Бахт-саодатга эришиш ва яхши натижаларни қўлга киритиш унга боғлиқдир.

Нафсни сарҳисоб қилиш жуда ҳам буюк иш. Зеро, нафснинг тузалиши фақатгина шу билан бўлади. Кимки бугунги кунда уни амалга оширса, эртага - Қиёматда хотиржам бўлади.

Сарҳисоб, бу: нафсингизга назар солиб, у ҳақида ўйлашингиз ва айбларини билишингиздир.

Сарҳисоб бўлмас экан, нажот ҳам топилмайди.

﴿ يَوْمَ يَبْعَثُهُمْ اللَّهُ جَمِيعًا فَيُنَبِّئُهُمْ بِمَا عَمِلُوا أَحْصَاهُ اللَّهُ وَنَسُوهُ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ﴾

«(Ўша) Кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амалларни) Аллоҳ ҳисоблаб қўйган, улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир.»[1]

Нафсни ҳисоб қилиш қуйидаги иборалар (далил-ҳужжатлар)ни тааммул қилишдан келиб чиқади:

﴿ يَوْمَئِذٍ يَصْدُرُ النَّاسُ أَشْتَاتًا لِيُرَوْا أَعْمَالَهُمْ فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَه وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَه ﴾

«Ўша кунда одамлар, уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар. Бас, кимки (дунёда) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрар. Кимки зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрар».[2]

Сарҳисоб қилиш Аллоҳ таолонинг мана бу сўзининг таъсиридан келиб чиққан:

﴿ يَوْمَ تَجِدُ كُلُّ نَفْسٍ مَا عَمِلَتْ مِنْ خَيْرٍ مُحْضَرًا وَمَا عَمِلَتْ مِنْ سُوءٍ تَوَدُّ لَوْ أَنَّ بَيْنَهَا وَبَيْنَهُ أَمَدًا بَعِيدًا وَيُحَذِّرُكُمْ اللَّهُ نَفْسَهُ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ ﴾

«Ҳар бир жон ўз қилган яхши ва ёмон амаллари (кўз ўнгида) ҳозир қилинган Кун (қиёмат)да улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади. Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳлантиради. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир».[3]

Нафсни ҳисоб қилиш охират кунига иймон келтириш ва у кунда Аллоҳ таоло барча халойиқни ҳисоб-китоб қилишига ишонишдан келиб чиқади. Зеро, Аллоҳ бизларни у кундан огоҳ этди.

﴿وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ﴾

«Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди». [4]

Нафсни ҳисоб қилиш Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига ва албатта, Унинг ҳар бир нафс қилаётган амаллари устида текшириб турувчи, хабардор ва назоратчи эканига иймон келтиришдан содир бўлади. Албатта, У зот қилган амалларимизга ва барча бандаларининг амалларига гувоҳдир. Бизларга амалларимизни ёзиб турувчи улуғ фаришталарни муваккал қилиб қўйди.

﴿وَوُضِعَ الْكِتَابُ فَتَرَى الْمُجْرِمِينَ مُشْفِقِينَ مِمَّا فِيهِ وَيَقُولُونَ يَاوَيْلَتَنَا مَالِ هَذَا الْكِتَابِ لَا يُغَادِرُ صَغِيرَةً وَلَا كَبِيرَةً إِلَّا أَحْصَاهَا وَوَجَدُوا مَا عَمِلُوا حَاضِرًا وَلَا يَظْلِمُ رَبُّكَ أَحَدًا﴾

«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи-аъмоли (ўз қўлига) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Ҳолимизга вой бўлсин! Бу қандоқ китоб-ки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай барчасини ҳисоблаб қўйибди»,- дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган (барча) амалларини нақд ҳолда топурлар. Раббингиз ҳеч кимга зулм қилмас». [5]

Нафсни ҳисоб қилиш – инсоннинг кўзланган мақсадга иймон келтириши ва унинг нима учун яратилганлигини билишидан келиб чиқади.

﴿ أَفَحَسِبْتُمْ أَنَّمَا خَلَقْنَاكُمْ عَبَثًا وَأَنَّكُمْ إِلَيْنَا لَا تُرْجَعُونَ ﴾

«Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» [6]

﴿ أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَنْ يُتْرَكَ سُدًى ﴾

«Инсон ўзини бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими?!»[7]

Нафсни ҳисоб-китоб қилиш мўъминларнинг тутган йўли, муваҳҳидларнинг белгиси ва Аллоҳдан қўрқувчи тақводорларнинг унвонидир.

Аллоҳдан қўрқадиган мўъмин киши доимо нафсини сарҳисоб қилади ва гуноҳларига истиғфор айтади. У нафснинг хатари буюклиги, касали ваҳимали экани, макр-ҳийласи жуда катталиги, ёмонлиги қаттиқлиги, гуноҳ ва ёмонликларга буюрувчилиги, ҳавога ўта мойиллиги, жаҳолатга чақирувчилиги, ҳалокатга бошловчилиги ва ундан фақатгина Аллоҳ раҳм этган бандаларгина соғ-омон қолишини яхши билади. Шунинг учун у ҳавои-нафсига эргашиб қул бўлмайди. Агар кимда-ким нафсига эрк бериб, туғёнга кетса, албатта, унинг учун қиёмат кунида жаҳаннамдан ўрин берилади.

﴿ فَأَمَّا مَنْ طَغَى وَآثَرَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا فَإِنَّ الْجَحِيمَ هِيَ الْمَأْوَى وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنْ الْهَوَى فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى ﴾

«Бас, ўшанда кимки (дунёда) туғёнга кетган ва дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унга) жой бўлур! Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унга) жой бўлур.» [8]

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бизларни нафсни ҳисоб қилишга буюради:

﴿ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ مَا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ وَلا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنْسَاهُمْ أَنْفُسَهُمْ أُوْلَئِكَ هُمْ الْفَاسِقُونَ ﴾

«Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эртанги кун (Қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган (яъни, ўзларига охиратда фойда берадиган амаллар қилишдан юз ўгиртириб қўйган) кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ (итоатсиз) кимсалардир.»[9]

Бу оятдаги «қарасин»дан мурод – «фикр қилсин»дир.

Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида бундай дедилар:

«Бу ояти карима банда ўзини сарҳисоб қилиши тўғрисидаги асл ҳужжатдир. Шунинг учун банда доимо ўзини текшириб туриши лозим. Агар унда бирон-бир нуқсон-хатони кўрса, дарҳол уни тарк этиши ва холис тавба қилиши ҳамда ана шундай ёмонликларга етакловчи сабаблардан юз ўгириш билан тузатиши керак. Агар у Аллоҳ таолонинг буйруқларидан бирини бажаришда ўз нафсини қосир деб кўрса, унга бор кучини сарфлаб, парвардигоридан шу ишни тамомига етказишда ёрдам беришини сўраб ҳаракат қилиши лозим. Унга Аллоҳ таоло ато этган неъматлари билан ўзининг Аллоҳ таоло ҳаққида қосирлик-бепарволик қилаётгани ўртасини қиёслаб кўриши лозимдир. Мана шу нарса унда ҳаёни пайдо қилади. Маҳрум бўлишнинг энг ёмони банда бу ишдан ғафлатда қолиб, Аллоҳни унутган, Уни зикр этишдан ғофил бўлган ва ҳавои-нафсларига берилиб, натижада ҳеч бир нарсага эриша олмаган, балки, устига-устак Аллоҳ таоло ўзларига фойда берадиган амалларни ҳам қилишдан унуттириб қўйган ва у дунёю бу дунё зиёнкорлардан бўлган қавмларга ўзини ўхшатишидир.»

Банда токи ўзини астойдил ҳисоб-китоб қилмагунича тақводор кишилар даражасига ета олмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишига ўлим олдидан: «Инсонлар ичида Умардан кўра менга севимлироқ бўлган киши йўқ» - деб айтиб, сўнг: «Мен нима дедим» - деб қайтадан сўрадилар. Шунда Оиша у кишининг айтган сўзларини қайтардилар. Абу Бакр: «Менга Умардан кўра азизроқ бирон кимса йўқдир» - деб айтдилар. Қаранг, сўзларини тугатганларидан сўнг, у ҳақида фикр қилиб, ўрнига бошқасини алмаштирдилар. Чунки у киши бунисини афзалроқ, муносиброқ ва гўзалроқ деб кўрдилар.

Ҳасанул Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтадилар:

«Мўъмин киши ўз нафсига бошчидир. Аллоҳ учун уни сарҳисоб қилади. Дунёда нафсларини сарҳисоб қилган қавмларга охиратда ҳисоб-китоб енгил бўлади. Аммо бу бошчиликни нафсни ҳисоб қилмасдан олган кимсаларга қиёмат кунида ҳисоб-китоб машаққатли бўлади.»

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар:

Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни кўчага чиқдилар ва мен ҳам у киши билан чиқдим. Ҳатто у киши девор билан ўралган бир боғ ичига кириб кетдилар. Шунда мен девор ортидан у кишининг: «Эй мўъминларнинг амири, огоҳ бўл! Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан тақво қилсанг қилдинг, бўлмаса У сени албатта азоблайди» - деган сўзларини эшитдим.

У киши ўз нафсларига нисбатан «Мўъминларнинг амири» деб хитоб қилишлари билан бу унвон ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида у кишидан ҳеч бир нарсани беҳожат қила олмаслигини эслатмоқдалар.

Ҳасанул Басрий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг «Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурман[10]» деган сўзида шундай дедилар: «Мўъмин киши доимо ўз нафсини койиб-тергаб туради: мен бу сўзимдан нимани мақсад қилдим, емишимдан нимани ирода қилдим, буни не мақсадда ичдим? - каби… Фожир эса нафсини койимасдан бепарво ўтиб кетаверади.»

Маймун ибн Меҳрон айтадилар:

«Тақводор киши нафсини золим султондан ҳам, очкўз шерикдан ҳам кўра қаттиқ сарҳисоб қилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбатул ҳожада шундай дер эдилар:

إِنَّ الْحَمْدَ لِلَّهِ نَسْتَعِينُهُ وَنَسْتَغْفِرُهُ وَنَعُوذُ بِاللَّهِ مِنْ شُرُورِ أَنْفُسِنَا وَسَيِّئَاتِ أَعْمَالِنَا (رواه الترمذي)

«Ҳамду сано Аллоҳ учундир. Ундан мадад сўраймиз, унга истиғфорлар айтамиз ва нафсларимизнинг шарридан ҳамда амалларимизнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг паноҳига қочамиз».[11]

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умумий суратда нафснинг ёмонлигидан ва ундан келиб чиқадиган амалларнинг ёмонлигидан ҳамда унинг ортидан келиб чиқадиган азоб-уқубатларнинг ёмонлигидан паноҳ тиладилар. Мана шу сабабдан қиёмат куни эгасининг юзини қаро қиладиган бу ёмон амал ва ана шу ёмон амалга буюрувчи бу ёмон нафсни сарҳисоб қилиш керак.

Кимда-ким нафсини ўз вақтида сарҳисоб қилмас экан, ҳисоб-китоб қилишдан йўқотган нарса миқдорича яхшиликни қўлдан бой беради. Шунинг учун мусулмон киши нафсини ҳаром ишлардан ва шубҳали нарсалардан асрамоғи керак. (Хишом захроний)

Хусусан аҳли илм кишилар, агар илмларига таяниб, нафсларини сарҳисоб қилишдан ғафлатда қолсалар уларга илмлари фойда бермайди. Чунки, илм амал учун гўё жанг қилувчининг қуроли ўрнидадир. Агар уни ишга солмаса, ёнида турганидан не фойда? Бу тарафдан оми ёки жоҳил инсон улардан афзалдир! Чунки улар, ўзларини қосир деб ҳис қиладилар ва доимо ўзларини сарҳисоб қилиб турадилар.

Аммо, баъзи илми ҳаддидан ошириб юборган кимсалар, илмларига суяниб ҳисоб-китобни тарк этадилар. Бунинг сабаби, улар шу илм сабабли ўзларини бошқалардан юқори деб биладилар. Шу сабабли бошқаларни сарҳисоб қилиб, ўзларини унутишади. Натижада қабоҳат кучайиб, айблар зоҳир бўлади. Ўрталарида ҳасад, ҳавои нафсга эргашиш ва фатволарда танозулга кетиш, хато қилиш каби иллатлар авж олади.

Шу сабабли олимлар ва толиблар бошқалардан кўра нафсларини қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилмоқлари зарур. Улар нафсларини ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишлари ўзларига ҳам бошқаларга ҳам фойда. Агар нафсни ҳисоб қилишни тарк этишса, ўзлари ҳам адашишади, бошқаларни ҳам адаштиришади. Жоҳил одамга ҳеч ким эргашмайди. Нафс кишини ҳаддан ошишга ва дунё ҳаётини ихтиёр қилишга чақиради. Парвардигор эса, бандани ўзидан қўрқишга ва нафсни ҳаводан тийишга даъват этади. Қалб эса икки чақирувчининг ўртасида. Гоҳида бу чақирувчига мойил бўлса, гоҳида бунисига мойил бўлади. Айни мана шу жараён имтиҳон ва синов ўрнидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда нафсни уч хил сифат билан сифатлади:

1. Хотиржам-сокин нафс.

2. Маломатгўй нафс.

3. Ёмонлик-гуноҳга буюрувчи нафс.

Агар нафс Аллоҳга сокин бўлса, Унинг зикри билан ором олса, унга инобат қилса-қайтса ва У билан кўришишга муштоқ бўлса, демак, у «хотиржам нафс»дир. Ана ўша нафсга вафот топаётган паллада шундай хитоб қилинади:

﴿يَاأَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَرْضِيَّةً فَادْخُلِي فِي عِبَادِيa وَادْخُلِي جَنَّتِي﴾

«Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан ҳам) рози бўлинган ҳолда Раббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га киргин! Ва Менинг жаннатимга киргин!» [12]

Мўмин – нафси Аллоҳнинг ваъдасига ишонган, Аллоҳ хабар берган нарсаларни тасдиқ этган кишидир. Хотиржам-сокин нафс – Аллоҳни ўзининг Рабби деб иймон келтирган, Унинг буйруқларига ғайрат ила итоат этган ва Унга йўлиқишга ишонган нафсдир. (Бу Ибн Аббос, Қатода, Ҳасан ва Мужоҳидларнинг сўзларидир.)

Унинг (яъни, хотиржам-сокин нафснинг) қаршисида ёмонлик-гуноҳга буюрувчи нафс туради. У ўз эгасини залолат ва ноҳақликдан иборат шаҳвоний йўлларга эргашишга буюради. Бу нафс барча ёмонликларнинг боши, манбаидир.

Аслида нафс золим, жоҳил қилиб яратилди. Фақат Аллоҳ раҳм қилган нафсларгина бундан мустасно холос. Инсон золим ва ношукрдир.

﴿وَاللَّهُ أَخْرَجَكُمْ مِنْ بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لَا تَعْلَمُونَ شَيْئًا﴾

«Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарсани билмаган ҳолингизда чиқарди». [13]

Ҳа, Аллоҳ таоло шу билан бирга уларда агар ҳақни бузувчи ташқи тасиротлардан холи ҳолда уларга кўндаланг қилинса, қабул қилувчи табиий ҳилқатни барпо қилди.

﴿فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا﴾

«Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз!»
И з о ҳ. Ушбу оятда таъкидланишича Ислом табиий хилқат динидир. Ҳадиси шарифда айтилишича, «Ҳар бир бола табиий хилқатда — Исломда дунёга келур. Сўнг уни ота-онаси ё яҳудий қилурлар, ё насроний қилурлар ва ё мажусий қилурлар». Демак, инсон ҳар икки дунёда ҳам руҳан, ҳам жисмонан бахтли-саодатли бўлиши учун ўзининг яралган табиий хилқатидан — Исломидан ажралмаслиги лозим экан.[14]

Бу таълимсиз нафс жоҳил ҳолда қолаверади. Агар уни тарбия қилмай ташлаб қўйилса, туғёнга чақиради ва ёмонликка мойил бўлади. Адолат ҳамда илм аслида унда мавжуд бўлмаган, балки кейин ҳосил бўлган нарсалардир.

Ёмонлик-гуноҳга буюрувчи нафсдаги зулмнинг сабаби ё илмсизлик, ёки, муҳтожликдир. Шу сабабдан, агар Аллоҳ раҳматига олмаса тинмай эгасини ёмонликлар қилишга чорлаб туради. Мана шундан билинадики, албатта банда доимо Парвардигорига муҳтождир.

﴿ إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلا مَا رَحِمَ رَبِّي ﴾

«Нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта, барча ёмонликларга буюрувчидир».[15]

Албатта инсон нафсини ёмонликлардан тийиши учун Парвардигорининг ёрдамига муҳтож. Банданинг Парвардигорига муҳтожлиги унинг емак-ичмакка ва нафас олишга бўлган эҳтиёжидан кўра устунроқ туради.

Аммо маломатгўй нафс - эгасини яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам маломат қилади. Ҳаттоки, қиёмат куни, агар яхши инсонлардан бўлса, қаршисида турган жаннатнинг турли даражаларини кўриб, хайрли амаллардан кўпроқ қилмагани учун ва агар у ёмон инсонлардан бўлиб қолган бўлса, дўзах олдида қилган ёмон амаллари учун уни маломат қилади.

Демак, маломат қилиш нафснинг бир сифати. Нафс гоҳида ёмонликларга буюрувчи, гоҳида маломатгўй ва гоҳида хотиржам-сокин бўлар экан. Бундан чиқди, инсонлардан фалончининг нафси доимо хотиржам, ёки доимо ёмонликка буюрувчи бўлиши шарт эмас. Айрим пайтларда бундай, бошқа пайт ўзгача бўлиши ҳам мумкин. Нафснинг кўпроқ вақт бўладиган ҳолатига қараб ҳукм қилинади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу нафсни сарҳисоб қилишда бепарво бўлишдан ва қиёмат куни ҳалокатга етаклашидан огоҳ этиб, машҳур бир сўзни айтган эканлар:

«Ҳисоб-китобга тортилишингиздан олдин ўзларингизни сарҳисоб қилиб олинглар ва тарозига қўйилишингиздан аввал ўзларингизни (яъни, амалларингизни) ўлчаб олинглар. Чунки, бугун нафсларингизни сарҳисоб қилишингиз эртанги кундаги ҳисоб-китобда сизга енгиллик бўлади».

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ حُوسِبَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عُذِّبَ (رواه مسلم)

Росулуллоҳ соллаллоху алайхи ва саллам: «Кимда-ким ҳисобга тортилса, бас у азобга дучор бўлибди!» - деб айтдилар.[16]

Осон ҳисоб-китоб қилинган киши нажот топади ва ўзининг жаннатдаги аҳли оиласига шоду ҳуррам ҳолда қайтади. Аммо оғир-қаттиқ ҳисоб-китоб қилинган ва ёмон азоб билан азобланган кимсаларнинг бундай оғир ҳолатга тушишларига сабаб ўзларини аввалдан сарҳисоб қилмаганларидир.

Ҳасанул Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтадиларки:

«Албатта банда яхшилик устида бардавом бўлади. Модомики нафсидан унинг учун панду-насиҳатчи бўлса ва сарҳисобга аҳамият берса».

Маймун ибн Меҳрон айтадилар:

«Нафс хиёнаткор шерикка ўхшашдир. Агар уни сарҳисоб қилмасанг, молингни олиб кетади».

[1] «Мужодала»: 6.

[2] «Залзала»: 6-8-оятлар.

[3] «Оли-имрон»: 30-оят.

[4] «Бақара»: 281-оят.

[5] «Каҳф»: 49-оят.

[6] «Мўъминлар»: 115.

[7] «Қиёмат»: 36-оят.

[8] «Ван-назиат»: 37-40-оятлар.

[9] «Ҳашр»: 18-19-оятлар.

[10] «Қиёмат»: 2-оят

[11] Имом Термизий ривояти.

[12] «Вал-фажр»: 27-30-оятлар.

[13] «Наҳл»: 78-оят.

[14] «Рум»: 30-оят.

[15] «Юсуф»: 53-оят.

[16] Имом Муслим ривояти.