Пайшанба 5 Декабрь 2024 | 3 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари (4)

2227 марта кўрилган

Учинчи аломат: Муҳаммад Мустафо солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиш ва таъқиқларидан узоқ бўлиш

Суйганнинг суюклисига итоаткор бўлишида ҳеч шубҳа йўқдир. Суйган суюклининг ёқтирган ишларини қилиш ва ёқтирмаган ишларидан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Шундай қилар экан, қалбида — ифодалашга тил ожизлик қиладиган лаззатни ҳис этади. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган банда ҳам унга эргашиш, унинг буйруқларига итоат этиш ва таъқиқларидан узоқлашиш учун бор кучини сарф этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган саҳобаларнинг бу борада ҳам инсонни ҳайратга соладиган ўрнаклари борки, мен уларни Аллоҳнинг лутфи билан қаламга олишга ҳаракат қиламан.

1. Бир гуруҳ ансорларнинг намозда рукуъда эканлар, Каъбага шошилиб бурилишлари

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини ривоят қилди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан сўнг ўн олти ёки ўн етти ой Байтул-Мақдисга юзланиб намоз ўқидилар. Бироқ, Каъбага қараб намоз ўқишни орзу қилар эдилар. Аллоҳ таоло: "Биз, албатта, Сиз юзингизни осмонга қаратганингизни кўрмоқдамиз. Бас, Сизни рози бўладиганингиз қибла тарафга бурамиз!" (Бақара: 144) оятини нозил қилди. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага йўналтирилди. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аср намозини ўқиди ва (намоз тугаганидан сўнгра) кетди. Йўлда намоз ўқиётган ансорлар жамоати олдидан ўтди ва: "Мен гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ билан бирга намоз ўқидим ва унинг қибласи Каъбага бурилди"- деди.

Улар аср намозининг рукуъсида эканлар, Каъба тарафга қараб бурилдилар" (Имом Бухорий: 7252; 13 / 232).

Ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишга шошилдилар. Ундан келган бир хабарга амал қилишда ҳеч тараддуд этмадилар! Ҳатто бошларини рукуъдан кўтаришни ҳам хаёлларига келтирмадилар. Рукуъда эканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бурилган Каъба сари бурилдилар.

2. Саҳобаи киромнинг сафарда қўноқлаш вақти келганида қўноқлаш амрини бажо келтириш учун шошилишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиш намоздагина эмас эди. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган саҳобалар унга бошқа ишларда ҳам тобеъ бўлиш учун ҳаракат қилар эдилар. (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда қўноқлаш одоби ҳақида берган буйруғига саҳобаи киромларнинг қандай итоат этганларини Абу Салама ал-Хушаний розияллоҳу анҳунинг тилидан ривоят қилмоқда:

"Одамлар бир ерда қўноқламоқчи бўлсалар водий ёки йўл ёқаларига тарқалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сизларнинг водий ва йўл (ёқа)лар(и)га тарқалиб кетишингиз Шайтондандир!"- дедилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирон ерда қўноқламоқчи бўлсалар, улар бир-бирларига шундай киришиб кетар эдиларки, устларига дастурхон солиш мумкин эди" ("Саҳиҳу Аби Довуд": 2288; 2 / 498. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаттоки сафардаги қўноқлашда ҳам мусулмонларнинг тарқалишларига рози бўлмадилар. Бугун эса, Аллоҳ раҳм қилганлардан бошқа одамлар нималар сабабли-ки бир-биридан узоқ бўлмоқдалар?!".

3. Саҳобаи киромнинг хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром қилингинини эшитганлари он, қозонларда қайнаётган гўштларни тўкишлари

Саҳобаи киромлар суйган ва ёқтирган айрим нарсалар таъқиқланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъқиқидан сўнгра улар у нарсалардан ҳеч бир эътирозсиз узоқлашдилар. Бундай ҳодисадан бирини имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Ривоятга қараганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига бир киши келиб: "Эшаклар еб тугатилди!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. У одам иккинчи марта келиб: "Эшаклар еб тугатилди!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна индамадилар. У одам учинчи марта келиб: "Эшаклар йўқ қилинди!"- деди.

Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир дарғачини одамлар ичига бориб: "Аллоҳ ва расули сизларга хонаки эшак гўштини емоқдан наҳй қилдилар"- деб хитоб қилиш учун юбордилар. Натижада ичида эшак гўштлари пиширилаётган қозонлар ағдарилди" (Имом Бухорий: 4199; 7 / 467 – 468).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юракдан суйган бу инсонлар (тайёр пишган гўштни еб олиш учун) бирон бир чора, бирон бир фурсат ёки бирон истисно қилишни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Улар севгида талаб қилинган шартлардан бири суюклининг хохиши ва буйруқларига итоат қилиш эканини тўлақонли тушуниб етган эдилар. Зотан, бундай инсонлар ундай чора ва сабабларни қандай ҳам хаёлларига келтирсинлар?!

4. Ароқ (май)нинг ҳаромлиги эълон қилинганида Мадина кўчаларида оққан ароқлар

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни самимй суйган саҳобаи киромлар таъқиқланди деб орзу қилган нарсаларидан узоқлашибгина қолмадилар, балки, узоқ йиллар давомида ўрганиб қолган, ҳатто оталаридан мерос қолган нарсаларини ҳам тарк этдилар. Улар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга: "Ўз урф-одатимиз ёки анъаналаримиз ёҳуд ўрганиб қолган нарсаларимиз" дея қарши чиқмадилар. (Инчунун, бизларнинг кўпимиз бугун шундай пуч даъволар ила Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қарши чиқмоқдамиз). Бунга далил имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятдир:

"Абу Талҳанинг уйида ўтирганларга соқийлик қилаётган эдим. Улар хурмо шаробини ичишар эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам бир кишини: "Огоҳ бўлингларким, шароб (ароқ) ҳаром қилинди!"- деб нидо қилишга буюрди. Абу Талҳа менга: "Олиб чиқ ва тўк"- деди. Мен уни олиб чиқиб тўкдим. Шароб Мадина кўчаларида оқа бошлади" (Имом Бухорий: 2464; 5 / 112).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган у зотларнинг қилган ишлари - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амрларига итоат қилишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам, шароблар Мадина кўчаларида оқди. Буларни кўрган ва уйида шароби бўлган барча мусулмонлар шаробларини кўчаларга олиб чиқиб, тўка бошладилар. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу хусусда шундай деди: "Ҳадисда уйларида (ёки ёнида) шароби бўлган мусулмонлар бирин-кетин шаробларини тўка бошлаганлари ва шароблар Мадина кўчаларида оқа бошлаганига ишорат бордир" ("Фатҳул-Борий", 10 / 39).

Бу ҳодиса ҳеч бир тараддудсиз, нега?, нимага?, деган саволлар берилмасдан ниҳоясига етди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас розияллоҳу анҳунинг шундай деганини ҳам ривоят қилмоқда:

"Мен Абу Талҳа, фалончи ва фалончига соқийлик қилар эканман, бир киши келиб: "Сизга хабар келдими?", деб сўраб қолди. Улар: "Қандай хабар?"- дедилар. Келган одам: "Шароб ҳаром қилинди"- деди. У ердаги барча: "Эй Анас, шу кўзаларни тўк!"- деди. У одам хабарни олиб келганида, (саҳобалар) на шароб ҳақида сўрадилар ва на савол бердилар" (Имом Бухорий: 4617; 8 / 277).

Ё, Раббий! Бу қандай мутлақ итоат ва мутлақ бўйсуниш!

Бу саҳобаларга Аллоҳ таоло марҳамат қилган ушбу оятлар мос келмоқда: "Ўрталарида ҳукм қилиш учун Аллоҳ ва расулига чақирилганлари он мўъминларнинг сўзи: "Эшитдик ва итоат қилдик!" демоқдир. Ўшаларгина зафар қучган бандалардир" (Нур: 51).

5. Саҳобаи киромнинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиш учун, душманлари билан қилинган аҳд-шартномага риоя қилишлари

Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оддий ва табиий маиший ҳоллардагина эмас, камчилик ва мўлчиликда, уруш ва тинчлик ҳолатларда бир хил итоат этар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат қилиш учун душманларига берган сўзларга қандай риоя қилганларини имом Абу Довуд ва имом Термизий раҳимаҳумаллоҳлар Сулайм ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар:

"Муовия розияллоҳу анҳу билан Византияликлар ўртасида шартнома бор эди. У Византия тупроқларига яқинлашар ва шартнома муддати тугадими, уларга ҳужум қилар эди. (Кунларнинг бирида) уловига минган бир одам: "Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Биз аҳдга вафодормиз! Аҳдни бузиш йўқ!" дея келди. У одам – Амр ибн Абса розияллоҳу анҳу экан. Муовия розияллоҳу анҳу унга одам жўнатиб (бу сўзларининг изоҳини) сўради. У шундай жавоб берди: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: "Кимнинг бошқа бир қавм билан аҳдномаси бўлса, у ниҳоясига етгунигача ёки у қавм аҳдни бузганини билмагунича аҳдномани бузмасин!"".

Бу сўзларни эшитган Муовия розияллоҳу анҳу (ҳужум қилмай) ортига қайтди" ("Саҳиҳу Аби Довуд": 2397; 2 / 528. "Саҳиҳу Сунанит-Термизий": 1285; 2 / 113 – 114. Ривоят лафзи Абу Довуд раҳимаҳуллоҳники).

6. Саҳобаи киромнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига итоат қилиб ипак кийимларини киймасликлари

Имом Табаронийнинг ривоятига қараганда мусулмон аскарлар Ярмукда қўноқладилар ва душманларига: "Биз сизларнинг қўмондонингиз билан учрашиб, гаплашмоқчимиз. Шунинг учун бизга у билан кўришиш имкониятини беринглар"- дедилар. Душман сафидагилар мусулмонларниг бу истакларини қўмондонларига етказдилар ва улардан рухсат олдилар. Абу Убайда ва Язид ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумолар элчи бўлиб душман қўмондони олдига келдилар. У куни қиролнинг укаси (Қиролнинг укаси – Византия лашкарларининг Бош Қўмондони бўлиб, исми Тўзарик эди (Қаранг: "ал-Бидоя ван-ниҳоя", 7 / 9)) қароргоҳида ипакдан тўқилган ўттиз чодир ва юқоридан пастга тўшалган ўттиз парда бор эди.

Мусулмонлар қароргоҳга етиб келгач, у чодирларга киришни рад этдилар ва: "биз ипакни (эркаклар учун) ҳалол деб ҳисобламаймиз. Шунинг учун, Сен бизнинг олдимизга чиқ!"- дедилар.

Бош Қўмондон ўзи учун тайёрланган дабдабалар турган ердан, элчилар ҳузурига чиқди.

Бу воқеъа (Византия императори) Ҳирақл (Геракл)га етиб борганида шундай деди: "Мен сизларга айтмадимми? Бу - хорлигимизнинг бошланишидир! Энди биз учун шону-шараф қолмади. Туғилган фойдасиз бола сабабли византияликларнинг ҳолига вой!" (Табарий, "Тарих", 3 / 403).

Бошқа ривоятда шундай дейилган: "Саҳобалар (икки элчи): "Бизнинг ундай ерга киришимиз ҳалол эмас"- дедилар. Шундай дейишларига қарамай Бош Қўмондон: "Улар учун ерга ипак палослар тўшалсин" дея амр қилди. Элчилар яна: "Уларнинг устига ўтирмаймиз"- дедилар. Қўмондон, элчилар ҳоҳлаган ерга ўтиришга мажбур бўлди ("ал-Бидоя ван-Ниҳоя", 7 / 9 – 10).

Душманлар билан учрашиш, саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишларида монеълик қила олмади. Бунга илк назар ташлашда, душманлар учун манфаат бўлиши билан – аввалги мисолда кўрганимиздек - ўзлари учун манфаат бўлиши ўртасида ҳеч фарқ йўқ эди. Бу - руҳан, ақлан ва иймонан заиф бўлган мусулмонлар учун оддий ёки буюк ишдек кўринсада, улар учун фарқи йўқ эди. Ахир улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъ бўлишдан қандай юз ўгиришлари мумкин?! Ҳолбуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Менинг амримга хилоф иш қилганларнинг бошига хорлик ва камситиш келажакдир" деганларини эшитган эдилар (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Қаранг: "Муснад": 5115; 7 / 122. Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини баён қилди. (Аввалги манбаъ)).

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини эшитибгина қолмадилар, балки, ёд олдилар, тушундилар, унга лойиқ бўлганидек риоя қилиб, ҳаётларига татбиқ этдилар. Бугунги мусулмонлар ҳам бу ҳақиқатни тушуниб етсалар кошкийди. Буюк Аллоҳ таоло мусулмонларининг зафар ёки мағлубиятларини баъзи сабабларга боғлади. Буларнинг энг муҳимларидан бири - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъ бўлиш ва Унга осий бўлмасликдир. Унга итоат қилган банда азиз ва Ер юзида ҳукмрон бўлса, Унга осий бўлган кимса хору-зор бўлади.

Мусулмонларнинг ушбу ҳақиқатни тушуниб, ҳаётларига татбиқ қилишлари, шояд, бугунги кундаги хорликлари ва йўқ бўлиш учун босаётган одимларидан қутқарадиган восита бўлар.