асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Расулуллоҳ севгиси ва унинг аломатлари (3)2424 марта кўрилган 7. Умар розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин ерда дафн қилиниш орзусиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган бошқа бир шахсни кўрмоқдамиз. У – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. Фоний дунёдан мангулик диёрига кўчар экан, унинг бирдан бир орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бир ерда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўшни ўлароқ дафн қилинишдир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Амр ибн Маймун (Муборак маъносида)дан нақл этган ривоятга кўра, Умар бин Хаттоб шундай деди: "Эй, Абдуллоҳ ибн Умар, мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бор ва "Умар сизга салом айтяпти" де. Фақат, мўъминлар амири, деб айтма. Чунки, мен бугун мўъминларга амир эмасман. Сен унга: "Умар ибн Хаттоб ўзининг икки дўсти ёнига дафн қилиниш учун рухсат сўраяпти"- деб айт". Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу онамиз Оиша розияллоҳу анҳога салом берди ва киришга рухсат сўради, кейин унинг ҳузурига кирди. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳони йиғлаб ўтирган ҳолда топди. "Умар ибн Хаттоб сизга салом айтмоқда ва сиздан икки дўсти ёнига дафн қилиниш учун рухсат сўрамоқда"- деди. Оиша онамиз: "У (ерга дафн қилиниш)ни ўзим учун ҳоҳлар эдим. Бироқ, у ерни унга илиндим"- дедилар. Абдуллоҳ қайтганида: "Ана, Абдуллоҳ ибн Умар келаяпти"- дедилар. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу: "Мени ўтиргизинглар!"- деди. Бир одам уни ўзига суяб ўтиргизди. Умар розияллоҳу анҳу: "Нима гап"- деди. Абдуллоҳ: "Сиз хоҳлаган нарса, эй амирул мўъминийн! Сизга рухсат бердилар"- деб жавоб берди. Умар розияллоҳу анҳу шундай дедилар: "Алллоҳга ҳамд бўлсин! Мен учун бундан кўра муҳимроқ бошқа нарса йўқ эди. Вафот этсам, мени кўтариб олиб боринглар, Оиша розияллоҳу анҳога салом бер ва: "Умар ибн Хаттоб рухсат сўраяпти"- деб айт. Агар менга изн берса, хонага олиб киринглар. Агар рад қилса, мени мусулмонлар қабристонига қайтаринглар!" (Имом Бухорий: 3700; 7 / 60-61). 8. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилиш вақтининг яқинлашганини англаши билан йиғлашлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сидқидилдан суйган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан ажаллари яқинлашганининг хулосасини чиқариб, ўзини тута олмай йиғлай бошлаганини кўрмоқдамиз. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ унинг ҳикоясини Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари билан бизга нақл қилди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ваъз қилиб, шундай дедилар: "Аллоҳ бир қулига дунё билан Ўз ҳузуридаги нарсалар ўртасини танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги қул Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни танлади". (Абу Саид розияллоҳу анҳу деди): "Буни эшитган Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг йиғлашидан ажабландик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танлов ихтиёри берилган бир қул ҳақида хабар бераётган бўлсалар?. (Кейин билсак,) танлов ихтиёри берилган қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ичимиздаги энг билмдонимиз экан!" (Имом Бухорий: 3654; 7/12). Муовия ибн Аби Суфён розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бошқа бир ривоятда шундай дейилган: "Буни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким тушунмади. Шунинг учун у йиғлаб: "Ота-оналаримиз ва фарзандларимиз сизга фидо бўлсин!"- деди" ("Мажмаъуз-заваид": 9/42. Ушбу ҳадис ҳақида Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ: "Санади ҳасандир"- деди (Аввалги манбаъ: 9/43). 9. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафотларидан сўнгра хотирлаганида йиғлашиАбу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни вафот этганларидан сўнг хотирлаб, йиғлаганини кўрмоқдамиз. Буни имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ўқиймиз: "Мен Абу Бакр розияллоҳу анҳуни шу минбар устида туриб қуйидаги сўзларни айтганини эшитдим; "Мен ўтган йили Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан худди мана шу кунда эшитгандим, деди-да, кейин унга йиғи ғолиблик қилди. Сўнгра шундай деди: "Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: "Ихлос калимасидан сўнгра сизга офиятдек бирон нарса берилмаган. Шунинг учун Аллоҳдан офиятни тиланглар!" ("Муснад": 10; 1/158-159. Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир бу ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини айтди. Қаранг: "Муснад": 1/158- саҳифадаги ҳошия). Бошқа бир ривоятда шундай дейилмоқда: "Йиғи уни уч марта гапиришдан тўҳтатиб қўйди. Сўнгра дедики... дея сўзларининг қолган қисмини зикр қилди (Аввалги манбаъ: 44; 1/173. Аҳмад Муҳаммад Шокир ушбу ҳадис санадининг саҳиҳ эканини айтди. Қаранг: "Муснад", 1/173 саҳифадаги ҳошия). 10. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламга тезроқ қовушиш истагиБунга далил имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятидир: Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўлим куни яқинлашганида: "Бугун қайси кун?"- деб сўради. Атрофида ҳозир бўлганлар: "Душанба"- деб жавоб бердилар. У: "Агар бугун ўлсам, мени эртагача кечиктирманглар. Чунки, мен учун энг севимли кун ва тун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бўлажагим кун ва тундир"- деди ("Муснад": 45; 1 / 173. Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир ҳадиснинг санади саҳиҳ эканини айтди). Аллоҳу Акбар! Кун ва тунларнинг энг суюклиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқинлигига кўра белгиланмоқда! Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни юракдан суйганлар муҳаббатларида, уни кўриш учун шавқларида, унга дўст бўлишга интилишларида, уни кўриш билан севинишларида, у билан бирга бўлиш нашъаларида, уни барча нарсадан афзал кўришларида, уни йўқотиб қўйишдан қўрқишларида, ундан айрилганда йиғлашларида, шундай эдилар. Бизлар-чи!? Биз Унинг муҳаббати ўрнига бошқа нарсалар муҳаббатини қўймадикми?! Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни суюшни қанчалар даъво қилмайлик, бошқа нарсаларни кўриш ёки тинглаш учун қанча-қанча мол-дунёмиз ва вақтларимизни фидо қилиб, уларни томоша қилиш учун Аллоҳ ва бандалар ҳаққини зое қилмоқдамиз. Уларни томоша қилиш билан севиниб, кўра олмаганларимиз учун ачинмоқдамиз. Бу томошалар севганларини Ернинг тубига киритадиган ҳамда чўчқа ва маймунларга айланиб қолишига сабаб бўладиган нарсалар эканини унутдик ёки унутгандек кўринмоқдамиз!! (Бу ерда гап ҳаром қилинган мусиқа ва маст қилувчи ичимликлар ҳақида кетмоқда. Мутаржим изоҳи). Инчунун, нафсу-ҳавосидан сўзламайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг хабарини бермоқдалар. Имом ибн Можа раҳимаҳуллоҳ Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини нақл этганини ривоят қилди: "Умматимдан баъзилари маст қилувчи ичимликлар ичадилар ва уни бошқача номлар билан атайдилар. Устларида чолғу асбоблари чалинади. Уларни Ерга юттирилади ҳамда маймун ва чўчқаларга айлантириладилар" ("Саҳиҳу Сунани ибн Можа": 3247; 2/371). Бизнинг ҳолимиз шу экан, ажабо, "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча инсонлар ва барча нарсадан кўра кўпроқ суямиз!"- деб айтган сўзимиз (Аллоҳ ҳузурида) қабул қилинармикин?! Сирру-ошкорни билган Аллоҳ ҳузурида бирон фойда берармикин?! Иккинчи аломат: Аллоҳнинг расули учун жон ва молу-дунёни фидо этишСамимий суйган, суйгани йўлида ўз ҳузури, жони ва эга бўлган барча нарсасини фидо этиш учун қўлга киритадиган ҳар бир фурсатни катта шавқ билан орзу қилади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни суйган саҳобалар, У учун кўзларни қамаштирадиган фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Улардан сўнг дунёга келиб, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни суйган кимсалар эса, у буюк бахтни қўлга кирита олмаганлари учун қаттиқ ҳасрат чекдилар. Қуйида фидокорлик, муҳаббат ва боғлиқлик, имон ва ихлоснинг ҳақиқатан ҳам инсонни безаган баъзи хислат ва жиҳатларини қаламга оламан. Бу - Оламлар Роббисининг ҳабиби ўз ҳабибларидан ҳабибларига бўлган муҳаббатда самимий бўлганларнинг хислатларидир. 1. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам учун хавотир олиб, қўрқиб йиғлашиАбу Бакр розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат йўлига тушганлари он, Суроқа ибн Молик улар ортидан эргашиб, кузата бошлади. Суроқа яқинлашган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу изтиробга тушди ва ўзидан қўрққани учун эмас, балки, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёти таҳлика остига кираётганидан қўрқиб, йиғлай бошлади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ бу ҳодисани Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди: "Биз йўлга тушдик. Қавмимиз бизни қидиришар эди. Бизга отга минган Суроқа ибн Молик ибн Жуъшумгина етиша олди. Мен: "Эй Аллоҳнинг расули, бизни таъқиб қилган бу одам ҳозир бизга етиб олади!"- дедим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: "Хавотир олманг, Аллоҳнинг биз билан бирга эканида шубҳа йўқдир!"- дедилар. Ниҳоят, Суроқа бизга яқинлашди. Ўртамизда икки ёки уч мизроқ (тахминан тўрт ёки олти метр) қолди. Мен: "Эй Аллоҳнинг расули, бизни таъқиб этган одам етиб келди!"- дедим-да, йиғлай бошладим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: "Нега йиғлаяпсиз?"- деб сўрадилар. Мен: "Аллоҳ номига қасамки, ўзим учун эмас, Сиз учун йиғлаяпман"- дедим. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам Суроқага баддуо қилдилар ва: "Аллоҳим, унинг шарридан Ўзинг ҳоҳлаган нарса билан бизларни кифоя қил!", дедилар. Суроқа отининг олд икки оёғи, ер қаттиқ бўлишига қарамай, қорнига қадар ерга кириб кетди..." дея ҳадисни охиригача зикр қилди. ("Муснад: 3; 1/155. Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир ушбу ҳадис санадининг саҳиҳ эканини айтди. Қаранг: "Муснад", 1/154 саҳифадаги ҳошия). 2. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳунинг жангдаги тўқнашувда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнида бўлишга тиришишиМуҳаббатида самимий бўлган бошқа бир саҳобани кўрмоқдамиз. У жанг майдонида, душман билан тўқнашилганда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга - ёнма-ён туришга ҳаракат қилмоқда. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ҳодисани бизга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ривояти билан нақл қилмоқда. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деди: "Мен Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳунинг бир ҳолатига шоҳид бўлдим ва бу ҳолат учун қўлимда эга бўлган барча нарсамни фидо этишга тайёрман (Яъни, қўлимда бўлган дунёвий нарсаларни, демоқчи. Қаранг: "Фатҳул-Борий", 7 / 287). Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига мушрикларни баддуо қилиб келди-да: "Биз Сизга Мусо (алайҳиссалом)нинг қавми каби: "Сиз ва Роббингиз (иккингиз) бориб жанг қилинг!" демаймиз. Биз Сизнинг ўнгингиз, чапингиз, олдингиз ва орқангизда туриб жанг қиламиз"- деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари қувончдан порлаб кетди". Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Миқдоднинг сўзлари туфайли порлаганини назарда тутмоқда. (Имом Бухорий: 3952; 7 / 287). Бу ривоятда Миқдод ибн Асваднинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидокорликларга тайёрлиги билан бирга, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бундай шарафли бир ҳолатда бўлиш орзуси ҳам ўз аксини топганини кўрмоқдамиз. Бу унинг ушбу ифодаларида мужассамдир: "Мен Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳунинг бир ҳолатига шоҳид бўлдим ва бу ҳолат учун қўлимда эга бўлган барча нарсамни фидо этишга тайёрман". Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ буни шарҳлар экан шундай деди: "Яъни, бу сўзни айтган одам мазкур ҳолат билан бошқа ҳар қандай нарса ўртасида танлаш ихтиёри берилса, албатта, шу ҳолатда қолишни мамнуният билан қабул қилар эди" ("Фатҳул-Борий", 7/287). 3. Ўн бир ансор ва Талҳа розияллоҳу анҳумларнинг Аллоҳнинг расули учун жонларини фидо қилишлариУҳуд жангида баъзи камончилар хато қилиб, ўз мавқеъларини тарк этдилар. Маккалик Қурайш қабиласига мансуб ва Холид ибн Валид қўмондонлиги остидаги бир бўлинма, мусулмонларнинг орқасидан бостириб келди. Бунинг оқибатида мусулмонлар сафида парокандалик вужудга келди. Шундай бир ҳолат вужудга келдики, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида ўн икки киши қолди. Мушриклар улар томон яқинлашдилар. Хўш, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламни самимий суйган бу улуғ инсонлар, суйганлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилишда қандай матонат кўрсатдилар? Буни билиш учун имом Насоий раҳимаҳуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилган ушбу ривоятни ўқийлик: "Уҳуд куни одамлар ортга чекинганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки ансор билан бир чеккада қолдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу улар билан бирга эди. Мушриклар уларни қуршаб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қараб: "Булардан бизни ким ҳимоя қилади?!"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу: "Мен!"- дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен қимирлама!"- деб буйруқ бердилар. Буни эшитган ансорлардан бири; "Мен, эй Аллоҳнинг расули"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен чиқ!"- дедилар. У ансор ўлгунига қадар жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг яна қуршаб олаётганларини кўриб: "Бизни булардан ким ҳимоя қилади?!"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу яна: "Мен!"- деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Жойингдан қимирлама!"- деб буйруқ бердилар. Шунда ансорлардан бири: "Мен"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен чиқ!"- дедилар. У ҳам ўлдирилгунига қадар жанг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги сўзларни такрорлар ва мушрикларнинг қаршисига бир ансор чиқиб, аввалги ансорлар каби матонат билан ўлгунига қадар жанг қилар эди. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Талҳа розияллоҳу анҳу бирга ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Буларнинг қаршисига ким чиқади?"- дедилар. Талҳа розияллоҳу анҳу: "Мен!"- деди. У ўн бир ансор каби жанг қилди. Ниҳоят, қўли яраланди ва бармоқлари кесилганида: "Оҳ!"- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Агар "Бисмиллаҳ!" деб айтсайдинг, фаришталар сени юқорига кўтарар, одамлар сенга қараб қолишар эди"- дедилар. шундан сўнг, Аллоҳ таоло мушрикларни қайтарди" ("Саҳиҳу Сунанин-Насоий": 2951; 2/661. Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ деди: "Ҳадис "Бармоқлари кесилди" дейилиши билан ҳасандир. Ундан аввалги ривоятнинг ҳасан бўлиш эҳтимоли бордир. Ҳадис имом Муслимнинг шартига кўрадир (Аввалги манбаъ: 2/661). Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида: "Ровийлари ишончлидир"- деди (Сияру аъламун-нубалаа": 1 / 27). Аллоҳу Акбар! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган ўн бир киши, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Оламлар Роббиси ва ўзларининг ҳабиблари йўлида жонларини фидо қилдилар. Ўн иккинчи шахс – Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни мудофаа қилиши осон бўлмади. У ўн бир ансор каби жанг қилди. Бунинг оқибатида қўли яраланди. Чунки у, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни қўли билан ҳимоя қилар эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра: "Қайс: "Мен Уҳуд куни Талҳанинг пайғамбаримизни ҳимоя қилган ярадор қўлини кўрдим"- деди" (Имом Бухорий: 4063; 7 / 359). Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг Роббиси номига қасам ичиб айтаманки, Буюк Аллоҳнинг энг суйгани ва яратилган барча махлуқларнинг энг улуғини мудофаа қилиш учун ярадор бўлган бу қўл қандай бахтли ва қандай пок-а!! Бу қўлнинг эгаси қанадай бахтиёр-а!! Улуғ пайғамбарни мудофаа қилар экан қўлгина эмас, балки, тананинг ҳамма ери жароҳат олган эди. Чунки, Талҳа розияллоҳу анҳунинг баданида етмишга яқин жароҳат бор эди. Имом Абу Довуд Таёлисий раҳимаҳуллоҳ онамиз Оиша розияллоҳу анҳонинг Абу Бакр розияллоҳу анҳудан қилган ушбу ривоятини келтирди: "... Сўнгра, чуқурлардан бирида ётган Талҳанинг ёнига бордик. Унинг баданида найза, (камон) ўқи ва қилич зарбаларидан етмиш атрофида ёки етмишдан ортиқ ёҳуд етмишга яқин жароҳат кўрдик" ("Минҳатул-Маъбуд фий тартиби Муснадит-Таёлисий Аби Довуд": 2346; 2/99. Қаранг: "Фатҳул-Борий": 7/82-83). Абу Бакр розияллоҳу анҳу Уҳуд кунини эсласа йиғлар ва: "У кун – Талҳанинг куни эди!"- дер эди. (Қаранг: "Минҳатул-Маъбуд": 2/99). Аллоҳ таоло Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Бакр ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни суйган барчадан рози бўлсин! 4. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу кўксини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг кўксига қалқон қилишиРасулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни самимий суйганлардан бошқа бири ўз кўксини пайғамбаримизнинг кўксига қалқон қилганини кўрмоқдамиз. Ўқлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга тегмай, унга тегмоқда. Бу воқеъа ҳам Уҳуд жанггида бўлган эди. Имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг шундай деганини ривоят қилмоқдалар: "Уҳуд кунида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганларнинг кўпи орқага чекинди. Абу Талҳа эса қўлидаги теридан бўлган бир қалқон билан Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни мудофаа қилар эди. У мерган эди. У ўша куни икки ёки учта камонни синдирган эди. Шунинг учун ҳам, унинг олдидан найзадони билан ўтган ҳар бир жангчига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Абу Талҳага найзаларингдан ташлаб кет!"- дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тепаликдан жангчиларга боқар экан, Абу Талҳа : "Эй Аллоҳнинг пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз ундай қилиб қараманг. Уларнинг биронта ўқи сизга тегмасин! Менинг кўксим сизнинг кўксингизга қалқон!"- деди (Имом Бухорий: 4064; 7/361. Имом Муслим: 1811; 3/1443. Ҳадис лафзи имом Муслимникидир). Аллоҳу Акбар! Суйган - нималарни қилмайди, нималарни орзу этмайди?!! Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг: "Кўксим сизнинг кўксингизга қалқон!"- деб айтган сўзларини шарҳлар экан, шундай дейди: "Мана, менинг кўксим сизнинг кўксингиз олдида". Яъни, мен шундай вазиятда турибманки, агар ўқ келиб қолса кўксингизга эмас, кўксимга тегади" ("Умдатул-қорий", 16/274). Шайх Муҳаммад Фуод Абдулбоқий шундай деди: "У жумла, дуо жумласидир. Яъни, ўқлар сизга эмас менга тегиши учун, Аллоҳ кўксимни ўқларга яна ҳам яқин қилсин!", демакдир. 5. Абу Дужона розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдида ўзини қалқон қилишиИбн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ, бизга, самимий суйганлардан бошқа биттасини ривоят қилмоқда: "Абу Дужона розияллоҳу анҳу жуссасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалқон қилди. Ўқлар унга тега бошлади. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баданига ёпишиб олган вазиятда эди. Унга теккан ўқларнинг сони анчагина кўпайди (Ибн Ҳишом раҳимаҳуллоҳ, "ас-Сийратун-набавийя", 3/30. Қаранг: ибн Ҳиббон Бустий раҳимаҳуллоҳ, "ас-Сийратун-набавийя", 224. Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ "Тарихул-Ислом", 174 – 175). Бошқа бир ривоятда: "У эса қимирламай турар эди"- дейилган (Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ, "Жавомиус-сийра", 162. Қаранг: "Зодул-маод", 3/197). Аллоҳу Акбар! Абу Дужона розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалқон бўлиш вазифасига, унга ёпишиб олишга ва орқасига ўқлар тегишига қарамай қимирламай туришга ундаган нарса нима эди? Шубҳасиз, бу – Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва ўша суюкли зот учун жонни фидо қилиш даражасига олиб борган катта орзу эди. |