Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайгамбар хонадонидан намуналар (2)

3100 марта кўрилган

Ғийбат ва чақимчиликдан сақланинг!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кишининг ҳаракатини қилиб бердим шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Менга фалонча нарсанинг бўлиши эвазига бировнинг ҳаракатини ўхшатиб беришим мени хурсанд қилмайди", - дедилар. Мен эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Софийя мана бундай дедим. (яъни, қўли билан Софийянинг калта, бўйи пастлигига ишора қилди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Дарҳақиқат сиз шундай сўзни айтдингизки, агар уни денгиз суви билан аралаштирилса, денгиз сувини ҳам бузган бўлар эди», - дедилар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Ҳадисда ғийбатнинг ёмонлиги айтилмоқда. Олимлар ғийбатни гуноҳи кабиралардан ҳисоблаганлар.

«... ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бунданда ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)!...» (Ҳужурот:12)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Рибо-судхўрлик етмиш икки бобдир. Энг кичкинаси (нинг гуноҳи) киши ўз онасига жинсий яқинлик қилиши кабидир. Энг катта судхўрлик киши ўз биродарининг обрў-эътиборига путур етказишидир». Табароний ривояти, Албоний саҳиҳ деган.

«Меърожга чиққанимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан эди. Улар кўкраклари ва юзларини тирнар эдилар. Шунда мен: «Эй Жибрил, булар кимлар», - деб сўрадим. Жибрил: «Улар инсонларни гўштини еган, уларнинг обрўларига путур етказганлар»,- деб жавоб берди. Абу Довуд ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатдан қаттиқ қайтарганлар. Ғийбатчилар қандай ёмон гуноҳ қилиб юрганларини билиб қўйишсин. Наҳот тиллари ғийбатдан чарчамаган бўлса?!

Ғийбатчи ва чақимчиларнинг касофатидан қанча чин дўстларнинг оралари бузилиб кетди! Қанча оилаларнинг орасига совуқлик тушди! Қанча гулдек хонадонлар ҳаробага айланди.

Ахир ёлғон-бўҳтонлар сабабли мазлум бўлиб қолганларнинг дуои-бадларидан қўрқмайдиларми?!

Аллоҳ таоло мазлумларнинг дуосини қабул қилади. Аллоҳ азза ва жалла мазлумга қарата: «Иззатим ва Улуғлигимга қасамки, кейинроқ бўлса ҳам, албатта сенга ёрдам бераман!»- дейди. Ғийбатчи ва чақимчилар Аллоҳнинг аламли азоби келмасдан туриб тавба қилинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бир мўмин ҳақида унда йўқ бўлган сифатни гапирса, то гапираётган гапидан тўхтамагунича Аллоҳ унинг жойини дўзах аҳлидан оқиб чиққан йиринг ва қонлар тўпланадиган жойдан қилади». Абу Довуд ривояти.

Мусулмон киши ғийбат қилаётган одамни қайтариши лозим. Чунки ғийбатни эшитиш ҳаром. Биродарининг обрўсини ҳимоя қилган кишига чиройли оқибатлар ваъда қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг обрўсини ғийбатдан ҳимоя қилса, уни дўзахдан омон сақлаш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлди». Аҳмад ривояти.

Оилавий муаммолар ечими

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришга изн сўраб келдилар. Шу вақт Оиша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга баланд овоз билан гапираётганини эшитиб қолди. Изн берилгач, кириб Оиша онамизни ушладилар ва: «Эй Умму Рувмоннинг қизи! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозингни баланд кўтарасанми?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккалаларининг ўртасига тушдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу чиқиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳуни рози қилиш учун: «Кўрмадингизми, сиз билан отангизнинг ўртангизга тушдим»,- дея бошладилар. Бир муддатдан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, яна киришга изн сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша розияллоҳу анҳони қулдираётган эдилар. Изн берилгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уришиб қолган вақтингизда шерик қилганингиздек, тотувлигингизда ҳам шерик қилингларда»,- деди». Аҳмад ривояти.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимлигини сўз билан таъриф қилиш қийин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асло кибр қилмасдилар. Агар аёлларидан бир хато содир бўлса, биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртани ислоҳ қилишга ҳаракат қилар эдилар.

Эр-хотин ўртасида келишмовчилик бўлиши табиий ҳол. Оилада жанжал чиқса, дарҳол икковидан бири ғазабидан тушиб тоқати етганча жуфтини аччиғидан туширишга ҳаракат қилмоғи лозим. Шунда оила деб аталмиш кема ҳаёт денгизида сузишда давом этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонидаги келишмовчиликлар аёллари томонидан бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиройли хулқлари ва ҳалимликлари аёлларини аччиғидан туширарди.

Ота эрига қарши чиққанлиги учун қизига одоб бериши керак. Бу оила тинчлиги учун зарур.

Агар хотин тарафидан бирон хато содир бўлса, эр дарҳол аёлга зарар беришга ёки никоҳ тугунини ечишга шошилмасдан, ақл ва юмшоқлик билан муомала қилиши ва аёлининг яхшиликларини эслаб, бу хатони кечириб юбориши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин киши мўмина аёлни ёмон кўрмасин. Агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқасидан рози бўлади». Муслим ривояти.

Келишмовчиликни ҳал қилиш учун Аллоҳга осий бўлиб қолмайдиган даражада эр-хотин ўз ҳаққини талаб қилишлари мумкин.

Ота фақат қизига фойдали бўлган ўринлардагина қизининг оилавий ишларига аралашиши мумкин.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. Алий розияллоҳу анҳуни уйда топмадилар. «Амакингнинг ўғли кани?»- дедилар. Фотима розияллоҳу анҳо: «Орамиздан гап ўтганди, менга ғазаб қилиб чиқиб кетди. Менинг олдимда дам олгиси келмади»,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига: «Қарачи қаерда экан», - дедилар. Ҳалиги киши: «У масжидда ётибди», - деб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга келдилар. Алий розияллоҳу анҳунинг ёнбошидан ридоси тушиб кетиб унга (ёнбошига) тупроқ теккан ҳолда ётарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг чангларини коқиб: «Эй Абу Туроб![1] тур, Эй Абу Туроб! тур», - дея бошладилар. Бухорий ва Муслим ривояти.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу ҳадисда кўп фойдалар бор. Булардан бири куёвга яхши гапириб, ғазабидан туширишдир».

Хотинлар ўртасини ислоҳ қилиш

Анас розияллоҳу анҳудан: «Ҳафсанинг "яҳудийнинг қизи" дегани, Софийяга етиб келди. У хафа бўлиб йиғлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кирганларида ҳам йиғлар эди. «Сизни нима йиғлатди?»- дедилар. Софийя: «Ҳафса мени яҳудийни қизи деб айтди», - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз пайғамбарнинг қизисиз, амакингиз пайғамбар ва ўзингиз пайғамбарнинг никоҳидасиз. У нимаси билан сизга фахрланади?»- дедилар. Сўнг: «Эй Ҳафса, Аллоҳдан қўрқинг!»- дедилар». Имом Аҳмад ва Термизий ривоятлари.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Кундошлар ўртасида келишмовчилик чиққан пайтларда эр ҳакамлик қилиши жоиздир.

Аёл киши ўз номусини ва динини муҳофаза қилиш йўлида унга келаётган сўзлар -ҳатто фозила аёллар тарафидан келаётган бўлса ҳам- ўз исботини топмагунича қаттиқ ишонч ҳосил қилмаслиги керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Софийя розияллоҳу анҳога яхши фазилатларни баён қилиб бердилар. Чунки бу фазилатлар Пайғамбар хонадонига боғлиқ бўлган тақво ва иймон каби шарафли асос устига қурилгандир. Буни камситиб бўлмайди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса розияллоҳу анҳога насиҳат қилдилар.

Ҳафса розияллоҳу анҳо жаҳли чиққан пайтда юқоридаги сўзни айтган бўлиши мумкин. Лекин мусулмон киши тилини ҳар қандай тойилишлардан сақлашга буюрилган.

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандаларимга улар энг чиройли (яхши) сўзларни гапиришсин. Албатта шайтон уларнинг орасига адоватни ташлайди. Албатта шайтон инсонга очиқ душмандир». (Исро: 53)

Аҳли аёлга таълим бериш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, мўминлар онаси Жувайрия Ҳорис қизи розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жувайриянинг олдидан бомдод намозидан кейин ўтдилар. Жувайрия жойномози устида эди. Сўнг чошгоҳ пайти қайтдилар. Жувайрия ҳали ҳам жойнамози устида ўтирар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ўша пайтдан бери шу ҳолда ўтирибсизми?»- дедилар. (Жувайрия): «Ҳа», - деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизнинг олдингиздан кетгандан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар сиз шу пайтгача айтган зикрларингиз билан бу калимани тортиб кўрилса, албатта бу калималар оғир келади. «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи» «Махлуқлари сонича, нафсининг ризолигича, Аршининг оғирлиги, ва калималарининг сиёхичалик Аллоҳни поклаб ҳамд айтаман». Аҳмад ва Муслим ривояти.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли аёлига насиҳати, уларга меҳрибонлиги ва яхшиликка йўллаганлиги баён қилинмоқда.

Эр киши аҳли аёлига таълим бериш ва яхши йўлларга йўллашга ҳаракат қилмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар.

«Аллоҳнинг раҳмати бўлсин бир кишига-ки, у кечаси туриб намоз ўқийди ва аёлини ҳам уйғотади. Агар туришга кўнмаса, юзига сув сепади. Аллоҳнинг раҳмати бўлсин бир аёлга-ки, у кечаси туриб намоз ўқийди ва эрини ҳам уйғотади. Агар туришга кўнмаса, юзига сув сепади». Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти.

Мазкур ҳадисда айтилган сифатлар билан зийнатланган хонадон ҳақиқий бахтли хонадондир. Чунки Аллоҳга ибодат қилишда бир-бирига ёрдам бермоқлик оила саодатининг асосидир.

Шайхул-ислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳни доим зикр қилиб юриш – банда машғул бўладиган ишларнинг энг афзали эканини олимлар билиттифоқ таъкидлашган».

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта ҳасана-савоб топишдан ожизми?»-дедилар. Ўтирганлардан бири «Қандай қилиб мингта ҳасана топади?»- деб сўради. «Юз марта тасбеҳ айтади, шунда унга мингта ҳасана ёзилади ёки ундан мингта хато ўчирилади»,- дедилар. Муслим ривояти.

Ё Аллоҳ! Қанча улуғ фазллар бор, биз ундан ғофилмиз-а!

Уйларни мункар нарсалардан поклаш

Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан келдилар. Мен хонамдаги токчани суратли мато билан тўсиб қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрган захоти юлиб олдилар-да: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар Аллоҳнинг махлуқларига ўхшатиб расм чизганлар»,- дедилар. Биз уни битта ёки иккита тўшак қилиб қўйдик, дедилар». Бухорий ривояти.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
  • Гоҳо оилада кимдир ўзи билмаган ҳолда ноўрин ишни қилиб қўяди. Шунда қаттиқ гапирмасдан, бу ҳолни дарҳол ўзига хос услуб билан ўзгартириш зарур. (Яъни, ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлаб олиш керак). Ҳақ маълум бўлгач, икки тарафдан бири ҳақни қабул қилиб, итоат қилиши лозим.
  • Бу ҳадисда жонзотларнинг расмини чизиш ва шу каби чизилган суратларни уйда эътиборли ҳолда қолдиришнинг ҳаромлиги айтилмоқда. Уларни ўчириб, йўқ қилиб ташлаш вожиб.
  • «Албатта бу суратларнинг эгалари Қиёмат куни азобланадилар». Бухорий ривояти.

    «Фаришталар расм бор уйга кирмайди». Бухорий ривояти.

    Хусусан, ёш болаларнинг кийимларидаги жонли суратларни йўқотмоқ лозим. Аммо ерда хор бўлиб, топталадиган тўшакка ўхшаш нарсалардаги суратларнинг зарари йўқ, чунки юқоридаги ҳадисда Оиша онамиз токчадан юлиб ташланган матодан тўшак қилганларини зикр қилдилар. Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўтган кечада келганлари ва уйга кирмаганларини бунинг сабаби уйда жонли нарсаларнинг сурати солинган эшик, парда ва уй ичида ит борлиги эканини хабар бердилар ва айтдилар: «Буюринг, эшикдаги суратларнинг бошини кесиб (ўйиб) ташлансин, худди дарахтга ўхшаб қолади. Буюринг пардани йиртиб ундан иккита оёқ остида топталадиган ерга ташлаб қўйиладиган тўшак қилинсин ва итни чиқариб юборишга буюринг». Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.

    Ғаюрлик-рашк

    Оиша розияллоҳу анҳодан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни (бирга ётганда) пайпаслаб қидирдим. Сўнг қўлимни сочлари орасига киргиздим (бошқа ривоятда Расулуллоҳ ташқарига чиқиб келган бўладилар). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Шайтонингиз келдими?»- дедилар. Мен: «Сизнинг шайтонингиз йўқми?»- дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, лекин Аллоҳ менга ёрдам берган; у Исломга кирган»,- дедилар. Насоий ривояти.

    Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

    1) Рашк аёлларда доим бўлади. Хусусан, ухлаш олдидан ва уйғонган пайтда аёллар билан муомала қилишда ўртача бўлиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта рашк қилувчи аёллар водийнинг боши билан охирини (фарқига бормай қолади) кўрмайди»,- деганлар. (Водийдан мурод дарё ёки сой. ИНТ) Абу Яъло ривояти.

    Аёлларда рашк ўти алангаланган вақтда қилаётган ишларини билмай қолади. Шунинг учун ҳам Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа хотинлариникига бориб келдиларми-йўқми, борган бўлсалар ғусл қилдиларми ёки йўқми, шуни билиш учун қўлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочлари орасига киргиздилар. Албатта, бу шайтон васвасасидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳо учун ажратган кунда адолатсизлик қилиши мумкин эмас.

    Оиша розияллоҳу анҳонинг саволи қаттиқ бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига чиройли жавоб қилдилар. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлини қанчалик севиши маълум бўлади. Киши маҳбубасини ранжитмайди.

    Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли аёллари билан чиройли ва бағрикенглик билан муомалада бўлгани хусусида саҳобалар ва салафи солиҳларнинг сўзлар жуда кўпдир»,- деганлар.

    Имом Молик айтади: «Киши аҳли билан яхши муносабатда бўлишида Аллоҳнинг розилиги, аёлининг муҳаббати, молининг кўпайиши ва умрининг баракали бўлиши бордир». «Эр киши аёлининг муҳаббатини қозонишга ҳаракат қилиши вожиб».

    Имом Молик аҳли-аёлига ва фарзандларига чиройли муомалада бўлган кишилардан эди.

    [1] Маъноси: «Эй тупроқка беланиб ётувчи».