Пайшанба 26 Декабрь 2024 | 24 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Пайғамбар хонадонидан намуналар

5199 марта кўрилган

Муаллиф: Холид ибн Абдураҳмон
Таржимон: Неъматжон Адҳамжон ўғли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сўз боши

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммадга, аҳли байтларига ва асҳобларига ҳамда қиёматгача уларга чиройли суратда эргашганларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин.

Биродаримиз Холид ибн Абдурраҳмон Шойиънинг «Оилавий ҳаёт» деб номланган китоби эр-хотинлик мавзусида жуда фойдали ва нозик дид билан ёзилган деб ўйлайман.

Бу китобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидоятларидан узоқ бўлиш ҳамда хотинлар билан муомала қилишни билмаслик оқибатида вужудга келадиган муаммолар хусусида сўз боради. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизлари билан қилган муомалалари, аёллар тарафидан содир бўлаётган номаъқул ҳатти ҳаракатлар, никоҳ тўйлари каби маросимларни шариатга мувофиқ хурсандчилик билан ўтказиш лозимлиги, аёллар тарбиясига қаттиқ эътибор бериш, қизларнинг отаси устидаги ҳаққи, кўпхотинлик ҳамда уларнинг орасида адолат, тақсимот ишлари ва эр хотин ўртасида содир бўлган мушкулотларни қандай бартараф этиш хусусида сўз боради.

Дарҳақиқат, бу рисола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидан ёрқин суратни бизларга тақдим қилади-ки, бу билан кўп хонадонлардаги оилалар ҳаёти мустаҳкамланади.

Пайғамбаримизга Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

Солиҳ ибн Ғоним Аc-Cадлан

Тирикликда ҳам вафот этгандан кейин ҳам эр-хотинлик ҳақларига риоя қилиш

Оиша розияллоҳу анҳодан: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ичида Хадижа розияллоҳу анҳога — гарчи у кишини кўрмаган бўлсам ҳам — рашк қилганимчалик биронтасига рашк қилмаганман. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эслардилар. Агар қўй сўйсалар, уни бўлакларга бўлар, сўнг Хадижанинг дугоналарига ҳам жўнатар эдилар.

Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Гўё дунёда Хадижадан бошқа аёл йўқдай!”- деган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, (дунёда) Хадижадек аёл бўлмаган! У жуда ажойиб эди. Ундан фарзандларим ҳам бор»,- дедилар. (Бухорий ривояти)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1) Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олийжаноб ҳислатлари, гўзал сифатлари, ҳалимлиги ва аёлларига нисбатан - вафот этиб кетган бўлса ҳам - муҳаббати ҳамда ўша аёлидан кўрган яхшиликларини унутмаганлиги зикр қилинган.

2) Ҳадисда Хадижа розияллоҳу анҳонинг фазли ва у муҳтараманинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қанчалик азиз ҳам суюкли бўлганликлари баён этилган.

3) Киши аёлининг қадр-қимматини тириклигида ҳам вафот этгандан кейин ҳам унутмаслиги лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз ўз оиласига яхши бўлганингиз. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши кишиман. (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти, саҳиҳ ҳадис Албоний)

4) Рашкнинг[1] эр-хотин орасида мавжудлигига исбот бор. Рашк энг фозила аёллардан ҳам содир бўлиши мумкин.

Имом Табарий айтади:

«Рашк аёллар табиатида бўлгани учун рашк қилиш мумкин, лекин Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларга ўтиб кетмаслиги лозим».

5) Яхши кўрган кишингизнинг яхши кўрганларини ҳам яхши кўринг.

6) Айрим кишилар иккинчи хотинга уйлангандан кейин, аввалги хотинининг яхшиликларини эсдан чиқарадилар. Бу хато, албатта.

7) Аёл ўзининг юриш туриши ва чиройли муомалалари билан эрининг муҳаббатини қозониши лозим. Зеро, яхши хотин эрига ҳаёт қувончини тақдим этиб, гўзал муҳит яратиб беради. Яхши аёл оилани боғ-бўстонга, ёмон аёл эса чўл-биёбонга айлантиради.

Аёллар билан мулойим муомала қилиб, улар муҳаббатини қозонмоқ лозим

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳабашлар найзалари билан масжидда ўйин кўрсатишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Ҳумайро[2] уларни томоша қилишни хоҳлайсизми дедилар. Мен: «Ҳа» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшик ёнида турдилар, мен эса ёнларига келдим-да иягимни муборак елкаларига қўйдим ва яноғимни яноқларига текказдим. Ҳабашлар ўйин кўрсатиб: «Абул Қосим жуда яхшидир»,- дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Етар энди», - дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ шошманг» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бироз турдилар. Сўнг яна «Етар, энди», дедилар. Мен яна «Ё Расулуллоҳ, шошманг», дедим. Аслида Ҳабашларни томоша қилишни хоҳламас эдим, лекин мен аёлларга Расулуллоҳнинг мен учун турганликлари ва мени қадрлашлари аёлларга етиб боришини хоҳлардим.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1) Бу ҳадисда аёлларга мулойим муомала қилиб, улар муҳаббатини қозониш баён қилинган.

2) Ҳайит кунлари оилага ҳар хил бадан роҳатланадиган, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсаларга шароит яратиб бериш шариат рухсат этган амаллардан эканлиги баён қилинади. Чунки ҳадисда зикр қилинган воқеа ҳайит кунида бўлган эди.

3) Ҳайит кунлари хурсандчиликни изҳор қилиш дин ибодатларидан саналади.

4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз аҳли аёлларига ва бошқаларга қилган яхшиликлари, чиройли хулқлари, меҳрибончиликларини ҳар-бир эр киши ўзида мужассам қилиши лозимлиги баён қилинган.

5) Оиша розияллоҳу анҳони Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қанчалик яхши кўришлари баён қилинган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Одамлар орасида энг яхши кўрган кишингиз ким?»- деб сўраганларида «Оиша» деганлар. (Муттафақун алайҳи)

6) Ҳар кимни ўзи яхши кўрган исм билан чақириш ҳам лутфга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳони «Эй Ҳумайро», деб эркалатиб чақиряптилар. Баъзан: «Эй Оиш, Жаброил сизга салом йўллаяпти», (Муттафақун алайҳи) деб охирги ҳарфини тушириб айтганлар.

Оилавий ҳаётда баъзи хатолардан кўз юмиш

Умму Салама розияллоҳу анҳодан: «Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида ўтирган эдилар. Умму Салама онамиз бир идишда таом олиб келдилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо кийимини белига боғлаб олган ҳолда қўлида бир тош билан келди-да у билан идишни уриб иккига бўлиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлинган идишни иккала бўлагини бирлаштириб саҳобаларга икки бор такрорлаб: «Олинглар! Еяверинглар, онангиз рашк қилди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизнинг бутун идишларини олдилар ва Умму Салама онамизга бердилар, Умму Саламанинг синган идишни Оиша розияллоҳу анҳога бердилар». (Насоий ривояти)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1) Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқлари ва ҳалимликлари баён қилинган.

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимлигига қаранг! Оиша розияллоҳу анҳодан содир бўлган хатони маломат қилмасдан, аёлларнинг рашкчи эканини билганлари учун «Онанглар рашк қилди»,- деб маъзур тутяптилар.

3) Оиша розияллоҳу анҳонинг идишни синдирганига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар. Чунки Умму Салама розияллоҳу анҳо Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида ўтирган Расулуллоҳ ва асҳобларига таом чиқариш билан, Оиша розияллоҳу анҳонинг рашкига сабабчи бўлган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам идишни тўлатиш билангина чекландилар. Таомни эса тўлатмадилар, чунки бу таом ҳадя эди. Бошқа шунга ўхшаш ҳодисада «Идишга идиш, таомга таом», деб таомни ҳам тўлатганлари ривоят қилинган.

4) Мана бундай ҳикмат ва ҳалимлик оила ҳаётидаги тўсиқлардан бешикаст ўтишга имкон беради. Кўп хотинли кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, аёлларига нисбатан ҳамиша ҳикмат ва ҳалимлик мақомида туриб, барча ҳолатларда адолат билан иш тутсинлар. Ана шунда ҳеч кимга зарар етмайди. Аёлларининг фақат биттасига мойил бўлиб, қолганларини ташлаб қўйган киши қуйидаги таҳдидни ёдида тутсин.

«Кимнинг икки хотини бўлиб, уларнинг бирига мойил бўлиб қолса қиёмат куни бир тарафга моил бўлиб (қийшайган) ҳолда келади». (Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти)

Эр-хотин орасидаги туйғуларга эътибор

Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Мен сизнинг рози бўлганингизни ҳам, жаҳлингиз чиққанини ҳам биламан»,- дедилар. «Қаердан биласиз?»- деб сўрадим.

- Агар мендан рози бўлсангиз «Йўқ Муҳаммаднинг Раббига қасамки»- деб гап бошлайсиз, агар мендан ғазаблансангиз «Йўқ Иброҳимнинг Раббига қасамки»,- деб гап бошлайсиз, - дедилар.

- Аллоҳга қасамки тўғри айтдингиз, фақат исмингизни тарк этаман, холос»,- дедим. (Бухорий ривояти)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Агар эр-хотин бир бирини диққат билан кузатса, қачон ғазабланиши-ю қачон рози бўлишларини билиб оладилар. Биз бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳис-туйғуларини, биргина қасамининг ўзиданоқ билиб олганларини мулоҳаза қиламиз.

2) Гоҳо эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар бўлиб туради. Бундай ҳолларда бир-биридан аразлашиш орага совуқлик тушишига сабаб бўлмаслиги керак. Шариат рухсат берган йўллар билан масалан, насиҳат қилиш каби чораларни қўллаш керак. Агар насиҳат кор қилмаса унда эр ётоғини бўлак қилиши мумкин.

3) Оиша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган ғазаби кечирилди. Аслида, ҳеч кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғазаб қилиши жоиз эмас. Оиша розияллоҳу анҳонинг ғазабига рашк туртки бўларди. Рашк эса муҳаббатга далолат қилади. Шунинг учун ҳам Оиша розияллоҳу анҳо ғазабланганда ҳам, қасам ичганда ҳам «Иброҳимнинг раббисига қасамки», деб чегарадан ўтиб кетгани йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қасамга қўшиб айтилишда инсонларнинг энг муносибидир. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғлиқ чегарадан узоққа чиқиб кетмади. Эр-хотин бир-биридан ғазабланган вақтда ўртага совуқликни туширмайдиган ишларни қилсинлар.

4. Баъзилар Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичадилар. Қасам ичилаётган нарса хоҳ Каъба, хоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари ёки бошқа нарсалар бўлсин, бундай қасам ҳаром ва ширкдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қасам ичса, Аллоҳнинг номи билан ичсин, бўлмаса жим турсин». (Муттафақун алайҳи)

«Ким омонатни ўртага қўйиб қасам ичса, биздан эмас».

«Ким Аллоҳдан бошқа нарса билан қасам ичса, дарҳақиқат ширк келтирибди». (Аҳмад ривояти)

Тўй кечаларида рухсат берилган ўйин-қулги

Муҳаммад ибн Хотибдан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Никоҳнинг ҳалол ва ҳароми ўртасини ажратувчи нарса дуф ва овоз (ёр-ёр)" (Ибн Можа ва Термизий ривояти саҳиҳ ҳадис)

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

Бу ҳадисда никоҳ кечаларида «дуф» чалишга хужжат бор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Никоҳдаги ҳалол ва ҳаромнинг орасини ажратиб турадиган нарса дуф ва овоздир». (Ибн Можа ва Термизий ривояти саҳиҳ ҳадис)

Ушбу масала аҳамиятли бўлганлиги учун бир оз тўхталиб ўтамиз.

1) Чалинаётган нарса бир тарафи тери билан қопланган иккинчи тарафи очиқ, ҳеч қандай мусиқий асбоб ускуналар (шилдироқ ҳалқалар) осилмаган дуф (доира) бўлиши шарт. Чунки мусиқий асбоблар (шилдироқ, ҳалқалар) осилган дуфни ишлатишга шариат тарафидан ҳеч қандай рухсат келган эмас. Бу шариатда ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматимда шундай бир қавм бўладики, улар зинони, ипакни, хамрни (ароқни).... ва маъозифни ўзларига ҳалол қилиб оладилар...». (Имом Бухорий ривояти)

«Маъозиф» барча мусиқа асбобларини ўз ичига олади. Луғат олимлари орасида бу масалада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Агар ҳалол бўлганда, зино ва хамр каби нарсалар қаторида саналмаган бўларди.

Мусиқа ва мусиқий асбобларнинг ҳаром эканига ҳужжатлар кўп. Бироқ ҳозир бу масаланинг ўрни эмас.

2) Тўйда айтиладиган шеърларнинг сўзлари фаҳш, шаҳватни қўзғатувчи сўзлардан холи, чиройли ва маъноли сўзлар бўлиши лозим.

3) Бундай ҳолларда аёлларнинг овози эркакларга эшитилмаслиги керак. Аёлларга ажратилган жой эркаклар турган жойга яқин бўлмаслиги ва овоз кучайтиргич асбоблари ишлатилмаслиги даркор.

Шайх Солиҳ ибн Ғоним Ас-Садлан айтади: «Хурсандчиликни изҳор қилиш учун никоҳ тўйларида дуф чалинишнинг зарари йўқ. Фақат баъзи шартлари бажарилиши керак. Шартлар:

Дуф бировни безовта қилмайдиган даражада паст овозда чалиниши керак.

Дуфни эркаклар эмас, аёллар чалиши керак.

Шайхулислом Ибн Таймийя айтади:

«Дуф чалиш ва чапак чалиш аёллар одати бўлгани учун бу ишларни қилган эркакларни салафлар “хунасалар”, - деб атаганлар».

Дуфда шилдироқлар бўлмаслиги керак. Шунингдек, карнай, сурнай, танбур, ғижжак каби асбобларни чалиш ҳам, эшитиш ҳам барча аҳли илмлар наздида ҳаромдир.

Аёллар эркакларга аралашиб юрмаслиги лозим. Аммо бугун дуфни баланд чалиб овоз кучайтиргич ёрдамида одамларга эшиттириш, шаҳватни қўзғатувчи оҳангда ашулаларни ва бемаъни шерларни айтиб кечалар ўтказилаётганини кўраяпмиз. Бундай ножоиз ишлар албатта фасод ва бузғунчиликка олиб боради.

Ҳофиз ибн Ражаб ўзининг «Нузҳатус само» китобида ёзади:

«Уларнинг дуфлари бамисоли элакдек, шеърлари, нашид ва ашулалари уруш кунларидаги жоҳилий шеърлар каби бўлар эди. Ким жарангловчи дуфлар билан ғазаллар эшитишни бунга ўхшатадиган бўлса, жуда катта хато қилибди».

Изз ибн Абдуссалом айтади: «Рубоб, ғижжак ва шунга ўхшаш чолғу асбобларини чалиш ҳам, эшитиш ҳам тўрт мазҳабда (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий) ҳаромлиги машҳурдир».

Ибн Қудома «Муғний» китобида айтади: «Дуфни чалиш эркакларга ҳамма вақт макруҳдир. Уни аёллар чалади. Агар эркаклар чаладиган бўлса ўзини аёлларга ўхшатган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни лаънатлаганлар».

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исломнинг асл қоидаларидан бири - бемаъни ўйин-кулгулардан пок бўлиш. Асл қоидага хилоф бўлгани боис ўйин-кулгунинг вақти ва кўриниши аниқ далилларга мувофиқ бўлиши лозим».

Баъзи аёллар аёллар даврасида рақсга тушаётган вақтида мумкин бўлмаган жойлари очилиб кетади. Чунки у шармандаларнинг кийимини кийиб олгани учун либоси паст тарафидан, тепа тарафидан ёки ёнбошидан очилиб ётади. Бу аҳволда рақс тушиш ҳам, бошқа аёлларнинг унга қараши ҳам ҳаромдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши бошқа бировнинг авратига назар ташламасин! Бирорта аёл бошқа бир аёлнинг авратига назар солмасин! Икки киши (яланғоч ҳолда) бир ўранчиққа ўранмасин! Икки аёл ҳам (яланғоч ҳолда) бир ўранчиқ остига кирмасин!». (Муслим ривояти)

Имом Нававий айтади: «Бу ҳадисда бир киши бошқа кишининг авратига, бир аёл бошқа бир аёлнинг авратига қарашининг ҳаромлиги баён қилинган».

Баъзи аёллар кофир, бузуқ раққосаларга тақлид қилиб рақс тушади. Бу билан шаҳват ўчоғига ўт ёқадилар. Қолаверса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари остига кириб қоладилар: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир». (Абу Довуд ривояти)

Бундан ташқари гуноҳ ишларга ёрдам бериш ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Гуноҳ ишларга ва тажовузкорликка ёрдам берманглар». (Моида: 2)

Бундай рақсга тушиш ҳам, уни томоша қилиш ҳам ҳаромдир.

Баъзи аёллар рақсга тушаётган вақтларида уларга кўз тегиб қолиши ва бошқа аёллар олдида мақталиб ҳар-хил фитналарга гирифтор бўлиб қолиш эҳтимоли бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кўз тегиши ҳақдир. Агар тақдирдан бирор бир нарса ўтиб кетгувчи бўлганида, албатта кўз тегиши ўзар эди». (Муслим ривояти)

«Аллоҳнинг қазо ва қадаридан кейин ўладиган кишиларнинг кўпи нафс (яъни, кўз тегиши) билан ўлади». (Баззор ривояти)

Демак, муслималар бу муаммолардан ўзларини хотиржам санасалар-да, лекин бошқа аёлларнинг: «Фалончи чиройли рақс тушар экан, писмадончи ёмон тушар экан», деган гапларидан қочиб қутула олмайдилар. Хусусан тўй-ҳашамларни яширин ёки ошкор тасвирга туширишдан сақланмоқ лозим. Аёллар давраси тасвирга туширилган видеокассеталарни кимлар кўрмайди дейсиз. Биз буни аниқ ҳаром деб айтамиз.

[1] Рашк бир кишига тегишли бўлган нарсада бошқа бировнинг шерик бўлиши натижасида қалб ҳаяжонланишидан олинган. Бу кўпроқ эр-хотинлар ўртасида бўлади.

[2] Ҳумайро - Ҳижозликларнинг тилида қизил сочлиларга айтилади, бу ўринда эркалаш маъносини билдиради.