Шанба 28 Декабрь 2024 | 26 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўлимдан сўнг: Тақводорларнинг аҳволлари

2620 марта кўрилган

Фаришталар тақводорлар олдига жонлари чиқиш асносида нозил бўлиб, уларни хотиржам қиладилар ва яхшиликлардан башорат берадилар

Оллоҳ таъоло деди: «Роббимиз – Оллоҳдир, деган ва (Оллоҳнинг динида) собитқадам бўлган кимсаларга фаришталар нозил бўлиб, айтадилар: «Қўрқманглар, қайғурманглар ва сизга ваъда қилинган жаннат билан севининглар. Биз – сизларнинг дунё ҳаёти ва охиратдаги дўстларингизмиз. Жаннатда сизлар учун нафсингиз хоҳлаган ва ўзингиз иддао этган барча нарса бордир. Жаннат – сизлар учун Раҳмли ва Кечиримли зот тарафидан хозирлаб қўйилган қўнимгоҳдир» (Фуссилат: 30 – 32).

Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ деди: «Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Оллоҳ таъолонинг «Уларга фаришталар нозил бўлади» оятини «ўлишлари асносида», Қатода ва Муқотил раҳимаҳумуллоҳлар эса «Қабрларидан турганларида», деб тафсир қилдилар. Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ эса: «Башорат уч ўринда: ўлим пайтида, қабрда ва қайта тирилиш вақтида бўлади»- деди («Тафсирул-Бағавий»: 4/ 114).

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ (Оллоҳ таъолонинг): «Биз сизларнинг ҳаёт дунёсида ҳам, охиратда ҳам дўстларингизмиз» оятининг тафсирида шундай деди: «Фаришталар жонлари чиқаётган мўъминларга айтадилар: «Биз сизлардан дунё ҳаётида ҳеч ажралмаган: сизларни Оллоҳнинг изни билан тўғри йўлга солган, муваффақиятларга эриштирган ва ҳимоя қилган эдик. Охиратда ҳам сизлар билан биргамиз: қабрларда, Сурга дам урилганида ёнингиздамиз. Қайта тирилиш ва тўпланиш кунида сизларни омонда тутамиз, тўғри йўлдан – Сиротдан ўтказиб, неъмат боғлари – жаннатга етказамиз» (Ибн Касир тафсири: 4/ 99).

Саҳиҳ ҳадисда жонларни олиш ҳақида шундай дейилган: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... кейин ўлим фариштаси –алайҳиссалом - келади ва банданинг бош тарафига ўтиради-да: «Ҳой пок нафс, - бошқа бир ривоятда: «хотиржам нафс» - Оллоҳнинг мағфирати ва ризолиги сари чиқ!»- дейди. Жон сувдон оғзидан сув қатраси қандай ажралса, шундай (осонлик билан) чиқади. Ўлим фариштаси у (жон)ни олади. – Бошқа бир ривоятда: Унинг жони чиқиши биланоқ, унга само ва ер ўртасидаги ҳамда самодаги барча фаришталар истиғфор айтадилар. Унга само дарвозалари очилади...» (Саҳиҳ ҳадис. Барча имомлар ривоят қилдилар. Мен бу ҳадисни шайх Носируддин Албоний «Аҳкамул-жанаиз» китобида баён қилганидек, турли ривоят силсиласи билан келтирдим. Бунинг тафсилоти учун мазкур китобнинг 202 сахифасига қаранг. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатхул-Борий» китобида ҳадис ривоят қилинган бир неча йўллар ва лафзларни ёзган. Унда ҳам нафис фойдалар бор. Қаранг: 3\ 234 – 240. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ҳадисга эътиборни қаратган ва ўз тафсирида бунинг хилма-хил ривоят йўллари ва лафзларини келтирган. Қаранг: 2/ 131 ва ундан кейинги бетлар).

Тақводорлар ўлим пайтида Оллоҳ таъолога дуч келиш сабабли севинадилар

Тақволи мўъминлар фаришталар башорат берганида, Оллоҳ таъолога учрашиш умидида севинадилар.

Оиша разияллоҳу анҳо деди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳга дуч келишни севган кимсани Оллоҳ яхши кўради. Оллоҳга дуч келишни ёктирмаган кимсаларни Оллоҳ ёктирмайди»- дедилар. Мен: «ўлимни ёктирмаганиданми? Ҳаммамиз ҳам ўлимни ёктирмаймиз»- дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай эмас» - дедилар. Лекин мўъминга Оллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннатидан башорат берилса, Оллоҳга дуч келишни яхши кўради. Натижада, Оллоҳ ҳам унга дуч келишни яхши кўради. Кофирга Оллоҳнинг азоби ва ғазабидан хабар берилса, у Оллоҳга дуч келишни ёқтирмайди. Натижада, Оллоҳ ҳам унга дуч келишни ёктирмайди» (Имом Бухорий, ҳадис № 6507; Имом Муслим, ҳадис № 2684. ҳадиснинг лафзи уникидир. Термизий, ҳадис № 1066; Насоий: 4/ 10).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳунинг расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадиси нақл қилинди: «Жаноза (тобутга) қўйилиб, одамлар уни елкаларида кўтарганларида, агар маййит солиҳ бўлса: «Мени тезроқ олиб боринглар!», агар солиҳ бўлмаса ўз аҳлига: «Ҳолимга войлар бўлсин, мени каёққа олиб кетмоқдасизлар!» - дейди. Унинг бу товушларини инсондан бошқа барча (махлуқ) эшитади. Агар инсон эшитса эди, ҳушини йўқотар эди» (Имом Бухорий, ҳадис № 1316).

Тақводорлар Қиёмат кунида чиройли ҳолатда, хотиржам ва неъматдор бўлиб тўпланадилар

Оллоҳ таъоло деди: «Биз тақводорларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳида тўплайдиган .... кунни (эсланг)» (Марям: 85).

Ҳофиз ибн Касир ушбу оят тафсирида шундай деди: «Оллоҳ таъоло дунё ҳаётида Оллоҳдан қўрққан, Унинг пайғамбарларига эргашган, пайғамбарлар берган барча хабарларни тасдиқлаган ва буюрган нарсаларига итоат этган, таъқиқлаган нарсаларидан тийилган тақволи дўстларининг Қиёмат кунида ўз ҳузурига отлиқ келишларидан хабар бермокда. Уларнинг отлари охират маркабларидан бўлиб, нурдан яратилгандир. Улар Оллоҳнинг эҳтиром ва розилик даргоҳига энг яхши маркабларни миниб келадилар» (Ибн Касир: 3/ 137).

Оллоҳ субҳонаҳу ва таъоло деди: «Роббиларидан тақво қилган бандаларни гуруҳ-гуруҳ қилиб (жаннат сари) хайдалади. Улар жаннатга етиб келиб, жаннат дарвозалари очилганида жаннат посбонлари: «Сизларга саломлар бўлсин, ҳуш келдингиз! Жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» - дейдилар» (Зумар: 73).

Бу оятларда Оллоҳ тарафидан нурдан яратилган отлар устида жаннат сари гуруҳ-гуруҳ: Оллоҳга яқин бўлганлар, кейин яхши амалларни қилганлар, кейин улардан кейингилар, кейин булардан кейингилар, қўйингки, ҳар бир тоифа ўзига муносиб шахслар: пайғамбарлар пайғамбарлар билан, сиддиқлар сиддиқлар билан, шаҳидлар шаҳидлар билан, уламолар уламолар билан, ҳар бир синф ўзига муносиб синф билан бирга хайдалаётган бахтиёр мўъминлар Сирот кўпригидан ўтиб, жаннат дарвозалари олдига келганларида жаннат ва жаҳаннам ўртасидаги жой-Қантарада тўпланадилар. Бу ерда дунё ҳаётида бир-бирларига қилинган зулмлар интиқоми олиниб, улар гуноҳлардан тозаланганларида, жаннатга кириш учун руҳсат берилади (Ибн Касир тафсири: 4/ 65).

Тақводорлар жаҳаннам узра курилган Сирот кўпригидан ўтар эканлар, Оллоҳ таъоло уларга нажот беради. Бироқ кофир ва осийларнинг оёқлари тойилиб, жаҳаннамга тушадилар

Оллоҳ таъоло деди: «Ҳар бирингиз жаҳаннамга келасиз. Бу – Роббингиз зиммасидаги ҳукм қилинган аҳддир. Сўнгра, тақволиларни қутқариб, золимларни тиз чўктириб у (жаҳаннамда) қолдирамиз».

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шу жумлалар бор: «Одамлар жаҳаннамга келадилар ва қилган амалларига кўра (жаҳаннамдан) ўтадилар. Аввалгилари чақмоқдек, кейингилари шамолдек, кейингилари чопкир отдек, кейингилари туя минган кишидек, кейингилари одамнинг тез юришидек, кейингилари одамнинг юришидек» Термизий, ҳадис № 3159; Имом Аҳмад, «ал-Муснад»: 1/ 435; Ҳоким: 2/ 375, 4/ 586 ва бошқалар. Албоний бу ҳадиснин «саҳиҳ», деди).

Ибрат:

Абдуллоҳ ибн Равоҳа касаллик пайтида бошини хотинининг кўксига қўйиб, йиғлай бошлади. (Уни кўриб) хотини ҳам йиғлади. Абдуллоҳ хотинидан нега йиглаётганини сўраганида, хотини: «Сизнинг йиғлаганингизни кўриб, мен ҳам йиғладим» - деб жавоб берди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа: «Мен Оллоҳ таъолонинг Сизларнинг барчангиз жаҳаннамдан ўтасиз!» оятини эсладим. Билмайманки, ундан қутуламанми ёки йўқми?»- деди.

Тақводорларнинг баъзилари соя бўлмаган Қиёмат кунида Оллоҳнинг (Арши) соясида бўладилар

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Етти тоифа одамлар борки, Оллоҳ уларга соялар бўлмаган бир кунда соя беради: адолатли имом (раҳбар), Роббисининг ибодати билан улғайган йигит, қалби масжидларга боғлик киши, Оллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган: Оллоҳ мухаббати билан бирлашиб, Оллоҳ мухаббати билан ажралган икки одам (дўст), мансабли ва гўзал бир хотин ўзига чақирганида: «Мен (бу ишни қилишдан) Оллоҳдан қўрқаман!» деган эркак, яширин садақа берган: ўнг қўли берган нарсани чап қўли билмаган одам ва танҳоликда Оллоҳни эслаб, кўзлари ёш қуйган одам» (Имом Бухорий, ҳадис № 660; Имом Муслим, ҳадис № 1031).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисда зикр қилинганларнинг сони еттита бўлиши, Қиёмат кунида Оллоҳнинг (арши) соясида турадаганларнинг сони еттитага чекланган эканини ифодаламайди. Балки, қуйида зикр қилинадиган баъзи амалларни қилган одамларнинг ҳам, Қиёмат кунида Оллоҳнинг арши соясида бўлиши ваъда қилинган дедилар:

* Имом Муслим нақл қилган ҳадисдаги каби қийналган қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиб юборган киши.

* Ибн Ҳиббон ва бошқалар ишончли ривоят силсиласи билан нақл қилган ҳадисдаги мужоҳидни жиҳод қилиш учун таъминлаган одам.

* Имом Аҳмад ва Ҳоким нақл қилган ҳадисдаги қарзни кечган одам ва мукотаб (ўз хурриятига эришиш учун хожаси билан муайян маблағга келишган) қулни озод бўлишига ёрдам берган одам.

* Имом Бағавийнинг «Шарҳус-сунна» китобида ишончли ривоят силсиласи билан нақл қилинган ҳадисдаги садоқатли савдогар.

Юқорида зикри ўтган ҳадисларда эркаклар тилга олинган бўлсада, бу ишлар ичида эркакларга хос бўлган имомлик (раҳбарлик) ва масжидларга боғлик амаллардан бошқа барча ишларнинг савобида хотинлар ҳам муштаракдирлар.

Тақводорлар жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон фарзандининг хаёлига келмаган анвойи неъматлар ичида даврон сурадилар

Мусулмон дўстим ва муслима синглим!

Жаннатдаги неъматлар ва Оллоҳ таъоло мўъмин бандалари учун тайёрлаб қўйган нарсаларни тавсифлаш учун вақт етмас, таърифлаш учун тиллар ва қаламлар ожиздир! Шунинг учун ҳам, камина уларнинг қайси биридан бошлашим ва қайси бири ҳақида сўз юритишга ҳайрон бўлиб қолдим. Менимча, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу пурмаъно ҳадисини келтирсам айни муддао бўлар: «Расулуллох саллалллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Оллоҳ таъоло айтди: «Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйдим». Хоҳласангизлар: «нафс ўзи учун яшириб қўйилган неъматларни билмайди» (Сажда: 17) оятини ўқинглар!» (Имом Бухорий, ҳадис № 3244; Имом Муслим, ҳадис № 2824).

Имом ибнул Қоййим ал-Жавзийя раҳимаҳуллоҳ деди:

«Оллоҳ таъоло ўз қўли билан эккан ва ҳабиблари учун қароргоҳ қилган ҳамда ўз раҳмати ва розилиги билан тўлдирган ҳамда Оллоҳ, неъматларини буюк зафар, мулкини катта мулк деб васфлаган, яхшиликларнинг барча турини омонат қўйиб, барча айбу нуқсон ва офатлардан поклаган диёрни қандай ўлчаш мумкин?

Агар жаннатнинг ери ва тупроғи ҳақида сўрасангиз, у – мушк ва заъфарондир.

Агар жаннатнинг томи ҳақида сўрасангиз, у – Оллоҳнинг аршидир.

Агар жаннатнинг лойи ҳақида сўрасангиз, у – ҳиди ўткир мушкдир.

Агар жаннатнинг кичик тошлари ҳақида сўрасангиз, у – инжу ва гавҳардир.

Агар жаннатнинг қурилиши ҳақида сўрасангиз, унинг бир ғишти олтин ва бир ғишти кумушдандир.

Агар жаннатнинг дарахтлари ҳақида сўрасангиз, у ердаги барча дарахтнинг танаси олтин ва кумуш бўлиб, ёгоч ва ўтини йўқдир.

Агар жаннатнинг мевалари ҳақида сўрасангиз, мевалари хумлар мисоли катта, кўпикдан мулойим ва асалдан шириндир.

Агар жаннатнинг япроқ-барглари ҳақида сўрасангиз, улар ипакдан мулойимдир.

Агар жаннатнинг дарёлари ҳақида сўрасангиз, уларнинг бири таъми ўзгармаган сут дарё, бири шаробхўрлар учун лаззатли ҳамр (маст қилувчи ичмлик) дарё ва соф асал дарёларидир.

Агар жаннатнинг таомлари ҳақида сўрасангиз, улар – жаннат аҳли танлаган мевалар ва хоҳлаган қуш гўштларидир.

Агар жаннатнинг ичимликлари ҳақида сўрасангиз, улар – тасним, занжабил ва кофурдир.

Агар жаннатнинг идишлари ҳақида сўрасангиз, улар – шаффоф шиша каби олтин ва кумуш идишлардир.

Агар жаннат дарвозаларининг кенглиги ҳақида сўрасангиз, икки табақасининг ўртаси қирқ йиллик йўлдир. У ерда бир кун бўладики, у куни тиқилинчдан дарвозалар торлик қилади.

Агар жаннат шамолларининг дарахтларга тегиб овоз чиқаришлари ҳақида сўрасангиз, у товушлар эшитган кишиларга қувонч бўлади.

Агар жаннатнинг соя-кўланкалари ҳақида сўрасангиз, у ердаги бир дарахт остида чопқир от минган чавандоз юз йил юриб, унинг соясини кесиб ўта олмайди.

Агар жаннатнинг чодир ва гумбазлари ҳақида сўрасангиз, улардан бири ичи ковак ката дурдан бўлиб, узунлиги олтмиш милдир.

Агар жаннатнинг қаср ва бинолари ҳақида сўрасангиз, унинг қатлари устига қатлар қурилган ва остларидан дарёлар оқиб ўтади.

Агар жаннатнинг баландлиги ҳақида сўрасангиз, чиқаётган юлдузга ва уфқда ботаётган юлдузга қаранг, уларни кўз илғамас!

Агар жаннат аҳлининг кийимлари ҳақида сўрасангиз, улар - ипак ва олтиндандир.

Агар жаннатнинг гиламлари ҳақида сўрасангиз, уларнинг ичи истабрак (ипакнинг энг олий навларидан бирининг исми) бўлиб, юксак мақомларга тўшалгандир.

Агар жаннатнинг айвонлари ҳақида сўрасангиз, улар қўрғон мисоли бўлиб, устида олтин тугмалар қадалган халқалар бор ва халқалар ўртасида ҳеч бир очиқлик йўқ.

Агар жаннат аҳлининг ёши ҳақида сўрасангиз, улар ўттиз уч ёшларида бўлиб, инсонлар отаси Одам алайҳис-солату вассаломнинг узунлигида бўладилар.

Агар жаннат аҳлининг юзлари ва юзларининг чиройи ҳақида сўрасангиз – тўлин Ой суратида бўлади.

Агар жаннат аҳли эшитадиган нарсалар ҳақида сўрасангиз, у – хотинлари – ҳури айнларнинг хиргойиларидир. Бундан кўра яхшироғи – фаришта ва пайғамбарларнинг товушларидир. Бундан кўра яхшироғи – Роббул-оламийннинг хитобларидир.

Агар жаннат аҳлининг миниб бир-бирларини зиёрат қилишадиган маркаблари ҳақида сўрасангиз, улар – Оллоҳ таъоло ўзи хоҳлаганидек яратган ва бандалари жаннатнинг хоҳлаган ерига бормоқчи бўлсалар, ўша ерга олиб борадиган чопқир отлардир.

Агар жаннат аҳлининг зийнат ва тожлари ҳақида сўрасангиз, улар – тилло билагузук ва бошларига кийган тожларидаги инжулардир.

Агар жаннатнинг ғулом-хизматчилари ҳақида сўрасангиз, улар – инжу каби мангу-ўзгармас болалардир.

Агар жаннатнинг келинчаклари ҳақида сўрасангиз, улар - сийналари ҳамшакл, вужудларида ёшлик сувлари оккан, юзлари чечак ва олма каби, кўкраклари анор мисоли, чаккаларига инжулар тизилган ва ҳузурларида латофат ва назокат ҳукмрон бўлган ҳури айндирлар.

Улар кўринсалар, юзларининг чиройидан Қуёш ҳижолат бўлади. Табассум қилсалар, тишлари орасидан яшин чақнайди! Агар уларнинг муҳаббатига дуч келсанг, оловлар тўқнашган замон ҳақида нима айтсанг, айт! Агар улар билан суҳбатлашсанг, икки ошиқнинг суҳбати ҳақида нима айтсанг, айт! Агар уларни қучоқланса, бир-бирига чирмашган новдаларни эсла! Ўз аксингни худди сайқалланган ойнада кўргандек, уларнинг юзларида кўра оласан. Уларнинг болдир суякларидаги иликлари гўштлари остидан кўриниб туради, на терилари, на суяклари ва на зийнатлари тўса олади.

Ҳури айн бу дунёга бир нигоҳ ташласа, Еру осмон ўртасини ҳушбўйларга тўлдиради; одамларни такбир, таҳлил ва тасбиҳлар айттириб юборади. У учун машриқ ва мағриб ўртаси безаниб, уникидан бошқа барча кўзлар юмилади. Унинг олдида Қуёшнинг нури, юлдузлар нури Қуёш нури олдида сўнганидек, сўнади. Ер юзидаги барча инсон Тирик ва Барқарор Оллоҳга иймон келтиради! Ҳури айннинг бошидаги бир рўмоли – дунё ва дунёдаги барча нарсадан яхшироқдир.

Банданинг ҳури айнга висоли – дунё орзу-умидларидан кўра ширинроқдир. Ҳури айн замонлар ўтишига қарамай гўзаллик ва чиройни, мухаббат ва висолни зиёда қилади. У – ҳомиладор бўлмас, туғмас, ҳайз ва нифос кўрмас ҳамда бурундан оққан сув, тупук, бавл (сийдик), нажосат ва бошқа ифлосликлардан покдир.

Унинг ёшлиги тугамайди, кийимлари ва гўзаллиги эскирмайди. У, висолдан малолланмайди, кўзларини жуфтидан олмайди ва ундан бошқасига боқмайди. Жуфти ҳам кўзларини ундан узмайди. Ахир у – банданинг умид ва истакларининг ниҳояси-ку! У – ўзига қаралса қувонтиради, буйруқ берилса итоат этади, ҳузурида бўлмаса эрининг номуси ва шарафини ҳимоя қилади. Банда у билан узоқ орзуларига эришиб, омонда бўлади.

Уни эридан аввал на инсон ва на жин тегинган! Унга қарагани сайин эрининг қалби қувончга, у билан гаплашгани сайин қулоқлари терилган ва сочилган инжуга тўлади. Агар намоён бўлса, қасру хоналар порлаб кетади.

Агар ҳури айнларнинг ёши ҳақида сўрасангиз, улар ёшликнинг энг навқирон ёшида тенгдошдирлар.

Агар уларнинг чиройи ҳақида сўрасангиз, Қуёш ва Ойни кўрганмисиз?!

Агар уларнинг кўзлари ҳақида сўрасангиз, уларнинг кўзлари шаҳлодир.

Агар уларнинг қоматлари ҳақида сўрасангиз, энг яхши ниҳолни кўрганмисиз?!

Уларнинг кўкраклари ҳақида сўрасангиз, кўкраклари латиф анордек.

Агар уларнинг ранглари ҳақида сўрасангиз, ранглари гўё ёқут ва маржон кабидир.

Агар уларнинг гўзал аҳлоқлари ҳақида сўрасангиз, улар гўзал ва сарадирларки, уларда гўзаллик ва эҳсон бирлашган, ички ва ташқи гўзаллик мужассамдир. Улар – нафслар фараҳлиги ва кўзлар қувончидир.

Агар уларнинг чиройли умр гузаронлиги ва у ердаги лаззатлар ҳақида сўрасангиз, улар эрларига нисбатан хотинлик вазифаларини ўта латифлик билан адо этадиган севимли хотиндирлар.

Эрининг юзига кулса, кулгусидан жаннат касрлари порлаган, агар бир қасрдан бошқасига кўчса, Қуёш ҳам фалакдаги буржидан кўчган хотин ҳақида нима дейсиз?! Агар у эрининг биқинидан ушласа, оҳ бу ушлашлик!! Агар уни биқинидан қучса, оҳ бу қучоқлаш лаззати!!

Унинг сўзи ҳалол жодудир
Агар мусулмонни ҳеч ўлдирмаса
У малол олмагай, узок қолса ҳам
Дерсан сўзласа у: ҳеч тўхтамаса!

Ҳури айн куйласа, кўзу қулоқ лаззатланади. Мунислик кўрсатиб, ўзидан фойдалантирса, оҳ бу мунислик ва оҳ бу лаззатлар!! Агар ўпса, бу бўсадан ширин нарса йўқ! Агар бирор «инъом» берса, бу «инъом»дан лаззатли ва ширин инъом бўлмас!

Тушундингизми!!

Агар неъматлар орттириладиган, Азиз ва Ҳамид-мактовларга лойик бўлган Оллоҳни зиёрат қилиш ҳам Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан мутавотир-ривоят силсиласи ила ўта ишончли тарзда нақл қилинган. Унинг ўхшатиш ва шакллашдан муназзах бўлган юзини худди Қуёшни чоштгоҳда ёки тўлин Ойни кўргандек кўриш куни ҳақида сўрсангиз, буларнинг барчаси Саҳиҳ, Сунан ва Муснад китобларининг ҳаммасида Сухайб, Анас, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва Абу Саид разияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган. Келинг, у кундаги Оллоҳнинг нидоларига биргалашиб қулоқ солайлик: