асосий менюАсосий менюМахсус бўлимларҚўшимча бўлимАмал мавсуми |
асосий қисм
Ўлимдан сўнг6655 марта кўрилган Муаллиф: Ҳолид ибн Абдурраҳмон аш-Шоеъ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм МуқаддимаЕру-осмонларнинг Яратувчиси, Олий ва Буюк, ўлдирадиган ва тирилтирадиган, махлуқларини ўлим ва фонийлик, яхшилик қилган тақводорларнинг ўз ҳузурида гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланиб, зафар қозонишлари, юз ўгирган бахтиқароларнинг эса жаҳаннам томон отилиб, зарарга учраши учун қайта тирилишга маҳкум этган; мўъмин бандалари учун Фирдавс боғларини манзилгоҳ, юз ўгирганлар учун эса жаҳаннамни қароргоҳ қилиб қўйган Оллоҳ таъолога ҳамдлар бўлсин. Мен, уни айтган кимса Қиёмат кунида бахтиёр бўладиган (калима): «Шериксиз ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси, пайғамбарларнинг саййиди ва охиргисидир» деб, гувоҳлик бераман. Сўнг ... Оллоҳ таъоло исонларни беҳуда яратмади ва ўз ҳолларига ташлаб қўймади. Уларни еру-осмон ва тоғларга кўндаланг қилинса масъулиятни кўтаришдан бош тортган ва Оллоҳга ялиниб-ёлборишган: Роббимиз, агар амр этсанг бошимиз устига, аммо (қабул қилишимизга) ихтиёр берсанг, Сенинг марҳаматингни истаб, унга бирон нарсани бадал қилишни хоҳламаймиз, деб айтишган улкан иш-вазифа учун яратилганлар. Инсон заиф, кўтаришга ожиз бўлишига қарамай, ўз жонига жабр қилиб, бу юкни кўтарди. Баъзи одамлар оғирлиги туфайли бу юкни елкаларидан туширдилар. Натижада, дунёга тилсиз ҳайвонлардек ошно бўлдилар: Яратувчилари ва Унинг ўз зиммаларидаги ҳақлари; барқарор Оламга кўприк ва йўл бўлган бу дунёга нега яратилиб, чиқарилганлари; бу фоний дунёдаги лаҳзалик қолишлари ҳамда боқий бўлган охират диёрига зудлик билан ўтиб кетишлари ҳақида тафаккур қилмадилар. Уларга хиссиётлар ҳукмрон бўлиб, ақлларини йўқотдилар, ғафлатга тушдилар. Алдамчи, каззоб умид ва пуч орзулар уларни ўз оғушига олди. Уларнинг қалблари, қилган ёмон амаллари сабабли қаро бўлди. Натижада, улар дунё лаззатлари ва ҳайвоний хирсларини қандай бўлмасин қўлга киритиш қайғусида бўлдилар ва имконияти бўлган ҳар бир лаҳзани ғанимат билдилар. Улар, агар дунёнинг арзимас матосини кўриб қолсалар, унга якка-якка ёки гуруҳ-гуруҳ бўлиб шошилдилар ва дунёнинг бир матоси устига Оллоҳнинг савоби ва розилигини афзал кўрмадилар: «Улар дунёнинг зоҳиринигина биладилар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғафлатдадирлар!» (Рум: 7) (Эслатма: ушбу рисоладаги оёти карималарни ўзбекчага ўгиришда Алоуддин Мансурнинг Қуръон Каримнинг изоҳли таржимасидан баъзи ерларда фойдаланилди. Чўлпон нашриёти, Тошкент шаҳри, 1992 йил). «Сизлар Оллоҳни унутиб. Оллоҳ ҳам уларни унутган кимсалардан бири бўлмангиз! Ўшалар фосиқдирлар» (Ҳашр: 19). Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг «Ҳодил-Арвоҳ» китобининг муқаддимасидан иктибос қилинди. Одамларнинг кўплари ушбу ҳолатга тушиб қолганлари учун: «Мен ҳам шулардан бири бўлиб қолмадимми?» дея, қўрқиб кетдим ва дарҳол шу ҳолатлардан қутулиш йўлларини изладим. Шояд бу йўллар нафсимнинг оқибатлари учун эслатма бўлиб, қўрқмаган қалбларни мулойим қилса ва қуриган кўзлардан ёшларни Оллоҳдан қўрқиб оқитса... Оллоҳннг Китоби, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари, ўтмишда яшаб ўтган ҳалқларнинг тариҳи ва ҳукамоларнинг ҳикматларини чуқур ўргандим ва ҳайратомуз ибрат ва ажойиб насиҳатларни кўрдим. Мен уларни ўзимга эслатма, ҳаётим ва ўлимимдан сўнг, охиратнинг баъзи лаҳзаларида ва ўлим асносида, солиҳ амал бўлишини умид қилиб, қўлимга қалам олишни ният қилдим ва Уммат уламоларининг китоблари ичидан мавзуга муносиб сатрларни тўпладим. Шояд Оллоҳ таъоло буни ўқиган бандаларга манфаатлар ато этса... Қўлингиздаги рисола - тўплаган ҳосилимдир. Мен унда руҳини олиш учун фаришталар осмондан тушганидан, то жаннат ёки жаҳаннамга киргунига қадар дуч келиши мумкин бўлган кофир, осий мўъмин ва тақводорларнинг ҳолатларини ёритиб беришга ҳаракат қиламан. Маълум бўлсинки, мен бу ҳолатларни батафсил ёритиб беришни қасд қилмадим. Чунки, бу иш мен каби инсонга, ҳусусан мазкур рисолада осон эмасдир. Менинг бу китобчада қаламга олганларим, олмаганларимдан огоҳлантиришдир. Иқтибосларимга, Оллоҳнинг изни билан, баъзи фойда ва иловаларни қўшдим. Эй ўқувчи, ўлжа сизники бўлсин Ёмони менгаю, яхшиси сизга бўлсин! Бу – менинг фикрларим ва ҳаракатларим ўз ерини топса - яхшиликни қабул қилиш ёки эътиборсиз қўймаслик кераклигини унутманг! Агар бунинг акси бўлса, Оллоҳга сиғинаман ва У ёрдам бергувчидир. Агар бирон бир тўғрилик бўлса, у – Оллоҳ таъолодан, хато бўлса у – мендан ва Шайтондан бўлиб, Оллоҳ ва расули соллоллоҳу алайҳи ва саллам у хатодан покдир. Оллоҳ таъолодан ушбу рисолани юзи учун холис, муаллифи, ўқувчиси, қотиби (ва нашр қилишга ёрдамчиси)ни жаннат неъматлари билан мукофотлаши; бу рисолани Оллоҳнинг зарарига эмас фойдасига хужжат қилиши ва етиб борган ерига қадар фойдали қилишини сўрайман. У – умид қилинганларнинг энг яхшисидир. У - биз учун кифоя ва қандай яхши вакилдир. Муаллиф: Одамларнинг ўлимдан кейинги аҳволлариОдамларнинг ўлим пайти ва қабрларидаги ҳолатлари* Одамларнинг жон чиқиш ва қабрларидаги ҳолатларининг баёни. Оллоҳ таъолодан офият тилаймиз! Бунинг баёни Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда ўз аксини топган. Бу ҳадисда бир банда ўтиши керак бўлган босқич – қабр оламининг (барзах) ҳаёти ифодаланган бўлиб, одамларнинг барча тури: мўъмин, кофир ва мунофиқларнинг ҳолатлари очиқ баён қилинган Мен қуйида бу ҳадиснинг шайх аллома Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилар экан, ривоят йўллари, ривоятлари ва лафзларига диққат қилган ривоятни келтираман. Бу ишларни батафсил билмоқчи бўлган одам, мазкур алломанинг «Аҳкамул-жанаиз» (Жаноза намозининг ҳукмлари) номли китобига мурожаат этсин (198 – 202 –бетлар). Ҳурматли ўқувчи биродарим ва синглим, ҳадиснинг матни қуйидагичадир: Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳу деди: «Биз расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ансорлардан бирининг жанозасига чиқдик ва қабрига қадар бордик. Қабр ҳануз қазиб бўлинмаган экан. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қиблага қараб ўтирдилар, биз ҳам У зотнинг атрофига ўтирдик. Биз гўё бошимизга қуш қўнгандек, қимирламай ўтирардик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қўлларидаги новда билан ерни чизар эканлар, кўзларини бир осмон, бир ерга қарата бошладилар. Уч марта шундай қилдилар ва икки ёки уч марта: «Оллоҳдан қабр азобидан паноҳ сўранглар!», дедилар. Сўнгра: “эй парвардигор мен сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман” деб айтдилар. Кейин дедилар: «Мўъмин банда дунёдан узилиш ва охират бўсағасида турганида, унинг олдига осмондан юзлари оппоқ Қуёшдек нурли фаришталар тушадилар. Улар билан бирга жаннат кафанлари ва ҳушбўйлари бўлади. Улар банданинг нигоҳи тушар ерга келиб ўтирадилар. Кейин Малакул мавт (ўлим фариштаси алайҳиссалом) келади ва унинг бош тарафига ўтириб: “Эй, ширин жон – бошқа бир ривоятда: эй, хотиржам жон - Оллоҳнинг мағфирати ва розилиги томон чиқ!”, дейди». «Жон сувдон оғзидан қатра оқиб тушганидек оқиб чиқади ва фаришта у жонни ушлайди; (Бошқа бир ривоятда: «У жонга чиққан пайтида Ер ва Осмон ўртасидаги ҳамда Осмондаги барча фаришта истиғфор айтади. Осмон дарвозалари очилади. (Осмон дарвозаларидаги) дарвозабонлар у банданинг руҳи улар тарафидан (юқорига) кўтарилишини сўраб, Оллоҳ таъолога дуо қиладилар.) Ўлим фариштаси жонни олганидан сўнг, фаришталар жонни бирон лаҳза ҳам унинг қўлида қолдирмайдилар ва уни олиб (ҳалиги) кафан ва ҳушбўйга соладилар. Бу - Оллоҳ таъолонинг: «Бизнинг элчиларимиз ҳеч сустлик қилмайдилар» оятининг (маъносидир). Ундан Ер юзидаги энг ширин ҳушбўйдан кўра ҳушбўйроқ ҳид таралади». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фаришталар бу ширин руҳни олиб кўтарилар эканлар, қайси бир фаришталар жамоасининг олдидан ўтмасинлар улар: «Бу ширин руҳ кимники?» - деб сўрайдилар. Улар дунёда чақирилган энг гўзал исми билан: «У – фалончининг ўғли фалончи!»- деб жавоб берадилар. Шу аснода уни қуйи осмонга олиб бориб, дарвозаларни очишни сўрашади ва дарвоза очилади. Ҳар бир осмондан шу самонинг муқарраб фаришталари унга ҳамроҳ бўлиб, келгуси самогача олиб чиқишади ва охири еттинчи осмонга етиб борилади. Оллоҳ таъоло: «Бандамнинг номасини Иллийюнга ёзинглар!» - деб амр қилади: «Иллийюн нима эканини биласизми?! У – (Оллоҳга) яқин фаришталар гувоҳ бўлган Китобдир!». Унинг номаси Иллийюнга ёзилади ва айтилади: «Уни Ерга қайтаринглар! Мен уларга ваъда қилганман: Мен уларни ундан (Ердан) яратдим, унга (Ерга) қайтараман ва ундан бошқа бир марта қайта чиқараман (тирилтираман)». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У (жонни) Ерга қайтарилади ва жасадига киради». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «ўлик (дафндан сўнг) қайтаётган биродарларининг оёқ товушларини эшитади. Унинг олдига шиддатли икки фаришта келиб, уни бир силтаб ўтқазадилар ва ундан сўрайдилар: Роббинг ким? У жавоб беради: Роббим – Оллоҳдир. Дининг нима? Диним – Исломдир. Сизларга юборилган бу одам ким? У – Оллоҳнинг элчисидир, саллоллоҳу алайҳи ва саллам. Нима ишлар қилдинг? Оллоҳнинг Китобини ўқидим, унга иймон келтирдим ва тасдикладим! Фаришталар уни бир силтайдилар». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким? Булар мўъминга рўпара бўладиган охирги фитна-имтиҳондир! Бу – Оллоҳ таъоло «Оллоҳ мўъминларни барқарор сўз билан дунё ҳаётида собитқадам қилади» деб айтган сўздир. Банда: «Роббим – Оллоҳ, диним – Ислом ва пайғамбарим – Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдир»- деб айтади. Сўнгра, осмондан бир дарғачи: «Бандам тўғри айтди. Унга жаннат жойларидан тўшанглар, жаннат кийимларидан кийдиринглар ва жаннат томон бир эшик очинглар!»- деб нидо қилади» «Унга жаннат рохатлари ва ҳушбўйларидан олиб келинади. Унинг қабри кўзи етган ерга қадар кенгайтирилади». «Унга ҳушрўй, чиройли кийим кийган ва ширин бўй (ҳид)ли бир одам келади». Бошқа бир ривоятда: «намоён бўлади». У одам: «Сени қувонтирадиган нарса билан ҳурсанд бўл, Оллоҳнинг розилиги ва унда давомий неъматлар бўлган жаннатлар билан ҳурсанд бўл! Бу – сенга ваъда қилинган кундир!»- дейди. У (ўлик): «Сенга ҳам Оллоҳ хайрларни насиб этсин, (сен) кимсан? Юзларинг яхшиликдан дарак бермокда?!»- деб савол беради. У одам: «Мен – сенинг солиҳ амалингман! Оллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, сенинг Оллоҳга итоат қилишга шошилган, Унга осий бўлишда суст эканингни яхши биламан. Оллоҳ сенга яхши мукофотларни берсин!»- дейди. Сўнгра, унга (маййитга) жаннат ва жаҳаннамдан биттадан эшик очилади. Унга: «Агар Оллоҳга осий бўлганингда, бу сенинг маконинг бўлар эди. Бироқ, Оллоҳ таъоло уни бунга алиштирди», дейилади. Банда жаннатдаги нарсаларни кўргани замон: «Роббим, оилам ва молу мулкимга қайтишим учун, Қиёматнинг қоим бўлишини тезлаштир!»- дейди». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кофир банда – бир ривоятда: фожир банда - дунёдан узилиш ва охират бўсағасида тургани замон, осмондан шафқатсиз ва ғазабнок, юзлари қора фаришталар тушадилар. Улар билан бирга жаҳаннамдан бир дағал кафанлик бўлади. Улар банданинг нигоҳи тушадиган ерга ўтирадилар. Кейин ўлим фариштаси яқинлашиб, банданинг бош тарафига ўтиради ва: «Эй, ифлос жон, Роббингдан бўлган ғазаб учун чиқ!»- дейди». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Руҳ жасадга ёйилади. Фаришта уни бутоқлари кўп савачўп нам жундан сугуриб олинганидек, тортиб олади Руҳ билан бирга кон ва асаб томирлари қирқилиб кетади. У (кофир)ни осмон ва ер ўртасидаги ва самодаги барча фаришталар лаънат қиладилар. Само дарвозалари бекилади. (Само) дарвозаларидаги барча дорвазобон бу руҳнинг ўзи орқали кўтарилмаслигини сўраб, Оллоҳга дуолар қилади. Ўлим фариштаси жонни олади. У олиши билан фаришталар бирон лаҳза ҳам кечикмай уни ҳалиги дағал кафанликка соладилар. Ундан Ер юзидаги энг сассиқ ҳиддан баттарроқ ҳид таралади. Фаришталар у жонни олиб, (осмонга) кўтариладилар. Улар фаришталарнинг қайси гуруҳи олдидан ўтсалар улар: «Бу ифлос руҳ кимники?»- деб савол берадилар. Фаришталар: «У – фалончининг ўғли фалончи» деб, дунёда чақирилган энг ёмон исмини айтадилар. Фаришталар жонни энг қуйи осмонга олиб борадилар ва дарвозаларни очишни сўрайдилар. Само давозаси очилмайди». Расулуллоҳ шу аснода: «У (кофир ва фожир)ларга само (дарвозалари) очилмайди ва туя нинанинг тешигидан ўтмагунича жаннатга кира олмайдилар» оятини тиловат қилдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Оллоҳ таъоло: «Унинг номасини Ернинг қуйи (табақаси)даги сижжийнга ёзинглар!»- деб буюради ва: - Бандамни Ерга қайтаринглар! Чунки, Мен ваъда қилдим: Мен уларни Ердан яратдим, Ерга қайтараман ва бошқа бир марта Ердан қайта тирилтираман, дейди. Жонни жасадига кириши учун Осмондан (ерга) улоқтирилади». Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Оллоҳга шерик қилса, гўё осмондан ерга тушаётган ва уни қушлар тутиб ёки шамоллар чуқур ерга улоқтираётган киши кабидир» оятини тиловат қилдилар ва : «Руҳ жасадга қайта киради»- дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «ўлик қайтаётган ёру-биродарларининг оёқ товушларини эшитади. Унинг ҳузурига қўпол икки фаришта келиб, уни силтаб ўтқазадилар ва савол берадилар: Роббинг ким? Аааҳ! Ааааҳ! Билмайман. Дининг нима? Аааҳ! Ааааҳ! Билмайман. Сизларга юборилган бу киши ҳақида нима дейсан? У У одамнинг исмини айта олмайди.. Унга айтилади: У – Муҳаммаддир (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)! Аааҳ! Ааааҳ! Билмайман, одамлар Унинг ўша эканини айтар эдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:. Унга айтилади: Танимадинг ҳам эргашмадинг ҳам! Унга осмондан бир зот нидо қилиб: Унинг учун жаҳаннамдан тўшанглар ва жаҳаннам томон бир дарвоза очинглар», дейди. Жаҳаннамнинг иссиқлари ва самумлари (иссиқ шамолнинг номи) унга етиб келади ва қабри шу даражада тораядики қовурғалари бир-бирига киришиб кетади» «Унинг олдига хунук юзли, хунук кийимли ва бадбўй бир одам келади – бошқа ривоятда намоён бўлади-да: «Ўзингга зарар қиладиган нарсалардан ҳурсанд бўл! Бу – сенга ваъда қилинган кундир!, дейди. Сенга ҳам Оллоҳ ёмонлик хабарларини берсин, сен кимсан? Юзинг ёмонликдан дарак бермоқда! Мен сенинг ёмон амалингман. Мен сенинг Оллоҳга итоат этишга суст ва Оллоҳга осий бўлишга тезкор бўлганингни билардим. Оллоҳ сени ёмонликлар билан жазоласин! - Сўнгра унга қўлида гурзиси бўлган бир кўр, кар ва соқовни ҳукмрон қилинади. Агар бу гурзи билан тоғни урилса толқон бўлади. У ўликни бир уради натижада у тупроққа айланади. Оллоҳ таъоло уни аввалги ҳолатига қайтаради. Уни иккинчи марта уради, ўлик шундай қаттиқ фарёд чекадики, унинг фарёдини инсон ва жиндан бошқа барча махлуқот эшитади. Кейин у ўлик учун жаҳаннамдан эшик очилиб, жаҳаннам тўшаклари тўшалади. Шунда у: «Роббим, Қиёматни коим қилма!»- дейди» (Саҳиҳ ҳадис. Барча имомлар ривоят қилдилар. Мен бу ҳадисни шайх Аллома Носируддин Албоний «Аҳкамул-жанаиз» китобида баён қилганидек, турли ривоят силсиласи билан келтирдим. Бунинг тафсилоти учун мазкур китобнинг 202-бетига қаранг. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатхул-Борий» китобида мазкур ҳадиснинг бир неча йўллари ва лафзларини ёзган. Унда ҳам нафис фойдалар бор. Қаранг: 3\ 234 – 240. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ҳадисга эътиборни қаратган ва ўз тафсирида бунинг хилма-хил ривоят йўллари ва лафзларини келтирган. Қаранг: 2/ 131 ва ундан кейинги бетлар) |