Жума 27 Декабрь 2024 | 25 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ўлимдан сўнг: Кофирларнинг ҳолатлари

3272 марта кўрилган

Кофирлар жонлари чиқиш асносида даҳшат ва оғир мусибатларни бошидан кечирадилар

Оллоҳ таъоло деди:

«Сиз золимларни ўлим талвасасидаги ҳолатларини бир кўрсангиз эди! Фаришталар қўлларини очиб: «Жонларингизни чиқарингиз! Оллоҳ ҳақида ноҳақ сўзларни айтганингиз ва Унинг оятларидан кибр қилганингиз эвазига бугун сизлар хорлик азоби билан жазоланасизлар!» (Анъом: 93).

Шайх аллома Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида ушбу сатрларни ёзган:

«Сиз золимларнинг ўлим талвасасидаги ҳолатларини кўрсангиз эди»: яъни, ўлимнинг даҳшатлари ва оғир мусибатларини кўрсангиз эди, даҳшатли ва васфлашга сўз топилмас ҳолатга гувоҳ бўлар эдингиз.

«Фаришталар қўлларини очиб...»: яъни, ўлим талвасасидаги ўша золимларни уриш ва азоблаш учун. Фаришталар чиқишдан бош тортган жонларини олиш пайтида золимларга: «Жонларингизни чиқаринглар! Бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар»: яъни, сизларни хорлайдиган ва таҳқирлайдиган азоб билан. Зеро, жазо – қилинган амалнинг жинси-туридан бўлади.

Бу азоб «Оллоҳ ҳақида айтган ноҳақ сўзларингиз»: Оллоҳни ёлғончига чиқарганингиз ва пайғамбарлар олиб келган ҳақикатни рад этганингиз ва «Оллоҳнинг оятларидан кибр қилганингиз», яъни, Оллоҳнинг оятларига бўйсунмаганингиз ва ҳукмларига итоат этмаганингиз учундир.

Бу оят – барзах - қабр азоби ва неъматлари бор эканига далилдир. Золимларга қаратилган бу хитоб ва азоб, ўлимларидан бир оз аввал – ўлим талвасаси онидадир. Бундан ташқари бу оят, руҳнинг кириб чиқадиган, хитоб қилинадиган, жасадга жойлашиб, ундан ажраладиган жисм эканига далилдир. Демак, бу - золимларнинг барзах ҳаётидаги ҳолатларидир» (Тайсирул-Каримир-Рохман фий тафсири каламил-Маннан: 2/ 45).

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «ўлим фариштаси ўзи билан бирга бошқа қора юзли ва ғазабнок фаришталар билан ўлим тўшагидаги кофир олдига келади. Жонга: «Эй ифлос жон, самум, қайнок сув ва Яхмум сояси учун чиқ!», дейилади. Жон баданнинг барча тарафига ёйилади. Фаришталар уни сербутоқ савачўпни нам жунлар ичидан суғуриб олгандек суғуриб оладилар. Жон билан бирга қон ва асаб томирлари ҳам чиқади».

Қайта тирилиш пайтидаги хорлик, хўрлик ва даҳшатлар

Оллоҳ таъоло кофирларнинг қабрларидан чиқаётган пайтларини тавсифлаб шундай дейди: «У (кофир)лар қабрларидан гўё ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек шошилиб, хорликдан кўзлари чақнаб - қўрқиб чиқиб келадилар. Бу – уларга ваъда қилинган кундир!» (Маъориж: 43, 44).

«У (кофир) лар қабрларидан чиқадилар» яъни, чақирган зотга ижобат қилиб, қўрқувдан кўзлари чақнаб, шошилиб чиқадилар.

«ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек» яъни, қасд қилган ва ўзлари тўпланишадиган байроқ остига шошиладилар, бироқ, чақирган зотга на қаршилик ва на итоатсизлик қила оладилар. Балки мағлуб ва хорланган ҳолатларида Роббул-оламийн ҳузурига келадилар.

«Хорликдан кўзлари чақнаб – қўрқиб» яъни, хорлик ва қўрқув уларнинг қалбларини қамраб, кўзлари чақнайди ва овозлари чиқмай, қотиб қоладилар.

Бу ҳолат ва бу келажак – «уларга ваъда қилинган кундир». Оллоҳ берган ваъдасига вафо қилиши, муқаррардир (Аллома шайх Абдурраҳмон ибн Саъдий тафсири, 5 / 309, 310).

Ушбу буюк Маҳшаргоҳда кофирларнинг қалбларига ҳукмрон бўлган қўрқув не даражада бўлиши ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Оллоҳ таъоло деди: «(Эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам,) Сиз уларни “А`зифа” Яқин кун (қиёмат)дан огоҳлантиринг! Ўшанда улар жонлари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турарлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Гофир: 18).

«А`зифа Яқин кун» - қиёмат исмларидан бири бўлиб, яқин қолгани учун шундай деб номланган. Инчунун, Оллоҳ таъоло: «Яқин бўлгувчи кун – Қиёмат яқин қолди. Уни Оллоҳдан бошқа очгувчи (унинг бўлишини билувчи зот) йўқдир» (Ван-Нажм: 57, 58)- деди.

Оллоҳ таъолонинг (юқоридаги оятдаги): «жонлари ҳалқумга тиқилганида...» сўзининг маъноси: «жонлар ҳалқумга қўрқувдан тиқилиб, на чиқади ва на ўз ерига қайтади», «ғам-ҳасратга тўлиб» сўзининг маъноси эса: «жим турадилар. Оллоҳ изн берганларгина гапирадилар», бошқа бир ривоятда эса: «йиғлаб», демакдир (Ибн Касир тафсири, 4/ 75).

Кофирларни кишан ва занжирлар билан боғлаб олиб келинади, қора мойдан кийим кийдирилади ва юзларини олов ўраб олади

Оллоҳ таъоло деди: «(Албатта, Оллоҳ ғолибдир ва) Ер бошқа бир Ерга, осмонлар (бошқа осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва қудратли Оллоҳга рўбарў қилинадиган кунда (қиёмат кунида интиқом олгувчидир). (Эй Муҳаммад,) у кунда гуноҳкор кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олади» (Иброҳим: 48 – 50).

Ушбу даҳшатли кунда: Ер бошқа бир ерга айланганида, яъни имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар Қиёмат кунида ундек оппоқ рангда ва ҳеч бир аломатлари (ўнкир-чўнкирлари) бўлмаган Ер устида тўпланадилар» (Имом Бухорий, Ҳадис № 6521. Имом Муслим, ҳадис № 2790) ҳадисларида тавсифланган; одамлар расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан уммул-муъминийн Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган: «Мен, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ер бошқа Ерга ва осмонлар (бошқа осмонларга) ўзгаради» ояти ҳақида илк сўраган одам эдим. Мен: «Ё расулуллоҳ, у кунда одамлар қаерда бўладилар?»- деб савол бердим, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Сирот (кўприги) устида»- деб жавоб бердилар» (Имом Муслим, № 2791) ҳадисида баён қилинганидек одамлар Сирот устида туришган кунда гуноҳкорлар кўринадилар: улар қилган куфр ва фасодларига кўра бир-бирлари билан жамланадилар. Оллоҳ таъоло: «Золимларни ўз жуфтлари билан бирга тўпланглар!» деб айтганидек, бир золим тоифа сифатдаги ўз тенгги билан бирга жамланади. Уларнинг қўллари ва оёқлари бўйинларига занжир ва кишанлар билан боғланади (Табарий тафсири, 13/ 254. Ибн Касир тафсири, 2/ 543, 544).

Кофирларнинг кийимларига келсак, у – Оллоҳ таъоло баён қилганидек: «Кийимлари қора мойдандир». Уларнинг кийимлари туяларни бўяладиган мойдир. У мой – оловга тез туташадиган мойдир!!

Баъзи ривоятларда бу кийимларнинг ўта иссиқ ёки эритилган мис экани ҳам нақл қилинган (Ибн Касир тафсири, 2/ 545). «Кофирларнинг юзларини олов коплайди» ва куйдириб ташлайди! (Имом Табарий тафсири, 13/ 257).

Кофирлар кўр, кар ва соқов ҳолатларида юзтубан судралиб, жаҳаннамга отиладилар

Бунинг далили – Оллоҳ таъолонинг: «Биз уларни Қиёмат кунида кўр, кар ва соқов ҳолатларида юзтубан судраб тўплаймиз. Уларнинг жойлари – жаҳаннамдир. У (нинг олови) сусайса, биз уларга оловни ловуллатиб юборамиз» оятидир (Исро: 97).

(Суннатдан далил эса), имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: «Бир киши: «Ё расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан маҳшарга келади?»- деб берган саволига расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар: «Бу дунёда икки оёғи билан юргизишга қодир бўлган зот, уни Қиёмат кунида юзтубан юргиза олмайдими?!». Анас разияллоҳу анҳудан нақл қилган Қатода разияллоҳу анҳу: «Роббимизнинг иззатига онт ичиб айтаманки, албатта юргиза олади»- деди (Имом Бухорий, ҳадис № 6523, Имом Муслим, ҳадис № 2806).

«Оллоҳ таъолонинг «кўр» сўзи – улар кўра олмайдилар, «соқов» сўзи – улар гапира олмайдилар, «кар» сўзи – улар эшитмайдилар, маъносидадир. Бу – бир ҳолатга кўра фарқли бўлиши мумкин. Бу - дунё ҳаётида ҳақга нисбатан кўр, кар ва соқов бўлганлари учун бадалдир. Шунинг учун ҳам, улар энг эхтиёжли бўлган онлари – маҳшарда бу жазога маҳкум бўладилар. Ва жойлари оловлари сусайгани сайин олови, қўри ва иссиқлиги кучайтириладиган жаҳаннамдир!!» (Ибн Касир тафсири, 3/ 65).

Оллоҳ таъоло кофирлар ҳақида яна шундай деди: «Албатта, осий-гуноҳкорлар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (деб айтилади)» (Камар: 47, 78).

Кофирлар у Куннинг ҳарорати баланд бўлиши билан бирга, қаттиқ чанқоқ билан турадилар. Оллоҳ таъоло деди: «Биз жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолатларида ҳайдаб борамиз» (Марям: 86). Бу ҳолат – ҳолатларнинг энг даҳшатлисидир: кофирлар хорлик ва хўрлик билан энг буюк ва энг қаттиқ жазолар мавжуд бўлган ер – жаҳаннам сари ХАЙДАЛАДИЛАР! Улар чанқоқдирлар, қийналадилар! Ёрдам сўраб ҳайқирадилар, ёрдам берилмайди! Дуо қиладилар, ижобат қиладиган кимаса йўқ! Ҳомий излайдилар, ҳомий йўқ!! (Аллома Шайх Носир Саъдий тафсири, 3/ 220).

Тортишув, бир-бирига хужжат келтириш ва бир-бирини лаънат қилиш

Оллоҳнинг душманлари бўлмиш кофирлар, Оллоҳ таъолонинг тайёрлаб қўйган қийноқлар ва қийноқлар ичидаги даҳшатларни кўрганлари он, дўстликлари душманликка айланиб, бир-бири билан жанжаллашиб, хужжатлар келтириб, бир-бирини лаънат қиладилар. Оллоҳ таъоло деди: «(Қиёмат кунида) барча халойик Оллоҳга рўбарў бўлиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизни Оллоҳнинг азобидан қутқара оласизларми?!» деганларида, улар айтадилар: «Агар Оллоҳ бизни (Ҳақ йўлга) хидоят қилганида эди, биз ҳам сизларни ҳидоят қилган бўлур эдик. (Энди эса) дод-фарёд қиламизми, сабр-қаноат қиламизми, биз учун фарқи йўқ – ҳеч қандай нажот йўқдир» (Иброхим: 21;

«Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни ўзларининг собик йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар бизлардан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини даф қила оласизларми?!» дер эканлар мутакаббир кимсалар айтадилар: «Бизларнинг барчамиз шак-шубхасиз (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат, Оллоҳ бандалар ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди» (Гофир: 47, 48).

У даҳшатли кунда тортишувлар хилма-хил бўлади: сиғинганлар ва сохта тангрилар, эргашганлар ва адаштирган йўлбошчилар, бир хил гуноҳ қилганлар бир-бири билан тортишадилар.

Даҳшат ва тортишув банда билан аъзолари тортишган пайтида ўз ниҳоясига етади: «Оллоҳнинг душманлари дўзахга (хайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб туришадиган Кунни (эсланг). Энди улар качонки (дўзахга) келишгач, ҳаёти, дунёда қилиб ўтган куфру-исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. (Шунда) уларнинг кулоклари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?!!»- дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган Оллоҳ сўзлатди. Сизларни дастлаб У яратган ва яна Унинг ўзигагина қайтарилурсизлар», дейдилар» (Фуссилат: 19 – 21).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу деди: «Биз расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида эдик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар-да: «Мен нега кулганимни биласизларми?»- деб савол бердилар. Биз: «Оллоҳ ва Унинг расули билади»- деб жавоб бердик. «Банданинг Роббисига: «Роббим, мени зулмдан кафолатга олмадингми?» деб қилган хитобига Оллоҳ: «Ҳа (кафолатга олган эдим)»- дейди. Банда: «Менга ўзимдан гувоҳлар бўлишига ижозат берасанми?»- дейди. Оллоҳ таъоло: «Сенга қарши ўзинг ва мухтарам қотиблар – киромун қотибийнлар етарли гувоҳдирлар!»- дейди.

Кейин банданинг ғафзи мухрланади (гапира олмай қолади). Унинг аъзоларига «Сўзланглар!» дейилади. Аъзолар ўз қилмишларини айтиб берадилар. Кейин, бандага сўзлаш ҳақки қайтариб берилади ва у: «Йўқолинглар, мен сизларни химоя қилмокчи эдим!» дейди (Имом Муслим ривояти).

Улар жаҳаннамга кирганларида, бир-бирларини лаънатлаган ва бир-бирларига кучайтирилган азоблар тилаган овозлар кўтарилади. Оллоҳ таъоло деди: «Унга (жаҳаннамга) қайси ҳалқ кирса, бошқасини лаънат қилади. Хатто уларнинг барчаси бир-бирини таниганларида бириси иккинчисига: «Роббимиз шулар бизни адаштирган эдилар. Уларга оташ азобини кат-кат қилиб бер!»- дейди» (Аъроф: 38).

Хасрат, афсус ҳамда ҳаёт дунёсига қайтиш ёки Оллоҳ халок қилиб ташлашини умид қилиш

Қийноқ, хорлик ва хўрликни кўрганларида кофирларни хасрат ва афсус камрайди. Азобдан хасрат чекиш кўп бўлгани учун ҳам, Оллоҳ таъоло бу кунни – Хасрат куни деб номлади: «(Эй Муҳаммад), сиз уларни (яъни Макка мушрикларини) барча иш битирилиб (яъни жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга ҳукм қилиниб,) улар хасрат-надомат қилиб қоладиган Кун–Қиёматдан қўрқитинг! Бугун улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар» (Марям: 39).

Кофирларнинг ўзларига юборилган Оллоҳнинг пайғамбарига эргашмай, пайғамбар душманларига эргашишнинг афсуси шу даражага етиб борадики, улар қўлларини тишлайдилар. Оллоҳ таъоло деди: «У кунда золим қўлларини тишлайди ва: «Кошки пайғамбар билан бир йўлда бўлсам. Кошки фалончи билан дўст бўлмасам эди. У мени менга етиб келган зикр (Оллоҳни эслаш)дан адаштирди»- дейди. Ҳолбуки, Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб қўйгувчидир» (Фуркон: 27 – 29).

Ўша кунда кофирлар гуноҳларининг кечирилмас, узрларининг қабул бўлмаслигини аниқ билганларидан сўнг, Оллоҳнинг рахматидан ноумид бўладилар. Оллоҳ таъоло дейди: «Қиёмат қоим бўлган кунда гуноҳкорлар ноумид бўладилар» (Рум: 12).

Кофирлар дунё ҳаётига қайтиб, солиҳ амалларни қилиб тақводорлар сафида бўлишни орзу қиладилар. Оллоҳ таъоло дейди: «Жаҳаннам устида турар эканлар кофирларни: «Кошки (дунё ҳаётига) қайтарилсак, Роббимизнинг оятларини рад этмасак ва мўъминлардан бири бўлсак» деганларини бир кўрсангиз эди» (Анъом: 37);

«Сиз гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб: «Роббимиз, кўрдик ва эшитдик, бизларни (дунё ҳаётига) қайтар ва биз солиҳ амалларни қилиб, иймонлилардан бири бўлайлик» деганларини кўрсангиз эди» (Сажда: 12).

Кофирларнинг қийноқ ва азоблардан қийналишлари шу даражага етиб борадики, улар Оллоҳдан ўзларини халок қилиб, тупроққа айлантириб ташлашини умид қиладилар. Оллоҳ таъоло деди: «Кофир ва пайғамбарга осийлик қилганлар у кунда ер билан баробар бўлишни хоҳлаб қоладилар» (Нисо: 41);

«Кофир: «Кошки тупроққа айлансам» дейди» (Набаъ: 40).

Сиз ўлиш энг буюк ғояси бўлганлар ҳақида нима дейсиз?! (Доктор Умар Ашкар, “ал-Кияматул-Кубро”»: 125.

Кофирлар жаҳаннамда мангу қолиб, у ердан чиқмайдилар. Жаҳаннам азоби эса узлуксиз бўлади.

Жаҳаннамда мангу қоладиганлар – кофир, мушрик ва мунофиқлардир.

Оллоҳ таъоло деди: «Оятларимизни рад этган ва улардан юз ўгирган кимсалар, ўшаларгина жаҳаннам аҳли бўлиб, жаҳаннамда мангу қоладилар» (Аъроф: 36));

«Кофир бўлган ва оятларимизни рад этган кимсалар, ўшалар жаҳаннам аҳлидирлар ва у ерда мангу қоладилар» (Бақара: 39);

«Мунофиқлар жаҳаннамнинг энг тубида бўладилар ва уларга ёрдамчи топа олмайсиз» (Нисо: 145).

«Жаҳаннам аҳли қаттиқ қийналиб, ҳар бир нарсадан ноумид бўлиб –ҳолбуки ўша пайтда жим бўладилар-, Оллоҳ таъоло айтганидек, жаҳаннам посбони – Молик (фаришта)га нидо қиладилар: «Ҳой Молик, Роббинг бизлар устимиздан ҳукм қилсин!»- дейдилар. Яъни, Роббинг бизларнинг жонимизни олиб, бу қийноқлардан қутқарсин. Бу қаттиқ қийноқларга бизда на сабр ва на матонат қолди. Биз қаттиқ ғам ичидамиз!

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу деди: «Молик уларга минг йил ўтганидан сўнг: «Сизлар бу ерда қолгувчидирсизлар!»- яъни, сизлар бу ердан ҳеч ҳам чиқмайсизлар»- дейди. Уларнинг мақсадлари ҳосил бўлмайди. Балки уларга умидларига зид жавоб берилади. Бу – уларнинг қайғуларига қайғуни зиёда қилади» («Фатхул-Борий», Китабут-тафсир: 8/ 568. Ибн Касир тафсири: 4/ 135. Носир Саъдий тафсири: 4/ 458).

Оллоҳ таъоло деди: «Кофирлар жаҳаннамдан чиқишни хоҳлайдилар. Улар у ердан чиқа олмайдилар. Уларга узлуксиз қийноқлар бордир» (Моида: 37).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга кирганларидан сўнг, ўлимни жаннат ва жаҳаннам ўртасига олиб келинади-да, бўғизланади ва бир дарғачи: «Ҳой жаннат аҳли (энди) ўлиш йўқдир! Ҳой жаҳаннам аҳли, (энди) ўлиш йўқдир!»- деб нидо қилади. Жаннат аҳли қувончларига қувончни, жаҳаннам аҳли қайғуларига қайғуни зиёда қиладилар» (Имом Бухорий ривояти: 11/ 415).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадиснинг бир неча ривоят силсилаларини нақл қилганидан сўнг, шундай деди: «Ушбу ҳадислар соғлом-саҳиҳ бўлиши билан бирга жаҳаннам аҳлининг жаҳаннамда бир вақт, замонга қадар эмас, балки ҳаёт, ҳузур ва қутулиш бўлмай, мангу қолишларининг очиқ баёнидир. Балки Оллоҳ таъоло ўзининг мукаррам Китобида кофирларнинг қийналишини изоҳлаб деди: «Кофирларга жаҳаннам азоби бордир, уларга на (ўлим) ҳукм қилинар ва на азоб енгиллаштирилур. Биз барча нонкўрларни шундай жазолаймиз» (Фотир: 36);

«Терилари пишгани сайин, янги терига алиштирамиз» (Нисо: 56);

«Кофир бўлганларга оловдан кийим бичилир ва бошларининг устларидан қайнок сувлар қуйулурки, уларнинг ички аъзолари ва териларини эритиб ташлар. Улар учун темир гурзилар бордир. Улар қачон (жаҳаннам) ғам-азобидан чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна қайтарилурлар...) Хаж: 19 – 22).