Душанба 30 Декабрь 2024 | 28 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

098. Намоздан кейинги зикрлар

3942 марта кўрилган

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا انْصَرَفَ مِنْ صَلاتِهِ اسْتَغْفَرَ ثَلاثًا وَقَالَ اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلامُ وَمِنْكَ السَّلامُ تَبَارَكْتَ يا ذَا الجَلالِ وَالإِكْرَامِ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Савбон розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан бурилгач, уч марта истиғфор айтар, сўнг: "Аллоҳумма антас-сала'м ва минкас-сала'м табарокта я зал-жала'ли вал-икром" дер эдилар.

Маъноси: Эй Аллоҳ! Сен Саломдирсан (яъни, Сен барча айбу нуқсонлардан саломатсан ва бандаларингни ҳалокатлардан сақловчи-саломат этувчи Зотсан). Саломатлик Сен тарафингдандир. Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен пок ва муқаддасдирсан.

عَنِ المُغِيرَة بْنِ شُعْبَة رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا فَرَغَ مِنْ الصَّلاةِ وَسَلَّمَ قَالَ: لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ المُلكُ وَلَهُ الحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ اللَّهُمَّ لا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلا يَنْفَعُ ذَا الجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Муғира ибн Шўъба розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларидан фориғ бўлиб, салом бергач: "Ла' ила'ҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла' шари'ка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала' кулли шайъин қоди'р, Аллоҳумма ла' ма'ниъа лима' аътайта ва ла' муътия лима' манаъта ва ла' янфаъу зал-жадди мин-калжадду" дер эдилар.

Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! У ёлғиз ҳам шериксиз Зотдир! Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир! У барча нарсага қодир. Эй Аллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг олдингда салтанат ва улуғлик соҳибига улуғлиги фойда бермайди.

عَنْ عَبْد اللهِ ابنِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقولُ دُبُرَ كُلِّ صَلاةٍ حِينَ يُسَلِّمُ : لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ المُلكُ وَلَهُ الحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّهِ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَلا نَعْبُدُ إِلا إِيَّاهُ لَهُ النِّعْمَةُ وَلَهُ الفَضْلُ وَلَهُ الثَّنَاءُ الحَسَنُ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الكَافِرُونَ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар намозда салом берганларидан кейин: “Ла' ила'ҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла' шари'ка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала' кулли шайъин қоди'р, ла' ҳавла ва ла' қуввата илла' билла'ҳ, ла' ила'ҳа иллаллоҳ ва ла' наъбуду илла' ийя'ҳу, лаҳун-неъмату валаҳул фазлу валаҳус-сана'-ул ҳасан, ла' ила'ҳа иллаллоҳ, мухлисийна лаҳуд-дийна ва лав кариҳал ка'фируун” дер эдилар.

Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, шериксиз. Мулк Уники, ҳамду сано ҳам Унга хос. У барча нарсага қодир. Куч-қувват ёлғиз Аллоҳ (мадади) билан. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Биз фақат Унгагина ибодат этамиз. Неъмат ҳам, фазл ҳам, гўзал мақтовлар ҳам Уникидир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар кариҳ-ёмон кўрсалар-да динни холис Унинг учун қилувчилармиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلاةٍ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلاثًا وَثَلاثِينَ فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ المِائَةِ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ المُلكُ وَلَهُ الحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ البَحْرِ (رواه مسلم).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳар намоздан кейин Аллоҳ таолога ўттиз уч марта тасбиҳ (субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (алҳамду лиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, бунинг жами тўқсон тўққизта бўлади, юзинчиси қилиб: “Ла' ила'ҳа иллалоҳу ваҳдаҳу ла' шари'ка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала' кулли шайъин қоди'р” деса гуноҳлари, гарчи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади», дедилар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا : أَنَّ رَفْعَ الصَّوْتِ بِالذِّكْرِ حِينَ يَنْصَرِفُ النَّاسُ مِنْ المَكْتُوبَةِ كَانَ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида одамлар фарз намозини тугатгач, овозларини зикр билан кўтаришар эди.

Шарҳ:

Фарз намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳум овозларини кўтариб, ҳар бирлари алоҳида тасбеҳу такбир айтишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир намоздан кейин давомий равишда айтадиган зикрлари бўлиб, улар тавҳид, ҳамду сано, Аллоҳни улуғлаш маъноларини ўз ичига олган эди. Намоздан олдин иқоматда тавҳид калималари билан бошланиши ва намоздан салом берибла, тавҳид калималарини айтилиши намозни Ёлғиз Аллоҳга ўқилганига ишоралардир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Фарз намозларидан кейин ҳадисларда ворид бўлган зикрларни айтиш фазилатли суннат.
  2. Ушбу зикрларни овоз чиқариб айтиш суннат.
  3. Ўттиз уч мартадан тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб, охирида бир бор таҳлил айтиш фазилатли суннат амалдир.