Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

096. Ташаҳҳудда ўқиладиган дуолар

4227 марта кўрилган

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا نَقُولُ فِي الصَّلاةِ خَلفَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ السَّلامُ عَلَى اللَّهِ السَّلامُ عَلَى فُلانٍ فَقَالَ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ: «إِنَّ اللَّهَ هُوَ السَّلامُ فَإِذَا قَعَدَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلاةِ فَليَقُل: التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ السَّلامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ السَّلامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللَّهِ الصَّالِحِينَ فَإِذَا قَالَهَا أَصَابَتْ كُلَّ عَبْدٍ لِلَّهِ صَالِحٍ فِي السَّمَاءِ وَالأَرْضِ أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ ثُمَّ يَتَخَيَّرُ مِنْ المَسْأَلَةِ مَا شَاءَ» (متفق عليه).

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз ўқиганимизда (ташаҳҳудда): «Ассаламу алаллоҳ, ассаламу ала фуланин» (Аллоҳга салом, фалончига салом) дер эдик. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга: «Аллоҳ Ўзи Саломдир. Сизлардан бирингиз намозда ўтирса: «Аттаҳийяту лиллаҳи вас-солавату ват-тоййибат, ассаламу алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» (яъни: Салом-таъзимлар, дуолар ва покиза сўзу-амаллар Аллоҳ учундир. Эй, Набий! Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин – Агар шундай десаларингиз, бу Аллоҳнинг осмону ердаги барча солиҳ бандаларига етади – Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда расулидир) десин, сўнг ўзи хоҳлаган тилакларини тиласин», дедилар.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقُلنَا قَدْ عَرَفْنَا كَيْفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكَ فَكَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ قَالَ قُولُوا اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу шундай дейди: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салом беришни биламиз, лекин сизга қандай саловат айтамиз?», дедик. Шунда у зот: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадив ва ала али Муҳаммад кама соллайта ала али Иброҳим, иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма борик ала Муҳаммадив ва ала оли Муҳаммад кама боракта ала али Иброҳим, иннака ҳамийдум мажийд”, денглар», дедилар. (Маъноси: Эй Аллоҳ! Иброҳимга ва унинг оила аҳлига сано-раҳмат ёғдирганинг каби Муҳаммадга ва унинг оила аҳлига ҳам сано-раҳмат ёғдиргин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Эй Аллоҳ! Иброҳимга ва унинг оила аҳлига баракот-хайр ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг оила аҳлига ҳам баракот-хайр ато этгин. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан.)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا تَشَهَّدَ أَحَدُكُمْ فَليَسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنْ أَرْبَعٍ يَقُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ جَهَنَّمَ وَمِنْ عَذَابِ القَبْرِ وَمِنْ فِتْنَةِ المَحْيَا وَالمَمَاتِ وَمِنْ شَرِّ فِتْنَةِ المَسِيحِ الدَّجَّالِ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар биронтангиз “аттаҳиёт” ва солавотларни айтиб бўлса, Аллоҳ таолодан тўртта нарсадан паноҳ сўраб: “Аллоҳумма инний аъузу бика мин азаби жаҳаннам ва мин азабил қобр ва мин фитнатил-маҳя вал-мамат ва мин шарри фитнатил-масиҳид-дажжал” десин», дедилар. (Маъноси: Парвардигоро! Мен Сендан дўзах азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман.)

Шарҳ:

Намоз ўқувчи киши ташаҳҳудга ўтирса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига таълим берган "аттаҳиёт"ни ўқиши лозим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтади, кейин хоҳлаган дуосини ўқийди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган дуоларни ўқиши афзал, чунки бу дуолар дунё ва охиратдаги барча яхшиликларни ўз ичига олган. Баъзи уламолар юқорида зикр қилинган тўртта нарсадан паноҳ сўраш дуосини ўқишни вожиб дейишган.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Ташаҳҳуд ва Пайғамбар алайҳис саломга саловат айтиш намознинг рукнларидан.
  2. Намозда ташаҳҳуд ва саловотдан кейин жаҳаннам ва қабр азобидан, дунё ва охират фитнасидан ва дажжол фитнасидан паноҳ сўраш суннат.
  3. Намозда салом беришдан аввал дуо қилиш суннат.