Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

062. Азоннинг фазли

4076 марта кўрилган

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ أَبِي سُفْيَانَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ الْمُؤَذِّنُونَ أَطْوَلُ النَّاسِ أَعْنَاقًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муовия розияллоҳу анҳу: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Муаззинлар қиёмат куни энг бўйинлари узун одамлар бўлади» деганларини эшитдим, дейди.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ أنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّهُ لا يَسْمَعُ مَدَى صَوْتِ الْمُؤَذِّنِ جِنٌّ وَلَا إِنْسٌ وَلَا شَيْءٌ إِلاَّ شَهِدَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ (رواه البخاري).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Саид розияллоҳу анҳу: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муаззиннинг овозини етиб борган жойигача инсу жинми, бошқа бирон нарсами эшитган бўлса, Қиёмат куни албатта унга гувоҳлик беради» деганларини эшитганман, дейди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الْأَوَّلِ ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لَاسْتَهَمُوا وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لَاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар одамлар азон айтиш ва биринчи сафда туришдаги ажр-савобни билишганда эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа йўл топмасалар, албатта қуръа ташлаган бўлишарди. Агар намозга эрта келишдаги ажр-савобни билишганда эди, ким ўзар қилиб келган бўлишарди. Агар хуфтон ва бомдод намозидаги ажр-савобни билишганда эди, бу намозларга эмаклаб бўлса-да, келган бўлишарди», дедилар.

Шарҳ:

Азон Ислом динининг муҳим шиорларидан ва фазилатли ибодатлардан бири ҳисобланади. Азон айтган кишига Аллоҳ таоло катта ажр мукофотларни ваъда қилган, агар одамлар бу савобнинг миқдорини билишса эди, азонни мен айтаман, мен айтаман деб талашишиб охири ўрталарида қуръа ташлашга мажбур бўлишар эди. Муаззинлар дунёдалик пайтларида овозларини Аллоҳнинг зикри билан узоқ-узоқларга етарли даражада кўтарганларига мукофот тариқасида Қиёмат кунида ҳамма терга ботиб турган вақтда энг бўйни узун одам бўлиб туришади ва азон айтган пайтларида уларнинг овозини эшитган бор мавжудот бу Куни уларга гувоҳлик беради.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Азон улуғ, фазилатли ибодат.
  2. Қиёмат куни одамлар заҳматда терга ботиб, даҳшатга тушиб турган оғир соатда муаззинлар энг узун бўйинли одамлар бўлишади.
  3. Азонни эшитган ҳамма махлуқот қиёматда уларга гувоҳлик беради.
  4. Овозни баланд қилиб азон айтиш мустаҳаб.