Пайшанба 21 Ноябрь 2024 | 19 Жумадул-аввал 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

061. Намоз ўқимаганларнинг оқибати

4624 марта кўрилган

Аллоҳ таоло Марям сурасининг 59-оятида шундай дейди:

فَخَلَفَ مِنْ بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا

«Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўладилар. Энди (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқур».

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلَّا بِحَقِّ الْإِسْلَامِ وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللَّهِ (متفق عليه).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар билан улар то Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни ўтамагунларича урушишга буюрилдим. Агар улар бу амалларни бажарсалар мендан ўзларининг жонларию молларини сақлашибди. Лекин ислом ҳақлари (қасос ва ҳадлар) бундан мустасно. (Бизга зоҳир бўлмаган, куфр, нифоқ каби амалларида) ҳисоб-китоблари Аллоҳга ҳавола», дедилар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قال سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ بَيْنَ الرَّجُلِ وَبَيْنَ الشِّرْكِ وَالْكُفْرِ تَرْكَ الصَّلَاةِ (رواه مسلم).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта киши билан куфр ва ширкнинг ўртасида намозни тарк қилиш туради» деганларини эшитдим, дейди.

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْعَهْدُ الَّذِي بَيْنَنَا وَبَيْنَهُمْ الصَّلَاةُ فَمَنْ تَرَكَهَا فَقَدْ كَفَرَ (رواه الترمذي).

Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан улар (кофирлар) ўртасини ажратиб турувчи аҳд-паймон намоздир. Ким намозни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди», дедилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ شَقِيقٍ الْعُقَيْلِيِّ قَالَ كَانَ أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَرَوْنَ شَيْئًا مِنْ الْأَعْمَالِ تَرْكُهُ كُفْرٌ غَيْرَ الصَّلَاةِ (أخرجه الترمذي).

Тобеинлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Шақиқ раҳимаҳуллоҳ: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари намоздан бошқа бирон амални тарк қилишни куфр деб кўрмас эдилар, дейди.

Шарҳ:

Динимизда намознинг ўрни улуғ бўлиб, Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тарк қилишдан ёки бепарво бўлишдан қаттиқ огоҳлантирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз билан улар (кофирлар) ўртасини ажратиб турувчи аҳд-паймон намоздир. Ким намозни тарк қилса, шубҳасиз кофир бўлибди», деганлар. Яъни, мусулмонлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намозни тарк қилмасликка байъат – аҳду паймон берганлар, бу эса Аллоҳга берилган аҳд ҳисобланади. Демак, намоз мусулмонлар билан кофирларнинг ўртасини давомий суратда ажратиб турадиган амалга айланди.

Уламоларимиз намознинг фарзлигини инкор қилиб тарк қилган одам диндан чиқади, дейдилар. Баъзи уламолар эса, ҳатто, намозни тарк қилувчи, агарчи намознинг фарзлигига иқрор бўлса ҳам, кофир бўлади, деганлар.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Намозни тарк қилган одамга қаттиқ ваъийдлар бор.
  2. Намозни тарк қилиш куфрдир.