Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

042. Таҳоратга тегишли масалалар

4105 марта кўрилган

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо маний ҳақида шундай дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимига теккан манийни уқалаб ташлар эдим, кейин шу кийимларида намоз ўқир эдилар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна онамиздан қолган сув билан ғусл қилар эдилар.

Имом Абу Довуд ва Термизий Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушук ҳақида: Мушук нажас эмас, у олдингизга кириб-чиқиб турувчи -махлуқ- дедилар. Имом Термизий ҳадисни ҳасан, саҳиҳ, деганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: Укал ёки Урайна диёридан бир гуруҳ кишилар келди. Мадинанинг ҳавоси уларга ёқмай касал бўлиб қолишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга туяларнинг сутини сийдигига аралаштириб ичишларига буюрдилар.

Шарҳ

Шариатимизнинг бизга берган енгилликларидан яна бири, сақланиши қийин бўлган ёки кўп ҳожат тушадиган нарсаларни мубоҳ қилиб қўйишидир. Юқорида зикр қилинган ҳадислар шу жумладан.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар
  1. Одамнинг манийси пок бўлиб, агар кийимга теккан бўлса уни уқалаб ташлаш кифоя.
  2. Аёл кишидан қолган сув билан ғусл қилиш жоиз.
  3. Мушук теккан сув покдир. Чунки у хонаки ҳайвонлардан. Эшак теккан сувнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
  4. Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги, тезаги ва сўлаги пок.