Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

228. Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилишнинг фазли

3655 марта кўрилган

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لا يَقْعُدُ قَوْمٌ يَذْكُرُونَ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ إِلاَّ حَفَّتْهُمُ الْمَلائِكَةُ وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَنَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَذَكَرَهُمْ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ» (رواه مسلم).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси бир қавм Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирар экан, фаришталар уларни қуршаб оладилар, уларни раҳмат ўраб олади, устларига сакинат-сокинлик тушади ҳамда Аллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги фаришталар ичида уларни зикр қилади» (Имом Муслим ривояти).

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلُ الَّذِي يَذْكُرُ رَبَّهُ وَالَّذِي لا يَذْكُرُ رَبَّهُ مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ» (رواه البخاري).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорини зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кимсанинг мисоли гўё тирик билан ўликнинг мисолидадир» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ لِلَّهِ مَلائِكَةً يَطُوفُونَ فِي الطُّرُقِ يَلْتَمِسُونَ أَهْلَ الذِّكْرِ فَإِذَا وَجَدُوا قَوْمًا يَذْكُرُونَ اللَّهَ تَنَادَوْا هَلُمُّوا إِلَى حَاجَتِكُمْ قَالَ فَيَحُفُّونَهُمْ بِأَجْنِحَتِهِمْ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا قَالَ فَيَسْأَلُهُمْ رَبُّهُمْ وَهُوَ أَعْلَمُ مِنْهُمْ مَا يَقُولُ عِبَادِي قَالُوا يَقُولُونَ يُسَبِّحُونَكَ وَيُكَبِّرُونَكَ وَيَحْمَدُونَكَ وَيُمَجِّدُونَكَ قَالَ فَيَقُولُ هَلْ رَأَوْنِي قَالَ فَيَقُولُونَ لا وَاللَّهِ مَا رَأَوْكَ قَالَ فَيَقُولُ وَكَيْفَ لَوْ رَأَوْنِي قَالَ يَقُولُونَ لَوْ رَأَوْكَ كَانُوا أَشَدَّ لَكَ عِبَادَةً وَأَشَدَّ لَكَ تَمْجِيدًا وَتَحْمِيدًا وَأَكْثَرَ لَكَ تَسْبِيحًا قَالَ يَقُولُ فَمَا يَسْأَلُونِي قَالَ يَسْأَلُونَكَ الْجَنَّةَ قَالَ يَقُولُ وَهَلْ رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُونَ لا وَاللَّهِ يَا رَبِّ مَا رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُ فَكَيْفَ لَوْ أَنَّهُمْ رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُونَ لَوْ أَنَّهُمْ رَأَوْهَا كَانُوا أَشَدَّ عَلَيْهَا حِرْصًا وَأَشَدَّ لَهَا طَلَبًا وَأَعْظَمَ فِيهَا رَغْبَةً قَالَ فَمِمَّ يَتَعَوَّذُونَ قَالَ يَقُولُونَ مِنْ النَّارِ قَالَ يَقُولُ وَهَلْ رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُونَ لا وَاللَّهِ يَا رَبِّ مَا رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُ فَكَيْفَ لَوْ رَأَوْهَا قَالَ يَقُولُونَ لَوْ رَأَوْهَا كَانُوا أَشَدَّ مِنْهَا فِرَارًا وَأَشَدَّ لَهَا مَخَافَةً قَالَ فَيَقُولُ فَأُشْهِدُكُمْ أَنِّي قَدْ غَفَرْتُ لَهُمْ قَالَ يَقُولُ مَلَكٌ مِنْ الْمَلائِكَةِ فِيهِمْ فُلانٌ لَيْسَ مِنْهُمْ إِنَّمَا جَاءَ لِحَاجَةٍ قَالَ هُمْ الْجُلَسَاءُ لا يَشْقَى بِهِمْ جَلِيسُهُمْ» (متفق عليه).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрадилар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар «Келинглар, мана сизлар қидираётган нарса», деб бир-бирларини чақирадилар. Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб (устма-уст туриб то) дунё осмонигача етадилар. Аллоҳ таоло Ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:

- Бандаларим нима дейишяпти?

- Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб сени улуғлаяптилар.

- Улар Мени кўришганми?

- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, кўрмаганлар.

- Агар мени кўрсалар нима қилишади?

- Унда сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.

- Улар мендан нима сўраяптилар?

- Сендан жаннат сўрашяпти.

- Жаннатни кўришганми?

- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, жаннатни кўрмаганлар.

- Агар кўрганларида нима бўларди?

- Агар жаннатни кўрсалар унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб рағбатлари ошиб кетарди.

- Нимадан паноҳ тилаяптилар?

- Дўзахдан.

- Улар дўзахни кўришганми?

- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.

- Агар кўрсалар нима бўларди?

- Агар кўрсалар дўзахдан яна ҳам кўпроқ, қаттиқроқ қўрққан бўлардилар.

- Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим.

Шунда фаришталардан бири дейди:

- Фалончи ораларида ўтиргани билан улардан эмас. У бир иш билан келганди.

- Улар шундай ҳамсуҳбатлар-ки, улар билан ўтирган одам улар туфайли бадбахт бўлмас!» (Муттафақун алайҳ).

Шарҳ:

Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш У зотга яқинлаштирадиган, гуноҳларни ўчириб, даражаларни юксалтирадиган энг афзал амаллардандир. Зикр мажлислари – Қуръон ўқиш, илм ўрганиш, тасбеҳ, таҳлил, истиғфор айтиш мажлисларидир. Аллоҳ таоло бундай мажлис аҳлларини яхши кўради, уларга малоикалар ҳозир бўладилар, устларига раҳмат ёғилади. Зикрларни ададга, вақтга, жойга, кайфиятга хослаш суннатда кўрсатилган бўлиши шарт. Акс ҳолда бидъат бўлиб қолади.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Зикрнинг фазли, унинг манзилат-мартабаси ва у энг афзал амаллардан экани;
  2. Зикр гуноҳларнинг кечирлишига сабабдир;
  3. Яхши, солиҳ суҳбатдошлар баракоти.