Шанба 21 Декабрь 2024 | 19 Жумадул-охир 1446 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

224. Бидъатлардан огоҳлантириш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишнинг вожиблиги

3380 марта кўрилган

Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ فِيهِ فَهُوَ رَدٌّ» (متفق عليه). وفي رواية: «مَنْ عَمِلَ عَمَلاً لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدٌّ» (رواه مسلم).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилинади» (Муттафақун алайҳ).

Бир ривоятда: «Ким бизникидек бўлмаган бир ишни қилса, у рад қилинади» (Имом Муслим ривояти).

عَن الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ قال صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ ثُمَّ أَقْبَلَ عَلَيْنَا فَوَعَظَنَا مَوْعِظَةً بَلِيغَةً ذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ وَوَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ فَقَالَ قَائِلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ كَأَنَّ هَذِهِ مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَمَاذَا تَعْهَدُ إِلَيْنَا فَقَالَ: «أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللَّهِ وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ عَبْدًا حَبَشِيًّا فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ بَعْدِي فَسَيَرَى اخْتِلافًا كَثِيرًا فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ فَإِنَّ كُلَّ مُحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ وَكُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ» (رواه أبو داود والترمذي).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан сўнг бизларга юзланиб, ғоят таъсирли мавъиза қилдилар, бундан кўзлар ёшланиб, дилларга (Аллоҳдан) қўрқув тушди. Шунда бировимиз: «Ё Расулуллоҳ, бу сўзларингиз гўё видолашувчининг насиҳатига ўхшайди, бизларни нимага тавсия қиласиз?», деб сўради. «Сизларни Аллоҳдан тақво қилишга ва ҳабаш қул (амир қилинган) бўлса-да қулоқ солишга ва итоат қилишга васият қиламан. Чунки, мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. (Динда) янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا خَطَبَ يَقُولُ: إِنَّ خَيْرَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللَّهِ وَخَيْرُ الْهُدَى هُدَى مُحَمَّدٍ وَشَرُّ الأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ (رواه مسلم).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар: «Дарҳақиқат, сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилингани, ҳар бир бидъат залолатдир», дердилар (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

Ислом дини икки қоида асосига: Ягона Аллоҳга ибодат қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш асосига барпо бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш бўлмаган ва у зот изн бермаган ҳар қандай ибодат рад қилинажак бидъатдир. Барча яхшилик фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишдадир.

Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
  1. Динда бидъат пайдо қилиш, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машруъ қилиб бермаган нарса билан Аллоҳга ибодат қилиш ҳаром;
  2. Бундай амал гуноҳи кабира ва эгасига қайтариладиган амал бўлади;
  3. Бидъатларнинг барча туридан сақланиш лозим, улар залолат ва ёмонликдир;
  4. Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига эришиш йўли – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир.